Найти тему
allsportuz.com

Сэр Алекс Фергюсон Автобиография. Бекҳэм (2-қисм)

Автобиография
5-бўлим: Бекҳэм
(давоми)

Ўйлашимча, Дэвид ҳали ҳаётида содир бўлаётган барча воқеларга тўғри реакция бериш даражасида тажрибали эмасди. Ҳозир масалан у билан ҳаммаси жойида. Ишончи ортган, ўзини яхши бошқара оладиган инсонга айланди. Аммо ўша пайтлар мен унинг “юлдуз” сифатадиги ҳаётидан норози эдим.

Аввалги қисм: 1-бўлим

Бир мисол келтираман: кунларнинг бирида, биз сафарда “Лестер Сити” билан ўйинга жўнаш учун тайёргарлик кўраётган вақтимиз базага кундузи соат учларда келдим. Каррингтон йўлида мухбирлар тўдалашиб туриб олганди. У ерда тахмиман йигирма нафар фотограф бор эди.

- Нима бўляпти, - деб сўрадим. Айтишларига қараганда, “Дэвид эртага янги соч турмагини оммага намойиш қилар эмиш”.

Дэвид базага келганда унинг бошида чанғичиларникига хос қалпоқ бор эди. Ўша куни тушликда ҳам шу кўринишда юрди. “Дэвид қалпоғингни ечиб қўй, аҳри ресторандамиз-ку”, - дедим. У рад этди. “Ахмоқ бўлма” – деб қатъий турдим. У эса қайсарлик қилди.

Жаҳлим чиққанди. Менда уни жаримага тортиш учун асос йўқ эди. Кўплаб футболчилар ўйингача бўлган йўлда бейсболка ва шунга ўхшаш бош кийимларда бўлишарди. Аммо аввал ҳеч ким жамоавий тушлик вақтида бош кийимда ўтириб бундай ҳурматсизлик намойиш қилмаган.

Кейинги кун. Ўйин олди машқлари бошланди. Бекҳэмнинг бошида яна ўша қалпоғи бор эди. “Дэвид сен бундай кўринишда майдонга чиқмайсан. Сени таркибдан чиқариб ташлайман”, - дедим. У асабийлаша бошлади ва жаҳл билан бошидаги қалпоқни олиб ташлади. Менинг рўпарамда мутлақ тақир бош пайдо бўлди. “Шунча шовқин ҳеч ким кўриши керак бўлмаган қириб ташланган соч ва кал бош учунми?!” – ҳайратландим мен. Режаси бўйича у охиригача қалпоқда қолиб, ҳакам ўйинни бошлашидан илгари, ҳуштак чалмасидан аввал уни ечмоқчи бўлган. Дэвид мени тобора кўп афсуслантира бошлади. “Юлдузлик юки”, матбуот ва реклама агентларининг қуршови ундан истеъдодни сўриб олаётганини кузатиб борардим.

Дэвид буюк жамоа вакили эди. Унда ажойиб карьера мавжуд эди. Мавсум давомида 12-15 та гол урар, машғулотларда борини бериб шуғулланар ва ўйинда самара кўрсатарди. Буларнинг барчасини ундан тортиб олишди ҳамда у ҳақиқий буюк футболчи бўлиш имконини қўлдан чиқарди. Менинг шахсий фикримча, унга назар ташлаб – “ҳа, бу ростдан ҳам буюк футболчи”, дейиладиган даражага етолмай қолди Бекҳэм.

Ҳаммаси 22-23 ёш эканлигида бошланди. У ўзидаги буюк футболчи бўлиш истиқболини йўққа чиқарувчи қарорлар қабул қила бошлади. Бу мени жуда афсуслантирарди. Орамизда ҳеч қандай душманлик йўқ. Фақат менинг ҳафсалам пир бўлганди. Унга назар ташлаб “Ўғлим, ўзинг билан нималар қилаяпсан-а”, - деб ўйлардим.

Дэвид “Манчестер”да пайдо бўлганида футболни тентакларча яхши кўрадиган ўсмир эди. 16 ёшида уни спорт залдан ташқарига олиб чиқиш муаммо эди. Доим машқ қиларди. У жондилидан футболни яхши кўрар ва футбол орзуси билан яшарди. Кейин барчасидан янги карьера, янги ҳаёт тарзи, шуҳрат ва машҳурлик эвазига воз кечди.

Бошқа томондан кейин ортирган бойлигига қараб, у мутлақ нотўғри қарор қабул қилганди, дея олмайман. Дэвид кўплаб инсонлар учун ҳақиқий кумирга айланди. Одамлар унга тақлид қилиб, кўринишидаги озгина ўзгаришни ҳам такрорлашга уринишарди. Бироқ мен футбол одамиман ва киши эвазига нима бўлишидан қатъий назар футболни қурбон қилмаслиги керак, деб ҳисоблайман. Сенда ҳобби бўлиши мумкин. Масалан, менда бу отлар. Майкл Оуэнда отлар, Скоулзда ҳам отлар. Кимдир санъатни ёқтириши мумкин. Кабинетимда Киран Ричардсоннинг мўйқаламига мансуб гўзал сурат осиғлиқ туради. Лекин, сен бу қизиқишлар боис ҳаётинг асосини ташкил қилувчи футболдан воз кечишинг керак эмас.

Жамоадан кетишидан бир йил аввал Дэвид Япония ва Жанубий Кореяда ўтган Жаҳон чемпионатида иштирок этди. Чемпионлар Лигасида ортириб олган жароҳатидан бир неча ҳафта ўтганди, холос. “Олд Траффорд”даги ўша ўйинда у чап товонидаги иккинчи ҳочсимон суякни синдириб олганди. Бу ҳақиқий драма бўлган.

Ҳудди шундай жароҳат тўрт йил ўтиб Рунида ҳам кузатилган. Бироқ, иккисининг тикланиш жараёни турфа кечди. Дэвид табиатан жуда яхши жисмоний кўрсаткичларга эга эди. Уэйн эса жароҳат асоратларидан чиқиб кетиш учун анча тер тўкишига тўғри келган. Шунинг учун ҳам мен Дэвид ЖЧда бемалол ўйнай олади, деб ўйлагандим ва бу ҳақда очиқ айтганман.

Англия терма жамоаси Японияга етиб келгач Бекҳэм ҳали ҳам асорат таъсирида бўлиши мумкин эди. Баъзида футболчиларга қараб уларнинг жисмоний ҳолати ҳақида аниқ тўхтамга келиш қийин. Бундай йирик турнирда иштирок этиш учун улар ўзлари билан ҳаммаси жойида эканини, юз фоиз ўйинга тайёр эканликларини айтаверишади. Дэвиднинг чемпионатдаги ўйинига қараб у билан ҳаммаси жойида эканига шубҳа пайдо бўла бошлади менда. Япониянинг Сидзуокасида ўтган Бразилияга қарши чоракфинал учрашувида қанотда рақибнинг ташланишидан қочиб қолганини кўриб, жисмоний жароҳат унинг онгига таъсир қилаётганини сезиш қийин эмасди. У тезкор футболчи эди ва ўта секин ҳаракат қилаётганини кўриб ҳайрон бўлганман. Бу ҳаммаси жойида эмаслигидан дарак беради -- муаммо ё жисмоний ё руҳий.

Шотландиялик бўлганим боис одамлар мени Англия терма жамоасига ёт қарашда айблашарди. Улар бир ўриндагина ҳақ бўлиши мумкин, қайсики, агар Англия терма жамоаси ҳозир Шотландияга қарши ўйнаса. Лекин клубимизда бошқа исталган мамлакатдан кўра англиялик футболчилар кўп бўлган. Мен улар доим халқаро майдонда энг яхши натижаларни кўрсатишларини истардим.

Агар сенинг жамоангда Бекҳэм каби миллий даражадаги муҳим футболчи ҳаракат қилса терма жамоа тиббий ходимлари доим ишингга аралашишга уринишади. Англиялик докторлар ҳатто бизнинг базага мунтазам келиб туришни исташган. Бундай муносабат менга ёқмасди. Гоҳо бу мен шотландиялик бўлганим учун эмасмикан, деб ўйлаб қолардим.

2006 йил Руни Жаҳон чемпионатида иштирок учун терма жамоа сафига ҳаммадан кеч қўшилди. Англия штаби бизга деярли ҳар куни хат ёзар, унинг ҳолати билан қизиқарди. Гўё ўзимиз унга керакли ёрдамни беролмайдигандек. Улар Рунини йўқотиб қўймаслик учун ваҳима кўтаришарди. Ва ўшанда мен 100 фоиз ҳақ бўлиб чиқдим: У мундиалда ўйнаш учун тайёр эмасди. Уни терма жамоа жойлашган Баден-Баденга чақириш керак эмасди. Бу унга, мухлисларга ва бошқа футболчиларга нисбатан адолатсизлик эди. Албатта Уэйндан жуда кўп нарса кутишарди. Айнан шу нарса термадагиларнинг воқейликни қабул қилмаслигига сабаб бўлди.

Тўрт йил илгари мен Дэвид яхши формада бўлишига ишонганман. Унинг тарихи ва статистикасидан хабарим бор эди. У ортиқча уринишларсиз ҳам “Манчестер”даги энг яхши жисмоний кўрсаткичларни қайд этарди. Мавсум олдидан ўтказиладиган қисқа масофага қайта-қайта югиришда биринчи кўрсаткичларни кўрсатарди. Айнан шунинг учун биз терма жамоа штабига ишонч билан у турнирга тайёр бўлади, деганмиз.

Дэвиднинг ўзи тикланишни жуда қаттиқ исташи турган гап эди. Шунинг учун биз Каррингтондаги базада кислород чодирини ишлата бошладик. Бу қурилма Рой Кин учун белнинг орт мушаклари билан боғлиқ жароҳатдан даволанишида муҳим аҳамият касб этган. Бироқ суяклар бу бошқа масала. Вақт ва тўлиқ ҳордиқ кутилган натижани бериши мумкин эди. Бундай жароҳатдан 6-7 ҳафтада фориғ бўлиши мумкин.

2002 йилдаги мундииалда инглизлар рақибга босим кўрсатиладиган ҳамда узун узатмаларга асосланган ўйинга урғу беришди. Лекин бундан керакли самара чиқара олишмади. Гуруҳдаги биринчи ўйинда шведларга қарши бу ўзини умуман оқламади, рақиб мазкур услубни жуда яхши биларди ва унга осонгина қарши чиқди. Чорак финалда эса бир футболчи кам бўлиб қолганига қарамай бразилияликлар Англияни турнирдан чиқариб юбордилар. Бунда Англиянинг ёшлар жамоаларини айблаган бўлардим. Улар эскириб қолган бу ўйин услубидан ҳеч ҳам воз кечишмади. Бир сафар биз Том Клеверлининг ўйини кузатиш учун Англия ёшлар терма жамоасининг Греция ёшларга қаршини ўйинини кузатдик. Скаутларимизнинг сўзларига кўра, Англия алоҳида ажралган марказий ҳужумчи ва икки қанот футболчилари билан ўйнади. Улардан бири Клеверли эди. Том бутун ўйин давомида зарба бериш учун умуман имконга эга бўлмади. Ўша ўйинда Крис Смоллинг ҳам ўйнаган. У учрашув давомида ўзига келган тўпларни фақат узоққа тепиб юбориш билан шуғулланди. Хуллас, 9-16 ёшдаги болалар билан шуғулланиш даврида Англия кўплаб иқтидорларни йўқотади. Тўғри, бу ажойиб жисмоний кўрсаткичлар, курашувчанлик ва меҳнаткашлик билан конпенциция қилинади. Лекин, шунинг ўзи ажойиб ўйинчини етиштириш учун кифоя қилмайди. Англия терма жамоаси ҳеч қачон бундай тайёргарлик ва муносабат билан жаҳон чемпиони бўлолмайди. Бразилияликларга қаранг, уларда исталган футболчи исталган позиция ва бурчакдан тўпни қабул қилиб олишга тайёр бўлади. Улар симобдек ҳаракатчан. Улар 5-6 ёшидан шунга ўргатилади ва бор фикр-у хаёллари футболга қаратилган бўлади.

Дэвид ўз техникаси устида жуда қаттиқ меҳнат қиларди. У жамоавий футболчи. Лондон-2012 Олимпия ўйинларига боришни жуда истаган, аммо Футбол Ассоциацияси унга имкон бермаганди. Бекҳэм ич-ичидан буни истаганини кейин оммага қилган мурожаатидан ҳам билиш мумкин. Унинг сўзлари жуда самимий эди.

Бир сафар Мэл Мачин сўраб қолганди: “жамоангда жаҳон даражасидаги юлдуз бўлиб улгурган икки футболчи тўп тепади – Бекҳэм ва Гиггз. Улар қандай қилиб ҳалигача у дарвозадан бу дарвозага сўнмас иштиёқ билан югуриб юради. Шундай бўлишларига қандай эришдинг?”. Мен айтдимки: “уларда нафақат улкан иқтидор балки, майдонда уларга халоват бермайдиган тиришқоқлик бор”.

Ҳа. Бу иккиси ўзгача эди!

Аммо, Дэвиднинг истаги билан ҳаммаси ўзгарди. У кейинчалик фақатгина футбол ҳақида ўйламай қўйди. Алам қилади, аҳир у 2013 йил, мен фаолиятимни якунлаятганимда ҳам таркибимизда ўйнаётган бўлиши мумкин эди. У клубнинг буюк афсоналаридан бирига айланиши мумкин эди. Бироқ, “Лос-Анжжелес Гэлакси” ва ундан кейин ҳам унинг футболи эмас номи атрофида айланди фаолияти. Қайсидир лаҳзага келиб Бекҳэмнинг ўзи ҳам хато қилганини тушуниб етган деб ўйлайман.

Шу ўринда унга ўзи муносиб бўлган мақтовларни ҳам айтиб ўтишим лозим. Дэвид ажойиб курашувчанликка эга. У буни 2013 йилнинг январида ПСЖ таркибига ўтиб исботлади. “Манчестер” таркибида экан у жамоадошлари орасида доим жисмонан энг етук футболчи бўлган. 37 ёшигача юқори савияда ўйин кўрсатди. Ўсмирлигида унга ҳамроҳ бўлган тиришқоқлиги кейин ҳам уни тарк этмаганди.

Аслида Америкадаги МLS эътиборга арзимайдиган бир лига эмас. У ерда атлетик футбол кўрсатишади. МLS кубоги финалида Бекҳэмнинг ўйини кузатгандим. У майдонда борини бериб ўйнади ва ҳимояга ёрдам берди. Шунингдек, у “Милан”да ҳаракат қилиб ўзини ташлаб юбормади, ПСЖ таркибида эса ЧЛ чорак финалида бир соатдан ортиқ майдонда бўлди. Бакли энг яхшилар қаторида бўлмагандир. Аммо, ўз вазифасини тўлиқ бажариб, рақиб жарима майдони ичига бир-неча ажойиб узатма амалга оширди.

“Буни қандай уддалаяпти” – деб сўрадим ўзимдан.

Жавоб жуда оддий – тиришқоқлик. Қўшимчасига Дэвид рақиблар учун доим кутилмаган совғалар тайёрлай оларди. Жуда аниқ узатма ёки зарба доим унинг кучли қуроли бўлган. АҚШдаги беш мавсумдан сўнг Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичида ҳаракат қилиш – улкан натижа. У яхши формага қайтолгани учун фақат мақтовга лойиқ.

“Лос-Анджелес Гэлакси”га ўтганидан сўнг мендан бир-неча бор унинг “Манчестер”га қайтиши ҳақида сўрашган. Мен ҳар сафар буни рад этганман. ПСЖ уни таркибига қўшиб олганда, футболдан кўра ном атрофида кўтариладан шов-шувни кўзлаган, деб ўйлайман. Дэвиднинг ўзи бунга умуман аҳамият қаратган эмас, чунки у ўзини ҳали ҳам мукаммал футболчи деб биларди. Бу ҳақда бир сафар Гиггз ва Скоулз билан бирга фикрлашгандик.

Аввалроқ айтганимдек, Бекҳэмда ўзи ёмон ўйин кўрсатиши мумкинлигини инкор қилиш ҳусусияти жуда яхши шаклланганди. Мен унга қанча танбеҳ бермай, у жимгина эшитиб сўнгра – “мураббийнинг томи кетиб қолибди, аҳир мен жуда яхши ўйнадим-ку”, - дея кетиб қолиши мумкин эди.

Ўйлашимча, АҚШга кўчиб ўтар экан унинг ҳаётидаги кейинги поғона бу Голливуд бўлиши керак эди. Унинг режаси ҳам шундай бўлса керак. Унинг курашувчанлигига қойил қолмай иложи йўқ. Бу билан у мени ва “Манчестер Юнайтед”даги ҳаммани ажаблантирарди. Бекҳэм ўз олдига қандай мақсадларни қўйишидан қатъий назар улкан меҳнат эвазига уларга етишиб келмоқда.

Давоми бор...

Аввалги қисмни ўқиш