Қабзиятга беэътибор бўлманг.
Қабзият деб бир ҳафта давомида уч мартадан кам ич келишига ёки ўта қаттиқ шаклланган нажас ажралишига ёки нажас консистенциясидан қатъий назар дефекациянинг ортиқча кучаниш билан кечишига ёки оз миқдорда ич келиши ҳисобига ичакнинг тўлиқ бўшамаганлик ҳисси мавжудлигига айтилади. Қабзият - ич қотиши аҳоли орасида кўп учрайдиган хасталик бўлиб, умумий аҳолининг 10 - 30% и ушбу касалликдан азият чекади. Ушбу қатламнинг асосини кўпроқ қариялар, ҳомиладорлар, кам ҳаракат инсонлар ташкил этади. Аксарият ҳолларда инсонлар қабзиятни касаллик деб ҳисобламайди ва шифокорга мурожаат этишмайди.
Қабзият ўткир ва сурункали турларга ажратилади. Ўткир қабзият ўткинчи хусусиятга эга бўлиб, организмнинг айрим ҳолат ва касалликлари сабабли келиб чиқади. Яъни ичак тутилиши ва инвазияси, операциядан кейинги ҳолатлар, иситмалаш, рўза тутиш, стресс, кам ҳаракатлилик (ётоқ режимидаги беморлар) ва бошқа шу кабилар ўткир қабзиятга сабаб бўлади.Сурункали қабзият - хасталикнинг 3 ойдан ортиқ давом этишидир. Сурункали қабзиятнинг келиб чиқишига алиментар, невроген, гиподинамия, ҳазм аъзолари касалликлари (холецистит, гиперацид гастрит, ичак таъсирланиш синдроми, колитлар ва б.), проктоген (бавосил, парапроктит, ёриқлар, ривожланиш нуқсонлари, долихосигма ва б.), токсик, психоген, эндокрин (қандли диабет, қалқонсимон без касалликлари ва б.), медикаментоз (спазмолитик, антигипертензив каби дорилар таъсири), дисбиотик, идеопатик каби омиллар сабаб бўлади. Идеопатик қабзият - ҳеч қандай структуравий ва биокимёвий ўзгаришларсиз келиб чиқади. Бу ҳолатда марказий ёки периферик нерв тизимида функционал нуқсонлар борлиги тахмин қилинади.
Қабзиятга сабаб бўлаётган омилдан келиб чиқиб касалликни даволашда диетолог, гастроэнтеролог, проктолог, жаррох, невропатолог, терапевт, физиотерапевт, УАШ каби мутахассислардан тавсия ва муолажалар олиш мумкин. Этиологиясидан қатъий назар қабзиятни даволашда асосий омил - овқатланиш ва ҳаёт тарзини тўғри йўлга қўйишдир. Стресслардан холи бўлиш ва фаол жисмоний ҳолат муҳим аҳамиятга эга. Парҳез столларидан 3-стол менюсига амал қилинади. Рационал овқатланиш, озуқалар хилма-хиллиги, айниқса клетчаткага бой мева-сабзавотлар, кўкат, сут маҳсулотлари, қора нон, етарлича суюқлик ичиш зарур. Рационда аччиқ чой, кофе, какао, қўзиқорин, анор каби ич қотирувчи маҳсулотлар бўлмагани маъқул.
Механик омил сабабли келиб чиққан қабзиятда асосий даво сифатида жаррохлик аралашуви зарур. Идеопатик қабзият ва чаноқ туби диссинергиясида (яъни дефекация актида иштирок этувчи аъзоларнинг номутаносиб ишлаши) физиомуолажалар яхши наф беради. Иккиламчи келиб чиққан қабзиятда патогенетик даво сифатида асосий касалликни даволаш шарт. Спастик колитда перистальтикага салбий таъсир этмайдиган спазмолитиклар (мебеверин, тримедат) қўлланилади. Йўғон ичак гипомотор дискинезиясида ўт ҳайдовчи дорилар, ичак рецепторларини қитиқловчи дорилар (пиколакс, бисакодил), ўсимликлардан тайёрланган препаратлар, зайтун мойи кабилар яхши натижа беради. Нажас массасининг камлиги ёки ўта қаттиқлиги билан кечувчи қабзиятда тузли (магний сульфат), осмотик (лактулоза), бўрттирувчи (буғдой кепаги, агар-агар каби) дорилар қўллаш мақсадга мувофиқдир. Перорал воситалар керакли самара бермаганда ректал шамчалар, тозалов хуқналар ўтказилади.
Қабзиятга беэътибор бўлиб ўз вақтида даволамаслик колит, бавосил, орқа пешоб оқма ва ёриқлари, юздаги доғлар, оғиз бўшлиғи яралари, тўғри ичак ўсмаси ва кўплаб шу каби асоратларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун ўз вақтида шифокорга мурожаат этиш зарур.