Бола ҳали жуда кичиклигида ота-онада унинг ўзини қандай ҳис қилаётгани борасида кўплаб қўрқувлар ҳамда унга айнан нима кераклиги ва нима ташвишга солаётганига оид саволлар юзага келади. Гўдакни сўзларсиз тушуниш мумкинми? Мутахассислар болага катталар билан “сўзлашишга” ёрдам берадиган 3та асосий усулни қайд этишади.
Ҳар бир ота-она фарзандининг ўзига хос белгиларини тушунишни ўрганади, биз эса эҳтиёжларни тушунишга доир қандай умумий қоидалар борлигига қизиқдик.
Йиғи бўйича
Боланинг дастлабки 4 ойлигидаги йиғлаши – ўз эҳтиёжларини акс эттиришнинг асосий усулидир. Бироқ, айтайлик, қорин очгани ҳақидаги йиғини оғриқдан қандай фарқлаш мумкин?
- Чақирув йиғиси. Бола узоқ вақт ёлғиз қолади ва уни қўлларига олишларини истайди. У 5-6 сония бақириб, 20 сонияга яқин танаффус қилади. Агар ота-она эътибор бермаса, бу ҳолат ҳақиқий йиғига айланмагунича бир неча марта қайтарилади.
- Очлик йиғиси. Чақирув йиғисидан бошланиши мумкин, лекин бола қўлга олиниб овқатлантирилмаса, йиғи давом этади ва жазавали тус олади, бола бошини айлантиради ва чапиллаган товушлар чиқариши мумкин.
- Оғриқдаги йиғи. Бундай йиғи бир маромда, баланд ва узлуксиз бўлади, вақти-вақти билан оғриқ ҳисси кучайишидан дарак берадиган жазавали йиғи юз беради. Бироқ бола касал бўлса, унинг йиғиси ир маромда, аммо паст овозда бўлиши мумкин, чунки баланд товуш чиқаришга унда куч бўлмайди.
- Физиологик жараёнлардаги йиғи. Ҳаттоки организмдан ортиқча ҳавонинг оддий чиқарилиши, пешоб ёки ахлат чиқиши ҳам аввалгида болада ёқимсиз ҳисларни уйғотиши мумкин. Бундай йиғи ингиллаш, чийиллашни эслатади.
- Уйқу йиғиси. Бола жудаям ухлагиси келадию, аммо қандайдир сабабларга кўра ухлай олмаса, йиғи аразлаган, бир маромдаги ҳиқиллашни эслатади ва эсноқ билан бирга кечади, бола кўзлари ва қулоқларини ишқалаши мумкин.
- Ноқулайлик йиғиси. Бундай йиғи анча аччиқланган ва узилган бўлиб, кўпинча қимирлаш билан бирга кечади, бола айланиши ва эгилиши мумкин. Демак, тагликни текшириш керак, эҳтимол кийими ноқулайдир, иссиқ ёки совуқдир.
Бундан ташқари, ҳаттоки жуда кичик болалар ҳам ҳолатни ўзгартиришни истаганида, ҳафа бўлганида ёки зерикканида йиғлаши мумкин.
Товушлар бўйича
Австралиялик педиатр Присцилла Дансен 20 йилдан ортиқ вақт давомида гўдакларнинг эрта чиқарадиган (3-4 ойгача) товушларини тадқиқ қилиб келади. Унинг тажрибаларида турли миллатларга мансуб минглаб болакайлар иштирок этган. Присцилланинг фикрича, бирламчи рефлектор товушлар барча миллатларда бир хилдир.
Лекин 4 ойликдан кейин бола мулоқот қилиш истагида товуш чиқаради ва уларнинг жисмоний эҳтиёжларга деярли алоқаси бўлмайди. Присцилла ўзи очган мактабда янги ота-оналарга гўдакларини тушунишни ўргатади. Мазкур товушлар ўз вақтида тушунилса, йиғининг олдини олиш мумкин экан.
Асосий товушлар “луғатчаси”:
- “Ня” (“на”) – “Қорним очди!” Бундай товуш бола тилчасини танглайига ёпиштирганида чиқади ва сўриш рефлексидан ҳосил бўлади.
- “Э-э” (“эи”) – “Ҳозир қайт қиламан!” Бу товуш ҳазм қилиш тизимидан ҳаво чиқа бошлаганда, бола эса уни рефлектор равишда итаришга уринганида ҳосил бўлади.
- “Ау” (“оу”, “ов”) – “Ухлагим келяпти, чарчадим!” Бола лабларини чўччайтириб, яъни эсноқнинг дастлабки аломатларида ана шундай “чарчоқ товушини” чиқаради.
- “Хе” – “Менга ноқулай!” Ёқимсиз тактиль ҳислар болани қимирлашга, қўллари ва оёқларини силкитишга мажбур қилади. Бунда оғиз ҳам очиқ бўлса, айнан шундай товушлар чиқади.
- “Иэо” (“иэу”) –қорин оғрияпти, дам бўляпти. Бола қорнини таранг қилиш орқали оғриқни йўқотишга уриниб, нафас чиқаради, товушлар ўзгаради ва мунгли инграш ҳосил бўлади.
Ҳаракатлар бўйича
Тана тили боланинг ҳислари ҳақида маълумот беради.
- Белини қайиради. 2 ойгача бўлган болаларда бу ҳаракат кўпинча оғриқ ва қорин дам бўлишига жавобан юзага келади. Агар бола овқатланганидан кейин қайирилса, қорни тўйганини айтаётган бўлади. Агар бола овқатланганидан сўнг бундай ҳаракатни кўпинча кузатсангиз, бу рефлюкс аломати бўлиши мумкин. 2 ойдан ошган болаларда бу ҳаракат чарчоқ ва ёмон кайфиятни англатади.
- Бошини бир маромда тебратади. Ўзини тинчлантириш ҳаракати, бола бу ҳаракатни уйқудан аввал ёки кам таниш одамлар орасида бўлганида бажариши мумкин.
- Қулоқларини ушлайди. Аксарият ҳолларда бу шунчаки “англаш” ҳаракати бўлиб, бола ўзини тадқиқ қилади. Агар бундай ҳаракат йиғи билан бирга кечса ва кўп такрорланса, болани шифокорга кўрсатиш керак.
- Қўлларини мушт қилади. Очлик аломати. Бу ҳаракатни ўз вақтида кўриш орқали қорин очиши йиғисининг олдини олиш мумкин.
- Оёқларини букади. Қориндаги оғриқ, дам бўлиши аломати. Бола рефлектор равишда оғриқни енгиллаштиришга уринади.
- Қўлларини кескин силкитади. Бундай ҳаракат боланинг қўрққанини билдиради. Кескин товуш, ёрқин чироқ, бирдан уйғониш силкинишга сабаб бўлиши мумкин, бу вазиятда болани тинчлантириш зарур.
Педиатрлар кичкинтой ҳали ҳеч нарсани англамайдиган бўлиб кўринган тақдирда ҳам, у билан иложи борича кўпроқ гаплашишни, унга атрофдаги ҳамма нарсани кўрсатиб тушунтиришни маслаҳат қиладилар. Бу унга ўзининг индивидуал товушлари ва ҳаракатлари орқали яқинлари билан мулоқот қилишни тезроқ бошлашга ва яхшироқ ривожланишга ёрдам беради. Ўртангиздаги ўзаро тушуниш йўқолмасин!