Найти в Дзене
Комилжон Abdulloh

Реалити-шоулар дунёнинг келажаги сифатида

Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳнинг номи билан Реалити-шоулар дунёнинг келажаги сифатида... Келинг ҳозир реалити-шоулар, вайнерлар ва оммавий томошабинлар каби қизиқарли нарсалар ҳақида гаплашамиз. Шоу-бизнесда “реалити-шоу”, ижтимоий тармоқларда эса “вайнер” номли мегапопуляр сегмент мавжуд ва ҳозир ўзбек тилидаги интернетда ҳам бундай муваффақиятли лойиҳалар шаклланяпти. Мен илк бор видео олиб ва уни ўз блогимда улашишни бошлаганимда менга айтишганди: "биз сиздан бошқачароқ форматдаги, вайнер лойиҳасини кутгандик, сиз бўлса бу ерда ўтириб, қандайдир юқори масалалар ҳақида гапиряпсиз." Мен вайнер нима эканлигига қизиқдим. Кейин вайнерларни кузатдим ва уларнинг лойиҳалари анча профессионал ва айни пайтда маънавий паст даражада амалга оширилганлиги мени ҳайрон қолдирди. Яъни, мавзуларнинг ғоявий мазмун даражаси нафақат паст, балки жуда ҳам паст. Шу билан бирга, техник жиҳатдан ҳамма нарса жуда юқори сифатда ташкил этилган, палапартишлик йўқ. Лекин энг қизиқ нарса шундаки, блог муаллифла

Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳнинг номи билан

Реалити-шоулар дунёнинг келажаги сифатида...

Келинг ҳозир реалити-шоулар, вайнерлар ва оммавий томошабинлар каби қизиқарли нарсалар ҳақида гаплашамиз. Шоу-бизнесда “реалити-шоу”, ижтимоий тармоқларда эса “вайнер” номли мегапопуляр сегмент мавжуд ва ҳозир ўзбек тилидаги интернетда ҳам бундай муваффақиятли лойиҳалар шаклланяпти. Мен илк бор видео олиб ва уни ўз блогимда улашишни бошлаганимда менга айтишганди: "биз сиздан бошқачароқ форматдаги, вайнер лойиҳасини кутгандик, сиз бўлса бу ерда ўтириб, қандайдир юқори масалалар ҳақида гапиряпсиз."

Мен вайнер нима эканлигига қизиқдим. Кейин вайнерларни кузатдим ва уларнинг лойиҳалари анча профессионал ва айни пайтда маънавий паст даражада амалга оширилганлиги мени ҳайрон қолдирди. Яъни, мавзуларнинг ғоявий мазмун даражаси нафақат паст, балки жуда ҳам паст. Шу билан бирга, техник жиҳатдан ҳамма нарса жуда юқори сифатда ташкил этилган, палапартишлик йўқ. Лекин энг қизиқ нарса шундаки, блог муаллифлари интервюларида ўзларини фаҳмли ва ажойиб одам дек тутишди. Вайнерлар орасида инсон психологияси, миялар қандай ишлаши ва уларга қандай таъсир қилиш мумкинлиги ҳақида яхши биладиганлари бор. Албатта мени бу каби блогларнинг феномени нимада эканлиги қизиқтирди. Агар биз уларнинг шахсиятини четга суриб қўйиб қарасак, унда биз кўрамизки - улар ноёб қобилият эгаси эмас, шунчаки фақат тренддалар. Ахир бу каби лойиҳалар Узнетда шунчаки пайдо бўлмади, улар бутун дунёдаги тренддан илҳомланганлар.

Булардан ҳам қизиқроқ “реалити-шоу” лойиҳалари бор. Реклама қилмаслик учун уларни номини айтиб ўтмайман, лекин муайян студияда ёки кўча ва майдонларда ташкил қилинган "машҳурлар билан можаролар" ёки "турмуш ўртоқ топиш" ё бўлмасам кундалик ҳаётини ижтимоий тармоқлар орқали жонли эфирда (ёйинда) шунчаки кузатувчиларга улашиб ўтирувчи блоглар каби ажойиб шоуларни ўзингиз яхши билсангиз керак. Улар ҳам илҳомни қаердан олгани маълум, хаёлимизга аввало "дўстлар" номли Aмерика телекўрсатуви ва машҳур рус лойиҳаси "Дом-2" келади. Бироқ, менинг нуқтаи назаримда бу лойиҳалар бошланғич манбалар эмас.

Албатта турли хил ток-шоу намойишларини яратиш ва тарғиб қилишда катта тажриба тўпланган Aмерика бўлади. Мисол тариқасида Жим Керри бош ролда ўйнаган қизиқарли филм "Труман шоуси"ни эсга олишингиз кифоя. Филм қаҳрамони гўзал ҳаёт ичра яшарди ва тўсатдан бир куни унинг атрофидаги бутун дунё - саҳна, барча одамлар – актёрлар эканлигини ва бу ҳақида фақат у билмаганини пайқаб қолади. Бу сунъий муҳитда ҳақиқий ҳаёт кечирган ягона одам у эди ва миллионлаб томошабинлар унинг ҳаётини кузатишганди.

Лекин, “Труман шоуси” бу кинофилм, ва у телевизион дастурдан фарқ қилади. Буни замонавий рус ёзувчиси Пелевин “Generation «П»” асарида яхши тушунтирган. Асар қаҳрамони реклама оламига кириб келади ва ўз истеъдодини реклама шиорларини тузиш орқали кашф этади. У аввал копирайтер, кейин "криэйтор"га айланади. Унинг вазифаси хорижий товарлар рекламасининг ички менталитетга мослаштириш бўлади. Кейин у телевидениеда ишлаб, одамлар онгидаги реал ҳақиқатни телевизион “ҳақиқат”га алмаштириш билан шуғулланади. У компьютер технологиялари ёрдамида давлат арбобларининг телевизион тасвирларини яратишда ва мамлакатнинг сиёсий ҳаётида иштирок этади.

Шу тариқа телевизион дастурлар одамлар яшаётган реал ҳаётларининг ўрнини эгаллайди. Одамлар ўзлари яшаётган оламни идрок қилишни тўхтатиб, телевизорда кўрсатилаётган нарсаларни реал воқелик деб қабул қилишади. Телевизион дастурларнинг кино ва сериаллардан кескин фарқ қиладиган жойи ҳам шунда: одамлар кинофилмларни бадиий тўқима эканлигини биладилар, лекин реалити-шоу каби теледастурларни ҳақиқат деб қабул қиладилар.

“Труман шоуси” филмда одамларга ушбу симулятордан қандай қилиб чиқиш кераклиги ҳақида йўналиш берилади. Телевизион дастурларда эса одамлар бу шоу намойишига қандай қилиб боғланиб қолиши мумкинлигини кўрсатади. Доим диққат марказида бўлиш ва атрофдагиларнинг ҳаммаси бефарқ бўлмаслиги учун, томошабинларни, шоу саргузаштларни кузатадиган бу массани ўзига боғлаб, ушлаб туради.

Бошқача айтганда, ҳозирги кундаги барча "камера остида яшаш"дан иборат бўлган вайнерлик, доимий жонли ёйинда бўлишлик ва шу каби лойиҳалар реалити-шоунинг тадрижий ўзгаришининг натижасидир, фақат асл моҳияти бузилган ҳолда. Лекин ҳаммаси қаердан бошланган эди? Aгар биз бу мавзуни чуқурроқ ўрганадиган бўлсак, Курт Воннегутнинг 1969 йилда ёзилган «Бойня номер пять, или Крестовый поход детей» номли тўлиқ рамзий романига дуч келамиз. Айнан шу ерда замонавий реалити-шоу, вайнерлар ва бошқа шу кабиларнинг ибтидоси берилган. Илдиз шу ерда.

Матрица ҳақида аввалроқ ёзилган мақоламда айтганимдек Воннегут шунчаки ёзувчи эмас, балки америкаликлар университетларда ўқиб, ўрганиладиган адиб. Воннегут Aмерика сиёсий элитасининг шакллантирувчи ижодкорларидан биридир, чунки улар унинг китобларида улғаядилар. Бу Aмерика элитаси маданий кодининг бир қисмидир. Мана шу Воннегут ўз ҳикояларида Тральфамадор тушунчасини айтиб ўтади. Тральфамадор – бу, аҳолиси Ер юзидаги ҳаётга таъсир қиладиган сайёра бўлиб, улар нафақат ривожланган цивилизация ва анча илғор технологияларга эга, балки, энг эътиборлиси, вақтни бошқача тушунадилар.

Воннегутга кўра, одамлар вақтни поезд ойнасидан ташқарига қараб кетаётган йўловчилар каби қабул қиладилар. Яъни, киши маълум бир позицияда ўтириб кўриш чекланган вагон ойнаси орқали бутун дунёга қарайди. Поезд кетаверади ва деразадан ташқарида бирин кетин ўтаётган лавҳалар бизнинг ҳаётимизга айланади. Лавҳа бир бор кўриниш беради ва йўқликка қараб кетади. Сиз уни эслашингиз мумкин, лекин кейинги лавҳа қандай бўлади, номаълум. Сиз ўтиб кетган лавҳага жисмонан эмас балки хотираларингизда қайтиб келишингиз мумкин. Шу билан бирга сиз келгусидаги лавҳаларни ҳам кўролмайсиз. А нуқтадан (туғилиш пайти) бир киши поездга ўтириб, тушадиган манзили Б нуқтагача (ўлим пайти) оралиқдаги бу ёрқин лавҳалар бу вақт. Чизиқли ва тўхтовсиз. Лаҳзалар бирин-кетин ўтиб боради, ипга тизилган мунчоқлар каби, ва агар бир лаҳза ўтиб кетган бўлса у қайтиб келмас бўлиб ўтиб кетади.

Бироқ Тралфамадорликлар, ерликлардан фарқли ўлароқ, вақтни бир бутун деб биладилар. Ўтмиш, ҳозирги ва келажакдаги барча дақиқалар доимо мавжуд ва ҳар доим мавжуд бўлади. Тралфамадорликлар бир вақтнинг ўзида турли лаҳзаларни кўра оладилар. Улар, барча бу лаҳзалар қанчалик доимий эканлигини кўришлари ва уларни қизиқтирган бирон лаҳзани алоҳида олиб кўриб чиқишлари мумкин. Шундай қилиб, вақт тушунчаси, ҳаёт тушунчаси улар учун бутунлай фарқли. Шунга кўра ҳаётни идрок этиш ҳам. Яъни, улар, ҳозирги кунда содир бўладиган ва келажакда содир бўладиган нарсалар бошқа нарсалар қатори инсоннинг ўзига ҳам боғлиқ бўлган ҳаётга яхлит ҳодиса сифатида қарамайдилар. Улар буни инкор этиб, ҳаётнинг боши ва охири йўқлигига ишонишади, улар учун фақат Mobius тасмаси бўйлаб ёпиқ ҳалқа бўйлаб чексиз ҳаракат бор. Аслида бу Ницшенинг "абадий қайтиш" концепциясининг бошқачароқ талқинидир.

Дунёни ҳеч нарсасини ўзгартириб бўлмайдиган ёпиқ ҳалқа сифатида қабул қилиш, эртами-кечми воқеаларни алоҳида, бир-бирига боғламаган ҳолда идрок этишга олиб келади. Яъни, уларнинг нуқтаи назарига кўра улар бутун жараёнга муҳтож эмас, у барибир ҳам натижа бермайди, фақат алоҳида лаҳзалар муҳим. Бирор нарса содир бўлади, бир сониядан кейин бутунлай бошқача нарса содир бўлади ва тралфамадорликлар уни телеграмма, муайян белгилар мажмуи сифатида қабул қиладилар. Ҳар бир белгилар гуруҳи қисқа ва муҳим хабарни, бирор ҳолат ёки ҳодисанинг тавсифини ўз ичига олади. Бу хабарлар орасида алоҳида боғлиқлик йўқ, фақат улар биргаликда ҳаёт ҳақида умумий тасаввур беради. Боши, охири йўқ, мазмуннинг шиддати, ҳикмати йўқ, сабаблари йўқ, оқибатлари йўқ. Энг муҳими эса, кўплаб ажойиб дақиқаларнинг теранлиги, умумий руҳий ҳолатни берадиган бир лаҳзали лавҳадир. Бу тралфамадорликларнинг, дунёнинг халифларининг фикрлаш ва ҳаётга ёндашиш усули.

Хўш, реалити-шоуларнинг буларга қандай алоқаси бор? Воннегутнинг «Бойня номер пять, или Крестовый поход детей» ҳикоясида тралфамадордагилар томонидан ўғирланган Билли Пилигримнинг ҳаёти ҳикоя қилинади. Уни шиша гумбазга жойлаштириб, у ерда яшаши учун шароит қилиб берилади. У ташқарига чиқа олмайди, чунки у ерда гумбазнинг атрофи синил кислотаси билан ўралган эди. Тралфамадорликлар гумбаз атрофида ўтириб, уни юришини, овқатланишини, ичишини кузатардилар: "Билли диванидан турди, ҳожатхонага бориб бўшаб келди. Оломон буни қувонч билан кузатарди"©. Кейин у ерга бир аёлни келтирдилар. Вақт ўтиши билан у ҳомиладор бўлди, фарзанд дунёга келтирди. Томошабинлар эса буни катта қизиқиш билан томоша қилардилар. Билли оддий одам эди, ғайриоддий ёки жуда кўп ишлар қилмасди. У фақат ухларди, табиий эҳтиёжларини қондирарди. Ва ўтмишдан манфаатдор бўлмаган, келажакка қизиқмаган, фақат шу ҳозирги лаҳзага қизиққан тралфамадорликларга Билли керак эди, муҳим эди. Уларга шу қизиқ эди.

Хўш, бизда ҳозир нима бўлаяпти? Замонавий реалити-шоу бизнесининг вакили сифатида вайнерлар, блогерлар, жонли ёйинчилар нима қиляпти? Улар Билли Пилгрим сингари, тралфамадордагиларга "оддий ҳаёт"ини мониторлар ва смартфон экранлари орқали кўрсатиб бораяпти. Улар томошабинлар учун керак бўлса ҳожатхонага борадилар. Одамлар уларни кузатадилар ва ҳақиқий ҳаётдан узоқлашиб, ўша лаҳзада яшайдилар. Тўлиқ Тралфамадор, бир кичик истисно билан – фақат улар бошқарувчи эмаслар. Улар бошқариладилар. Ва бу блогерлар Билли Пилигримдан фарқли ўлароқ бошқаряптилар.

Воннегут ўз китобларини ёзганида, тралфамадорликлар юрадиган, яшайдиган ва ўладиган ерликларни бошқаришини назарда тутган. Aммо энди бунинг акси, дунёни оддий кундалик, арзимас ва маъносизлик даражасига туширадиган одамлар тралфамадорларни бошқаряпти. Тез орада биз ниҳоят Воннегут тасвирланган нарсага келамиз. Чунки интернетнинг виртуал ҳақиқати - бу Тралфамадор.

ЭВОЛЮЦИЯНИНГ ЯНГИ ДАРАЖАСИДА.