Найти тему
Илҳом ШЕР

ФИКРЛАР ҚАМОҚХОНАСИ

Сабоҳат Раҳмон
Сабоҳат Раҳмон

               Сабоҳат Раҳмон

 “Ўлимдан эмас, бўм-бўш ҳаётдан қўрқиш керак” (Б.Бертольд)

-2

     “Болаларимни жудаям соғиндим”

 Мени улардан ажратиб турган чегаралар, ҳудудлар, масофалар қанчалар олис ва улар нақадар бераҳм. Худди, юртим одамларининг бор-будлари – орзуларини қўлларидан тортиб олиб қўйган бугунги Алёр васвасаси каби. Шу одамлардек мен ҳам қўрқув, ишончсизлик, кучсизлик ва ноумидлик кайфиятидаман. Бир сўз билан айтганда, ўз фуқароси учун ҳатто эртанги тонгга нисбатан ҳам умид беролмаган, беролмаётган мамлакатнинг - фикрлари қамоқхоналарда чириётган - қулиман. Қамоқхона-ки, ҳаволар сузиб юрган осмонни зирхлаган, ой-у қуёш, юлдузларни занжирбанд этган панжарасиз турма. Бунда қўрқув, хадик, қўрқинч - шарпа каби одамлар орасига нифоқ солади. Ҳаттоки, ёруғлик тезлиги қувватига эга тасаввурим ҳам кундан-кунга сўниб, юртимнинг маҳаллий устахонасида ишлаб чиқарилаётган автоулов тезлигига тенглашди. Биз гўё, рўпарасига одамхўр бўрини ўтқазиб қўйганча унинг қонхўр кўзига боқиб ҳаёт кечираётган халқмиз: на еган-ичганимизда маза бор ва на қилган ишимизда унум. Бизларни ҳар ишдан озод этиб, ўз ҳолимизга қўйган бўлсалар-да, кунларимиз оппоқ варақли, бўм-бўш вақтлардан иборат бўлса-да, биз учун у озодлик эмас - қуллик, бўш вақт эмас, у - ғам-изтиробдан иборат кунлардир деган бўлардим. Инсонни бойлик ёки амал-лавозимдан иборат тафаккур бошқаради. Жисмоний чеклов ақлни, сўнг фикрларни қоронғуликка ташлайди. Танангизни сиқиб турган кийим ёки тақинчоқ бир зумда юрагингизни сиқиб, дунёни кўзларингизга тор кўрсатиши, бежиз эмас. Фикрлар эркинлигига тўсиқ қўйиб бўлмайди, бироқ жисмоний ва маънавий чеклов тез орада фикрларни пароканда қилиб, инсонни хароб қилади. Бу тизимни ўйлаб топганлар эса буларнинг барчасини ҳис этолмайдилар. Чунки улар бу тоифага мансуб эмаслар. Биз шундай инқирозли, фожеага тўла, имконсиз ҳаётни яшамоқдамиз.

     Заминимизни чулғаб олган офат кимларнинг аслида ким эканини кўрсатди, юздаги ниқобларни очиб ташлади, ҳаёт сахналари кунпаякун бўлди, демакки, ўз ўқи атрофида базўр айланиб, сўнгги дақиқаларини яшаётган тизим издан чиқди. Дунё осмонлари бўйлаб зирхли панжаралар ўрнатилди. Бизларнинг озод руҳларимиз чинқирганларича ушбу панжара ортида қолдилар. Уларсиз нафас олиб бўлмаяпти...

     Менинг жуда кўп салбий одатларим бор: ўзбошимчаман, қайсар ва жуда мағрурман, бошқаларни кечиришим жуда қийин, айнан шу сўнгги нуқсоним айниқса, менга кўп панд берган. Булар ҳақида ўйлаб кўришни ҳамиша ортга сурардим. Назаримда, бунинг фурсати етди. Озурдаларни бирма-бир ёдладим, ўзимни қаттиқ сиқувга олдим. Фикрлар қамоқхонасида эканман, ҳар куни тушларимда ўламан, сўнг яна қайтиб қийналиб тириламан-танамга қайтади жоним. Бу қайтариқлар мени шунчалар чиниқтирдики, бир кун ўлим қаршимдан чиққанида ва ҳатто этим жимирламаса керак. Бу қайтариқлар туфайли қайсарлигим, аразларим, мағрурлигим мен номини ҳали ўйлаб кўрмаган ўзга суронга айланди. Қўлимда эса тутишга арзигулик на бирор фикр ва на туйғулар бор эди. Мен, авваллари ўзим нафратланадиган дунёга юз бурганимда бу сафар қаршимда ҳеч кимни кўрмадим. Фақатгина зирхли панжара. Унинг ортида эса совуқ ҳаво ва анча олисда миллионлаб жонлар. Улар орасида яқинлари, айниқса кекса ота-оналарини айрилиқ каби совуқ ва кутилмаган ёвдек ёт ялмоғизнинг асо тутган қўлидаги тутунга бериб қўйганлар бўзлайди; дунёларни сеҳру жодулаб қўйган ялмоғиз юртма-юрт, шаҳарма-шаҳар кезиб, одамларнинг сўнгги насибаси, умрига чанг солади; болалар йиғлайди; беморлар нафасдан қолади; очарчилик, касаллик юртни тутади. Менинг соғинчим буларнинг олдида арзимас чўпчак-ку? Қаерда, қай бир олтин қасрингдасан, эй, ўз халқи хисобига бойиган Алёр? Ахир сенинг фикрларинг озод-ку? Бизларники каби сен қурган қамоқхоналарда чиримаяпти, ахир. 

     Биламан, мен таниган ва танимаган жамики одамлар ҳам ўз руҳларини қамоқхоналарнинг сўл тарафида қолдиришган. Ахир озодлик маъбудаси бўлмиш руҳлар панжара-тўсиқлар ичида қолиши мумкинми? Улар шунга арзийдими? Албатта, йўқ. Бу ёқда эса фақатгина жонлар бор. Ичкарида. Уларни кунлар ва тунлар тириклайин еб битиряпти. Хислатсиз ва фазилатсиз одамлар. Ўтмишдаги ғайриликлари учун ўзларини койиш учун қоронғуда тиззалаб қиблани қидираётган махбуслармиз биз.

      Стенфорд Университети профессори Филипп Зимбардо 14 кунлик тажриба учун ўзига ишончи зўр талабалардан бир гурухини танлаб олиб, уларни “назоратчилар” ва “махбуслар”га ажратади. Мақсад – қамоқхона шароити одамларни қай даражада ўзгартириши мумкинлигини кузатишдан иборат эди. Биринчи хафта якунидаёқ, ”махбуслар”нинг тушкун ва рухсиз ҳолга тушгани, “назоратчилар”да эса вахшийликнинг тизгинсиз ўсиши кузатилган. Бунга сабаб одми кийимдаги “махбус”ларнинг ёлғиз ва мушфиқ, бечора кўриниши “назоратчилар”да қахр уйғотиб, улар махбусларни янада ерга уриш, қийнаш истагида бўлишган. Профессор Зимбардонинг хулосасига кўра, муҳитнинг шахсиятга таъсири биз ўйлагандан ҳам кўра кўпроқдир. Яъни мавжуд вазият инсон ўй-фикрлари ва хулқини ўзгартириб юбориш кучига эга экан. Бир сўз билан айтганда, амал-лавозим туфайли хукмронликни қўлга киритган ҳар қандай шахс хулқида ўзгаришлар юз бериши ортидан, одиллик, камтарлик каби хислатлар йўқолиб, улар ўрнида ёвузлик, шафқатсизлик жихатлари юзага келиши айни ҳақиқатдир. Яхшики, инсонийлик нуқтаи назаридан йироқ бўлган бу тажриба якунига етмасдан - бир хафтадаёқ тўхтатилди. Бироқ бу тажриба тобора золимлашиб бораётган жамиятнинг асл кўринишига муносиб изоҳ бера олди. 

      Бу мамлакат ҳавосидан нафас олаётган ҳар бир фуқаро каби менинг ҳам ойлик, йиллик режаларим, қилган, қилаётган ва қилишим керак бўлган вазифаларим ва ниҳоят ўзига хос орзуларим бор эди. Улар кимда йўқ эди, дейсиз? Мисол учун, бу оламда ярим асрдан кўпроқ яшаб қўйган бўлсада, жуда олис ўтмишда гўдак кўнглининг қароқчи бўлиш истагини ҳамон кўтариб юрган хоним бу васваса юртни қай кемада тарк этсин? Афсуски, ноаёнликдан қўрқув ва талвасага тушган инсонларнинг қаршисида соғинчни оқлаб бўлмайди. Ахир ернинг тизгинини туйқус қўлдан бериш билан кундан-кун тараққиёт ва иқтисодни бой бораётган жамият миллиардлаб жонларнинг соғинчини қаердан ҳам билсин, дерсиз. Асли билиши керак эди. Соғинчнинг ҳам, очлик, чорасизликнинг ҳам ташвишини қилиши керак эди. Нима деб ўйлагандингиз, миллионлаб жонлардан қон олиб, қонларни конларга, конларни эса ёмбиларга алишган Алёр учун алёрлик фақат кайфу сафо, дунё тўплашдан иборат эдимиди? Энди конларни қонларга, қонларни жонларга, жонларни эса миллионларга қайтариб, уларни қутқариш пайти келди. Одамларни зирхлардан озод этиб, уларга ўз ишончларини қайтариб бериш фурсати етди.

     Махкам қисилган муштларимни очаман: бармоқларим орасидан эски хотиралар тўкилади – қолган-қутгани шу. Аммо уларда яшаб бўлармиди. Чоралар, чоралар, чоралар. Ҳеч бири даво эмас. Мен эса шу лаҳза кичикликдаги орзулар орасидан қароқчилар кемасини қидиряпман. Зора у келиб мени бу зирхли панжара орасидан чиқариб олиб кетса. Болаларимнинг олдига. Олисларга. Бироқ бу орзу кемасини, ҳозирча, тополмаётирман. Фикрлар қамоқхонаси бунга йўл бермаётир...

                       2020 йил