Найти тему
LifeHaq.uz

10та гап болага ҳар куни айтилиши керак

Оглавление

Биз кўпинча болага айтган ҳар бир сўзимиз унинг қалбида бутун умрга из қолдириб, ҳулқини шакллантириши мумкинлиги ҳақида ўйламаймиз. Психолог ва она Екатерина Хломова ҳар куни болага нимани эслатиб туриш зарурлиги ҳақида сўзлайди.

Мен сени яхши кўраман

Бола, у хоҳ 2 ойлик бўлсин, хоҳ 15 ёшда, ҳар қандай ёшда ҳар куни яқин инсонидан шу сўзларни эшитиши керак. Албатта, сўзларни ҳаракатлар билан тасдиқлаш зарур: биргаликда вақт ўтказиш, болани тинглаш, унинг муаммоларини муҳокама қилиш. Бирон кун муҳаббат изҳор этилмасдан ўтмасин. Болалар ўзларини яхши кўришларини билсалар, ҳотиржам ва барқарор ҳис қиладилар.

Айнан сен туғилганинг қандай яхши

Муҳими, болалар эрта ёшданоқ ноёбликлари, бошқалардан фарқ қилишларини тушунишлари керак, зеро ҳаммамиз бошқалардан у ёки бу жиҳатдан фарқ қиламиз. Ҳар куни фарзандларингизга уларнинг дунёга келиши ҳаётингизда юз берган энг яхши ҳодиса эканлигини айтишни мақсад қилинг. Айниқса, бу сўзларни ака-сингиллари бор болалар учун эшитиш жуда муҳимдир. Болани тинчлантиринг, у ойиси ва дадасининг муҳаббати ҳаммага етишини ва ота-она учун ҳар бир бола энг севимли ва ягона эканлигини билсин.

Сен уддасидан чиқасан (Сенга ишонаман)

Аввалига энг кичик вазифалар ҳам болаларга мураккаб ечимли бўлиб кўриниши мумкин, чунки улар ўз қобилиятлари борасида чекланган тасаввурга эга бўладилар. Айнан шунинг учун улар учун ота-онанинг рағбати жуда муҳим ўрин тутади. Болага унда ҳар қандай вазифани бажариш имкони мавжудлигини доим эслатиб туринг. Агар болага ҳар куни ота-онаси унга ишонишлари қайтарилса, у қийинчиликларни енгишни ўрганади ва ўзига ишонч ҳисси билан улғаяди.

Кунинг қандай ўтди?

Кунни у қандай ўтганини муҳокама қилиш орқали якунлаган маъқул, зеро муҳим нимадир юз бергани аниқ. Агар бу савол ҳар куни қайтарилса, бола барча ҳодисаларни ота-онаси билан муҳокама қилишни ўрганади. Шунчаки сўрашнинг ўзи кифоя эмас, яъни сиз чарчаган ва миянгиз бошқа нарсалар билан банд бўлган ҳолатда бола секин ва тушунарсиз гапираётган бўлса ҳам унинг жавобини тўлиқ тинглаш зарур. Агар ўсмирлик ёшида бола билан алоқани сақлаб қолишни истасангиз, ҳозирданоқ бунга замин яратиш керак. Бунинг учун яқиндан суҳбатлашиш одатидан яхшироқ нарса йўқ.

Бўш келма

Биз қийинчиликлар олдида ортга чекиниш фойдасиз эканлигини яхши биламиз ва “кўз қўрқоқ, қўл ботир” тамойилини аллақачон ўзлаштириб олганмиз. Бироқ фарзандларимиз ҳали бундан беҳабар ва кичкинагина қийинчилик ҳам уларга фожиадек туюлиши мумкин. Бола ўзлаштириши зарур бўлган нарса – “ҳеч қачон енгилмаслик”. Бу нарса қандайдир омадсизлик, ҳаттоки у жиддий бўлиб кўринганида ҳам, болага доим эслатилиши зарур. Ҳар қандай одам хато қилишга ҳақли эканлигини билиши шарт, акс ҳолда комплекслар шаклланади. Хато қилиш ва омадсизликка учраш ҳуқуқи ҳамда барибир сени қўллашларини билиш – оила бизга тақдим этадиган энг муҳим нарсалардан биридир.

Сен билан фаҳрланаман

Инсоният учун ҳар қандай кичкина қадам – бола учун катта қадамдир: ўзи боғичларини боғлади, биринчи сўзини ёзди, болалар тадбирида биринчи марта саҳнага чиқди. Буларнинг бари эришилган ютуқдир. Болага унинг ютуқларини юқори баҳолашингизни кўрсатинг. Натижада, унда янги муваффақиятлар ва ихтиролар учун куч пайдо бўлади.

Кел, ачомлашамиз

Машҳур америкалик психолог Виржиния Сатирнинг таъкидлашича, болага омон қолиш учун кунига 4 маротаба қучоқлашиш, ўзини яхши ҳис қилиши учун – 8 маротаба, шахс сифатида ўсиб ривожланиши учун эса – 12 маротаба қучоқлашиш зарур. Тадқиқотларга кўра, қучоқлашиш стрессни енгиш, жисмоний ва руҳий саломатликни яхшилашга қодир. Бундан ташқари, бола зарур миқдорда қучоқлашишлар олмаса, бепарво ва севишга қодир бўлмаган инсон сифатида ўсиши мумкин.

Мен доим ёнингдаман

Болаларни қийин вазиятларда қўллаб-қувватлаш муҳимдир. Албатта, улар ноҳақ бўлишлари мумкин ва бу ҳақида иложи борича эҳтиёткорлик билан гапириш керак. Болага ҳаракатлар эркинлигини берар экансиз, у ҳар қандай вазиятда сизга ишониши мумкинлигини эслатинг. Бола ёлғиз эмаслиги, қийин дамда оила аъзолари унга ёрдам қўлини чўзишини билса, қийинчиликларни осонроқ енгиб ўтади.

Сен ақллисан

Нима учун бола ақлли эканлигини билиши зарур? У ўзига паст баҳо бераётган бўлиши мумкин. Бир куни тенгдошларининг ютуқларига қараб, у мислсиз ақлий қобилиятга эга эмасман, деган фикрга келади. Натижада, бола энг кичик қийинчиликлар олдида ҳам ортга чекиниб, омадсизликларини ўзининг аҳмоқлигига йўяди.

Раҳмат!

Бола ўйинчоқларини йиғиб қўйган, идишларни ювишга ёки чангни артишга қарашган бўлса, унга миннатдорчилик билдиришни унутманг. У ишни қай даражада бажаргани муҳим эмас: хатоларни кейинроқ кўрсатса ҳам бўлади, аммо ёрдам беришга бўлган уриниш учун дарҳол миннатдорчилик билдириш керак. Бу сеҳрли сўз яқинлаштириш ва рағбатлантиришдан ташқари, хушмуомалаликка ҳам ўргатади.