Бир кунда неча бор
турланар осмон,
Ёғмасанг,чанг босиб
кирланар осмон.
Камалакдай кулсанг,
нурланар осмон,
Кел,
менинг қошимга
ёмғир бӯлиб, кел!
Бир қатра сувга зор
бӯз даладайман,
Бӯз ерда бӯзлаган
бӯзболадайман.
Ҳосили ёмғирга
ҳаволадайман,
Кел,
менинг қошимга
ёмғир бўлиб, кел!
Томчи бўлиб келгин,
қошимга қўнган,
Қошимдан сирғаниб
бўйнимга томган.
Бўйнимдан сирпаниб,
қўйнимга сингган,
Кел,
менинг қошимга
ёмғир бўлиб, кел!
Ўнгимга ўнгласа
ситамлар тиғин,
Чапимга санчилар
кўнглим синиғи.
Бўғзимни куйдириб
кетмасдан йиғи,
Барига шифо бўл,
сувлар тиниғи,
Кел,
менинг қошимга
ёмғир бўлиб,кел!
Бир кунда неча бор
турланар осмон,
Билмайман,недандир
орланар осмон.
Авзойи бузилди,
қорланар осмон,
Музларим эритиб,
сақлашга омон,
Кел,
менинг қошимга
ёмғир бўлиб,кел!