Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўн бешинчи қисм)
* * *
Шомурод ака тинимсиз жиринглаётган гўшакни кўтарди. Қулоғига олиб бориб эринчоқлик билан:
— Алло, — деди.
— Одаммас экансиз. Мен сизга ишониб... Сизнинг оғирингизни енгиллаштираман деб... Нима қилдингиз?! — деган овоз келди гўшакдан.
— Адашмасам, Маъмур бўлсанг керак, — деди Шомурод ака чўзиб сенсираб.
— Ҳа, Маъмурман, афирис!
— Ўпкангни бос, ука, нега ҳовлиқасан? Ҳақорат қиляпсанми?! Ким сенга ҳуқуқ берди?
Шомурод ака юмшоқ курсига яхшилаб жойлашиб, секин, босиқлик билан гапирарди. Ана шу йўл билан Маъмурнинг кўксига яна пичоқ санчгиси келарди.
— Ҳа, қари тулки, бир ҳафтадан ортмайсан! Наполеонингни орқангга тиқаман! Одамни тушириш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман сен итга!!!
Шомурод ака Маъмурнинг бундай ҳақоратларига ортиқ чидолмади, ўрнидан туриб кетди. Қошлари чимирилиб, юзи қизарди.
— Нималар деб валдираяпсан, сен гўдак?! Менинг кимлигимни эсингдан чиқариб қўйдингми? Эркак бўлсанг ҳозир ёнимга кел. Ундан кейин кўрамиз кимнинг орқасига ким Наполеон...
Шомурод аканинг қолган гаплари оғзида қолди. Маъмур телефонини ўчириб қўйган эди. Тутоқди. Охиригача мириқиб Маъмурни сўколмагани алам қилди. Ўрнидан туриб хонанинг у бошидан бу бошига бориб келаркан, ўзича ғўлдираб бир нималар деди. Сўнг сигарета тутатди. Шу пайт бирдан кулгиси қистаб қолди. Хохолаб маза қилиб, кўзидан ёш чиққунча кулди. “Оҳ, Наполеон, Наполеон, ҳамма жойда барибир ўзинг зўрсан! Сен ҳеч қачон ўлмайсан, ҳамиша тирик бўласан! Қаердаки ким кимни туширмоқчи бўлса, ёрдамга келасан”, дея ўзига-ўзи гапирди. Кейин ўз гапидан ўзи ғурурланиб, сейфни очди-да, бир шиша коньякни олиб, стол устига қўйди. Кичкина рюмкага қултуллатиб қип-қизил суюқлик қуйди. Йўқ, бир ўзи ичолмади. Ёқутдай товланаётган ичимликка бир муддат тикилиб турди-да, котибасини чақирди.
Калта юбка кийган, кўкрагининг ярмигача очиқ, киприклари узун, силлиқ қоп-қора сочлари деярли белигача тушиб, шаршарадек таралиб турган Диляхон (асли исми Донохон) бир-бир босиб хонага кириб келди ҳамда кўзларини сузиб хўжайинига қараркан, ним табассум билан:
— Чақирдингизми? — деди нозланиб.
— Чақирдим, оппоғим, чақирдим! — деди оғзи қулоғида бўлган Шомурод ака.
У жуда камдан-кам бундай аҳволга тушарди. Ҳеч вақт котибасига чеҳрасини очмаган. Диля қанчалик ноз қилмасин, хўмрайиб тураверган. Чунки унинг аллақачон аёлларга бўлган қизиқиши сўниб бўлган, фақат майхўрликдан лаззат топади. Аёллар ҳам эркак сифатида унга жуда ўч эмас. Фақат унинг пули кўпроқ қизиқтирарди уларни. Буни Шомурод ака яхши билади. Шу боисдан аёл зотидан ўзини узоқроқ тутиб юради. Аслида ёшлигидаям ўч эмасди. Доимо тезроқ бойиб кетишни ўйларди.
Хўжайиндан биринчи марта бунақанги гапни эшитган Диляхон суйилиб кетди. Иржайиб-тиржайди. Енгил ҳаракат билан кўкрагини кенгроқ очиб қўйди.
— Зўрсиз, хоним, зўрсиз! — деди Шомурод ака ва шкафдан яна битта қадаҳ олиб келиб стол устига қўйди-да, уни ҳам коньяк билан тўлдириб котибасига узатди.
— Вой, мен ҳеч қачон ичмаганман, — деди Диля баттар овозини ингичкалаштириб.
— Шунинг учун ҳам бераяпман-да. Ичганингизда бермасдим.
Диля узун бармоқлари билан қадаҳни олди.
— Сиз жуда ажойибсиз! — деди Шомурод ака унинг ёнига келиб белидан тортинмасдан қучоқлар экан.
Дилянинг бўйи узун, ўзи хипча бел эди. Шомурод аканинг қўли қулай жойлашди. Қизга ёқди унинг қилиғи, у ҳам бир қўлини Шомурод аканинг бўйнидан ўтказди. Қадаҳлар бўшади. Шундан сўнг хўжайин қизни қўйиб юборди. Қизга алам қиладиган томони, хўжайини яна аввалги ҳолига қайтиб олган эди.
— Бориб қаранг, — деди Шомурод ака, — битта-яримта келган бўлмасин. Бугун ҳеч ким билан гаплашмайман. Тобим йўқ.
Диля хонадан ҳафсаласи пир бўлиб чиқаркан: “Бирйўла ўлиб қўя қолсанг яхшийди”, дея хаёлидан ўтказди.
У бугун иккинчи марта Шомурод акага яқинлашишга уриниб кўрган эди. Биринчиси Маъмурнинг аҳволини видеога олишганида бўлганди. Ўшанда соддалик қилганди Диля. Шомурод ака айтган нусхада Маъмурнинг қилиқларини дискка кўчирди-да, аслини ҳатто компьютердан ҳам ўчириб ташлади.
Иш куни якунланаётганида Шомурод аканинг кайфияти бузилди. Негадир ўз-ўзидан сиқилаверди. Сигарета чекди. Кофе ичди. Кўнглининг чигаллиги барибир тарқамади. Битта жойда ўтиравериб сиқилиб кетганга йўйди аҳволини ва костюмини елкасига ташлаб ташқарига йўналди. Қабулхонада котибаси хаёл уммонига ғарқ бўлиб, тирноғини текислаш билан овора эди. Шомурод ака унга бир кўз ташлади. Аммо сўз қотмади. Индамай чиқиб кетди.
Ҳайдовчисига ҳам жавоб бериб юбориб, машина рулига ўзи ўтирди. Аммо узоқ кетолмади. Ҳали серқатнов шаҳар йўлига етмаганди ҳам, кутилмаганда ён томонидан оқ “Нексия” уни йўл ёқасига чиқариб қўйди. Шомурод ака шоша-пиша тормозни босиб машинани тўхтатди-да, эшикни очиб бироз туриб қолди. Ўрнидан қимирлай деса, боши айланаяпти. Ўтираверса, анави ундан озгина нарироққа бориб тўхтаб, машинасидан тушиб важоҳат билан келаётган ўттиз ёшлар атрофидаги йигитни обдан сўккиси келаяпти.
У, ҳартугул, эшикка суяниб ўрнидан турди.
— Сен ҳовлиқма...
Оғзидан чиққани шу бўлди. Йигит кела солиб, ҳе йўқ-бе йўқ, башарасига қулочкашлаб шунақанги мушт туширдики, бечора Шомурод аканинг кўз олди қоронғилашиб кетиб, йиқилди.
* * *
Агар Юлдуз рулни вақтида тутиб қолмаганида, машина йўлдан чиқиб кетиб тўнтарилиши аниқ эди.
— Тормозни босинг! — бақирди Юлдуз.
Шоҳруҳ шошиб қолди. Бироз кеч бўлса-да, педалнинг устига оёғини қўйди. “Жип” икки юз метрча сирпаниб борганидан кейин тўхтади.
— Сизни нима жин урди?! — деди қиз йиғламоқдан бери бўлиб. — Қасдингиз борми менда? Ундан кўра уриб ўлдириб қўя қолинг!
Шоҳруҳ унга жавоб қайтармади. Пастга тушиб анча вақт тоза ҳавода юрди. Сўнг қайтиб келиб Юлдуздан кечирим сўради.
Шаҳарда бир нечта патрул хизматидагилар уларни кўришди, лекин ҳеч ким тўхтатмади.
— Бу ёғи “вип”га ўхшайди, — деди Шоҳруҳ Юлдузга жилмайиб қўяркан.
— Ҳозирча шундай, кейин қувиб қолишмасин. Шунинг учун машинани бирон жойда қолдириб кетамиз.
Бироз юрилганидан кейин “Жип” йўл четида тўхтади. Сўнг эшик-деразалари очиқ ҳолда янги эгасининг ортидан мўлтираганча қолаверди. Шу билан бирга машина безовта эди. Ахир ҳайдовчи томондаги эшикнинг пастида кичкинагина қизил чироқча ёниб-ўчиб турар, симининг бир учи кабина остидаги кичкина, лекин бутун бошли машинани бўлакларга бўлиб ташлашга кучи етадиган бомбага уланганди. У махсус ўрнатилган бўлиб, бегона одам машина рулига ўтириб уч соат ҳайдаса ҳаракатга келарди. Уни ўчириш учун рул тагидаги қора тугмачани босиб қўйиш керак эди. Аммо Шоҳруҳ уни босмади. Умуман, машинада бомба борлигини, уни ўчиришнинг йўлини ҳам билмасди. У Юлдуз билан бирга такси ушлаш учун кетганида учинчи соатнинг тугашига бор-йўғи ўн беш дақиқа вақт қолганди. Шоҳруҳ билан Юлдуз юкларини йўловчи машинага жойлагач, йўлнинг нариги тарафидаги қаҳвахонага кириб тамадди қилиб ўтиришганида бирдан портлаш юз берди. Машина ердан икки метрлар ба-ландликка кўтарилди-да, яна қайтиб тушди. Баллонлар, эшиклар ва яна бошқа темир-терсаклар ҳар томонга сочилди. Қаҳвахона деразалари зириллаб кетди. Йўл ёқасидаги машиналар бирин-сирин чийиллаб қолишди. Анча пайтдан бери энди тузукроқ овқатланишаётган йигит билан қиз чўчиб тушиб, ўринларидан туриб кетишди. Қаҳвахонадагиларнинг кўпчилиги томошани кўриш учун ташқарига ошиқишди. Бошқалари деразага ёпишишди. Улар орасида Шоҳруҳ билан Юлдуз ҳам бор эди.
Портлаш Юлдузни қалтиратиб юборди. Унинг киприклари пирпиради, ранги оқарди. Шоҳруҳ унга юзланиб: “Худо асради”, демоқчи бўлди-ю, қизнинг аҳволини кўргач елкасидан қучиб:
— Ҳаммаси жойида бўлади, омад биз томонда, — деди.
Улар тўрт соат деганда Бек турган жойга етиб боришди. Иккиси ҳам роса чарчаган эди. Шу боисдан уй бекаси тайёрлаган дастурхон атрофига ўтирмай, ётоққа кириб кетишди.
Ўз юртидан келгандан бери тинчлик бўлмагани боис Юлдуз барчага бир ҳафталик дам эълон қилди. Орадан уч кун ўтиб, ҳамма зерика бошлади. Бекнинг дам олиши чўзилиб кетганди, ўтиролмай қолди. Бунинг яна бошқа сабаби ҳам бор эди. У шериклари шаҳарга кетганда улар турган жойдан унча узоқ бўлмаган қишлоқда яшовчи жувон билан танишган ва икки кеча уникида “меҳмон” бўлиб қайтганди. Уч кунлик танаффус зўриқтириб юборди. Ҳар қалай, ўрганиб қолган экан, навбатдаги кечада у яна ўша томонга кетаётганида Юлдуз сезиб қолди.
— Боринг-чи, — деди у Шоҳруҳга, — дўстимиз нима билан шуғулланаётган экан?
Шоҳруҳ бирпас қизга термилиб тургач, у кўрсатган томонга қаради.
— Шубҳангиз борми? — сўради қиздан.
— Шубҳаланмайман-у, лекин...
— Айланиб, қайтиб келар. Зериккандир, озгина юрса чарчайди. Оқшом ухлаши яхши бўлади, — дея Юлдузнинг гапини бўлиб қисқача жавоб бериб қўя қолди Шоҳруҳ.
— Нега бирдан унинг тарафини олишга тушиб кетдингиз? Ёки ораларингизда мен билмайдиган қандайдир сир борми?
— Сир нима қилсин? Ҳали тузук-қуруқ гаплашмадик-ку?! Ҳар қалай, дам олишдан тўйганини кўзи айтиб турибди. Иккинчи томондан, кетгани ҳам яхши бўлди, икковимизни холи қолдирди.
— Балки сиз ўзингиз: “Айланиб келинг”, деб Бекни жўнатиб юборгандирсиз?
— Агар сиз айтганингиздай бўлса-чи?
— Унда ниҳоятда аҳмоқ одам бўласиз.
— Шундайми?
— Шундай.
Шоҳруҳ бирдан қизни қучоқлаб лабига лабини босди. Юлдуз ҳарчанд типирчиламасин, барибир йигитнинг қучоғидан чиқиб кетолмади. Аслида унинг-да чиққиси йўқ эди.
— Жинни! — деди Юлдуз кулги аралаш. — Кампир кўриб қолади. Шарманда қилманг мени!
— Кўрмайди. Униям жўнатворганман. Посёлкадаги дўконга. Икковимиздан бўлак ҳеч ким йўқ.
— Бас қилинг. Кўп эркаланиб кетдингиз! — деб Юлдуз Шоҳруҳни астойдил ўзидан итарди. Эркинликка чиққанидан кейин эса: — Охиргиси бўлсин. Агар яна бемазагарчилик қилсангиз, бутунлай хафалашамиз! — деди.
— Барибир мен сизга уйланаман. Йўқ десангиз, опқочаман, чин сўзим. Лекин ваъда бераман, бундан бу ёғига қўлимни ҳам теккизмайман!
Шоҳруҳнинг сўзлари қатъий эди. Ҳақиқатан ҳам нияти шундай эди. Аммо у ҳали келажакда қандай воқеалар содир бўлишини билмас, не-не азобларни бошидан ўтказиши хаёлига ҳам келмаганди. Юлдуз унинг гапларига ишонди. Аслида Шоҳруҳ шундай демаганида ҳам ишонган бўларди. Агар олдидаги муаммолар бўлмаганида, ҳозир ҳам ўзи ёқтирган йигитининг оғушидан чиқишга уринмасди. Балки иккаласи муҳаббат ҳақида узундан-узоқ суҳбат қуришарди.
Шоҳруҳ гапида турди. Кейинги кунларда ишқий мавзуда қизга ҳеч нима демади. Бундан ташқари, иккаласи холи қоладиган бўлса, бирон нимани баҳона қилиб, унинг ёнидан кетиб қоладиган одат чиқарди. Аввалига қиз эътибор бермади. Кейинчалик сезди. Сезди-ю, маъюсланиб қолди. Аммо Бекнинг “саёҳат”га чиқишлари тўхтаб қолди. Тўғрироғи, Шоҳруҳ тўхтатди.
— Қаерга бориб келаётганингни сезиб юрибман. Юлдуз ҳам ҳид олган. Шунинг учун ҳозирча карам шўрвангни йиғиштириб қўй, вақти келса тўйиб оларсан, — деди у Бекка.
Бек унга ўқрайиб қаради. Кейин ўшшайди.
— Ҳар қалай, эркакмиз. Мана шундай чеккага чиққанимизда, — деб энди гап бошлаган эди, Шоҳруҳ дарров унинг оғзини ёпди.
— Унда ўша ёққа кетгин-да, қайтиб келма.
— Сен ким бўлдинг менга хўжайинлик қиладиган? Бизга қўшилганингга тўрт кун бўлдими-йўқми...
— Гапимни эшитган бўлсанг, тамом. Агар яна майнавозчилик қиладиган бўлсанг, ўзингдан кўр.
— Нима келади қўлингдан? Юлдузнинг ёнида юрибман, ҳамма нарса мумкин менга, деб ўйлаётган бўлсанг, чучварани хом санабсан, сендақа бўйни йўғонларнинг кўпини кўрганман...
Шоҳруҳ унинг қолган гапларини айттирмади. Ўйлаб ҳам ўтирмай, жағига мушт туширди. Бек бундай бўлишини кутмаганидан орқасига гурсиллаб йиқилди.
Агар уларнинг жанжали устига Юлдуз келиб қолмаганида, муштлашув авжига чиқиб кетиши мумкин эди.
— Нима қилаяпсизлар?! — дея бақирди қиз.
Йигитларнинг ҳар иккиси ҳам жавоб бермади. Юлдуз қайта-қайта сўраса-да, бирови ғинг демади.
— Агар яна бир марта бир-бирларинг билан жиққамушт бўладиган бўлсанглар, қайтиб бу ерда қораларингни кўрмай, — деб аччиқ устида улардан узоқлашди.
Йигитларнинг бир-бирларига ғарази йўқ эди. Бекка калтак егани алам қилаётган бўлса, Шоҳруҳга Бекнинг менсимагани оғир ботганди. Улар аввалига ёвқараш қилишди. Бироз ўтиб, Шоҳруҳ чордана қуриб ўтириб олган Бекка қўлини узатди.
Шу билан жанжалнинг умри тугади. Айни чоғда Бек қишлоққа қатнашни бас қилиш билан бирга, Шоҳруҳга итоат ҳам қила бошлади. Албатта, Юлдузга эргашиб. Чунки у Шоҳруҳдан кўп маслаҳат сўрар ва унинг айтгани бўйича иш қилар, дастурхон атрофида ўтирганларида эса ёқтирган йигитига хизмат қиларди. Бу билан Шоҳруҳни ўзидан баланд қўяётганини атайин Бекка кўрсатардики, хатти-ҳаракатида: “Мен-ку Шоҳруҳга шундай илтифот кўрсатаяпман, сен ким бўпсан? Сен ҳам бунинг ҳар айтган сўзини ўзингга қонун деб биласан”, деган мазмун бор эди. Ва бу ҳаракат мазмунига Бек ҳам беихтиёр эргашадиган бўлди.
Дам олишга ажратилган ҳафта ҳам ниҳоят ўтди. Учовлон ижарачи кампирнинг кичик хонасига йиғилишди.
— Ишни нимадан бошлаймиз? — сўради Юлдуз Шоҳруҳга юзланиб.
— Бизнесдан. Бозорга бориб майда-чуйда сотамиз. Фақат сиз ҳеч қаёққа чиқмайсиз.
Шоҳруҳдан бунақанги жавобни кутмаган Юлдуз унга тикилганча қотиб қолди.
— Хафа бўлманг, — гапида давом этди йигит, — менимча, энг тўғри йўл шу. Агар яна шошма-шошарлик қилаверсак, ўлиб кетамиз. Орзуларингизнинг ушалиши эса қиёматга қолади.
— Мен, — деди бироз ранги оқарган қиз, — уйда ўтиролмайман... Сиз, сиз ғалати гапларни айтаяпсиз. Агар биз бозордан уларни зўрлик билан чиқариб юбормасак, савдо қилишимизга йўл қўйишмайди.
Шоҳруҳ унга жилмайиб қаради.
— Бир куни, — деди нигоҳини қиздан олмай, — турмушга чиқасиз. Ўшанда уйда ўтиришга мажбур бўласизми? Бўласиз. Демак, ҳозирдан тайёргарлик кўришингиз зарур... Кейинги масала, героинни йўқ қилмасак, бошимизга кўп ташвиш келтиради.
Бек ялт этиб Шоҳруҳга қаради. Юлдузнинг хонасида турган иккита қопдан унинг хабари бор эди. Шоҳруҳ кўтариб келганида нималигини сўраганида: “Бомба. Очсам портлаб кетади”, деган жавоб олувди. Ўшанда: “Буларнинг ҳаммаси пул бўлса керак”, деб ўйлаганди. Қисман ҳақ ҳам эди. Бироқ шерикларининг героин олиб келиши мумкинлиги хаёлига ҳам келмаганди.
Унинг юзидаги ажабланиш аста-секин ғазабга айланди.
— Бегонаманми? — деди у. — Нега менинг билишга ҳақим йўқ.
— Чекармидинг? — деб ўқрайиб қаради Шоҳруҳ.
— Шартмиди чекишим? Билиб қўйсам, озгина...
— Шуни деб ҳам жанжал чиқарманглар. Ҳозир жанжаллашадиган аҳволдамасмиз. Ундан кўра нима қилиш ҳақида ўйлашимиз керак. Менимча, ҳозир шу ерда тура турсин. Балки бир жойга керак бўлиб қолар. Ўзиям беш-олти кило чиқиб қолади, — деди Юлдуз.
— Демак, учаламизниям камида ўн беш йилдан қамалиб кетишимизга бемалол етиб ортади, — дея бир нуқтага термилиб қолди Шоҳруҳ.
— Сен айтганинг — ёмон томони. Яхши томони, бу матоҳ Афғонистонда килоси беш юз “кўк”ида турса, Европада бир ярим миллион туради. Демак, учаламиз ҳам миллионерлармиз, — деб кафтларини бир-бирига ишқалади Бек.
— Шунинг орқасидан миллионер бўлгандан кўра, гадой бўлиб садақа сўраб юрганим минг марта афзал. Қисқаси, йўқ қиламиз, тамом-вассалом, — деб Шоҳруҳ ўрнидан турмоқчи бўлганида Юлдуз уни қўлидан ушлаб тўхтатди.
— Ундан сира хавотир олманг. Менинг бир ўзимни ташлаб кетаяпсизлар-ку. Ўйлаб кўраман. Сизнинг гапингизни тўғри деб қабул қилсам, аввал озгинасини татиб кўриб, қолганини ёқиб юбораман, — дея жилмайди қиз.
Шоҳруҳнинг бирдан қўллари мушт бўлиб тугилди.
— Татиб кўрасан, — деди у еб қўйгудек қизга қараркан.
— Ҳазиллашдим. Хавотир олманглар, шуни айтиб қўймоқчиман, холос.
Эртасига келишилганидай Шоҳруҳ билан Бек шаҳарга боришди. Тўғри бозорга тушишди. Ҳаммаёқ одам. Олди-сотди авжида. Сотувчиларнинг кўпчилиги қорамағиз. Ораларида ўзбеклариям бор. Шоҳруҳ улардан бирининг ёнига бориб ўз тилида салом берди. Йигит унинг юзига бир қараб қўйди, холос. Сўнг рўпарасидаги семиз аёл билан савдолашишда давом этди. “Халақит бермайин. Мижозига молини сотсин, кейин гаплашаман”, дея хаёлидан ўтказган Шоҳруҳ бироз нарида туриб сотувчининг гап-сўзлари-ю хатти-ҳаракатларига эътибор бериб турди. Семиз аёл кетди, унинг ўрнига бошқаси келди. Яна бояги аҳвол такрорланди. Йигит зерикди. Бошқа расталарга эътибор қилди. Сотувчиларнинг олдида фақат сара мевалар териб қўйилган эди. Жуда узоқлардан келтирилган ҳурмолар шунақанги сақланган эдики, кўрган одам минглаб километр наридан келтирилганига ишонгиси келмасди. Бошқа мевалар ҳам худди шу тахлитда сақланган. Гўё шу шаҳар яқинида етиштирилган-у, узоғи билан куни кеча узиб келтирилган. Уларни кўриб беихтиёр оғзингнинг суви оқади. Фақат ҳар бири алоҳида кўк брезент билан ажратилган расталарнинг орқасида турган айрим сотувчиларнинг ранги совуқлиги одамнинг кўнглини хира қиларди. Айни улар турган жойга камдан-кам харидор борар, борганлари ҳам шунчаки нарх сўраб ўтиб кетишарди. Шоҳруҳнинг уларга хаёли кетиб, гаплашмоқчи бўлгани ёдидан кўтарилди.
— Эй-й, — деди бир маҳал Бек уни туртаркан, — қара.
Шоҳруҳ бирдан Бек имлаган тарафга кўз ташлади. Улардан бор-йўғи тўрт қадамча нарида, боягина Шоҳруҳ салом берган йигитнинг қаршисида иккита барзанги турарди.
— Бизнинг ҳақимизни дарров чиқар, кечаги қарзингни икки баробар тўлайсан. Демак, уч кунлик “доля” бўйнингда осилиб ётибди, — деди улардан бири.
— Бугун ҳали савдо энди бошланди. Ҳеч қанча савдо қилмадим. Жой ҳақиниям берганим йўқ ҳали. Мумкин бўлса, кечқурун...
Савдогарнинг қолган гаплари ичида қолиб кетди. Барзангиларнинг иккинчиси растада чиройли қилиб териб қўйилган Эрон олмасидан бирини олиб, савдогарнинг башарасига отди.
Савдогар гарчи жони чиқиб кетгудай бўлган эса-да, ғинг демади. Фақат олма теккан лабини кафти билан бекитди. Унинг башараси аянчли тус олган эди.
— Кечқурун қарзинг икки ҳисса ошади. Тўламасанг, нима бўлишини яхши биласан, — деб биринчи барзанги бошқа бир олмани қўлига олиб уни бир-икки марта ҳавога отиб илиб олгач, “ғарч” этказиб тишлади ва хунук ўшшайганча бошқаларнинг ёнига кетди.
Сотувчининг юзига қараб бўлмасди. Унинг лабидан оқа бошлаган қон туфайли эмас, балки шунақанги ачинарли тус олгани учун одамнинг ичи эзиларди.
— Ким у? — сўради Шоҳруҳ унинг қаршисига бориб.
— Итдан тарқаганлар! — деди сотувчи алам билан. — Одаммас улар.
— Нега унга “доля” бераркансиз?
Шоҳруҳнинг навбатдаги саволи сотувчининг назарида ўта мантиқсиз эди. Чунки бу ердагиларнинг ҳаммаси “доля” нима эканлигини яхши биларди. Сотувчининг энсаси қотди.
— Қанча олади? — сўради Шоҳруҳ унинг ҳолатига эътибор бермай.
— Кечагача икки минг эди. Бирдан беш мингга чиқаришди. Ҳамма ҳайрон. Яна фақат бизга. Ана, азарлар бир тийин беришмайди. Шунинг учун арзон-гаров савдо қилишаяпти. Клиентлар ҳам фақат уларда. Бари иномарка миниб юришибди. Бизда бўлса “Москвич” ҳам йўқ.
— “Кўк”ида тўлайсизларми?
— Қанақа “кўк”и? Рублда.
— Нечтасизлар?
— Ўзимиздан келган сотувчиларми? Йигирма бештача чиқиб қолса керак.
— Йигирма олтинчиси мен бўламан. Жой гаплашиб беролмайсизми?
— Эй, ошна, яхшиси, бошқа иш қилганингиз дуруст. Нима қиласиз оғримаган бошингизни оғритиб? Мол олишнинг ўзи бўлмайди. Ҳамма олиб бўлганидан кейин бизга навбат тегади. Қолган-қутгани. Ана уни кейин сотиб кўр-чи? Бунинг устига, жой ҳақиям бор. Анави зўравонларнинг “доля”си жонга тегиб кетди. Агар қарзимни тўлаб бўлганимда, бир минут ҳам турмасдим бу ерда.
— Қанча қарзингиз бор? — сўради ундан Шоҳруҳ.
— Етти минг “кўк”ида.
Шоҳруҳ чўнтагидан бир даста бели букилмаган юз купюралик доллар олди-да, сотувчининг қўлига тутқазди.
— Шу пул, менимча, етади. Сиз бемалол бораверинг. Ўрнингизга беш-олти кун ўзим ишлаб тураман. “Доля”лариниям тўлайман.
Сотувчи йигит анқайиб қолди. У нима деярини билмасди. Бу йигитлар қаердан келишди? Нега пул беришаяпти? Мақсадлари нима? Тушунмасди у. Бир неча сониядан кейин эса қўлидаги пулга қаради. Сўнг дарров оқ халатни ечиб унга узатди.
— Майли, уриниб кўринг, балки сизнинг ишингиз юришиб қолар, — деб кийимини Шоҳруҳнинг қўлига тутқазиб, ўзи қаёққадир шошиб кетди.
Унинг ортидан қараб қолган Шоҳруҳ жилмайди.
— Бошқаларга ўхшаб чумомиз чиқаркан-да, — деди шеригининг қилиғидан жаҳли чиққан Бек, — бу ёғи энди қанақа майнавозчилик?
— Қўявер, дўстим. Зора шу ишдан бирон натижа чиқса. Сен бориб бозорни айланиб юравер. Озгина савдогарлик қилай. Қўлим енгил, келгунингча мана шу ерда, — Шоҳруҳ растани кўрсатди, — ҳеч нарса қолмайди.
Бутунлай кайфияти тушиб кетган, зўрға ўзини ушлаб турган Бек аламидан тишини-тишига босиб ундан узоқлашди.
Шоҳруҳ акасининг дўконларига қараб юргани билан, ҳали ўзи бирор марта бўлсин, савдо қилмаган эди. Тўғрироғи, сотувчиларга мол олиб келиб берган, соттирган, лекин ўзи бирон нимани доналаб раста ортида туриб пуллаган эмасди. Акалари кўп марта унинг қўли енгиллигини айтишганди. Аммо қўл енгиллиги ҳақида ўзи тасаввурга эга эмасди.
Ярим соат нари-берисида уч-тўрт кило мева сотди. Шунинг билан бирга ён-атрофдагилар, у билан савдолашаётган харидорларнинг туриш-турмушига, гап-сўзларига диққат қилди. Бир нималарни англагандай бўлди. Лекин айнан ўша нарсани сира тополмади.
Кечки пайт “солиқчилар” келишди. Шоҳруҳ уларга сотувчининг укаси эканлигини айтди.
— Байрамнинг укасимисан? — жудаям аниқлик киритди улардан бири.
— Ҳа, бугун келдим. Акам касал бўп қолди, пулларни бериб қўясан, деб менга ташлаб кетди, — дея у чўнтагидан улар сўраган пулни чиқариб берди.
— Сен, — деди пул йиғувчиларнинг тўладан келгани (дарвоқе, унинг қўлида пиво бор эди, кунига ўн шишадан кам пиво ичмасди), — тузук болага ўхшайсан. Гапларинг ҳам дангал. Шундай бўлсаям бир нарсани айтиб қўяйин, агар бизнинг ҳақимизни беришда бир соат кечиксанг ҳам, устама ҳақ тўлайсан.
— Бизнинг гапимиз битта бўлади, акалар, мана кўрасизлар, вақти келиб жуда яқин бўп кетамиз. Ҳатто мен сизларга ёрдам ҳам бериб юбораман.
— Сени қара-я, ўзи бугун келибсан-у, гапларинг осмонда. Тағин юраман деб, чўлоқ бўп қолмагин, мишиқи.
“Солиқчилар”нинг ҳар иккови ҳам хохолашиб кулишиб, сўнг кетишди.
Шоҳруҳ атрофидагилардан сўраб-суриштириб молни қаердан, неча пулдан олишларини билиб олди. Эртасига ўрнига Бекни қўйиб, нақ бир фургон мева келтирди. Кейин шеригига жавоб бериб, “кеп қолинг, оп қолинг” билан шуғулланди. Худо “ол, қулим!” деса, асфальт йўлдан тош териб келсанг ҳам, дарров сотилиб кетаркан. У гарчи азарларга нисбатан молнинг нархини бирмунча қиммат қилиб қўйган эса-да, харидорлар айнан унинг мева-чевасидан сотиб олишни маъқул кўришди. “Манавини, — дерди у бир дона мевани қўлига олиб мижознинг қулоғига шивирларкан, — битта тишлаб кўринг, кейин бошқаларникининг таъмини билинг. Агар фарқи бўлмаса, текин бериб юбораман... Асл молнинг нархиям қиммат бўлади-да”. Бу, албатта, унинг энг оддий шумлиги эди. Иккиланиб турган мижозларга нисбатан ишлатиларди.
Орадан бир ҳафта ўтди. Энди уни бозордаги савдогарларнинг кўпчилиги билишарди. Ҳатто азарлар ҳам. Шоҳруҳ улар билан дўстлашиш йўлини ҳам топди. Яъни бориб молини сотишга ёрдамлашди. Эвазига ҳеч нарса олмади.
— Дўстим, биз савдогарлармиз, бугун сенинг молинг ўтмай қолган бўлса, эртага меники туриб қолади. Сен ҳам ўша пайтда биз тарафга бир қараб қўйсанг бўлди, олам гулистон.
Албатта, унинг хатти-ҳаракатлари бир-иккита тупроқдошларига ёқмасди. Лекин Шоҳруҳ ҳеч нимага эътибор бермади. Мумкин қадар кўпроқ одамни таниш, уларга яқинлашишга уринди. Шунинг билан бирга юртидан келганларнинг аҳволи билан қизиқди. Савдогарлари ёмон эмасди. Юпун кийинган, чориғи илвираб кетган, баҳайбат аравани инқиллаб судраб кетаётганларни кўрганда ичидан бир нима чирт этиб узилди. Уларнинг кўзларидаги ўт сўниб қолгандай эди. Ҳамма нарсага бефарқ боқишарди. Мақсадлари — аравага молини ортган бойвачча кўпроқ пул берса, тузукроқ овқатланса... Шу эди, холос. Тўрт-беш сўм орттириш йўлида не-не умидлар билан кўз тикиб турганлар томонга мижозларни жўнатиш хаёлларига ҳам келмасди. Уларни кўрган Шоҳруҳ йиғлаб юборай деди.
Савдогарликнинг тўртинчи ҳафтасига келиб ундан маслаҳат сўрайдиганлар пайдо бўлди. Айни чоғда Шоҳруҳ ишонса бўладиган, бақувват, бирон нима буюрсанг, уддалай оладиган йигитлардан топди. Табиийки, улар ишбилармон ҳам эдилар. Аммо ташқи таъсир ишлашларига йўл қўймасди. “Ака, — деди ёши ўттизларга бориб қолган йигит, — ҳаммаси жонга тегиб кетди. Шу ерда топганимни уйимдан чиқмай ҳам топардим... Нега энди биз хор бўлишимиз керак? Ундан кейин сиз қилаётган ишларгаям сира тушунмаяпман. Шунчалик пулингиз кўп экан, қаердаги ўғри-муттаҳамларга инъом қилгандан кўра, арава тортиб юрганларнинг ҳолидан хабар олинг”. Шоҳруҳ, аввало, унинг “ака” деб мурожаат қилганидан хижолат бўлди. Кейин мулойимлик билан, бироқ кескин айтилган гап унинг юрагига бориб қадалди.
— Исмингиз нима? — сўради қаршисидаги одамдан.
— Бахтиёр, — жавоб қилди савдогар.
— Меники Шоҳруҳ. Танишганимдан хурсандман. Кейинчалик балки бир-биримизни тушуниб олармиз?
Шу билан суҳбат узилди. Аммо Шоҳруҳнинг шу гапининг ўзи Бахтиёрни ҳайратлантирди. “Бир нарсани аниқ биладики, шундай ишлар қилиб юрибди”, деган фикрга келди у.
Навбатдаги ойнинг охири эди. Иш бунчалик чўзилганидан Юлдуз жудаям сиқилганди. “Бўлди, бунақанги майнавозчиликларни йиғиштиринг”, демоқчи бўлиб турганида, Шоҳруҳ саккизтача йигитни бошлаб келди. Бари қорамағиз, барининг кўзидан ўт чақнайди.
Шоҳруҳ уларни ташқарида қолдириб Юлдуз билан ичкарига кирди. Қиз йигитнинг кўзига тикилди.
— Тушундим, — деди Шоҳруҳ жилмайиб, — кўришмаганимизга бир ҳафтадан ошди. Соғиндим.
У шу гапларни айтиш баробарида қизнинг лабидан бўса олди. Юлдуз монелик кўрсатмади. Билъакс, ўзи ҳам жуда соғинган, ҳақиқий хотини бўлганида бўйнидан қучоқлаб олган бўларди.
— Энди айтинг, — деди юзига қизиллик югуриб.
— Ишни бошлаш вақти келди. Мен қирқтача одам йиғдим, ҳаммаси жанговар қиёфада. Нима деса қайтмайдиганлардан, — дея гап бошлади Шоҳруҳ.
— Анави хўрозбош...
— Хавотир олманг, — дея бирдан унинг гапини бўлди Шоҳруҳ, — бирортасиям қулоғини қимирлатмайди. Қолаверса, тўқсон фоизи ўзимизникилар. Сиз билан таништириш учун саккизтасини олиб келдим. Биринчи рақамли хонимни кўриб қўйишлари учун.
— Йўқ, унақа қилманг. Менинг бош бўлишим кўп кўнгилсизликлар келтиради. Яхшиси, сизнинг ёнингизда бўлиб тураман. Ўзингиз айтгансиз-ку, бир тану бир жонмиз деб.
Беихтиёр айтиб юборилган сўнгги гап Шоҳруҳни руҳлантириб юборди. Қизни қучди. Қайта-қайта ўпди. Сўнг ташқарига чиқиб, ўзи билан бирга келган йигитларни уйга таклиф қилди.
Шу куни базм бўлди. Ҳамма еди-ичди, хурсандчилик қилди. Эртасига Шоҳруҳ шаҳарга қайтиб борди. Доимий рўйхатда турадиган йигитлар номига учта машина сотиб олди. Шундан иккитаси қоп-қора “Тойотта” “жип”и эди.
— Бахтиёр ака, — деди у машинага ўтирганидан кейин ортига ўгирилиб, — энди ишни бошласак ҳам бўлаверади.
Ҳа, ўша Шоҳруҳнинг қилаётган ишларидан ҳам ҳайратланган, ҳам жаҳли чиққан, беш йилдан бери шу ерда савдо-сотиқ билан шуғулланиб юрган узоқни ўйлайдиган, мулоҳазали, кенг елкали, бўйлари узун бу йигит Шоҳруҳнинг яқинларидан бирига айланган эди. “Нима бўлган тақдирда ҳам бошқалардан ўзимизни ҳимоя қилиб, одамга ўхшаб яшайлик”, деганди у Шоҳруҳнинг мақсадини билганидан кейин.
— Нимадан бошлаймиз? — сўради Бахтиёр.
— Мўлжаллаб қўйибман. Учинчи микрорайонда улар ҳар пайшанбада тўпланишади. Бориб ҳаммасини элакдан ўтказамиз, — деди унга қараб жилмайиб қўйган Шоҳруҳ.
— Лекин биз ҳали тайёр эмасмиз. Бунақанги нарсаларни бировимиз ҳам қилмаганмиз. Қандай бўларкан?
Шоҳруҳ жавоб қилмади. Қандай бўлишини унинг ўзи ҳам билмасди. Муҳими, душманлари ҳеч нарсадан хавфсирамайди. Бемалол ичкиликбозлик, маишат қилишади. Улар бошқа нимани ҳам ўйлашарди? Ишлари авжида, мўмайгина пул ўз оёғи билан келиб турибди. Ҳатто юртида ҳам бунақанги роҳат-фароғатни кўрмаган. Ана шундай пайтда Шоҳруҳ кириб боради. Ҳаммаси карахтланиб қолади. Ўзларини ўнглагунларича Шоҳруҳ уларнинг бир-иккитасининг оғзи-бурнини қонга белайди.
— Балки қолган болаларниям чақирармиз? — сўради аввалги саволига жавоб ололмаган Бахтиёр.
— Ҳожати йўқ. Ҳозир олти кишимизми, шунинг ўзи етади. Тўғрими, Бек? — деб Шоҳруҳ кўзгу орқали орқа ўриндиқда ўтирган йигитга қараб қўйди.
Бек бош ирғаш билангина жавоб қилди.
Мўлжалланган манзилга учта яп-янги машина ярим соатлардан кейин етиб келиб олдинма-кейин тўхтади. Шаҳарнинг энг чеккасидаги кварталнинг сўнгги тўрт қаватли биноси. Ундан кейин уй тугул кўча ҳам йўқ. Фақат ҳаммаёқ дов-дарахтлар.
— Анави хонадонга кирамиз, — деди Шоҳруҳ қўли билан айвонининг олди темир панжара билан ўралган томонни кўрсатиб, — аввал мен бир ўзим бораман. Гугурт ёқаман ёки бошқа шунга ўхшаш белги бераман. Шундан кейин дарров югурасизлар. Фақат бу уйларнинг бошқа қаватларида ҳам одамлар яшашини эсларингдан чиқариб қўйманглар. Ҳар қандай шовқинни эшитиб қолишса, дарров “мент”ларга хабар беришади. Ундан сўнг нима бўлишини ўзларинг яхши биласизлар.
— Шоҳруҳ, бир ўзинг боришинг хавфли. Уларнинг қуроллариям борлигини эсингдан чиқарма. Бўлмагандаям, кўпчиликка туриб беришнинг ўзи бўлмайди, — деди унга хавотирли нигоҳ ташлаган Бек.
— Бир гап бўлар, — деб Шоҳруҳ машинадан тушди ва кўп қаватли уй томон илдам юриб кетди.
(Давоми бор)
Мафия сардори (Саккизинчи қисм)
Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)
Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)