Найти тему
euroasia.me

Мафия сардори (Ўттиз олтинчи қисм)

Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўттиз олтинчи қисм)

Шоҳруҳ жавоб бермади. Бахтиёрни туртди. “Ароқни узатиб юбор”, деди. Бахтиёр дарров бардачокни очиб, шишадаги шайтон сувини узатди. Шоҳруҳ қулқуллатиб ичди. Бу вақт мобайнида Юлдуз сабрсизлик билан эрининг гапиришини кутди. Сездики, турмуш ўртоғи ўзини босиб олмоқчи. Шу боис қулқуллатиб алланима ичаяпти. Баттар қўполлашишдан ўзини сақлашга уринаяпти. Эрига нисбатан меҳри ошиб, уни жудаям соғиниб кетди. Қани энди ҳозир ёнида бўлса-ю, бўйнидан маҳкам қучоқласа...

— Болани эҳтиёт қил, ўзим бораман, — деди Шоҳруҳ бироз шаштидан тушганидан кейин. Сўнг телефонини ўчирди.

Бахтиёр у томонга ўгирилди.

— Муборак бўлсин, — деди жилмайиб.

— Эсон-омон дунёга келсин, — деб Шоҳруҳ ширин энтикиб қўйди.

Боягина бундан ярим соатлар муқаддам ота билан боланинг аҳволини кўрганида ўзининг ҳам бу дунёдан ҳафсаласи пир бўлганди. Энди тағин қизиқиш уйғонди. Хаёлан туғилажак фарзандини тасаввур қилди. “Сен менга ўхшаб бахтсиз бўлмайсан”, дея ўйлади.

Орадан бир кун ўтганидан кейин газеталарда қотиллик ҳақида шов-шув кўтаришди. “Профессионал жиноий гуруҳ томонидан бутун бир оила, яъни беш одам ўлдириб кетилди”, дейилганди улардан бирида. Унда Витя Тимофеевичнинг ким эканлиги ҳақида қисқача маълумот ҳам берилганди. Газетани ўқиган Шоҳруҳ кулди.

— Бахтиёр, қара, биз неча кишининг умрига зомин бўлибмиз. Мурдалар танасидан олинган ўқлар падаркушнинг тўппончасидан отилганини аниқлашолмабдими бечоралар? Аниқлашган, фақат ортиқча бош қотиришмаган, — деди Шоҳруҳ ва газетани улоқтириб, юмшоқ оромкурсига ўтирди. — Москвада кўп бўлолмаймиз. Эртароқ бу ердан кетишимиз керак...

У гапини тугатолмади. Қўл телефони жиринглаб қолди. Шоҳруҳ экранда бегона рақамни кўрди. Бахтиёрга савол назари билан қаради. Пешонаси тиришиб, юзи жиддийлашди. Бахтиёр шефнинг нима демоқчилигини қарашиданоқ англаб, телефоннинг яшил тугмачасини босиб, қулоғига тутди.

— Менга Шурик керак, — деди қўнғироқ қилган киши салом-аликсиз, ўзбек тилини бузиб талаффуз қиларкан.

Бахтиёр Шоҳруҳга қаради. Шоҳруҳ унга гаплашиш ишорасини қилди.

— Мен Шурикман, бемалол гапираверинг, — дея ўзбекчалаб гапирди Бахтиёр ҳам телефоннинг овозини баландлатаркан.

— Кечирасиз, овозингиз сираям ўхшамаяпти. Мени Шурик билан улаб берсангиз, зарур ишим бор эди, — дея бу сафар рус тилида мурожаат қилди телефондаги одам.

— Ўчир, — деди Шоҳруҳ қулочини кенг ёзиб керишаркан, — яна телефон қилади.

Шоҳруҳнинг тахмини тўғри чиқди. Яна телефон жиринглади. Яна ўша рақам. Бу сафар телефонни Шоҳруҳнинг ўзи олди.

— Айбга буюрмайсиз, — дея гап бошлади у ҳам сўрашишни эсидан чиқариб, — йигитим эҳтиётсизлик қилиб қизил тугмачани босиб қўйди.

— Мен ҳам шундай деб ўйлашга ҳаракат қиламан. Сизнинг овозингизни эшитмадим, деб тасаввур қиламан.

— Гапларингиз маънодор. Энди ўзингизни таништирсангиз ҳам бўлаверади.

— Игнатий Олимович бўламан. Ҳайрон бўлманг. Икки миллат вакилининг қўшилишидан пайдо бўлган маҳсулман. Қилган ишларингиз тўғрисидаги... Айниқса, кеча тунда содир бўлган воқеа ҳақида маълумот бор. Сизни ғалаба билан табриклайман. Анчадан бери ундан қутулишни ўйлаб юргандим. Майли, булар ортиқча гап. Сизни кўрсам, дегандим. Олдиндан айтиб қўяй, суҳбатимиз ҳамкорлик тўғрисида бўлади. Биринчи гал “Қора марварид” ресторанида кўришсак. Албатта, мендан хавфсирашингиз мумкин. Шуни ҳисобга олиб, ҳамма одамларингиз билан келсангиз ҳам розиман. Ҳа, олдиндан ҳар қандай текширув ўтказишингизга ҳам қаршимасман. Суҳбатимизда ҳар қандай милиция ва шунга яқин бўлган бошқа орган вакилларидан бирортаси ҳам иштирок этмайди. Келишдикми ёки ўйлаб кўрасизми?

— Ўйлаб кўрамиз, — жавоб қилди Шоҳруҳ.

— Ақлли фикр, ўрнингизда мен бўлганимда ҳам шундай деган бўлардим. Ижозатингиз билан бир соатдан кейин қўнғироқ қиламан.

Шоҳруҳ телефонни ўчирди. Талай муддат ўйланиб қолди. Сўнг ёрдамчисига юзланди.

— Нима дейсан? — деди.

— Телефон рақамни топибди. Ажабмаски қаердалигимизниям билса. Лекин менинг номеримни қаердан олган? Нега у ҳақда биз ҳеч нима билмаймиз? — дея ўрнидан турди Бахтиёр.

— Мен ҳам шуни ўйлаяпман. Ҳамкорлик қиламиз, деб яна битта ишкалга аралашиб қолмаймизми?.. Лекин нима бўлгандаям курашишим керак. Одамларинг билан бирга келсанг ҳам майли, деб бекорга айтмади. Агар шундай қилсам, демак, қўрққан бўламан. Эҳтиёткорлик эса қўрқоқлик дегани эмас. Ҳозир ўша “Қора марварид”га жўнайсанлар.

Игнатий Олимович яна қўнғироқ қилганида уч соатлардан кейин боражагини айтди.

Шоҳруҳ ёлғиз қолди. Руҳан чарчаган эди. Шу боис гарчи икки соат олдин уйғонган эса-да, яна ухламоқ учун ётоқхонага кириб, каравотга чўзилди. Шаҳар чеккасидаги бу шинамгина уйни улар ижарага олишганди. Бунда ҳамма нарса — ҳаммомдан тортиб, кичкинагина сув ҳавзаси, бильярд столи ўрнатилган ертўла, спорт майдончасигача бор эди. Ошхонаси эса худди кичкинагина ресторанни эслатади. Ичимликлар учун алоҳида бурчак, мусиқа... қўйингки, ортиқча уринишга мутлақо ҳожат йўқ. Яна ҳовлисида боғиям борки, бемалол сайр қилиш мумкин. Шоҳруҳ уйга унчалик эътибор бермаган эса-да, чойшабдан таралаётган ёқимли ифордан дили яйради.

Талай муддат кўзини чирт юмиб ётди. Ҳамма нарсани унутмоқчи бўлди. “Ухлаб қолиб зўр туш кўрсам, болалигимни, ойимни кўрсам”, дея ўйлади. Бироқ уйқуси тезда келавермади. Шу кўйи бир соатча вақт ўтиб кетди. Кўзи эндигина илинганида Бахтиёр қўнғироқ қилиб қолди. “Ҳаммаси жойида, муаммо кўрмадим. Шундай бўлсаям, келиб-кетувчиларни кўздан кечираяпман. Бемалол келаверинг”, деди.

Шоҳруҳ соатга қаради. Ҳали анча вақт бор. Юлдуз билан бемалол гаплашса бўлади.

Юлдуз гўшакни тезда кўтаравермади. Шоҳруҳ асабийлашди. Ўрнидан туриб, хонанинг у бошидан бу бошига бориб келаверди. Бир-икки марта полни тепди. Чақирув товуши тугаши арафасида Юлдуз гўшакни кўтарди.

— Алло, — деди у ҳансираб нафас оларкан.

— Қаерда юрибсан?! Нимага тезроқ телефонни олмайсан?! Нега ҳансираяпсан?! — дея кетма-кет савол берган Шоҳруҳ бақириб юборди.

— Ташқарида эдим. Эшитиб, югуриб келдим. Тинчликми?! — деди қўрқиб кетган Юлдуз.

— Тинчлик, — дея бироз жим қолди Шоҳруҳ.

— Хайрият. Юрагимни ёрай дедингиз. Қаердасиз ҳозир?

— Бир ҳовлида. Ҳозир биттаси билан учрашувга бораман. Телефонимни қаердан топган, билмайман, ҳамкорлик таклиф қилаяпти. Гапларидан муғамбир одамга ўхшайди. Газета ўқидингми?

— Йўқ. Телевизорда айтишди. Ишқилиб, омон-эсон келинг-да. Нимагадир кўнглим нотинч. Балки тузоқ қўймоқчидир? Бормаганингиз маъқулми, деб ўйлайман. Бир-икки ой ҳеч кимнинг кўзига кўринмасангиз яхши бўларди. Ҳамма ёқ тинчиганидан кейин...

— Ваъда бериб қўйдим. Бормасам бўлмайди. Номардлик қилган бўламан. Лекин боламни ўзимга ўхшаган етим қилиб қўйиш ниятим йўқ. Бўпти, ўзингни эҳтиёт қил.

Шоҳруҳ телефонни ўчириб, курси устига отиб юборди. Бироз енгиллашиш, шу баҳонада вақтни ўлдириш мақсадида аввал пархонага кирди, сўнг чўмилди. Пиво ичди. Кейин соатга қаради. Учрашувга ўттиз дақиқадан мўлроқ вақт қолган. Шошилмасдан кийинди. Ҳатто галстук тақди.

Кўчага чиққанида эса юрагида ғашлик пайдо бўлди. Оёғи тортмади ўша ресторанга боришга. Аммо на илож, у кирган дунёда ҳеч қанақанги баҳонаю сабаблар ўтмайди. Айтилдими, бажарилиши шарт. Шоҳруҳнинг хаёлига Юлдузнинг илтимосга монанд гаплари келди. Чуқур хўрсиниб қўйди. “Болам, ишқилиб, етим қолмасин-да” — деди хаёлан.

* * *

Кўп ўтмай суд бўлди. Содиқнинг бор йиққан-тергани мусодара қилинди. Фақатгина уйи қолди. Уйга бошини хам қилиб келган Содиқ талай муддат ётоқхонадан чиқмади. Кейин хотинини ёнига чақирди.

— Ичишга бирон нима бер, бўлмаса бошим ёрилиб кетади, — деди.

Сочлари тўзғиган, юзини ҳисобсиз ажинлар эгаллаган Хонзода хунук иржайди.

— Пулимизниям барини банкка топширдик. Ичсангиз менинг қоним бор, бошқа ҳеч нима қолмади, — дея жавоб қайтарди.

— Сенинг қонинг?! Ҳе, сенинг қонингни ичсам заҳарланиб ўламан. Ўзингам ялмоғиз кампирга ўхшаб қопсан.

— Бўлганимиз шу, дадаси. Сиз ҳам бир ойнага қаранг, “Ўлмас Кашшей”дан фарқингиз йўқ. Ҳа, энди “Ўлмас Кашшей”нинг хотини ялмоғиз бўлади-да, — деб ҳиринглади.

— Минғирлама кўп... Уйдаги шкаф италянский, яхши пулга кетади. Мен эски бозорга бориб келаман. Сотамиз. Тўйиб ичишим керак.

У ўрнидан тураётганида боши айланиб кетди. Сал бўлмаса, йиқилиб тушаёзди. Сўнг амаллаб оёққа турди-да, хотинига хунук қараб қўйиб, эшик томон йўналди.

Унинг бозорга боришига ҳожат қолмади. Кўчага чиққанида симёғочдаги эълонга кўзи тушди. Олиб ўқиб кўрса, “Эски мебель оламиз” деб ёзиб қўйишган экан. Уйига қайтиб, қўнғироқ қилди. Гўшакни олган йигит абжиргина экан, сотилажак шкаф тўғрисида эшитиши билан ёнида иккита шериги билан тезда етиб келди. Шкафни бозордагидан икки баробар арзонга нархлади. Содиқ кўнмасдан бошқа иложи йўқ эди. Чунки кўзига шишадаги шайтон суви офатижондай кўринаётганди.

Бир йўла ўн шиша ароқ олиб келган Содиқ тўғри ошхонага кирди. Шу пайтгача нима қиларини билмай, гоҳ у хонага, гоҳ бу хонага кириб-чиқиб юрган Хонзода эрининг келганини билиб, дарров ёнига келди. Икки-уч пиёла май ичилгунча улар ширин дамларини эслашди. “Сен жудаям чиройли эдинг. Биринчи кечани ўтказганимиздан кейин мен сира ўзимга ишонолмасдим. Наҳотки шундай кетворган қиз менинг хотиним бўлса, деб ўйлагандим. Бақирганларинг, акажоним, деб бўйнимга чирмашганларинг ҳечам эсимдан чиқмайди”, деди Содиқ ва қадаҳларни ароққа тўлдирди. “Қўлларингиз чайир эди. Қучоқлаганингизда суякларим синиб кетай деганди. Мен эркакнинг шундай лаззат беришини аввал сираям билмаган эканман. Билганимда тўйимизгача ҳамма инон-ихтиёримни сизга топширган бўлардим”, дея қилпанглади Хонзода ва пиёлани бир кўтаришда бўшатди.

Битта шиша бўшаб, иккинчиси ҳам яримлагач, Содиқнинг феъли айниди.

— Болаларнинг шундай қулоқсиз бўлишига сен исқирт айбдорсан! — деди Хонзодага еб қўйгудек тикилиб.

— Мен бечорада нима айб? Аёл бўлсам. Уларга ота тарбияси керак эди. Сиз бўлсангиз кўчадан бери келмасдингиз, — дея ўзини оппоқ кўрсатишга уринди Хонзода.

— Онангни эшшак тепгур, мен сенларни боқаман, деб кўчада юрдим.

— Сиз сираям боққанингиз йўқ. Дадажонимнинг пуллари боқди бизни.

— Итдан тарқаганлар! Даданг одам бўлганида, оғир пайтда ёрдам берарди, — деб Содиқ хотинининг юзига шапалоқ тортиб юборди. Хонзода гупиллаб ағанади. Ўкириб йиғлади. Тўзғиб кетган сочларини юлишга уринди. Жони оғригач, бу шаштидан қайтди.

Содиқ унинг шайтонлашига эътибор ҳам бермади. Пиёласини тўлдириб ароқ ичди. Кейин сигарета чекди.

Хонзода ундан ортда қолмаслик учун тамаки қутисига кир қўлини юборди.

Бу маҳал дарвоза ортида Шаҳло Мурод билан бирга турарди. У бир неча бор эшик қўнғироғини босмоқчи бўлди. Босолмади. Бармоғини тугмача устига қўйганча кўзидан дув-дув ёш оқди. Сўнг ортига ўгирилиб, Муроднинг кўксига бошини қўйди.

— Керакмас, улар мени ҳайдаб юборишади. Бақиришади. Қайтайлик.

Уйга қайтиб келишгач, Мурод Шаҳлонинг гўзал чеҳрасига боқиб:

— Тўйга келишмасаям майли. Бошқа иложимиз ҳам йўқ. Мен ҳозир ресторанга бориб, заказ бериб келаман, — деди.

Шаҳло яна кўзидан ёш оқизди. Гапиролмади. Унинг ўрнига уларнинг ёнига келиб, ҳар иккисига ачиниб қараб турган Фотима опа гапирди.

— Болам, нима бўлгандаям қиз бола уйидан чиқиб кетаётганида оқ фотиҳа олиши керак, — дея Шаҳлони қучди.

— Бермайди улар, нега тушунмайсизлар, ойи?! — деб кутилмаганда Мурод бақириб юборди. Сўнг дарров узр сўради. Узрининг орқасидан: “Нима қилай?” дея қўшиб қўйди.

— Мен ҳам ич-этимни еб юрибман, болам. Сизларни кўрганда бир куйсам, улар хабар топишса кўтарадиган жанжалларини ўйлаб, яна бир куяман. Ҳар қалай, умр савдоси...

— Ойи, — деди Мурод Фотима опанинг гапини бўлиб. — Бордик. Дарвозанинг тагидан қайтдик. Шаҳло киролмади. Қандай сўраймиз? Агар яширин ўтказиш ниятимиз бўлганида, бориб ҳам ўтирмасдик. Хуллас, мен ҳозир ресторанга бораман, бошқа иложим йўқ. Сизлар ҳам тайёргарлик кўринглар.

Мурод уйдан чиқди. У кетиши билан Шаҳло ўкириб йиғлаб, Фотима опани маҳкам қучоқлади:

— Бунчалар бахти қаро бўлмасам!!!

Фотима опа унга қўшилиб йиғлади. Аммо шу сафар унинг кўнглини кўтарадиган сўз тополмади.

Мурод икки соатлардан кейин қайтиб келди.

— Бир ҳафтадан кейин тўй, икки юз кишилик ресторанни гаплашдим. Кейин таклифномагаям заказ бериб қўйдим, — деди у.

Мурод имкони борича ўзини хурсанд кўрсатишга ҳаракат қиларди. Йиғидан кўзлари қизарган Шаҳло хушхабарни индамай қабул қилди. Шунинг ўзи розилигидан нишона эди. У энди тақдирга тан берганди. Энди уни ҳеч нима қизиқтирмасди. Ҳатто ўзининг никоҳ тўйидан ҳам хурсанд бўлолмасди.

Бир ҳафта нима бўпти? Ел каби ўтди-кетди. Шаҳло оппоқ либос кийди. Ёнида ўзи орзу қилган шаҳзода қоп-қора костюм-шимда. Ҳамма нарса рисоладагидек. “Лимузин”га ўтириб, ёдгорлик ёнига боришди. Суратга тушишди. Айланишди. Бир томондан суратга олинаяпти, бир томондан видеотасмага. Шаҳло ҳамма жойда ўзини бахтиёр кўрсатиши, жилмайиши керак. Чунки вақти келиб, фарзандлари: “Ойи, намунча ғамгин бўлгансиз, дадамни севмаганмидингиз?” каби савол бермасликлари керак. Оҳ, табассумнинг юки бунчалар оғир!.. Бунчалар дардчил унинг дунёси!..

Ресторан ёнида карнай-сурнай нағмасини бошлади. Эндигина “Лимузин”дан тушаётган келинчак бир қур атрофга назар ташлади. Шунда нарироқдаги йўлакда жандаларга ўралган иккита бомжга кўзи тушди. Улар ҳам Шаҳлога қараб туришарди. Жирканиб кетиб, дарров кўзини бошқа ёққа — гўзаллик салони томонга бурди. Аммо ўша иккита пиёниста дадаси билан ойиси эканлиги унинг хаёлига ҳам келмади. Содиқ қизини дарров таниди. Кўзидан ёш оқди. Кафтини очди. Унинг қўллари қалтирарди. “Қизим, борган жойингда тош қотгин. Бахтли бўлгин. Бизнинг кунимиз асло бошингга тушмасин. Кечир!” — деб дуо қилди.

Хонзода унинг қўлидан ушлаб тортқилади. У ҳам келинчакни қизига ўхшатганди. Аммо айнан Шаҳло эканлиги унинг тушига ҳам кирмаганди. У эртароқ уйига боришни, ичишни ўйлаётганди. Ахир ўзи бўладими, бир кеча-кундуздан бери бир қултум ҳам ютишмади. Ҳаммасига ахлатхонадаги алкашлар сабаб. Эри билан иккови ароқ олиб келиш учун кетишаётганди. Кечқурун эди. Ҳартугул, кундузи чиқишга бетлари чидамаганди. Чунки қўшнилари кўриб қолишлари мумкин эди. Ташқарига чиққанларидан кейин эри тўғри йўл қолиб, айланма йўлдан бошлади. Кўп қаватли уйнинг ахлатхонаси ёнидан ўтаётганларида, ўша ахлатхонани эгаллаб олган пиёнисталар: “Нега бизнинг территориямизга келаяпсанлар?! Ўзи шундоғам бутилкалар кам!” — дея уларга ташланиб қолишди. Дарров тўполон бошланди. Зумда қаердандир иккита милиция ходими ҳам етиб келди. Улар жанжаллашаётганларнинг ҳаммасини олиб кетишди. Яхшики, биров-бировига зиён етказишга улгуришмаганди. Бунинг устига, ахлатхона “хўжайин”лари ростини айтиб қўйишди. Шундан сўнг эр-хотин қўйиб юборилди.

— Шаҳлога ўхшаб кетаркан-а, — деди эрини қўлтиқлаб олган Хонзода.

Содиқ жавоб бермади. У гапиролмасди. Ичини алланима илондай кемираётган эди.

* * *

Фарангиз билан Раъно тезда чиқишиб кетишди. Бир-бирига меҳрибон, бири бирорта юмуш бажарса, иккинчиси қараб туролмасди. Дарров кўмаклашарди. Фарангиз Раънони “опа” деб чақирмоқчи эди, лекин Раъно унамади. “Акамнинг хотини қандай қилиб мени опа дейди? Яхшиси, шунчаки Раъно, деб қўя қолинг”, деди у кулиб. Худди шундай Фарангиз ҳам ўзини кеннойи дейишга йўл қўймади. “Ўзингиздан кичкина қизни қандай “кеннойи” дейсиз?” — деди у. Шу-шу иккаласи бир-бирини исмларини айтиб чақирадиган бўлишди. Бўрон уларни кўриб хурсанд бўлар: “Худди дугоналарга ўхшайсизлар”, дерди.

Бўрон укасининг уйида эски “Москвич”ни, келинини ғалати кийимда кўриб, кўнгли хуфтон бўлган, ҳамма ғазабини ичига ютиб уйига қайтиб келган кун эди. Ошхонага кириб Фарангизга чой дамлашни буюрди. Эрининг ҳар қандай хизматини жон деб бажарадиган Фарангиз дик этиб ўрнидан турди. Турди-ю, шу заҳоти ўтириб қолди. Бошини ушлади.

— Нима бўлди? — сўради ундан Бўрон капалаги учиб.

— Билмайман, бошим айланиб кетди. Ҳозир ўтиб кетса керак, — дея жавоб қилди Фарангиз.

Бош айланиши бир неча сонияда ўтиб кетди. Аммо у чойнакнинг тагига ўт ёққач, қозонни очиб кўраётганида овқатнинг ҳидидан кўнгли айниб, ўхчиди.

— Сенга бир гап бўлганга ўхшайди. Нима егандинг? — деди Бўрон ўрнидан туриб.

— Ҳамма еган нарсани. Лекин кўнглим айниши бошқа нарсадан шекилли, — деди бироз қизарган Фарангиз бошини эгиб.

Бу пайтда Раъно ҳам ошхонага кирганди. Кеннойисининг гапини эшитди. Мийиғида кулди. Чунки куни кеча Фарангиз ўзининг ҳомиладорлигини айтганди.

— Суюнчи берасиз, ака, — деди у Бўронга қараб жилмаяркан.

— Тинчликми? — сўради Бўрон гарчи Фарангизнинг нега бундай аҳволга тушганини кўнгли сезган эса-да.

— Аввал беринг, кейин айтаман, — деб Раъно унга қўлини чўзди.

Бўрон чўнтагини ковлади. Бир пачка минг сўмликни олди. Беш-олтитасини синглисига узатди.

— Бу кам, акажон. Яна чўзинг.

— Оббо! Индамасам кафангадо қиласанлар, — дея ҳазиллашган Бўрон пачкадаги қолган пулни Раънога берди.

Фарангиз ака билан сингилга жилмайганча боқиб турар, уларнинг бир-бирига меҳрибончиликларидан кўнгли тоғдай кўтариларди.

— Аслида, буям кам эди-ю, лекин майли, қолганини фарзандингиз туғилганидан кейин берарсиз... — деди Раъно пулларни санаган киши бўлиб.

— Йўғ-э! — деди гумони тўғри чиққанидан хурсанд бўлган Бўрон. — Ҳали сен ҳомиладормисан?

— Эшитдингиз-ку синглингиздан, — дея нозланди Фарангиз, — энди чойни ўзингиз дамлайсиз. Менинг қулупнай егим келяпти.

— Чойни-ку, майли, ўзим дамлайман, — деди Бўрон илжайиб, — лекин қулупнайдан бошқа нарса егинг келсин. Ҳали, эҳ-ҳе, қулупнай пишгунча қанча бор?

— Ака, топинг-да энди. Бошқа иложингиз йўқ. Ўзимизда бўлмаса, чет давлатда бордир. Иложингиз қанча, бориб келасиз. Шу баҳонада бизниям тишимизга тегиб қолармиди?

Ҳамма бирдан кулиб юборди. Бўрон бошини қашлади.

— Агар дорихонага кирсанг, сўраган доринг бўлмаса, аптекачи дарров унинг ўрнини босадиган бошқа бирини тавсия қилади. Сен ҳам ўйлаб кўр, қулупнайнинг ўрнини олмами, нокми ёки шунга ўхшаш бирон нима босиб кетар, — деди хотинига қараб.

— Босолмайди-да, — дея жавоб қилди Фарангиз.

— Бўлмаса, иложимиз қанча? Ҳиндистонгами, Эронгами, Африкагами бориб келамиз-да. Ҳозирча чой дамлаб турайлик, сиз ўтиринг, хоним.

— Майли, шу сафар чойни ўзим дамлайман, лекин бундан бу ёғига тўққиз ой чой дамлаш, овқат қилиш...

— Уй супуриш, кир ювиш, — дея бирдан кеннойисининг гапини давом этказиб кетди Раъно.

— Шуларнинг ўзи бўлса майли, ишқилиб, қоғоз-поғоз ташишниям буюрмасанг бўлгани, — деб бирдан қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди Бўрон.

— Ҳали шошмай туринг, — деб Фарангиз Бўронни қувди. Бўрон атайлаб ётоқхонага қараб қочди. Уни ётоқхонага киргизмоқчи, сўнг тўйиб-тўйиб лабидан бўса олмоқчи эди.

— Ёш болалар, — деди уларнинг орқасидан кулиб қараб қолган Раъно.

Орадан бир соатлар ўтгач, Бўрон йўлга отланди. Нариги уйга бормоқчи эди. Фарангиз уни кузатиб қўйиш учун ҳовлига чиқди. Дарвозанинг кичик табақасини очишлари билан икковлари ҳам ҳайкалдай қотиб қолишди. Чунки рўпарада қўлини белига тираганча Фароғат турарди.

— Муборак бўлсин! — деди Фароғат мийиғида кулиб. — Ими-жимида менга кундош орттирибсиз-у, мен ғафлатда қолиб кетаверибман-да! Бай-бай, кўзлари шаҳло, киприклари найза, қошлари янги чиққан ҳилол!.. Биздай қариб қолган аёл олдида мисоли...

Фароғат бошқа гапирмади. Кўзидан ёши дув-дув оқаверди.

Бўрон довдираб қолганди. Каловланди, миясига тузук-қуруқ гап келмади, ранги худди мурданикига ўхшарди. Эрининг аҳволини кўрган Фароғат: “Мен ютдим”, деб ўйлади. Агар ҳозир гап-сўзсиз ортига бурилиб кетса, эри унинг кетидан итдай эргашиб боради. Фароғат уйга етгач, ўзини осмоққа чоғланади. Шунда Бўрон ўзини унинг оёғи остига ташлайди. Ялинади, ёлворади, кечирим сўрайди. Шу бугуноқ манави манжалақининг жавобини беражагини айтади...

Фароғат бир неча сонияда шу манзарани кўз олдига келтириб, хаёлида пиширган режасини амалга ошириш учун ортига бурилди-ю, жўнаб қолди. Бўрон билан Фарангиз дарвоза ёнида бир-бирларига қараганча серрайиб қолаверишди.

Агар шу пайт ёнида Фарангиз бўлмаганида, Бўрон тўйгунича ичарди. Лекин суюкли хотини ва унинг қорнидаги боласи бунга йўл қўймади. Бўлмаса, Бўрон стол устига бир шиша ароқ қўйган, эндигина қопқоғини очмоққа шайланаётганди. Фарангиз олиб қўйди-да, сўнг бир оғизгина:

— Ичманг, бизлар учун, — деди. Агар Бўрон ўшанда ичганида, худди укасидай пиёнистага айланиб абгор бўлиши тайин эди.

Кўп ўтмай, Бўрон ҳамма нарсасидан айрилди. Фароғат уни судга берди. У ҳамма мол-мулкини (ҳатто машинасигача) биринчи хотинига қолдириб, костюмини елкасига ташлаб, чиқиб кетди.

Шу-шу унинг иши ўнгланмади. Эски танишлари орқали даллоллик қилиб, тўрт-беш сўм топарди, лекин топгани еб-ичишдан нарига ўтмасди. Ҳар куни унинг ҳолидан хабар олиб турадиган иккинчи укаси ҳам акасининг инқирозидан кейин қорасини кўрсатмай кетди.

Бечора келини яхши аёл экан, икки-уч кунда бир келар, Фарангиз, қайнопаси Раъно билан узоқ суҳбатлашарди. Гоҳида овсини уларни ёлғиз ташлаб кетганида, қайнопасига арз қиларди: “Бечора Шоҳруҳжонни бекордан-бекорга, айбсиз калтаклашди. Шўрлик қон йиғлади. Укаларига биронта акасининг раҳми келмади. Раҳматли қайнонам билан қайнотам гўрларида тик турган бўлса керак. Ўшандан бери оиламиздан барака қочди. Содиқ акам билан Хонзода кеннойимлар жуда абгор бўлишган дейишади. Лекин боришга юрагим бетламайди”.

Раъно келинининг гапини эшитиб пешонасига муштлар, бошини сарак-сарак қилиб йиғларди.

Бир куни у Содиқ акасининг уйига борди. Бу пайтда унинг данғиллама ҳовлисини бошқа бировлар сотиб олган эди. Акаси қаерга кетганини сўради, лекин улар билишмаскан.

— Ота уйимдан айрилдим, — деди Раъно қайтиб келиб Фарангизга дардини тўкаркан, — сотиб кетишибди. Пиёниста бўп қолишибди кеннойим билан акам. Қаердаликларини ҳеч ким билмаскан. Энди дардимни кимга айтаман?!

Фарангиз унга қўшилиб йиғлади. Кейин эрига илтимос қилди:

— Бориб укангизни топинг, ҳолидан хабар олинг. Онангизнинг қарғишига қолманг тағин, — деди.

Бўрон укасини роса қидирди, лекин дарагини топмади. Бунинг ўрнига Шоҳруҳ ҳақида эшитди. Охирги марта уни кўрган ўртоғидан: “Россияга ишга кетди”, деган хабардан унинг кўнгли бироз хотиржам тортди. Келиб Раънога айтди.

— Хафа бўлма, барибир, келади Шоҳруҳ. Келганидан кейин уйлантириб қўямиз. Ўзидан-ўзи тинчиб кетади.

— Лекин, ака, у сизларни кечирармикан? Кўрганимда бир аҳволда эди. Опа бўлиб, мен ҳам бир нима қилолмадим.

Бўрон синглисига қараб, эзилди. Бундай пайти кўчага чиқиб кетиш энг яхши йўл эди. Ёки ичиши керак. Ичса, Фарангиз хафа бўлади. Тавба, ҳали Фарангизни учратмасидан, унинг нафис сўзлари қулоғи остида янграмасидан бурун у ҳеч кимдан, айниқса, Фароғатдан умуман қўрқмасди. Хоҳлаганча ичаверарди, лекин меъёрни биларди. Кўпроқ иш тўғрисида ўйларди. Шу боисдан ҳам ўзини тиярди у пайтлар. Ҳозир ўзини тийгиси йўқ. Аммо ичолмайди. Чунки Фарангизнинг кўзига қандай қарайман, деб ўйлайди.

Лекин кетма-кет келаётган омадсизлик унинг тинка-мадорини қуритмоқда. Нимадир қилиши керак. Қўл қовуштириб, фожиани кутиб туролмайди-ку. Бундай ўйлаб қараса, бутун оиласи, ука-сингилларининг аҳволи чатоқ. Нима бўлаяпти уларга? Нима жин урди?

У эртасига лоҳас бўлиб уйғонди. Ҳовлидаги ҳалинчакли ўриндиқда тебраниб ўтираркан, синглисини ёнига чақирди. У ҳали ойнага қарамаганди. Шунингдек, кўксига тун бўйи бош қўйиб ётган Фарангиз ҳам одатига хилоф равишда (ҳар куни уйғониши билан эрининг юзидан ўпиб қўярди. Юзига бир муддат термилиб, сўнг тўшакни тарк этарди), эрининг қўйнидан чиққан заҳоти ювиниш хонасига кириб кетди. Чунки сутчи келиб, эшик қўнғироғини босган эди.

— Ака! — кўзлари каттариб кетди Раъно Бўроннинг сочлари ярмидан кўпроғи оқарганини кўриб. — Нима бўлди сизга?

— Нима бўпти? — ҳайрон бўлди Бўрон синглисига ажабланиб боқаркан.

— Ака, — деди Раъно овози титраб, унинг бошига қўлини юбораркан, — сочларингиз оппоқ!!!

Бошқа гап айтолмади, тили айланмади.

— Йўғ-э, — деб илжайди Бўрон, — ҳазиллашаяпсанми?

Шу маҳал уйдан Фарангиз чиқиб келди. У ҳали остонадалигидаёқ эрининг сочлари оппоқлигини кўрди. “Бирон нарса теккандир”, ўйлади аввалига. Сўнг тезда оёғига шиппагини илиб шошганча келди-ю, кўзи қинидан чиқиб кетаёзди. Ўз-ўзидан кўзидан ёш оқаверди. Тили калимага келмади. Ахир унинг эри жудаям ёш кўринарди. Илгаридан оқ сочлари бор эди, лекин бу даражада эмасди.

— Нима бўлди?! — бақирди унга Бўрон. — Нега бақрайиб қолдинг, нега йиғлаяпсан?!

Фарангиз айтолмайди. Қандай айтсин? Айтмаса ҳам Бўрон яхши билади йиғисининг сабабини. Буни синглисидан эшитди. Лекин нега мотам қилиши керак шунинг учун? Сочи оқарса тамомми? Ҳаёт тўхтаб қолдими?! Энди бошқа бир омадлироқ, бойроқ одамни топиши керакми?! Ўйлагани сайин у қизарар, қони қайнарди.

— Ҳечқиси йўқ, — деди кутилмаганда Фарангиз, — ўтиб кетади, сиқилманг. Бугуноқ бориб бўятиб келамиз. Шунда аввалгиданам ёш кўринасиз. Аслида, бўятмасак ҳам бўлаверади. Сизга ярашиб турибди.

Агар ҳозир ёнида Раъно бўлмаганида, Фарангиз эрини қучар, унинг кўнглини кўтариш учун лабидан бўса оларди.

— Майли, хавотир олма. Бориб нонушта тайёрла. Қорин очқаб кетди. Ҳозир Раъно икковимиз борамиз. Бу ёғи жиянларам бир-бир уйғонишаяпти, — деди Бўрон ҳафсаласизлик билан.

Фарангиз кетди. Ошхонада ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, тўйиб йиғлаб олди. Кўз ёши билан ичидаги бор ғуссаси оқиб чиққандай бўлди. Бўрон эса синглисига ёрилди:

— Ҳамма нарса қилиб кўраяпман, лекин ҳеч ишим ўнгланмаяпти. Сизлар эскича-пескича қилинглар, фолбинга боринглар. Нега уйимиздан барака учганини билинглар. Мен-ку майли, анави падар лаънати катта янгангни деб, шу аҳволга тушиб ўтирибман. Лекин Содиқ, сен, иши тушса итдай ялтоқланадиган уканг Соҳиб — ҳаммамизнинг оиламиз расво бўлди. Шоҳруҳнинг аҳволи қандайлигини ҳеч ким билмайди. Ишқилиб, боши омон бўлсин. Бу дейман, синглим, Шоҳруҳга сал ортиқча зуғум қилиб юбордикми, деб ўйлаб қоламан баъзида.

— Ака, — деди Раъно кўзидан оқаётган ёшни кафти билан артиб, — озгина эмас, ўтказиб юбординглар. Билиб-билмай, ўлдириб қўйишларингга сал қолди. Энди, акажон, битта илтимос, ҳаммамиз қўлимиздан келганича пул йиғайлик. Кейин сиз Соҳиб билан бирга бориб, Шоҳруҳни топиб келинг.

Бўрон унга қараб, бурнини тортиб қўйди.

— Содиқ алкаш бўлиб қолган. Уни тополмайман ҳам. Сен билан менинг аҳволимиз маълум. Агар ўлиб кетсак ҳам, Соҳиб бир сўм бермайди. Хаёлингни ҳар ёққа чалғитавермай, айтганларимни қилинглар, — деб Бўрон секин ўрнидан турди-да, бир-бир қадам босганча уйдан чиқиб кетди.

* * *

Ресторанда одамлар кўп эди. Хўрандалар тинимсиз кириб чиқишарди. Яна ҳеч қандай тансоқчилар ҳам йўқ. Шунчаки официант йигит-қизлар остонада кутиб олишаркан, икки қўли кўксида, жилмайиб: “Хуш келибсиз!” “Марҳамат қилсинлар!” — деб йўл бошлашди. Йўл-йўлакай қандай жой маъқул келишини сўраб боришди. Бурчакми, ўртами, мусиқа ёқадими ёки алоҳида хонами, қиз бола хизмат қилсинми ёки эркак киши маъқулми?.. Турган-битгани мулозамат. Жаннатга тушиб қолганга ўхшайсан. Бу ерга нега келганингни ҳам унутиб қўясан. Мабодо еган-ичганингга пулинг етмай қолса, бунинг ҳам йўли осон. Яланғочлаб, бошқа эшикдан уч-тўрт тепки билан сийлаб чиқариб юборишади.

— Сизни кутиб туришибди, — деди эшик ёнида турган ўспирин йигит хиёл эгилиб Шоҳруҳга салом бераркан.

— Кутмасликлари керак эди-ку. Бу ерга келишимни ҳеч кимга айтмагандим. Шунчаки ароқхўрлик қилиб кетмоқчийдим, — деди Шоҳруҳ ўзини гўлликка солиб.

Ўспирин бир неча сония киприкларини пирпиратиб, унга тикилиб турди. Қизариб кетди шўрлик. Шундай эса-да, илжайишга куч топди.

— Сизни кутиб туришибди, жаноб, — дея аввалги гапини такрорлади, — марҳамат қилинг, столингиз залнинг ўртасида.

— Сен овсарга такрорлаяпман, мени ҳеч ким кутмаяпти. Энг чекка столга боргин-да, газак билан бир шиша ароқ опкел, — деди Шоҳруҳ пинак бузмай.

Ўспирин унинг гапларига эътибор қилмади. “Марҳамат, ортимдан юринг”, дея мулозамат кўрсатиб йўл бошлади. Шоҳруҳ унинг изидан кетаётиб, зимдан бир-бирлари билан валақлашиб, кулишиб, қадаҳларини чўқиштириб ўтирган хўрандаларга эътибор қилди. Кўкрагини ярмигача очиб олган сариқ соч ва қора сочли аёлларнинг эркакларга суйкалишларига кўзи тушди. У одам бунчалик кўп бўлади, деб сираям ўйламаганди. Янграётган мусиқа садоси бировнинг гапини иккинчисига эшиттирмайди. Шундоғам ғала-ғовурнинг ўзи етиб ортади.

Зал ўртасидаги айлана стол ёнида ўтирган элликлар атрофидаги кўзойнакли киши уни кўриб, арчиётган олмаси билан пичоқни стол устига қўйди-да, қўлини сочиққа артаётиб, ўрнидан турди. Илжайди. Шоҳруҳ ҳам илжайди. Кўзойнакдан — Игнатий Олимовичдан аввал унга қўлини чўзди.

— Сизни кўриб турганимдан бағоят хурсандман, — деган гапни ҳам ундан илгарироқ айтди.

Агар Шоҳруҳ кўришаётган одам аёл бўлганида борми, ҳеч кимдан уялмасдан бир тиззасини ерга қўйиб, унинг қўлидан ўпган бўларди. Залдагиларнинг биронтасидан ҳам уялмасди. Эҳтимол, шунда эркакларга суйкалиб ўтирган аёллар уни кўрсатиб: “Ана, кўриб қўй ҳақиқий эркак қандай бўлишини”, деб қарсак чалишарди.

Шоҳруҳ бунақа мулозаматни бирон жойдан ўрганиб келмади. Шунчаки одамларнинг ўзи тарбиялашди. Тўғрироғи, ҚОНУН ЎҒРИЛАРИ! Унинг кўзи Игнатий Олимовичникидек ўйнаб турарди.

— Сизни кўрмаган одамлар бунақанги уддабуронлигингизга умуман ишонишмайди. Бунга ёшингиз халақит беради. Қойил, мен айтишим керак бўлган сўзларни сиз айтиб қўйдингиз. Қани, энди меҳмоним бўлинг, ўтиринг, — деб Игнатий Олимович жой кўрсатди.

— Дискотека ҳам бўладими? — сўради Шоҳруҳ ўтиргач.

— Буюртма берсак бўлади, — жавоб қилди Игнатий Олимович.

— Яхши. Унда рақсга тушиш учун чақирган экансиз-да.

— Шунга яқинроқ... Виноми, ароқми, шампань виносими?

— Ароқ.

Игнатий Олимович ароқ шишасининг қопқоғини буради.

Бир қадаҳдан ичилгач, Игнатий Олимовичнинг юзи жиддийлашди. Эгилиб Шоҳруҳга нималардир деди. Худди шу пайт шўх мусиқа янграб, хўрандалар қарсак чалиб юборганликлари боис, Шоҳруҳ ҳеч нимани эшитолмади.

Игнатий Олимович ўрнидан турди. Шоҳруҳга “юр” дегандек қўли билан ишора қилди.

Улар алоҳида хонага киришди. Бу ердан зал бемалол кўриниб турарди. Рестораннинг деярли ҳамма мижозлари ўрнидан туриб, ўз жононалари билан рақс тушишарди. Боягина Игнатий Олимович билан бирга ўтирган стол- га худди улар каби кийинган икки киши келиб ўтирди.

— Ҳаммаси уюштирилган. Тўғри, ҳар доим бу ер гавжум бўлади, лекин кўп нарса уюштирилган — мусиқа, одамларнинг рақс тушишлари, бизнинг ўрнимизга ўтирганлар... Шароит шунақа. Эҳтиёт бўлмасанг, зумда кўзингни чўқишади, — деди Игнатий Олимович ҳеч нарсани яширмай, сўнг қўлини Шоҳруҳга узатди. — Келинг, энди яхшилаб танишайлик. Исми-шарифим ўша-ўша. Фақат бошқалар чалкаштириб юборишади. Айниқса, Витя Тимофеевич.

— Ўзим ҳақимда гапирмасам ҳам бўлади. Чунки менинг кимлигимни ўзимдан яхши биласиз, — дея Шоҳруҳ кулиб қўйди.

— Майли, бир-иккита далилни айтаман. Шу билан танишув маросими тугайди. Роман Фёдорович деган лўттибоз банкир, дарвоқе, куни кеча ишдан кетди. Устидан жиноий иш очилди. Қизининг қаердалигини ҳеч ким билмайди, албатта, мендан бўлак. Хуллас, Роман Фёдоровичнинг тили билан айтганда, сиз унинг ёш дўстисиз! Жаранглашини қаранг, “ёшгина дўстим”! Оксана икковларингизнинг тўйингизда бомба портламай қолганидан хурсандман... Шу ёғи етар?

— Бўлади.

— Энди ўзим ҳақимда. Мен, сен йўқ қилишинг керак бўлган Олег Козлов бўламан. Танимаганингга ҳайронман. Ахир сенга расмим кўрсатилган-ку!

(Давоми бор)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)

Мафия сардори (Еттинчи қисм)

Мафия сардори (Саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўнинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн бешинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн олтинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн еттинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирманчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма биринчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма иккинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма учинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма бешинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма олтинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма еттинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз учинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз бешинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз олтинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз еттинчи қисм)

Мафия
525 интересуются