Ҳар қандай структуранинг даражаси унинг моҳиятини белгилайдиган компонентнинг мукаммаллиги билан белгиланади. Масалан, мамлакатнинг давлат сифатидаги даражаси унинг асоси бўлган миллатга боғлиқ. Агар биринчи даражадаги миллатнинг барча белгилари мавжуд бўлса, унда давлат биринчи даражага чиқиши мумкин. Сабаби миллат бу пойдевор. Кейин эса иккинчи даражали омилларнинг таъсири бўлади, улар бир нечта бўлиши мумкин: географик жойлашуви, омад элементлари, муайян шахсларнинг роли ва бошқалар. Шунга кўра Ўзбекистоннинг сиёсий мавқеи тўғридан тўғри ўзбекларга боғлиқ.
Миллатларнинг даражаси эса қандай ва нима учун ясалганлигига боғлиқлигини аввалроқ ўрганиб чиқдик. Демак энг муҳим нуқта миллатларнинг ясалиш жараёни. Жараён нима мақсадда ишга туширилгани ва қанча ресурслар сарфланишига кўра натижа беради. Албатта, маълум бир миллатни шакллантириш жараёнида шу миллатнинг тарбиялаш жараёни ҳам содир бўлади. Тарбия қилиш орқали эса миллат ёки халқни савиясини кўтариш ёки пастга тушириш мумкин. Халқларни тарбия қилиш доим замон ва маконга қараб бўлган. Авваллари тарбияда китоблар, газеталар, хутбалар, воизлар асосий ишни бажарган бўлса, ҳозирги кунда буни мессенжерлар, ижтимоий тармоқлар, блогерлар, вайнерлар бажаряпти.
Умуман олганда ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар қизиқарли мавзу ва сўнгги йилларда уларнинг кенг тарқалиши, кўп нарсаларни англатади: Одамлар яна сўзларни ёзишга ва ўқишга қайтишди. Телефонлар даври, фақат гапириш орқали мулоқот даврини ортда қолдириб, ўқиш одатини қайтарди. Ўқиш деб кўпчилик, чироқ ёғдуси остида, юмшоқ креслода ўтириб, қалин бир китобни ўқишни тушунади. Ваҳоланки смартфонда 140 та белгидан иборат хабарни ўқиганингизда - бу ҳам ўқиш ҳисобланади. Бу тараққиётнинг диалектик спирали.
Масалан, фейсбук ижтимоий тармоғи феномен бўлди, ўзбеклар учун ҳам албатта. Қандай қилиб? Бу тармоқ ўқиш, ёзиш ва фикрлаш хусусиятини қайтарди. Яна тўғридан-тўғри рациога, ақлий тафаккурга таъсир қилган ҳолда. Одамларнинг савияси анча ўсди. Феминистлар тўлиқ ҳукмронлик қилаётган даврда бу катта нарса. Ахир феминизмда ҳиссиёт ҳукмронлик қилади. Ҳеч қанақа интеллект ишламайди. Фақат ҳайвоний инстинктлар ишлайди. Фейсбукда эса ўзбеклар оддий ижтимоий муаммодан тортиб глобал инқирозларгача рационал муҳокамалар қилишни бошладилар.
Тўғри, савол туғилади. Фейсбук рационал фикрлашга қандай таъсир қилади? Агар эътибор қилсангиз фейсбукдаги постда аввал матн (фейсбукда катта ҳажмдаги матнларни бемалол ўқувчига тақдим қилсангиз бўлади) келади, кейин эса медиа. Мисол учун инстаграмда аксинча: аввал медиа кейин унга илова қилинган матн. Шунга кўра фейсбук рационал, инстаграм эса эмоционал таъсирга эга. Қизиғи фейсбукка марк Цукерберг асос солган бўлса, инстаграмга унинг аёли раҳбарлик қилади. Эркак ва аёл, рацио ва эмоция. Зеро жамиятда қайси ҳиссий идрок кўп бўлса, демак бу жамиятда шу парадигма ҳукмрон дегани. Агар ақли идрок кўп бўлса патриархат, ҳиссий кўп бўлса матриархат.
"Постмодерн", лекин аслида - феминизмнинг ғалабаси бўлмиш одамзоднинг деградацияси албатта фейсбукка ҳам таъсир қиляпти. Шу сабабли, феминистик геноцидни қурбони бўлаётган бугунги дунё ёшлари фейсбукни жадал равишда тарк этишяпти. Бизда эса бу жараён бироз сустроқ бўляпти. Балки фейсбукда ўзбек ёшлари кам бўлгани учундир. Лекин, фейсбук ҳақиқатдан ҳам эскиряпти ва у ерда қолиб кетадиган одамлар ҳам. Ҳамма нарсани ўз вақти бор, мана "Одноклассники" бир вақтлар жуда машҳур эди, хўш, ҳозир қаерда ўшалар. Тўғри, ҳар қандай платформа ўзининг махсус контингентига эга, аммо булар фақат супра қоқдилар. Албатта, Цукерберг буни яхши билган ҳолда "META" лойиҳасини ишга туширяпти. Дарвоқе, кейинги 5-8 йил TikTok ва Twitterники. Қисқа лаҳзали видеолар ва қисқа қайдлар каби ёзишмалар. Майли булар алоҳида мавзу.
Келинг, мавзуга қайтайлик, Ўзбек "интеллектуализм"и ўчоғи бўлиши кутилган фейсбук ёшлар эътиборидан қолиши шунчаки фақатгина табиий равишда бўлмаяпти. Бу, муайян мақсад учун атайлаб қилиняпти. Қандай мақсад? Одамларни ақлий фикрлашдан тўлиқ ҳиссий фикрлашга ўтказиш учун. Чунки ҳеч кимга интеллектуал ресурс ва рационал фикрловчилар керак эмас. Ҳиссий идрокни эса осон бошқариш мумкин. Ижтимоий тармоқлар фақат карнавализация учун хизмат қилиши керак. У ерни энди буткул ахлат билан тўлдиришади. Асосан эмоционал таъсирга эга бўлган контентларни кўпайтиришади.
Хўш, ижтимоий тармоқлар "ахлат" билан қандай тўлдирилади? Албатта, бекорчи ва арзимас маълумотлар, фойдасиз бахс-мунозаралар, ҳар хил челенджлар, диний ихтилофли масалалар ва ҳоказоларни тармоқ бўйлаб тарқатиш орқали. Буни кимлар қилади? Албатта блогерлар. Лекин, блогасфера цензурасиз, мустақил ва эркин ижодий йўналиш эмасмиди? Бу саволга жавоб топиш учун бироз тарихга шўнғиймиз.
ОАВлар доим маълум бир тоифаларнинг қўл остларида бўлиб, доим ўшаларнинг манфаатига хизмат қилиб келган. Газета ёки телеканалларда маълумотлар фильтрация ва цензурани инобатга олган ҳолда тақдим қилинади. Лекин интернет тармоғи эса мана шу муаммони блогерлар билан ҳал қилди. Тўғри, бу дегани интернетда фильтрация ва цензура йўқ дегани эмас. Блогерларни блогпостлари учун қамаш ҳолатлари ҳам бўляпти. Маълум маблағ эвазига фаолият олиб борувчи троллар ҳам йўқ эмас.
Блогер - бу ОАВнинг трансформацияси ҳисобланади. Бугунги кунда ривожланиб келаётган блогосфера ва тармоқлар оммавий ахборот воситалари вазифасини бажаряпти. Газета ва журналлар деярли ўз аҳамиятини йўқотиб бўлди. Телевидения ҳам аста секин ўз мавқеини йўқотмоқда. Блогерлик янги технологик муҳит бўлиб, бундай ҳолатдан одамлар фойдаланиб қолишлари мумкин. Аммо бу энди ҳаммаси яхши дегани эмас. Энди устимизга жуда катта ҳажмда маълумотлар оқими босиб келади, онг қабул қилаётган ахборотлар кўплиги туфайли, уларни қайта ишлашга улгурмай қолади. Яъни энди ақлингиз ахлатлар билан тўлади.
Бир вақтлар блогосферанинг моҳиятини Пелевин изоҳлаб берган эди: "Бугунги кунда инсон онги учта асосий таъсирга дуч келади. Бу гламур, мафкура ва янгиликлар деб номланадиган ташвиқотлар. Бирор киши реклама, мунозара ва кун воқеалари билан узоқ вақт давомида озиқлантирилган бўлса, у, ўзи бренд, мутахассис ва янгилик бўлишни хоҳлайди. Шунинг учун руҳий ҳожатхоналар, бу - Интернет-блоглар. Блогни юритиш - бу мутлақо гламур ва дискурслар билан вайрон қилинган, бузилган руҳиятнинг ҳимоя рефлекси... "©. Аммо ҳозир бу фойда бермаяпти. Чунки одамларнинг психикаси аллақачон бузилган, шу сабабли ҳимоя рефлекси ишламаяпти. Бутунлай.
Натижада фейсбук каби рационал тармоқлар актуаллигини йўқотиб бормоқда. Одамлар яна ўқишдан узоқлашадилар. Энди одамлар томоша қилишга, тинглашга ва ҳидлашга қизиқадилар. Албатта видео, аудио ва бошқа фармакологик воситалар, онгга тезроқ ва кўпроқ таъсир қилади. Бу онгдаги эмоционал фикрлаш улушининг катта бўлиб кетганидандир.
Шунинг учун энди тармоқдан фойдаланувчиларга осон таъсир ўтказишлик мумкин. Биронта блогер ёки вайнернинг чиқиши худди наркотик каби одамларга таъсир қилади. Натижада эҳтиросли ҳаракатлар ва стресс кўпайиб кетади. Энг ёмони ҳамма бир-бирини осон ҳақоратлайди. Мана шу атом бомбаси каби даҳшатли нарса. Одамлар кимнидир ҳақоратлашни, сўкинишни ёки бузуқ сўзларни бемалол муомалада ишлатишни бошлаяптилар. Чунки тармоқда ўтирган одам қаршисида тирик шахс эмас, қандайдир виртуал бот турибди деб тасаввур қилади ва бемалол сўкаверади.
Аслида ҳақорат қилиш бу - схема. Бу индивидуал шаклда шахсни ёки муайян бир жамиятни маънавий таназзулга олиб борадиган самарали усул. Мисол учун одамлар тарбиясиз, сўконғич ёки невротик блогерни кузатадилар, ундан таъсирланган ҳолда ҳақоратли изоҳлар қолдирадилар. Бўлди, шу етарли, ҳожатхонага кириб олган гўнг пашшалар каби бир-бирларини ҳақоратлайверадилар.
Аммо сиз бировни "ҳақорат қилиш" нимани англатишини биласизми? Бу қандай амалга оширилади? Бу кимларнинг хусусияти? Албатта жинларнинг! Агар эътибор қаратсангиз тармоқларда асосан ҳақоратли сўзларни тролл профиллар, жуда савиясиз вайнерлар, руҳий траммаси бор бўлган блогерлар ишлатадилар. Яна ҳам эътиборлиси мана шуларнинг кузатувчилар сони кескин равишда кўп бўлади. Бу эса инсон "асфала саафилийн"га қараб югуриб кетаётганидан дарак беради. Яъни бу ҳам халқларни тарбия қилиш усули. Фақат бунда муайян халқнинг савияси, интеллектуал салоҳияти туширилади.
Биз янги бошланаётган давр ва миллий давлатчилик тугаётгани ҳақида кўп гаплашдик. Демак кучли миллатга ҳам энди эҳтиёж йўқ. Савияли миллат ва интеллектуал маҳсулот кимга керак? Интеллектуал мулоҳазаларнинг ягона буюртмачиси ҳукуматдир, ва энди унга сохта мулоҳазалардан бошқа ҳеч қандай мулоҳаза керак эмас. Ундан ташқари фақатгина иккита ижтимоий синфга, ҳокимиятга ва халққа бўлинадиган жамият интеллектуал маҳсулотларга муҳтож эмас, бундан ташқари булар у билан моҳиятан мос ҳам келмайди.
Энди корпорациялар шакллантирган интеллигенция (советча нуқтаи назардаги зиёлилар қатлами) шаманлар каби рақс тушиб, дўмбирани чалиб, ноғорасига ўйнатишади. Фбда, ютубда ва бошқа ижтимоий тармоқларда бевосита ва билвосита бошқариладиган жимжимадор псевдо-интеллектуаллар давра рақсида айланиб, карахт аҳолини сеҳрлаб, уларнинг заиф неокортексларини ажойиб афсоналар билан гипноз қаладилар. Бошқача бўлиши учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Талаб ҳам йўқ.
Аммо бу ҳаммаси тугади дегани эмас. Бошланаётган янги даврда ҳар бир одам ўз ижтимоий жамиятини тузиши, аниқроғи уни ўзи шакллантриши керак. Бу эса алоҳида кейинги мавзу...