Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўттиз учинчи қисм)
* * *
Овсини айтган “хушхабар”дан лов-лов ёнган Фароғат меҳмонхонага кирди-ю, тарашадай қотди. Чунки у излаган аёл ўтирганлар орасида йўқ эди. Маълум муддат каловланиб қолди. Салом берай деса, бир қанча вақт муқаддам ўзи буларни камситиб, ер билан битта қилиб кетган эди. Агар шундай қилмаганида, ҳозир бунақанги паст одамларга салом бериш у ёқда турсин, уларнинг берган саломларига алик олмаган бўларди.
— Шаҳло, — деди у қошини чимириб, — бир минутга қаравор, ишим бор сенда.
Эшик қарс этиб ёпилди. Қайнона-келин ва Наргиза бир-бирларига қарашди.
— Уфф! — деди Наргиза лабини буриб Фотима опага қараркан. — Ойижон, кетайлик. Ана, уйнинг эгаси келди-ю...
— Озгина шошмайлик, қизим. Шаҳлонинг ойисини уринтириб қўйдик. Энди овқатини емасдан кетсак, уят бўлар, — дея кўзини олиб қочди Фотима опа.
Ҳашаматли кийинган, аммо муомала ва ҳурмат-эътибор деган тушунчаларнинг яқинига ҳам йўламаган аёлнинг қилиғидан у уялиб кетганди. Эҳтимол, айни дақиқада ўзининг аёл жинсидан эканлигига афсус чеккандир.
Юришга қийналиб, амаллаб ошхонага борган Шаҳлони Фароғат саволларга кўмиб ташлади. У нима деб жавоб қилишини билолмай, бир амакисининг хотинига, бир ойисига қаради.
— Айтавер, бемалол, қизим, — деди Хонзода гўё Шаҳлони ноқулайликдан қутқараётган бўлиб, — қаерга кетиб қолди анави хотин? Кўзлари жудаям бежомиди-ей, лекин чиройли экан.
— Қайси? — деди Шаҳло ҳам энди маккорликка ўтиб.
— Анави-чи, ўтирувди-ку, сизлар билан бирга.
— Билмадим, ойи.
— Балки, ҳо-жатга киргандир. Бирон ёққа кетганида биз кўрган бўлардик, шундайми? — деб Хонзода овсинига юзланди.
— Шаҳло, — деди ютиниб олган Фароғат, — сен ўзи ақлли қизсан. Ойинг туққани билан мениям қизимсан. Гапни айлантирмагин-да, ростини айт.
— Ниманинг ростини айтаман?
— Қизим, — деди Хонзода юзига жиддий тус бериб, — аниқ сени иссиқ-совуқ қилишган, мениям. Ошга катта ойинг қараб турадилар. Биз қўшни маҳаллага бориб, ўзимизни ўқитиб келамиз. Ҳаммаси жойига тушади.
— Тўғри, — деб унинг гапини маъқуллади Фароғат.
— Меҳмонларни ташлаб кетамизми? Қолаверса, мен юришга қийналаман. Майли, борамиз, фақат ҳозирмас. Эртами, индинми... — деди Шаҳло ойисидан кўзини узмай.
— Унда айт, жоним қизим, — деб Шаҳлони қучоқлади Фароғат, — менинг ичим куйиб кетяпти. Амакинг қандай хотинни опкелди? Мен ҳам ҳали келганимда кўргандим, лекин билмаган эканман. Ким эди шу хотин?
— Билганимда айтмасмидим? Яшириб нима қилдим, билмайман. Ўзингиз айтдингиз-ку, мардикорга ўхшайди, деб. Ҳақиқатан ҳам, уйни тозалашга ёрдамлашди. Амаким иш битганидан кейин шу аёлга бериб қўясан, деб пул ташлаб кетгандилар. Пулни эгасига бердим. У кетди. Бор-йўқ билганим — шу. Энди мени қийнаманглар. Оёғим оғриб кетди. Эртароқ бориб текширтирмасам, бўлмайдиганга ўхшайди. Биров қўлтиқтаёқ ҳам обермади, — деб Шаҳло ойисига қараб қўйди.
— Ҳа-я, обераман, қизим, — деди Хонзода ялтоқланиб. Зеро, у ичидан зил кетганди. Чунки овсинининг олдида бирпасда ёлғончига чиқиб турибди. Энди бу ялмоғиз унинг устидан билганича мағзава ағдаради. Шундай бўлди ҳам.
— Хонзодахон, — деди Фароғат қошини чимириб, — билмасдан ҳар бало деяверманг. Биз ерда қолган одамлармасмиз. Сизни шу пайтгача дўст билиб келганмиз. Бир эримга туҳмат қилдингиз, менга тегинди, деб. Энди унинг ўйнаши бор, деяпсиз! Уялмайсизми шундай дегани? Нима муддаонгиз бор? Менинг оиламниям ўзингизникидай хароб қилмоқчимисиз? Нега безрайиб қолдингиз, айтинг?!
— Шаҳло! — дея овозини баландлатди Хонзода ҳам. — Кириб, анави ялангоёқларингнинг ёнида ўтириб тур!
— Илтимос, — деди Шаҳло ялинчоқ овозда Фароғатга қараркан, — уришманглар. Шундоғам шарманда бўлдик. Ойим билмасдан айтиб қўйгандирлар-да, хафа бўлманг.
— Биласанми, — деди Фароғат ўшқириб, — ойинг мени тириклайин гўрга тиқди. Шу хабарни эшитганимдан бери ўзимдан кетиб қолаёздим. Ҳар қанча ёлғон гапирсаям чидардим. Лекин эрингнинг иккинчи хотини бор, деган гапга қандай чидаш мумкин? Эрта бир кун сен ҳам бировга хотин бўласан. Овсининг олдингга келиб, эринг биттасини хотин қилволибди деса, нима қиласан?!
— Бор анавиларнинг ёнига! — деб бақирди Хонзода Шаҳлога.
Қизнинг кўзидан ёш думалади. У бошини чайқаб оқсоқланганча икки овсиннинг ёнидан узоқлаша бошлади.
— Кеннойи, — деди Хонзода асабий титраб, — мен сизга ёлғон гапириб нима топаман?! Шаҳлонинг ёнида бекор айтдингиз анави гапни. У пайти мен бутунлай ақлимдан айрилгандим. Нима деяётганимни умуман билмасдим. Ташвишлар адои тамом қилганди. Бу нарсани сизга раво кўрмайман. Лекин, овсинжон, ҳозир ростини айтдим сизга. Шаҳло, балки, менинг хабарим бор нарсани билмас, униям айблаб бўлмайди.
— Хонзодахон, одамни чалғитманг. Агар ҳақиқатан ҳам эримнинг яна битта хотини бўлса, менинг тамом бўлганим — шу.
— Унда бундай қилайлик: сиз мулла акамга телефон қилиб, қаердалигини билинг. Ўзидан ростини сўранг. Агар виждони бўлса, айтади. Йўқса...
— Ўлса ўладики, бўйнига олмайди у мараз! — деб кўзига ёш олди Фароғат. — Қайси гўрданам шу молга тегдим. Бундан кўра... Шошма, осонгина жон бериб қўярканманми?
У қўл телефонини олиб, Бўроннинг рақамини терди.
— Хўжайин, — деди кесатиб эрининг овозини эштгач, — сиз билан кўришишнинг имкони борми?
Бўрон у билан гаплашишдан аввал қўнғироқни эшитиб турган Фарангизга кўз ташлади. Кейин ташқарига чиқди.
— Нима, шу пайтгача кўрмаётганмидинг? — деди хотинининг гапидан жаҳли чиқиб.
— Кўраётгандим. Эн-ди “любовница”нгиз билан бирга кўрмоқчиман!
Бўрон Фароғатнинг оғзидан бунақанги гап чиқади, деб сира ўйламаганди. Зеро, ҳали бирор марта бўлсин, хотинида шубҳа уйғотиши мумкин бўлган иш қилмаганди. Эҳтиётсизлиги — укасиникига Фарангизни етаклаб боргани. Лекин жияни бировга гуллаб қўймайди. Буни у яхши билади. Эҳтимол, ёшлигига бориб бирон нима деб қўйгандир. Асли уни укасиникига олиб бормаса бўларкан, ҳар қалай, майда-чуйда гаплар урчимасди.
У хаёлини йиғиб олишга улгурмасдан, Фароғат заҳар соча бошлади.
— Ўйнашчангизнинг ёнидамисиз дейман, нафасингиз ичингизга тушиб кетди! — бақирди аёл.
— Ўпкангни бос! Нималар деб валдираяпсан, эшшак! — қичқирди тутақиб кетган Бўрон.
— Ҳа-а, биз эшшакмиз, ҳароми қанжиғингиз фаришта!
— Қайси гўрдасан? Ҳозир бориб дабдалангни чиқараман!
— Қўлингиздан бошқа нимаям келарди?! Яхшиси, айтинг, мен бораман сиз турган жойга. Қани бир кўриб қўяй-чи, мени кимга алмашибсиз?!
Бўрон телефонни ўчирди. Асабийлашганидан юзи қизарган, вужудини титроқ босганди. Яхшиямки, у хотини билан Фарангизнинг ёнида гаплашмади. Қай аҳволга тушганини кўрмади у. Бўлмаса, бефаросат хотинининг дастидан бу бегуноҳларнинг ҳам дили хуфтон бўларди.
Бегуноҳлар! Раънода айб йўқ. Лекин Фарангизда-чи! Уям айбсизми? Бўрон нима истаса, ҳаммасини бажарди. Бўрон мажбурламади. Шунчаки унинг ўзи кўнгли бўшлик қилди. Кейин... Кейин Бўрон уни севиб қолди. Аввал, шунчаки, кўнглини хушлаш учун юрганди. Қараса, Фарангиз бутунлай бошқа дунё, бошқача аёл. Юз, минг, балки, ўн минглар орасида биттагина учрайди бунақаси. У Бўронни ярим сўзидан тушунади. Ҳеч қачон овозини баландлатмайди. Маънили гапиради. Бундай қарасангиз, ҳақиқатан ҳам фариштанинг ўзгинаси.
Эҳтимол, Бўрон адашаётгандир. Фарангиз ҳеч кими йўқлиги боис ўзини шунақа кўрсатиб юргандир... Дўппини олиб ўйлаб қарайдиган бўлсак, агар Бўроннинг ташаббуси бўлмаганида, қиз ҳам ёлғиз яшар ва ҳар хил бошоғриқлардан холи бўлармиди... Шу боис у ҳақоратга лойиқ эмас. Фароғатга ўхшаганларнинг эса, умуман ҳақи йўқ.
Бўрон эсини емаган. Икки дунёда ҳам кундошларни бир-бирига рўпара қилмайди.
— Қўрқаяпсизми?! — бақирди Фароғат эрининг жим қолганидан дадилланиб. Унинг ёнида турган Хонзода эса гапи тўғри чиққанидан кўзи ёниб кетди. — Агар сиз яширсангиз ҳам, мен топиб бораман! — бақиришда давом этди Фароғат. — Ёнимдагилар ўша манжалақи қаерда яшашини яхши билишади.
У телефонни ўчириб, мағрурланганча овсинига қаради.
— Мен сизга ёлғон гапирмайман, дедим-ку, — дея унга мамнун боқди Хонзода.
— Раҳмат сизга! Энди яна бир илтимос. Шаҳло билади ўшанинг уйини. Бир ўртага олайлик, айтсин. Кейин нима қилишни ўзим биламан!
* * *
— Кўнгил нотинч, — деди Паровоз осмондан кўзини узиб Бомбага қараркан, — баъзан кўп нарсага кўз юмиб кетишга тўғри келади. Ҳатто биздақалар ҳам.
— Тушунмадим, — деди ҳайратдан донг қотган Бомба. — Қўрқаяпсизми? Ҳозиргина бошқача гап айтаётгандингиз, дарров ўзгардингиз. Бизнинг қонунлар темир, ҳеч қачон ўзгармайди, дегандингиз!
— Қонунга тил теккизма! Мен уни ўзгариб туради, деб айтаётганим йўқ. Кўз юмишимизга тўғри келади, дедим.
— Думадан фарқимиз қолмабди. Бир сафар кўз юмамиз, бошқа пайт кўрмасликка, сезмасликка оламиз... Вақти келганида эса ит ҳам бир тепиб ўтадиган бўлади.
Паровоз ҳиринглаб кулди. Сўнг сигаретасини чуқур-чуқур тортди.
— Мен сендан жудаям хурсандман. Бизда қонун битта: хиёнаткор ўлади — тамом. Бу биринчиси. Иккинчиси, масаланинг тагига етмасдан жазо қўлланилмайди. Фоҳиша билан уқаловчининг гапи ҳақиқат, деб ҳеч ким айтолмайди...
— Бошқа ҳеч ким билмайди, — деб унинг гапини бўлди Бомба.
— Билади. Рамизнинг ўзи билади. Сен тез бориб, официантлик қилаётган болани ушлаб кел. Иккаламизнинг гапимиз аллақачон Рамизнинг қулоғига етиб борди.
Бомба ўрнидан қимирламади. Зеро, у Паровознинг сўзларига мутлақо тушунмаётганди.
— Нимага безрайиб турибсан, ит? Ҳозир қочиб кетади. Бориб тутиб кел анави маразни.
Бомбани чақмоқ ургандай бўлди. У ўрнидан туриб ичкарига қараб югурди. Йўл-йўлакай тўппончасини қўлига олди.
Паровоз ҳақ бўлиб чиқди. Хизматчи йигит кийиниб, орқа эшикдан чиқишга тайёргарлик кўриб турарди.
— Қаёққа ҳовлиқаяпсан? — сўради ундан Бомба мийиғида кулиб.
“Қулоқ” негадир ҳеч нимани яширмади.
— Хўжайин тез етиб боришим кераклигини айтди, — деди у.
— Хўжайининг ким?
— Шеф-да.
— Аввал бу ёққа юр-чи, — деб Бомба унинг қўлидан ушлаб, Паровоз ўтирган тарафга етаклади. Улар икки-уч қадам босишлари билан “қулоқ” нима бўлажагини сезди ва кутилмаганда Бомбанинг қорнига мушт туширди.
— Им! — дея инграб юборди Бомба ва энкайиб қолди. “Қулоқ” боягина чиқиб кетмоқчи бўлган орқа эшик томонга югурди. Эшикни очиб, ташқарига икки қадам босди. Шунда кутилмаганда қарсиллаган овоз эшитилди. У жойида таққа тўхтади ва сўл тарафига ўгирилиб қаради. Кўзи тиниб, боши айланди, гурсиллаб йиқилди. Олайган кўзи очиқ қолди. Милидан тутун чиқиб турган тўппончани пуфлаган Паровоз қуролини шимининг орқасига қистираётганида ҳовлиққанча уйдан Бомба чиқиб келди.
— Бунинг ўрнида сен бўлишинг керагиди, латта! — деди Паровоз унга ўқрайиб.
У ҳар эҳтимолга қарши шу тарафга ўтганди. “Қулоқ” мабодо у билан Бомбадан шубҳаланган бўлса, албатта, Рамизга хабар берган ва иссиғи борида жуфтакни ростлаган бўлиши керак эди унинг назарида. Лекин “қулоқ” қочишга улгурмабди.
— Ярим соатлардан кейин, — деди Паровоз жойига бориб ўтириб пивосини симириб бўлгач, — Рамиз лайчалари билан пайдо бўлади. Жонимизни сақлашимиз керак. Ҳа, йигитларга хабар бераман, деб хомтама бўлма. У сендан аввал уларга қўнғироқ қилган. Ҳозир ҳаммаси телефонини ўчирган, бу ёққа келишга тайёргарлик кўришяпти. Лекин ақли бор одам бундай қилмаган бўларди. Бизни алдаб ёнига чақирарди-да, тинчитиб қўя қоларди. Анави “қулоқ”қа ҳам қочишни эмас, қайтанга кузатувни давом эттиришни буюрарди.
Паровоз ўшшайди. Лабига сигарета қистириб тутатди. Бомбани илк маротаба кўриб тургандай унга бақрайиб қаради. Бомба ноқулай аҳволга тушди. Паровозда қизларнинг эҳтиросли боқишига ўхшаш нимадир бордай эди. Нигоҳини ерга қадади.
— Сен ҳаққа ўхшайсан, — деди оғзидан тутун чиқариб, — боплабди эшшак.
Бомба бошини кўтарди. Қўлига шишани олиб, пиво симирди. Шишани стол устига тўқ этказиб қўйди. Паровоз унинг хатти-ҳаракатига эътибор ҳам қилмади.
— Томга чиқ, — деди Паровоз бироз ўйланиб тургач, — Рамиз уйга яқинлашиши билан пешонасидан отасан. Фақат хато қилма. Агар бир мартада нишонни аниқ ололмасанг, ўлигинг итларга ем бўлади.
— Хавотир олманг, битта ўқ билан иккитасини ағдараман, — деди Бомба сакраб ўрнидан тураркан.
Паровоз бу сафар ҳам адашмаган эди. Орадан йигирма дақиқа ўтмай, унинг дарвозаси ёнига машина келиб тўхтади. Архат — Паровоз ҳалигача ташқарида эди. Нигоҳини бир нуқтага тикканча пиво симирар, сигарета чекарди. Машина мотори ўчганидан кейингина у тўппончасини қўлига олди. Хизматкорлардан бирини чақириб, унга дарвозани очишни буюрди. Ўзи эса ичкарига кирди. Дераза пардасини қия очиб, келувчиларни пойлади.
Аввал елкалари кенг, қора костюм-шимдаги тўрт йигит кирди. Улар бир муддат кирган жойларида туриб қолишди, сўнг яна юришди. Паровоз Рамизнинг пайдо бўлишини интиқлик билан кутди. Бироқ у кўриниш бермади.
— Бор, хўжайинингни чақир, — деди келганлардан бири хизматкор йигитга.
Хизматкор йигитнинг юраги қуённики эди, шекилли, оёғи куйган товуқдай уй томонга югурди. Аммо киришга улгурмади. Ғижинган, нафрати ошган Паровознинг ўзи чиқиб келди. Тўппонча жойига солинган, кўйлакнинг кўкрак тугмасидан иккитаси ечилган, сочи тўзғиганди. Унинг боқишидан келгувчи йигитлар ер билан битта бўлишди.
— Ҳа-а! — деди у ғазабини бўрттириб. — Энангнинг уйига келаяпсанларми ғўдайиб?!
Йигитлар ундан бунақанги пўписани кутишмаганди. Шошиб, каловланиб қолишди.
— Қисталоқлар! Ишёқмас, дангасалар! Бу ерда ... еб юрибсанларми, шефни қўриқламасдан?!
— Ҳалиги, — дея гап бошлади йигитлардан бири Паровознинг кейинги пўписасидан бироз ўзига келиб, — шеф кутаяпти мошинада.
— Ит эмган, келишинг билан шу гапни айтсанг ўлармидинг?! — дея қичқирган Паровоз ёнидан тўппончасини олиб, унинг пешонасига тўғрилади.
Паровозга таҳдид қилиш йигитларга буюрилмаганди. Шунчаки улар зўравонни ташқарига олиб чиқишлари ва машинага ўтқизишлари зарур эди. Шу боис тўрталасиям довдираб қолди.
— Мараз! — деб қичқирди дарвозадан кириб келган Рамиз. — Ҳали сен менинг шахсий йигитларимга шунақа муомала қиладиган бўлдингми?!
У тез-тез юриб келди. Унинг ҳам қўлида қурол бор эди. Уям Архатни кўрган заҳоти отиб ташламоқчи эди. Йигитларига буюрса, уларнинг қўллари билан ўлдирса ҳам бўларди. Аммо ўзининг иштаҳаси зўрлик қилди. Қолаверса, бошқаларга ўрнак бўлсин, деб уни ўз қўли билан ўлдиришни маъқул кўрди. Бироқ у жиноий тўдани бошқара оладиган бўлиб туғилмаганди. Ўзини ҳар қанча баджаҳл, уддабурон қилиб кўрсатмасин, барибир, соддалик қилиб қўярди. Ҳозир ҳам унинг кириши мутлақо жоиз эмасди. Шундагина тирик қолар, эҳтимол, шу воқеа сабаб яна анча муддат ҳукмронликни қўлида сақлаб турган бўларди.
Рамиз кўриниш бериши билан Бомба тепкини босди. Яшин тезлигида учган темир парчаси Рамиз-Февзининг икки қоши ўртасини тешиб ўтди. Кўпчиликнинг наздида темирдан ясалган-у, ўқ тешиб ўтмайдиган, унча-мунчага жони чиқмайдиган, фақат портлатибгина йўқ қилиш мумкин бўлган Рамиз-Февзи оғиз очишга-да улгурмай, гуп этиб ерга қулади. Бир неча сониядан кейин эса жони чиқиб кетди. Тамом-вассалом. Боягина уни орқа қилиб бу уйга кирган ва пўписадан аввал ўзларини шер билиб турган тўртала йигитнинг ҳам дами чиқиб кетди. Паровоз отмади. Агар отганида, ҳар тўрттови ҳам кўрган бўларди. Демак, Паровоз аввалдан тайёргарлик кўрган. Ҳозирча биттагина Рамиз ўлдирилди. Энди қолганларни ҳам темир парчалари билан тешиб ташлашади.
— Ўйинчоқ қуролларингни ерга ташлаларинг! — деб ўкирди Паровоз ранги докадек оқариб турган йигитларга.
Йигитлар шошиб қолиб, бирин-сирин тўппончаларини улоқтиришди. Шундан сўнг Паровоз ҳам “ўйинчоғи”ни жойига қўйди. Энгашиб, мурданинг кийимларини ечиб ташлади.
— Мана, кўринглар! — деди бақириб йигитларга. — Бу мараз ҳақиқий Рамизни аллақачон ўлдирган. Унинг биқинида холи бор эди. Буникида эса йўқ. Шу пайтгача нусхага қуллик қилиб юрувдинглар, ит эмганлар!
Ўқ овозидан сўнг ташқаридагиларнинг ҳаммаси ҳовлига бостириб киришганди. Рамизнинг ерда қимирламай ётиши, ўзларига қарашли бўлган тўртала йигитнинг ҳам сеҳрлангандай қотиб туриши уларниям довдиратди. Бари сеҳрлангандай қотишди. Кейин ҳаммаси Паровознинг гапини эшитишди. Ораларида Рамизнинг ҳақиқий холини кўрганлар ҳам бор эди. Чўмилиш учун денгизга боришганида, ҳаммомда ва ҳоказо жойларда кўришганди. Бомба томдан тушиб келгунича улар қуролларини ерга ташлашди. Бошларини эгиб, таъзим бажо келтиришди.
— Рамиз ҳаммамизнинг устозимиз бўларди, — деди Паровоз тантанали оҳангда. — Унинг учун ўлишгаям тайёр эдик. Лекин бу мараз уни қайсидир йўл билан ўлдирган ва киши билмас ўрнига ўтирволиб, бизнинг устимизда қилич ўйнатган.
Барча унинг гапини маъқуллади. Чунки қирол ўлди, “Яшасин, қирол!” маросими кетмоқда эди.
Қолган юмуш Паровоз учун жуда осон кечди. У столга ўтирди, гуруҳнинг ҳамма йигитлари бирма-бир келиб, унинг пойига тиз чўкишди. Ҳар бири келажакда вафо билан хизмат қилажагини, мабодо онтига хиёнат қилса, ҳар қандай жазога лойиқ эканлигини билдирди. Охирида Паровоз ўрнидан турди.
Вақти келиб, ҳақиқий Рамиз пайдо бўлса, албатта, унинг ўзи ҳукмронлик қилажагини ва у бунга лойиқлигини айтди.
— Мен сизлардан ҳеч нарсани яширмайман. Рамизнинг тирик ёки ўликлигини билмаймиз. Шунинг учун мотам маросимини ўтказолмаймиз. Лекин нусхани вақтида аниқладик ва ундан қутулдик. Буни байрам қилиб нишонласак бўлади, — деди гапи сўнгида.
Шаҳар чеккасидаги ўзларига тегишли ресторанга боришди. Кайфу сафо тонггача давом этди. У ерга Рамизнинг кўнглини хушлаб юрган Сония билан уқаловчи хотин келтирилди.
— Энг сезгир, фаросатли мана шу икки аёл бугун мукофотга лойиқ, — деди Паровоз ва чўнтагидан икки тахлам пул олди-да, умрида қаҳрамонлик нималигини билмаган, бунинг устига, бирор марта ҳам яхши гап эшитмаган аёлларга тутди. Улар қизариб-бўзариб, қўрқа-писа пулларни олиб, сумкаларига омонатгина солиб қўйишди. Бироз вақт ўтгач, Паровоз хато қилганини, аслида қаҳрамон бошқалигини айтиб, пулларни тортиб олиб қўяди, деб ўйлашди.
Йўқ, маишатбозлик охирлади ҳамки, улардан биров пулни қайтиб олмади. Қайтанга давраларига қўшишди. Сония Бомбанинг ёнида ўтирди. Паровознинг ҳукми шундай бўлганди.
— Мана кўрдингми? — деб ғўдайди Бомба. — Биз истасак, ҳар балони қилишимиз мумкин. Дунёдаги бирор кимса бизга бас келолмайди!
Сония жилмайибгина қўйди. Агар Бомба маст бўлмаганида, ақл-ҳуши жойида бўлганида сираям бунақа демаган бўларди.
Базм охирлаб, ҳамма тарқалганидан кейин Сониянинг сочлари Бомбанинг болишига ёйилди. Жувон усталик билан, бирмунча эскирган эса-да, лекин синовдан муваффақиятли ўтган жозибадор сўзларини ишлатиб, кўнгли қувончга лиммо-лим бўлган Бомбанинг кўнглини овлаш билан овора эди.
Аммо Паровоз ўша тунни бедор ўтказди. Чунки эндигина ётоғига кираётганида, Рамизнинг ўлимидан унинг италиялик ҳомийси хабар топганини ва айбдорни бир ой ичида, албатта, жазолашини ва энди бу ҳудуд “молсиз” қолажагини етказишди. Архатнинг яхшигина кайфи бор эди, аммо хабардан кейин бир соат ҳам ўтмай, карахтлиги йўқолди. Ўша италиялик мафиозга қандай қилиб яқинлашиш мумкинлиги ҳақида ўйлади. Шунингдек, у англашилмовчилик натижасида қурбон бўлиб кетишдан ҳам сақланиши зарур эди. Чунки ўша хорижлик зўравоннинг ўзи келиб, уни суд қилмайди. Ҳатто унинг одамлари ҳам бу тупроқни босишмайди. Ҳамма ишни шу ердагилар бажаради ва қурбон битта бўлади: Паровоз, бошқа ҳеч киммас!
* * *
Тушдан кейин уйғонган Шоҳруҳ гарчи якуний қарорга келган эса-да, қоғозларнинг қолган беш-олтитасини ҳам ўқиб чиқди ва ғалати нарсага гувоҳ бўлди. Витя Тимофеевич илгари икки марта қамоқхонада ўлган, ўликхонага келтирилган ва у ердан тирилиб чиқиб кетаверган. “Иш”нинг охирида Алексей амаки ўзининг хулосасини ҳам ёзиб қўйганди. Агар шу бўлмаганида, Шоҳруҳ, шубҳасиз, таниш-билиши орқали катта пул эвазига қутулиб кетаверган, деган хулосага келарди. “Виталий Тимофеевич, Эдгар Гусман, Андрей Медведев, Аркадий Сарокин — ҳаммаси битта одам. Ўзининг танасини бемалол бошқара олади. У ўзи истаган пайтда мурдага айланиши ва хоҳлаганида тирилиши мумкин. Ўлганида унинг юрак уриши тўхтайди. Табиийки, томирларида ҳам қон айланмайди. Ҳар қандай моҳир шифокор ҳам уни ўлдига чиқаради. Лекин у турманинг махсус ўликхонасида ўзига қайта жон бағишлаб, ўрнидан туради. Унинг ўрнига бошқа ўлик ётқизилиб ёрилади. Ашаддий жиноятчи эса, ичак-чавоғидан айрилган мурдалар билан бирга умумий қабристонга равона бўлади. Қарабсизки, озодлик нақд. Буни уч-тўрт кишидан бошқа ҳеч ким билмайди”, дея ёзиб қўйганди Алексей амаки.
Шоҳруҳ бошқа бир қоғозга Алексей амакининг гапларини тўлалигича кўчириб олди. Сўнг сочилиб ётган қоғозларни тартиб билан тўплаб, папканинг ичига солди. Ишни нимадан бошлашни билмай боши қотди. Витя Тимофеевич у ўйлаганчалик содда эмасди. Демакки, осонлик билан уни енгиб бўлмайди. Қизлари, ота-онаси гаровга олинган тақдирда ҳам у бирорта каромат кўрсатиб, тузоқдан омон чиқиб кетиши ва аксинча, Шоҳруҳнинг ўзини қийин аҳволга солиб қўйиши мумкин.
У чой ичаётганди. Чойи аллақачон тугаган, шундай эса-да, бўш пиёлани лабига тутиб яна дастурхонга қўярди. Юлдуз бирпас кузатиб турди. Кулгиси қистади. Бироқ ўзини тутди. Бироздан сўнг эрига ичи ачиди.
— Нега ўзингизни бунчалик қийнаяпсиз? — дея сўради Шоҳруҳга тикилиб.
Шоҳруҳ ялт этиб унга қаради.
— Вазият ўйлаганимдан ҳам қалтисроқ экан. Витя Тимофеевич фақат битта одамдан қўрқаркан. У ҳам бўлса — дўсти. Падар лаънати Витя дўстининг қизини зўрлаб, кейин ўлдирган. Буни Алексей амаки аниқлаган ва шунинг учун ҳам унга тегинолмаган. Бўлмаса, аллақачон ўлдириб юборган бўларди, — деди Шоҳруҳ ва пиёлани нарироққа суриб қўйди.
Юлдуз Шоҳруҳнинг Алексей амаки билан танишлигидан бехабар эди. Шу боисдан бирма-бир ўзи билмайдиган нарсаларни сўради. Шоҳруҳнинг юзи гоҳ жиддийлашди, гоҳ лабида табассум пайдо бўлиб, Алексей амаки ҳақида сўзлаб берди. Маълум муддатга Витя Тимофеевичнинг қўрқинчли башарасини унутди ва бироз енгиллашгандай бўлди.
— Витяни қўлга туширишнинг ягона йўли Алексей амакини ишга солиш, — деди Юлдуз диққат билан эрининг гапларини эшитгач, — бир марта у ўша аблаҳнинг оғриқ жойини топибдими, яна топади... Шошманг, орқангиздан кузатиб юрган бўлишса, демак, Алексей амакидан хабар топишган. Унинг сиз билан боғланиши нималарга олиб келишини Витя яхши билади. Бир хабар олиб келинг.
Бир неча сония хотинига қараб турган Шоҳруҳ ўрнидан турди-да, шоша-пиша ташқарига отилди. У кетиши билан негадир Юлдузнинг юраги тез ура бошлади. Бир неча марта чуқур-чуқур нафас олди. Барибир ички сиқилиш босилмади. Эшик ёнига икки марта бориб келди. Қани энди бу қурғур юрак ўзини босиб олса, типирчилагани-типирчилаган. Худди қафасга тушган қушдай. Ниҳоят эшик очилди. Ҳовлиққанча Шоҳруҳ кириб келди. Унинг кўзи олайган, ҳансираганча нафас оларди.
— Ўлдиришибди, — деди у ҳаяжонини босолмай, — хотини икковини сўйиб кетишибди. Қўл-оёқларини бўлакларга бўлиб ташлашибди. Барча қўшнилар тўпланишган, фақатгина биз бехабар ўтирган эканмиз. Анави падар лаънати икки йигит нима қилиб ўтирибди уйда? Кўзларини телевизордан олишмайди.
Дарвоқе, болалар хонасида Шоҳруҳ билан Юлдузнинг ҳимояси учун икки йигит хизматга шай эди. Улар фақат буйруқ берилганидагина хоналаридан чиқар, эр-хотиннинг гапларига мутлақо аралашишмасди. Шунча гап-сўз бўлиб ўтди. Улар бўлса, миқ этишмайди. Манқурт дейсан, ундан бошқасимас. Бошқа бўлганида забони бўларди, калласи ишларди, оёқлари юрарди. Шоҳруҳ уларни унутаёзганди. Айниқса, охирги икки кун ичида. Ундан олдинги кунлари зерикканида улар билан бирга қарта ўйнаганди.
Ўзлари ҳақидаги гапни эшитган йигитлар югуриб хоналаридан чиқишди.
— Маймунжон еб ўтирибсанларми, маразлар?! — деб бақирди Шоҳруҳ. — Қанақанги латта, тепса-тебранмассанлар, шундай экан, босиб ўтирмайсанларми уйларингда?! Бу ёқда пишириб қўйганмиди?!
— Секинроқ, — деди Юлдуз эрини тинчлантириш учун.
— Кўрмайсанми буларнинг аҳволини? Подъездда икки одамни ўлдириб кетишаркан-у... Ҳе, иккалангниям туққан...
— Намунча?! — деди қизариб кетган Юлдуз. — Сал ўзингизни босинг!
Шоҳруҳ унга ўқрайиб қараб қўйди-да, Бахтиёрга қўнғироқ қилди. Куни кеча у билан гаплашганди. “Ока, бозорга чиқиб тирикчиликни қилаверайликми? Нафас олишимиз ҳам зерикарли бўлаяпти. Ҳарна одам шамоллайди-да”, деганди Бахтиёр. “Кесатишни энангга қиласан”, деб шу заҳоти уни узиб олганди Шоҳруҳ. Сабаби, унинг асаби жойида эмас, чигаллик устига чигаллик чиқиб турибди. Бунинг учун кимдир балога қолиши керак-ку! Ана шу балога қолган Бахтиёр бўлганди кеча.
— Зерикаяпман, деганмидинг? — деди Шоҳруҳ Бахтиёрнинг овозини эшитиши билан.
— Зериктирмайдиган қилиб қўйдингиз-ку, ока, ўтирибмиз босиб, — дея жавоб қилди Бахтиёр кулиб.
— Унда тухуминг жўжага айланиб кетади, кеча бир рекламани кўрувдим. Футбол бор экан, ўн беш минут ичида етиб кел, шамоллаб келамиз, — деб Шоҳруҳ телефонни ўчирди.
Энди унинг ғалати қилиқлари Юлдузни ажаблантирмай қўйганди. У эрининг гапларига кулди. “Бу одам илгаридан шундай бўлган ёки жуда тез ўзгарган”, дея хаёлидан ўтказди, сўнг:
— Кўп ноаниқ гапираяпсиз, бу ҳам шубҳа уйғотади, — деди.
— Ҳақиқатан ҳам бугун футбол бўларкан, бориб томоша қиламиз, баҳонада гаплашиб оламиз, — деди бироз чиройи очилган Шоҳруҳ.
— Ҳозир чиқиб кетишингиз бироз ноқулай. Пастдагилар подъезддан чиқадиган ҳар бир одамдан шубҳаланишади. Яхшиси, ўзича хўжайин бўлиб олганларга телефон қилиб, сизни безовта қилмасликларини сўранг, — дея эрининг кўзига боқди Юлдуз.
— Менимча, бу нарса аллақачон айтилган. Йўқса, уйимизнинг ҳамма ёғини ағдар-тўнтар қилиб ташлаган бўлишарди. Бўпти, мен кетдим. Эҳтиёт бўлиб ўтир.
Шоҳруҳ чиқиб кетди. Юлдуз негадир бўшашиб қолди. Тўғриси, ўксинди. Илгари сира бунақанги бўлмаганди. Айниқса, бундан уч-тўрт ой илгари. Ўшанда Юлдуз ҳаддан зиёд мағрур эди. Бировни, айниқса, эркакларни менсимасди. Одамзоднинг ожиз нусхаси деб ўйларди. Аёлларни жуда устун қўярди. Ҳар жиҳатдан: маккорликда, ақллиликда... Ўйлардики, вақти келиб бутун дунёни аёл бошқаради. Эркак зоти оила ташвишидан нарёғига ўтолмай қолади. Лекин ҳозир адашганини ҳис этиб турибди. Бир эркак қошида унинг ўзи бошини эгди. Энди ўша эркак нима деса, ҳаммасини қилади. Оддий итоаткор аёл.
Шоҳруҳ машинага ўтирганидан кейин ҳам Бахтиёрга тузук-қуруқ гапирмади. Фақат стадионга кираётиб ёнма-ён ўтирганларида топшириқ берди. Витя Тимофеевичнинг онаси, отаси ва опа-сингилларини тезда қўлга олишни ва бир жойга тўплашни буюрди. Иш шунчалик силлиқ бўлиши керакки, бирор зоғ ҳам сезмасин.
Бахтиёр гол урилаётган вазиятда ҳайқириш асносида: “Кўнглингиз хотиржам бўлсин, ҳаммасини хамирдан қил суғургандай бажарамиз”, — деди.
Шоҳруҳ аввалдан футболга кўпам қизиқавермасди, шу боис битта коптокнинг ортидан қувиб юрган йигирма иккита одамни томоша қилиш зерикарли туйилди.
— Шуям ўйин бўлдими?! Жонингни бериб ўйнамайсанми, жарақ-жарақ пулни олганингдан кейин! — деди атайин бақириб.
Кейин ўрнидан туриб стадионни тарк этди.
У футбол томошасига бориб келишига бор-йўғи ярим соат вақт сарфлади. Шоҳруҳнинг тез қайтиши Юлдузни ажаблантирди.
— Тинчликми, тез қайтибсиз? — дея сўради.
— Ёқмади, — деди Шоҳруҳ Витя Тимофеевичнинг телефон рақамини тераркан. Чақирув товуши бўлаётган маҳал хотинига кўз қисди. — Энди телефон қилиб, пўстагини қоқсак ярашади.
Витя Тимофеевич негадир гўшакни кўтармади. Бундай кезлари ўжарлиги қўзийдиган Шоҳруҳ қайтадан рақам терди.
— Сендан хафаман, — деди Витя Тимофеевич салом-аликсиз.
— Аслида мен сизга худди шу гапни айтмоқчийдим. Инсофни унутиб қўйганингизни ҳам қўшимча қилиб қўйсам ёмон бўлмасди.
— Адашмасам, Роман Фёдорович сени “ёшгина дўстим” деб атарди. Мен ҳам шундай десам рухсат берасан, деган умиддаман.
— Гапни чувалаштирманг. Шартмиди мен яшайдиган уйда қотиллик қилиш? Мақсадингиз нима ўзи? Қилаётган ишингизни бутун дунёга жар солиб билдириб қўймоқчимисиз?
— Индамасам, ашаддий жиноятчига чиқариб қўясан.
— Гўлликка солманг ўзингизни. Ортимдан одам қўйганингиз...
— Ҳаддингдан ошма! Ким деб ўйлаяпсан ўзингни?! Ҳозир мен Москвадаман! Эртадан кейин пешинда етиб келасан! Кўпроқ дам олиб юборибсан шекилли?! Ҳозир ёнингга йигитлардан бири боради. Нима иш қилишингни тушунтиради.
Витя Тимофеевич шундай дея бирдан алоқани узди. Шоҳруҳ кўнглига тугиб қўйган гапни айтолмай қолди. Алам қилганидан телефонини деворга тоблаб урди. Сўкинди. Бир марта дакки эшитгач, Шоҳруҳ уйга келиши билан унинг ёнида пайдо бўладиган йигитларга юзланди.
— Кўчага чиқларинг, кейин бошқа районга ўтиб, Бахтиёрга телефон қиласизлар. Айтинглар, ишни ҳозирданоқ бошласин. Вақт жудаям тиғиз! — деди.
Йигитлар кетишгач, ўн дақиқа ўтмасдан эшик қўнғироғи жиринглади. Юлдуз эшикни очганида, рўпарасида озғин, кўзойнакли пешонасини ажин босган қирқ ёшлар атрофидаги бир киши турарди.
— Мен шу ерда Шоҳруҳ билан учрашишим керак эди, — деди у фавқулодда бўғиқ, қўпол овозда.
— Киринг, — дея унга йўл бўшатди Юлдуз.
Шоҳруҳ ҳали-ҳануз асабини жиловлай олмаганди. Ҳатто Юлдузга ҳам Витя Тимофеевичнинг гапларини баланд овозда айтганди. Бирдан кўзойнакли кишининг ёқасидан олди.
— Ўлдираман! — деди бақириб.
— Иккимизнинг ажалимиз бир кунда келади, деб сира ўйламаган эканман, — деди шу ҳолдаям ҳиринглашга уринган киши. — Менинг исмим Борис. Шунчаки Боря, деб чақирсанг ҳам розиман.
У Шоҳруҳни масхара қилаётганга ўхшарди. Бундан унинг баттар қони қайнади. Жағига уриб, иягини майдалаб ташлагиси келди.
— Қўйинг, нега келганини билинг аввал, — деди Юлдуз эрининг қўлидан ушлаб.
— Ниҳоятда ақлли қайлиғинг бор экан, — деб Юлдузни мақтаган киши бўлди Боря.
— Гапир, — деди унинг ёқасидан зўрға қўлини олган Шоҳруҳ.
Борис дарров қўйнидан битта конверт олиб, унга узатди.
(Давоми бор)
Мафия сардори (Саккизинчи қисм)
Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)
Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн бешинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн олтинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн еттинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн саккизинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн тўққизинчи қисм)
Мафия сардори (Йигирманчи қисм)
Мафия сардори (Йигирма биринчи қисм)
Мафия сардори (Йигирма иккинчи қисм)
Мафия сардори (Йигирма учинчи қисм)
Мафия сардори (Йигирма тўртинчи қисм)
Мафия сардори (Йигирма бешинчи қисм)
Мафия сардори (Йигирма олтинчи қисм)
Мафия сардори (Йигирма еттинчи қисм)
Мафия сардори (Йигирма саккизинчи қисм)
Мафия сардори (Йигирма тўққизинчи қисм)
Мафия сардори (Ўттизинчи қисм)
Мафия сардори (Ўттиз биринчи қисм)