Айя София – масжидми ёки черков?
Мен тарихни сохталаштириш ҳақида кўп ёзаман ва бу ажойиб мунозараларга сабаб бўлади. Бир сафар мен "Айя София музейи"ни собиқ насроний черкови эмас, балки собиқ масжид сифатида қабул қилиш тўғри бўларди деб айтдим. Табиийки, кўпчилик мени бу фикримга қўшилмади. Бундан ташқари, баҳслашувчилар келтирган далиллар шунчалик стандартки, уларни барчасини шартли равишда "черковчилар" деб номласа ҳам бўлади.
Уларнинг айримларини изоҳларини келтираман: "Сиз Носовский ва Фоменко асарларининг мухлисимисиз? Ёки сиз тарихни шу даражада билмайсизми? Ажабо, унда Айя Софиядаги бу христиан тасвирларининг барчаси қаердан пайдо бўлди? Хўш унда Византия ҳужжатларини нима қиламиз? Ахир у ҳужжатларга кўра Муқаддас София айнан христиан черкови сифатида қурилган ва у ерда илоҳий маросимлар ўтказилган-ку?".
Хуллас "черковчилар"нинг стандарт фикрига кўра, Айя София анча олдин қурилган, бу "тарихий ҳақиқатни" кўплаб "Византия ҳужжатлари" ва ундаги "насроний тасвирлари"мавжудлиги тасдиқлайди. Келинг буни тафтиш қилишга ҳаракат қилайлик.
Аммо, аввал, "кўплаб Византия ҳужжатлари"нинг келиб чиқиши билан боғлиқ бўлган кичик бир чекиниш қиламан. "Тарихий манбалар"нинг ишончлилиги ҳақида биз аввалроқ гаплашгандик, ҳозир эса мен машҳур Совет ёзувчиси ва сценарийлар муаллифи Эфраим Севеланинг "Самолётни тўхтатинг, мен тушиб қоламан" китобидан иқтибос келтираман:
"Оқпошшо ҳукмронлиги остида камситилган кичик ва эътиборсиз халқларда бундай ижрочилар, ҳозир аниқ эсимда йўқ, менимча бахши деб номланар эди...
Унинг таржимони, яъни менинг мижозим, мана шу бахшини йўқ жойдан ўйлаб топди, ижод қилди, ҳаммасини ўзи тўқиб ёзди, аслидан таржима қилинган қилиб кўрсатди. У бунинг учун кўп пул олди. Бахшига бўлса - бутун СССР бўйлаб шон-шараф. Унга орден ва медаллар беришади.”
“Менинг таржимон-еврей танишим бўлса унинг учун шеърлар, асарлар, достонларни ёзаверади. Куну-тун. Тиним билмай. Бармоқларида қадоқлар пайдо бўлади. Албатта ҳамма нарса аноним қолади. Лекин шунга мувофиқ - катта миқдорда гонорар олади. СССР қардош халқларнинг тилларида ўнлаб, эҳтимол юзлаб мана шундай таржима китоблар оқсуяклар уйида пайдо бўлган. Ҳаммаси еврейлар дастхати билан..."
Мана шундай қилиб Эфраим Севела (Исроилга кўчиб ўтишидан олдин — Эфим Драбкин эди) “маданият чироқларини” яратиш “жараёнида” шахсан иштирок этган. Яъни ўша биз билган “Алпомиш”, “Гўр ўғли” каби бахшиларнинг достони йўқ жойдан ёзилган.
Бундай "ижод"нинг ахлоқий жиҳатларига чалғимай, "манбалар"ни ясаш технологиясига эътибор берайлик. У ўзгармасдир. Албатта, маълумки "воситаларни оқлаш" мақсадлари ҳаммада ҳар хил. Аммо техник жиҳатдан "Кесария Прокопийси" ва “черковчилар”нинг бошқа "манбалари" ушбу схема бўйича ясалган. Шунчаки уларнинг расмий таржимаи ҳолларини ўқиб кўринг.
Аммо, тарихий манбаларга ишонсангиз ҳам, ўзи бу "манбалар" Айя София ҳақида нима дейди?
Манбаларга кўра Айя София 324-337 йилларда қурилган, лекин 404 йилда халқ қўзғолони вақтида бутунлай ёниб кетган. Кейин қайта қурилган ва яна 415 йилда ёнғин чиқиб ёниб кетган ва бутунлай вайрон бўлган.
Шу йили император Феодосия II уни қайта қурдирган, лекин «Ника» халқ қўзғолони вақтида яна буткул ёниб кетган.
Ўжар византияликлар бўш келмадилар ва ёнғиндан қирқ кун ўтгач, император Юстиниан I унинг ўрнига янги черков қуришни буюрди. "Манбалар" шуни хабар қиладики ўша даврнинг энг яхши меъморлари Исидора Милетский ва Анфимия Тралльский раҳнамолигида, "бевосита самовий кучлар иштирокида" (!), кунига 10 минг (!) ишчи ишлаган. Черков қурилишига Византия Империясининг уч йиллик ғазнасини сарфлаган. Черков мислсиз кўркам ва ҳашаматли бино бўлиб кўриниши учун, Юстиниан безак учун катта миқдорда олтин, кумуш ва фил суягидан фойдаланган. Аммо қурилиш якунланганидан бир неча йил ўтиб, зилзила черковнинг бир қисмини вайрон қилди.
989 йилдаги зилзила пайтида бино яна жиддий шикастланди. Қулаб тушган гумбази "арман меъмори Трдат" томонидан “янада баландроқ” қилиб “қайта қурилди”. Уни таянчлар билан кўтаришди ва у аввалги кўринишини йўқотди. 1204 йилда эса Константинопол салибчилар томонидан талон-тарож қилинди ва деярли бутунлай вайрон қилинди. Талон-тарож черковга ҳам таъсир қилди ва унинг ҳашаматли ва ажойиб бойликларидан ҳеч нарса қолмади.
Албатта дунёдаги ҳамма нарса ниҳоясига етади ва 1453-йилда Султон Меҳмед II Константинополни босиб олди. Унинг қўл остида черков Айя-София масжидига айлантирилди, мавжуд биноларга ғиштли минора қўшилди. Унинг ўғли Боязид II даврида яна бир минора қўшилган.
XVI асрнинг иккинчи ярмида Султон Селим II қошида меъмор Синан бинони яна бир неча кўшк ва аркалар билан мустаҳкамлади, шунингдек, ғарбий қисмига иккита катта минора қўшилди ва бу ибодатхона қиёфасини анча ўзгартирди.
Қисқа қилиб айтганда барча "манбалар" бизга жуда аниқ бўлмасада, лекин черков бор ва у жуда қадимий деган тасаввур уйғотади. Гарчи доимий ёнғинлар, зилзилалар, қўзғолонлар, фатҳлар, қайта қуришлар ва бошқа кулфатлар натижасида ундан деярли ҳеч нарса қолмаса ҳам, барибир ҳали ҳам жуда қадимийдир. Ажойиб саргузашт ҳикоя.
Қизиғи шундаки, Усмонилар томонидан Константинопол забт этилганидан кейин Айя София билан ҳеч қандай воқеа содир бўлмаган. Бундан ташқари, бутун насроний дунё бир вақтнинг ўзида бу муқаддас "черкови" ҳақида "унутди". Ва уни 400 йил давомида бирон марта эсламадилар. Фақат, ХIХ аср ўрталарида, 1847 йилда Султон АБдул-Мажид I меъморлар Гаспар ва Жузеппе Фоссатиларни Айя Софияни қайта тиклашни амалга ошириш учун ишга туширгунича. Иш икки йил давом этди. Реставраторлар кўп ишлаб, масжид деворларида "оҳак қатламлари билан яширинган Византия мозаикалари"ни топишди. Уларни "қисман тозалашди" ва султонга кўрсатишди.
Бу ерда Ғарб маданиятига бўлган иштиёқи билан танилган Абдул-Мажид I сиймосига эътибор қаратиш лозим. Унинг даврида Франциянинг Наполеон кодекси модели бўйича Қонунчилик қайта ташкил этилди, мусулмон бўлмаганларга армияда хизмат қилишга рухсат берилди, давлат мадҳияси ва байроғи қабул қилинди. У 1839-йил 3-ноябрда Танзиматнинг асосий тамойилларини, Ғарб модели бўйича кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни баён этган машҳур “Хатти Шариф”ни эълон қилди.
Ушбу ислоҳотларнинг натижаси Усмонли империясининг банкротлиги бўлди. 1863-йилда Абдул-Мажид I вафотидан сўнг унинг вориси Абдул-Азиз I империя молиясини бошқариш учун Марказий банк тузишга мажбур бўлди. Мазкур банкни ташкил этиш концессияси инглиз ва француз молиячиларига 30 йил муддатга берилди (кейинроқ яна 50 йилга узайтирилди). Концессия шартларига кўра, бу банк давлат хазинасининг барча операцияларига хизмат кўрсатган. Бундан ташқари, у империя ҳудудида пул чиқариш учун махсус ҳуқуқига эга эди. Шу билан бирга, расмий равишда давлат банки бўлса ҳам, аслида, бу банк инглиз ва француз ва шунингдек 1875 йилдан кейин Австрия капиталига тегишли эди.
Яъни, Абдул-Мажид I фаолияти Усмонийлар империяси молиявий мустақилликни ҳақиқий маънода йўқотилишига олиб келди. Айнан шу Султон Айя Софияда "топилган" “Византия безакларининг" бир қисмини очиқ қолдиришни, лекин “авлиёларнинг барча юзларини” қайта суваб ташлашни буюрди.
Қизиғи шундаки, тадқиқот давомида ака-ука Фоссатилар бу "тарихий меросини асраб-авайлаш"ни қўллаб-қувватлаш учун Россия императори Николай I га мурожаат қилишган. У ҳам 1848 йилда бу уддабурон италияликлар меҳнатига "қизиқиш" билдиради. Бироқ 1853-56 йиллардаги Қрим урушидаги Россия империясининг мағлубияти бу "қизиқиш"нинг ривожланишига йўл қўймади. Париж Конгрессида ҳокимият вакиллари Константинополни ўз қаноти остига олдилар. Ҳафсаласи пир бўлган "реставраторлар" Айя Софияда "топишган" "авлиёлар суратлари"нинг батафсил тавсифларини ёзиш билан чекланиб, гўёки уларни “яна беркитдилар” ва улкан режалардан воз кечишга мажбур бўлдилар.
Бу орада ишлар жаҳон урушига қараб кетаётган эди ва йигирманчи асрнинг бошларида Европада Усмонли мулкига даъвогарларнинг бутун бир сафи шаклланди. Ака-ука Фоссатиларнинг "топилмалари"га ҳам қизиқиш бошланди. Албатта, улар дарҳол Европа жамоатчилигида "катта таассурот" қолдириб, Византия ва унинг санъатига бўлган иштиёқни уйғотди. Шу пайтгача ғарбдаги иштиёқмандларга фақат Италияда мавжуд бўлган Византия асарлари бор эди. Энди эса "қадимги дурдона"лар билан жойида танишиш имконияти туғилди. Ва қўшимчасига "санъат ихлосмандлари"нинг хавфсизлиги ва шароитлар яратиш учун Усмонли империясига қўшин юбориш керак бўлар эди. Бу эса Ғарб учун айни муддао эди.
Шундай қилиб, Айя София масжидига бўлган улкан қизиқиш айни вақтда юз берди. У мусулмон турклар томонидан қўлга олиниб, ғаразли тарзда эгаллаб олинган "энг буюк насроний зиёратгоҳи" деб эълон қилинди. Табиийки, яқиндагина катта давлатларнинг саъй-ҳаракатлари билан мустақилликка эришган юнонлар бу оловга тиришқоқлик билан ёнилғи сепишди. Айтганча, бу ҳаракатлар "юнон исёнчиларини" маънавий қўллаб -қувватлашда эмас, балки очиқ ҳарбий аралашувда ифодаланганди.
Усмонли империясига Антанта томонидан фақат сўйиш учун тайинланган қурбонлик қўзиси сифатида қаралди. Болқон урушлари, 1911-12 йиллардаги Италия-Туркия уруши - булар битта занжирнинг бўғинлари эди. 1916 йилдаги Сайкс-Пико келишуви Туркиянинг Англия, Франция, Россия ва Италия ўртасида бўлинишини назарда тутган эди. Туркияни мустақил давлат сифатида сақлаб қолиш вариантлари ҳатто кўриб чиқилмаганди ҳам.
Аммо, 1918 йилга келиб ҳамма нарса ўзгарди - биринчи навбатда Россия империяси қулади, кейин Қўшма Штатлар Ўйин™га қўшилди. Биринчи жаҳон урушининг кутилмаган натижалари "Туркия масаласи"ни ҳал қилиш вариантларини ўзгартиришга мажбур қилди. 1922 йилда юнон босқинчиларининг қўшинлари бутунлай мағлубиятга учради ва Камол Отатурк бошчилигидаги миллатчи республикачилар ниҳоят ҳокимиятга ўрнашдилар. Инглизлар Туркиядан қуруқ қўл билан чиқиб кетишди.
Дунё "Британия мероси” учун урушга кирди ва манфаатдор томонлар, биринчи навбатда АҚШ инглизларни, кенгроқ айтганда, Европа гегемонлигини ағдариш учун замин тайёрлай бошлади. Ҳамма томондан ҳужум бошланди. Натижада Американинг саъй-ҳаракатлари билан Шимолий Евросиёнинг кенг майдонларида, мағлубиятга учраган Россия империясининг тарқоқ қисмларидан, Франкенштейн йиртқичи каби, янги қудратли давлат - СССР пайдо бўлди. Бундан ташқари, болшевиклар томонидан тикланган Москва православ черковининг Москва Патриархати Ватикан ва Европанинг бошқа христиан органларига қарши турди. Албатта, рус подшоларининг Царьград яъни Константинопол ҳақидаги азалий орзусини амалга ошириш нияти, янги ташкил топган “совет” Россияси раҳбарларини ҳали тарк этмаганди. Бу Америка раҳбарларига жуда қўл келди.
Ушбу орзуни амалга ошириш учун "Айя София ибодатхонасини озод қилиш" шиори, Қора денгиз бўғозлари устидан назорат қилиш ҳақидаги савдо аргументларига қараганда анча жўн эди. Шунинг учун, Айя Софияга бўлган қизиқишнинг янгидан авж олиши айнан америкалик томонидан бошлангани ажабланарли эмасди.
Tомас Уиттемор жуда кўп қиррали инсон эди. Инглиз адабиёти бакалаври, Нью-Йорк ва Колумбия университетларида дарс берган. 1911 йилдан то умрининг охиригача “Мисрни ўрганиш” жамиятидаги Америка вакили бўлди. 1915-1916 йилларда у Россияда саккиз ой яшади. У 1920-йиллардаги рус ёш авлодининг эмиграцияси ҳаётида муҳим рол ўйнади, чет элдаги рус талабалари учун кўплаб стипендиялар таъсис этди.
1930 йилда Уиттемор Американинг Византия институтини тузди ва дарҳол Мустафо Камолдан расмий ташриф таклифини қабул қилди. Кўриниб турибдики, бу ерда у, Туркия давлати раҳбарига "рад этилмайдиган таклиф"ни қилган. Миш-мишларга кўра, учрашувдан кейинги кун Отатурк Айя София эшикларига улар ёзган "Таъмирлаш учун ёпиқ" ёзувини шахсан ёпиштириб қўйган. Уиттемор хоҳлаган нарсасини, "София собори фрескаларини ўрганиш ва тиклаш" учун рухсатни олганди.
Бу тезда ўз натижасини кўрсатишни бошлади. Тўрт йил давомида Уиттемор ва унинг ўнлаб ходимлари нафақат ака-ука Фоссатилар "беркитган" мозаикаларни "тозалашди", балки, илгари ҳеч ким кўрмаган кўплаб янгиларини "топдилар". Масалан, 1261 йилда ишланган улкан "Деисус"ни. "Муқаддас Айя София собори - Худонинг донолиги"нинг "тарихийлиги" ҳақида ҳеч кимда шубҳа қолмади.
Айя София расмий тарихининг турли хил номутаносибликларини ва икир чикирлари ҳақида жуда кўп гапириш мумкин. Лекин шу ергача бизларга аллақачон қуйидагилар аниқ бўлди:
- "Айя София" номли умумий бино ва иншоотлар мажмуаси 1930-йилгача масжид бўлиб, кейин музейга айлантирилди ва бу мутлақ эҳтимоллик билан айтилиши мумкин бўлган ягона ҳақиқат шу;
- Масжид ҳудудида аввалги биноларнинг излари йўқ. Барча "тарихий бинолар" 1453-йилгача қайта-қайта вайрон бўлган, талон-тарож қилинган, қайта қурилган. "Қадимий бинолар" деб номланаётган топилмалар эса ёки шу мавжуд бўлган масжид, ёки 1923 йилдан кейин "топилган";
- "Византия ҳужжатлари", агар улар сохталаштирилмаган бўлса ҳам, "қадимги собор" сақланиб қолинмаганлигини тасдиқлайди;
— Масжиддаги барча "насроний суратлар" 1847-йилдан кейин, аксарияти эса 1923-йилдан кейин "топилган".
Моҳиятан, "мусулмонлар томонидан насроний ибодатхонасининг олиб қўйилиши" деган важ атрофидаги шов-шув кимга ва нима учун кераклиги ҳақида тўғри хулоса чиқариш учун бу маълумотлар етарли. Аммо, бир дўстимиз "Facebook"да ёзганди: "Сиз балки ҳақдирсиз, барибир бу ҳолатда шахсан менга бир нарсани тушунтириш фойдасиз, мени кўндира олмайсиз". Мана шунақа. Айя София масаласи кўпчилик учун илм эмас, балки ишонч масаласи бўлиб қолди. Шунинг учун одамлар ўзлари истаган зарарли "тарихчилар"нинг бундай очиқ-ойдин ёлғонларига эргашадилар. Ахир қадимдан шундай ажойиб ибора бор:
Алданишдан мамнун бўлган кишини алдаш қийин эмас...