МАЛИКА ТАВФИҚ ШЕЪРИЯТИ.:
Тушларимга кирасан бот-бот,
Сўнг кунларим бўлар фаромуш.
Сен Машриқда кечирсанг ҳаёт,
Мен Мағрибда юрурман ҳомуш!
Тушларимга кирасан бот-бот,
Ағдар-тўнтар қилиб боримни.
Сен суймаган ёрла умрбод,
Мен ардоқлаб суймас ёримни!
Тушларимга кирасан бот-бот,
Қадамларинг қилиб ранжида.
Тонглар бахтим бўлади барбод.
Яна хижрон исканжасида!
Тушларимга кирасан бот-бот,
Сўнг тумандек тарқайсан яна.
Армонларни этганча барбод,
Ўнгимда кел бир кечагина...
Малика Тавфиқ
* * *
Менмидим кўнглингда барқ урган чаман,
Ва, ё, оёғингда топталган майса?
Менингдек йўлингдан тошларни терган,
Менингдек аҳдига содиқ топмайсан!
Менмидим, ордан ҳам, ғурурдан кечиб,
Сенинг мушкулинга чора излаган?!
Аччиқ соғинчларнинг бодасин ичиб,
Ўзини "сенсираб", сени "сизлаган"?
Менмидим, ханжардек сўзларга чидаб,
Кўксидан қон оққан, кўзларидан ёш?
Менмидим, гуноҳкор болага ўхшаб,
Келар жазоларга бераётган дош?
Менмидим, сенгина нодондан мудом,
Бир қатим меҳрни кутиб толмаган.
Азалий қўшиқдек этгану давом,
Сени дер кўнглидан кеча олмаган?
Менмидим, ҳислари осмондан улкан,
Сўрасанг, умрини қилгучи тортиқ?
Менмидим, жавоб бер виждонинг билан,
Сени яхши кўрган жонидан ортиқ?
Билмадинг!
Билишни истамадинг ё,
Қадримни устидан юрдинг бемалол!
Аммо, тугамади ҳали бу Дунё,
Мени ҳам севарлар ҳали, эҳтимол!
Севгимга ҳиёнат қилган бўлсанг ҳам,
Олий бахт тилайман, тилайман иқбол!
Мендан ортиқ севган юраклар билан,
Мени деёлмаган кўнглинг билан қол!
Малика Тавфиқ
Улгурдимми ҳаётингизда,
Нурли-нурли излар эккани,
Кўнглингизни эшикларини, киприкларим билан қоққани?!
Улгурдимми бир бор бўлса ҳам,
"Оҳ", дейишлик шарофатини.
Ва ё, "СЕНИ СОҒИНДИМ!" - деган,
Изтироблар мукофотини?!
Улгурдимми?
Тунлар уйғониб,
Ҳолингизга ҳайрон бўларга,
Ажаб, не-не гўзаллар қолиб,
Менинг ишқим билан ёнарга?!
Улгурдимми,
осмонингизда,
Энг ёруғ юлдузга ўхшашга,
"Сени унутмоқлик иш эканми!"- деб,
Ўзингизни алдаб яшашга!
Улгурдимми?!
Қўлларингиз мушт,
Ўзингиз ҳам англамас ғазаб?!
Кумушини ўлдириб қўйган,
Қодирийнинг ҳолига ўхшаб?!
Улгурдимми,
Бефарқ, бемеҳр,
Муз юракни ўтда ёққани,
Бир лаҳзага, бир сонияга,
Улгурдимми сизга ёққани?
Малика Тавфиқ
✨ 𝐓𝐞𝐥𝐞𝐠𝐫𝐚𝐦 | МАЛИКА ТАВФИҚ ШЕЪРИЯТИ.
* * *
Ёмонлар йиғлатса олиб ёнимни,
Жонингда авайла ширин жонимни,
Ўзингсиз кунларга ишонма мени,
Ўзингсиз қолдирма бирон онимни!
Мен сени ҳеч кимга бермайман деб айт,
Бошимда минг қуёш порласин шу пайт.
Сўзларинг қўшиқми, ё чиройли байт,
Ўзингсиз қолдирма бирон онимни!
Қўлингдан қўлимни қўйма умрбод,
Сенингсиз татимас менга бу ҳаёт,
Фалакни тутмасин десанг гар фарёд,
Ўзингсиз қолдирма бирон онимни!
Сен йўқ лаҳзаларга етмас бардошим,
Эй кўзи жодули, эй қалам қошим,
Дарёлар ичмасин десанг кўз ёшим,
Ўзингсиз қолдирма бирон онимни!
Ҳаётим ёритсин юзинг шуласи,
Боғнинг атиргули, тоғнинг лоласи,
Мен ҳам бир мўминнинг ёлғиз боласи,
Ўзингсиз қолдирма бирон онимни!
Малика Тавфиқ
* * *
Кел, барини бошлаймиз бошдан,
Қўй, қийнадик кўнгилни ғашлаб.
Ва юракни ясатиб тошдан.
Бу сафар мен кетаман ташлаб.
Сен бўласан бу сафар мажнун,
Ҳижрон сени тутади ўққа.
Мен барига ясайман якун,
Чиқараман барини йўққа!
Кел, бошқатдан бошлаймиз...
Бу гал,
Чин севасан, мен эса ёлғон.
Сен бўласан йўлимга маҳтал,
Мен бўламан димоғи осмон!
Ва бу сафар севдиргунимча,
Пойинга гул ташлайман тўшаб.
Ёнганмидим сен деб озмунча,
Жони текин телбага ўхшаб?!
Энди келсин сенга ҳам навбат,
Шундай севки, чидаб бўлмасин!
Менга ўйин бўлсин мухаббат,
Сенда бошқа чора қолмасин!
Кел, боооошидан бошлаймиз,
Кейин,
Ширин сўзлаб сени этгум ром.
Сўнг меҳрсиз қўйиб атайин!
Сени барбод қилай батамом!
Кўнгил шахринг дарвозасин оч,
Оқ байроқни қўй баланд илиб.
Кейин майли қайга қочсанг, қоч,
Энг раҳмсиз ёвлигим билиб!
Кел, бошидан бошлаймиз,
Қўрқма,
Мен сенчалик ваҳший эмасман!
Ташлаб кетсанг ўламан дема,
Мен қон ичиб, юрак емасман!
Мен сенчалик ваҳший эмасман!
Малика Тавфиқ
Мухаббат аслида муқаддас манзил,
Бориб-қайтадиган йўллар қолгани,
Сени яратганми Парвардигорим,
Сен суймас ёрларга армон бўлгани.
Мухаббат аслида жазодир жоиз,
Мухаббат аслида Аллоҳнинг хукми.
Шу гўзал, мафтункор туйғулар боис,
Баъзи умрларнинг адоғи йўқми?!
Мухаббат!
Исмининг ўзида не сир,
Жисмининг ўзида олов ватани!
У сени яшашга этади қодир,
У сени етаклаб борар ўлгани!
Мухаббат аслида қоядаги қор,
Илдизни қучоқлар тупроқ ҳам ўзи.
У асли Алпомиш йигитдек виқор,
У асли санамнинг жодули кўзи!
Мухаббат, ооо, сенинг қудратингдан лол,
Шеър бўлиб тўкилиб кетганлар қанча.
АЙТ, МЕНИНГ БОРЛИГИМ КЕЛМАСМУ МАЛОЛ,
СЕНГА ШЕЪР ЎҚИСАМ ТОНГ ОТГУНИЧА...
МУХАББАТ!
Малика Тавфиқ
Сенсизлик қаърига отилган жоним,
Соғинч эвазига сотилган жоним.
Унинг жинояти сени севгани,
Шул сабаб ҳукумсиз отилган жоним!
Азоб, оғриқлари сенга ёт мутлоқ,
Томирлар ичида момақалдироқ.
Агар бўлмаганда Аллоҳнинг раҳми,
Наҳангдек домига ютарди фироқ!
Сенингли дунёни тиланган жоним,
Андуҳлар қонига беланган жоним.
Танамда борлиги Аллоҳнинг изми,
Бир учи ишқингга уланган жоним!
Бисоти борлигинг, дунёси боринг,
Қайдадир мавжудми мендек хуморинг?
Жоннинг узилмоғи сендан эмасу,
Тирик юрмоқлиги сенинг қароринг!?
Хоҳиш, истакларин шеър қилиб айтиб,
Васлу-висолингни қистаган жоним!
Берган азобларинг жонидан ўтиб,
Танамдан кетарни истаган жоним.
Малика Тавфиқ
✨ 𝐓𝐞𝐥𝐞𝐠𝐫𝐚𝐦 | МАЛИКА ТАВФИҚ ШЕЪРИЯТИ.
Йиғламанг, бу дунё шундай яралган,
Ашку, жолангизга арзимайди у.
Беш кунлик меҳмонга кўзи қадалган,
Гўёки ҳукмини суради мангу!
Йиғламанг, бу дунё шундай яралган,
Ярми қоронғию, қолгани сиёҳ!
Ўйламанг, зулмга жазо йўқ деманг,
Ҳаммамизни кўриб турибди Аллоҳ!
Йиғламанг, ўксиманг, дунё шу азал,
Кимга кўнгил берсанг, жавоби қахр.
Бирон ўксик юрак бўлармиди ё,
Меҳр эвазига қайтганда меҳр!
Йиғламанг, бу дунё шундай яралган,
Янчилган дилларнинг жангоҳидир у.
Ҳамма кўчасининг сўнги қабристон,
Чиройли фитна у, чиройли қутқу!
Йиғламанг, бу дунё шундай яралган,
Худодадан муттасил тилайлик тўзим.
Яна оз муддатга нишон бўлингу,
Ўқларга озгина чиданг, азизим!
Йиғламанг, бу дунё шундай яралган....
Малика Тавфиқ
✨ 𝐓𝐞𝐥𝐞𝐠𝐫𝐚𝐦 | МАЛИКА ТАВФИҚ ШЕЪРИЯТИ.
Умримиз - кетишга бошланган сафар,
Келиб яшаяпмиз кетишни кутиб
Хатодан хатога кўчиб дарбадар,
Аста бораяпмиз дунёдан ўтиб.
Асов тулпор каби югурар фурсат,
Ҳисобли, ўлчовли берилган муҳлат,
Гоҳо ёлғонлардан излаб ҳақиқат,
Аста бораяпмиз дунёдан ўтиб.
Биримиз чор-ночор, биримиз абжир,
Биз сабаб балога қолгани тақдир,
Лаҳзалар қадрига етмай, негадир,
Аста бораяпмиз дунёдан ўтиб.
Насиҳат сўзлашдан йироқман,
Аммо,
Ҳаётдан кўнглимиз тўлмай, доимо,
Йўқдан ўзимизга топиб муаммо,
Аста бораяпмиз дунёдан ўтиб.
Кўнгилни қилолмай кафан каби оқ,
Жону-жигарга ҳам ўқталиб тўқмоқ,
Ва буни номини атаб яшамоқ,
Аста бораяпмиз дунёдан ўтиб.
Тонгларда шукур йўқ, тунга саловат,
Қоғозни санашдан топиб ҳаловат,
Уялмай Тангридан сўраб саҳоват,
Аста бораяпмиз дунёдан ўтиб.
Биз деб синиқларнинг ортади сони,
Куйган дил тутуни тутиб дунёни,
Алҳазар, унутиб гоҳо Худони,
Аста бораяпмиз дунёдан ўтиб...
Малика Тавфиқ
✨ 𝐓𝐞𝐥𝐞𝐠𝐫𝐚𝐦 | МАЛИКА ТАВФИҚ ШЕЪРИЯТИ.
* * *
Дўстларни зиёрат қилинг гоҳида,
Юрилмас йўлларни босади тикан.
Чечагу-гул бўлинг умр боғида,
Йўқланган дилларни бахт этгай ватан!
Дўстларни зиёрат қилинг,
Шунчаки,
Бирон бир баҳона, сабаб кутмасдан.
Агар савоб талаб бўлса кимдаки,
Кимнинг умиди бор бўлса Аллоҳдан!
Дўстларни зиёрат қилинг,
Соғиниб,
Ниятга яраша қўйинг бир қадам,
Битмас ташвишлардан бир бор ортиниб,
Ғанимат эмасми одамга одам?!
Дўстларни зиёрат қилинг соғида,
Шарт эмас бошига тушса бирон иш.
Одамни қадрланг тирик чоғида,
Кўнгил олиш асли энг осон юмуш!
Дўстларни зиёрат қилинг!
Бугуноқ!
Тўй, аза бўлиши шартми, эй, нодон?!
Балки бор неъматга тўяру, бироқ,
Меҳрга ҳеч қачон тўймайди инсон.
Дўстларни зиёрат қилинг гоҳида,
Юрилмас йўлларни босади тикан...
Малика Тавфиқ
* * *
Баҳорлар сўнгида ёзмасми, жоним?
Ошиқлар топишса созмасми, жоним?
Севдим-куйдимларку ўзин йўлига,
Ишқингиз фурсати озмасми, жоним?!
Аллоҳ қўшилган сўз ахдмасми, жоним?
Суюлмоқлик ўзи бахтмасми, жоним?
Дунёки вафосиз, сизда чинми ишқ,
Бир кун кечмоғингиз нахдмасми, жоним?
Ҳозир нигоҳларда олов бор, куйдим,
Сирли каломларда бол таъмин туйдим.
Ваъдасида турмоқ мардларга ҳосдир,
Унча-бунча сўзга ишонмай қўйдим!
Йигитку ўлмасин, сўзи инчунун,
Юрагимга кўчса кўздаги учқун.
Кимнинг мухаббати чин бўлса агар,
Жонидан индамай кечар ёр учун!
Баҳорлар сўнгида ёзлар келмасми,
Ёнғинга бир ёмғир якун бермасми?
Дунёни ёлғон денг, кўнурман, аммо,
Айтинг, севишингиз ёлғон эмасми?
Малика Тавфиқ
Ошиқлик бу жоннинг ширин озори,
Бу битта умрнинг бешинчи фасли.
Дунё ошиқларга ҳеч нарса эмас,
Ошиқлар дунёга тиргаклар асли!
Қалбларни қалбларга уларли кўприк,
Юракдан юракка ўтиб борар йўл.
Бу ўша илк бўса мисоли ҳадик,
Бу ўша чамбарчас бўлган икки қўл!
Ошиқлик жавоби топилмас савол,
Ошиқлик елкадан чиққан қўш қанот.
Унинг исми соғинч, шарифи висол,
Отаси Тақдиру, онаси Ҳаёт!
Ошиқлик улғаймоқ осмонлар қадар,
Ошиқлик Аллоҳдан берилган неъмат,
Бир ўтдир кирувчи жонинга қадар,
Ҳамма ҳам мушарраф бўлмас саодат.
Ошиқлик ғалати бир дарднинг ташҳиси,
Ҳам қувонч ҳам кўзнинг ёшланишидир!
Ошиқлик бир зумда минг қайта ўлмоқ,
Ва яна яшашнинг бошланишидир!
Малика Тавфиқ
Мухтарама аёл!
Шаклдош, дилдош,
Айтинг, нима қилсам йиғламайсиз Сиз?
Истанг, пойингизга чўксинми Қуёш?
Ёки оёғингиз ўпсинми ялпиз?
Айтинг, нима қилай,
Сиз йиғламанг деб,
Бир йилда тўрт бора Баҳор келсинми?
Ёки Кумуш биби захар ўрнига,
Пашмагу, ҳолваю, асал есинми?
Айтинг, нималардан бахтли эрурсиз,
Тонгача осуда топурсиз ором.
Тоғлар эгилсинми сизга ғурурсиз,
Қишда ҳам бир гуллаб берсинми бодом?
Айтинг, кўз ёшингиз сабаби недир,
Нега юрагингиз ўртанди бунча.
Яна бир уммонни яратар тақдир,
Ҳали Фарғонада тонг отгунича!
Айтинг, юлдузларни маржондек тизиб,
Билак, бўйнингизга тақиб қўяйми.
Ўша осмондаги Ҳилолни узиб,
Сизга чироқ қилиб ёқиб қўяйми?
Йиғлашга яралган аёл эҳтимол,
Ахир қорлар тинди, ёмғирлар тинди.
Бунча чиройлисиз, йиғлаган аёл,
Мен ҳам қўшилишиб йиғлайми энди?!
Малика Тавфиқ
✨ 𝐓𝐞𝐥𝐞𝐠𝐫𝐚𝐦 | МАЛИКА ТАВФИҚ ШЕЪРИЯТИ.
* * *
Эски шеърлардан...
Мендан мукаммаллик кутманг, Азизим.
Бир кам яралганку аслида дунё.
Баъзан изингизга тўкилсам сим-сим.
Баъзан бир парча муз бўламан гўё.
Баъзан кулгуларим сочилар ҳар ён.
Қиқирлаб югурган сойман гоҳида.
Баъзан бир сўз билан бўлолган вайрон,
Кимсасиз,ташландиқ жойман баъзида.
Сўзларим олдида гоҳо бол беътам,
Гоҳ илон заҳри ҳам бўлади бир пул.
Ахир тиканлари жон олганда ҳам,
Гуллар маликаси мудом атиргул!
Гоҳо осмондаги битта ой сизу,
Осмонга қўлимиз қандай етарди,
Минг йил чўри бўлсам индамайсизу,
БИТТА ҲАТО БАРИН ЮВИБ КЕТАРДИ!
Энди топилмайди бизга ширин сўз,
Кеча биздан сулув пари йўқмиди,
Сиз мени ҳеееч кимга ўхшатмасангиз,
Сиз мени боооримча севсангиз эди...
Малика Тавфиқ
* * *
Бошим гуноҳ, сўнгим гуноҳ,
Жазолардан бергин паноҳ,
Хузурингда ҳолимда оҳ,
Тонгларинга етқаз, Роббим!
Зулуматлар зулми бисёр,
Тунлар келар қатор-қатор,
Фақат сендан умидим бор,
Тонгларинга етқаз, Роббим!
Кўздайларим кўзим ўйди,
Бўзларимдан дунё тўйди,
Сендан ўзга суймай қўйди,
Тонгларинга етқаз, Роббим!
Ҳар масканда бир аваҳта,
Қон ютилди лаҳта-лаҳта,
Ибодатдан қолмай тўхтаб,
Тонгларинга етқаз, Роббим!
Ёлғонлари бўғди бўғзим,
Чанг кўтарган елдек тўздим,
Тупроқсираб икки кўзим,
Тонгларинга етқаз, Роббим!
Кўнгил бўлди қирқ бир ямоқ,
Маккорларинг ялтирчироқ,
Ҳеч уларга қилма муштоқ,
Тонгларинга етқаз, Роббим!
Қарзим қолди ҳар тирикдан,
Қонда эмас жон иликда,
Жоним олма ёлғизликда,
Тонгларинга етқаз, Роббим!
Малика Тавфиқ
* * *
Отам деб, онам деб йиғламоқ мерос,
Кимларни ютмайди қаро гўр - суллоҳ!
Аммо бир илтижо, битта илтимос,
Ҳеч кимни болам деб йиғлатма, Оллоҳ!
Ҳар бири жонига уланган ришта,
Емай едирганлар, борлиги фидо,
Маъни қоладими тирик юришда,
Ҳеч кимни болам деб йиғлатма, Худо!
Бориким одамзот кетур галма-гал,
Кўнгилда қасрлар қургин сабрга.
Ўзи ҳам ўкириб йиғлайди ажал,
Ота ўз боласин қўйса қабрга!
Дунё ғурбатхона, ташвишларидан,
Шу митти бағрда топамиз паноҳ.
Ўзинг ёққан чироқ ўчмасин бирдан,
Ҳеч кимни болам деб қақшатма, Оллоҳ!
Отанинг қаддини букма бемахал,
Онанинг жонини отма оловга,
Улар иккиси ҳам дилбанди учун,
Икки дунёсини тикар гаровга.
Ўлим ҳақ! Келган бор кетмоғи тайин,
Қай замон, қай юртда одам ўлмайди.
Отамлаб, онамлаб йиғлаймиз аммо,
Болам деб бўзлатса, чидаб бўлмайди.
Инсонга берилган энг улуғ неъмат,
Ҳоҳ ўғил бўлсин у, ҳоҳи бўлсин қиз.
Берганингни қайтиб сўрама фақат,
Биздан кейин қолсин болаларимиз!
Малика Тавфиқ
✨ 𝐓𝐞𝐥𝐞𝐠𝐫𝐚𝐦 | МАЛИКА ТАВФИҚ ШЕЪРИЯТИ.
🎙Sherzod Karim - Qiyomatgacha...
Ёмонлар кўксига раҳм сол,Тангрим,
Жоним омон сақла тунлар тонгача.
Юраклар тош эмас,юрак бўлсину,
Қиёмат бўлмасин Қиёматгача!
Саррин саболарга сачрамасин доғ,
Иймондан айирма сўнги кунгача.
Бевақт узилмасин биронта япроқ,
Қиёмат бўлмасин Қиёматгача!
Отаю-оналар омон етсинлар,
Энг улуғ Ҳаж сари зиёратгача,
Аввало ўшалар рози бўлсинлар,
Қиёмат бўлмасин Қиёматгача!
Шукрона сабрла сийласин Эгам,
Иҳлос етакласин шарофатгача.
Тўлиб йиғлаяпди бу ёруғ Олам,
ҚИЁМАТ БЎЛМАСИН ҚИЁМАТГАЧА!
Малика Тавфиқ
✨ 𝐓𝐞𝐥𝐞𝐠𝐫𝐚𝐦 | МАЛИКА ТАВФИҚ ШЕЪРИЯТИ.
Онангга айтмаган дардларингда савоб бор...
Чарақлаган кулгуларда, ҳеч ким сезмас гардларим бор,
Ўз қасдидан қайтолмаган, мени қийнар "мардларим" бор.
Ҳавотирда бир жонингиз бўлак- бўлак бўлмасин деб,
Она, сизга айтолмаган дарё-дарё дардларим бор.
Томирларда лов-лов оқиб,
Қонни ичиб, тўқ дунё бу!
Кўнгил нишон, михда илиқ,
Саноғи йўқ ўқ дунё бу,
Ҳар кишига меҳр қўйдим, ва минг карра аминманки,
Мен деб яшаб, мен деб ўлар,
Бошқа фидо йўқ дунё бу.
Бор ҳасратим ичга ютдим,
Қаршингизга бордим кулиб,
Сиз ҳотиржам юринг дея,
Энг баҳтиёр инсон бўлиб,
Алам ўтса жон-жонимдан,
Узун тунлар эшитманг деб,
Юзим босиб ёстиғимга,
Йиғлар эдим тўлиб-тўлиб.
Она, сизни асраш учун,
Чандиқларга тортдим ниқоб,
Булут босган ҳаётимда чарақладим мисли офтоб!
Қанча синов ўзимга бер,
Қабул қилгум шукронада,
Лек онамни қийнама деб,
Яратганга қилдим хитоб!
Чарақлаган кулгуларда, ҳеч ким сезмас гардларим бор,
Она, сизга айтолмаган дарё-дарё дардларим бор...
Малика Тавфиқ
✨ 𝐓𝐞𝐥𝐞𝐠𝐫𝐚𝐦 | МАЛИКА ТАВФИҚ ШЕЪРИЯТИ.
Оғриқларим сезмайди ҳеч ким,
Йиқилганман тиззаларим қон.
Лек кичкина бир ҳато қилсам,
Ҳамма билиб қолар ўшал он.
Кўз ёшимга чўкса ҳам дунё,
Ҳолимни бир сўрагучи йўқ.
Корларига ярамай қолсам,
Милтиқларга жойлайдилар ўқ.
Чин дилимдан фидо этгум жон,
Оёқ артиб кетарлар дилга.
Бир кун меҳр бермай,мен ёмон,
Оғир ботар экан кўнгилга.
Келинг десам,дастурхонимда,
Қаймоққа нон ботириб ерлар.
Бир кун ўтмай душманларимга,
Ҳасис дерлар,нотавон дерлар!
Мухтож бўлсам кетарлар айро,
Зарда билан босиб қадамлар,
Бирон фойдам тегмаган гўё,
Нима қилай сизни одамлар?!
Кўниб,кўниб ўтади умр,
Кимдир муштоқ,кимга йўқ корим.
Яхши-ёмон одамларимдан,
Жудо қилма Парвардигорим!
Малика Тавфиқ
✨ 𝐓𝐞𝐥𝐞𝐠𝐫𝐚𝐦 | МАЛИКА ТАВФИҚ ШЕЪРИЯТИ.
* * *
Кел дўстим, кел менга қўлингни узат.
Умр нима ўзи, ҳаёт бу нима?
Мангулик олдидан бир неча фурсат.
Келгин, сақламайлик ҳафалик, гина,
Кел дўстим, кел менга қўлингни узат.
Яхши ҳам ёмон ҳам икки оғиз сўз,
Яшаймиз аслида етгунча тоқат.
Кимдан ҳато ўтмас, юмайликда кўз,
Кел дўстим, кел менга қўлингни узат.
Чоғ қазиб қўйилган йўллардан юрдим,
Кўксимга кўмилиб бормоқда узлат!
Мен сенинг кўнглингдан ўтар йўл қурдим,
Кел дўстим, кел менга қўлингни узат.
Эгри сўқмоқларда кетсам адашиб,
Чизган ҳаритамнинг ҳатосин тузат.
Ҳар оним қатига меҳрингни қўшиб,
Кел дўстим, кел менга қўлингни узат.
Менга кераклигинг англасанг етар,
Сен менга Аллоҳдан берилган неъмат!
Дўст десанг бор дардим тўкилиб кетар,
Кел дўстим, кел менга қўлингни узат.
Босган қадамимга қоровуллар мўл,
Ютган тупукка ҳам тўқилса тухмат.
Яшаш жонга текса, сен қошимда бўл,
Кел дўстим, кел менга қўлингни узат.
"Дўстман" деганларни кўргин кўпини,
Суянай, тоғ бўлиб туриб бер фақат.
Сенсиз кўтаролмам дунё юкини,
Кел дўстим, кел менга қўлингни узат.
Малика Тавфиқ
* * *
Сенга дардлар келса, менда азоби,
Фалакка етади, ишон, фиғоним,
Ахир сен умримнинг нури, офтоби,
Жонинг оғримасин, жахоним!
Бир тола сочинг ҳам тушмасди ерга,
Шундай мўжизага етса имконим.
Борки оғриқларинг менга бергину,
Жонинг оғримасин, жахоним!
Қийналсанг ғам сурат чизар юзимга,
Аллоҳдан тиланиб олган инсоним.
Ҳатто бир кунгина, ҳатто бир зумга,
Жонинг оғримасин, жахоним!
Кафтим титраб турар дуога тўлиб,
Илтижо қилишдан толмас забоним!
Ҳар лаҳзанг, ҳар онинг бахтга йўғрилиб,
Жонинг оғримасин, жахоним!
Жонинг оғримасин, жахоним!
Малика Тавфиқ
✨ 𝐓𝐞𝐥𝐞𝐠𝐫𝐚𝐦 | МАЛИКА ТАВФИҚ ШЕЪРИЯТИ.
* * *
Кўнглимни тўзғитиб ўтди бир тўфон!
Гардига тўлдирди боғу-роғларим.
Кўринмайлар кетди ложувард осмон,
Соғинтириб кетди сокин чоғларим!
Кўнглимни тўзғитиб ўтди бир тўфон,
Энди юз фаррошга етарли иш бор.
Деразаларимни синдирар ҳамон,
Шамоли кўнглимга ёприлган озор.
Кўнглимни тўзғитиб ўтди бир тўфон,
Тупроқни кўтариб, бошимдан сочди.
Кундуз Қуёшларим бераверди жон,
Тун ашким фалакка юлдуздек сочди!
Кўнглимни тўзғитиб ўтди бир тўфон,
Қонимгача кирди қудратли қуюн.
Тугади,
Лек қақшаб юрибман ҳамон,
Минг азобни туйиб йўқлигинг учун!
Бўронлар тўхтади...
Тинчидим,
Гўё,
Исёнин тубига чўктирган уммон.
Менга топиб беринг бошқа бир Дунё,
Ишқ деган тўфони тинмас ҳеч қачон!
Малика Тавфиқ
#премьера
Қандай ишоралар кутаман яна,
Умидлар кўнглимга тирмашади зич.
Фақат сенгинанинг ҳаёлингина,
Фақат ўзингина доимий соғинч.
Борки қояларни қолдириб доғда,
Осмонга бир қадам қолар етмоғим.
Билки ҳеч гап эмас сен кутмас чоғда,
Қилт этган шамолдан қулаб кетмоғим.
Неча имконлардан қолдик бенасиб,
Неча ғурурларга қулдек сотилдик.
Кибр деган тошни қанотга осиб,
Пушмон жарларига тикка отилдик.
Шундай қисматларга кўнаяпмиз жим,
Ичда йиғлашни ҳам ўрганиб олдик.
Биринчи қадамни қўймайди ҳеч ким,
Ҳеч ким хақиқатга қарамайди тик!
Ҳолингдан бир бора олмадим хабар,
Бир бор сўрамадинг кўнглимни сен ҳам.
Бедор ўтирсам ҳам оппоқ тонг қадар,
Сенга бир нарсалар қилса ҳам алам.
Ишқингни тилини тушунмадим, ва,
Сен ҳам ёлламадинг тилмоч, негадир.
Хар бир ҳикояда бордир хотима,
Хар бир ҳодисага тугашлик тақдир.
Нидолар қиламиз, оловли, ҳазн,
Гоҳ ерни ёндириб, гоҳ кўкни ёқиб.
Фақат кетишимга бермайсан изн,
Фақат кетмаяпсан юракдан чиқиб!
Малика Тавфиқ
* * *
Баҳорнинг охирги кунида,
Сўнги бор кўришдик сен билан!
Уйғоқман соғинчнинг тунида,
Сен энди соғинчда соғмисан!?
Иккингиз кетдингиз қўл тутиб,
Ё Баҳор, ва ё сен қолмадинг.
Ҳув ўша бахтларни унутиб,
Шодликка васила бўлмадинг!
Баҳорнинг ооохирги кунида,
Ҳайбатли ҳисларга эврилдим.
Мингларча томчига бўлиниб,
Замининг сатҳида соврилдим!
Кўксимда бир шахар...
Лиқ тўла,
Том босган уй каби армонлар!
Эркимни, тинчимни, мавҳ этди,
Кўзинга қурилган зиндонлар!
Баҳорнинг охирги кунида,
Сўнги бор кўришдик сен билан...
Малика Тавфиқ
* * *
Сарсон кунларимдан келсаму қайтиб,
Қувониб очсаму эшигингизни,
Шу бўм-бўш хонада нафасим қайтиб,
Сизни тополмасам...
Онажон...
Сизни!
Эшик ғичирлайди,
Нима дейди у?
Нега бу кўзгунинг совуқ нигоҳи.
Бу ким?
Деразалар сўзламайдику.
Бурчакда ўтирган кимнинг гуноҳи.
Онажон,
Қаерга кетдингиз бевақт,
Елкамга мингандек забардаст қўрқув,
Ахир келишимни билиб ҳамма вақт,
Тандирдан нон узиб,кутардингизку.
Нега оёғимни тишлар тўшаклар,
Шифтлар пастладими,
Мен ўсдимми ё?
Сукунат аёвсиз урар,калтаклар,
Унинг жим-житлигин бузганман гўё!
Она,қаердасиз, етар,бўлдида.
Ёстиқдан исингиз келиб турибди.
Қаранг набирангиз совуқ ҳовлида,
Йиғлаб бувисини излаб юрибди.
Нима дейман унга,онажон айтинг,
Мунчоқ кўзларига қандай қарайман..
"Онажон,бувимга қўнғироқ қилинг",-
Деса рақамингиз кимдан сўрайман?
Мен бир оз ухлайман.
Этим увишди.
Уйғотманг, илтимос, бирон сабабсиз.
Онам, меҳрибоним, ҳар доимгидек,
Авайлаб устимни ёпиб қўярсиз...
Малика Тавфиқ
* * *
Сиз уни севасиз!
Шаксиз,шубҳасиз.
Келишмай қолгансиз шунчаки ҳозир.
Сиз учун дунёда биттагина қиз,
Суюшга арзийди!
Севишга арзир!
Биламан,
кўнглингиз унга ошуфта,
Ўл деса ўлмоқлик сиз учун ишми?!
Бизни ҳам умидвор қилманг,аччиқда,
Захарлаб қўймайлик ўша Кумушни!
Озроқ араз бўлса, майли бўлгандир,
Менинг юрагимдан олманг аламни.
Кўнглим тутантириқ эмаску ахир,
Куйдирмоқ бўлсангиз қоши қаламни.
Тарозу эканми асли бу дунё,
Унда қанча имкон,қанчаси бизда.
Битта қил сиғарлик жой йўқку илло,
Менга киринг деган юрагингизда.
Ёрингиз кетдилар, ҳеч нарса демай,
Дунё оҳирлади сизга ўша кез,
Биз ҳали гуноҳкор бўлиб улгурмай,
Оҳ, дока рўмоллар қурир бунча тез...
Малика Тавфиқ
* * *
Умр тикан тўла йўлга айланур,
Ёмғирлар лаҳзада дўлга айланур,
Гулханлар гуриллаб, кулга айланур,
Боласиз аёлнинг фарёдларидан.
Тунлар бошин олиб кетмоқ ҳоҳласа,
Тонглар қаро кийиб отмоқ ҳоҳласа,
Бешикка армонлар ётмоқ ҳоҳласа,
Боласиз аёлнинг фарёдларидан.
Бардошлар сочини ёйиб тўлғонар,
Сабрларнинг қўли қонга булғанар,
Қуёш йиғлаб ботиб, йиғлаб уйғонар,
Боласиз аёлнинг фарёдларидан!
Кўнглини оларга имкон топилмас,
Бош олиб кетарга осмон топилмас,
Бунданда аччиқроқ армон топилмас,
Боласиз аёлнинг фарёдларидан!
Бўш қолган беланчак узилмоқ истар,
Бахт қурган кошона бузилмоқ истар,
Ҳар куни бир қабр қазилмоқ истар.
Боласиз аёлнинг фарёдларидан!
Малика Тавфиқ
* * *
Хайирлашмай кетганимиз маъқулроқ!
Улкан бир сир, синоатдир бу олам,
Ишқ бир қадам, нафратгача ундан кам,
Энди сени севмай қўйган бўлсам ҳам,
Хайирлашмай кетганимиз маъқулроқ!
Хайир десак, бу сўз биздан хижолат,
Кечиш қийин кўнглимиздан то абад,
Кетамизми, майли, кетдик, марҳамат,
Хайирлашмай кетганимиз маъқулроқ!
Изга қайтмас дарё эмас, бандамиз,
Юрак қалбга бўйин эгмас тандамиз,
Гоҳ уришиб, ярашамиз кунда биз,
Хайирлашмай кетганимиз маъқулроқ!
Кетиб толдим, қайтиб толдим ишқинга,
Сен ҳам ҳануз омонатсан кўшкинга,
Майли кетсак минг йилгами, бир кунга,
Хайирлашмай кетганимиз маъқулроқ!
Умид деган то тирикмиз дилда бор,
Қачон кўрса биз кимгадир интизор,
Қайда бўлма, омон бўлсанг бўлди, ёр,
Хайирлашмай кетганимиз маъқулроқ!
Малика Тавфиқ
* * *
Осмонни турналар забт этган пайти,
Қуриллаб, Аллоҳга саловат айтиб,
Кутаман, умримга келақол қайтиб,
Яна баҳоргача етсак, азизим!
Лолалар лабидан тўкилса бўса,
Баҳор ифоридек ҳисларим қўмсаб,
Қайтгин ҳаётимга иложи бўлса,
Яна баҳоргача етсак, азизим!
Узоқ қаролмасдим кўзларинг кулса,
Хозир томоғимда тош эмас, харсанг,
Қайт, агар озгина соғинган бўлсанг,
Яна баҳоргача етсак, азизим!
Ситамлар дастидан кўп едим дакки,
Яхши кунларнинг ҳам бўлмади завқи,
Қайтақол, тўккилган кўз ёшлар ҳаққи,
Яна баҳоргача етсак, азизим!
Қайтиб кел чучмома ифорин олиб,
Ахир кутавериб кетдимку толиб,
Қайтгин сўлмасимдан хажрингда қолиб,
Яна баҳоргача етсак, азизим!
Ҳали совуқларга чидаймиз бир оз,
Сўнг кўнгил боғларим гуллайди қийғос,
Келу, гулларимни лабларинга бос,
Яна баҳоргача етсак, азизим!
Малика Тавфиқ
* * *
Ҳой, кўнгиллар кушандалари,
Касби макр, ҳийла, ожизлар,
Туйғуларни ўйинчоқ қилган,
Хотинбозу, эрсак юзсизлар,
Сиз ўлимни эслайсизми ҳеч?
Эри бўлиб, эр қидирган нас,
Ҳаво ҳаром, сен олсанг нафас.
Уйда гулдек хотини туриб,
Ўзга ёрни қилганлар ҳавас,
Сиз ўлимни эслайсизми ҳеч?!
Ёлғонни сув қилиб ичарлар,
Нафс йўлида тўнлар бичарлар,
Янги "дўстни" топган заҳоти,
Эскисидан ўйнаб кечарлар.
Сиз ўлимни эслайсизми ҳеч?!
Аллоҳ уйин тепкилаб кирган,
Оёқ ечмай юракда юрган.
Ор-номусни буткул унутиб,
Қиёматга қон ютиб борган,
Сиз ўлимни эслайсизми ҳеч?!
Отаси хор, онаси зорлар,
Бошларига битган озорлар,
Туғдириб ё туғиб ташлаган,
Кўча-куйда "етими" борлар.
Сиз ўлимни эслайсизми ҳеч?!
Кўча хандон, уйи зиндонлар,
Виждонини сотган нодонлар.
Зулм қилмоқ бор касби-кори,
Ҳайвонданам баттар инсонлар,
Сиз ўлимни эслайсизми ҳеч?!
Таб тортмаган ҳаром давлатдан,
Ҳеч неси йўқ қуруқ савлатдан,
Пинагини бузмаган аблах,
Отасига етган лаънатдан,
Сиз ўлимни эслайсизми ҳеч?!
Киприқ қоқмай борган зинога,
Ҳиммат қилмас ночор, гадога.
Шайтон билан кўришиб юриб,
Арзи борлар яна Худога,
Сиз ўлимни эслайсизми ҳеч?!
Дийдалари тошдек қотганлар,
Ўтганга бир бўҳтон отганлар,
Чет элники бўлса хўрозқант,
Ватанини тикка сотганлар,
Сиз ўлимни эслайсизми ҳеч?!
Ҳеч ўлмайман дейсизми ёки
Ким бор экан дунёда боқий?!
Қошингиздан кунда етмиш бор,
Ажал қайтиб кетади,
Токи,
Сиз ўлимни эслайсизми ҳеч?!
Бу дунёга ҳаммамиз меҳмон,
Ҳоҳ яхшимиз ва ёки ёмон.
Ҳақ қошига борармиз бир кун,
Ва тугайди бизнинг имтиҳон!
Ўша кунни ўйлайсизми ҳеч?!
Малика Тавфиқ