Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўн еттинчи қисм)
— Шунақами? — дея изига қайтиб келиб унинг пешонасига тўппонча тиради Шоҳруҳ. — Бунинг учун аввал ўзинг тирик қолишинг керак.
Исроилнинг юмилиб қолаёзган кўзлари очилди. Ўйладики, ҳозир бу эсини еган бола тепкини босиб юборади. Аммо Шоҳруҳ ундай қилмади. Ҳатто тарсаки ҳам туширмади. “Пақ!” деди уни қўрқитиб, кейин:
— Ожизларга ўқ отмайман, — дея қўшимча қилиб қўйди-да, қуролни чўнтагига солиб хонадан чиқиб кетди.
Машиналар йўлга тушганидан кейин Шоҳруҳни негадир ҳаяжон боса бошлади. Ҳамма нарса хамирдан қил суғургандек битди. Энди бемалол манзилга етиб олишади. Ҳатто Юлдуз қандай кутиб олишини ҳам тасаввур қилиш мумкин. Аммо кўнглининг безовталиги баттар кучайиб бораяпти. “Балки анави ярамаснинг гаплари энди таъсир қилаётгандир”, деб ҳам ўйлади у. Йўқ, ҳартугул, буларнинг бари бекор бўлиб чиқди. Унинг машиналари ҳеч бир тўсиқсиз Юлдуз турган уйга етиб келди.
Қиз катта тезликда келаётган машиналарни кўриб аввалига ҳайрон бўлди. Уйга югуриб кирди-да, тўппончасини олиб чиқди. Кампирга оғилхонага бориб туришни тайинлади. Кейин: “Очиқда турсам, улар мени дарров мўлжалга олишади”, — деб ўйлади. Қайтадан уйга кириб деразанинг бир кўзини очди-да, уловларнинг тезроқ етиб келишини кутди.
Биринчи “Жип”дан Шоҳруҳ сакраб тушганини кўргач, бўшашди. Ҳатто кўзида ёш ҳам пайдо бўлди.
— Жинни, — деди пичирлаб ва шу ондаёқ юзига табассум югурди. Тез-тез юриб ташқарига чиқди.
Йигит билан қизнинг нигоҳи тўқнашди. Юлдузнинг юзидаги ним табассумга яна нимадир қўшилган эди. Эҳтимол, озгина хафалик, озгина араз, балки ноз ҳамдир. Аммо не бўлганда ҳам табассум жозибасини икки ҳисса ошириб юборганди.
— Вой-бў, — деди Юлдуз йигитнинг юзидан ўпиб қўяр экан, — қаердан топдингиз шунча мошинани?
— Шаҳарга тушсам, учаласи турган экан. “Мошина кимники?” — деб уч марта бақирдим. Ҳеч ким жавоб қилмади. Топган топалоқники деб, миниб келавердим, — дея жавоб қилди Шоҳруҳ.
Унинг гапидан кейин уловлардан тушиб тўдалашиб турган йигитлар орасида енгил кулги кўтарилди.
— Ҳали бу ҳолваси, — дея гапида давом этди Шоҳруҳ, — қолганларини эшитиб ҳушингиздан айриласиз.
Унинг имоси билан йигитлар ўлжаларни бирин-кетин уйга таший бошладилар. Юлдуз пулларни кўриб кўпам ажабланмади. Ҳаттоки наркотик ҳам унинг пинагини бузолмади. Бироқ у автоматларни кўрганида, ҳақиқатан ҳайратланди. Бироз ранги ҳам оқарди. Савол назари билан Шоҳруҳга қаради.
— Хоним, тамадди қилайлик, кейин ҳаммасини гапириб бераман, — деди унга жавобан Шоҳруҳ.
Шундай деди-ю, ошхонага аввал ўзи борди. Музлаткичдан бир парча гўштни олиб майдаламоқчи бўлганида бирдан хаёлига Исроилнинг қонга беланган башараси келди. Бир муддат пичоқни гўштнинг устида тутиб тургач, ташлаб юборди.
— Нима гап? — дея сўради унинг ортидан ошхонага кирган Юлдуз.
Шоҳруҳ жавоб қилмади. Столга ўтирди. Бошини кафтлари орасига олди.
— Тинчликми, сизга нима бўлаяпти? Нега бирдан рангингиз оқариб кетди? — деб Юлдуз унинг қўлларини олиб кўксига босди.
— Овқат тайёрлашингизга ёрдамлашмоқчийдим. Уддалолмасканман. Анави ярамаснинг башараси эсимга тушиб кетди.
Юлдуз секин йигитнинг сочларини силади, сўнг энгашиб юзидан ўпиб қўйди.
— Ҳаммаси яхши бўлади, яхши, — дея ўзига-ўзи далда берган бўлди Шоҳруҳ ва ўрнидан турди-да, музлаткичдан бир шиша ароқ олиб пиёлани тўлдирди. Ичди. Тағин тўлдирди. Аммо бу сафар ичишга улгурмади. Юлдуз олиб қўйди.
— Бу аҳволингизда бошқа ичманг, маст бўп қоласиз. Яхшиси, ўша ярамас ҳақида менга гапириб беринг-чи, — деди у.
Столга ўтирган Шоҳруҳ талай муддат кўзини юмиб турди. Сўнг машина сотиб олганларидан тортиб, шу ерга етиб келгунча бўлиб ўтган воқеаларни бирма-бир гапириб берди. Юлдуз орага сўз қўшмади. Бутун вужуди қулоққа айланиб йигитнинг гапларини тинглади. Гоҳ қизарди, гоҳида оқарди. Баъзан титраб кетди.
— Жинни, — деди Шоҳруҳ ичидагини тўкиб бўлганидан кейин, — улар тўрт киши эмас, ўнта-йигирмата бўлганида нима қилардингиз? Бир иш қилишдан аввал, салгина ўйласангиз бўлмайдими?
— Ўйлагандим, эшикни очган кишини башарасига тушириб, кейин жуфтакни ростламоқчийдим. Қизиқиш устида ичкарига кириб кетибман. Одатда, улар кўпчилик бўлиб йиғилишарди. Лекин шуни аниқ билардимки, ярмидан кўпи шунчаки маишат учун тўпланишарди. Ана шундан фойдаланиш ниятим бор эди.
— Ниятингиз амалга ошганидан хурсандман. Аммо энди бошқа бундай қилманг. Ҳамма сизнинг менга яқин бўлиб қолганингизни билади. Шундай бўлсаям, ортиқча хатти-ҳаракатингизни кечиролмайман. Тўғри, ҳозир йўлбошчисиз. Шунинг учун ўзимни катта тутиб айтаётганим йўқ. Азбаройи...
Юлдуз қолган гапни айтолмади. Дилидагини тилига чиқаришга кучи етмади унинг. Бунинг ўрнига йигитни маҳкам қучди. Шундан кейингина:
— Сиз менга кераксиз, — дея олди.
Эртасига шаҳарга тушган Шоҳруҳнинг йигитларидан бири даҳшатли хабар олиб келди. Унинг айтишича, бозордаги воқеалардан хабардор бўлиб туриш учун қолдирилган Наримон исмли йигитни кимлардир ўлдириб кетишибди. Атрофдагиларнинг ҳеч бири билмайди кимлар ўлдиришганини. Лекин юз-кўзларидан кимлар, қандай қилиб азоб берганини кўришгани аниқ сезилиб турибди. Бироқ лом-мим дейишолмайди. Қўрқишади. Ҳатто чиптачилару бозор директори ҳам елка қисганмиш. Наримоннинг чўнтагидан хат топилган. “Агар ўзинг икки кун ичида бизни топиб ёнимизга келмасанг, сен ҳам шу аҳволга тушасан, ярамас!” — деб ёзилган.
Шоҳруҳнинг бошига оғриқ кирди. Исроилни бир йўла ўлдирмаганига афсусланди. Ҳеч қурса ўзи билан олиб келмайдими? Қайтанга озроқ қийнаганида, қанча маълумотни айтиб берарди.
— Бизнинг ишда кўнгилчанлик кетмайди. Оқибати мана шундай бўлади, — деди Юлдуз хабарни эшитгач.
— Ҳали ҳаммаси учун жавоб беришади. Агар биз бу ерда савдо қилмасак, улар дунёда шундай шаҳар борлигини фақат тушларида кўришади.
Унинг нигоҳлари бир нуқтага тикилган, сўзлари ўта жиддий эди. Хабарчи йигит Шоҳруҳни шошиб қолса керак, деб ўйлаганди. Аммо у бундай қилмади. Бир-бир босиб ташқарига чиқиб кетди. Унинг ўрнига буйруқни Юлдуз берди.
— Бечорани уйига олиб боришнинг ҳамма йўлларини қилинглар. Фақат самолётда кетсин. Поезд бўлмайди, — деди у.
Шоҳруҳ кечгача ўзига келолмай юрди. Аслида бугун тўйиб ухламоқчи эди. Қани уйқуси келса, озгина тин олса тамом, бирдан хаёлига Наримон келади. Унинг ортидан эса башараси ғижимланган Исроил.
У кечки пайт ўлжа қилиб олиб келинган процессорни мониторга улади. Яхшиямки компьютерга пароль қўйилмаган экан. Унинг файлларини Шоҳруҳ бемалол оча олди. Ва кутилмаган маълумотларга кўзи туша бошлади. Уларда шаҳар мэрининг уйи, оиласи, кўпроқ нимани яхши кўриши, қачон дала ҳовлисига бориб дам олиши, нечта тансоқчиси борлиги, ўғлининг нима иш билан шуғулланиши ва ҳоказолардан тортиб, уларни қандай ва қаерда йўқ қилиш мумкинлигини ҳам ёзиб қўйишганди. Шунингдек, прокурор, милиция, суд раислари ҳақида ҳам тўла маълумот берилганди. Айниқса, прокурорнинг ўғлининг аёлларга ўчлиги, ҳаттоки, сўнгги бир ой ичида нечта жувон қучоғида бўлганлиги расмлари билан берилганди.
Шоҳруҳ маълумотларнинг ҳаммасини дафтарга ёзиб олди. Сўнг кейинги файлни очди.
“Банк “АЛФА”. 22 сентябрь. Соат 6. Ўн беш киши. Келишилган. Роман Фёдорович — раис. Оксана унинг қизи. Уйи шаҳарнинг шимоли-шарқий қисмида. Садовая — 78. Ўлдирилади”, деб ёзилганди унда.
Шоҳруҳнинг боши қотди. Ўйланди. Ўзича файлдаги маълумотнинг мағзини чақишга уриниб кўра бошлади. У шунчалик қаттиқ ўйга берилиб кетдики, хонага Юлдуз кириб келганини, унинг ўйчан юзига термилганини ҳам сезмади. Шоҳруҳ талай муддат мониторга тикилиб турганидан кейин: “Улар банкирнинг қизини ўлдиришни режалаштиришган”, деган қарорга келди. Аммо у бир нарсага тушунмади. Қизни ўлдириб нима натижага эришишади? Ахир қиз гумдон қилинса, банкир қутуриб кетмайдими? У ҳам ўзининг одамлари билан жиноятчиларни қидиришга тушиб кетиши эҳтимолдан холи эмас. Бунинг устига, муттаҳамлар сариқ чақаям олишолмайди.
— Жуда бошингиз қотибди, — деди Юлдуз ўйдан қутулолмаётган Шоҳруҳга.
Йигит унга ялт этиб қаради. Кейин бошини қашлади-да, мониторни кўрсатди.
Қиз ундаги ёзувларни диққат билан ўқиб чиқиб, бироз хаёл суриб тургач:
— Бу ишкалга аралашаман, деб ўйлаб ҳам ўтирманг. Бу катта ўйин. Аслида катта ўйинга аралашиб бўлгансиз. Аммо жудаям чуқур кетсангиз, асл ниятингиздан узоқлашасиз. Ҳозирча бирон нимага эришаётганга ўхшасангиз ҳам, аслида йўқотаяпсиз. Ҳадемай улар сизнинг кимлигингизни аниқлаб бўлишади. Ундан кейин шаҳардаям туролмайсиз. Балки, умуман, бу ерлардан жуфтакни...
— Юлдуз, — дея бирдан унинг гапини бўлди Шоҳруҳ, — мен аллақачон, сизни учратганимдаёқ шу йўлга кириб бўлганман. Ўшандаёқ орқага қайтадиган йўлим бекилган. Агар бу ерда сиздан биров қўрқмаса, икки дунёдаям бозорга кириб боролмайсиз. Кимгадир қарам бўлишга мажбурсиз... Мен бир нарсани тушунолмаяпман. Нега аввалги шиддатингиз кўринмайди? Нега? Ёки қўлингизни ювиб қўлтиққа урдингизми?
— Билмадим, Шоҳруҳ ака. Билмадим.
Юлдузнинг юзи қизарди. Вужудида аллақандай титроқ пайдо бўлди. Буни дарров илғаган йигит ўрнидан турди-да, уни қучоқлади. Юзидан ўпиб қўйди.
— Мен бир нарсани ўйладим. Агар ҳақиқатан ҳам улар банкирнинг қизини ёки ўзини ўлдиришни режалаштирган бўлишса, биз уларга халақит беришимиз керак. Шунда банкир билан яқинлашиш имконияти пайдо бўлади. Кейин компьютерда бошқа маълумотлар ҳам бор. Мэр, прокурор, бошқа амалдорлар ҳақида тўлиқ ёзилган. Демак, улар билан яқиндан таниш экан. Агар вақти келиб ўша танишларидан биронтаси уларнинг ишига халақит берса, йўқ қилишади. Қандай йўқ қилиш йўллариям аниқ-тиниқ ёзилган. Шунинг учун ҳозирдан ҳаракат қилиб қолишимиз керак.
— Мен бунақа бўлиб кетишини хаёлимга келтирмагандим. Агар иш шунақа чуқурлашса, янаям юқорилар аралашиб қоладими, деб қўрқаяпман.
— У ёғини пешонамиздан кўрамиз, — деб Шоҳруҳ қизни қучоғидан бўшатди. Йигитнинг бағридан чиққач, Юлдуз ўзини ёлғиз ҳис этди. Эртами-индин Шоҳруҳ бирон ёққа кетади-ю, қайтиб келолмай қолади. Чунки унинг бошқа иложи йўқ. Юлдуз ундан бутунлай айрилади. Шоҳруҳ ҳаёт билан видолашади-ю, у аввалгидай бир ўзи қолади. Йўқ, ҳов узоқда, ўзининг юртида онаси билан акаси борки, баёнимиз давомида улар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтамиз.
— Қўрқаман, — деди кўзи жиққа ёшга тўлган Юлдуз, — сизни йўқотиб қўйишдан.
У йигитини маҳкам қучоқлади. Ўзи истаб, хоҳлаб, талпиниб Шоҳруҳнинг лабига лабини босди. Эҳтиросли ўпич бир муддат давом этди. Улар ўзларини бундан бу ёғига тўхтата олмаслигини англаб туришарди. Зеро, ора-чора лаблар туташиши узилиб-узилиб, сўнг яна давом этаверди. Кундузи исталган пайтда хонага одам киришидан чўчиган қиз, ниҳоят, жилмайганча, ўзгача меҳр билан севгилисининг бўйнидан маҳкам қучоқларкан:
— Биров кўриб қолади, — деди.
Шу билан лаззат онлари ниҳояланди.
Шоҳруҳ эртага тушга яқин шаҳарга боражагини Юлдузга айтди.
Қиз унинг кечаги масала юзасидан йўлга отланаётганини сезиб турарди. Лекин уни қайтаролмайди. Шу пайтгача у Шоҳруҳни неча марта синаб кўрди ва англадики, у бирон ишни қилишга қасд қилса, то охирига етмагунча қўймайди. Куни кеча ҳам гарчи Юлдуз ташқаридагилардан хавотир олиб, ишнинг гўзал онларини тўхтатиш зарурлигини айтган эса-да, Шоҳруҳ уни қўйиб юбормади. Охири биров кирди. У кампир эди. Юлдузга онадай бўлиб қолган кампир бир-бирини ачомлаб турган йигит-қизни кўриши билан ортига бурилиб кетса-да, лекин барибир, қиз билан йигит ажралишга мажбур бўлишди.
Шоҳруҳ ўзи билан бирга фақат Бекни шерик қилиб олди. “Аввал вазиятни билиб келайлик, ундан кейин шароитга қараб иш тутамиз”, деди у.
Тез-тез қатнаганидан кейин шаҳар ҳам яқиндай туйилиб қоларкан. Биринчи марта шаҳардан қишлоққа етиб келгунларича Шоҳруҳнинг тинка-мадори қуриб кетганди. “Шунча узоқдан қатнаймизми?” — деб ўйлаган эди. Мана, энди билинмаяпти. Гўё у Бек билан озгина гаплашди-ю, бир зумда шаҳарга келиб қўйди.
— Аввал ўша Алфа банкига борамиз, кириб раисга учрашасан. Ҳисоб рақам очмоқчилигингни айтасан. Четдан келганинг учун унинг ёнига киришингга рухсат беришади. Агар ўша одам Роман Фёдорович бўлса, демак, компьютердаги маълумотлар нотўғри эмас, дарров Садовая кўчасига борамиз. Биринчи навбатда унинг қизининг ўқиш ёки ишлашини аниқлашимиз керак. Кейин шароитга қараб иш тутамиз, — деди Бекка.
Банкни топиш қийин бўлмади. Бек кириб ҳам чиқди. Бошлиқ ҳозир йўқ экан-у, лекин унинг эшигига “Роман Фёдорович” деб ёзиб қўйилганини Шоҳруҳга айтди.
Шундан сўнг Садовая кўчаси қидирилди. Бунақа кўчадан шаҳарда тўртта бор экан. Ҳатто бир хиёбон ҳам шундай номланган экан. Шаҳар харитасини кўздан кечираётиб Шоҳруҳ бошини қашлади.
— Старая Садоваяга борамизми ёки верхнийсигами? Балки новыйсидан топармиз қидирганимизни? — деди ёнидаги ўриндиқда унга тикилиб ўтирган Бекка.
— Бир бошидан бошлаймиз. Агар биттаси шаҳарнинг нариги бошида, иккинчиси бериги бошида бўлмаса, кечгача топиб оламиз.
Улар қидираётган кўча деярли шаҳар ташқарисида бўлиб чиқди. Атрофини дов-дарахтлар қоплаган баҳаво жойдаги чиройли иморатларнинг бири айнан Роман Фёдоровичники экан. Қизғиш дарвозага туташ деворга “78” рақами ёзилган эди.
— Нима қиламиз? — сўради Бек.
— Бироз қараб турайлик. Бирорта одам чиқиб қолар. Мабодо мен ўзим кириб чиқсам-чи... Худди шундай қилган маъқул. Сен ўтириб...
— Шошма, ўлгинг келаяптими? Телехлари пешонангдан дарча очиб қўйишмасин тағин. Соат ўн бирдан ошиб қолди. Авваласи, ухлагандир ҳам.
— Йўқ, унақа одамлар ухламайди. Кечаси билан ҳисоб-китоб қилади. Миясида бошқа нарса йўқ.
Шундай дея Шоҳруҳ машинадан тушди. Улар уловни дарвозадан анча ўтказиб тўхтатишганди. Ортга икки юз метрча юриш лозим эди. Шоҳруҳ масофанинг ярмини босиб ўтди. Катта тезликда келган “Опел” дарвоза тарафга бурилиб тўхтаганини кўриб, у бир муддат туриб қолди. Кейин ўйлаб қараса, айни муддао. Ахир банкирнинг уйига ўғринча эмас, тўғри кириб бормоқчи. Бундай пайтда ҳовлида кимларнингдир бўлгани яхши. Дарров чиқади. У қадамини тезлатди. Худди аввал ҳам бир неча марта келган одамдай бемалол, баландлиги тўрт метр, энига етти-саккиз қулочлар чамаси келадиган дарвозанинг қўнғироқ тугмасини босди. Ҳеч ким жавоб бермади. Негадир бир неча дақиқа аввал ҳовлига машина кирган эса-да, ичкаридан мутлақо шовқин эшитилмасди. Бироз кутган Шоҳруҳ қўлини яна қўнғироққа олиб боришга мажбур бўлди. У шундоққина тепасида аллақачон видеокамера ёнганини билмасди. Аввал бир неча марта шунақа бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаган эса-да, ҳозир ана шу оддийгина нарса хаёлига келмади. Ичкаридан бирон кимса чиқишини интиқ бўлиб кутиб тураверди. Ниҳоят:
— Ким? — деган товуш келди. Товуш қайси томондан эшитилганини Шоҳруҳ англаёлмай қолди. Шундай эса-да:
— Мен — сизларнинг дўстларинг, — деб жавоб қилди.
— Ким керак?
Шоҳруҳ чўчиб тушди. Дарвозага жуда яқин борганлиги учун овоз деярли унинг қулоғи остидан чиққанди. Шундагина кўзи одам бўйи қилиб ўрнатилган қулфнинг ёнгинасидаги мосламага тушди.
— Роман Фёдорович! — деди чўчиб тушганидан жаҳлланиб.
— Нима масалада келдинг?
— Сенга нима? Ўзининг қулоғига айтадиган гапим бор.
— Ёзма шаклда билдир гапингни. Эртага пешиндан кейин.
— Томинг жойидами? Эртага кеч бўлади. Ҳозир гаплашишим шарт!
Бир неча сониядан кейин дарвоза ўз-ўзидан қия очилди. Ҳар елкасига биттадан одам бемалол ўтирадиган кал бош, икки метрли бир нусха пайдо бўлди. Шоҳруҳ унинг олдида худди боладай бўлиб қолди.
— Нима деб сайраяпсан? — деди у дўриллаган товушда.
Шоҳруҳ қулт этиб ютинди. Мўлтирабгина барзангининг юзига боқаркан:
— Роман Фёдоровичга жудаям зарур гапим бор...
Шоҳруҳ гапини ё тугатди, ё тугатишга улгурмади. Буни ҳатто унинг ўзи ҳам сезмай қолди. Бир маҳал чамаси калладай келадиган мушт гурс этиб унинг кўкрак қафасига тушди. Бечора йигит орқасига йиқилди. Нафаси қайтиб, бир неча сония типирчилаб қолди. Қизариб-бўзариб кетганидан кейингина, нафас йўли очилиб, “ҳиҳ-ҳиҳ” деб юборди. Ана шу сонияларнинг ўзигина ҳаётнинг, кислороднинг қанчалик азизлигини кўрсатиб қўйди. Зумда кўз ўнгидан билиб-билмай ўлдирган одамлари ўтди. Ҳатто афсус қилишга ҳам улгурди.
Ичига ҳаво кириши билан йўтал тутди. Сўнг томоғини ушлаган кўйи ўрнидан тураётганида кўксида қаттиқ оғриқ туриб беихтиёр инграб юборди.
Барзанги у оёққа туриб олгунича кутди. Шоҳруҳнинг бутунлай нафас ростлаб олганига амин бўлгач, сочини ғижимлаб ушлаб юзини ўзига қаратди-да:
— Ҳозироқ бу ердан қорангни ўчир, бўлмаса...
Унинг гапи худди шу ерда тугади. Бу сафар бор кучини билагига жамлаган Шоҳруҳ иягининг остига шунақанги қаттиқ мушт туширдики, ўзининг ҳам қўли зирқираб кетди. Барзанги бўлса орқаси билан гурсиллаб дарвозага урилди. Бироқ йиқилмади. Қисқа муддатга кўз олди қоронғилашиб, нима бўлаётганини англолмай қолди.
— Мазамикан, яна битта татиб кўрмайсанми? — деб Шоҳруҳ кейинги зарбани бермоқчи бўлганида, осмондан тушдими, ердан чиқдими, барзангининг ёнида келбати уникидан қолишмайдиган яна иккитаси пайдо бўлди. Ҳар икковининг ҳам қўлида қурол. Уларни кўриб Шоҳруҳ музлаб кетди. “Жасадим шу дарвозанинг тагида қоларкан-да”, дея ўйлашгаям улгурди. Ҳавога кўтарилган қўлини беихтиёр тушираркан, машина ичида бўлаётган воқеадан кўз узмай ўтирган Бекдан умид қилди. Биларди у айни дақиқада ҳеч қанақа ёрдам беролмаслигини, лекин ич-ичидан умидланди. Мабодо у келмаса-ю, Шоҳруҳ фалокатдан эсон-омон қутулиб қолса, яхшилаб таъзирини беражагини кўнглига тугиб қўйди.
У қўлини ҳаводан туширгани сабаб бўлдими ёки ўзлари исташмадими, ҳартугул, кейинги чиққан барзангилар қўлларидаги қуролларидан фойдаланишмади. Фақат муштларини ишлатишди. Улар шунчалик инсоф қилишдики, бири ураётганида иккинчиси кутиб турди. Шоҳруҳ фақат ҳимояланди. Унинг дастлабки зарбаларданоқ қаршилик кўрсатишга имкони бўлди-ю, лекин фойдаланмади. Мабодо бирортасини уриб юборса, уларнинг қўлларидаги тўппончалар ҳаракатга келади деб ўйлади.
Бу пайт ичкарида ўзининг ишхонасидаги мониторга Роман Фёдоровичнинг кўзи тушганди. У аввалига нима бўлаётганини тушунмади. Ишини йиғиштириб ўрнидан турди ҳамда мониторга синчиклаб назар солди-ю, бирдан сўкиниб юборди.
— Итдан тарқаганлар, эшигимнинг тагида нима бало қилишаяпти? Мен сенларга кўрсатиб қўяман!
У жаҳл билан стол тортмасидан тўппончасини олди ва шоша-пиша ташқарига юрди. Худди шу пайт қаршисидан қизи Оксана чиқиб қолди.
— Отажон, — деди у падари бузрукворининг бўйнига осилиб, — менга тезда Швейцарияга чипта топиб беринг.
Қизининг оғзидан келаётган ароқ ҳидидан Роман Фёдоровичнинг бурни жийирилди.
— Оксан, кейин гаплашамиз. Ҳозир муҳим ишим бор, хўпми? — дея унинг қўлини бўйнидан олиб, эшик тарафга юра бошлаганида қизнинг бармоқлари тўппончага тегиб кетди.
— Ота, — деб юборди у, — тинчликми? Тўппонча билан қаерга бораяпсиз?!
— Ҳаммаси жойида. Сен хонангга кириб бемалол дамингни олавер, — дея ота қадамини тезлатди. Унинг ортидан эркатой қиз ҳам эргашди.
* * *
Бунча пул ҳеч қачон Муроднинг қўлига тушмаган. Тўғри, юз купюралик долларни ушлаганди. Унга ҳам анча бўлиб кетди. Ўшанда гарчи пул мутлақо бошқа одамники бўлса-да, кун бўйи чўнтагида юрганлиги боис шунақанги кайфияти кўтарилиб кетгандики, минг қўйли бойдай ғўдайиб юрганди. Ҳозиргиси ундан анча кўп, бунинг устига, Ўктамнинг айтиши бўйича, ўзиники. Қувончдан осмонга сакрасинми? Талтайиб уйига таксида борсинми? Ишлаб топган пулини кўриб ойиси қанча қувонади ҳали. “Бизнинг бошимизгаям офтоб чиқадиган кун бор экан-ку”, деб кўзини намлаганида Мурод қанчалик шодланади!
— Ювамиз, — деди Мурод кўзлари порлаб, — мен ўзим энди ҳақ бераман!
Ўктам мийиғида кулди. Кейин бошини сарак-сарак қилди.
— Оғайни, бунақанги гапингни қўй. Агар биринчи ишингданоқ чўнтагингдагини мана шунақанги маишатга совурадиган бўлсанг, кўпга бормайсан. Гапларимни икки қулоғинг билан ҳам яхшилаб эшит. Бизнес билан шуғулланадиган бўлсанг, бекордан-бекорга бировга бир сўм берма. Кейин бир сўм кетадиган жойга, мумкин қадар, эллик тийин сарфла. Иложи бўлса, умуман сарфламасдан ишингни битказ. Энг асосийси, маишатни йиғиштир, ҳозир ичишингга қаршилик қилмадим. Лекин бошқа оғзингга олма. Френштен. Энди омин. Ишингни барорини берсин, бизнес планларинг бўлса, олдимга бор, гаплашамиз.
Ўктам Муродни кутиб ўтирмай, юзига фотиҳа тортди. Сўнг ўрнидан турди.
Мурод хурсанд эди. Бирон нима қилгиси, шодлигини ким биландир баҳам кўргиси келарди. Аввалига таксига ўтириб касалхонага бориб, қилган ишларини Шаҳлога айтгиси келди. Билади, қиз яйраб кетади. “Ҳали иккаламиз роса бойиб кетамиз, дадам, аям қилган ишларидан пушаймон бўлишади. Сизни куёв қилганларидан бошлари осмонга етади”, дейди.
У зувиллаганча бир-бирини қувиб ўтаётган машиналарга қўл кўтара бошлади. Худди ана шу пайтда Ўктамнинг гапларини эслади. Хаёлан ҳисоб-китоб қилиб кўрди. Таксида касалхонага борса, икки мингча сарфлайди. Агар автобусга чиқса, беш юз-олти юз билан етиб олади. Шуларни ўйлаб бекатга борди. Биринчи марта бунча кўп пул олиб юргани боис, бекатда турганлардан хавфсираб тез-тез чўнтагини ушлаб-ушлаб қўяверди. Бошқалардан узоқроқда турди. Айниқса, кўзига ёмон кўриниб кетаётган болалардан. Айтиб бўладими, қанақа улар? Муроднинг назарида ҳамма унинг чўнтагига эътибор қилаётганди... Ҳозир автобусга чиқади. Одам тиқилинч. Биронта ўғрининг ёнида туриб қолса борми, Худо уради. “Икки минг долларни йўқотиб қўйгандан кўра, таксида кетганим яхшироқ. Озроқ кўп пул сарфлайман-у, лекин қолгани ёнимда қолади. Шошма, нимадан қўрқаман? Шаҳарда катта бўлган бўлсам, бунинг устига, унча-мунчаси билан уришишга бемалол кучим етади, нимадан қўрқаман?”
У келиб тўхтаган автобусга ҳаммадан охирида чиқди. Эшикнинг ёнида турди. Бошқа йўловчиларга киши билмас назар солди. Ҳамма ўзи билан ўзи оворадай кўринарди-ю, лекин сал нарида соқоли ўсган, кўйлаги ғижим, ўттизлар атрофидаги одамнинг кўзи бежодай туйилди. Тез-тез ёнида турган қизнинг сумкасига назар ташлаб қўйяпти. Ҳа, унинг бир балоси бор. Мурод шу ўйда унга еб қўйгудек тикилди. Бир неча сонияга чўнтагидаги пулини ҳам унутди. У ўғри деб хаёл қилган йигит қизнинг орқа томонидан атай тиралиб олди. Бўлмаса, жа ёпишиб оладиган даражада автобус тиқилинч эмасди. Йигит қандайдир ортиқча бемаза ҳаракат қилдики, қиз безовталанди. Елкасига илиб олган сумкасини унутди. Юзи қизарди. Олдинроққа бироз силжиб қўйди. Бор-йўғи бўлган воқеа шу. Қизнинг рўйхушлик бермаганини унинг орқасида турган йигит англади шекилли, салоннинг ўртароғига силжий бошлади. Бироздан кейин орқа эшик ёнида пайдо бўлди. Навбатдаги бекатда тушиб қолди. Ҳаммасини кузатиб турган Мурод енгил нафас олди. Аммо чипта олиш учун сумкасини титкилаган қизнинг бирдан ранги оқариб кетди. Қидирганини тополмади шекилли, атрофига олазарак боқди ва шу ондаёқ кўзидан дув-дув ёш оқа бошлади. Шундан кейингина Мурод ҳаммасини англаб етди. Бояги одам бу ёшгина қизга тегажоқлик қилиш баҳонасида унинг сумкасига тушганди. Қизнинг кўзидаги ёшни кўрган йўловчилар бирдан уни сўроққа тутиб кетишди. Бечоранинг кўнгли бўш, бунинг устига, содда, тағин бировга қаттиқ гапиролмас экан. Сўраган кишига жовдираб боқади. Ҳеч нимани айтолмайди. Бирпасда йўловчилар уни касал бўлганга чиқариб қўйишди. Ҳатто ҳайдовчига автобусни тўхтатишни, бир қизнинг мазаси бўлмай қолганини айтганлар ҳам бўлди. Шундоғам бекатларда тўхтайвериб, асабийлашиб қолган ҳайдовчи: “Мазаси бўлмай қолишини билса, нима қилади автобусга чиқиб? Такси-паксида кетавермайдими?” — дея бақириб берди. Ана шундан кейингина қиз худди айбдордай: “Пулим билан телефонимни кимдир олиб қўйибди”, дея олди. Шунда ҳам йиғи аралаш паст товушда гапирди. Салоннинг ичи баттар шовқинга тўлди. Ҳамма ўзининг мулоҳазасини айтишга шошди. Кимки олдинги бекатда тушиб қолган бўлса, деярли ҳаммаси ўғрига айланиб улгурди. Қиз гоҳ-гоҳида Муродга нигоҳ ташлар, гўёки ундан нажот кутаётгандай эди. Йигитнинг ичини нимадир кемира бошлади. Қани ҳозир автобусдан тушса-ю, ортига қайтиб бориб ўша ярамасни ушласа, қилган иши учун обдан таъзирини бериб, кейин қизнинг нарсаларини қайтариб олиб берса. Бора-бора қиз унга янаям кўпроқ қарай бошлади. Мурод ортиқ чидолмади. Ахир қандай қилиб шундай сулув қизнинг ёшли кўзига боқсин? Унинг ўрнида Шаҳло ҳам бўлиши мумкин эди-ку. Лекин нима бўлганда ҳам унга ёрдам беролмайди. У бундай аҳволда бошқа кетолмаслигига кўзи етгач, навбатдаги бекатда тушиб қолди. Бошқасида кетаман, деб хаёл қилди.
Бекатда дили хуфтон бўлиб турганида, ён томонидан:
— Ака, ёрдам бериб юборинг, — деган овоз келди.
Ўгирилиб қараса, ўша автобусдаги қиз.
— Мутлақо пулим қолмади. Шу ердан бошқа автобусга чиқиб кетишим керак, — деди қиз киприклари пирпираб.
— Кўпмиди пулингиз? — сўради Мурод унга ич-ичидан раҳми келиб.
— Талабаман. Квартирада тураман. Бугун уйга бориб квартира пулини олиб келаётгандим...
Қиз бошқа гапиролмади. Йиғиси уни сўзлашга қўймади.
Аксига олиб, Муроднинг ёнида бор-йўғи беш юз сўм қолган. Қаерга, қанча сарфлаганини ҳисоблаб юрадиган Мурод буни яхши билади. Агар шу пулини берадиган бўлса, у бутунлай сўмсиз қолади. Валютасини эса бу ерда алмаштиришнинг иложи йўқ. Қолаверса, беш юз билан қизнинг муаммоси ҳал бўлмайди. Йигитнинг боши қотди. Бир муддат нима қиларини билмай, ўйланиб турди. Қаршисидаги қизнинг қарашларида шунақанги мунг бор эдики, ҳар қандай эр кишининг юрагини ўйнатиб юборади. Мурод чўнтагига қўлини тиқди. Қоғознинг бир четини секин йиртди ва долларлар орасидан биттасини суғурди-да, кафти орасида ғижимлаганча қизнинг қўлига тутқазди.
— Биров кўрмасин, кейин манави беш юз сўмниям олинг, валюта алмаштирадиган жойгача етволасиз. Кўпроқ берардим-у, афсус, ўзимда қолмади, — деди у бирдан кўзлари порлаб кетган қизга.
— Раҳмат, акажон, яхши кунларингизда қайтарайин. Мен қайтармасам, Худо ўн чандон кўпроқ қилиб қайтарсин, — дея миннатдорчилик билдиришга тушиб кетди қиз.
Мурод ўзини қўярга жой тополмай қолди. Ахир бекатда қанча одам бўлса, ҳаммасининг кўзи уларда. Қани энди секинроқ гапирса, баттар овози баландлашиб кетаяпти.
— Бўпти, бўпти, синглим, ана автобус келиб қолди. Сиз бемалол бораверинг, фақат эҳтиёт бўлинг, — деб Мурод нари кетди. Шу билан бирга қизга қарамасликка ҳаракат қилди. У жуда ғалати аҳволга тушган эди. Чунки қизни камгап деб ўйлаганди. Ундан бунақанги сўзлар чиқиши мутлақо хаёлига келмаганди. Агар ўзи ўйлаганидай бўлганида эди, квартирасигача олиб бориб қўярди.
Автобус одамларни тушириб, ўрнини яна тўлдирганидан кейин жўнаб кетди. Шунгача Мурод, бир марта бўлсин, у томонга қараб қўймади. “Мана, таксида кетмаганимнинг оқибати: Ўктамнинг ҳамма гапига ҳам киравермай дейман-у... Уфф!” — дея хаёл сураётган маҳал унинг елкасига қўл тегди. Ўгирилиб қараса, элликлар атрофидаги, сочлари оппоқ, оддийгина кийинган бир киши турибди.
— Бекор қилдингиз, дўстим, — деди у қандайдир бошқача нигоҳ билан.
— Нимани? — сўради Мурод.
— Бояги қизга пул бериб. Қанча берганингизни билмадим-у, лекин у сизни алдаб кетди. Тескари ўгирилишингиз билан автобуснинг орқасидан келиб тўхтаган яшил “Жигули”га югуриб чиқиб кетди. Машинадаги йигит билан ўпишиб кўришди. Кейин сизга қўлини силтаб кетди.
Мурод бутунлай бақа бўлиб қолди. Қулоқлари битиб қолгандай эди. Шунақанги мулзам бўлдики, ер ёрилмади — кириб кетмади. Хабарчи одамнинг кўзига қарашга юзи чидамади. Ҳатто унга бир оғиз ҳам сўз айтолмади. Ўгирилди-ю, илдам юриб кетди. Боши ғувиллади. Нимани хаёл қилишниям билмайди. Ахир уни куппа-кундуз куни, яна ўзини рози қилиб тунаб кетишганди. Тағин қиз бола шу ишни қилди. Унинг йиғлаганини, чорасиз қолганини кўрган Муроднинг ўзи ҳам йиғлаб юборай деганди-ку... Одам шунчалик маккор бўладими? Қиз бола-я?!
У хаёлида ўша нотаниш қизнинг сиймосини тиклашга уриниб кўрди. Яхшилаб ўйлаб қараса, уни ўзи автобусга чиққан бекатда кўргандай эди. Ҳа, кўрувди. Автобусга аввал уни чиқариб юборганди. Қиз қандай қилиб унда пул борлигини сезган, Мурод ақлига сиғдиролмасди. Ҳаяжон босиб, чўнтагининг устидан тез-тез уриб қўйгани эса сира хаёлига келмасди.
Мурод тушкун кайфиятда қанча юрганини сезмади ҳам. Юраверди, юраверди. Бир пайт қараса, валюта алмаштириш шахобчасининг ёнига бориб қолибди. Алам устида чўнтагидан яна битта купюра чиқазиб сўмга алмаштирди. Сўнг таксига ўтириб касалхонага борди. Тўғри Шаҳлонинг палатасига кирди. Қиз девор томонга ўгирилганча хаёл уммонига шўнғиб ётарди. Афтидан, у ўзининг ўйига шунчалик берилиб кетгандики, ҳатто Муроднинг оёқ товушини ҳам эшитмади. Йигит унинг юзидан ўпиб қўйганида чўчиб тушганидан бақириб юбораёзди. Севгилисини кўрганида эса кўзлари порлаб, бирдан ёшланди.
— Соғайиб қолдингизми, яхши қиз? — сўради Мурод уни эркалаб.
— Нега шу пайтгача келмадингиз? Кутавериб, кўзларим тўрт бўлди. Ҳар хил ёмон хаёлларга боравериб жинни бўлаёздим. Қўрқиб кетдим! — деди қиз йиғлаб, сўнг йигитнинг қўлидан ушлаб ўзига тортди. Маҳкам қучоқларкан:
— Мени ҳеч қачон ташлаб кетмайсиз-а?! Ташлаб кетмайсиз-а?! — дея ялинчоқ овозда сўради.
Муроднинг хаёлига бирдан автобусдаги қиз келди. У ҳам йиғлаганида одамни эзиб юборарди. Шаҳлонинг йиғиси ҳам уникига ўхшаб кетди. У сўзлаш учун оғиз жуфтлаган маҳал эшик қарсиллаб очилди. Йигит билан қиз бирдан чўчиб тушди. Иккаласи ҳам бир-бирини қўйиб юбориб, бирдан эшик тарафга юзланишди. Не кўз билан кўришсинки, остонада қўлини белига тираб Хонзода турарди.
— Ана! Буни кўриб қўйинглар! — деб бақирди у ва икки-уч қадам ичкарига қадам босди. — Ушланглар ўғрини!
У шундай дейиши билан орқа томонида иккита милиционер пайдо бўлди.
* * *
Шоҳруҳнинг башарасига қараб бўлмасди. Иккала барзанги уни шунақанги аямасдан уришардики, йигит келганига пушаймон ея бошлади.
— Нима қилаяпсанлар, ит эмганлар?! — дея бақириб юборди Роман Фёдорович. Йигитлари бирдан уришдан тўхтаб, хўжайинларига қарашди. Роман Фёдорович бақириш билангина чекланмай, ҳар икки барзангининг қорнига тепди.
— Эшигимнинг олдида шунақанги иш қиласанларми, ҳаромилар?! Бирон жойга обориб гумдон қилмайсанларми?! Кимга томоша кўрсатмоқчи бўлаяпсанлар?! Кўзимдан йўқот буни! — деб қичқирган Роман Фёдорович Шоҳруҳни қўли билан кўрсатди.
Айб иш қилиб қўйганларидан дағ-дағ қалтираётган йигитларга жон кирди. Иккови Шоҳруҳнинг икки қўлтиғидан олди. Худди шу пайт бутунлай ҳолдан тойган йигит:
— Мен сизга ёрдам бергани келдим, — дейишга улгурди.
Оксананинг изма-из чиқиб келганини кўриб жаҳли чиққан Роман Фёдорович қизининг елкасидан қучиб, ичкарига бошлаётган жойда тўхтади-да, ортига ўгирилиб:
— Нима? Ёрдам?! Қанақа ёрдам? Шошманглар-чи, — дея йигитларини тўхтатди ва Шоҳруҳнинг ёнига келиб, унинг юзига яхшилаб қаради. Таниёлмагач, сўради: — Кимсан?
— Сизга ёрдам бергани келганман, — деди Шоҳруҳ.
Унинг оғзи тўла қон бўлгани учун яхши гапиролмади. Роман Фёдорович бироз унга тикилиб тургач, йигитларига тезда ичкарига олиб кириб юз-кўзларини яхшилаб ювиб, янги кийим кийдиришларини буюрди-да, қизини етаклаб ҳовлига кириб кетди.
(Давоми бор)
Мафия сардори (Саккизинчи қисм)
Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)
Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн бешинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн олтинчи қисм)