****
Фикрлар ажриққа ўхшайди гўё,
Чувалашиб кетар, ниҳояси йўқ.
Ё бугун ақлдан оздимми мано,
Кўзим хонасидан чиқиб боқар лўқ.
Айбим бор, кўнглимда яшар бир туйғу
Қизғонаман ҳатто сўзимни сўздан.
Ўша туйғуйим ҳам зўр ижарачи
Яшириб қўйганман бегона кўздан.
Яна бир айбим бор,
Одампарастман.
Яхшиси доимо бўлса мен томон.
Ўша одампарастлигим дастидан қастман,
Ёмонлар лабини бурганда ёмон.
Ўзим ҳам унчалик яхши эмасман,
Шеърлар ёзайвериб тегаман жонга.
О, ҳаёт мен сенинг ишқингда мастман
Ишқингни жойладим кўнгилистонга.
Ана яна кетди фикрим ўрмалаб
Ўрганмоқчи эдим инглиз тилини.
Бундай ўйлаб кўрсам энди чамалаб
Ўрганиш керак экан аввал дилини..
Қолинг хаёлларим, қочинглар пўшт- пўшт.
Бошимга қўнмоққа бахт келаяпти...
25.06.2023 й