Найти тему
euroasia.me

Тоғ кўчкиси (Олтинчи қисм)

Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Олтинчи қисм)

Пўлат Толибнинг дам олаётганидан фойдаланиб, Рашидга қўнғироқ қилган ва «Идорага тез етиб кел», деган эди. Идора деганлари шу дала ҳовлидан шимолда, шу ердан кўриниб турган тоғ бағрида эди. Дарё ирмоқчасининг бўйидаги бошқа бир дала ҳовли. Ўзиям икки гектарча келади. Ҳаммаёғи дарахт билан қопланган. Улар махсус экилмаган. Табиий ҳолда кўкариб чиққан. Айримларигагина қуриб қолмаслиги учун гоҳ-гоҳида сув қуйиб турилади. Толиб у ерга бориб дам олмайди. «Иш» қилади. Бугун ҳам бориши ва иккита одамнинг тақдирини ҳал этиши зарур эди. Аммо эринди.

Буйруқ берилганидан ярим соатча ўтиб, сихга тизилган кийик гўшти келтирилди. Толиб ёнига Пўлат билан Мамарасулни чақирди. «Бир ўзимнинг томоғимдан ҳеч нима ўтмайди, шерик бўлинглар. Аммо кўп еб қўйманглар. Мен кўп еганни ёмон кўраман. Чунки менга етмай қолиши мумкин-да», деди. Бу ҳазил аралаш чин гап эди. У чиндан ҳам оғзини тўлдириб кавшайдиганларни ёмон кўради. Аммо ўзи худди шундай қилиб ейди.

— Бунақанги ширин гўшт бўлганмас, хўжайин. Кийикниям жа баррасидан отишган экан, — деди Пўлат бир парча гўштни оғзига солиб чайнаркан хушомадгўйлик билан.

Толиб унга қараб қўйди-да:

— Кўп сайрамасдан анавиндан қуй, — деди.

У ҳали тўймаганди. Дарвоза ёнидаги йигитлардан бири югуриб келиб, қулоғига шивирлади. Толиб энди оғзига гўшт солганди. Қўлида эса санчқи бор эди. Кўзи олайди. Хабарчи йигитга бошини буриб қаради-да:

— Нима дединг, ит?! — деди.

— Хўжайин, шундай бўлиб қолибди, — деди бирдан юзидан қони қочган йигит. Чунки Толиб ғазаб отига минганида ундан ҳар нарса кутиш мумкин. Айби борми, йўқми, йигитларининг баҳридан ўтиб қўя қолади. Бундай воқеалар илгари кўп бўлган. Ҳе йўқ, бе йўқ, қанчадан-қанча азаматлар омонатини индамайгина топшириб қўя қолишган.

Толиб санчқини стол устига урди. Пўлат ўрнидан сапчиб туриб кетди.

— Сен, маймуннинг боласи, — деди унга юзланган Толиб, — кимларни менинг хизматимга олиб келгансан?!

— Шеф, мен...

— Иккита болангниям пачағини чиқариб кетибди-ку!

— Йўғ-э, қўли стулга боғланган эди. Қандай қилиб?!

— Мендан сўраяпсанми? Бор касалхонага! Ейишдан бошқага ярамайсанлар! Сен ҳаромхўрлар учун мен ишлашим керак!

Пўлат оёғини қўлига олиб «учди».

Толиб томоғини куйдириб-куйдириб ичди.

— Лекин, — деди «музлаб» ўтирган Мамарасулга, — боплабди. Энди у бола менга керак! Яна бир марта гаплашаман, гапимга кўнса кўнди, йўқса пешонасидан дарча очаман!

* * *

Гуллола гапиришдан аввал ён-атрофига қараб олгач:

— Тўғрисини айтсам, биринчи воқеа ҳам, иккинчиси ҳам кутилмаганда бўлди. Мен Носир акадан ҳеч қандай ёрдам сўрамагандим... Лекин у ёрдам берди. Шундай бўлиб қолганидан ўзим ҳам хафаман. Энди Носир ака бор жойда кўринмасликка ҳаракат қилсам керак. Чунки кўриндим дегунча бирорта фалокат бўляпти. Кейин иккинчи марта укангиздан калтак еганлар бугун ҳам келишди. Мен уларни танийман. Лекин уларнинг кучи Носир акага етмаса керак, янаям билмадим, — деди шошиб.

— Менга қаранг, синглим, улар қаерда туришади? — деди умидсизлана бошлаган Ғайрат ака.

— Районда. Бойларнинг болалари.

— Нега Носир билан жанжаллашишди?

Гуллола бошини эгди. Бироз қизарди.

— Сизни талашишдими? Ғайрат ака беихтиёр шундай деб юборди.

— Йўқ, — деди қиз бирдан бошини кўтариб, — мен тасодифан Носир ака билан учрашиб қолдим. Кейин осмондан тушишдими, ердан чиқишдими, анави такасалтанглар пайдо бўлишди. Бобур дегани Носир аканинг ёқасидан олиб, мени ҳақорат қилди. Носир ака чидаб туролмади...

— Бўлмади. Барибир, Носирнинг қаердалиги маълуммас. Агар имконингиз бўлса, ўша болалар билан кўришсангиз, бир гаплашсангиз. Балки, билишар Носирнинг қаердалигини, — дея қизнинг юзига термилди Ғайрат ака.

Гуллола елкасини қисди. Сўнгра хўрсиниб нафас олди.

— Майли, сизниям қийнаб қўйдим, синглим. Бирон жойда юргандир, келиб қолар, — деди Ғайрат ва тез-тез юриб қизнинг ёнидан узоқлашди.

«Эй, Худо, нималар бўляпти ўзи? Нега бирдан атрофимда бунақанги гаплар урчиб қолди. Балки, уйимдагилар.... Дадам бирон жойда нимадир деб қўйдими ёки? Бобур ўзидан-ўзи келиб хотиним демайди-ку ахир»

У бир муддат турган жойида хаёл сурди, сўнгра ётоқхона томонга югурди. Зиналардан ҳам югуриб чиқди. Шошганидан хонасини очолмай асабийлашди. Чунки қўли қалтираб, нақ уч марта калитни тушириб юборди. Хонага кирса, Дилноза йўқ. Жойи йиғиштирилмаган. Нарсалар сочилиб ётибди.

— Ҳар доим шунақа, эрга тегсанг, қайнонанг бир кунда ҳайдаб юборади! — деди асабийлашиб ва шоша-пиша нарсаларини сумкачасига солди-да, хонадан чиқиб кетди.

Такси тўхтатди.

— Амаки, мени районимгача олиб бориб қўйсангиз, йигирма беш сўм бераман! — деди.

Ҳайдовчи қизга яхшилаб разм солди-да:

— Районингиз узоқми? — деди.

— Йўқ, узоғи билан ўттиз километрча келади. Шошиб турибман, шунинг учун...

— Қайтишга одам бўлмайди-да.

— Йигирма беш сўм деяпман шунинг учун. Илтимос, рози бўлинг.

— Озроқ қўшинг.

— Ўттиз сўм.

— Ўтиринг.

Қиз кета-кетгунча ташқаридан кўзини узмади. Борган сари ҳаяжони ошаверганидан чуқур-чуқур нафас олиб қўяверди.

— Тинчликми? — деди ҳайдовчи ойна орқали унга кўз ташлаб.

— Эрга беришмоқчи экан. Бегонага, тутуриқсиз, мен ўта ёмон кўрадиган одамга!

Ҳайдовчи кулиб юборди.

— Шунга шунчаликми? Балки, оиласи яхшидир. Мен ёшлигида шўх бўлиб, уйланганидан кейин босилиб қолган болаларнинг кўпини кўрганман. Ёки севганингиз борми?

— Ҳа, бор! — деди Гуллола.

Сўнгра «Нима қилиб бу одамга дардимни достон қиляпман. Бўлди бас», дея хаёлидан ўтказиб, яна ойнага юзланди. Худди шу маҳал у ўтирган машина «Москвич»ни қувиб ўтди. Ундагилар қизнинг кўзига таниш кўринишди. У ҳатто ортига бурилиб яна бир марта машинага қараб ҳам олди.

Орқа ўриндиқда битта шишани эрмак қилиб, ичиб келаётган Содиқнинг кўзи Гуллолага тушиб, уни таниб қолган эди.

— Бобур! Бобур! — деди у ҳовлиқиб. — Анави таксида қизинг кетяпти!

— Гуллолами?

— Ҳа, шу!

— Нима қилади таксида?! Бос! Бос! — дея бақирди Бобур.

«Москвич» тезликни оширди. Аммо олдиндаги «Волга» эди. Етишга қийналди.

— Ўзимникини минсам бўларкан! Бунча имиллайди бу араванг, Баҳром! Газни охиригача бос!

Баҳром машинасини камситгани учун Бобурга ўқрайиб қараб қўйди. Шунинг билан бирга «Сенга бир кўрсатиб қўяйин», деган хаёлда газни охиригача босди. Таксига етай деганида чироғини ёқиб-ўчирди. «Газ 24» унга йўл бўшатди.

— Олдига ўт-да, таксини тўхтат. Гуллола хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам меники бўлади. Институтда одам кўп эди. Бирон нима қилиб бўлмасди. Бу ерда энди ҳамма нарсани қиламан. Содиқ, тайёрланиб тур. Мен Гуллолани машинадан туширишим билан қўлидан ушлайсан, бу ёққа ўтказамиз. Баҳром, анави таксичи минғилласа, у билан сен шуғулланасан, — дея Бобур чўнтагига қўлини тиқиб қайирма пичоқ чиқарди. — Манави сенга, — деб Баҳромга берди. — Қорнига тира. Агар ҳаддидан ошадиган бўлса, қўрқмай тиқиб олавер. Бу ёғига мен кафилман!

У бир қўлини мушт қилиб, иккинчи қўлини кафтига урди:

— Бунинг отини омад дейдилар! Ўз оёғи билан келган омад! Агар уни бугун қўлга киритолсам, ҳар бирингга беш юз сўмдан бермаган номард!

Такси ҳайдовчиси ёнма-ён келаётган машинани қувиб ўтиб, ойначасига кўз ташлади-да, Гуллолага эшиттириб:

— «Москвич» кучайиб қолибдими? Йўл бер, деяпти, — деди.

Гуллола ортига ўгирилиб қаради. Дарҳақиқат, Бобур ўтирган машина уларнинг ёнига келиб, тинимсиз чироғини ёқиб ўчирарди.

— Амаки! Амакижон! Илтимос, уларни ўзингизга етказманг! Жуда ёмон болалар ўтиришибди унда. Ҳаммаси гиёҳванд! — деди Гуллола кўзидан ёшини оқизиб.

— Ие, уларни танийсизми?! — сўради ҳайдовчи ҳайратланиб.

— Танийман. Илтимос, тезроқ ҳайданг!

Волга тезликни оширди ва бирдан «Москвич»дан узоқлаша бошлади.

— Нима бўляпти?! — қичқирди Бобур. — Нега кетиб қоляпти?! Баҳром, босмайсанми?!

— Бўкирма-а-а-а! — қичқирди Баҳром. — Газни охиригача босганман! Қизинг сезиб қолганга ўхшайди! «Волга»га етолмаймиз.

— Падарингга лаънат, шундай имкониятни қўлдан чиқарамизми?! — деди Бобур қўлини мушт қилиб.

Такси ҳайдовчиси эса кўзгу орқали тобора ортда қолиб кетаётган «Москвич»га қараркан:

— Синглим, нархни яна озроқ оширадиган бўлдингиз. Ҳаётни хатарга қўйдик. Бу болалар машинани таниб қолишди. Ҳали орқага қайтиш ҳам бор, — деди куни омадли келаётганидан хурсанд бўлиб.

— Майли, амаки... Шаҳарга бошқа йўл билан борса ҳам бўлади. Дадамга мени қутқариб қолганингизни айтсам, дарров сўраган пулингизни беради.

Аммо Абдуалим сўраган пулни шартта чиқариб берадиганлар хилидан эмасди. Обдан ўйлаб кўради. Хаёлида ҳисоб-китоб қилади. Кейин жа эриб кетса, чўнтагидан чойчақа чиқариши мумкин, холос. Аммо буни ҳозирча ҳайдовчи билмайди. Шу боис ўзида йўқ хурсанд.

Гуллола дарвоза олдида такси пулини берди-ю, ичкарига югурди. Ҳаяжоннинг зўридан, ҳовлиққанидан ҳайдовчини унутди. Онасини кўрди-ю, дув-дув йиғлашга тушди.

— Юрагимни ёрма, қизим! Сенга нима бўлди? Нега йиғлаяпсан? — дея Раъно югуриб бориб Гуллолани қучоқлади.

Гуллола онасига сирғалиб ерга ўтирди.

— Вой! Вой, болам! Қизим, Гуллола, сенга нима бўляпти?

Аёлнинг овозини уйидаги бошқа болаларидан ташқари қўни-қўшнилар ҳам эшитди. Дарвоза ортида машинасига суяниб турган ҳайдовчи ҳам эшитди. У кетиб қолмоқчи ҳам бўлди. Кейин бирдан хаёлига қўшимча пул келиб, шаштидан қайтди. «Мана, дод-вой қилишяпти, демак, қизнинг мазаси қочган, ўз вақтида уйига олиб келганим учун уй эгалари янаям кўп пул бериши керак», деб ўйлади.

Гуллоланинг юзига аввалига сув сепишди. Сўнгра сув ичиришди. Қизнинг оқарган юзига бироз қизиллик югурди. Раъно бошқа болаларининг кўмагида қизини суяб, уйига олиб кирди. Кўрпачага ётқизди.

— Қўрқитиб юбординг, қизим! Сал бўлсаям ўзингга келдингми? Ҳозир дўхтир чақираман. Кўриб қўяди, — деди бечора она бирозгина ўпкасини босиб олиб.

— Дўхтирнинг кераги йўқ, ҳозир ўзимга келиб қоламан, — деб онасининг қўлини ушлади Гуллола.

Ташқаридан эса Абдуалимнинг:

— Хотин! Ҳой, хотин! — дея бақиргани эшитилди.

Абдуалим дарвозаси ёнида такси ҳайдовчисига дуч келган ва улар орасида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтган эди:

— Қизингиз шаҳарда мени заказ қилди. «Уйга олиб бориб қўйинг», деди. Мен олиб келаётганимда орқамиздан «Москвич» қувди.

— Нега қуваркан?! — деди кўзи ола-йиб кетган Абдуалим.

— Улар ёш болалар эди. Қизингиз таниркан уларни.

— Менинг қизим «Москвич»даги болаларни танирканми?

— Ўзи шундай деди. Мен жонимни хатарга қўйиб, қизингизни омон-эсон уйингизга олиб келдим. Қизингиз «Дадам қўшимча йигирма сўм беради», деганди. Ўзи кириб кетди. Анчадан бери кутиб турибман.

— Қўшимча пул беради, деди? Нега берарканман? — энсасини қотирди Абдуалим.

— Анавиларнинг қўлига тушмади-ку қизингиз!

— Машинани сал тез ҳайдаганингизга мен пул беришим керакми? Қайси бет билан шу гапни гапиряпсиз?!

У пайтларда сап-сариқ «Газ-24» район марказларида жуда кам кўринар эди. Кўриниб қолса ҳам «Кимнинг боласи армиядан келибди», деб қизиқсиниб қаровчилар кўп бўларди. Абдуалимнинг уйидан биров армияга кетмаган, демакки келмаган ҳам. Умуман, бу уйда ҳарбийга борадиган одамнинг ўзи йўқ. Аммо сап-сариқ такси турибди. Нега? Қўшниларни ана шу савол қизиқтириб қўйди ва бирин-кетин тортишаётган ҳайдовчи билан Абдуалимнинг ёнида тўпланиша бошлади. Шаҳарлик ҳайдовчини қўрқув босди.

— Инсоф йўқ экан сизда, — деди у қўшниларнинг кўз ўнгида.

Ҳайдовчи бу гапни айтмаса ҳам қўшнилар Абдуалимда инсоф йўқлигини яхши билишарди.

— Агар ўшанда... — давом этди Абдуалимдан садо чиқмагач ҳайдовчи.

— Нима ўшанда?! Нима ўшанда?! — бақиришга тушди Абдуалим. — Мен сенларнинг қанақа эканингни билмайманми?!

Буниси энди ошиб тушди. Бу иккита қўшнининг бир ой аввал мева-чевасини сотиш учун шаҳарга олиб бориб, чув тушганини ёдига солди.

— Тўппа-тўғри! — деди Элмурод ҳайдовчига яқин бориб.

Унинг ёши ўттизга яқинлашиб қолганди. Айнан у шафтолиларини бой бериб, икки бармоғини бурнига тиқиб қайтганлардан биттаси эди.

— Майли, — деди шу заҳоти ҳайдовчи, — бу ёғи биздан савоб. Ана, қизингизни омон-эсон олиб келиб қўйдим. Энди мен борай.

У машинасига ўтирди ва жўнаб қолди. Кейин овозининг борича бақириб сўкди. Аммо уни орқасидан қараб қолганлар, хусусан, Абдуалим ҳам сўккан эди.

Абдуалимга уйидан чиққан овозни айтишди. «Бир нарса бўлганга ўхшайди, Раъно йиғламсираб бақирди», дейишди қўшнилар. Абдуалим дарвозадан кирар-кирмас Раънони чақирди.

— Даданг келибди, — деди она Гуллолага, — ҳаммаси яхши бўлади.

— Ая, илтимос, дадам ёнимга кирмасин, — деди икки чаккасидан ёш оққан Гуллола.

Раъно қизига ҳайратланиб қаради ва:

— Нега? — дея сўради.

— Керакмас!

— Нима керакмас?

— Ҳеч нима керакмас! — дея Гуллола тескари ўгирилиб олди.

Ҳовли томондан энди Абдуалимнинг жаҳл билан бақиргани эшитилди. Раъно сапчиб ўрнидан турди-да, ташқарига югурди.

— Ҳов, дадаси! — деди эшикдан чиқиши билан.

— Ўлиб қолдингми?! Қачондан бери бўкириб ётибман, миқ этмайсан! Қизинг қани? Уйнинг олдида такси нима қилиб турибди?! Гуллола келибдими?!

Қаторлаштириб берилган саволларнинг қай бирига жавоб беришни билмай қолган Раънонинг кўзида ёш пайдо бўлди.

— Овсармисан нима бало?! — дея Абдуалим шиддат билан аёли томонга юрди.

Охирги лаҳзадагина Раъно эрига йўл бўшатишга улгурди. Акс ҳолда Абдуалимнинг важоҳати шундай эдики, уни уриб ўтиб кетишдан ҳам тоймасди.

Абдуалим ичкарига кирди. Бу пайтда гурсиллаган оёқ товушини эшитган Гуллола ўрнидан туриб ўтирган эди.

— Ҳа-а! Нимага келдинг?!

Гуллола жавоб бермади. Бошини эгиб ўтираверди.

— Оғзингга талқон солганмисан, гапир!

Қиз, барибир, гапирмади. Гапиролмади. Гапиролмасди ҳам.

Абдуалим ортига бурилди. Раънони обдан «сийлади». Кейин ўз хонасига кириб кетди.

Раъно қизининг ёнига келиб, сочини силади. Юм-юм йиғлади.

— Ая, — дея Гуллола онасини қучоқлаб олди-да, кўзидан дув-дув ёш оқизди.

— Бўлди, қизим, бўлди, — деди Раъно йиғи овозда Гуллоланинг сочини силашда давом этаркан. — Нима бўлди ўзи? Бир бошдан менга гапириб бер-чи.

Қиз онасининг қучоғидан чиқди. Кўзидаги ёшни артди. Сўнг чуқур нафас олиб чиқарди-да:

— Ая, мени анави турқи совуқ Бобурга беряпсизларми? — деди.

Раъно ҳайрон бўлди. Киприкларини пирпиратди. Олдин қизига, кейин эшикка қарагач:

— Ким айтди? — деди.

— Ким? Ана шу боланинг ўзи айтди. Шарманда қилди. Дугоналаримнинг олдида ер ёрилмади, кириб кетмадим. Тўғри келиб «Бу менинг хотиним бўлади», деди, эшитяпсизми ая, «Менинг хотиним бўлади», деди!

Раъно тош каби қотди. Қулоқларига ишонмади. У ҳам Бобурни яхши билади. Қўни-қўшнилардан эшитган, бир марта эрининг ўзи ҳам «Куни келиб хўжайинни шу боласи гўрга тиқади», деган.

— Йўқ, қизим, нега биз сени унга берарканмиз. Ҳеч қачон бермаймиз. Даданг ҳар бир қадамингни кўзига суртади. Шундай эрка қизини келиб-келиб бетайин болага берадими?! Бермайди! Менимча, кимлардир орқамиздан бўҳтон тарқатган. Ҳа, энди бола кўчани бузиб юргани билан бировларнинг гапига ишонган қўйган-да. Шуни деб ҳали шу аҳволга тушиб юрибсанми?.. Битта аҳмоқ бир марта оғзидан бузилгани билан дунё остин-устин бўлиб кетмайди.

— Ая, шу савдогарлик менга керакми?

— Бу нима деганинг?!

— Ўқишим савдогарликка ўргатади-ку.

— Ундай дема. Қарасам, хаёлинг анча бузилганга ўхшайди. Ҳозир дамингни ол. Кейин бошқа нарсаларни гаплашиб оламиз.

Раъно қизини мажбурлаб ётқизди. Елкасига юмшоққина, худди уни болалигида уриб эркалатгандай ухлатиб, сўнгра чиқиб кетди.

Гуллола қуёш уфққа ёнбошлаб, қоронғилик этагини ёйганида уйғонди. Ётоқхонада ётибман, деб ўйлади. Ён-атрофига қаради. Бошқа жой. Бир муддат қаерда экани тўғрисида ўйлади. Қаердалиги эсига тушгач, яна кўзини юмиб олди.

Орадан бир муддат ўтиб, унинг ёнига онаси Раъно кўзида ёш билан келди. Уйғотмади. Кўрпачанинг бир четига омонатгина ўтириб, йиғлашда давом этди.

— Ая, сизга нима бўлди? Нега йиғлаяпсиз? — дея сўради Гуллола онаси томонга ўгирилиб.

— Қизим, — деди Раъно унинг пешонасига кафтини қўйиб, — сен тўғри эшитган экансан.

— Нимани, ая?

— Сени Бобурга беришимизни. Уйда совчилар ўтиришибди.

— Нима?!

* * *

Ғайрат ака қизнинг ёнидан кетганидан кейин ҳеч қаерга сиғмай қолди. Нима қилишга ҳайрон. Носирнинг отасига «Ўғлингизни топиб, уйга жўнатаман», деб ваъда бериб қўйибди. Қолаверса, у укасидай қадрдон. Қаерга кетган бўлиши мумкин? Ёки милицияга хабар бериш керакми? Балки, улар топишар... Йўқ, шошмаслик керак. Подадан олдин чанг чиқариб бўлмайди. Кутиш керак. Кутиш. Лекин шу кутиш одамни эзиб юборади-да.

Ғайрат ака минг бир хаёлга борди. Хотинининг саволларига жавоб бермади. «Шунчаки ҳаво ёмонга ўхшайди, ланж бўлдим», деб каравотга чўзилиб ётди. Уйқуси келмади. Бу ёғи ётиб ҳам бўлмади. Чунки ичини ит тирнаяпти. Аммо шунга қарамасдан кечгача ётди. Кейин ўрнидан турди. Кўчага чиқиб бирортаси билан валақлашаман, деб ўйлади. Бахтга қарши кўчада ҳам суҳбатлашиш мумкин бўлган дурустроқ одамни учратмади. Наилож тўғри қаҳвахонага борди. Вой-бўй, у ердаги одамларнинг кўплигини... Ҳаммаёқ тутаган. Бақир-чақир. Бировга стакан етишмаган. Биров бошқасига бақириб, нималарнидир тушунтиряпти. Яна биттаси столни муштлаяпти...

Ғайрат ака амаллаб битта идиш топди. Идишини йигирма тийинга тўлдиртирди... Кўп ўтиролмади. Салқин ичимлик унинг хавотирини баттар оширди ва ўрнидан шартта турди-да, Носирникига кетди. «Келмаган бўлса, эшикни бузиб кираман-да, ўтириб оламан», деб ўйлади. Эшикни гурсиллатиб урди. Аммо ҳеч ким очмади. Эшикни бузиш хаёлидан эса ўша пайтнинг ўзидаёқ воз кечди.

Боягина туриб кетган жойига яна бориб ўтирди. Иккита танишини учратди. Улар билан валақлашиб ўтираверди. Қачонки қаҳвахонадагилар ёпамиз, дейишганидан сўнггина ўрнидан турди ва таваккал қилиб яна Носирникига борди. Яна ўшандай эшикни муштлади. Жимлик. Яна муштлади. Шунда ичкаридан каравотнинг ғижирлашига ўхшаш товуш чиқди. Шу заҳоти Ғайрат ака қулоғини динг қилди. Чироқ ёнди. Кейин «Ким?» деган овоз келди.

— Носир! Мен Ғайрат акангман, ука! — қичқириб юборди беихтиёр Ғайрат ака.

Эшик қулфи шарақлади. Очилди. Ғайрат аканинг қаршисида уйқусираган Носир турарди.

— Одам эмаскансан! — деди Ғайрат ака.

— Нимага, ака?

— Сил қилиб юбординг. Бормаган жойим, учрашмаган одамим қолмади. Қайси гўрда юргандинг?

— Киринг, ака, — деб Носир унинг саволига жавоб бериш ўрнига йўл бўшатди.

Ғайрат ака ичкарига кирди. Тўғри ошхонага ўтиб, стулга ўтирди. Унинг ортидан келган Носир рўпарасига чўкди.

— Бир оғиз фалон жойга кетяпман, десанг бир жойинг камайиб қолармиди, ука?!

— Кетаётганимни ўзим ҳам билмай қолдим-да.

— Нимага, эсинг оғиб қолдими?

— Шундай деса ҳам бўлаверади. Битта чой қўяйми? Чой ичиб гаплашамиз.

— Қўй, лекин мен қаҳва ичаман.

Финжондаги қаҳвадан бир ҳўплагунча Ғайрат ака тилини зўрға тишлаб турди. Унгачаям кўп гапларни гапириб ташларди-ю, Носир ўтирмади. Ҳаммомга кириб, юз-қўлларини ювиб келди. Кейин қаҳва дамлади.

— Энди гапир, нима бўлди, қаерга бординг, нега айтмасдан кетдинг? Ҳеч нима қолмасин, ҳаммасини гапир. Кейин мен бутун шаҳарни ағдар-тўнтар қилиб сени қидирганимни гапираман.

Носир шошилмасдан қаҳва ичди. Кейин бирин-кетин ҳаммасини сўзлай бошлади. Унинг гапларини эшитаётган Ғайрат аканинг гоҳ пешонаси тиришар, гоҳ кўзи олаяр эди. Аммо бир оғиз ҳам сўз қўшмасди.

— Ҳали шундай де, — деди у Носирнинг ҳикоясини охиригача эшитгач, — расво бўлибди. Жуда ёмон одамлар билан қасдлашиб қолибсан. У падарингга лаънатлар ҳеч нарсадан тап тортишмайди. Айтганига кўнавермабсан-да, бир нарса қилардик.

— Ака, бир нарса қилишнинг имкони бўлганда кўнардим. Лекин бировлардан қарз-қурз олиб берганингиздаям қутулолмайсиз. Яна бошқа-бошқа нарсаларни бўйнингизга илиб ташлайверади улар.

— Қайси юрак билан иккитасини тинчитиб ташладинг?

— Бошқа иложим йўқ эди. Қутулишнинг ягона йўли шу эди.

— Энди нима қилмоқчисан?

— Билмайман.

— Билмайман дегин. Сен билмасанг, ким билади?! Менимча, энг тўғриси қишлоққа кетиш. Икки-уч йил юриб келасан. Зора, буларнинг эсидан чиқсанг, кейин яна бошқатдан келиб ўқишга кираверардинг. Ёки бўлмаса Тошкентга бор. У ер жудаям катта. Ҳар нарсага бурнингни тиқавермасанг, бемалол ўқишгаям кирасан, битирасан ҳам. Ундан кейин...

— Енгиб бўлмайдими?

Ғайрат ака кулиб қўйди.

— Боласан-да ука, боласан. Ҳали кўп нарсани билмайсан. Сен бориб-бориб энг катта илонлардан биттасининг думини босиб қўйгансан. Уларнинг томири жуда чуқур кетган. Гап шу, бу ерга отанг сени қидириб келганди. Эртагаёқ қишлоғингга кетасан. Менинг айтганимни қиласан. Йўқса, укагинам, мен ҳам сенга ёрдам беролмайман. Келишдикми? Иккитасини бир ёқли қилиб келибсан. Энди сени қидиришади. Эртага ўзим сени шаҳардан чиқариб юбораман. Яхши битта танишим бор. Ўтакетган ҳалол одам. Ундан бир маслаҳат сўрайин яна. Энди мен бориб, янгангниям кўнглини хотиржам қилайин. Сенинг йўқлигингни у ҳам эшитган. Эшик-тешикни маҳкамлаб, уйингдан чиқмай ўтир.

Ғайрат ака ўрнидан туриб, ташқарига йўл олди.

Носир талай муддат шифтга термилиб ётди. Сира уйқуси келмади. Хаёлан кирмаган кўчаси, гаплашмаган одами қолмади. Ич-ичидан қандайдир бир туйғу уни «Ҳеч қаерга кетма, шу ерда қол, унақа кўча безорилардан мингтасини бемалол йўқотишга кучинг етади», деяётгандай эди.

Ғайрат ака эртаси куни қуёш бир терак бўйи кўтарилганидан кейин келди.

— Зўр гап бор. Танишим сенинг кароматларингни эшитганидан кейин «Бир олиб келинг, гаплашай. Унақанги болаларни кундузи чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмайдиган бўп кетган», деди.

— Ҳаммасини айтиб бердингизми? — деди Носир қовоғини осилтириб. — Боришим билан ушлаб турмага тиқиб қўйса, нима қиламан?

— Хавотир олма, у мард йигит. Сени ёнига чақирибдими, демак, бир нимани мўлжал қилган. Кийин, кетдик.

Носир қўлини боғлаб тортишгандай зўрға Ғайрат акага эргашди. Кўзининг кўкаргани ҳали тўла кетгани йўқ. Бунинг устига, ҳар қадамда уни пойлаб юришган бўлишлари мумкин. Шундай ҳолда кўчага чиқиш оғир эди. Кеча Ғайрат акаси айтган гапларни роса мулоҳаза қилиб кўрган ва қишлоққа кетишга қарор ҳам қилиб қўйганди. Энди у ёқдагилар бу бола одам бўлмади, деб бир кун гапириши, ана бир ой, олти ой гапириши мумкин. Кейин, барибир, ҳаммаси эсидан чиқиб кетади ва у бошқалар каби қўй, мол боқиб юраверади. Уйланади. Жа Гуллолага ўхшаган сулувлар сулуви бўлмаса-да, бундайроқ қизга уйланар. Носир шуларни ўйлаб қўйганди. Ғайрат ака келди-ю, «Юр, фалончининг олдига борамиз», деб турибди. Энди ўша фалончига нима қилгани, қандай ургани, қандай қочгани тўғрисида ипидан игнасигача гапириб беради. Кейин нима бўлади? Нима бўларди, шартта Носирнинг қўлига кишан солишади-да, панжара ортига ташлашади. Шу билан беш-олти йил ўтириб чиқади.

— Балки, бормасмиз, — деди Носир ярим йўлга етганларида.

Ғайрат ака қовоғини солди ва индамай йўлида давом этди.

Улар кўп қаватли уйлар оралиғидан ўтишиб, ташландиқ жойга кириб боришди. Носир шунақанги жойларда ишхона бўлади, деб сира хаёлига ҳам келтирмаганди. Алмисоқдан қолган эски бино. Эшиги қийшайиб кетган. Сувоқлари кўчиб, мурдага ўхшаб қолган бир иморат.

— Ака, мелисахона бошқа ёқдамасми, қаерга олиб келдингиз мени? — деди Носир ҳайрон бўлиб.

— Зўр жой, ҳали ўзинг кўрасан, — дея жавоб қилди Ғайрат ака.

Ҳақиқатан ҳам иморатнинг ичкариси бошқача экан. Поллари яп-янги, ялтиллайди. Девор лимон рангга бўялган. Яна ёқимли ҳид бор.

Эшикдан икки қадам ичкарилаши билан фуқаро кийимидаги узун бўйли йигит уларни тўхтатди.

— Қаерга? — деб сўради.

— Ҳалим аканинг ёнига, — жавоб берди Ғайрат ака.

— Чақиртирганми?

— Ҳа.

— Ҳозир, — деди новча йигит ва кўйлагининг ёқасига энгашиб ўзига-ўзи гапиргандай сўзлади: — сизга келишибди.

Сўнгра гапирган одами уни кўриб тургандай бошини қимирлатиб: — Хўп бўлади, — дея жавоб қилди.

Кейин Носирнинг битта ўзини ўтказиб, Ғайрат акага «Сиз шу ерда қолинг», деди.

Ғайрат ака ташқарига чиқиб, у ёқдан-бу ёққа бориб келиб юрди. Кўнгли бузилди. Ҳалим гарчи у билан очилиб гаплашса-да, кўзи ўтдай ёнарди. Ва доим ниманидир яширгандай бўлаверарди. Ҳозир у Носирни Ҳалимнинг хонасига бошлаб кирмоқчи, таништирмоқчи эди. Лекин уни ўтказишмади. Балки, «Сендай айбдорни тополмай юргандик. Яхши, ўз оёғинг билан келибсан. Энди сенга бировларни уриб, бошини ёриш қанақа бўлишини кўрсатиб қўямиз», деб турмага тиқиб қўйишса нима қиламан? Носирнинг отасига нима деб жавоб бераман. Кейин анави кўча зўрларининг бу ерда ҳам одами бўлиши мумкин-ку”, деб ўйлади Ғайрат ака.

Аммо Носир хушчақчақ ҳолда чиқди ва Ғайрат аканинг елкасига худди катта одамлардай қоқиб қўйди.

— Тинчликми, ука? Оғзинг қулоғингда. Ҳалим жа сийлавордими дейман, — деди ҳайрон бўлган Ғайрат ака.

— Сийламади, лекин одамга ўхшаб гаплашди. «Кўзингга қараб юр, бола. Бунақа кетишда ҳаётингни барбод қиласан», деди. Кейин ўқишга тайёргарлик кўраётганимни билиб омад тилади. Шу, бошқа нарса демади, — деди Носир.

Ваҳоланки, фақат бугина эмасди. Ҳалим кўп гапирганди. Гапларини ҳаттоки Ғайратга ҳам айтмаслигини тайинлаган эди. Носир худди шундай қилди ва биринчи кичкина имтиҳондан ўтди.

Эртасига у қишлоққа кетди. Кўзининг ости кўкаргани сал-пал қолганди. Шунинг ўзиёқ Намунанинг ваҳима кўтаришига етиб ортди. «Менга болам керак. Қишлоқда тинчгина юраверасан, менга боксингнинг кераги йўқ. Шунча одам қишлоқда. Бирортаси очдан ўлиб қолаётгани йўқ. Сен ҳам ўлмайсан», деди. Аммо Файзулла ўғлининг ёнини олди. «Эркак киши шундай иш билан ҳам шуғулланиши керак. Ҳеч бўлмаганда ўзини ҳимоя қилишга яраб қолади. Лекин, бола, ҳаддингдан ошма. Бизга сен топиб келаётган пулнинг кераги йўқ. Биринчи ўринда ўқиш. Ўқишга кирсанг, тузукроқ жойда ишласанг, бизга шу муҳим. Қишлоқда юрадиган бўлсанг, кўпи билан менга ўхшаб подачи бўласан, ундан нарига ўтолмайсан. Ўқишга калланг етмай қолади. Айниқса, — деб у хотинига қараб қўйди-да, — бўйнингга ола ҳуржун осилса, миянгдаги бориям чиқиб кетади». Бу гапга жавобан Намуна лабини бурди.

Икки кундан сўнг Носир шаҳарга қайтиб кетди. Руҳи олдингидан анча баланд, умидлари кўп. Келди-ю, ижара уйидан чиқмай, бир кун китоб ўқиди. Иккинчи куни одатдагидай ишга борди. Ғайрат ака бутун бошли бир вагон юкни олган, ўзидан бошқа ҳеч ким йўқлиги учун бир ўзи амаллаб қопни пастга олиб тушмоқда эди. Носирни кўрди-ю, юзи ёришиб кетди.

— Қаерларда юрибсан? Одам ҳам шунақа бўладими? Бир кун кет қишлоғингга, ана, бор, икки кун кет... Мана шу вагонни тонг саҳарда олгандим. Бахтимга вақт бемалол экан, бўлмаса шу пайтгача тортиб олиб қўйишарди. Энди қаққайиб турмагин-да, дарров ишга кириш, бошқа гапларни кейин гаплашамиз, — деди у елкасидаги қопни ерга туширар экан.

— Одам чақирсангиз бўлмайдими, бу аҳволда майиб бўлиб қоласиз-ку, — деди Носир.

— Одам?! Ўша одамлар оз мунча пулимга эга чиқишадими? Лекин, барибир, икковимиз ҳам эплаёлмаймиз. Мен мардикор бозорига бориб, уч-тўрттасини бошлаб келай, унгача сен амаллаб тур.

Ғайрат ака кетди. Носирнинг бир ўзи қолди. Вагонга чиқиб қараса, бор-йўғи йигирматача қоп туширилган, холос. «Вой-бўй, агар Ғайрат ака одам топиб келолмаса, икковлашиб эртагачаям буларни тушириб бўлолмаймиз. Ҳайронман, бу одам нимага ишониб шунча юкни олган», дея хаёлидан ўтказди Носир ва секин ишга киришди.

Ўн бештача қопни туширганидан сўнг иккита қилтириқ бола келди. Ёши Носирникидан бир-икки ёш катта, шунга қарамасдан икковининг ҳам юзи сўлиб бўлибди.

— Ошна, — деди улардан бири қўлида тутатиб турганини ерга ташлаб, товони билан эзаркан бир-икки марта йўталиб, — биз бир болани излаб юргандик.

— Ким экан у бола? — деб Носир елкасидаги қопни туширди ва қўлидаги чангни қоқди.

— Сенга ўхшаган келишган. Гавдали.

— Оти бордир.

— Отимас эшаги бор. Ундайларда от нима қилсин. Ҳазил. Носир оти, — деди нотаниш ва сарғайган тишини кўрсатиб иржайди.

Носир бирдан сергак тортди.

— Ўша бола юк туширарканми? — деди у ўзини гўлликка солиб.

— Юк туширадими, ортадими, мен қаёқдан билай?! Шунақанги болани танийсанми, йўқми, шуни сўраяпман! — деди сўровчи овозини бир парда кўтариб.

Носирнинг асаб толалари бирдан таранглашди. Аммо ўзини босди.

— Танимайман, билмайман. Менинг исмим Азамат. Агар Азамат деган болани излаб келсанглар, ўша мен бўламан. Энди вақтимни олманглар! — деб у қопнинг бир четидан ушлади-да, бир кўтаришда елкасига қўйди ва энгашганча омборхона томонга кетди.

Фаросатлари «гуллаб-яшнаганлар» ерга тупуришди ва ўзаро минғирлашиб гаплашишганча кетишди. Узоққа боришмади. Икки вагон нарига ўтишиб, рельсга ўтиришди-да, яна тутатқи тутатишди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Ғайрат ака тўртта болани етаклаб келди ва:

— Бизгаям қолдими? — дея ҳазиллашди.

— Йўқ, қолмади. Мен робот бўлсам, бир кўтаришда камида ўнта қоп кўтараман. Жаҳлим чиқиб кетса, вагон-пагони билан бирга кўтариб, омборга жойлаб қўяман, — деди Носир унга жавобан.

— Ҳмм, боплайсан. Мана, тўртта ёрдамчи. Танишиб олинглар. Бу робот укамизнинг исми Носир!

У шанғиллаб гапирди. Носир боя келганлар кетган томонга хавотир билан қараб қўйди. Тутатқисини тутатиб бўлишиб, энди кетишга чоғланаётганлар эса бирдан қулоқларини динг қилишди.

— Мен сенга нима дегандим? — деди бири иккинчисига. — Шу боланинг ўзи Носир демаганмидим?! Ана топдик. Энди хўжайиндан тўрт-беш сўм ундириб, маишат қиламиз!

(Давоми бор)

Тоғ кўчкиси (Биринчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Иккинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Учинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Тўртинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Бешинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Олтинчи қисм)