Абдуллоҳ ЮСУФ (ижодидан)
Қалтироқ юрагим қўрқиб уради,
Қўрқувдан қўрқитиб қарайди кўзим.
Ичимда нимадир изғиб юради,
Нимадан... нимага қўрқаман ўзи?
Билмайман кимми ё нимами душман,
Алвасти сифатми ажинасимон.
Асабим торларин мижиқлаб муштлаб,
Қалбимга... қалбимга уради ёмон!
Мен яна қалбимнинг парчаларидан,
Вужудим бағрига сачраб кетаман.
Қочолмай, чиқолмай қўрқув жаридан,
Ўзимнинг ўзидан ажраб кетаман.
Аслида қўрқувим ўзимдир балки,
Соямдай титраган титроқ кўрмадим.
Даҳшатим даҳшатли кўзимдир балки,
Ўзимдан қўрқинчли қўрқоқ кўрмадим.
Қўрқувлар қўрқитар теграмни ўраб,
Ичимга илвираб қўрқув тўлади.
Қўрқувдан қовжираб қўрқувга қараб,
Қўрқитсам қўрқувдан қўрқиб ўлади!
Нимадан, нимага қўрқаман яна...
2020-йил