Тоғларга эгилиб шоир бўлмайман,
Юрагим ёшини қучганда тупроқ.
Шу тупроқ бор экан, асло ўлмайман,
Шу тупроқ бор экан, ўзим битта тоғ.
Қиличдай ўсаман қуёшга томон,
Қаро булутлардан ўтаман ёриб.
Ва сўзга айланиб кетаман тамом,
Йиғлайман Худонинг қошига бориб:
Мардона руҳ олиб Қуръон каримдан,
Болангдай дод солиб келдим,
ОНА СЎЗ!
Одамзод яралган тупроқларингдан,
Бир дунё лой олиб келдим,
ОНА СЎЗ!
Дунёни бошқармай қўйди эзгулик,
Сўзнинг руҳи ўлди тоғлар мадҳида.
Сўз оддий таомдай бўлди егулик,
Сўзни қул қилдилар дунё ғамида.
Сўз - имон қуроли, хор қилди улар.
Сўз билан ҳаромни кўрдилар баҳам.
Сўз билан шоҳ бўлди нафсига қуллар,
Сўз - ёлғон ваъдалар,
Сўз - ёлғон қасам!
Сўз ёлғон тахтига қўриқчи-посбон,
Сўз қаттол тоғлардан отилётган тош.
Битта ҳақ сўзингни кутиб ол осмон,
Заминни оқизиб кетмасдан кўз ёш.
Болангдай дод солиб келдим,
ОНА СЎЗ !!!
Бир дунё лой олиб келдим,
ОНА СЎЗ !!!
Ғафуржон ТОЖИБОЕВ
Халқаро Турон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси