Ўткир Хошимов
Одам биринчи фарзанди туғилганида қандай қувонса, биринчи китоби чиққанида ҳам шунақа севинаркан. Ёш ёзувчи Тешабой Болтабоев учун шапалоқдек ҳикоялар тўпламининг чиқиши байрам бўлиб кетди. Буни қарангки, китобга қалам ҳақи ҳам ёзишибди. Нақд ўттиз олти минг сўм! Тешабой китобни бир ярим йилда ёзган бўлса, қалам ҳақини олиш учун ярим йил ҳужжат тўплади! “Ишга кеч қолаяпсиз, меҳнат интизомини бузаяпсиз”, деб беш-олти марта дашном ҳам эшитди. Бугун ҳам шу масалада “керакли” идорага келиб икки соатча кутди. Охири “имзо чекувчи”нинг муборак кабинетига кириш шарафига муяссар бўлди. — Ҳа-а-а-й, укажон, памилиянгиз нима эди? — деди “имзочи” эснаб. — Болтабоев, — деди ёзувчи энсаси қотиб. — Қабулингизга ўн еттинчи марта келишим. — Иби! — “имзочи” елка қисди. — Ўн еттинчи марта келасизми, ўттиз еттинчи мартами, менга нима? Мен давлатни ишини қилаяпман, укажон! Ҳа-а-а-ай, турар жойингиздан спарапка бормиди? — Ана, қўлингизда турибди. — Ҳа-а-а-й, яна бир ўқиб кўрайлик-чи! “Берилди ушбу маълумотнома, шу ҳақдаки, фуқаро Болтабоев Тешабой чиндан ҳам Бештепа мавзеси, Ўнтепа кўчасида истиқомат қилади. Қўни-қўшнилари билан муносабати нармалний. Маҳалла ишларига аралашиши ёмон эмас. Хотини билан уришмайди. Бир ўғил, бир қизи бор...” Ҳа-а-ай, домкомнинг имзоси бор. Котибаники бор. Кўча бошиники бор. Участка нозирники бор. “Ҳушёрхонага тушмаган” деган спарапка ҳам бор. Муҳр бор... Буёғи жойида экан, укажон... Қанча пул олишингиз керак эди ўзи? Ўттиз олти мингми? Нимага олаяпсиз давлатнинг шунча пулини? — Гонорар. — Қанақа генерал? — Генералмас, гонорар. — Нега олаяпсиз ўша ганарални? — Ёзганим учун. — Нечтасини қулатдингиз? — Нимани қулатаман? — “Нимани” эмас, “кимни” денг! Нечта одамни қулатдингиз? — Нега қулатишим керак экан? — Иби! Бировнинг устидан ёзган одам қулатиш учун ёзадими ахир? — Мен иғвогар эмасман! — деди Болтабоев йиғламоқдан бери бўлиб. — Мен ҳикоя ёзаман! — Иби, шундай демайсизми, укажон! Шоирман, шиғир ёзаман, денг! — шиғир эмас, ҳикоя. — Ҳай, нима фарқи бор? Ишхонангиздан спарапка бормиди? — Топширганимга беш ой бўлган. — Ҳа-ҳа, тўғри. Мана буёқда экан сабил. “Берилди ушбу маълумотнома, шу ҳақдаки, Тешабой Болтабоев чиндан ҳам нашриётда “мусаҳиҳ...” Менга қаранг, укажон, ишхонангларни чорвачиликка алоқаси борми? — Қанақа чорва? — Ишхонангизда эшак борми? — Нашриётда эшак нима қилади? — Бўлмаса, нега “Муса-ҳиҳ” деб ёзиб қўйибди? “Хиҳ” деб эшакка хала берилади-ку, укажон! — “Мусаҳиҳ” эмас, мусаҳҳиҳ! Корректор дегани. — “Хиҳ-пих” деб ўтирмасдан директорни директор деб қўяқолса ҳақи кетадими? Қайси саводсиз ёзган бу спарапкани? — “Директор” эмас, корректор! — Иби, директорми, коллекторми, менга нима? Менинг вазифам давлатнинг бир тийинини ҳам талон-тарож қилдиришга йўл қўймаслик! Ҳай, майли, келин ҳам ишласалар керак бирон жойда? — Ишлайди. Ана туғруқхонадан берилган маълумотнома қўлингизда турибди. — Бунисими? Анавинисими? Ҳа, манавиниси экан. “Берилди маълумотнома шу ҳақдаки, фуқаро З.Болтабоева Т.Болтабоевнинг законний хотини ҳисобланади”. Илова қилинган сурат бор. ЗАГС қоғозининг ксерокопияси бор. Яхши-и-и! Энди келинга берилган характеристикани ўқиймиз! “Зуҳра Болтабоева саккиз йилдан бери ўн иккинчи туғруқхонада ҳамшира бўлиб ишлайди, қўли енгил. Лубой хотинни беш минутда туғдириб ташлайди. Ишлаб чиқариш режасини ошириб бажармоқда. З. Болтабоеванинг исменида хотинлар нуқул эгизак туғади”. Маладес, келин, маладес! Сизга ҳам икки жуфтгина эгизак совға қилсалар чакки бўлмасди, укажон! Ҳа-а-ай, кейинги масала: чет элда қариндош-уруғлар борми? — Йўқ. Мана, Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотномаси! Буниси элчихоналардан олинган справкалар. Тожикистон, Ҳиндистон, Вьетнам, Бангладеш, Бирлашган араб амирликлари, Россия, Япония... — Мана бу бошқа гап, укажон! Маладес! Соғлиғингиз тўғрисидаги спарапкалар қаёқдайди? — Ҳаммасини топширганман! — Қаёққа даф бўлди бу палакат-а? Ҳа, мана буёқда экан. Қани, кўрайлик-чи? Терапевт — бор, хирург — бор. Инфекционист — бор. Травмотолог — бор. Қулоқ дўхтир бор. Гинеколог — бор... Шошманг, гинеколог қўшимча бир нима ёзибдими? “Спарапка ушбу ҳужжатни талаб қилган “дурдом”га кўрсатиш учун берилди...” Ҳа-а-а-й, гинеколог — бор, эндокринолог — бор... Укажон, билишимча, сиз хатга кўп тикиласиз, тўғрими? — Кўзим — жойида. Ана, окулист маълумотномаси! — Унисини айтаётганим йўқ. Сиз хатга кўп тикиласиз. Ақлий меҳнат қиласиз. Маълумки, ақлий меҳнат одамнинг миясини зўриқтиради. Мия зўриқавериб-зўриқавериб охири... — Бўлди, тушундим. Мана, жиннихонадан маълумотнома! Ҳисобда турмаслигим ҳақида! — Бунисичи? — Бу тери-таносил касалликлари диспансеридан. Уларга ҳам ишим тушмаган. — Маладес, укажон, маладес! Бачалар нечта эди? — Иккита. Ўғлим учинчи синфда ўқийди. Мактабдан берилган маълумотнома қўлингизда турибди. — Шундайми? Қани, кўрайликчи, қаёқда эди бу? Ҳа-а-а, мана! Бизда қоғоз йўқолмайди, укажон! “Т. Болтабоевнинг ўғли Болғабой Тешабоевич чиндан ҳам учинчи синфда ўқийди. Отаси мактаб ремонтига пастаянний ёрдам бериб туради. Ўтган йили уч банка краска, олти қоп қум, бир қоп алибастр олиб берган”. Буниси боғчадан берилган спарапка шекилли? “Т.Болтабоевнинг қизи Лолахон яхши қиз. Отаси Т.Болтабоев байрамларни, боғча мудирасининг, тарбиячи опаларнинг туғилган кунини ҳеч қачон унутмайди”. Маладес, укажон, маладес! Дарвоқе, ота-онангиз тирикмидилар? — Вафот этишган. Мана, маълумотнома! — Бир ўқиб кўрайлик. “Берилди маълумотнома шу ҳақдаким, фуқаро Тешабой Болтабоевнинг отаси йигирма икки йил, онаси йигирма йил аввал ўлган. Шу пайтгача тирилгани йўқ. “Гули сиёҳ” идорасининг бошлиғи. Имзо. “Йўғонтепа” қабристонининг гўркови. Имзо”. Яхши, укажон, кўп яхши! Фақат, ҳайронман, шу пайтгача нега тирилишмади экан... Ҳай, майли, энди асосий масалага келайлик. Биласиз, налог масаласи строгий масала! Налогни вақтида тўлайсизми? Фақат ростини айтинг! — Ҳаммасини тўлайман! Тўламасам кечаси билан ухлолмай қашланиб чиқадиган одатим бор. Мана, налоговой инспекциянинг декларацияси! Мана, “Ий-эн-эн!” Манавиниси — даромад солиғи. Буниси пенсионний фондники! Мана, уй солиғи, мулк солиғи, ер солиғи, атапление солиғи. Буниси электрники, манавиниси газ солиғи, ахлат солиғи! — Бунисичи, укажон, буниси қанақа спарапка? — Буми? Бу — экология идорасидан олинган маълумотнома. Биз оиламиз билан фақат ўзимизнинг санузелдан фойдаланамиз. Шунда экология бузилмайди. — Иби, зўр гап-ку бу, укажон! Демак, ҳар ким тўлка ўзининг туалетидан фойдаланиши керак. Акс ҳолда экологияни бузади, тўғрими? Маладес, укажон! Ҳай, сув-чи? Сув нима бўлган? — Мана, совуқ сувники. Буниси иссиқ сувники. Уч ойлигини олдиндан тўлаб қўйганман. — Маладес, укажон, маладес! Телефон масаласи нима бўлган? Билиб қўйинг: межгородний телефондан фойдаланиш амма-холангиз билан гаплашиш эмас. Ҳар минути доллар туради! Ўшанинг спарапкаси... — Ана, чап қўлингизнинг тагида турибди. — Тўғри, укажон! Туман телефон тармоғидан спарапка бор экан. Шаҳар тармоғидан — бор. Буниси нима эди? Ҳа, межгороднийдан!“Фуқаро Т. Болтабоев Андижон билан гаплашмаган. Ашхобод билан гаплашмаган. Бухоро, Будапешт, Вобкент, Варшава билан гаплашмаган...” Ҳай, тағин биттагина иш чала қопти-да, укажон! Антарктида билан гаплашган жойингиз йўқми? — Йўқ! Мана, янги маълумотнома! — Қани, кўрайликчи! “Берилди ушбу маълумотнома шу ҳақдаки, Ўнтепа кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Т. Болтабоев ҳеч қачон, ҳеч ким билан телефонда гаплашган эмас. Чунки унинг уйида телефоннинг ўзи бўлмаган”. Иби, интересна!.. Ҳай, майли, буниси қанақа спарапка? Ҳа, ўзимиз талаб қилиб эдик. “Фуқаро Т. Болтабоев ҳар куни эрталаб соат саккиздан ўттиз минут ўтганида 5-автосаройнинг 32-маршрут бўйича қатнайдиган автобусига минади. Кира паттасини нақд сотиб олади”. Маладес, укажон, маладес! Мана буни спарапка деса бўлади. Қаранг, ксерокопияси бор экан. Энди, айтинг-чи укажон, абедни қайси ресторанда қиласиз? — Мен ресторанга кирмайман. — Унда қайси ошхонада абед қиласиз? — Ошхонага ҳам кирмайман. — Иби! Нима, кун бўйи тишингизни кирини сўриб юрасизми? — Мен ишхонада тушлик қиламан. — Э, ҳа-а, ишхонада, денг? Чой ҳам ичган чиқарсиз? — Чой ичаман! — Ана шунақада, укажон! Значит чой ичасиз. Чойни ичиш учун қайнатиш керакми? Ҳай, деб туринг! Чойни электр чойнак ёки “Тефал”да қайнатасизми? Значит давлатнинг электр энергиясидан фойдаланасиз, шундайми? Шаҳар электр тармоғидан спарапка олиб келишингизга тўғри келади. Борми, шунақа спарапкангиз? — Бор! Мана, ўқиб кўринг! — Иби, бунисиям борми? Қани кўрайлик-чи? “Берилди ушбу маълумотнома шу ҳақдаки, нашриёт “муса-ҳҳи-ҳи” Т. Болтабоев чиндан ҳам ҳар куни соат ўн учдан ўн тўртгача ишхонада тушлик қилади. Уйидан сомсами, бутербродми, олиб келади. Овқатланиб бўлгач чой ичади. Чойни ўз уйидан ўзининг термосига солиб келади. Давлатга тегишли электр токидан фойдаланмайди”. Э, маладес, укажон, маладес! Энди... Сўраганнинг айби йўқ... Сиз шиғир ёзадиган шоир бўлсангиз. Значит мухлискаларингиз ҳам бўлиши керак. Албатта, бу ҳар кимнинг личний иши-ку, масаланинг бошқа томони ҳам бор-да! Дапустим, шиғирларингизни ўқиган қандайдир аёл сизни яхши кўриб қолди. Сиз у билан жиндай “дон олишиб” қўйдингиз. Аёл шўрлик бўғоз бўлиб қолди. Канечна, сиз унга уйланмайсиз. Аммо туғилган бачага барибир алимент тўлашингиз керак-ку, тўғрими? — Тўппа тўғри! Мана, шаҳардаги ўн тўртта туғруқхонадан маълумотнома! Биронтасида мендан никоҳсиз туғилган бола қайд этилмаган! — Йў-ў-қ, укажон, сиз гапни чалғитманг! Мабодо ўша аёл шўрлик шарманда бўлишдан қўрқиб, бачасини болалар уйига ташлаб кетган бўлса-чи? Бу холда сиз злостний неплателшик бўласиз! Билиб қўйинг! — Бунгаям маълумотнома бор. Марҳамат! — Кўрайликчи? Хў-ў-ўш... “ДНК”. Нима дегани бу? Давлат назорат қўмитасими? — Йўқ, ДНК ирсиятни аниқлайди. Биронта етим боланинг ирсияти меникига мос келмас экан. Текширтириб кўрдим! — Иби ҳа-а-ай! Оббо укажоней! Оббо маладес-ей! Келинг, бир нарсани очиқчасига гаплашиб олайлик. Шунча шиғир ёзган шоир... — Шоир эмас, ёзувчи. Шиғир эмас, ҳикоя... — Ҳай, нима фарқи бор? Шундай шоир наҳотки биронта бегона аёлнинг қўлидан тутмаган чиқсангиз? — Мана, маҳалла хотин-қизлар қўмитасининг маълумотномаси! Ўқинг! Овозингизни чиқариб ўқинг! — Ҳай, ўқисак-ўқибмиз-да! “Берилди маълумотнома шу ҳақдаки, Бештепа мавзеси, Ўнтепа кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Тешабой Болтабоев ўзининг законний хотинидан бўлак биронта аёлнинг қўлидан ҳам, оёғидан ҳам ушлаган эмас. Мингтепа маҳалласи хотин-қизлар қўмитасининг раиси. М.Жабборова”. — Иложи бўлса манави маълумотномани ҳам папкангизга тикиб қўйсангиз. — Нима экан бу? — Қўшимча справка. Ўқинг. — Ўқиймиз. Абизателна ўқиймиз! “Биз қайси эр қачон ичиб келиб хотинини дўппослашини, қайси хотин эрини камандировкага жўнатиб, “шеф”ини “меҳмон қилишини”, кимнинг остонасида эрталаб шприц ётиши, қайси хонадонда кечаси билан гумбур-гумбур музика жаранглаб, базми-жамшид бўлишини беш қўлдек биламиз. Гарантия бериб айтамизки, Тешабой Болтабоевларнинг оиласидек намунали оила йўқ. Эр-хотин иноқ. Болалари одобли...” “Етмишдан — тўқсонгача” очиқ турдаги кампирлар жамиятининг аъзолари: Халча Шарипова, Лариса Ивановна Петрова, Нонна Георгиевна Гаприндашвили, Сара Моисеевна Абрамова, Аза Ароновна Амбарцумян, Гулисиймо Маматзода, Оксана Тарасовна Харченко, Лидия Ким, Розия Тухватуллина ва бошқалар. Жами ўн етти имзо”... Ҳай, майли, укажон, бу спарапкаларга ишондик. Аммо эркак киши “шўхлик” қилса маҳалласида қилмайди-ку. Мана ўзимиздан қиёс. Тўғрими? Мухлискаларингиз маҳаллангизда бўлмаса, четда бордир? — Унисигаям “спарапкам” бор. — Йўғ-е! Қани, бир кўрайлик-чи! Ҳа-а-ай! “Берилди ушбу справка отгинанг ўчгур Тешабой Болтабоевга шу ҳақдаки, бу урод импотентми, десам, импотентга ўхшамайди. Қомат зўр. Маскулатура — “туши свет!” Аммо фирмамизнинг олдидан неча бор ўтиб, бирон марта қайрилиб қарамайди, сволоч! Бунисиям майли, яқинда бизнесимизга халақит бериб, “Сенлар ёшларни бузаяпсан, газетага ёзаман”, деб угроза қилди, несчастний! Службамиздан пастаянний текинга фойдаланадиган клиентимиз “Босс”га айтиб таъзирини бердирмасам Мама Роза отимни бошқа қўяман! “Висол” масъулияти чекланган ташкилотга қарашли “Хизмат-беминнат” фирмасининг генералний директори М. Р. Қўшшаева”. Вой укажоней! Вой маладесей! Буёғиниям — спарапка қилиб қўйганман, денг! Қойил! Қойил! Энди... Битта серёзний гап, укажон. Бир иш қиласиз. Бештепа мавзеси, Ўнтепа кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Тешабой Болтабоевнинг қўлидаги ҳамма спарапкалар аслига тўғри”, деган маънода биттагина спарапка олсангиз олам — гулистон! — Бунақасини кимдан оламан? — Биздан-да, укажон, биздан! Биласиз, мушук тугул чумоли ҳам текинга офтобга чиқмайди. Менга бор-йўғи эллик минггина берсангиз, спарапка “сем милитда” қўлингизда бўлади. Нақд ўттиз олти минг ганаралингизни олиб, бошингиз оққан томонга кетаверасиз! Келишдикми?