Найти в Дзене
euroasia.me

Мафия сардори (Ўттизинчи қисм)

Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ (Ўттизинчи қисм) — Бўйдоқчилик, ака, — деб бирдан гапни бошқа томонга бурди Бомба, — биттасини топувдим. Уйлансамми, йўқми... — Сен ўзинг кимсан-у, топганинг нима бўларди? — деб ҳиринглаб кулди Паровоз. — Энди бир-иккита қонуний бола орттирмасам, эртага мендан ит ҳам қолмаскан. Тўғри, қиз боламас у, лекин, менимча, ундан ортиғи бўлмайди. — Сен учун, албатта. Кимни кўз остингга олдинг? — Бошқаларга қараганда тоза. — Кўзинг етса, уйланавер. Ўзи анчадан бери бошингни иккита қип қўймоқчийдим. Бола орттирсанг, янаям яхши. Қадамингни ўйлаб босадиган бўласан. Тўйни қачонга мўлжаллаяпсан? — Ўзингиз бир нарса дерсиз, устоз. — Ҳозир вақти эмас. Беш-олти ой чидайсан. Унгача чурвақангни орттириб қўйсанг ҳам бўлаверади, — деб Архат сигаретаси қолдиғини кулдонга эзиб, пиво солинган идишини қўлига олди-да, ўрнидан турди. — Юр, ташқарида озгина айланайлик, юрагим сиқилиб кетди. Мақсадни дарров илғаган Бомба аввал ошхонага кириб бир шиша пиво олди-да, ундан кейин ташқарига —
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўттизинчи қисм)

— Бўйдоқчилик, ака, — деб бирдан гапни бошқа томонга бурди Бомба, — биттасини топувдим. Уйлансамми, йўқми...

— Сен ўзинг кимсан-у, топганинг нима бўларди? — деб ҳиринглаб кулди Паровоз.

— Энди бир-иккита қонуний бола орттирмасам, эртага мендан ит ҳам қолмаскан. Тўғри, қиз боламас у, лекин, менимча, ундан ортиғи бўлмайди.

— Сен учун, албатта. Кимни кўз остингга олдинг?

— Бошқаларга қараганда тоза.

— Кўзинг етса, уйланавер. Ўзи анчадан бери бошингни иккита қип қўймоқчийдим. Бола орттирсанг, янаям яхши. Қадамингни ўйлаб босадиган бўласан. Тўйни қачонга мўлжаллаяпсан?

— Ўзингиз бир нарса дерсиз, устоз.

— Ҳозир вақти эмас. Беш-олти ой чидайсан. Унгача чурвақангни орттириб қўйсанг ҳам бўлаверади, — деб Архат сигаретаси қолдиғини кулдонга эзиб, пиво солинган идишини қўлига олди-да, ўрнидан турди. — Юр, ташқарида озгина айланайлик, юрагим сиқилиб кетди.

Мақсадни дарров илғаган Бомба аввал ошхонага кириб бир шиша пиво олди-да, ундан кейин ташқарига — Паровознинг ёнига борди. Пивосидан ҳўплаб қўйиб:

— Ўзимни зўрға ушлаб турдим. Қаёқдаги гапни ўйлаб топганимга ҳайронман, — деди.

— Довдирсан-да, қани, нима гапинг бориди, айт? — деди узоқларга термилиб турган Архат.

— Шефнинг миси чиқиб қолди, — деб пивосидан яна симирди Бомба.

— Қанақа миси? — сўради ҳайрон бўлган Паровоз нигоҳини шогирдига қаратиб.

— Сонянинг айтишича, белидаги холи йўқолибди. Уқаловчиям тасдиқлади унинг гапини. Баданиям қиз боланикидай майин дейди. Илгариги чайир, эти йўқолиб қолганидан боши қотиб ётибди. Яна шеф охирги пайтларда ўзини мутлақо уқалатмай қўйибди.

— Шунақа дегин. Ғалати гап-ку! Бош қотиришга арзийдиган нарса.

— Бош қотишидан кўра ҳам, одамга алам қилади.

— Гапинг тўғри.

— Ишга киришаверайми? Ҳозироқ бориб калласини олиб келаман.

— Ҳовлиқма, — деб Паровоз пивосини охиригача қултуллатиб ичди. Сўнг идишни отиб юбориб, лабига сигарета қистирди. Лекин тутатмади. Қўли мушт бўлиб тугилди.

— Бор, Бомба, ароқ опкел, мана шу ерга, ўтнинг устига! — деб бақирди.

Бомба уни бу даражада тез ўзгаради деб ўйламаганди. Шу боис эти жимирлаб кетди.

— Ёмғир ёғишга тайёргарлик кўриб турибди. Балки ичкарида...

— Шу пайтгача ёғмоқчи бўлган ёмғирдан минг чандон совуқроқ!

Бомба ич-ичидан хурсанд бўлганча югуриб уйга кириб кетди. Хизматчиларга бўкирди. Биттасининг орқасига тепди. Шу билан қисқа вақт ичида ташқарида соябон, унинг остида стол, унинг устида эса егулик-ичкиликлар пайдо бўлди. Паровоз юзидаги жаҳл ўрнини мамнунликка бўшатиб берган эди. Шу боис, у қадаҳни шогирди билан тўқиштирганидан кейингина ичди.

— Эртага кечгача ҳамма нарсани тахлаб қўй. Калласини оламиз, — деди шивирлаб Паровоз ликопчадаги колбасани санчқи билан оларкан.

— Устоз, насиб этса, бундан бу ёғига ўзингиз йўл-йўриқ кўрсатасиз, шунинг учун юз-юз олайлик, — деб қадаҳини кўтарди Бомба.

У бирозгина эҳтиётсизлик қилиб қўйганди. Рамиз давридаёқ айнан уларнинг орқасидан одам қўйилган, “ака-ука”нинг ҳар битта ҳаракатини зимдан кузатиб юрадиган йигит айни лаҳзада идишда буғи чиқиб турган гўштни кўтариб келган ва Бомбанинг сўнгги гапини эшитган эди. Лекин ҳар доимгидай миқ этмади. Шунингдек, “ака-ука”лар ёнида узоқ муддат турмади ҳам. Лаганни столнинг устига қўйди-да, дарров узоқлашди. Аммо ичкарига кириши билан шошганча газак кўтариб келаётган хизматчи қизнинг қўлидаги газак солинган ликопчани олди ва дарров ортига қайтди. Паровоз бу пайтда шогирдининг қадаҳига ўзиникини тўқиштирган ва тиниқ суюқликни ичиш учун идишни лабига олиб бораётганди. Унга Бомбанинг гапи мойдай ёққан ва шу сониялар ичида ўзини ҳақиқий хўжайиндек ҳис қила бошлаганди.

— Ана, ёмғир томчилаяпти. Қаердадир эшитганман, ёмғир барака белгиси экан. Режамиз баракали бўлади-ёв, — деди Бомба.

Ликопчани стол устига қўйиб, ортига бир қадам қўйган “қулоқ” қадамини секинлаштирди. Аммо Бомба ортиқ ҳеч нима демади. Ичди. Ундан кейин газак чайнади.

“Қулоқ” эса ошхона орқали яширин эшикдан уйнинг нариги тарафига чиқди-да, ён телефонини олиб Рамиз-Февзининг рақамини терди.

Ана шу маҳал ҳаво бир ёришди-да, орқасидан гумбурлаган овоз эшитилди. “Қулоқ” чўчиб тушгани каби, Паровоз билан Бомба ҳам ўринларидан сапчиб туришди. Агар бир неча сония ичида уларни бир жойга йиғишнинг имкони бўлганида эди, учови ҳам бир вақтда осмонга қараганига гувоҳ бўлиш мумкин эди.

* * *

Юлдуз мириқиб ухлади. Машина манзилга етиб, Шоҳруҳ уни кўтариб ётоққа олиб кирганида ҳам уйғонмади. Туш кўрди. Гўзал, бетакрор туш: гулзор, боғ-роғ ўртасида Юлдуз. Кўзи тинимсиз атрофга аланглаб, шодликдан ичига сиғмайди. Бундай беғубор, нурли гўша фақат меники, ҳеч кимга бермайман, деб бақиради. Сўнг югура бошлади. Югураверди, югураверди... Бирдан унинг ёнида кийик пайдо бўлди. Ўйноқи кийик. Қиз билан бирга югура бошлади. Юлдуз тўхтаб, уни қучоқлаб олди. Олтин рангда товланаётган кийикнинг бўйнига юзини босди. Ундан бир хушбўй ҳид таралдики, қиз ҳидлаб тўймади. Бунинг устига, унинг териси шунақанги майин эдики, юзини босгани сайин босгиси келаверди. Қиз умри бино бўлиб бунчалик яйрамаганди. Ҳатто Шоҳруҳ билан ўтказган кечаси ҳам бундай роҳатбахш бўлмаганди. Бўлмаса у ҳам ўша кунни пинҳона орзиқиб кутганди. Ўзининг сирини очиш билан бирга Шоҳруҳникини ҳам билиб олди. Бироқ, ҳозирги лаззат олдида у ҳеч эди. Ҳатто этни жунжиктириши мумкин бўлган эпкин, дилни хиралантирувчи қуриган шох, майса ҳам йўқ. Ҳамма ёқ бир текисда, мукаммал. Фақат ундан шодланиш, маза қилиш лозим.

Шоҳруҳ Юлдуздан олдин уйғонди. Тўшакдан турмай, шифтга қараганча хаёл суриб ётаверди. Бир қўли билан унинг кўксига бош қўйиб ухлаётган Юлдузнинг сочларини силади. Йигирма дақиқалардан сўнг қиз ҳам уйғонди. Бироқ у ҳам, Шоҳруҳ каби тўшакни тарк этишга шошмади. Ишонган тоғининг кўксини силаб, ўпиб қўйди.

— Юлдуз, сираям тургим келмаяпти, — деди Шоҳруҳ қизнинг уйғонганини сезиб.

— Мениям. Ётаверамиз. Ишлариям бошидан қолсин, — дея сўзлади Юлдуз эркаланиб.

— Ўзи йўқ жойдан бошимизга шунча ташвиш орттирволибмиз.

— Сўраманг. Нега шунақа бўп кетганига ҳайронман. Балки ҳаммасига қўл силтаб кетармиз, — деб қиз йигитга қаради.

— Шундай қилсак, ўзимиз учун яхши бўлади. Амаллаб кунимизни кўриб юраверамиз. Лекин бу ерда қолганларга энди кун беришмайди. Ана шуниси чатоқ. Боядан бери ўйлаб, ўйимни охирига етказолмайман, — деб Шоҳруҳ Юлдузни қучоқлаб яна кўксига ётқизди.

— Биласизми, ғалати туш кўрибман. Илгари осмону фалакда кўп учардим. Аммо бунақасини биринчи маротаба кўришим. Қани ҳақиқатан ҳам ўшандай боғу роғларда иккимиз пайдо бўлиб қолсак, — дея қиз хўрсиниб қўйди.

— Майли, яшайверайлик-чи, балки ҳақиқатан ҳам тушингда кўрган жойларга ўнгимизда бориб қолармиз.

— Мен сизга ўзимнинг кийигимни бермайман. Тўғрироғи, сизни ундан рашк қиламан, — деб қиқирлаб кулди Юлдуз.

— Нималар деяпсан? Қанақанги кийик?

— Олтиндай товланадиган, териси юмшоқ. Сиз уни бир кўришда ёқтириб қоласиз.

— Ҳали шунақами? — деб Шоҳруҳ бағридаги соҳибжамолнинг бўйинларидан ўпишга тушиб кетди...

Улар овқатланиб бўлишганида атроф қоронғиликка чўмганди. Шоҳруҳ лабини артаётганида Роман Фёдорович қўнғироқ қилди.

— Тонгларинг отдими? — деди ҳазиллашган бўлиб.

— Шарофатингиз билан бойўғлига айланаяпмиз, шекилли, — жавоб берди Шоҳруҳ.

— Яхши, унда ишга киришаверамиз энди. Сен билан кўришсак, дегандим. Прокурор ёнимда. Ҳа, Юлянинг ёнига Оксана бормоқчийди. Зарур гапим бор, дейди. У ҳам сизларга суяниб қолган. Худди қариндошдай.

Шоҳруҳнинг юзи жиддийлашди. У банкирнинг ҳар битта ҳаракатига, гапига шубҳа билан қарайдиган бўлиб қолганди. Ҳозир ҳам ўйланиб қолди. Бир неча сония Роман Фёдоровичга жавоб бермай, жим турди.

— Бошқа режанг бормиди? — сўради таклифига жавоб берилавермагач Роман Фёдорович.

— Нима десам экан?..

— Ҳар қалай, эркак зоти ўзи қарор чиқаради, деб ўйлайман. Сенинг кимлигингни кўрдим. Сендайин йигитлар ҳамма жойдаям топилавермайди.

Бу билан банкир: “Қачонгача ёнингдаги қизчангдан маслаҳат сўрайсан? Сен ҳам ўғил боламисан ўзи?” демоқчидай эди. Гап оҳангини илғаган Шоҳруҳнинг жаҳли чиқди. Бир хаёл: “Эркаклигимни кўрсатиб қўяйми?” демоқчи бўлди-ю, ўзини босди. Бир оғиз:

— Бораман, — деб телефонни ўчирди.

— Нима деяпти сўхтаси совуқ? — сўради Шоҳруҳдаги ўзгаришни кўрган Юлдуз.

— Тайинли гапи йўқ. “Кел, гап бор”, дейди, — деди Шоҳруҳ ўрнидан тураркан.

— Дарров кийиниб чиқаман. Сиз болаларга машинани тайёрлашни буюриб туринг, — дея юзига фотиҳа тортди Юлдуз.

— Йўқ, бу сафар сен бормайсан. Мени кўришни хоҳлашаяпти. Сенинг ёнингга эса, анави алкаш қиз келаётганмиш. Онаси йўқлиги учун сенга суяниб қолганмиш...

Юлдуз ўтирган жойида Шоҳруҳга тикилиб қолди. Бир нима дейишга унинг тили ожиз эди. Кечқурун уни эркалаб, сочларини силаган йигит билан ҳозиргисининг орасида ер билан осмонча фарқ бордай эди. Униси ҳақиқий ошиқ ва севгилиси учун ҳеч нарсадан қайтмайдиган, буниси ўз режаси йўлида бировни менсимайдиган, кўнглига қарамайдиган тошбағир инсон... Гарчи Шоҳруҳ овозини баландлатмаган, қўпол сўзлар ишлатмаган эса-да, у ўкинди. Севгилисини кузатиб қўйишга ҳам чиқмади. Шу туришда гўё Шоҳруҳ айтган “алкаш” қизни кутаётгандай.

Оксана ҳам кўп куттирмади. Шоҳруҳ кетгач, беш дақиқадан кейин пайдо бўлди. Худди атайин Шоҳруҳни пойлаб тургандай. Юлдуз эшикни очиши билан бўйнига осилди. Юлдуз уни маст-аласт, ўзини билмайдиган бир аҳволда кўрган ва қолаверса, марҳум Виталийнинг уйида нималар содир бўлгани қулоғига чалинганди. Шу боисдан ҳам ижирғанди. Ўзини ундан тортди. Оксана эса, баттар унга ёпишиб, юзидан чўлпиллатиб ўпди. “Юля, мен сени яхши кўраман”, деб йиғлаб юборди. Сўнг қаршисидаги қизга суянган кўйи сирғалиб, полга чўк тушиб ўтириб қолди.

— Қийналиб кетдим, ишонасанми? Мени эзиб юборишди. Ҳеч бир қиз отасининг оёғига ўзини ташлайдими? Ундан... Айтолмайман. Яхшиси, мени ўлдирсинлар, тўйиб кетдим! — дея Оксана ўкириб йиғлаб юборди. Елкаси силкиниб-силкиниб, Юлдузнинг оёғини қучоқлаб йиғлади.

— Тур, — деди Юлдуз унинг қўлидан ушлаб, — нима бўлганини менга айтиб берасан.

Оксана “хўп” дегандек бош силкиди. Бироқ юмшоқ курсига ўтирганидан кейин ҳам анча вақтгача гапиролмади. Афтидан, ич-ичидан эзилаётган ва гапни нимадан бошлашни билмаётгандай эди. Агар ҳозир муздай сув қуйиб берса, у тилга киришини Юлдуз яхши биларди. Аммо атайлаб бундай қилмаётганди. Унинг кўз ўнгидан ҳанузгача Оксананинг бефаросатларча маст-аласт чўзилиб ётгани кетмаган, Шоҳруҳ билан ўпишганини эслаб баттар жиғибийрони чиқаётганди. Қийнагиси келди. Ҳар доим ҳеч нарсадан тап тортмай, кўнглига келган ишни қилиб кетаверишга кўникиб қолган Оксана негадир шу сафар стол устида турган елим идишдаги минерал сувга қўл узатишга ботинмади. Охири, Юлдуз чидолмади, стаканни тўлдириб сув қуйиб, рўпарасида ўтирган қизга узатди.

Оксана ойлаб сув кўрмаган одамдай ютоқиб, шошиб идишдаги суюқликни ичди-да, сўнг Юлдузга қараб жилмайди. Ўшанда Юлдуз унинг қарашида мутлақо совуқлик аломатлари йўқлигини кўрди.

— Энди бемалол, нима дардинг бўлса айтавер, қулоғим сенда, — деди Юлдуз.

— Ҳаммасини отамга гапириб бердим, — деди Оксана қаншарини қашлаб, —Менга нималар дейишгани-ю, унинг жонига қасд қилишганларигача.

— Ўзинг биздан Роман Фёдоровични ўлдиришни илтимос қилганингни айтмадингми?

— Айтолмадим. Тилим бормади. Жинни бўлмасам, қариб-қартайган Виталийнинг гапига ишонаманми? Юля, — деди қўллари қалтирай бошлаган Оксана, — мени жуда ёмон алдашди. Тасаввурга сиғмайдиган мол-дунё эгаси ва бир умрлик кайфу сафони ваъда қилишса, индамай кетаверибман. Аслида, улар мендан ҳамма бойликни тортиб олмоқчи бўлишган экан. Отамни ўлдиришганидан кейин узоғи билан бир ой яшашим башорат қилинган экан. Пулларнинг ҳаммаси чет эл банкларига ўтказилади. Кейин мен Виталийга турмушга чиқаман. Албатта, расман. Сўнгра у секин-аста менинг бойликларимнинг ҳаммасини ўз номига ўтказиб олади-да, баҳримдан ўтиб қўя қолади.

— Ўзинг билмаганмидинг шундай бўлишини? Билардинг...

— Йўқ, шошмай тур, — деб Юлдузнинг гапини бўлди Оксана, — сенга ҳаммасини бир бошдан тушунтирай, кейин бир хулосага келасан... Мен отамга аччиқ қилувдим. Ахир, менинг жонимга уч марта қасд қилишди. Бундан ташқари ойижонимни ўлдириб юборишди. Ана шундай жаҳл отига минганимдан фойдаланишди улар. Балки сизлар Виталийни ўлдирмаганларингда, ҳозир мен бутунлай етим бўлиб қолишим тайин эди. Энди сендан бир илтимос, Юля, Швейцарияга чиқиб кетишимга ёрдам бер. Йўқ дема, баҳонаям қидирма. Чунки сен ва Шоҳруҳнинг қўлларингдан келади. Ёрдам берасан-а, тўғрими?

— Ҳамма нарсадан отангни хабардор қилган бўлсанг, шартми чет элга кетишинг? Қолаверса, кетишингга ҳеч ким энди халақит беролмайди.

— Беришади. Чунки дадам мени кечирмади. Юзини тескари қилиб: “Чиқиб кет”, деди. Юмшоқ оҳангда, юракни эзадиган қилиб айтди. Юля, менинг эмаклаб чиқишимга оз қолганди. Ҳовлимизда кўп вақт йиғлаб ўтирдим. На уйга киришимни биламан, на бирон жойга кетишимни. Авваллари эркин бўлишни, ёлғиз қолишни жудаям хоҳлаган бўлсам, шу сафар қўрқдим. Лекин отамнинг ҳам ёнига боролмасдим.

— Ҳалиям осон қутулибсан. Сендақа қизни бўғиб ўлдирганида ҳам, ҳақи кетарди. У сенинг отанг-ку, нима бўлгандаям...

— Юля, илтимос! — дея бақириб юборган Оксана Юлдузнинг оёқлари остига ўзини ташлади. — Қийнама мени. Сен ҳам қиз боласан-ку... Оилангдан узоқдасан. Эркакларнинг кимлигини сенам биласан...

Оксана сўзлашдан тўхтади. У: “Сен ҳам мен каби Шоҳруҳ билан бўлгансан”, демоққа оғиз жуфтлади-ю, ички бир куч тилига тушов солди.

— Сен жудаям чарчагансан. Роман Фёдорович билан гаплашаман. Қиш келаётганида араб давлатлари дам олиш учун энг яхши жойлар ҳисобланади. Денгизда маза қилиб чўмилиш, қумда офтобда тобланиб ётиш жоннинг роҳати.

— Кўп борганман у ёқларга... Лекин таклифинг ёмонмас, балки ҳақиқатан ҳам шундай қилганим маъқулдир. Менга қара, бирор юз грамм қуйиб бер. Ростини айтсам, бошим ёрилиб кетай деяпти. Уйқугаям тўймаганман. Отам белига тепди.

Юлдуз музлаткичдан бир шиша ароқ олиб, стол устига тўқ этказиб қўйди-да:

— Ич заҳарингга! — деди жаҳл билан. — Четдан қараган одамнинг сенга ҳаваси келади. Лекин сени яхши билганлар нафратланишади. Хоҳлаган нарсани олишга, хоҳлаганингни улоқтиришга қурбинг етади. Сен бўлсанг умрингни ароқхўрлик билан ўтказаяпсан! Ҳайф сенга шундай ота!

— Сен отамнинг кимлигини билмайсан! Билмасдан туриб менга ақл ўргатма! Тушундингми?! Ақл ўргатувчилар сенсиз ҳам тиқилиб ётибди! Раҳмат!

Юлдуз уни кетиб қолса керак, деб ўйлаган эди. Аммо Оксана жойидан жилмади. Асабий ҳолда шишани очиб, стаканни тўлдириб қуйди. Сўнг ичиб юборди-да, кўзини юмди. Оксана газак ҳам қилмади, Юлдузнинг эса, эти жимирлаб кетди.

— Билганлар, — деб гап бошлади Оксана бироздан кейин, — мени нафақат пиёниста, балки содда ва гўл ҳам деб ўйлашади. Ва жуда қаттиқ адашишади. Мен ўта маст бўлишни беш-олти кундан бери одат қилдим. Шундай қилмасам, ухлаёлмасдим. Бундан бу ёғига эса, озгинаси ҳам етади. Соғлиқ учун. Лекин сен отам билан эринг орасида нима гаплар бўлишини билмайсан!

— Тушунмадим, — деди бирдан кўзлари каттариб кетган Юлдуз.

— Бизнинг уйимизда фақат отам билан прокурор эмас, суднинг раиси ҳам ўтирган эди. Отам уларни камдан-кам уйга чақиради.

— Хўш, Шоҳруҳни нима мақсадда чақирди?

— Буниси менга қоронғи. Билганим, қандайдир жиноятларига шерик қилиб олишмоқчи. Чунки уларнинг бундан бўлак юмушлариям йўқ. Бировларни алдаб, пулларини олиш ёки улардан бошқа мақсадларда унумли фойдаланишгагина каллалари ишлайди уларнинг... Дарвоқе, ўзи кимга айтаяпман бу гапларни? Сизларнинг ишларинг ҳам шундай-ку. Ҳатто бойлик учун бир-бировингни сотиб юборишга-да тайёрсизлар.

— Сен шу ерда ўтир. Бирон нима керак бўлса, йигитлар олиб келиб беришади. Менинг ишим чиқиб қолди, — деб Юлдуз ўрнидан турди-да, ётоқхонасига кириб кетди. Бир хаёл Шоҳруҳга қўнғироқ қилиб нима гаплигини билмоқчи бўлди. Аммо шу заҳоти ниятидан қайтди. Роман Фёдорович яна бирор шумликни ўйлаб, уни чақирган бўлса... Шоҳруҳ соддалик қилмайди, албатта. Бироқ унинг қўнғироғи халақит бериб қолиши мумкин. Яхшиси, боради. Уйидан берироқда кутиб туради. Банкирникига кириб чиқаётганларни кузатади. Ҳозир қоронғи. Лекин банкир уйининг ҳар бир бурчагига чироқ ўрнатган. Кўча худди кундузгидай ёп-ёруғ бўлади.

У кийимларини кийди. Елкасига сумкачасини илиб, ойнага қараганча бироз турди. Сўнг ниятидан қайтиб, ечинди. Оксананинг ёнига борди. Бу пайтда Роман Фёдоровичнинг эркатойи ароқ шишасини бўшатиб қўйган эди. У ўзига-ўзи гапирарди. Унинг маст бўлиб қолгани бир ҳисобдан яхши. Чунки ортиқча муаммо туғдирмайди. Мабодо Роман Фёдорович “қилиқ” чиқарадиган бўлса, қизини осонлик билан бу ердан чиқариб юбормайди.

Юлдуз келиб ўтирганидан кейин ичишни бас қилган Оксана лаб-лунжини сочиққа артди. Стол устида турган пичоқни қўлига олиб, бироз айлантириб ўйнаган киши бўлди.

— Юля, дам олишга бирга борсак нима дейсан? Ҳаммани, йигитингни ҳам ташлаб кетамиз. Кўриб турибман, эркаклар сенинг ҳам жонингга теккан. Иккаламиз маза қилиб келардик. Кейин-чи, дубайликлар сенга ўхшаган чиройли қизлар учун жонини бериб юборишади. Бошингдан тилла сочишади. Ишонавер гапимга. Менга шундай қилишган. Лекин у пайти қўлларидан ҳеч бало келмаган. Чунки мен билан бирга Петка, отам бор эди, — деди ва ўрнидан туриб керишиб қўйди. Шунда ҳам унинг қўлида пичоғи бор эди.

Юлдуз шу сафар ҳушёрликни қўлдан бой берди. У хаёл уммонига ғарқ бўлгани сабаб Оксанага мутлақо эътибор қилмади. Бундан Оксана усталик билан фойдаланди. Ўзини ювиниш хонасига бораётган кўрсатиб Юлдузнинг орқасига ўтиб олди ва кутилмаганда рақибасига ташланиб, бир қўли билан унинг сочини ғижимлаганча иккинчи қўлидаги пичоқни томоғига тиради. Пичоқ ўтмас эди. Буни яхши билган Оксана унинг тиғини қаттиқроқ босди. Юлдуз хириллади.

* * *

Шаҳло ойисини остонада кўриши билан ранги докадек оқариб кетди. Нима деярини билмай киприкларини пирпиратди. Худди махлуққа дуч келган одамдай оёқ-қўллари қалтирай бошлади.

— Вой, менинг эрка қизим, югуриб келиб бўйнимга осилмайсанми? — деди мутлақо кутилмаганда Хонзода қучоғини очиб.

Шаҳло аввал ёнида ўзи каби нима қиларини билмай турган Наргизага, сўнг ойисига қаради. Қулт этиб ютинди.

— Соғиндим-ку, қизгинам. Нега келмайсан ёнимга?!

У гапини шунақанги майин оҳангда дард билан айтдики, Шаҳло ортиқ чидаб туролмади. Оқсоқланганча олдинга бир қадам босди. Шуни кутиб турган Хонзода югуриб келиб қизининг юз-кўзларидан ўпди. Сўнг маҳкам бағрига босаркан:

— Бир ҳафтага қолмай оиламиздагилар бир жойга тўпланади. Аввалгидай эрталаб, кечқурун бирга овқатланамиз, суҳбатлашамиз. Даданг-чи, худди ёшлигингдагидай ҳар куни ўйинчоқлар олиб келади. Маза қилиб ўйнайсан, хўпми, ўзимнинг асалим?! — дерди кўзидан дув-дув ёш оқизиб.

— Ойижон, бўлди, қийналиб кетдим. Унақа деманг, ҳаммаси яхши бўлади, денг, етади шунинг ўзи!

Қолган ҳаммаси рисоладагидек кечди. Худди Хонзода бирон ёққа кетган-у, келса, қизининг оёғи гипсда. Камига уйига меҳмон келиб ўтирибди. Ҳам юраги азобда, ҳам хижолат чеккан онаизор нима қиларини билмай қолган.

У шоша-пиша кўз ёшларини артди. Сўнг меҳмонларга қараб жилмайди. Аввал Фотима опанинг ёнига борди. “Узр, озгина ноқулайлик бўлиб қолди”, деди. Фотима опа жудаям ҳайратда эди. У Хонзодадан бунақа муомалани мутлақо кутмаганди. Унинг овозини эшитган заҳоти Фарангизга қараган ва кутилиши мумкин бўлган жанжалдан хавфсираб чора ахтара бошлаганди. Муроднинг кетганидан ҳам ич-ичидан хурсанд эди. Бўлғуси қудасининг юзидаги табассумни кўрганидан кейин эса, ўғлини шу ерда эмаслигидан афсусланди. У биринчи бўлиб Хонзодани бағрига босди. Дори ва аллақандай захнинг ҳиди бурнига урилди. Бироқ жирканмади. Сўрашди. Хонзода узр сўраши лозим бўлган бирорта ҳам иш бўлмаганини айтиб, унинг кайфиятини кўтаришга уринди. Ҳатто Хонзоданинг шу аҳволда кириб келганига ич-ичидан ачинди.

Хонзода шу уйнинг бекаси бўлса-да, Фотима опа қизи Наргизага тезроқ бориб чой қўйишни буюрди. Шу билан Хонзодани озгина хурсанд қиламан, деб ўйлаганди. Бироқ унинг бўлғуси қудаси ичидан зил кетди. “Ҳали сен менинг уйимга келиб, рухсат сўрамай қизингни ошхонамга киритаяпсанми?” деб хаёлидан ўтказди. Бироқ ичидагини ошкор қилмади. Ичидаги қурум ташқарига табассумга айланиб чиқди. Худди шайтон зумда гўзал маликага айлангани каби.

— Майли, ёшлар ишга келади-да, — деганча нафратга тўлиб-тошган нигоҳини овсинининг кундошига бир қадаб олди-да, — мен бошқа жойдан келаётгандим. Дарров ювиниб чиқай, сизлар бемалол ўтириб туринглар, худди уйларингда ўтиргандай, — деди.

Унинг сўнгги гапида кесатиш оҳанги бор эди. Бироқ на Фарангиз ва на Фотима опа тушунди. Буни Шаҳло англай оларди. Бироқ уям ошхонада эди.

Ярим соатлардан кейин бутунлай бошқа қиёфадаги Хонзода меҳмонларнинг ёнига келди. Қайтадан сўрашди. Алоҳида-алоҳида илтифот кўрсатди. Ундан кейин янги тушган келиндай бир қўлини кўксига қўйиб, хиёл эгилиб: “Сизлар бемалол гаплашиб туринглар, мен озгина жиз-биз қилиб бераман, ош ундан кейин”, деди.

Унинг сўзларига биров эътироз билдиролмади. Фарангизни эса қўрқув боса бошлади. У агар баҳор ёки куз фаслида кун ҳаддан зиёд исиб кетса, албатта, эртасига ёмғир ёки қор ёғишини биларди. Шу боис эртароқ кетишини айтмоқчи бўлди-ю, аммо сўзлашга улгурмади. Хонзода дарров чиқиб кетди.

Хонзода нафақат ош дамлади, балки ҳожатхонага кириб, овсинига қўнғироқ қилишни ва унга меҳмонлар келганлигини айтишни ҳам унутмади. Фароғат: “Дарров бораман”, деганидан кейин унинг шодлиги икки ҳисса ошди. Юраги қувончдан ёрилгудай бўлган аёл меҳмонларнинг ёнига аввалгидан-да хушчақчақ ҳолда келиб, Фарангиз билан Фотима опанинг олдидаги буғи чиқиб турган чойни бошқа идишга тўкиб, янгисини қуйиб берди. Сўнг ёнгинасидаги стулда ўтирган Фотима опанинг елкасини силади.

— Сизнинг олдингизда жудаям хижолатдаман. Ҳалигача ўзимга келолганим йўқ. Одамда шунақанги ўзгариш давриям бўлиб тураркан-да. Хафа бўлмайсиз энди, — деди.

— Сиз мени хафа қилганингизни сираям эслолмадим, қудажон. Худога шукур, ўғлимнинг диди чакки эмаскан, Шаҳлохоннинг қўли гул, ўзиям бирам одоблики, бировларга айтишга, мақтанишгаям қўрқасан, кўз тегиб қоладими, деб. Умрингиздан барака топинг, шунақа ажойиб қиз тарбиялабсизки, ишқилиб, қўшгани билан қўша қарисин, — дея Хонзоданинг янаям кўнглини кўтаришга, уни хижолатдан чиқаришга ҳаракат қила бошлади Фотима опа.

Фарангизнинг эса ич-этини нимадир тимдалар, нафас олишга қийналарди. У эртароқ бу ердан кетгиси келар, аммо тайинли сабаб тополмай қийналарди.

Бу пайтда Фароғат тошойна қаршисида ўзига оро бериш билан овора эди. У кутилмаганда Хонзода қўнғироқ қилиб, уйига таклиф қилганига ҳайрон қолди. Чунки жиннихонада ётган одам у ёқдан чиқиб келиши ва ҳеч нарса бўлмагандай сўзлаши унинг учун ғайритабиий туйилди. “Бир касофатни бошлаган, менимча, қочиб келган... Эҳтимол, уйида... Шошма, қизи унинг рухсатисиз қаланғи-қасанғиларни тўплаб олганидан... Меҳмонлар деди-ку”, дея хаёлидан ўтказди аёл ва шу заҳотиёқ ўзига оро беришдан тўхтади. “Келиб-келиб, ялангоёқлар билан бирга ўтираманми?.. Садқайи улар учун ажратадиган вақтим”, дея ўзига-ўзи гапирди. Сўнг ўрнидан туриб, кўзгу қаршисидан узоқлашмоқчи бўлди-ю, ички бир қизиқиш тағин бўянишга мажбур қилди.

У Хонзода айни ошни сузаётган чоғда етиб борди.

— Вой, ўзимнинг овсингинамдан ўргилай, — деди Хонзода уни кўриши билан лабида табассум пайдо бўлиб, — раҳматли қайнонам бекорга яхши кўрмасдилар-да сизни?!

— Ҳаҳ, сабил, — деди Хонзодага қўлини узатган Фароғат, — қозон ёнида гўрида чиригурни эслатмасангиз бўларди.

Хонзода ҳиринглаб кулди.

— Жа ўзгачасиз, худди қизингиз қолиб, сизга совчи келгандай, — деди кўзининг ости билан қараган Фароғат.

— Ҳали қариб қолганим йўқ. Керак бўлса, — Хонзода эшик томонга қараб олди-да, кейин овсинининг қулоғига деди, — унча-мунчасини чарчатиб қўяман.

Бирдан хандон отиб кулиб юборган Фароғат:

— Ўлманг сиз! — деди баланд овозда.

— Тисс! — деб лабига бармоғини қўйган Хонзода кўзи билан меҳмонхонага ишора қилди.

— Кимлар келди? — сўради дарров жиддий тортган Фароғат.

— Сиз сўраманг, мен айтмайин, — шивирлади Хонзода, — бечоралар иккита юмшоқ гапимдан оғизлари қулоғида бўлиб ўтиришибди. Бориб сиз ҳам бир гаплашинг... Айтганча, сизга тааллуқлиси ҳам бор.

— Вой, менга қанақа тааллуқлиси бўлсин?

— Тавба, ошхонага тўғри кириб келмай, аввал меҳмонхонага ўтмайсизми, кўрардингиз. Борсангиз шунақанги янгилик кутаяптики, даҳшат! Овсинжон, сиз меҳмонларни яхшилаб суриштиринг, ажабмас, бирортаси қариндошингиз чиқиб қолса.

— Йўғ-э, — дея киприкларини пирпиратди Фароғат, — Хонзодахон, илтимос, топишмоққа айлантирмай очиқроқ айтинг. Кимлар келишган?

— Секрет, овсинжон. Менимча, узоқ вақтлардан бери сиз билан учрашишни ният қилиб юрган ёки ўзини танитмасдан сизнинг кимлигингизни билиш учун юрган одам...

— Хонзодахон, — деб Фароғат овсинининг қўлидан ушлади, — илтимос, айта қолинг, ҳозир юрагим ёрилиб кетади. Менинг бирор қариндошимми?

Хонзода бир неча сония ўйланган киши бўлиб шифтга термилиб турди. Кейин Фароғатнинг кўзига тик боқиб:

— Мен сизга ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмайман. Овсин бўлганимиз учун тўйимиз ҳам, маъракамиз ҳам бир. Жойи келганда, доим бир-бировимизга елкадош бўламиз. Сизнинг жонингиз ачиса, меникиям ачийди. Тўғри, бошимдан кўп ташвишларни ўтказдим. Худо хоҳласа, ёмон кунларнинг охири кўриниб қолди. Бундан бу ёғига...

— Илтимос, юрагим ҳозир отилиб чиқиб кетади. Худо хайрингизни берсин, менга ёмонлик қилиш ниятида бўлган қандай одам уйингизга келди? Агар менинг душманим бўлса, нега унга ош дамлаб бераяпсиз?!

— Ошни бошқа мақсадда қилдим, айланай. Ҳар қалай, қизимнинг эртасини ўйлашим керак... Майли, тилим бормаётганди-ю, сира қўймаганингиздан кейин айтмасам бўлмайдиганга ўхшаяпти. Келганларнинг биттаси, биласизми, нима деди?

— Нима деди?

— “Бўрон аканинг аёли бўламан”, деди. Мен янглиш эшитдимми, деб қайта-қайта сўрадим. Лекин у бўйнинг узилгур, ҳар сафар шу гапини қайтараверди. Мен овсинимни танимай қопманми? Фароғатхон-ку менинг овсиним десам, тилингга чечак чиққур: “Иккинчисиман”, деса бўладими? Ёқамни ушладим, нима дейишимни билмайман. Одам ҳам шунақанги безбет, беҳаё бўладими?! Бир туки қилт этмади-я! Яна денг, иржайиб-тиржайиб худди мени масхаралаётгандай гапиради! “Нега унақа дейсиз? Бировнинг оиласини бузиб қандай бахт топасиз?” десам, бетинг чиригур: “Бўрон акамнинг бахти менман, у киши шу пайтгача итнинг кунини кўриб келди”, деса бўладими?..

Фароғатнинг кўзлари олайиб кетган, ранги оқарган, тез-тез нафас олар, аъзои бадани қалтираб, пешонасидан тер чиқиб кетганди. Гўё унинг бошига биров гурзи билан урди-ю, у бутунлай карахт аҳволга тушиб қолди. Шундай эса-да, Хонзода эрига, ўзига туҳмат қилганини эслади. “Бу паразит яна бир нимани бошлаётганга ўхшайди”, дея ўйлади ва бироз ўзини босиб, деворга тақаб қўйилган оромкурсига ўтирди. Сўнг пешонасидаги терни артиб:

— Ҳозир бориб, чочини битталаб юламан... Йўқ... Йўқ, яхшиси, сўйиб ташлайман! — дея ўрнидан сапчиб турди. У шу аснода Хонзоданинг юзида ўзгариш бўлиш-бўлмаслигига эътибор қаратди.

— Вой, сира унақа қилманг, — деди қўрқиб кетган Хонзода, — аввал ётиғи билан ўзига тушунтиринг! Тушунмаса, ана ундан кейин мулла акамни сиқувга олинг. “Агар талоғини бермасангиз, мен кетаман”, денг! Аниқ биламан, мулла акам сиз учун ҳамма нарса тайёр... Бу аёл шантаж қилаётган бўлиши ҳам мумкин.

Хонзоданинг гаплари сираям жинниникига ўхшамасди. Демак, у туҳмат қилаётгани йўқ. Ҳаммаси бор гап. Фароғат ҳозир боради-ю, ўша манжалақининг афт-башарасини юмдалаб ташлайди. Ўлдиради!

* * *

— Кўрдингми, истасам қўлимдан ҳамма нарса келади! — қичқирди Оксана.

— Адашасан, — деди Юлдуз хириллаган овозда, — агар дераза ёнидаги шеригинг бўлмаганида, дабдалангни чиқарардим.

Оксана беихтиёр дераза томонга қаради ва шу заҳоти Юлдузнинг устидан ошиб, стол устига орқаси билан гурсиллаб қулади. Унинг остида қолган ликопчалар чил-чил синди. Ароқ шишаси эса, полга тушди. Оксананинг белига биров қаттиқ нарса билан ургандай бечора қизнинг умуртқаси синиб кетаёзди. Қиз оғриқнинг зўридан ўкириб юборди.

Юлдуз Оксананинг сочидан ғижимлаб пастга тортди.

— Чўчқанинг боласи! — бақирди у ғазаб билан. — Мени ўлдиргани келганмидинг?!

— Йўқ! — дея ингради Оксана. — Ҳазиллашмоқчийдим!

Юлдуз унинг кўксига тиззасини тиради.

— Қалай бўларкан ҳазиллашиш?!

— Юля, илтимос, дўхтир чақир! Белим синганга ўхшаяпти! Ногирон бўлиб қоламан!

— Жудаям яхши. Ўшанда одамларга зиёнинг тегмайдиган бўлади сен маразнинг! — деб Юлдуз унинг кўксидан оёғини олди ва ёқасидан ушлаб, бир силташда ўрнидан турғазди. — Сен ниҳоятда ожизсан. Агар отанг бўлмаса, бир кун ҳам яшолмайсан. Гапимга ишонавер. Биринчидан, ит ҳам сени ҳурмат қилмайди. Иккинчидан, ашаддий пиёнистага айланасан.

— Юля, белим оғрияпти! Ўлай агар, бир нарса бўлганга ўхшайди, чидолмайман...

Юлдуз ундан шунақанги нафратландики, уриш тугул, ёқасидан ушлаб туришга-да ҳазар қила бошлади. Оксананинг оғриқдан азоб чекаётгани ҳам ёлғондай туйилди. Уйидан ҳайдаб чиқармоқчи бўлди-ю, аммо улгурмади. Қўлини унинг ёқасидан олмасидан бурун, ердан чиқдими, осмондан тушдими, аввал Роман Фёдорович, кейин Шоҳруҳ кириб келди.

— Бу нима майнавозчилик?! — деб бақириб юборди банкир.

(Давоми бор)

Мафия сардори (Биринчи қисм)

Мафия сардори (Иккинчи қисм)

Мафия сардори (Учинчи қисм)

Мафия сардори (Тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Бешинчи қисм)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)

Мафия сардори (Еттинчи қисм)

Мафия сардори (Саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўнинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн бешинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн олтинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн еттинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирманчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма биринчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма иккинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма учинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма бешинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма олтинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма еттинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттизинчи қисм)