Найти в Дзене
Илҳом ШЕР

ЁШЛИК ШЕЪРЛАРИ

Рауф Парфи




***

Кундуз ўйга чўмар. Тун яқин.

Осмон янглиғ оқшом шарпаси —

Олис уфқ сўнгида ёрқин

Куннинг қизил шоҳи пардаси.

Кечки қуёш турмаклар сочин,

Жозибали бўлар эртага!

Ана кўк ҳам маржонлар сочди —

Кенгликларнинг мовий эртагин.

Далаларда эсар шаббода,

Эгилади нозик чучмома,

Ялпизларнинг баргидан шода –

Шода шудринг жимгина томар.

Жозибали бўлар эртага.

Севги фасли асл ва бедоғ.

Кумуш ҳаволардан ўртиги

Гўзаллиги билан яшнар тоғ…

1958

ОЙДИНЛИК

Кундай ёруғ, тундай қора

Экан кўзларинг.

Усмон НОСИР

1.

Ой сузади. Музлаган кеча,

Қор уфурар.

Тумонатда бир юлдуз мунча

Ғамгин турар…

Ғуж-ғуж юлдуз, ой сузар холий,

Боқасанми?

Ишқ дарёси оқар хаёлий,

Оқасанми?

Нима келди шу дам ўйингга…

Ким у? Айт, ким?

Бечора ошиғинг кўйингга

Бандми, айтгин?

Ой сузади. Музлаган кеча,

Қор уфурар.

Туманларда бир юлдуз мунча

Ғамгин турар.

2.

Майли оқшом, майли қор,

Ой ёруғида

Сен порладинг, гўзалим,

Севги — руҳимда.

Ким яширди, ёлғизим,

Тунни кўзингга,

Қор сингари мусаффо

Кумуш юзингга?

Олисда ял-ял ёнган

У нима экан?

Юргин ўша томонга,

Эй, романтика.

Майли оқшом, майли қор,

Ой ёруғида

Сен порладинг, гўзалим,

Севги — руҳимда.

1960

“Чўли Ироқ”

Ерга туташ уфқ жимиллар,

Қумлоқларда карвон имиллар,

Туяларда ҳазин қўнғироқ:

Чўли Ироқ, чўли Ироқ –

Буюк Макка-Мадина имлар.

Поёни йўқ тумтайган саҳро

Узра хурмо ўсади танҳо,

Хурмо ости тип-тиниқ булоқ:

Чўли Ироқ, чўли Ироқ –

Юрак чаппак чалади чанқоқ.

Оҳ, беҳуда севинар карвон,

Одам учун энг ширин армон –

Ўша булоқ, қуриган бироқ,

Чўли Ироқ, чўли Ироқ,

Йўли йироқ, кўп ёмон…

1960

Она тил

Мой царь! Мой раб! Родной язык!

В. Брюсов.

На жозиба, на ажиб рангу,

Ва тириклик мафтунинг мангу,

Зар бер, мезбон, меҳмонинг ман-ку,

Шодон дамим, ғамим, она тил.

Гўдак экан, бўлгандим ҳайрон,

Баъзан бузиб сўзлаган замон,

Шунча фикр қиларми ниҳон,

Шодон дамим, ғамим, она тил.

Қулоғимга алллалар айтдинг,

Ширин-ширин яллалар айтдинг,

Бари ёдда сан налар айтдинг,

Шодон дамим, ғамим, она тил.

Навоийни ўзинг ҳимоя

Эта, сочдинг дур бениҳоя,

Олами лол, эй сахий доя,

Шодон дамим, ғамим, она тил.

Шаҳарларни қирғин қуритган,

Қаро тупроқ, минг афсус, ютган,

Асрлардан лекин бут ўтган,

Шодон дамим, ғамим, она тил.

Жанг-жадалда заҳрим, ҳамдамим,

Зимистонда энг порлоқ шамим,

Сен борсанки, йўқ менинг ғамим,

Шодон дамим, ғамим, она тил.

1961

***

Ширин ухлар тонг чоғи гўдак,

Ухлар гўдак ё тонг кўксида.

Ёки гўдак қучоғида тонг

Ухлар ширин ва осуда.

1962

***

Ғунчалар пуштиранг ва заъфар

Зангори япроқлар шаҳрида.

Ғунчалар орзумдек ҳар сафар

Ғунчалар қалбимнинг бағрида…

Қалбимнинг бағрида бир жаҳон

Ғаройиб эртаклар айтади.

Мен қайтиб келмасман ҳеч қачон,

Ғунчалар, албатта, қайтади.

1963

ИСИКАВА ТАКУБОКУ ХОТИРАСИГА

Ҳасратимнинг

Суюқ тошларидан

Даҳма қурмоқчиман

Ўзимга.

Ичида ўз жасадим бўлсин.

1963

* * *

Ёмғир эмас, марварид ёғар,

Ёмғир — кеча шаклинда бу он.

Сув сингари жилдираб оқар,

Кеча кечар шод ва беармон.

Баргларда рақс этар шаббода.

Ўйнар сабо шаклинда кеча,

Тун булутга кўтариб бода

Афсоналар айтар тонггача.

Танизорим игна учинда

Кўзларимда порлар қора нур.

Менга кеча ёмғир ичинда

Машъум хаёл каби кўринур,

Рухсорини ювган кечада

Мен билмаган яланғоч шуур.

1963

***

Деразамдан урилади қор,

Жаранглайди жарангсиз кумуш.

Деразамга урилади қор,

Қор сингари оппоқ бўлди туш.

Бир ажойиб қор ёғар бу кеч,

Учиб тушар менинг ёнимга…

Мен-ку сени ўйламасман ҳеч,

Сен тушасан аммо ёдимга…

1964

* * *

Мен ўткинчи, мен фақат меҳмон,

Даргоҳингда, эй туркий тилим

Менга бир шеър керак эй, мезбон,

Ёзилмаган шеър эрур дилим.

Айтгил нечун бунчалар қизиқ,

Эски жаҳон, бу эски жаҳон.

Бир шеър керак нон каби иссиқ.

Менга бир шеър керак, эй мезбон.

Мен ғарибман ва сен беомон,

Сен Қуёшсан, мен сўнган чироқ.

Қийнамагил мени, онажон.

Сен — абадий, мен — лаҳза, бироқ

Итоат эт менға шул замон,

Ё айлагил телбани тупроқ.

1964

***

Бу кун бир туш кўрдим. Тушимда

Бухорода юрган эмишман.

Юксак миноралар бошимда,

Оёқларим остида гулшан.

Бухорода юрган эмишман,

Мен-ла бирга юрармиш қуёш.

Эрир эмиш, оқар паришон

Муз асридан омон қолган тош.

Юксак миноралар бошимда

Менга ҳасад билан боқармиш.

Асрлар бир дамдай қаршимда

Зангор олов бўлиб оқармиш.

Оёқларим остида гулшан —

Қайноқ оловларнинг давоми…

Бухоро зангори гул ушлаб

Мени асир этди тамоман.

Ул айирди мени ҳушимдан —

Юрагимни курган эмишман…

Букун бир туш кўрдим. Тушимда

Бухорода юрган эмишман.

1964

***

Оғушига олар кундузни

Кундуз каби бу ёруғ кеча…

Кечаларнинг кечалик ёди

Аста тонгнинг майидан ичар.

Кузатиб қўй тунлар ёдини…

1964

* * *

Дарё мавжларига ёзилмиш ғазал,

Майсалар эгилиб ўқийдир китоб.

Шодланиб хандалар отар бир лаҳза,

Бир лаҳза оҳ тортиб қўядир офтоб.

Қамишлар шивирлар дарё томонда,

Кўкда оқ булутлар кезар бемажол.

Бир тирик нафосат борлиқ, жаҳонда,

Кимгадир эланар, қилар илтижо.

Бу қадар гўзаллик қайси очунда,

Бу қайси китобдир, кимнинг дафтари,

Кимнинг оламидир қилич учинда?

Қалтираб порлайдир бир чироқ ғариб,

Бир қушча сайрайдир руҳим ичинда,

Бир қушча йиғлайдир мени ахтариб.

1964

* * *

Дафтардан бир варақ боқади кулиб,

Бевафо келдингми яна бу фурсат.

Соат ҳам уринар қаҳрга тўлиб,

Йўқсан-ку, не учун келдинг, эй сурат?

Қаттиқроқ урпнар янада соат,

Янада буруқсаб ёнмоқда чироқ.

Тун қуши ўкириб қилар ибодат,

Деразам ортидан эгилиб шу чоқ.

Қорайиб ёнарсен зулмат йўлинда,

Юрагимда ёниб битган севгилим.

Ўчган хотиралар ўнгу сўлимда.

Дафтардан расмингни олганман юлиб,

Суратсиз шу варақ менинг қўлимда,

Суратсиз варақда сен борсан, гулим.

1964

* * *

Ҳаёт уммонида бир-бирин билмай,

Шундай, биз тўқнашиб қолдик дафъатан.

Ўзинг айт, не қилай, айтгил, не қилай,

Қандай айрилайин энди мен сандан?

Шўрпешона ишқни толега йўйиб,

Жимгина тақдирга берганимда тан.

Ишончу армонинг кўксимга ўйиб,

Довдир ҳаётимга кириб кетдинг сан.

Сенинг кўзларингга қилдим илтижо,

Бўлмай, деб энг сўнгги меҳрдан йироқ.

Инонгил, бу севги эмасди, асло.

Алданиб ўрганган дард эди бироқ.

Ўртада англанмас қисмат—муалло,

Ёлғизлик ошёни, абадий фироқ.

1964

* * *

Мен биламан, вужудинг бўзлар,

Бағринг ёнар саёқ ўғлингга.

Сени ўртар бир оғир сўзлар,

Ахтариб чиқарсан йўлимга.

Кўчаларга қарайсан ҳар зум,

Кечаларни оқлайсан, она.

Гуноҳкорман ёлғиз мен ўзим,

Яна мени оқлайсан, она.

Очиқ ётар токчада китоб,

Очиц ётар менинг дафтарим,

Унда кезар мангу изтироб.

Тубанликда ёсуман жари.

Шўрлик ўғлинг бир умр бетоб

Синган сози, синган ханжари.

1964

***

Айланиб тушар қор

йўлимга,

Қўлингни қўйгил, ёр,

қўлимга.

Сен қолдинг муҳр каби

лабимда,

Сен — бир дард асабий

қалбимда.

Кўзимга беркитай

ва лекин

Ёшдай оқиб кетма,

севиклим.

1964

***

Бир сўз бор

Беғубор тонг каби гўзал,

Тонг чоғи очилган ғунча каби,

Ғунчада шабнам каби мусаффо.

Ширин туйғуларнинг

Ширин фарзанди,

Осмон каби бепоён кўзлар севинчи янглиғ

Бир сўз бор.

Бир сўз бор.

Ҳақиқат сўзидан ҳам юксак

Ҳақиқатнинг ўзидан ҳам юксак,

Бир сўз бор…

1964

***

Балки ўчган эдим ёдингдан,

Ширин хаёлингни буздимми?

Лайло, Лайло, сенинг ёнингда

Япроқ каби кўрдим ўзимни,

Ширин хаёлингни буздимми?

Сени ўйлаб келмайдир уйқу —

Қора туннинг ўзга сеҳри бор.

Тушларимда топай деб гулрў,

Мен ухларман мангу, эҳтимол.

Гўзал тушлар тилайман, Лайло…

Яна пайдо бўлдинг йўлимда,

Яна йўлларингда бўзладим.

Бечора қалб сенинг қўлингда,

Кўзларингда менинг кўзларим.

Нечун пайдо бўлдинг йўлимда?..

1964

ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ

Учқур отим оғир-оғир ҳансирар,

Ола кўзларига олам қоронғу.

Мендан тилсизгина бир нарса сўрар,

Ёлбориб фикримга термулади у.

Ажал, бошимизда кезма сарсари,

Йўлимизнп кесма, эй ёвуз шамол!

Узоқ-узоқлардан келамиз ҳориб,

Манзил ҳам ярқираб кўринди алҳол.

У манзил бағрида сўнгги йўқ сирлар,

Ташна дунё ётар ҳали ўксиниб,

Ўқчир отим ва тишлари ғижирлар,

Оҳиста тупроққа босар кўксини,

Унинг изтироби мени ғижимлар,

Унинг кўзларига кўмдим ўзимни…

1965

ҲАМЛЕТ

Сўлдирма! Дунёга шафқат ил, қизғон.

Шекспир

1. Фақат виждон билан ўртанар Ҳамлет,

Дониё зиндонга қараб турар лол.

Биз ҳам шу саҳнага тикиламиз тек,

Шундайин ўртайди қадимий савол.

Ҳамлет севгисига содиқ қоларди,

Садоқат нелигин биларди, бироқ

У ёлғиз вафони ёлғиз хоҳларди,

Эвоҳ, жафо ундан минг карра кўпроқ.

Шоир, етолмайсан унинг додига,

Ҳамлет юрагида алам ва кадар.

Етар… Офелия, қайт ҳаётингга.

Инонмоқ истарди сенга нақадар.

Инонмоқ истарди башар зотига,

Ундан кўрмасайди ёмонлик агар.

2. Бош эгиб тонглардан тонгларгача то

Виждон шевасига ташбеҳ излаймиз.

Одамда виждон ҳам бўлмасми, ҳатто!

Сўзлаймиз, жигархун бўлиб сўзлаймиз.

Сен, эй сен хилқатнинг ёвуз бандаси,

Не бало солгайсан маъсум бошларга,

Бўғилиб ётгандир виждонинг саси,

Бошингни ёрсанг-чи уриб тошларга…

Замондошим менинг, жафокаш Ҳамлет,

О, дўстим, дунёда хунхорларни кўр,

Ожиздир бу қалам, ожиз тасаввур.

Қонлар оқмоқдадир, сўнмоқдадир нур.

Турибсан-ку давр билан бетма-бет,

Наҳот изтиробда доим тафаккур?!

3. Буюк жиноятчи, буюк қаҳрамон,

Буюк асримизда кўрсанг-чи буни…

Етим қилмас мени муқаддас имон,

Собит орзуларим айтур ҳукмини.

Қара, қайлардадир ер рапги—шафақ,

Қариган қайғулар судранар ғижим.

Ҳамлет кўзларини юммоқда… фақат

Сесканиб, шакланиб тўлғонади жим.

Юмилган кўзларда бешумор очун,

Кўкарган лабларда айтмаган сўзи,

Сен-да кетарсанми, о, Ҳамлет нечун?

Кимларга ишониб кетарсан, дўстим.

Наҳот етар сенга Ёвузлик кучи?!

Йўқ, сени ўлдирди шоирнинг ўзи…

1965

* * *

1. Ясатиб қўйибдир сснга бир дунё,

Орзиқиб кутадир букун юрагим.

Менинг юрагимга келгил, марҳабо,

Менинг юрагимга келгил, малагим.

Ошиқлар бахтини топадир бунда,

Келгил, афсоналар айтмоқда боғлар.

Азиз бошинг узра ялтираб кунда,

Олтинга айланар куйчи япроқлар.

Меҳрибон елларнинг қанотларида,

Қани юр, борайлик лола тергали,

Ғаройиб гулларим бордир нарида.

Гулим, кўрмагансан умрингда ҳали,

Инон, от ўйнатиб бир тонг маҳали,

Сарбозларим келар Ғиротларида.

2. Зангор тўлқинларда отармиз қулоч,

Яна-да кетармиз йироқ-йироққа.

У ерда тун йўқдир, абадий Қуёш,

Нурларин сочадир она тупроққа.

Қарагил, нақадар тиниқдир осмон,

Ундан-да, гўзалдир, ундан ғаройиб.

У ерга қора куч йўламас асло,

Булутлар қайғудан кетмас қорайиб.

Балки шоирдирман, бир ошиқ куйчи

Сени севмак учун тушганман ерга.

Қани, қўлларингни қўлимга қўй-чи.

Менинг юрагимга кетайлик бирга,

Сира ҳам у ердан келмайлик кўчиб,

Аччиқ тажрибалар ортиб тақдирга.

1966