15 май – БМТ томонидан 1993 йилда Халқаро оила куни сифатида эътироф этилган. “Барча бахтли оилалар бир-бирига ўхшайди”, - деб ёзган Лев Толстой ўзининг “Анна Каренина” асарида. Дарҳақиқат, психологлар бахтли оилаларни бирлаштирувчи 10та одатни алоҳида қайд этадилар.
Улар қариндошлари ва танишларига ўз жуфтларидан арз қилмайдилар
Бахтли оилалар муносабатларга учинчи шахсларни аралаштириш ўринсиз эканлигини биладилар. Тушунмовчилик юзага келган ҳолатда эр-хотин ўзаро тўғридан-тўғри суҳбатлашиб олади. Уларнинг дўстларию дугоналари (жумладан ота-оналари ҳам) нейтрал позицияда бўлолмайди: одатда улар содиқлик тариқасида сизга жуфтингизни уришишга кўмаклашишлари мумкин ва бу муносабатларга фақат зиён етказади. Муаммога ечим топилмай, жуфтлик бир жойда “қотиб қолган” бўлса, оилавий психологга мурожаат қилган мақсадга мувофиқдир. У айбдорни изламасдан, бир-бирингизни тинглашга ёрдам беради.
Улар ўзларини бошқаларга таққосламайдилар
«Ўз уйимда боримча бўлишни ва ўзимни истаганимдек тутишни истамайман. Ҳеч қачон ғаразли, жаҳлдор, аразчи, вайсақи ва инжиқ одам билан бирга яшай олмасдим. Айблашлар, танбеҳлар ва ўргатишларни ёқтирмайман».
Бахтли жуфтликлар ҳеч ким мукаммал эмаслигини тушунган ҳолда, бир-бирларини қандай бўлсалар шу ҳолларида қабул қиладилар ва севадилар. Бегонанинг жуфти ҳар доим яхшироқ бўлиб кўринади, зеро фақатгина биргаликда яшаганда инсонни ҳудди кафтдагидек кўра оламиз. Лекин, жамиятда ҳар биримиз энг яхши сифатларимизни намоён этишга уринамиз. Севувчи жуфтлик бир-бирининг камчиликларини мазаҳ қилмайди, дунёқарашдаги фарқни қабул қилади ва жуфтларидаги энг яхши жиҳатларни қўллаб-қувватлаш орқали унинг ўсишига ёрдам беради.
Ўзларини қурбондек кўрсатмайдилар
Бахтли жуфтлик ўз муаммоларида бир-бирини айбламайди. Ўзаро уйғун жуфтликлар сўрай оладилар ҳамда юз бераётган ҳолатлар учун жавобгарлик иккаласига ҳам тегишли эканлигини тушунадилар. Албатта, қурбон позицияси кўплаб бонусларни беради: ҳукмронлик, ўзини қўлга олиш ва ҳаётини ўзгартириш ўрнига бошқани айблаш ва ҳаммасини унга тўнкаш имконияти. Бироқ, бир одам ўзгаришга тайёр бўлмас экан, уни ҳеч ким бахтли қила олмайди.
Улар доим жиддий бўлмайдилар
Бахтли жуфтликлар қувнаш, кулиш, ҳазиллашиш ва шу орқали муносабатларини янгилашнинг (масалан, бола туғилганидан сўнг) уддасидан чиқадилар. Ҳаттоки ҳаёт қийинчиликлари олдида ҳам вазиятни юмшатиш ва муаммо устидан кулишга имкон топадилар. Ичингиздаги бола билан алоқа улкан куч манбаи бўлиб, уни қўллаб туриш жуда муҳимдир.
Улар бир-бирларини танқид қилмайдилар
Бахтли жуфтликлар бир-бирларининг фазилатларини қайд эта оладилар ва муаммолар юзага келганида воқеликни англашга уринадилар. Агар жуфтингиз сизга ёқмайдиган ишни қилаётган бўлса, бу ҳақида суҳбатлашиб олишнинг мақбул йўлини топиш муҳимдир. Танқид ва кўз ёшлар билан исталганга эришиб бўлмайди – одам шунчаки сизни тингламай қўяди ёки сизнинг у ҳақидаги паст факрингизни тасдиқлаш учун атайин тескарисини қилади.
Улар фикрларини ўқишга уринмайдилар
Бахтли жуфтликлар ўз эҳтиёжлари ҳақида қандай айтишни биладилар. Улар ҳозирги ҳолатини жуфти англаб етишини кутиб ўтирмайдилар. Биз ҳаммамиз катта одамлармиз ва жимгина аразлаш ўрнига, керак бўлган нарса ҳақида айтишнинг турли усулларини биламиз. Аниқ хабарлар – етук мустаҳкам муносабатларнинг асосидир.
Улар ўз ролларига ёпишиб олмайдилар
Бахтли жуфтликлар жинсга оид вазифалар масаласига ўта қатъий ёндашмайдилар. Улар мослашувчан ва кўп вазифали бўлишлари мумкин: бугун сен овқат пиширасан – эртага мен, бугун сен болага қарайсан – эртага мен, агар биримизнинг ишимизда муаммо бўлса – демак, бу вазиятга мослашамиз ва ундан фожиа ясамаймиз.
Улар бир-бирларига бақирмайдилар
Ҳар бир ҳолатда бақиришга ўтадиган одам беқарор ва ўзига ишонмайдиган шахс сифатида қабул қилинади. Муносабатларда баланд оҳангда сўзлашиш тақиқланади, чунки вақт ўтиши билан одамлар бир-бирларини тингламай қўядилар.
«Биз қачонлардир жанжаллашардик. Бақириш орқали кўп нарсага эришиб бўлмаслиги тушунаман. Шунчаки сўзлашиш ва муаммонинг ечимини биргаликда топиш керак. Одамга бақириш эса иккала томон учун ҳам камситилишдир».
Бақириш ўрнига келишинг, муроса изланг. Агар вазият охирги нуқтага етган бўлса, хонадан бир неча дақиқага чиқинг ва 10 маротаба чуқур нафас олиб тинчланинг.
Улар бир-бирларини ҳамма нарсада назорат қилмайдилар
Рашк, назорат, зулм кўпинча ўзига бўлган ишончнинг етарли эмаслигидан келиб чиқади. Ҳар бир одам шахсий ҳаёти ва шахсий чегаралари бўлишига ҳақлидир (масалан, танҳоликда дам олиш вақти). Бу сарҳадларнинг мунтазам равишда бузилиши хавфсизлигимизга таҳдид солади ва ўз ҳудудимизни ҳимоя қилишнинг табиий истагини юзага келтиради. Жуфтингизга ўз маконига эга бўлиш имконини беринг ва унда сизга интилиш учун кўпроқ истак туғилади.
Улар бир-бирларидан мукаммалликни кутмайдилар
Биз доим жуфтимиз албатта “оқ отдаги шаҳзода” бўлиши кутамиз ва ҳақиқий инсон ҳамда унинг камчиликларига тўқнаш келганда кўнглимиз совиб, жаҳлимиз чиқади. Агар бу ҳолат сизга таниш бўлса, демак ўзингизни ва бошқани борича қабул қилишни ўрганишнинг вақти келган. Иккинчи ярмингиздаги истеъдодни сезасизми? Унинг ютуқларини мақтайсизми? Муносабатингизда айнан шу одамни танлашга мажбур қилган сабаб йўқолмадими?
Ушбу санаб ўтилган қоидаларни эслаб қолиш осон, аммо уларни ҳаётга татбиқ этиш мураккаб. Шунга қарамай, бу 10-та ҳолатни жуфтлигингиздаги муносабатларни баҳолашга ёрдам берадиган тест сифатида қўллаш мумкин. Агар оилавий тарихингизда юқорида қайд этилганларнинг кўп қисми бўлмаса, жиддий ўйлаб кўриш ҳамда муросаларни излаш вақти келган, зеро жуда қийин қурилган муносабатларни вайрон қилиш осондир.