Найти тему
Alimoff

Исроил ва Фаластин масаласи ўта мураккаблиги хусусида ва Камолиддин Раббимовга эътироз

Постановка расм. Лекин шундай келажакдан умид бор.
Постановка расм. Лекин шундай келажакдан умид бор.

Бугун сиёсатшунослар иштирок этган бир кўрсатувни ташлашди. Унда бошловчи яхши саволлар берди. Экспертлардан бири, ўзим хурмат қиладиган инсон Камолиддин Раббимовнинг айрим тезисларига кичик эътирозлар бор эди. Шуларни баён қилиб, бу қўшимчалар ушбу мураккаб картинанинг аниқроқ кўринишига оз бўлса-да хисса қўшади деган умиддаман.

К.Р: "Исроилнинг тактикаси — бир қарич ерни бермасдан АҚШ ва Ғарб таъсирида араб давлатлари билан келишиш."

Н.А: Энди фактларга юзланадиган бўлсак, Исроил давлати бир қаричдан кўпроқ ерларни ўз эгаларига қайтариб берган моментлар бор албатта. 1967 йилда минтақадаги сиёсий жараёнларни ўзгартириб ташлаган, тарихга "6 кунлик уруш" номи билан кирган араб-исроил уруши бўлиб ўтган. Ушбу можаро пайтида Исроил қўшинлари Ғазо сектори, Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳили, Шарқий Қуддус, шунингдек Суриянинг Голан тепаликлари ва Мисрнинг Синай ярим оролини босиб олган.

Исроил кейинчалик
"Тан олиниш эвазига ер" сиёсатини бошлайди. Араб лигаси давлатлари бўлса Хартум резолюцияси асосида "3 та йўқ" сиёсатини юритади, "Исроил билан музокараларга -йўқ, Исроил билан тинчликка - йўқ, Исроилни тан олиш - йўқ"

1979 йилда эса бутун Араб лигаси давлатларини хайрон қолдирган шартнома, Исроил ва Миср ўртасидаги
Кемп-Девид тинчлик шартномалари имзоланади. Миср Исроилни давлат сифатида тан олади, Исроил эса Синай ярим оролининг катта қисмини мисрликларга қайтариб беради. 1989 йилда Таба курорт шаҳри ҳам Мисрга тўлиқ қайтарилади.

Масаланинг яна бир қизиқ жиҳати шундаки, Миср президенти Анвар Садат билан бирга ушбу шартномани тузган Исроил бош вазири
Менахем Бегин эди. У ҳозирги Бенямин Нетаняху бошчилигидаги ўнг "Ликуд" партиясини раҳбари бўлган. Ўқувчиларга соддароқ қилиб тушунтирсам, тинчликни "кабутарлар" эмас "қирғийлар" имзолаган.

1994 йилда эса Иордания ва Исроил ўртасида мана шундай шартнома тузилган. Қирол Хусайн ва социал-демократия ва
сионизмга асосланган Авода партияси раҳбари Ицхак Рабинлар ўртасида тузилган ушбу битимга кўра, Иордания Исроилни тан олади, Исроил эса унга тортишувдаги ерларни, жумладан чегарадаги 300 кв\км худуд, "Тинчлик ороли" худуди ва Араба саҳросидаги 2,85кв\км ерларни берди. Ундан ташқари, чегаралар дарё билан белгиланади, агарда Иордан дарёсининг ўзани табиий сабабларга кўра ўзгаргувдай бўлса, Иордания чегараси шунга қараб автоматик ўзгариши шарти ҳам киритилади.

Ушбу шартномага кўра фаластинликлар билан
бўлажак тинчлик шартномалари доирасида Қуддус шаҳридаги мусулмон ва насронийларнинг муқаддас жойлари ҳақида гап кетганда, Иорданияга устунлик берилади (мусулмон ва насронийларнинг муқаддас жойларининг эгаси ва қўриқчиси сифатида).

2020 йилда эса, Исроил билан ҳеч қачон урушмаган БАА, Бахрейн ва Марокашлар ҳам у билан тинчлик шартномаси тузишди. Ҳаттоки юқорида айтиб ўтилган Хартум Резолюцияси имзоланган давлат - Судан ҳам шу йили Исроил билан тинчлик шартномасига эришди. (Иброҳим битимлари) Буларни чегаравий даъволари йўқлиги сабабли, савдо сотиқ, туризм ва турли бошқа яхши ҳамкорликларга масалаларида келишувлар бўлди.

К.Р: "Эрон, Туркия ва Қатарнинг стратегияси Исроил билан келишишнинг биринчи шарти Фаластин давлати ташкил топишига эришиш."

Н.А: Юқоридаги барча тинчлик шартномаларини қаттиқ қоралаб чиққан давлат қайсилигини биласиз, бу - Эрон. Эрондаги Исломий инқилобдан кейин, Исроил билан алоқалар даҳшатли даражада ёмонлашган. Ҳаттоки расмий минбарларда Исроил деган давлатнинг мавжуд бўлишга ҳаққи йўқлиги ҳақида кўп гапирилади. Менимча, Эрон учун Фаластин мустақил давлатининг ташкил топиши абсолютно қизиқ эмас. Эрон учун Исроил ҳар тарафига аланглаб қўрқувда яшаши, бунинг учун минтақада тинчлик бўлмаслиги муҳимроқдай кўринади. Ундан ташқари, юқоридаги Исроил билан тинчлик шартномалари имзолаган барча араб давлатлари Исломнинг сунний мазҳаби вакилларидир. Эрон уларнинг Исроил билан яқинлашувини ўзининг манфаатларига зид деб ҳисоблайди.

Хулоса: Шахсан мен ҳам Исроил халқаро тан олинган 1967 йилги чегараларга қайтиши, Шарқий Қуддусни мусулмонларга топширилиши (чуки бу шаҳар улар каби мусулмонларнинг ҳам муқаддас шаҳридир) Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олиниши тарафдориман. Лекин, бунинг учун ХАМАС ҳам, Эрон ҳам ва минтақадаги яна бир қатор экстремист кучлар ҳам ўзларининг тупикка олиб борувчи "Исроилни мавжуд бўлишга хаққи йўқ" риторикаларидан воз кечишлари керак. Сурия ва Эрон билан ҳам тинчлик шартномалари ўрнатилиши лозим. Буни имкони бор албатта, юқорида кўрганимиздай, ҳаттоки "қирғийлар" билан ҳам келишиш мумкин. Иордания билан эришилган шартномада ҳам келажаккдаги тинчлик шартномалари ҳақида гап бор. Келажакда бундай келишувларга эришадиган сиёсатчилар Анвар Саадат ва Ицхак Рабинлар каби ўз халқи томонидан ўлдириб юборилиши ҳам керакмас. (Ицхак Рабин Осло келишувлари сабаб яхудий эктсремисти томонидан ўлдирилган, Анвар Садат эса Исроил билан тинчлик шартномасига эришгач мусулмон экстремистлари томонидан ўлдирилган, Эронлик расмийлар ҳар дойим араблар Исроил билан тинчлик шартномасига эришганида Садатнинг тақдирини эслатишни яхши кўришади) Бу минтақага тинчлик фақатгина дипломатия билан ёки бир халқнинг йўқолиб кетиши билан қайтиши мумкин холос. Дипломатия иккинчи вариантдан миллиард баробар яхши йўлдир.