Найти тему
LifeHaq.uz

Болалардан четда тутинг: уй дориқутисидаги энг хавфли буюмлар

Оглавление

Педиатр Артём Кабанов қайси дориларни болалардан узоқда тутиш муҳимлиги ҳақида сўзлайди.

Ота-онамнинг уйида полдан анча баланд масофада деворга осиладиган дориқути илиб қўйилган. Эсимни танибманки, у доим ўша ерда бўлган. Менимча бу ёрлиқларида “болалар учун хавфсиз жойда сақлансин” эслатмаси ёзиладиган дориларни сақлаш учун энг яхши усул. Аслида дориқути калит билан ёпилиши мақсадга мувофиқдир.

Талабалик йилларимда тез ёрдамда ишлаганман ва турли уйларга борганман. Уларнинг кўпида кичкина болалар бўларди. Ҳеч қаерда ўз уйимдагидек дориқутиларни кўрмаганман. Одатда хонанинг бурчагида устида таблеткалар, ампулалар, шиша идишчалар сочилиб ётган стул ёки журнал столи туради. Буларнинг барчаси боланинг қўли етадиган масофада.

Дорилар жуда хавфли. Бола ўзи заҳарланиши ёки катталар дорини нотўғри қўллаши оқибатида шикастланиши мумкин. Уй дориқутисининг энг хавфли “аъзолари” ҳақида сўзлашамиз.

Бурун томчилари

Бола бурни битиб қолгани учун яхши ухламаганда ва овқатлана олмаганида, томирларни торайтирувчи томчилар ва спрейлар жуда қўл келади. Бироқ антиконгестантларнинг (бу воситаларнинг илмий номланиши) нотўғри қўлланилиши бола учун хавфлидир.

Моҳиятан улар адреналин, гормоннинг муқобил шакли бўлиб, унинг таъсир доирасига тери, ичак, шиллиқ қаватлардаги томирларни торайтириш киради. Ортиқча миқдорда қўлланилганда антиконгестантлар қонга ўтади ва тизимли таъсир кўрсатади.

Заҳарланиш аломатлари: дармонсизлик, юракнинг тез-тез уриши, аритмия, артериал босимнинг ошиши, кўнгил айниши ва қайт қилиш, нафас олишдаги қийинчиликлар, терининг кўкариши, тана ҳароратининг ошиши. Оғир ҳолатларда – ўпка шишиши ва юрак тўхташи.

Болаларда заҳарланиш хавфи катталарникига нисбатан кўпроқ бўлади, чунки унинг шиллиқ қавати юпқароқ бўлиб, дори қонга тезроқ ўтади.

Болалар кўпинча бурун томчиларини ютиб юборишади. Кичикина бола қаровсиз қолдирилган доирини ичиб қўйиши мумкин, бу жуда хавфли!

Томирни торайтирувчи воситаларни қўллаш қоидаларини эслаб қолинг:

► Томирни торайтирувчи томчилар ва спрейлардан қатъий кўрсатмалар асосида, шифокор тавсияларига мувофиқ фойдаланинг. Ёдда тутинг, бу даволаниш эмас, балки аломатларни йўқотиш учун вақтинча чора.

► Фақат болалар учун мўлжалланган махсус томчилардан фойдаланинг. Уларда ҳудди катталарникидек фаол моддалар қўлланилади, аммо камроқ миқдорда.

► Антиконгестантларни беш кундан ортиқ ишлатманг.

► Дори идишини боланинг қўли етмайдиган жойда сақланг.

Симоб

Замонавий дунё симобли ҳарорат ўлчагичлардан воз кечмоқда. Ҳозирда янада қулай, аниқ ва хавфсиз моделлар жуда кўп. Шунга қарамай, айрим ота-оналар аввалгидек улардан фойдаланади. Уларга кўникканмиз ва тушунамиз. Электрон термометрга эса ишониш қийинроқ: синиб қолсачи, нотўғри кўрсатсачи, “алдасачи”?

Симоб – ноёб металл. У хона ҳароратида суюқ ҳолатда бўлади ва фаол буғланади. Шунингдек, у ўта заҳарлидир.

Уйда симобли термометрни умуман сақламаслик мақсдага мувофиқдир. Уларни йўқотинг ва бошқа моделларни сотиб олинг.

Агар барибир эски воситадан фойдаланишни афзал кўрсангиз, уни болаларнинг қўли етмайдиган махсус ғилофда сақлаш керак. Бола ҳеч қачон ўз ҳолича катталарсиз ҳароратини ўлчамаслиги керак.

Спирт

Аксарият ота-оналар ҳароратни пасайтириш учун спиртдан фойдаланишга ўрганган. Боланинг ҳарорати 39°Cдан баланд ва дорилар ёрдам бермаяптими? Дарҳол ароқ билан ишқалаш керак. Дарҳақиқат, бу ҳароратни пасайтиришга ёрдам беради. Бироқ этил спиртининг бир қисми боланинг юпқа ва таъсирчан териси орқали организмга сингишга улгуради. Бола қанча кичик ёшда бўлса, этанолнинг қондаги миқдори шунча хавфли бўлади.

Бундан қилманг. Хона ҳароратидаги оддий сув билан ишқалаш ҳам кифоя қилади. Бу самарали ва хавфсиз.

Ҳароратни пасайтирувчи дорилар

Боланинг ҳарорати юқори бўлса, иккита ҳароратни пасайтирувчи хавфсиз дорини қўллаш мумкин: ибупрофен ва ацетаминофен (яъни, парацетамол). Аспирин қатъиян тақиқланади, чунки у Рей синдроми - ҳаёт учун хавфли бўлган бош мия ва жигар шикастланиши эҳтимолини оширади.

Бироқ хавфсиз дори воситаси ҳам катта миқдорда хавфни юзага келтиради. Парацетамол буйраклар, жигар, ошқозоности бези, бош мияни шикастлаши мумкин. Дорининг ортиқча миқдорда қабул қилингани рангнинг очариши, кўнгил айниши ва қайт қилиш, қориндаги оғриқ, юрак ритмининг бузилиши орқали намоён бўлади. Кўп миқдорда қўлланилган ибупрофен артериал босимнинг пасайиши, аритмия, буйракларнинг фаолиятининг бузилиши, нафас олишнинг тўхташига олиб келади.

Ҳароратни пасайтирувчи воситаларни қўллаш қоидаларини эслаб қолинг:

► Уларни қатъиян кўрсатмалар асосида қўлланг. Агар 3 ёшдан катта боланинг ҳарорати 38,9°Cдан юқори бўлмасаю, бу унинг аҳволида деярли акс этмаса, дорилар унга керак бўлмаслиги мумкин.

► Ёрлиқдаги кўрсатмани эътибор билан ўрганинг, унда қайд этилган миқдорларга қатъий амал қилинг.

► Болага шамоллаш вақтида бераётган барча дориларнинг таркибини диққат билан ўрганинг. Уларнинг аксариятида ҳароратни пасайтирувчи моддалар бўлади. Биргаликда улар ортиқчалик қилиши мумкин.

► Аксарият дорилар ширин сироплар шаклида чиқарилади. Болаларга уларнинг таъми ёқиши мумкин, шу боис уларни ҳеч қачон очиқ жойда қолдирманг.

Артериал босимни пасайтирувчи дорилар

Ота-оналар жуда банд бўлган замонавий дунёда болаларга кўпинча бувилар ғамхўрлик қилади. Уларнинг кўпчилиги қон босими ошишига қарши дориларни қабул қилишади. Бундай воситаларни болалардан яшириш керак, аммо ёши катта одамлар кўпинча уларни боланинг қўли етадиган стол, тумба устида қолдирадилар.

Шифокор ўйини ёки шунчаки таблеткаларни татиб кўриш истаги бола ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин. Болаларда бундан воситалар артериал босимнинг хавфли пасайиб кетишига (шок ҳам бўлиши мумкин), юрак ритмининг бузилишига олиб келиши мумкин.

Бола хавфсизлигини таъминлаш учун унинг бувисига тушунтириш ҳамда вақти-вақти билан эслатиб туриш зарур. Ишдан қўнғироқ қилинг, эслатма-елимқоғозларни қолдиринг.

Антибиотиклар

Антибактериал воситаларни шифокор кўрсатмасисиз қўллаш мумкин эмас ва буни аллақачон ҳамма билиши керак. Шунга қарамай, шамоллар вақтида кўпинча антибиотиклар ортиқча қўлланилади. ОРЗ ҳолатида улар самара бермайди, чунки вирусларга қарши таъсирга эга эмас.

Антибиотиклардан фойдаланиш қоидаларини эслаб қолинг:

► Болага антибактериал воситаларни фақат шифокор кўрсатмаси бўйича бериш мумкин.

► Уларни қатъий белгиланган вақтда қабул қилиш керак. “Эрталаб, тушлик ва уйқудан олдин” эмас, балки ҳар 6, 8 соатдан кейин ёки кўрсатмага биноан бошқа вақт оралиғида.

► Айрим антибиотиклар болалар учун тақиқланган, чунки жиддий асоратларга олиб келиши мумкин.

► Боланинг аҳволи яхшиланган бўлса ҳам даволаш курсини тўхтатиш мумкин эмас.

► Қолдиқ “аломатларни” йўқотиш учун мустақил равишда даволаш курсини узайтириш мумкин эмас.

Хавфсиз дориқутига оид 5та асосий қоида

Катта миқдордаги исталган дори воситаси, бу – заҳар. Америка статистикасига кўра, болалар кўп ҳолларда оғриқни қолдирувчи дорилардан заҳарланиш оқибатида ҳалок бўладилар. Иккинчи ўринни аллергияга қарши, тинчлантирувчи воситалар ва антидепрессантлар эгаллайди. Экспертлар ота-оналарга бахтсиз ҳодисанинг олдини олишга ёрдам берадиган бешта асосий маслаҳатни берадилар:

► Дориларни болаларнинг қўли етмайдиган жойларда сақланг. Ҳаттоки улар витаминлар ёки “табиий ва хавфсиз” қўшимчалар бўлган тақдирда ҳам.

► Агар дори қабул қиладиган меҳмон келган бўлса, ундан дориларини устки кийимининг чўнтакларида, кўринадиган жойларда қолдирмасликни сўранг. Дориларини сумкага солиб, уни баландроқ жойга қўйсин.

► Барча дори идишлари ёпиқ бўлиши керак. Болалар очолмайдиган қопқоқлардан фойдаланинг.

► Дориларнинг миқдорини белгилаш учун чой ва ош қошиқларини ишлатманг. Фақатгина махсус ўлчамли қошиқчалар ва стаканлар.

► Сиз дори қабул қилаётганингизни бола кўрмаслиги керак. Болалар катталарга тақлид қилишни ёқтиришади.