Найти в Дзене
Шайх Ёрқинжон роҳимаҳуллоҳнинг ибратли ҳаёт йўли Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. (биринчи мақола) Таваллудлари ва оилалари: Шайх Ёрқинжон қори Фозилов 1978 йил 6 ноябрь куни Қўқон шаҳридаги Дегрезлик маҳалласида хизматчи оиласида таваллуд топганлар. Оилада 3 фарзанднинг ўртанчаси бўлиб, опалари ва укалари бор. Оталари Обидхон ака солиҳ, китобга муҳаббатли киши. Бўш пайтлари китоб, газета ва журналлар мутолааси билан ўтади. Фарзандларидаги заковат, илмга иштиёқ сабаби ҳам шу бўлса керак. Оналари ҳам ибодатли, солиҳа аёллардан. Улар фарзандларини болалик чоғиданоқ илмга бахшида қилишган. Оилада моддий қийинчилик бўлган пайтларидан ҳам ўғилларини бирор ишни бошини тутиб пул топишига ундамаганлар. Балки илм таҳсили учун имкон қадар шароит қилиб беришган. Болаликлари: Ёрқинжон қори роҳимаҳуллоҳ болаликдан жуда синчков, тиришқоқ, интилувчан бўлганлар. Бир ёшга тўлишлари биланоқ мактаб ёшигача боғчага борганлар. Шу пайтда ҳам фикрлаш, маълумотларни ўзлаштириш ва атрофдагилар билан мулоқот қилишда тенгдошларидан пешқадам бўлганлар. Болалик чоғларида тарбияларига кўпроқ боболари шуғулланиб, боғчага ҳам ўзлари олиб бориб, келар эдилар. Мактабга чиққанларида ҳар ёзги таътилда саёҳатларга олиб чиқардилар. Илмий фаолиятлари: Тўққиз ёшларида боболари Тожикистоннинг пойтахти Душанбе шаҳрига олиб борадилар. У ерда ёшгина Ёрқинжон биров Ҳаж сафаридан олиб келган Қуръон мусҳафини кўриб, «Шуни менга олиб берасиз» деб туриб оладилар. Боболари шунда катта миқдордаги пулга мусҳафни сотиб олиб берадилар. Уйга қайтгач, «Ушбу китобни ўқишни ўрганаман» дейдилар. Бувилари талабчан набираларини кекса ибодатли қўшни аёл уйига Қуръон ўқишни ўрганиши учун олиб чиқадилар. У аёл бир муддат «Муаллими сони»дан ўқитганлар. Шу пайтданоқ араб ёзувини ўрганиш билан бирга маъноларини ҳам тушунишни хоҳлаб, ҳаракат қилардилар. Устозалари у кишининг кўпинча саволларига жавоб беролмай, ота-оналарига бошқа кишига шогирдликка беришларини тавсия қилади. Ёрқинжон қори яна бир қўшнилари «Мадрасаи Мир» масжиди муаззини Файзуллохон ҳожи акада Қуръон ўқишни ўрганганлар. Ёрқинжон қори устозларининг камтаринликлари ва тақволари ҳақида кўп эслардилар. Ушбу устозларини икки марта Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга тушларида кўрганликларини яқинларига айтиб берган эканлар. Ёрқинжон қори ака Файзуллохон ҳожи акада бир муддат ўқиганларидан кейин Охунжон домла ва Оққўрғонлик Аҳмадхон домладан бошланғич шаръий билимларни ўзлаштирганлар. Сўнгра Аҳмадхон домла шогирдларини интилувчанлиги ва заковатини кўриб, етаклаб Иброҳимжон домла ҳузурларига олиб бориб, «Домла бу бола ёш бўлса-да, «Бедил» ва бошқа форсий китоблардан ҳам саволлар сўраяпти. Сиз ўзингиз таълим берсангиз» деб топширганлар. Иброҳимжон домла Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрига имом-хатиб қилиб тайинланганларида Ёрқинжон қорини ўзлари билан олиб кетиб, у ерда таълим берганлар. Уйга қайтаётганларида устозлари доим «Уйда олган дарсингизни такрорлаб, бирор кишига айтиб беринг» деб тайинлашар экан. У киши араб тили ва шаръий билимлардан хабардор яқинлари бўлмагани ва бошқаларнинг вақтини олмаслик учун баъзан масжид ҳовлисида узун супургини ерга тиклаб устига белбоғ ташлаб, гўё олдиларида эшитувчи тургандек, дарсларини такрорлар эканлар. Буни кейинчалик фарзандларига мутойиба қилиб, илмга қизиқтириш учун кўп бора айтиб берган эканлар. Гулистонда ўқиб юрган кезлари ёш бўлсаларда қаттиқ риёзат чекиб ўқиганлар. У ерда кўпроқ Орифжон исмли солиҳ, тақволи кишини уйида турганлар. Орифжон амаки Ёрқинжон қори акани ўз фарзандларидек кўриб, таълим олишлари учун кўп ёрдам қилганлар. Орифжон амаки - Аллоҳ умрларини узоқ қилсин – ўттиз йил ҳайдовчилик сўнг тижоратчилик билан шуғулланганлар. Гарчи шаръий илмларни чуқур ўқимаган бўлсалар ҳам аҳли-илмларга ихлоси баланд ва уларга хизмат қилиб кўп уққан киши. У киши хушчақчақ, зукко, сўзамол киши бўлганликлари учун Ёрқинжон қори ака ҳам ўзгача меҳр қўйган эдилар. Ёрқинжон қори ака ўзаро суҳбатлар ёки ваъзларда бот-бот «амаким» деб эслаб турардилар.
1 год назад
Два основных фактора определяют, кем вы станете через пять лет: люди, с которыми вы общаетесь, и книги, которые читаете. © Робин Шарма
3 года назад