Найти в Дзене
Илҳом ШЕР

«САҲНА—МЕНИНГ ҲАЁТИМ…»

#архивдан

#мусоҳаба

Шӯҳрат Само (журналист)

***

Аброр Ҳидоятов номли Ўзбек миллий драма театрида 42 йилдан буён катаю кичик ролларни ижро этиб келаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мадина Тўхтаева бу йил муборак 63 ёшни қарши олади. Истеъдодли актриса ойнаи жаҳонда намойиш этилган кўп қисмли «Қалдирғочлар яна қайтади» сериалида Гулсум холла образини яратди. Ижодкор билан суҳбатлашар эканмиз, у ўз касбини фидойиси, ишини севувчи ва ҳозиржавоб инсон эканлигига яна бир карра амин бўлдик…

--Болалигингиз ҳақида нималарни эслайсиз?

—Аслида Тошкент шаҳрининг Шайҳонтохур тумани «Қорёғди» маҳалласиданман. Тақдир тақозоси билан 1948 йили Термиз шаҳрида таваллуд топганман. Отам ҳарбий бўлганликлари учун, турли хил вилоят ва шаҳарларда истиқомат қилишимизга тўғри келган. Лекин ҳанузгача киндик қоним тўкилган Термиз шаҳрини кўрмаганман. Онам болалар шифокори бўлганлар. Мен ҳам шифокор бўлишга жудаям қизиқардим ва шифокор бўлсам керак деб ўйлардим. Лекин тақдиримда санъаткор бўлиш ёзилган экан, мана, халқимизнинг хизматидамиз.

—Нега айнан санъаткорлик касбини танладингиз?

—Онам каби шифокор бўлишни хоҳласам-да, бу касбни давом эттирмадим. Қолаверса, кўпчилик бобом Ҳожи Табибни ҳам яхши билади. Оиламизда тўртта қизмиз, мен энг кичигиман. Отамнинг ўғил фарзандлари бўлмагани учун, мени эркалаб «ўғлим» деб қўярдилар. Ўзиям кўчамиздан сал нарироқда маданият уйи бўларди. Дугоналарим билан у ерга бориб турардик. Лекин ўша дамда санъаткор бўламан деб ўйламаганман, бу менинг феъл-атворимга хос хусусият, деб ўйлардим.

Бир куни дугоналарим билан йиғилишдик-да, театршунослик институтига, имтиҳонларни томоша қилишга бордик. Залда абитуриентларга ўхшаб ўтирибмиз. Саҳнада бир қиз маҳоратдан имтиҳон топшираётган экан. Христофор Моисеевич деган домла ҳалиги қизга қараб:

--Аканг армиядан келди. Сен уни қандай кутиб оласан, шу ҳолатни кўрсатиб бер-чи,-деди.

Саҳнадаги имтиҳон топшираётган қиз: «Мен уяламан»,--дея жим бўлиб қолди. Домланинг жаҳли чиқди.

—Сен қандай қилиб актриса бўлмоқчисан?!..-деди у ва залга юзланиб савол берди:--Қани, қайси бирингиз шу саҳнани кўрсатиб бера оласиз?

Шунда мен бирданига бақириб: «Мен жавоб бераман» деб юбордим. Саҳнага чиқдим. Домла менга ҳам бояги топшириқни тушунтирди. Шу пайт саҳнанинг нариги томонидан бир йигит кириб келиб қолди. Мен хурсанд бўлганимдан: «Ака, акажон! Яхши етиб келдингизми? Соғ-саломатмисиз?» дея бақириб, бўйнига маҳкам осилиб олгандим, йигит силкиниб кетса бўладими! «Мен ҳозир ойимга хабар бераман»,-дея хурсанд бўлиб ролни якунладим.

Шу пайт домла мени ёнига чақирди-да: «Қўшиқ айтишни биласанми?» деди. Мен: «Ҳа, биламан» дедим-да, қўшиқ айтиб, рақсга тушиб бердим. Домла буни кўриб, «Бўлди, сен ўқишга қабул қилиндинг» деса бўладими!

Қаранг, тақдир тақозоси билан институтга ўйнаб бориб, талаба бўлиб қайтганман. Ўша куни хурсанд бўлиб, ойим раҳматлига: «Ойи, мен институтга кирдим» десам, ишонмаганлар. 1965 йили институтга қабул қилиндим. Ўқишни битириб, ушбу даргоҳ—Аброр Ҳидоятов номли театрга ишга кирдим.. Ушалмаган орзуларимни ролларим орқали ижро этаман. Саҳнада шоҳман, гадоман…шифокор, она ва бошқа қиёфаларни ҳам яратаман.

—Эшитишмизга қараганда, мактабда ҳам дарс берган экансиз?

—Тошкент шаҳридаги 265-мактабда «Ватан туйғуси» фанидан дарс берганман. Ўқувчилар дарс ўтишимни интизорлик билан кутишар, «Устоз, битта шеър ўқиб беринг»,-дейишарди. Шеърни ўқирдим-да, дарсга киришиб кетардик. 18 йил мактабда дарс ўтдим. Ҳам театрда, ҳам мактабда ишладим. Оллоҳимга шукур, ўз касбимни севаман ва саҳна менинг ҳаётимга айланди.

—Ижодий янгиликларингиз ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз…

--Театримизда Чехов асарига мурожаат қилмоқчимиз. Қолаверса, «Ўзбекистон» телерадиоканалида «Денгиздан томчи» кўрсатувида роллар ижро этяпман.

Гулнора ОТАЖОНОВА, Тасвир

16/2011.