Ўсмирлик нима учун “қийин” кечади ва бунда нима қилиш керак? Бу ҳақида психоаналик психотерапевт, “Шанс” девиант, делинквент ва ҳатти-ҳаракатнинг бошқа фарқ қилувчи шаклларига эга болалар ва ўсмирларни жамиятга қайта мослаштириш хайрия жамғармасининг президенти Гелена Иванова сўзлайди.
Ўсмирлик даври 11-12 ёшдаги жинсий етилишдан бошланиб, тахминан 18 ёшгача давом этади. Бу ўзликни ва янги дўстларни излаш вақти. Ота-она иккинчи даражага ўтади, оиладан ташқарида янги эътиборга лойиқ шахслар пайдо бўлади: синфдошлар, блогерлар, хонандалар.
Авваллари бола ҳеч қачон оғиз очмаган зиддиятлар одатда шу босқичда юзага чиқади. Масалан, агар у жанжаллар ва келишмовчиликлар орасида ўсган бўлса, ўсмирлик чоғида ота-онаси билан низолаша бошлаши эҳтимолдан йироқ эмас.
Мазкур даврда ўсмирни капалак чиқиши кутилаётган пиллага ўхшатиш мумкин. У жуда таъсирчан бўлиб қолади ҳамда ушбу ғаройиб ўзгаришдан ўтиш учун онаси ва отасининг кўмагига муҳтождир.
1. Ўсмирлик даври кескинлик ва исёнсиз ўтиши мумкинми?
Албатта, жанжаллар ва тангликлардан холи оилалар ҳам бор. Бундай ҳолат оилада ҳам ота-она ўртасида, ҳам болаларга нисбатан ҳурмат муносабати ҳукм сурган вазиятда кузатилади. Агар бола туғилиб то 5-7 ёшга тўлгунича унинг ривожланишида ҳамда бола ва ота-она ўртасидаги муносабатларда бузилишлар бўлмаса, ўсмир оилани ташқи олам ҳавотирларидан бошпана, хавфсиз маскан сифатида қабул қилади.
2. Нобоп оилаларда безорилар ўсадими?
Девиант ҳатти-ҳаракат ривожланиши эҳтимоли бўлган гуруҳга биринчи навбатда нобоп оилалардаги болалар кириши ҳақиқат. Хусусан, олиб борилган тадқиқот маълумотларига кўра, ўсмирларнинг емирилиши омиллари орасида биринчи ўринни оиладаги оғир моддий аҳвол эгалласа, иккинчи ўринда – ота-онанинг ажрашиши ва алкоголизм, учинчи ўринда эса онанинг хасталиги ёки вафоти туфайли у билан руҳий алоқанинг йўқлиги, болаликда она томонидан камситилиш туради.
Бироқ ижтимоий мақом, таълим ва ота-онанинг даромади ўсмирда девиант ҳатти-ҳаракатнинг ривожланишидан ҳимоя қилолмайди. Ташқаридан бахтли кўринган оилаларда ҳам ота-оналар ва болалар ўртасидаги муносабатларда низолар учрайди. Оилада қулай шарт-шароит мавжуд бўлса, ўсмир оилавий низоларга қарши туришга қувват сарфламайди ва у ўз вақтини ўқишга, дўстларига, машғулотларга ва тўгаракларга сарфлайди.
3. Пул ўғирлаш ҳам ўсмирлик даврига хосми?
Ўсмирлик даври ўзгариши ғайри ихтиёрий, норозилик ҳатти-ҳаракати орқали ифодаланади. Масалан, бошқаларга нисбатан тажовузкорлик ёки ўзи учун хавфли машғулотлар: томларга тирмашиш, руҳий фаол моддаларни қабул қилиш, транспортга илиниб сирпаниш, уйдан қочиш, ўзига зиён етказиш (татуировкалар, кесишлар), ўғирлик.
Ўғирлик болада ички муаммолар мавжудлигидан ҳамда оилада ўзаро ишонч муносабатлари йўқлигидан далолат беради. Одатда бу ҳолат 7 ёшда намоён бўла бошлайди, сўнгра нохуш ташқи ва ички омиллар чуқурлашиши натижасида шунчаки оддий шўхликдан доимий ҳатти-ҳаракатга айланади ва ўсмир буни мустақил равишда енга олмайди.
Ўғирлик, бу – ўсмирнинг “ёрдам чақириғи” бўлиб, ота-оналар уни эшита олишлари ва мутахассисга мурожаат қилишлари зарур.
4. Золим ўсмирлар – ота-оналарнинг айбими?
Ҳозирда ўсмирларнинг золимлиги ҳақида кўп гапириляпти. Аслида биронта ҳам бола шафқатсиз бўлиб туғилмаслигини тушуниш муҳим. Ўсмирдаги тажовузкорлик кўпинча унинг оиласидаги камситилиш, эътиборсизлик, қаҳрли муносабат ва баъзан зўравонликка қарши жавобдир. Айнан шу сабабли ўсмир ташқи олам ва атрофидаги одамларни нотўғри шаклда кўради. Агар оилада зўравонлик мавжуд бўлса, ўсмир жамиятда ҳам ўзини тажовузкор тарзда тутади.
5. Нима учун чекмайдиган ота-онанинг фарзанди чека бошлайди?
Чекиш, бу – катталарга тақлид қилиш, яъни сигарета билан автоматик равишда катта бўлиб қолиш имконияти ҳақидаги тасаввур. Чекишнинг ички сабабларига чуқурроқ назар ташланса, ўсмир мустақил равишда енга олмайдиган низолар, хавотирлар, қўрқувлар, ташвишларни кўрамиз. Ана шунда чекиш ўзини тинчлантириш воситасига айланади.
6. Ўсмирлик дангасалигини тушкунликдан қандай фарқлаш мумкин?
Баъзан ота-оналар қуйидаги гапни эшитамиз: “Менинг болам дангаса, ҳеч нарсага қизиқмайди, ахир олдинда имтиҳонлар, наҳотки буларнинг ҳаммаси келажагига таъсир қилишини тушунмаса?”. Ота-оналарни тушунса бўлади, уларни фарзандининг баҳолари ҳамда унинг институтга кира олиши ташвишлантиради.
Бироқ таълимда муваффақиятга эришиш учун соғлом бўлиш керак. Тушкунлик (депрессия) эса – ўсмирлик ёши учун хос бўлган касалликдир. Боланинг шикоятлари, доимий заифлик ва чарчоқ, дўстлари билан мулоқот қилишни истамаслик, хотира ва фикрлашнинг ёмонлашиши ҳамда ўсмирда икки ҳафтадан ортиқ вақт давомида кузатиладиган жонига қасд қилиш фикрларига эътиборли бўлинг. Бундай давомий ҳолат – ўсмирда клиник тушкунликни бартараф этиш учун психиатрга мурожаат қилишга сабабдир.
7. Болам мени яхши кўришини қандай билсам бўлади?
Доим бола ўз ота-онасини яхши кўришидан келиб чиқинг, зеро яхши кўриш, бу – асосий эҳтиёж. Бироқ ҳозир у ўтиш даврини бошидан кечирмоқда, унга ўз ҳаёти билан яшаш учун ажралиш зарур.
Бу ҳолат она ва ота мутлақо керакмас дегани эмас. Аксинча, бу даврда ота-она унга энди юришни ўрганаётган бир ёшли гўдак сингари жуда зарур. Фақат энди улар унинг қўлидан тутмайдилар, балки ёнида бўлиб, ўз танловини амалга ошириш, хато қилиш имконини берадилар.
Дарҳақиқат, баъзан ўзаро тушуниш имконсиздек туюлади. Фарзандингизга ишонишда давом этинг. Агар унинг ҳатти-ҳаракатида нимадир кўнглингизни қаттиқ оғритса, бунинг сабаби ҳақида ўйлаб кўринг. Ўсмирлар, бу – болалар ва уларни шунчаки севиш ҳамда қандай бўлсалар шундайлигича қабул қилиш, ақл ўргатиб четлашишдан кўра уларнинг томонидан бўлиш керак.