Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўттиз еттинчи қисм)
Шоҳруҳ унинг юзига синчиклаб тикилди. Ҳа, бу ўша. Кўзойнак тақса ўзгариб қоларкан. Яхшилаб қарамасанг, таниёлмайсан.
— Мен сизни, барибир, ўлдиролмаган бўлардим, — деди Шоҳруҳ.
— Нега энди? Тўппончангни тўғрилайсан, тепкини босасан — олам гулистон, оёғингнинг остида бир қоп гўшт ётибди, — дея кулди Игнатий Олимович.
— Лекин бунинг учун таниб олиш керак-да. Юз фоиз кафолат бераманки, эртага сизни кўрсам, яна танимай қоламан. Бу менинг хотирам пастлигидан эмас, албатта. Сизнинг бутунлай бошқа қиёфага кириб олишингизда. Бугун сизни сариқ сочли аёл билан учратсам, эртага бошқаси кўнглингизни овлаётган бўлади.
— Ҳақлигингни тан олмасдан иложим йўқ... Энди ишга ўтайлик. Мен сенга ҳеч нима буюрмайман, илтимос ҳам қилмайман. Агар шунақа йўл тутсам, шубҳасиз, Витя Тимофеевичга айланиб қоламан. Вақти келганида эса, икковимиздан биттамиз жойни бўшатиб қўйишимизга тўғри келади. Шунинг учун сен Москва ва унинг атрофидаги ерларга кўз олайтирмайсан. Мен эса сенинг ҳудудингдаги ишларга бурнимни тиқмайман. Мабодо вилоятингда биронта муаммо чиқиб қолса, албатта, менгаям тааллуқли бўлади, сен билан бирга ҳал қиламан. Ҳозиргача сенинг ўзингга тегишли бўлган жойинг йўқ эди. Энди бор. Сенга кўпчилик қиролларнинг чиқарган қарорини эълон қилаяпман. Кейинчалик бизнинг умумий йиғилишимизга келиб турасан. Хўш, яна нимани айтишим керак сенга? — дея пешонасини қашлади Игнатий Олимович. — Ҳа, эсимга тушди. Рамиз дегани бор эди. Сен уни яхши биласан, бир неча марта тўқнаш келгансан. У ўлди. Ўзиникилар бошига етди. Кейин улардан бутунлай ҳукуматни олиб қўйишди. Ҳаммаси тарқатиб юборилди. Бўйин эгмаганлари нариги дунёга равона бўлишди.
Игнатий Олимович маърузасини тугатиб, қадаҳни тўлатди-да, бир кўтаришда ичиб юборди. Газак қилмади. Шунчаки лабини артиб қўйди. Кейин сигарета тутатди.
— Анчадан бери бировга ишонмай қўйганман, — деди Шоҳруҳ ҳам ароқ ичганидан сўнг, — шунинг учун менга кўрсатилаётган ҳозирги мурувват саробга ўхшаб туйилаяпти.
— Ихтиёринг, қандай қабул қилсанг қилавер. Хуллас, шунақа. Энди давлатингни қандай бошқариш ўз ихтиёрингда. Кел, яна биттадан ичайлик. Ростини айтсам, икки ойдан кўп бўлди бу заҳар-заққумни ютмаганимга. Мана, сенинг келишинг шарофати билан, қолаверса, муваффақият ичишимга сабабчи бўлди.
Улар ичишди. Бир-биридан ўзишга уринаётган раққосалар-у раққослар тинимсиз сакрашарди. Уларни озгина томоша қилган бўлишди. Игнатий Олимович кулди.
— Ана, қара ҳаётни. Буларни бор-йўғи икки-уч одам ўйнатиб қўйибди, — деди Игнатий Олимович, сўнг қўл соатига қаради. — Вақт бўлиб қолди, иш кўп. Бир жойда ўтиришга ҳақимиз йўқ.
У ўрнидан турди. Шоҳруҳ билан қўл бериб хайрлашди, сўнг кетди. Шоҳруҳ эса жилмайди. Ўтириб, кетма-кет икки қадаҳ ароқ ичди. Унга қип-қизил қилиб қовурилган товуқ гўшти, янги сўйилган қўйнинг қовурғасидан тайёрланиб, устига турли зираворлар сепилган кабоб, минг саккиз юзинчи йилдан кейин шишага солиниб, то шу кунгача сақланган асл шароб ва ҳоказолар беришди. Еб-ичайин деса, қорни тўқ, йўқ деса, кўнгил узолмайди. Олиб кетай деса, шундоқ ҳам ўзини зўрға кўтаради.
Шоҳруҳ залга қаради. Ҳамма тинчиган. Мусиқа ҳам йўқ. Тарбия кўрган жентльменлар одоб доирасидан чиқмасдан тамадди қилишаяпти. Хонимлар ҳам эркакларга суйкалаётганлари йўқ. Шунчаки қизил винодан назокат билан симиришаяпти.
— Ҳаёт шу, икки-уч одам ўйнатиб қўйибди буларни, — дея такрорлади Шоҳруҳ Игнатий Олимовичнинг гапини.
У ижара уйига етиб боргунига қадар ҳам эшитганларига бутунлай ишонмади. Шу боис кайфияти йўқ эди. Савол назари билан қараб турган Бахтиёрга ҳеч нима демади. Бориб ётоғига чўзилди. Ухламади, шунчаки кўзини юмиб ётди.
Икки соатлардан кейин Бахтиёрга тезда чипта олиб келишни буюрди.
— Кетамиз, ҳамма ишлар битди. Одамни эсанкиратадиган даражада муваффақиятли. Энди бориб ўзимизга аталган жойда нишонлаймиз, — деди гапининг сўнгида.
Гарчи огоҳлантирмаган эса-да, аэропортда Юлдуз кутиб олди. Шоҳруҳ уни ўпиб қўяркан, юзидан секин чимдиди-да, қулоғига:
— Ҳақиқиймисан? — дея шивирлади.
— Нималар деяпсиз? — деб сўради ҳайрон бўлган Юлдуз.
— Ҳали ҳаммасини айтиб бераман, — кулди Шоҳруҳ.
Ўша куни кечқурун Шоҳруҳ ўғрилар-у маккорлар, зўравонлар-у қиморбозлар йиғиладиган ресторанга борди. Унга Игнатий Олимович қўнғироқ қилиб шундай деган эди.
Йигитлари у ўтирган стол атрофини ўраб туришди.
— Бугун фақат бизга хизмат қиладими дейман бу ресторан? — деди Шоҳруҳ ёнида ўтирган Бахтиёрга.
— Шундай шекилли, — деб кулиб қўйди Бахтиёр.
Орадан бир дақиқа ҳам ўтмасдан бирма-бир мижозлар кириб кела бошлашди. Бирови қийшиқ, биттасининг башараси чандиқ, бирови пакана, бошқасининг жуссасидан ит ҳуркади. Кўзи олма-кесак терадиганининг боши худди чумчуқникига ўхшаса, тухумдай тақир бошлиси илоннинг ўзгинаси эди. Ҳаммалари Шоҳруҳ ўтирган столнинг рўпарасига келиб тўхтар, тиз чўкар ва умрининг охиригача итдай хизмат қилажагини айтиб, сал нарироққа бориб турарди. Шоҳруҳнинг ҳуши бошидан учди. У ўғри-муттаҳамлар ва жиноятчилар бунчалик кўп деб сира ўйламаган эди.
Шоҳруҳ уларга бир оғиз ҳам сўз айтмади. Таъзим бажо келтирганларга калласини қимирлатиб тураверди. Ниҳоят сўнгги “қаҳрамон” ташриф буюрганидан кейин Бахтиёр ўрнидан турди.
— Ҳамма телефон рақами ва манзилини менга қолдирсин. Зарур бўлган одамларни ўзимиз чақириб олаверамиз. Бундан бу ёғига биронтанг ҳам ўзингча иш қилмайсан. Буйруқ олсанг, бажарасан. Бошқа пайти дамингни чиқармайсан. Агар биронтанг ғиди-биди қиладиган бўлсанг, онангни нариги дунёда кўрасан. Чунки у сенинг ортингдан дарров етиб боради, — деди.
— Ҳамма гапни эшитдинглар, — деди Шоҳруҳ ўтирган жойида, — қайтаришимнинг ҳожати йўқ. Кўриб турибман, биронтанг ҳам соғ эмассан!.. Кимки ноҳақлик қилса, ўзидан кўрсин.
Шоҳруҳ ўрнидан турди. Тўпланганларнинг ҳаммасига бирма-бир қараб чиқди. Кейин йигитлари билан бирга ресторанни тарк этди.
Одатда, бундай пайт дастурхон тузаларди. Стол усти спиртли ичимликлар билан тўларди. Жиноят оламининг фуқаролари молдай еб-ичиб, чўчқадай думалаб қолишарди. Улар ўша куни жиноятдан бошқа билганларини қилишарди... Лекин бу сафар ундай бўлмади. Демакки, қонун-қоида ўзгармоқда эди.
Кўп ўтмай, Шоҳруҳ уюшма тузди. Унга юртидан борганларни ихтиёрий равишда аъзо қилди. Ва аъзоларнинг ҳаммасини қаноти остига олди. Бироздан кейин “Юлдуз” номли супермаркет, ундан кейин ёқилғи қуйиш шахобчалари очди. Пул ўз-ўзидан оқиб келарди. Шундай кунлар ҳам бўлдики, у қоп-қоп пулларга қараб туриб, “Буларни нима қиламан энди?” дея ўйлади...
Орадан бир неча ой ўтиб, баҳорнинг охирларида Юлдуз унга бир йўла эгиз ўғил совға қилди. Шу куни Шоҳруҳ хонасига қамалиб олиб, дод солиб йиғлади. Бирма-бир акаларини эслади. Раъно опасини ёдига олди. “Ойи! — деди ингроқ товушда. — Менинг айбим йўқ эди! Мен кеннойимнинг тиллаларини ўғирламагандим... Мен у билан бирга ётмадим... Лекин, ойи, жуда кўп қон тўкиб қўйдим! Мени кечиринг, ойи!..”
У бу гапларни беш марта, ўн марта такрорлади. Ҳар айтганида елкасидан бир нима қулагандай туйилаверди. Охирида эса у қўрқа бошлади. Икки ўғлининг бошига вақти келиб, ўзининг куни тушишидан қўрқди. “Юлдуз билан ажрашаман, — деди у ўзига-ўзи. — Бошқа бола қилмайман”. Шу билан у гўё душманлари кўзидан фарзандларини яширмоқчи бўлди. Кейин яхшилаб ўйлаб қараса, буларнинг бари чўпчак экан. Ҳар не қилган тақдирида ҳам, рақиби унинг пушти камаридан бўлган болаларни топиб олади. Рақиб қолдими ўзи?.. Балки ҳаммаси рақибдир, лекин ҳозирча улар қўрқишади. Имкон бўлиши билан заҳарли ниналарини санчиш ҳаракатига тушиб қолишади. Эҳтиёт бўлиш керак, ҳа...
У ухлаб қолди.
Уч ойдан кейин қилиқлари чиқиб қолган Ҳасан-Ҳусанни ўйнатиб ўтирган Шоҳруҳнинг ёнига келган Юлдуз унинг қулоғига:
— Эркатойларингиз амма-амакиларини кўргилари келаяпти, — деб шивирлади. Шу аснода ўпиб ҳам олди. Шоҳруҳни ток ургандай бўлди. У бирдан ўтирган жойидан турди. Хотинига тикилди. Юзи жиддийлашди.
— Уларнинг амакилари йўқ, аммалариям, — деб чиқиб кетмоқчи бўлганида Юлдуз қўлидан ушлади.
— Якка-ю ягона тоғажониси, бувижониси бор бу ширинтойларнинг, — деди жилмайиб.
Ажабо, илгари Юлдуз сира оиласи ҳақида гапирмаганди. Аксига олиб, Шоҳруҳ ҳам сўрамаганди. Гоҳ-гоҳида эсига тушарди. “Яқинлари нобуд бўлган бўлса-ю, ярасини янгилаб қўймай”, деган хаёлга борарди.
— Шунақами? — Шоҳруҳ бироз каловланди. — Унда обориб кўрсатиб кел.
— Йўқ. Улар бу ширинтойларнинг дадасини сўраб қолишса, нима деб жавоб бераман? Яна қўни-қўшни, маҳалла-кўй, деган гаплар бор. Боласини кўчадан орттирволибди дейишса, чидайсизми?!
Юлдуз нишонга урган эди. Зеро, Шоҳруҳ ҳеч қачон ўғилларини биров камситишини истамайди. Кимки тилига эрк берса, соғ қўймайди.
— Икки ҳафтадан кейин, — деди бироз ўйланиб тургач.
У айни бирон нимани мўлжаллаб айтмади. Шунчаки хаёлига икки ҳафта келди-ю, айтиб юборди.
— Нега энди эртани кеч қиламиз? — дея Юлдуз ўрнидан дик этиб турди-да, болалар хонасидан чиқиб кетди. Бироздан кейин у паспортлар билан бирга самолёт чиптасини ҳам кўтариб келди.
— Самолётимиз эртага пешинда, аниқроғи, соат бир яримда учади. Рухсатингизсиз қилган ишим учун кечиринг.
Шоҳруҳ ҳеч нима демади. Унинг жаҳли чиққан эди. Бундан ҳам ёмонроғи, юраги қафасидан чиқиб кетгудек тез урарди. Энг тўғри йўл хонани тарк этиш эди. Шоҳруҳ шундай қилди.
Орадан икки соат ўтгач, ўзи Юлдузга розилигини айтиб, юзидан ўпиб қўяркан:
— Фақат ҳеч кимга билдирмасдан кетамиз, — деди.
Шундай эса-да, ҳар эҳтимолга қарши саккиз йигит унга ҳамроҳлик қиладиган бўлди.
У юртининг тупроғига қадам қўяётганида йиғлади. Ич-ичидан йиғлади. Ҳаммадан бекитиб йиғлади. Йиғисини табассум билан яширди. Шундан билишдики, унинг кайфияти аъло даражада. У жудаям хурсанд эди. Лекин Шоҳруҳ ҳар қадам босганида аввал ўртанча, кейин катта, сўнгра кенжа акасининг зарбаларини юз-кўзида ҳис этиб борарди. Қулоғига эса тинимсиз ҳақоратлари эшитиларди.
— Юлдуз, — деди у қоп-қора “Мерс”нинг орқа ўрнидиғига, хотинининг ёнига ўғилларидан бирини қўлига олиб ўтиргач, — бизникига... акамнинг уйигаям борамиз.
Шоҳруҳнинг афт-ангори ниҳоятда жиддий эди. Эрига тикилган Юлдуз шундан ташвишланди. Секин унинг қўлини ушлади.
Эски шаҳарнинг тор жинкўчаларидан юрган машина кичкина яшил дарвоза ёнида тўхтади. Бу маҳал Юлдузнинг кўзидан ёш қуйилиб келарди. Охири у ўзини тутиб туролмади. Овоз чиқариб йиғлаб юборди.
У машинадан тушаётганида худди ойлаб касал бўлиб, эндигина тузалган одамга ўхшаб оёқларини судраб босарди. Қадди ҳам букилгандай эди. Агар вақтида йигитлар унинг қўлидаги чақалоқни олиб қолмаганда, Шоҳруҳ дарров суяб олмаганида, эҳтимол, у йиқилиб тушган бўларди. Гўё уйининг эшигини ёлғиз ўзигина очиши шартдай дарвозани жонсиз қўллари билан очди...
Ҳовлида тўрт-беш ёшлар чамасидаги иккита болакай ўйнаб юрарди. Уларнинг пахмоқ сочларидан анча вақтдан бери чўмилмаганликлари кўриниб турарди. Яна ҳовлида товуқлар ҳам қақақлашарди. Улар ўзларининг чалпаклари билан ҳамма ёқни ифлос қилиб ташлаган эди. Юлдуз ҳеч нимага эътибор бермади. Ҳаттоки кичик ромларнинг кўзларидаги ойналари синиб тушган хужрадан кутилмаганда чиқиб қолган лўлисифат аёлни кўрмагандай четлаб ўтди. Энг чеккадаги ҳужрага борди. Эскириб, ранглари кўчиб кетган эшикни ғийқиллатиб очди. Сувоқ полли кичкинагина хонанинг тўридаги токча ёнида бир-бирига суяниб ўтирган она билан болани кўрди.
Ҳар икковиям қоқ суяк, жулдур кийимлари қоронғида қоп-қора кўринади. Икковиниям сочлари ўсиб кетган. Икковиям нурсиз кўзлари билан боқиб туришади. Бир қарашда икковиниям кўрган одам чолу кампир, деб ўйлаши турган гап. Аслида булар она-бола. Бири ёшини яшаб, қариб оёқдан қолган, иккинчиси, машина уриб кетганидан кейин юрмай қўйган. Улар йигирманчи асрнинг ўттизинчи йилларида яшаётган одамларга ўхшарди. Уйлари ҳам шунга мос. Турмушлари ҳам.
Юлдуз аввал тиз чўкди, сўнг эмаклади. Онасининг ёнига бораяпти-ю, тинимсиз:
— Ойижон! Ойижон! Ойижон! — дейди. Худди булоқ кўз очгандай ёши тинимсиз оқади.
Кампир аввалига унинг овозини эшитмади. Ўғил меровланиб эмаклаб келаётган қизга қараб турди.
Юлдуз онасининг тиззасини қучоқлагач, ўкириб юборди. Унга тикилиб турган Шоҳруҳ чидаб туролмади. Кўзининг намини артиб, ташқарига чиқиб кетди.
— Қи-з-им! — деди ниҳоят Юлдузнинг овозини эшитган кампир титраб. — Юлдуз! Болам!
— Ойижон! Ойи-и-и! Мен келдим! Келдим мен!!!
— Юлдузим! — дея кампир қизини қучоқлади, нурсиз кўзидан дув-дув ёш оқди. — Нега шу пайтгача келмадинг, болам?! Ҳар куни йўлингга қарадим! Ҳар куни Худога ёлвордим!
— Энди ҳечам сизни ташлаб кетмайман, ойи! Сираям!
Шу маҳал Юлдузнинг ёдига икки қўчқордай ўғли келди. Уларни кўтариб келиб, ойисига кўрсатмоқчи бўлди. Аммо бирдан ниятидан қайтди. Эсига онасининг: “Тўйингни кўриб, кейин ўлсам розийдим”, деган гаплари келди. Ҳозир эрини, ўғилларини олиб келса, онасининг ўксик қалбини баттар ўкситади. Кутавериб толиққан она бутунлай адойи тамом бўлади.
У онасининг бағридан чиқиб, ҳали-ҳамон нима бўлаётганини англаёлмаган акасини қучоқлади.
— Сиз, — деди аканинг боши ликиллаб, — бизга овқат олиб келдингизми?!
Юлдузнинг бошида чақмоқ чақди гўё. Бирдан акасини қўйиб юбориб, қаддини ростлади. Югурганча ташқарига чиқди. Тансоқчиларни, Шоҳруҳни кўрди. Лекин унга бошқа одам керак эди.
— Қани у манжалақи?! — дея бақирди Юлдуз. Ҳовлидагилар бир-бирларига қарашди. Уларнинг ҳеч бири Юлдуз кимни қидираётганини билишмасди. Шоҳруҳнинг қовоғи осилган, хотинини ёмон кўриб турарди.
Товуқ катагидан бир аёл чиқиб, пешонасидаги терни сидирди. Қўлидаги тухумларни безрайиб турган иккита болага берди. Худди шу маҳал Юлдуз уни кўриб қолди. Югуриб бориб, тепкилай кетди. Аёл чинқириб юборди. Унга қўшилиб болалари ҳам йиғлади.
— Сен ит эмганга нима дегандим?! Нега қарамадинг?! Нега улар ўладиган аҳволга тушиб қолишди, ярамас?! Озмунча пул жўнатганмидим?! — дея бақирган Юлдузнинг кўзидан дув-дув ёш оқарди.
— Бердим. Қарадим! — дея титрай бошлади аёл.
Юлдуз унинг орқасига тепди. Сўнг бошқа одамни излай бошлади. Қидиргани Шоҳруҳнинг ёнида эди. Афти бужмайганча воқеани кузатарди. Ва айни пайтда ичидан зил кетмоқда эди.
— Жамол ака, мен нима дегандим?! Нега айтганимни қилмадингиз?!
Юлдузнинг юзи қизариб кетган, асабийлашганидан титрарди. Қўйиб берса, ҳозир Жамолни бурдалаб, гўштини итларга едиришга тайёр эди. Ҳеч кимни кўрмас ва унга ҳеч нима таскин беролмасди.
Ахир онаси ва акасини абгор бир аҳволда кўриш унинг хаёлигаям келмаганди! “Онам билан акамга қарайдиган одам бор. Уларни пул билан таъминлаб турибман. Камчилиги йўқ”, дея хотиржам юраверибди. Келса, кутилмаган манзара...
— Янги уйга олиб кетмоқчи бўлиб, беш марта келдим. Кўнмадилар. “Қизимни шу ердан кузатиб қўйганман, шу ерда кутиб оламан”, дейди. Мажбур бўлдим, свежий продукта опкеласан, деб хизматчи аёлга пулни бериб кетавердим, — деди Жамол ўзини оқлаган киши бўлиб.
— Свежий продукта?! Икковиям очликдан ўладиган аҳволга тушибди-ку, ярамас! — деб бақирган Юлдуз унга шапалоқ тортиб юборди. Кейин йигитларга ҳамма ҳужраларни тинтиб чиқишни буюрди. Йигитлар бир сиқим тилла тақинчоқ топишди. Шундан сўнг Юлдуз қаттиқ ғазабланди. Яхшиям Шоҳруҳ бор эди, хотинини маҳкам қучоқлаб олди. Юлдуз унинг бағридан чиқиб кетишга қанчалик уринмасин, барибир, эплаёлмади.
— Қўйворинг!!! — дея чинқирди, аммо Шоҳруҳ қулоқ солмади. Бунинг ўрнига даст кўтариб, машинага ўтқазди-да:
— Жамол! Ҳисоб-китобга тайёргарлик кўриб тур! Бахтиёр, Юлдузнинг онаси билан акасини янги қурилган уйга обор! Биз шу ёқда бўламиз, — деди.
Машина йўлга тушгач, Юлдузни сиқувга олди.
— Нега менинг ҳеч нимадан хабарим йўқ? Нега аканг, онанг борлигини, янги уй қурдирганингни айтмадинг?! Мен сенга бегонаманми? Ё вақти келиб ажарашишни мўлжаллаганмидинг?! — деб бақирди.
— Мени кечиринг, — деди Юлдуз ўпкасини босолмай ҳиқиллаб йиғларкан, — сюрприз қилмоқчийдим.
— Сюрприз қилишга бошқа нарса қуриб қоптими? Сюрприз қиламан, деб онангни ўлдириб қўйишингга оз қолибди-ку!
Юлдуз кафтлари билан юзини бекитди. Шу маҳал Шоҳруҳнинг қўл телефони жиринглади. Бу Бахтиёр эди. Кампир кетишга кўнмаётган экан. “Бу ердан фақат қизим билан бирга чиқиб кетаман”, деяётганмиш.
Шоҳруҳ машинани орқага буришни буюрди.
Кампир қизидан ўпкалади. “Келдинг-у, яна ташлаб кетаяпсанми?” — деди. Юлдуз тавба-тазарру қилди, кечирим сўради. Қизишганини ҳам яшириб ўтирмади.
Катта ҳалқа йўли яқинида қурилган уч қаватли уй жудаям маҳобатли эди. “Ҳаддан зиёд кўркам бўп кетибди”, хаёлидан ўтказди Шоҳруҳ ва хоналарни бирма-бир кўриб чиқди. Кейин кираверишдаги айлана қилиб қурилган кенг, шифтига осмон тасвири туширилган залдаги оромкурсига ўтирди.
— Ичишга бирон нима келтирайми? — дея сўради хизматчи қиз унинг ёнига келиб.
— Аччиқ кўк чой, — деди Шоҳруҳ. Шу пайт унинг ёнига Юлдуз келди. Бир муддат эрига тикилди.
— Онанг ҳалиям эски уйдалигини билармидинг? — сўради ундан Шоҳруҳ.
— Жамол ака айтганди. Лекин уларнинг абгорлигидан бехабар эдим, — жавоб қилди Юлдуз.
— Жамолга жавоб бериб юбор. Қайтиб қорасини кўрсатмасин. Йўқ, сен болаларга, онангга, акангга қара. Мен ўзим бошқа ишларни қилавераман. Кейин Содиқ акамнинг уйигаям боришим керак.
— Мен сиз билан бирга борайми?
— Ҳа. Ҳасан билан Ҳусанни ҳам оборамиз. Қўриқчи керакмас.
* * *
Содиқ ҳақиқатан ҳам уйини сотиб юборган эди. Шошилинчда арзон-гаровга сотди. Ичкиликка пул қолмаганидан эмас, албатта. Куёви билан қизи келиб, уларнинг аҳволини кўришидан қўрққанлиги боис сотди. Шаҳарнинг нариги четидан — Чилонзордан бир хонали уй олди. Хонзода унга мутлақо эътироз билдирмади. Чунки у ичкиликка бутунлай муккасидан кетган, кўзига ароқдан бошқа ҳеч нима кўринмас эди. Отаси — Шомурод акани, онасини, опа-сингилларини, ака-укаларини, бошқа қариндошларини бутунлай эсидан чиқарганди. Ҳатто ўша бир хонали уйга кўчиб келганларидан кейин бир ҳафта ўтиб, отаси қазо қилганидан ҳам бехабар эди. Ким ҳам унга айтарди?.. Ҳовлисига ундан хабар олгани келган укаси у ерда бутунлай бошқа одамни кўрди. У уйни сотган одамларнинг қаердалигини айтиб беролмади. Шу билан эркалаб ўстирган ва айни пайтда пиёниста бўлишига сабабчи бўлган отасини сўнгги бор кўролмади. Хабар топганида ҳам боролмасди. Қайси юз билан?.. Дарвоқе, унда бет деган нарсанинг ўзи қолмаганди. Оғзидан боди кириб, шоди чиқади. Саксонга кирган кампирникидай бужмайган башарасига охирги марта қачон қараганини ўзи ҳам билмайди. Кийимлари йиртиқ, сочлари тўзғиган, қисқа қилиб айтганда, одамгарчиликдан бутунлай чиққан эди. Шу башара, шу оғиз билан қаергаям борсин? Борган тақдирида ҳам, уни биров ҳовлига қўярмиди? Бунинг ўрнига у ўша куни тўйганича вино ичди. Кейин ухлади.
Кўп ўтмай, ҳовлининг пулиям тугади. Ароқ, виносиз умуман туролмайдиган бўлиб қолган эр-хотин уйда нимаики бўлса, ҳаммасини сотиб ичишди. Сотилмаган иккитагина кўрпача қолди. Энди чора излашмаса бўлмасди. Шу боис аввал теварак-атрофдан қўлга илингулик нарса қидиришди. Топилмади. Кейин ахлатхонага боришди. Биринчи кун уларга биров бир нима демади. Ахлатни обдан ағдар-тўнтар қилишиб, шиша, елим идишлар топишди. Ҳартугул, ўша куни ичишга асқотди. Дарров маст бўлиб қолган эр-хотин бир-бирининг пинжига тиқилиб ухлашди. Кейинги куни эса ахлатхонанинг эгалари келишди. Бир аёл, икки эркак. Ҳар учови ҳам бомж. Содиқнинг улар билан умуман иши бўлмай, ахлат ичидан ўзига керакли нарсаларни қидираётганида эркак бомжларнинг учови ҳам ёнига келиб:
— Йўқол бу ердан! — дейишди. Содиқ уларга бир қараб қўйди-да, яна юмушини давом этказаверди.
Бомжларнинг асаби таранглашиб турган экан, шекилли, ортиқ гапириб ўзларини қийнаб ўтиришмади. Бирдан Содиқни тепкилашга тушиб кетишди. Шу пайт Хонзода эрига ёрдамга келди. Бироқ, барибир, кучлари етмади. Бомжлар ҳар икковиниям роса тепкилашди.
Ризқлари қийилган эр-хотин нима қилишни билмай, уйга келишди. Бир муддат ўйлаб ўтиришди. Кейин кутилмаганда Хонзода тўполонни бошлаб қолди.
— Ичгим келаяпти! — деб чинқириб эрининг ёқасига ёпишар, башарасига теккан муштдан ағдарилиб тушар, сўнгра яна ялинишга тушарди.
Содиқ ўйлай-ўйлай, охири чора топди. Сал-пал кийимларини тўғрилаган киши бўлди-да, қўшниларнинг эшигини қоқди. Бирови: “Бор йўқол!” деди, иккинчиси афтини бужмайтириб, эшигини ёпиб олди. Учинчиси: “Керакмас эди”, деди... Олтинчисими-еттинчиси (Содиқ ҳисобдан адашиб кетди) уй олажагини айтди. Содиқ бирдан унинг қўлига уй ҳужжатини тутқазди.
— Икки минг сўм бериб туринг, — деди мўлтираб унга қараркан.
— Бемалол. Икки мингмас, мана, ўн минг, — деб унинг қўлига пул тутқазди қўшниси, кейин айёрона нигоҳини унга тикиб: — квартплатадан қарзингиз кўп бўлса керак, — деди.
— Билмайман. Ҳужжатлар қўлингизда. Ҳаммасини ўзингиз тўғрилайверинг, кейин қаерга десангиз, қўл қўйиб бераман, — деди Содиқ унга жавобан. Айни дамда у жудаям шошаётганди. Эртароқ дўконга борса, пулининг ҳаммасига ароқ олса-ю, Хонзода билан маза қилиб ичса...
— Ҳимм. Камида бир ҳафта керак бўлади документларни тўғрилашга... Майли, энди шу билан нотариусда кўришамиз сиз билан, — деб қўшни хайр-маъзурни ҳам насия қилди-да, эшикни ичкаридан ёпди.
Орадан икки ҳафта ўтгач, Содиқ ва унинг Хонзодаси уй-жойсиз бомжларга айланди. Энди улар бутун шаҳарни саёқ кезишарди. Юмушлари — ахлатхоналардан сотишга арзийдиган бирон нима топиш, ичиш, бирор ертўлага амаллаб кириб ухлаш.
Бир сафар улар Шаҳло яшайдиган уйнинг яқинига бориб қолишди. У ердаги ахлатхонанинг соҳиби йўқ, шекилли, омадлари келиб йигирмадан зиёд шиша топишди. Ва эндигина пуллаш учун кетаётганларида рўпарадан Шаҳло челак кўтарганча келиб қолди. Хонзоданинг ўй-хаёли шишада эди. У ён-верига қарамас, бировга эътибор қилмасди. Аммо Содиқ қизини таниди. Ичидан бир нима чирт этиб узилгандек бўлди. Оёғидан мадор кетди. Аввалига нима қиларини билмай довдиради. Кейин бирдан ерга қараб қолди. Шаҳло уларнинг ёнгинасидан ўтиб кетди. Ғалати жойи, у ҳам бошини эгиб, ҳеч қаёққа назар солмас эди. Ундан таралган хушбўй атир ҳиди Содиқнинг димоғига урилди. У қулт этиб ютинди. Кўзига ёш келди.
Шу-шу, у хотини билан бирга бу ерга кўп келадиган бўлди. Шаҳло билан тўқнаш келиб қолишдан чўчиса-да, қизини кўришни хоҳларди. Бироқ ҳар куни ҳам нияти амалга ошавермасди. Чунки баъзи кунлари Шаҳло мутлақо ташқарига чиқмасди. Шундай эса-да, Содиқ ахлатхонада қоронғи тушгунча ивирсиб юрарди.
Орадан кунлар, ойлар ўтди. Бу орада Хонзода қаттиқ касалланиб, юролмайдиган бўлиб қолди. Кейин аста-секин соғайди. Лекин, барибир, йўталиши тўхтамади. Овозиям хириллаб, эркакларникидай бўлиб қолди. Бунинг устига, хотирасиниям йўқотди. У битта одам ва учта нарсани ажрата оларди: Содиқ, шиша, вино ва пул. Баъзан эриниям бутунлай бошқа одам деб ўйлаб: ”Нега менга ёмон қараяпсан? Эрим жуда рашкчи. Билса ўлдиради. Нарироқ юр, шилқим”, деган гапларни айтиб қоларди Содиққа. Содиқ унга қўл силтаб қўярди, холос.
Бир куни эр-хотин ёмғирда ивиб кетишаётса, ёнгинасидан қоп-қора “Мерс” ўтиб кетиб, нарироқда — Шаҳлонинг уйи йўлагида тўхтади (Содиқ кўп кузатиб, қизининг қайси уй, нечанчи қаватда яшашини билиб олганди). Бомж ҳайрон бўлганча, машинага термилиб турди. “Мерс”нинг эшиклари очилиб, аввал Содиқнинг кўзига иссиқ кўринган костюм-шимли йигит, ундан кейин бир аёл тушди. “Ким бўлди бу?” ўйлади Содиқ. Унинг хотираси панд берди, таниёлмади. Лекин тикилганча тураверди. Чунки ахлатхонага боргиси йўқ эди. Оёғи тортмаётганди. Кўзига иссиқ кўринган одам мабодо тўрт-беш сўм берармикан, деган умидда эди. Бир пайт кутилмаганда, кўзининг оқу қораси — Шаҳло йўлакдан югуриб чиқди. “Амакижон!” деб қичқирди ва костюм-шимлининг бўйнига осилди. Ана шунда Содиқ бутунлай тамом бўлди. “Шоҳруҳ!” деган ўй ўтди хаёлидан. Бир муддат ўша кунни эслади. Жисмонан бақувват боксчи укаси қаршилик кўрсатолмасдан йиқилар, ҳар мушт туширганида бурнидан қон отилиб чиқар, лаблари ёриларди...
Содиқ гангиганча Хонзоданинг етовида юрди. Қаерга, нега кетаётганини билмасди. Боши эгик, оёғи судралган, кўзи ёшга тўлган, Хонзоданинг тирсагидан ушлаб олган... Ахлатхонага озгина қолувди, қаердан пайдо бўлишди, билмайди, йўлларини бомжлар тўсиб чиқди. Эркак бомжнинг қўлида синиқ шиша.
— Сен, — деди у Содиққа ўдағайлаб, — нега бизнинг ризқимизни қийдинг?
Содиқнинг жони чиқиб кетди. Ахир қанча вақтдан бери бу ахлатхонага хотини иккови хўжайинлик қилиб келади. Бошқа жойдан уларни тепкилаб ҳайдашди. Энди бу ерда ҳам зўравонлик қилишмоқчи. Бунга индамай туролмайди.
— Менинг ҳудудимга бурнингни тиқаяпсанми, чўчқа?! — деди у бақириб.
— Ҳудудингдан ўргилдим! Нега шишани синдирдинг, ит эмган?! — дея бомж унга икки қадам яқинлашди.
— Шишани мен синдирдимми, мараз?..
Содиқ гапини охиригача айтолмади. Бомж бирдан унга ташланиб қолди. Яхшики, қўлидаги шиша билан ҳамла қилмади. Йўқса, Содиқни ёриб ташлаши мумкин эди. Умуман, шишага ҳожат ҳам йўқ эди. Бомж нари борса ўттиздан ошган, Содиққа нисбатан анча ёш. Демакки, қуч-қуввати ҳам кўп.
Содиқнинг кўзига нимадир киргандай бўлди. У икки қўллаб юзини бекитди. Бомж рақибининг қаршилик кўрсатмаётганини кўриб, сочидан ғижимлаб ушлади-да, судрай бошлади...
Милиция келдими ёки бошқа бировнинг Содиққа ичи ачидими, ишқилиб, у дабдурстдан нима бўлаётганини англаёлмай қолди. Уни судраб кетаётган бомж ўмбалоқ ошиб кетди. Орқаларидан қарғанганча келаётган Хонзоданинг уни ўчди. Шундагина Содиқ бошини кўтарди. Ва қаршисида қоп-қора костюм-шимли йигитни кўрди. Таниди. Бу боягина қизи “амакижон” деб чақирган Шоҳруҳ эди. “Балки бошқадир”, деган хаёлда Содиқ кўз ёшларини артди. Йўқ, у адашмабди. Шоҳруҳнинг худди ўзгинаси. Лекин у бу ерда қандай пайдо бўлиб қолди?..
...Шоҳруҳ акасини кўп қидирди. Бироқ тополмади. Уйини сотиб олган одам аниқ жавоб айтолмагач, қаердан рўйхатдан ўтганлигини текшириб, бир хонали уйининг манзилини топди. Лекин бу уй ҳам сотилибди. Шунда у суриштира-суриштира, охири акасининг қизи Шаҳлонинг қаерда яшаётганини аниқлади. Келди, кўрди. Машинага ўтқазиб, уйига олиб кетаётганида уришаётган бомжларни кўриб қолди. Тинимсиз қарғанаётган бомж аёлнинг башараси таниш туйилиб, машинасини тўхтатди. Қараса, бир бомж иккинчисининг сочини юлиб олгудай судраяпти. Шоҳруҳ уларга қўлини теккизишга ор қилди. Зўравоннинг оёғига тепиб, ағдариб ташлади. Иккинчисини кўриши билан эса тахтадай қотиб қолди. Гарчи Содиқнинг соч-соқоли ўсиб, башарасининг бир неча жойи ёрилган эса-да, у акасини таниди. Шу онда унинг ичидан бир нима чирт этиб узилди. “Ака! Акажон!” дея ичида пичирлади.
— Менмас, бунинг ўзи бошлади биринчи. Мен индамай кетаётувдим, менинг мулкимга кўз олайтирдинг, деди... — дея кўзини олиб қочган Содиқ бироз безовталаниб турди-да, аста-секин укасидан узоқлаша бошлади.
— Шошма, — деди дарров ўзини ўнглаб Шоҳруҳ, — шошма!
Машинада ўтирган Шаҳло билан Юлдуз ҳайрон эдилар.
— Тавба, амакингиз тўғри келган одам билан гаплашиб кетаверадилар, — деди Юлдуз.
Шаҳло аввалига эътиборсиз тикилиб турди. Эндигина амакисининг ёнидан узоқлашаётганида дадасини таниб қолди ва машинадан отилиб:
— Дада! — дея қичқирди. Югуриб борганча Содиқнинг бўйнига осилди...
“Ойи! Ойижон, мен ўғирлик қилмаган эдим. Акамгаям хиёнат қилмадим!.. Мени кечиринг, ойижон, кечиринг!” дея хаёлидан ўтказарди Шоҳруҳ...
(Тугади)
Мафия сардори (Саккизинчи қисм)
Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)
Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн бешинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн олтинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн еттинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн саккизинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн тўққизинчи қисм)
Мафия сардори (Йигирманчи қисм)
Мафия сардори (Йигирма биринчи қисм)
Мафия сардори (Йигирма иккинчи қисм)
Мафия сардори (Йигирма учинчи қисм)
Мафия сардори (Йигирма тўртинчи қисм)
Мафия сардори (Йигирма бешинчи қисм)
Мафия сардори (Йигирма олтинчи қисм)
Мафия сардори (Йигирма еттинчи қисм)
Мафия сардори (Йигирма саккизинчи қисм)
Мафия сардори (Йигирма тўққизинчи қисм)
Мафия сардори (Ўттизинчи қисм)
Мафия сардори (Ўттиз биринчи қисм)
Мафия сардори (Ўттиз иккинчи қисм)
Мафия сардори (Ўттиз учинчи қисм)
Мафия сардори (Ўттиз тўртинчи қисм)
Мафия сардори (Ўттиз бешинчи қисм)