Ё Ҳақ, дедим, ё Ҳақ, дедим ҳар дамдаман,
Ё Аллоҳим, розимисан, шу ғамдаман,
Гуноҳимларим уммонларга кўпик бўлар,
Нафс ортидан, истиғфорда эҳ камдаман...
Кўзларимга кўрингайдир олам рангин,
Орзуларим, иймонимни титар чангин,
Ғор аҳлидек уйқудамен, турмоқ учун,
Вужудим шол, қилолмайман тоат жангин...
Ридо кийсам, риёларнинг оҳорлари,
Ёлғонларим бу танимнинг оҳ зорлари,
Илинганман кибримнинг тўр, қармоғига,
Кўзларимда сарватларнинг бозорлари...
Дунё ичра ҳузур излаб, ҳасрат топдим,
На муршиду, на оҳимга ҳикмат топдим,
Қўл тутмадим на насиҳат, пандларга мен,
Иззат излаб, лаззат излаб, иллат топдим.
Ё Ҳақ дедим, ё Ҳақ дедим, Ҳаллоқ Эгам,
Қодир Эгам, Барҳақ Эгам, Раззоқ Эгам.
Ҳузурингга бошим эгиб келдим, ожиз.
Нодон қулинг аҳволига бир боқ Эгам...