ФАХРЛИ СУРАТ
Таниқли ўзбек санъаткори, ҳофиз Икромжон Бўроновнинг эндигина санъат боғига кириб келаётган ёшлик чоғлари эди. Ўзбекистон телевидениеси биринчи программаси режасига кўра, ёш санъаткорнинг қўшиқ айтиш куни белгиланганди.
Икромжон айтилган вақтда етиб келди, аммо ҳарбий кийимда бўлганлигидан режиссёрнинг чакаги очилди:
– Бу қанақаси бўлди? Нима, қора шим-костюмингиз йўқми?!
Шундан сўнг режиссёр ёш ходим Муҳаммад Расулдан илтимос қилди:
– Ука, галстук ва костюмингизни бу кишига бериб турсангиз…
Муҳаммад Расулнинг кийими ориқ жуссали Икромжонга мос келди. Аммо семиз ва қориндор режиссёр Далавой аканинг ҳофизга бериб турган оқ кўйлаги жуда катта эди. Кўйлакнинг орқасидан йиғиб, гугурт қутиси билан танғиб қўйишга тўғри келди. Қўшиқ тугагунгача қўшиқчи ва режиссёр кўйлакнинг бўшаб кетишидан қўрқиб туришди.
Хайриятки, барчаси кўнгилли ўтди. Ҳаммадан кўра, ёш ходим Муҳаммад Расулнинг вақти чоғ эди. Чунки шу дақиқалар ичида у санъаткорнинг ҳарбий кийимида расмга тушиб олишга улурганди.
СТУДИЯДАГИ ХИРА ПАШША
Шоир, журналист ва ёзувчи Муҳаммад Расул Ўзбекистон Марказий телевидениесида муҳаррир вазифасида иш бошлаган кезлар эди. Одатдагидек бугун ҳам тўғридан-тўғри эфирга узатиш дақиқалари бошланди. Биринчи дастур дикторлари Ўктам Жобиров ва Насиба Қамбарова республика қишлоқ хўжалиги дала ишларининг бориши тўғрисида навбат билан гапирар эканлар, Шароф Рашидов номидаги илғор хўжаликнинг пахта Усталаридан бирига сўз беришди. Эгнида китель, бошга янги дўппи қўндирган виқорли пахтакорга ўзини қандай тутиш ва гапириш тўғрисида экранда кўринмаган муҳаррир имо-ишора қилиб турибди.
Деҳқон «нутқи»ни бошлади:
– Ҳурматли ўртоқлар! Биз жонажон коммунистик партиямиз кўрсатмаларини оғишмай турмушга…
Шу пайт студияга кириб қолган чивин (мағилмак) унинг ўнг қулоғига ҳужум қилди:
– F-и-и-нг, ғи-и-нг…
Саркор бошини чап томонга қайирганча, ўнг қўли билан ҳайдаган бўлди ва сўзини давом берди:
– …оғишмай турмушга татбиқ эта бориб, бир ёқадан бош чиқарган ҳолда…
Бу гал сабил қолгур чивин чап қулоғи томонга «реактив самолётдай» ҳужумга ўтди. «Нотиқ» энди ўнг томонга бурилиб, чап қўлини силкитди. Ёш муҳаррир эса, имо-ишора билан унга уқтирмоқчи бўларди: «Озгина чидаб беринг, у ёғи-бу ёғи битта пашша-да! Эфир вақти ҳам тугаб боряпти!».
Ногоҳ студияни гир айланиб чиққан чивин муҳаррир имо-ишорасига маҳлиё бўлган деҳқоннинг бурнидан қон сўра бошлади.
– Ҳе, падарингга… – «нотиқ» шапати тушириб, бурнидаги чивинни эзиб ташлади.
Дастур тугаб, уйга қайтаётганларида студия директори Муҳаммад Расул, Ўктам Жобиров, Насиба Қамбароваларни ўз ҳузурига чорлади. Одатдагидек қисқа суҳбат бўлди:
– Хўш, значит, сиз эндигина иш бошлаган муҳаррирсиз, сизлар эса, тажрибали дикторлар, бугунги намойиш эса, ҳе… шунча одам битта пашшани деб…
Хулоса, директор уларни ишдан ҳайдашини эълон қилди…
Туни билан ухлай олмаган Муҳаммад Расул ишдан кетиш тўғрисида ариза ёзиш хаёли билан эрталаб студияга келганида Ўктам Жобировни хушчақчақ ҳолда кўриб, ҳайрон қолди. Таниқли диктор деди:
– Ука, Марказкомга телефон қилгандим, ишлайверинг, дейишди.
– Мени-чи, ака, айтмадингизми?
– Айтдим, ука, айтдим. Ишни худди аввалгидай давом бераверинг…
Маълум бўлишича, ўз ходимларини шу тариқа «ишдан ҳайдаш» студия директорининг «хоббиси» (яхши кўрган одати) экан.
Муҳаммад Расул енгил уф тортди.
ДЎРМОН ЧОРВАЧИЛИК БОҒИМИ?
Дўрмонда ўзбек шоир ва ёзувчилари ҳордиқ чиқариб, қаламини чархлайдиган ижодкорлар боғи бор. Бу ажойиб масканда жуда кўплаб асарлар ёзилиб мухлисларга тақдим этилган. Ижод аҳли ҳаётига боғлиқ Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Саид Аҳмад, Шодмон Отабек ва бошқа адиблар томонидан ажойиб ҳангомалар ёзилган.
Бир гал Дўрмонда ўтказилаётган тадбирда сўзга чиқувчилар номи бир-бирининг такрорига ўхшаб кетади: Усмон Қўчқор, Раҳмон Қўчқор, Қўчқор Норқобил…
Отахон ёзувчи, адиблар ҳаётидан мунаввар лаҳзаларни қаламга олган Носир Фозилов ёнидагиларга эшиттириб дейди:
– Ол-а! Дўрмонни роса қўчқорлар босиб кетибди-ку!
БОР-Э, СЕН ҲАМ ЎРАТЕПАЛИК ЭКАНСАН…
Янги йил арафасида Тошкентга сафар қилган тожикистонлик шоир Жамшид Пиримов шаҳарда тиш духтури бўлиб ишлайдиган ўғли Фахриддин билан бирга отахон ёзувчи Носир Фозиловни табриклагани боришди. Суҳбат чоғида устоз меҳмондан ўратепалик истеъдодларни суриштирди.
Жамшид аслида Ўратепада туғилиб, Тошкентда яшаб ижод қилган ва қилаётган таниқли адиблар – Пиримқул Қодиров, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Али, Мумтоз Муҳаммедов, Шойим Бўтаев ва бошқалар номини келтирди.
Ҳайратда қолган Носир Фозилов Жамшидга шундай дейди:
– Бу сафар Дўрмон ёзувчилар боғига борганимда, биринчи рўпара бўлган истеъдодлини орқасига бир тепиб, «Э, бор-э, сен ҳам ўратепаликсан» десам адашмас эканман!
ИЛҲОМ ПАРИСИ БИЛАН
Тошкентнинг Дўрмон ёзувчилар боғида хужандлик шоир Жамшид ва каминага алоҳида-алоҳида хоналарнинг калитини беришди. Шинам ва озода хоналарнинг ҳар бирида иккитадан кроват, тумба, ёзув столи, стул, шкаф, умивальник, душ, ҳожатхонаси бўлиб, хуллас, ижод қилиш учун барча қулайликлар мавжуд эди. Хоналарга жойлашишгач, шоир Жамшид деди:
– Ука, икковимизга битта хона етарли экан-ку, а?
– Э, ака, мезбонлар «бу шоирлар ҳам одам, хотини ёки бирор илҳом париси билан етаклашиб келишади деб ўйлашганда, тек турсангиз-чи!» – дедим завқим тошиб.
«ОКА, ХАЛАҚИТ БЕРМАНГ!»
Биз – икки хужандлик ижодкор шоир Жамшид ва камина Дўрмондаги ёзувчилар дам олиш уйидаги икки қўшни хонада ётиб, ҳордиқ чиқариб ижод қилардик. Вақтдан унумли фойдаланган камина «Дўрмон кундалиги»ни ёзишга астойдил берилиб кетгандим. Шу пайт қўшни хонадаги қаттиқ аксирашдан чўчиб тушдим ва унинг аква-деразасини тақиллатдим:
– Ҳўв ока, ҳордиқ чиқаришга, ижод қилишга қўясизми?
– Қўшни, бир кечириб қўясиз-да, энди! – деди ҳазилимга жавобан шоир. – Шу… Арабистоннинг ташриф буюрган иссиғидан нафас тиқилиб, душнинг совуқ сувига тушаверишдан озгина шамоллаб қолганга ўхшайман.
– Унда духтурга кўриниш керак, Дўрмонга путёвкани бепул олмаганмиз, ока! – дея «спектакль-диалог» яхши чиққанидан пиқиллаб кулиб юбордим.
АГАР НИЯТ ЯХШИ БЎЛСА…
Дўрмон Ёзувчилар боғи ошхонасида уч маҳал овқат беришади. Тушлик чоғида шоир Жамшид ошхона хизматчисига деди:
– Синглим, бир чойнак памил чойдан ҳам берсангиз, шу… давлением бир оз тушибди.
– Ока, мана шунинг биттаси қора чой, – деди аёл.
Жамшид менга деди:
– Пиёлага қуйиб кўринг-чи, қайсиси қора чой экан, ўшани мен ичай!
Иккала чойнакдаги чой ҳам кўк эканини кўргач, тошкентча шевада ҳазиллашдим:
– Ока, олинг, ичовуринг, яхши ният қилиб ичсангиз – памилиям кўк чойнинг ўрнига ўтади!
МАҲЛИЁ БЎЛИБ…
Шоир Жамшид ҳамма жойда баланд овозда гапиришга одатланиб қолган. Тошкент метросида ҳам шу аҳвол такрорланди. Ер ости вагонида телефон орқали қаттиқ-қаттиқ гапираётган шоирнинг ким биландир жанжаллашаётганига қизиқиб қолган икки киши – бир йигит ва қиз – ўз бекатларидан ўтиб кетишганини сезмай қолишди. Улар тинчлик эканини билишгач, поезддан тушаётиб, «Ока, хайрият-э, биз бирор воқеа бўлган деб ўйлабмиз» – дейишди.
Иккови шу гапни айтиб, орқага қайтиш учун қарши томон бекатига ўтиб кетишди.
ЎҒИЛ КЕЧИРИМ СЎРАДИ
Шоир Жамшид аканинг Тошкентда тиш духтури бўлиб ишлаётган ўғли Фахриддиннинг «дўм»идаги тинчликка қойил қолдик. Мана, бугун уч кунки, на бирорта машина келади, на болаларнинг овози эшитилади, на…
Лекин… тўртинчи кун деганда тўртинчи қаватда яшаётган шоир Жамшид Арабистондан келган иссиқ ҳаво оқими ва хонадаги кондиционер салқинидан шамоллаб қолиб шундай акса урдики…
«Аква» деразадан пастга қараб турган Фахриддин эндигина ташқарига чиқаётган қўшнининг чўчиб тушгани учун аксираган отаси ўрнидан қўлини кўксига қўйиб кечирим сўради.
ИЗОҲ
Тошкентлик таниқли ёзувчи Шодмон Отабек ва унинг хужандлик шогирди – каминанинг биринчи учрашувини шоир Жамшид узоқ тайёргарликдан сўнг расмга туширди. Аммо… улар орасида энг муваффақиятлиси Шодмон Отабек ва унга ўз китобларини тақдим этаётган чоғдаги бир қўлим акс этган суратим эди.
– Бу қанаrа сурат бўлди! – дедим ранжиб.
Ҳажвчи устоз Шодмон Отабек ҳангома ясади:
– Хафа бўлманг, шогирд! Расмнинг остига «Сиз суратда ёзувчилар Шодмон Отабек ва Ҳаким Зокирнинг муборак қўлини кўраяпсиз» деб изоҳ ёзиб қўйсак – олам гулистон!
ҲАЛИ «ЁШ»…
Хужандлик ижодкорлар – Жамшид ва камина китоб нашр қилиш ва Дўрмонда дам олиш мақсади билан Тошкентга бордик. Ёзувчи Шодмон Отабек ваъдасида туриб 80 километр узоқда жойлашган гўзал Бўстонлиқ туманидаги кўркам, табиати билан машҳур Хумсон қишлоғидан етиб келди.
Ўзбекистон Фанлар Академияси тил ва адабиёт институти ҳамда «Фан» нашриёти биноси олдида уни кутаётган устозу шогирднинг расмини олиш учун Жамшид ака анча машқ қилди.
Ниҳоят, ҳаяжонли маросим – Шодмон Отабек ва камина учрашдик. Аммо шоир Жамшид туширган суратлар жуда ҳангомабоп: бирида каминанинг ўзи йўқ, бошқасида қулоғи йўқ эди.
– Ака, шунча машқ бекор кетди-да, булар қанақа сурат бўлди, энди?
– Ука, ранжиманг, бир қулоғингиз бўлмагани яхши-да, ёмон гапларни эшитмайсиз, – деди Жамшид.
Ҳангоманавис Шодмон ака қўшимча қилди:
– Ҳа, энди ука, Жамшидни кечира қолайлик – «ёш» расмчи-да! Ҳали икки қулоғимиз бор шундай реклама суратлар қиладики, машҳур бўлиб кетсак ажаб эмас.
«БИЗНИ КЎП ҚИЙНАМАНГ»
Чилонзорнинг Гулистон маҳалласида яшовчи тиш духтури Шералининг ўғли вафоти муносабати билан кўнгил сўрашга борган Жамшид ва камина, Фахриддин, Умиджонлар яхшигина суҳбат қурдик.
Шерали ашаддий шеър мухлиси экан. Шеър айтавериб, муаллифини сўрайвериб, бизларни анча қийнаб қўйди. Ниҳоят, Жамшид ака деди:
– Шералижон! Есенин, Пушкин, Висоцкий, Усмон Носирдан кўп шеър ёд билар экансиз, тан бердик, баракалла! Эндиги саволларингизни кейинга суриб турсангиз, эртага набирамиз Шаҳинанинг ТошМИдаги кириш имтиҳонига тайёрланишимиз керак!
«БЕТИ ЙЎҚ»ҚА «СОН ТЕГДИ»
Дўрмон боғи ҳовлисидаги скамейкага йиғила бошладик. Ўртада ёшиям, ўзиям улуғ ёзувчи Носир Фозилов ўтирарди. Шоир Мирпўлат Мирзо даврага қўшилиши билан у қўлидаги «Амударё» журналини унга бериб деди:
– Мана бу журналга шеърларинг чоп қилинибди.
– Қани, қани, кўрайлик-чи, – у журнални варақлай бошлади, – меники нечанчи бетда?
Носир Фозиловнинг лутф қилди:
– Э, сени бетинг йўқ…
Мирпўлатнинг ўзиям устознинг гапидан завқланиб кулди ва шеърларига кўзи тушиб, бошқаларга кўрсатди:
– Бўлди, топдим!
Устоз ёзувчи ўз лутфини жуфтлаганда даврада кулмаган одам қолмади:
– Ҳа, мана, Мирпўлатгаям сон тегди!
«КИРОЙИ АВАРИЯ БЎЛСАНГ…»
Ёзувчи Шодмон Отабек Дўрмонда дам олаётган хужандлик ижодкорларни ўзининг Бўстонлиқ тумани Хумсон қишлоғидаги дала ҳовлисига таклиф этди. Меҳмонларни ўз машинасида шоир Турсун Али олиб борар, унга таниқли шоир Азим Суюн ҳамроҳлик қилиб, 80 километр масофа бўйлаб меҳмонларни гўзал манзарали жойлар билан таништириб борарди.
– Мана бу атрофи қўрғон қилинган жойлар Салим аканинг боғлари, – деди у баланд деворни кўрсатиб.
Меҳмонлар Салим ака деганлари номи чиққан Салимбойвачча эканини дарҳол англаб олишди. Кейинги жойга шоир Турсун Али изоҳ берди:
– Худди шу ерда бир вақтлари автоҳалокатга учраб, ўлишимга сал қолган…
Бу гап ҳангома бошланишига туртки бўлди. Фарғоналик профессор Йўлдош Солижонов ҳаммани кулдирди:
– Гўзал жой экан…
Азим Суюн кулгини алангалатди:
– Авария бўлсанг ҳам, … ҳам киройи жой экан. Ўтган-кетганлар бир тўхтаб, дуо қилиб кетишади…
Машинадагилар Чирчиқ дарёси бўйида жойлашган Бўстонлиқ тумани гўзал манзаралари, дам олиш уйларини томоша қилиб боришарди. Бир пайт йўли бузуқроқ жойни кўрсатган Турсун Али деди:
– Э, ҳали адашган эканман, мана, мана бу ерда авария бўлгандим!
Азим Суюн дўстига тегажоқлик қилди:
– Неча марта автоҳалокатга учрагансиз ўзи. Бир бошга бир … деганлар-ку!
Каминанинг гапидан ҳамма ханда отиб юборди:
– Турсун Али ака, қўйинг бу жойни, ўша аввалгиси гўзал, яхши жой эди. Неча марта бўлсангизам, ўшатта бўлган афзал.
«ЖОЙ ЙЎҚ!»
Тоғ этагидаги Хумсон қишлоғи – Бўстонлиқнинг табиати хуш, Тошкент исиб кетган пайтларда шаҳарликлар салқинлаш учун ўзини урадиган масканларидан бири. Айниқса, араб заминидан ташриф буюрган бу йилги мислсиз иссиқлик Хумсоннинг ҳам гавжум бўлиб кетишига бош сабаб бўлди.
Хумсоннинг ўртасидан кўм-кўк зилол сувли Угом дарёси оқади. Дарё бўйида жойлашган барча хонадонлар дарвозаларидаги «Дача бор», «Жой бор», «Бассейн бор» деган ёзувларни ўқиб бораяпмиз. Хўш, ҳаммасига бир хил гап ёзилган дарвозалардан Шодмон Отабекнинг дала-ҳовлисини қандай ажратамиз? Шундай пайтда кишининг кўз олдига ўзбек ва ҳинд киночилари бирга ишлаган «Алибобо ва қирқ қароқчи» кинофильми келаркан. Қароқчилар сирдан бохабар бўлгани учун Алибобони ўлдирмоқчилар, лекин барча дарвозага бир хил белги қўйилгани учун уни топиш мушкил…
Машина рулини бошқараётган Турсун Али Азим Суюннинг қўлидаги телефонни олиб, Шодмон Отабекнинг манзилини аниқлади ва кулиб юборди:
– Дарвозасига «Жой йўқ!» деб ёзилган экан!
Дарҳақиқат, гап тўғри чиқди. «Жой йўқ!» деб ёзилган дарвозадан ҳангоманавис устоз Шодмон Отабек кулиб чиқиб келарди.
«АГАР ЕЙИЛМАСА…»
Хумсон об-ҳавоси Тошкентникидан бирор ойга фарқ қилса керак. Чунки Шодмон аканинг дала ҳовлисидаги олчалар қизилликдан eтилиб қорая ва туршак-майиз ҳолатига кира бошлабди. Тошкентда ва Хужандда олчаларнинг компотга айланиб, банкаларга қамалиб олганига эса, бир ой бўлиб қолган.
Чой-нондан сўнг Турсун Али ва Шодмон Отабек шахматда куч синаша бошлашди. Жамшид ака мизғиш учун ёнбошлаган бўлса, Азим Суюн ўзини аввалига Угом сувига, кейин ҳовлидаги бассейнга отди.
Фарғоналик профессор Йўлдош Солижонов ва хужандлик камина шахмат ўйинини томоша қиляпмиз. Шу пайт Бўстонлиқ ёзувчилар дам олиш уйининг директори Дадохон Нурий ташриф буюриб, барча дастурхон атрофига йиғилди. Ажойиб дилкаш суҳбат ва мазали ошпаловдан сўнг сафар қариди. Машинага минишаётганда ҳовлидаги қоп-қора бўлиб пишган олчаларни суратга туширарканман, устозим Шодмон Отабекка ҳазиллашдим:
– Хужандга борганда дўстларга кўрсатиб мақтанаман, Хумсонда олча энди пишибди, роса едик деб…
Турсун Али шахматда ютқазган мезбонга тегажоқлик қилганча гапни улаб кетди:
– Ишонаверинг, қишда келсангизлар ҳам бу олчалар шундайича тураверади, териб меҳмонлар билан ейилмагач… – у Шодмон Отабекка «қалай, икки-ю ноль бўлдими?!» дегандай кулиб қўйди.
«ХАТОНИ ТЎҒРИЛАСА БЎЛАДИ»
Азим Суюн (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) истеъдодли шоирлиги билангина эмас, меҳмондўстлиги, қўли очиқлиги билан ҳам танилган. Унинг Дўрмондаги хонадони ва дала ҳовлисига тез-тез меҳмонлар келиб туришади. Майин шабада эсаётган соя-салқин, қувурдан сув отилиб турган боғдаги икки сўрига кўрпачалар тўшалган. Ўрталикдаги оппоқ пластика стол-стуллар ҳам меҳмонларга мунтазир. Бу томонда бир эмас, иккита – катта ва кичик қозон ош пиширувчи капкир эгасини кутяпти…
Ваъдага мувофиқ «бош ошпаз» Жамшид ака шогирдлар ёрдамида ошга уннади… Ниҳоят, катта сопол лаганга мазали, хушбўй ош сузиб келинди. Ошхўрлар орасида ошни ва ошпазни мақтамагани қолмади. «Камтарлик»ни жойига қўйган Жамшид ака охирида деди:
– Мақтаяпсизлар-у, лекин менинг кўнглим бир оз тўлмади-да! Бир пиёла ошмайиз, тўрттагина чеснок, бир стакан нўхат бўлгандами…
– Э, олдинроқ айтмайсизми, ҳаммаси бор эди, мана, бу ёқда қолиб кетаверибди-ку! – деди мезбон Азим Суюн.
Ошпаз деди:
– Парво қилманг, Азимжон, ҳали кетаётганимиз йўқ-ку, хатони тўғриласа бўлади!
«МЕН КУТИБ ТУРАРМАН…»
Дўрмон ижод уйидаги ёзувчи Носир Фозилов хонасидан «Шарқнома» журнали учун унинг янги ҳикояларини флежкасига олиб чиққач, ўз хонамга кўтарилдим. Калитимни қўлга олиб эшикни очмоқчи бўлдим-у, қарасам хонамда кимдир бор. Саломлашиб кирдим. Икки аёл хонани тартибга келтираётгандек бўлиб туюлди. «Хоналарни тозаловчи хотинлар» деб ўйладим ва уларга қараб дедим:
– Майли, сизлар бемалол йиғиштираверинглар, мен китобимни олмоққа киргандим, ташқарида озгина кутиб турарман…
Бир неча дақиқа кутдим. Икки-уч кишининг гаплашганча зинапоядан юқорига кўтарилаётганини кўриб эсхонам чиқиб кетди.
– Ахир, мен учинчи қаватда яшайман-ку, демак, ҳозиргина мен кириб чиққан хона иккинчи қаватда бўлиб, бу аёллар шу хонада туришаркан. Мен эса тўғри бостириб кириб, ўз хонасидагиларга буйруқ бериб, «йиғиштираверинг, кутиб турарман» дебман-а!
Бир зумда терга ботиб ўз хонамга чопдим.
Ҳаким ЗОКИР