Найти тему
euroasia.me

Мафия сардори (Ўнинчи қисм)

Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўнинчи қисм)

— Мен умуман ресторанга бормайман, балки бошқа бир қиз билан адаштираётгандирсиз, — дея жавоб қилди Юлдуз.

— Казинога келган одам ресторанга бормайдими? Сиздай офатижоннинг ресторанга бормаганлиги, тўғрисини айтсам, ақлга сиғмайди. Шунинг учун гапни айлантирмасдан тўғрисини айтаверинг, сиз ҳам мени танияпсиз, тўғрими?

— Адашдингиз, — деди Шоҳруҳ.

— Йигитча, — дея унинг елкасига қўлини қўйди барзанги, — яхшиси, сен катталарнинг ишига аралашмасдан уйингга кетавер. Болаларнинг ухлаш вақти бўлгани эсингдан чиқдими? Опанг — бўйи етган қиз. Бу ерда биз билан қимор ўйнаб, озгина дам олади, кўчани айланади. Сўнг уйига боради. Сен бўлса, ойингга айтиб қўярсан унинг ушланиб қолганини. Тушунгандирсан?!

— Исмингиз нима, яхши йигит? — сўради Юлдуз юмшоқлик билан. Унинг овози шунчалик майин чиқдики, барзанги эриб кетди. Ҳатто ўшшайди.

— Тамал, — деди ғўдайиб. Унинг назарида, қиз ҳам хайрихоҳдай эди.

— Исмингизни аввал сира учратмаган эканман. Кам ишлатиларкан... Кўнглингизни бироз оғритишимга тўғри келади. Сиз “болакай” деб айтаётган йигит — менинг севгилим. Биз бу ерга шунчаки адашиб кириб қолдик. Тўғри тушунарсиз, деган умиддаман.

Юлдуз олдингидай дадил сўзлади ва яна барзангини довдиратди. Туришидан ҳўкиз ҳуркадиган одам муштдеккина қиз қаршисида довдиради. Юлдузнинг ич-ичидан кулгиси қистади. Озгина бўлса-да ачинди.

Тамал билдики, ортиқ у билан гаплашиб туролмайди. Мабодо алоҳида бирон жойда бўлганларида, куч орқали қизнинг руҳини синдирган бўларди. Ҳар қалай, у шу хаёлда эди. Аммо одам гавжум, ғала-ғовур жойда бунинг эпини қилолмаслигига кўзи етди.

Бирон оғиз гап айтмай, шерикларининг ёнига кетди.

— Бизниям вақтимиз бўлди, — деди Шоҳруҳ, — бу мараз яна келади. Яна эшилади. Лекин кейингиларига чидаб туролмайман. Агар осмонни ушлаб турган бўлсаям.

— Рашкми бу? — сўради жилмайиб Юлдуз.

— Қандай хоҳласангиз, шундай тушунинг.

— Биз шунчаки роль...

— Балки, — деб Шоҳруҳ Юлдузнинг ортиқ гаплашишига йўл қўймай, қўлидан ушлаб ташқарига етаклади.

Тамал тўхтади. Ўгирилди. Йигит билан қизнинг қучоқлашиб кетаётганини кўрди. Бир неча сония пешонаси тиришиб, кўз олдига Юлдузни келтирди ва бирдан қўллари мушт бўлиб тугилди. У қизни эслади. Юлдузнинг ним кулгичи хотирасида қолган экан. Ана шу миясини титкилашга, Арзу билан бўлган муштлашувни ёдга олишга мажбур этди.

— Биз излаб юрган қиз ўз оёғи билан келибди-ку, — деди у шерикларига. Костюмининг ички чўнтагидан тўппончасини олди-да, эшикдан эндигина чиққан Шоҳруҳ билан Юлдузнинг ортидан югурди.

* * *

Қизлар кечгача кўчада санқиб юришди. Қоринлари очқади. Кичиклари хархаша қилди. Катта қиз уларни юпатди. Юраверганларидан оёқларида дармон қолмади. Бир хаёл уйларига қайтмоқчи бўлишди. Аммо дадаларининг хунук башарасини эслаб, фикрларидан қайтишди. Юришда давом этишди. Аммо қуёш нурларини сочишдан тўхтаб, замин узра қоронғилик этагини ёза бошлаган маҳал уларни ваҳима босди.

— Катта тоғамларникига борайлик, уйлари кўп, — деди кичкинтой Муқаддас.

— Уларникига борсак, дадам ойимни урганларини билиб қоладилар. Кейин келиб, дадамни роса калтаклайдилар Шоҳруҳ тоғамга ўхшаб, — деди катта қиз Сожида.

— Дадам ёмон одам-ку, урсалар ҳам майли. Кейин ойимни бошқа хафа қилмайдиган бўладилар, — деди ўртанча қиз Марҳабо.

— Опа, қўрқаяпман, қорним ҳам очди. Бўрон тоғамларникига борайлик, — кенжа қиз инжиқланди.

Аммо унинг гапига учала опа ҳам эътибор қилмади.

— Фароғат кеннойим бизни уйларига қўймайдилар. Бир сафар борганимда, қовоқларини уйиб кутиб олувдилар. Нега бунча кўп келасизлар, дегандилар, — Сожида гап қўшди.

— Ҳозир тоғам ишдан қайтган бўлсалар керак. Индаёлмайдилар, — қўшилди учинчи қиз Фозила.

Унинг гапи маъқул топилди.

Улар автобусга чиқишди. Тоғанинг уйи шаҳар ташқарисидаги бойлар маҳалласида эди. Беш йил бўлганди кўчиб ўтганига. Автобуснинг сўнгги бекатида тушиб яна икки километрча яёв юрилади.

Паттачи қизларнинг ёнларига яқинлашганида опа-сингиллар Сожидага қарашди. Унда пул бор эди. Ҳар доим бўларди. Кўп эмас, лекин кира ҳақига бемалол етарди. У сумкачасини ковлади. Бир сиқим танга олди. Эринмасдан биттама-битта санади. Сингиллари қандайдир ўзгача муштоқлик билан термилиб ўтиришарди. Хаёлларида опаларининг пули етмай қоладигандай эди. Ҳатто Фозила бир неча марта тепаларида кўзини лўқ қилиб қараб турган сариқ сочли аёлга умидвор боқиб қўйди. Мабодо опамнинг пуллари етмай қолса, бизни тушириб юборманг, қабилида. Сабр косаси тўлаёзган паттачи эса хўмрайганча тураверди.

— Мана, Худога шукр, етди, — деб Сожида сўнгги тангани қўшиб чиптачи хотинга узатди.

— Намунча, гадойликдан топган пулингни узоқ санамасанг? Ўласанми, одамлардан қоғоз пул сўрасанг, — дея узиб олди паттачи. Сожида шолғомдай қизариб кетди. Аъзои бадани титради. Кўзига ёш тўлди. Аммо миқ этолмади.

Опа-сингиллар Бўрон бойваччанинг дарвозаси ёнига борганларида, соат кечки тўққизга яқинлашиб қолганди. Улар бир муддат қўнғироқни босолмай, бир-бирига қараб туришди. Уч қават қилиб қурилган, пушти рангга бўялган уйнинг салобати босди. Қизлар аввал ҳам бир неча марта келишган бу ерга. У пайтда ёнларида ойилари Раъно бор эди. Етиб келгунларича уйнинг қанақалигини таърифлаб, анқаймасликларини тайинлаганди. Энди қизларнинг ёнида оналари йўқ. Уй, дарвоза, умуман, иморатлар бир-биридан ваҳимали. Бундай пайтда ёшгина қизчалар тугул, катталар ҳам довдирайди. Дарвоза тагида бироз туришса, биров юмушини енгиллатадигандай қўнғироқ тугмасини тезда босавермайди..

Сожида чуқур нафас олди ва секин қизил тугмачага қўл узатди. Ичкарида қушнинг чиройли сайраши эшитилди.

— Вой, — деди кенжатой очлигини ҳам унутиб, — булбуллари бор экан.

— Булбулмас, қўнғироқлари шунақа чалинади, — ўзбилармонлик қилди Фозила.

Орадан бироз вақт ўтгач, ичкаридан оёқ товуши эшитилди. Келаётган одам шиппакда шекилли, ҳар оёғини олиб босганида шипиллаган товуш эшитилди.

Кичик табақа очилди. Лўппи юзлари қизарган Фароғат кўриниш берди.

— Вой, — деди у қизчаларни кўриб, — бемаҳалда нима қилиб изғиб юрибсизлар? Ойингларда фаросат борми ўзи?! Шу маҳалдаям қиз болаларни кўчага чиқарадими?! Хонзодаларникига борсанглар бўлмасмиди? Уйда меҳмонлар борлигида, бир нарсадан қуруқ қолгандай ҳовлиқиб келмасанглар ҳам бўларди!

Қизлар қўрқиб кетишди. Кичкинтойлари опаларининг орқасига ўтиб яширина бошлади.

— Биз... Биз, — деди зўрға тили калимага келган Сожида, — тоғамларнинг олдига...

— Тоғаларинг, — деди ўқрайган Фароғат, — ичган, маст! Ҳозир сизлар билан гаплашолмайди! Шу маҳалда қўрқмасдан келибсизларми, кетишгаям қўрқмасанглар керак. Бемаҳалда жўнатган бемеҳр оналаринг, ҳар қалай, келиб-кетишга пул бергандир...

— Ким кепти? — деган овоз Фароғатнинг гапини бўлди.

— Уфф! — деди аёл норози бўлиб, сўнг орқасига бурилди. — Жиянларингиз...

У бошқа гапларни ҳам айтмоқчи эди. Аммо уйда меҳмонлар борлиги сабаб тилини тийди.

— Киргиз тез! — деган буйруқ бўлди ичкаридан.

Сожида ва унинг сингиллари енгил тин олишди. Қаршиларидаги жодугарсифат аёлга умид кўзларини тикишди.

— Бирам меҳрибон тоғаларинг борки... Биласизлар-да, қачон келишни, ҳимм, киринглар, — деб Фароғат ортга бурилди-да кетди.

Қизлар юрак ютиб ичкарига бир-бир қадам босишди.

Улар тоғаларини ҳовлида кўришди. Дарҳақиқат, тўрт киши билан бирга. Улардан биттаси Солиҳ тоғалари. Гаплар баланд овозда айтилаяпти. Орага кулгиям қўшилиб турибди. Демак, ичкилик авжига чиққан. Буни стол устидаги егулигу ноз-неъматлар орасида бўшаб қолган шиша идишларидан ҳам билиб олса бўларди.

Бўрон рўпарасидаги меҳмоннинг имоси билан ўтирган жойида узун-қисқа бўлиб турган жиянларига ўгирилиб қаради. Сўнг меҳмонларига:

— Яккаю ёлғиз синглимнинг қизлари, бирам ширин қизлар. Солиҳ, дарров уйга олиб кир. Бемаҳалда нима қилиб юришибдийкан? — деб меҳмонлар тарафга ўгирилди.

Меҳмонхонада опа-сингиллар қалдирғочдай тизилиб ўтиришди. Миттигина юракчалари типирчилар, уларни шу хонага киргизиб, сўнг эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетган Фароғат янгалари яна қайтиб келмаслигини ич-ичларидан хоҳлашарди. Уларнинг олдига Солиҳ кирди. Жиянларига иржайиб қаради. Сўзлаш учун оғиз жуфтлаганида ортидан Фароғат кириб келди.

— Кўрдингизми?! — деди кесатиб. — Раънохоннинг кўрсатган “каромат”ини. Қайси аёл бу маҳалда боласини кўчага чиқаради? Шунчалик ҳам одам бемеҳр бўладими? Телефонда дардини айтса нима қиларди? Пул сўраган-да. Бошқа дарди йўқ буларнинг. Ёшгина қизларни жўнатсам, ичи ачийди, деб ўйлаган бўлса керак...

Солиҳ янгасининг гапларини охиригача эшитмади. Индамай чиқиб кетди. Йўқса, Фароғат ҳали анча гапирарди. Раънони қоралагани етмай, балчиққа ҳам тиққан бўларди.

Бўрон эса, укаси қайтиб келганида унга эътибор ҳам бермади. Меҳмонларига навбатдаги ароқдан қуйди. Кейин улардан бирига қадаҳ сўзи навбатини берди.

Соат миллари ўн иккидан ўтганидан кейин меҳмонлар кетишди. Маст бўлган Бўрон жиянлари келганини буткул унутиб ётоғига кирди-да, юмшоққина ўрнига ўзини ташлади.

Сожиданинг сингиллари битта-битта столга суяниб, ухлаб қолди. Бечора қиз уларни уйғотиб юборишдан чўчиб, секинлик билан гилам устига ётқизди. Ўзи эса тоғасининг келишидан умид қилиб, эшикка термилиб ўтираверди. Қорни таталаб кетган эди. Лекин отасининг машмашаси, кўчада тинимсиз юргани ўз кучини кўрсатиб, кўзини роса уйқу босарди. Шундай бўлса-да, қовоғини зўрға очиб ўтирарди. Аммо Бўрондан дарак бўлмади. Ҳатто Солиҳ тоғаси ҳам бошқа хабар олмади. Лекин, барибир, қиз умидини узмади. Кутишда давом этди.

Фақат... Фақат тонг оқариб келаётгандагина, қизнинг ортиқ қуввати қолмай, кенжа сингилчасининг ёнгинасига чўзилиб ётиб қолди. Бироздан кейин эса унинг пишиллаган овози эшитила бошлади.

Қуёш бир терак бўйи кўтарилгандан кейин Фароғат юмшоққина ёстиқдан бош кўтарди. Туриш нияти йўқ эди. Аммо зарурат бемалол ётишига йўл қўймади. Сўнгроқ уйқуси ўчди. Кейин ювинишга мажбур бўлди. Керишди. Меҳмонлар кетгач, бир дунё ювиқсиз идишлар қолганини эслади. Оғринди. Сўнг телефонни олиб, доим уйига келиб хизматини қилиб кетадиган аёлга қўнғироқ қилди.

Ошхонага кириб бир стакан шарбат ичаётганида, қайнсинглисининг қизларини эслаб қолди. Пешонаси тиришди.

— Шу жувонмарглар ҳам жонимга тегиб кетди. Қачон қарама, гадойдай дарвозадан мўралаб туришади, — дея тўнғиллади. Меҳмонхонага борди. Қунишганча пишиллаб ухлаб ётган қизларни кўрди.

— Жа, онангларнинг уйларида ётгандай, сасиб ухлаб ётибсанларми?! Гадойваччалар! — деб бақирди.

Учта қиз унинг овозидан чўчиб уйғониб кетишди. Сожида эса ухлашда давом этди.

— Одам шу маҳалгачаям сасийдими?! Турларинг!

Кейинги чинқириқдан сўнг Сожида ҳам уйғонди. У уйқули кўзини уқалаганча шоша-пиша ўрнидан турди.

— Йўқолларинг уйларингга! Жа, индамаса, бошқа чиқволасанлар! Кир кийимларинг билан ётиб гиламниям расвосини чиқардинглар!

Қизлар қўрққанларидан ташқарига отилишди. Аввал ҳовлига, ундан кейин кўчага чиқишди.

* * *

Хонзода чиқиб кетганидан кейин ранглари докадай оқариб кетган Фотима опа столда ўтириб қолди.

— Астағфируллоҳ, бунақанги аёлни ҳеч учратмаган эканман. Биринчи келган жойида шунчалик жанжал кўтарадими? — дея пичирлади.

Муроднинг эса бўлари бўлди. Хонзодани кўрганида уни тушунадиган аёл бўлса керак, деб ўйлаганди. Аммо гапларини эшитгач, ҳайратда қолди. Бундан ҳам алам қиладигани, ойисининг олдида ерга кириб кетгудек аҳволга тушди.

— Болам, — деди Фотима опа ҳорғин товушда, — Худо бир асради. Бунақанги хотин билан қуда бўлгандан кўра, илон билан дўст тутинганинг минг марта афзал. Вой, бунча гапни қаёқдан топди? Шаҳлога телефон қил. Тушунтир. Бизнинг оилага улар тўғри келмаскан. Ҳар қалай, бекорга онасини кўриб қизини ол, дейишмаган.

— Ойи, Шаҳло умуман ойисига ўхшамайди. Ўзингиз ҳам кўрдингиз, илтимос...

— Болам, сени яхши тушуниб турибман. Бу хотин уйимизга келиб шунча жанжал қилиб кетди. Остонасини боссам, уришдан ҳам тоймайди.

Мурод жаҳл билан Шаҳлонинг телефон рақамини терди. Аммо шу заҳоти яна ўчирди. Бақириб: “Сен атайин шундай қилгансан, ойингнинг жанжал қилишини била туриб бизникига жўнатгансан!” — демоқчи эди-ю, дарров шаштидан тушди. Балки билмас, шум аёл алдаб-сулдаб манзилни сўраб олгандир. “Энди нима бўлади?” — дея сочларини ғижимлади йигит.

* * *

Шаҳло дадасини ювиниш хонасидан чиқариб ётоғига киргизгач, ҳамма умидларини кўзига жам қилди-да, ҳовлида интиқлик билан ойисини кута бошлади. Ниҳоят, у кутган аёл пайдо бўлди. Лабида табассум, қўлида қандайдир қути.

— Ойи! — деб бақириб юборди Шаҳло қувончдан. — Нима бўлди?!

— Зўр, қизим! Энди ҳаммамизга яхши бўлди. Қара, — деди у қўлидаги қутини кўрсатиб, — мен сенга нима олдим, қани топ-чи?!

— Ойи, майли, уни қўя турайлик, нима бўлди, шундан гапиринг, — деди кўзлари жовдираб.

— Сен аввал қутидаги нималигини топгин.

— Улар бериб юбордиларми?

— Сен топ, кейин ким бериб юборганини айтаман.

— Ойи, тўғриси, юрагим ёрилиб кетай деяпти. Билмайман ҳозир унинг ичида нима борлигини.

— Мен йўл-йўлакай дугонам Моҳиранинг дўконига кирдим. Мени кўриб, шошиб қолди бечора. Анча гаплашдик. Кўришмаганимгаям, ўҳ-ў, қанча бўлганди. Ичимизда гапларимиз йиғилиб қолган экан...

— Ойи! — дея турган жойида сапчиб тушди бардоши чидамай Шаҳло. — Қўйинг уларни. Мурод акамнинг ойиси билан гаплашганингизни айтинг!

— Вой, қизим-э, бунча шошқалоқсан? Ҳаммасини бирма-бир гапириб бераман. Хўш-ш, дўкони-чи, “супермаркет”! Икки қаватли. Жондан бўлак ҳамма нарса бор. У ердаги молларни кўриб кўзинг қувнайди. Дўконнинг бир бурчагида-чи, тилла тақинчоқлар, кўзни оладиган брильянтлар тиқилиб ётибди... Моҳира сени таниркан. Ёшлигингда кўрган экан. Қўғирчоқдай қизалоқ эди. Ҳозир роса чиройли бўп кетган бўлса керак, деди.

— Қолганини биламан, — деди шартта ойисининг гапини бўлган Шаҳло, — қизингни ўзим келин қиламан деган. Сиз бўлсангиз, аслида ҳам қизалоғим сизники, дегансиз. Кейин у сизга қўлингиздаги матоҳни бериб юборган, шундайми?! Мени алдагансиз! Мурод акамларникига бормагансиз!

У сўнгги гапини бақириб айтди. Нозик қўлларини мушт қилиб, кўзлари юмилиб, юраги ўпкасидан чиққудек бўлиб айтди.

— Мен сенга айтсам, сен айнан Моҳиранинг ўғлига моссан. Биз гаплашиб турганимизда, унинг ўғли келди. Бўйлари узун, келишган, ҳар қандай қиз орзу қиладиган йигит. Исмиям чиройли, Мансуржон. Ойисининг айтишига қараганда, йигирмадан зиёд мамлакатга бориб кепти. Инглиз тилини сувдай биларкан. Яқинда Дубайда тилла дўконини очишмоқчийкан... Ўзимнинг тентаккина қизим, унга тегсанг, умринг роҳат-фароғатда ўтади.

— Йў-ў-ў-қ! — деб бақириб юборган Шаҳло ерга ўтириб олди-да ўкириб йиғлашга тушди.

— Бордим. Бордим ўша гадойваччангникига. Учинчими, тўртинчими қаватда тураркан. Каталакдай уй. Деворларининг сувоқлари кўчиб ётибди. Ойисининг ҳам турқи совуқ. Анови йигитингнинг оти нимайди, Муродми, вой, қизим, тузукроқ йигит қуриганмиди сенга, келиб-келиб шу бадбашарани танладингми?! Умуман, бизнинг тенгимиз эмас, башарасига шартта: “Менинг қизимни тинч қўйинглар, бўлмаса сизларни қаматтириб юбораман”, дедим!

Шаҳло кўзидан ёшини оқизганча ойисига термилиб қолди.

— Ҳали... Ҳали сиз... сиз... Ойи, нималар қип қўйдингиз?! Мен Мурод акамни севаман-ку!

— Бас! Севги-певгингни йиғиштир. Мен Моҳирага эртага совчи бўлиб келинглар, дедим. Ваъда бериб қўйдим.

— Ойи, — деди титраб кетган Шаҳло паст овозда, — мен аллақачон Мурод акамники бўлганман. Мен қиз эмасман!

— А-а?! Нима дединг?! “Қиз эмасман”?! Нима дединг, ҳой қиз?! — Хонзода Шаҳлонинг бўйнидан бўғди. — Яна бир қайтар!

— Ўлдиринг, ойи, бирдан қутуласиз! — деди Шаҳло хирилдоқ овозда.

Шу пайт Шаҳлонинг қўл телефони асабий жиринглади. Хонзода қизининг томоғидан қўлини олди. “Сотка”нинг экранига қаради. Унда Мурод деган ёзув турарди. У яшил тугмачани босди-да, телефонни қулоғига тутди.

Мурод ўзини босолмай хоналарга бир неча бор кириб чиққач, Шаҳлонинг ойиси ҳақидаги гапларни хотирлаб унга қўнғироқ қилишга жазм этганди.

— Алло, — деди Хонзода атайин овозига майин тус бериб.

— Шаҳло, Шаҳло, жоним, биласанми, бу ерда ойинг нима каромат кўрсатиб кетди? — дея шошиб гапирди Мурод.

— Хў-ўш, — Хонзоданинг бир қўли ўз-ўзидан белига тиралди, — нима каромат кўрсатибди?!

— Сиз... кимсиз? — бегона товушни эшитиб бирдан туси ўзгарди Муроднинг. Унинг қулоғига Шаҳлонинг сўзлаш оҳанги қўрғошиндай ўрнашиб қолганди, фақат у Хонзоданинг “Алло” деган сўзига эътибор қилмаганди. Қолаверса, она-боланинг овози ўхшаб кетарди.

— Мен сен ҳовлиқма яхши кўрган қизнинг ойиси бўламан. Эшшак, қизимни нима қилиб қўйдинг? Туғилганингга пушаймон едираман. Зўрлаш қанақа бўлишини кўрсатаман сенга! Ифлос!..

Хонзоданинг қолган гаплари оғзида қолди. Унинг бир-биридан хунук сўзларини эшитишга сабри чидамаган Мурод телефонни ўчирди.

— Ойи-и-и!!! — титраб-қақшади Шаҳло. — Нималар қилаяпсиз, нега менинг бахтимга зомин бўлаяпсиз!!!

Бечора қизнинг кўзидан дув-дув ёш оқар, юзи қип-қизил тусга кирганди. У сўзлашга зўрға ўзида куч топганди.

— Қанжиқ! — дея ўкирди Хонзода ва қизининг қулоқ-чаккасига бор кучи билан шапалоқ туширди. Тарсаки овози деворларга урилиб акс-садо берди. Товуш жаранги яна келиб Шаҳлонинг олов бўлиб ёнаётган юзига теккандай бўлди. Қиз ўтириб қолди, худди эс-ҳушини йўқотган одамдай атрофга аланглай бошлади.

Содиқнинг кайфи анча тарқаган эди. Гарчи боши зил-замбилга айланган эса-да, энди у ўрнидан бемалол тура оларди. Бақир-чақир, қий-чувни эшитди. Айниқса, шапалоқ товуши уни баттар сергаклантирди. У ётган жойидан сапчиб турди-да, тез-тез юриб қизининг хонасига кирди. Хонада Шаҳлони телбанамо аҳволда кўрди. Хотинининг эса кўзлари олайган, сочлари тўзғиганди. Бир қарашда уни жаҳл отига минган аждаҳога қиёс қилиш мумкин эди.

— Нима гап?! — деди қўллари мушт бўлиб тугилган ота.

— Сиз ётаверинг, сизга уйингизда бўлаётган ишларнинг бари сариқ чақа! — дея томоғига зўр бериб эрига ҳужумга ўтди Хонзода.

Содиқ унга мутлақо эътибор қилмади. Қизининг ёнига бориб тиз чўкди-да, отасининг кириб келганини сезмай, ҳамон атрофга аланглаётган Шаҳлонинг иягидан тутди.

— Нима бўлди, қизим? Нега бундай ўтирибсан? — деб майин оҳангда сўради.

Шундагина Шаҳло қаршисида дадаси ўтирганини кўрди.

— Дада, дадажон! — деб ўкириб йиғлаганча отасининг бўйнидан қучоқлаб олди.

Хонзоданинг жон-пони чиқиб кетди. У кескин ҳаракат билан қизининг қўлидан силтаб орқага тортди. Шаҳло дадасини маҳкам қучоқлаб олгани боис, у билан бирга ёнга қулади.

— Қўйвор! — бақирди баттар тутақиб кетган Хонзода. — Кирсан! Дадангниям кир қиласан!

Содиқ хотинининг қилиқларига ортиқ чидаб туролмади. Ўрнидан турди. Унинг кўзлари олайган, томоқ томирлари бўртиб чиққанди. Хонзода қўрқиб кетди ва секин-аста орқага тисарила бошлади.

— Қанжиқ! — деди у, сўз унинг тишлари орасидан чиқди.

— Дада... Дадаси, унингиз нима иш қилганини билмайсиз-ку! Билсангиз, ҳозирнинг ўзида осиб қўясиз, — деди ранги оқарган Хонзода.

Содиқ юришдан тўхтади. Бир муддат хотинига ўқрайиб қараб турди-да, сўнг ортига ўгирилди. Шу кўйи Хонзодага:

— Айт, — деди.

Шаҳлонинг юраги шув этиб кетди.

— Бунингиз, — деди сўзлашга имкон туғилганидан кўнгли таскин топган аёл, — қаердаги ялангоёқ билан юриб қўйибди, тушунаяпсизми, юриб қўйибди!

Аввал хотини шу ҳақда гапирганида, Содиқ қизининг бирорта бола билан шунчаки юришини тушунганди, қизлик иффатини поймол қилиши мутлақо хаёлига келмаганди. Хонзоданинг ҳозирги гапи эса миясига яшиндай урилди. У бир қалқиб тушди. Энди унинг еб қўйгудек нигоҳи қизига қадалди.

— Шундайми?! — деди у.

Гарчи бўйи етиб қолган эса-да, отасининг бўйнига осиладиган, ҳечам ундан тортинмайдиган, керак бўлса, вақт-бевақт у билан оила қуриш ҳақида ҳам бемалол гаплашишдан тортинмайдиган қизнинг тили ҳозир тушовланди. Тўғрисини айтолмади. Айтолмасди ҳам. Бошини эгди.

— Мени тириклайин ерга кўмибсан-ку, қизим! — деб Содиқ шартта ўгирилди-да, шитоб билан эшикни шунақанги қаттиқ муштладики, бутун хона зириллаб кетди. Эшик ўртасидаги тахта синди. Шунингдек, ўзининг қўли ҳам шикастланди. Содиқ бир марта “Им!” деди. Аммо юришдан тўхтамади. Оғриқдан юзи бужмайганини ҳам она-болага кўрсатмади. Йўлакда оёқлари чалишиб, гурсиллаб йиқилди...

* * *

Шомурод ака қизиникидан тўғри ишхонага борди. Кўк чойни босиб-босиб ичгач, сигарета тутатди. Кейин Маъмурга телефон қилиб ёнига чақирди.

Маъмур унинг кабинетига аввалгидай тиржайиб, итлардай думини ликиллатиб кирмади. Балки қаддини ғоз тутиб, иягини кўтариб, Шомурод акадай одамни назар-писанд қилмай кирди. Одамлар билан ишлайвериб, уларни бир қарашда ажратиб олиш даражасига етган Шомурод ака Маъмурнинг ғўдайганини дарров сезди. Тишларини бир-бирига босди. Аммо шу заҳоти тусини ўзгартирди. Ўрнидан туриб, қучоқ очиб жилмайганча Маъмурга яқинлашди.

— Биродар! — деди уни бағрига босиб. — Бир қошиқ қонимдан кечасиз энди. Ёшим катталиги учун озгина эркалик қилиб, ёнингизга ўзим бориш ўрнига сизни чақиртирдим.

— Ҳечқиси йўқ, ака, — деди Маъмур овозини атай йўғонлаштириб, — ўрганиб қолганмиз.

— Мана шундай камтарлигингиз учун сизни яхши кўраман-да, — дея қучоғидаги одамни озгина мақтади Шомурод ака.

— Раҳмат, раҳмат, — деб Шомурод аканинг қучоғидан чиқди Маъмур.

Кўпчилик томонидан “Қари тулки” деб лақаб олган Шомурод ака тилёғламаликни кучайтирди. У Маъмурга жой кўрсатди-да, ўзи тўрдаги шкафни очиб, “Наполеон” коньяги билан шоколад олди. Сўнг Маъмурнинг рўпарасига келиб ўтирди.

Коньяк Шомурод акани чув тушириш умидида келган кишининг кўзларини олайтириб юборди. Шомурод ака буни сезди. Шундаям шошилмасдан, баайни Маъмурнинг ичини баттар қиздириб, секинлик билан шишанинг қопқоғини оча бошлади.

— Биз хизматда эдик, қандай бўларкан? — деди Маъмур шишадаги тиниқ қизил сувдан кўз узмасдан.

— Ука, тажрибадан шуни айтишим мумкинки, ҳамма иш тушгача, ундан кейин одам ўзини ўйлаши керак.

— Ҳали сиздан кўп нарса ўргансак бўлади.

Маъмур гапини тугатган заҳоти, Шомурод ака унинг юзига бир нигоҳ ташлаб қўйди-да, ичида кулди. “Сендақаларни чимчилоғимда ўйнатаман”, дея хаёлидан ўтказди.

Томоғини куйдириб ўтган суюқлик бир неча сониядан кейин Маъмурнинг танасини яйратиб юборди. У ўзини қушдай енгил ҳис этаркан, қовоғини очди. Худди шу пайт Шомурод ака, шунчаки айлантириб ўйнаган киши бўлди-да, қўл телефонининг диктофонини ёқиб қўйди ва уни тескари қилиб Маъмур иккаласининг ўртасига қўйди.

— Мен сизга айтсам, замондош машойихларимизнинг ақли аввалгиларидан ҳечам қолишмайди. Мана бир мисол, — дея Шомурод ака сўзларкан, қадаҳларга қулқуллатиб коньяк қуйди, — биринчиси билан иккинчисининг орасидан қил ҳам ўтмаслиги керак. Шунда одам маза қилади. Қани олдик, ҳозирги замон машойихлари учун.

Маъмур гап қўшмоқчи эди, лекин улгурмади. Шомурод аканинг мусалласни қултуллатиб ютаётганини кўриб, гапиришга ҳафсаласи бўлмади. Унинг-да шайтон сувига ишқи кетиб, бир кўтаришда идишини бўшатиб қўйди. Бироз ўтиб боши қизиди. Назарида, мияси нуқул ақлли гапларга ишлаётгандай эди. Тилига келган гапни айтаверди.

— Мен сизга айтсам, Шомурод ака, куёвингизнинг айблари анчагина. Ҳужжатсиз моллари тиқилиб ётибди. Умуман сотиш мумкин бўлмаган нарсаларининг адоғи йўқ. Акциз маркаси бўлмаганлари-чи! Так что, бу ёғи чатоқ, — деди у газак сифатида кичкина шоколад бўлагини шимиб бўлганидан кейин.

— Бўпти, шу нарсаларни менга ёзиб беринг. Яхшилаб бўйнини қайириб қўяман.

— Йў-ў-қ, — деди Маъмур кўрсаткич бармоғини Шомурод аканинг бурни тагида қимирлатиб, — битта мен ишлаганимда гап йўқ эди, лекин қанча одам хабар топди, начальниккача етиб борди унинг ишлари. Ўзи анчадан бери бунақанги крупний нарушетелни ушламагандик.

— Йўғ-э, — дея ўзини довдираган кўрсатди Шомурод ака. Ҳатто у қадаҳларни шаробга тўлдираётганида қўли ҳам қалтиради. Буни кўрган Маъмур янада кеккайди. Қаддини ғоз тутиб, томоғини қириб қўйди-да, Шомурод ака таклиф қилмаса ҳам, қадаҳни қўлига олиб бир кўтаришда ичиб юборди.

— Балки бирон йўли бордир? — сўради Шомурод ака Маъмурдаги ўзгаришни кўриб ич-ичидан хурсанд бўларкан.

— Ака, сиз билан мен бир кунлик таниш эмасмиз. Шунинг учун очиғини айтиб қўяй. Начальник аждаҳодай бир нарса. Унча-бунчани кўрдим демай ютиб юборади. Сиз чақиришингиздан аввал у билан гаплашдим. Қирқта “кўк”исиз битмайди, деди.

— Вой-бўй! — деди капалаги учиб кетган Шомурод ака. — Мен унча пулни қаердан топиб бераман?!

— Сиз нега топиб бераркансиз? Куёвингиз озгина чўзилади. Шу билан олам гулистон.

— Ундаям бунча пул йўқ. Яқиндагина қанча моли ўтмай, банкрот бўлишига оз қолди. Кўзидан ёш оқизиб ёнимга келади. Мен бунчалик бўлади деб сира ўйламаган эканман. Сал эпақага келтириб берарсиз ўзингиз. Қолаверса, оғир кунларимизда бир-биримизга елкадош бўлганмиз. Қўлимиздан келган ёрдамни аямаганмиз.

— Ака, билардим шундай дейишингизни. Бетимга солдингиз-а! Барибир таргашлардан дўст чиқмаскан-да.

Шомурод ака ҳақоратдан титради, бошини эгди. Рўпарасидаги она сути оғзидан кетмаган ҳовлиқманинг жағини эзиб қўйгиси келди. Аммо кенглик қилди.

— Биз-ку дўстликка ҳеч қачон хиёнат қилмаганмиз. Шунинг учун, Худога шукур, унча-мунча ошна-оғайнимиз бор. Лекин ҳақиқатан ҳам таргашмиз. Ҳамма нарсани пул билан ўлчаймиз. Қон-қонимизга сингиб кетган-да. Аммо шундай енгил лақаб борлигини эслатиб тўғри қилдингиз. Энди хоҳлайсизми-йўқми, ҳамманинг ўзига ярашадиган лақаби бўлгани яхши-да!

— Ўттиз бешга рози бўлсангиз бўлинг. Бўлмаса, куёвингизга путёвка тайёр, ришотканинг орқасига.

— Вой, аҳмоқ бола. Мен унинг попугини сал пасайтириб қўймоқчийдим. Бир ҳисобдан, текшириб тўғри қилдинглар, яна озгинадан олайлик.

Озгиналар бир неча марта такрорланди. Маъмур бутунлай маст бўлди. Ана шундан кейин Шомурод ака хонасидан чиқди-да, котибасига камера олиб келишни буюрди. Ўзи эса сейфдан бир даста пул олди. Қолган ишлар хамирдан қил суғургандай кечди. Худди кинонинг ўзи: Шомурод ака бир даста пулни кеккайган Маъмурга ялиниб-ёлвориб бераяпти. Маъмурга пулнинг чўғи камдай туйилиб ноз қилди.

Ҳамма иш битганидан кейин Шомурод ака котибасининг юзидан ўпди. Сўнг:

— Кино тайёр бўлди. Бемалол прокатга бериб пул ишласаям бўлаверади, — деди.

Котиба мамнун чиқиб кетди. Шомурод ака берган пулларини қайтариб олиб сейфига тиқди.

— Бир куни келиб Наполеон коньягини охиригача ичолмаганинг армон бўп қолмасин, — деб боши эгик ҳолда столда ўтирганча бир нималарни ғўлдираб қўяётган Маъмурнинг қадаҳини қип-қизил суюқликка тўлдирди, — ич, ич. Узумнинг суви кўп нарсага даво. Сенинг дардинггаям, ич, ифлос!

Маъмур зўрға бошини кўтарди. Сузилган кўзлари билан Шомурод акага қаради. Афтидан, у Шомурод аканинг гапларини яхши тушунгандай эди. Аммо жавоб қайтаришга тили ожизлик қиларди. Туман ичида қўлига пул ҳам ушлади. Лекин Шомурод ака нега яна қайтариб олганини тушунолмади. Аммо ҳозирги ҳақоратни аниқ-тиниқ тушунди. Шу боисдан ҳам қадаҳни нари сурди.

Уни Шомурод ака машинага ўтқазиб, ишхонасига олиб бориб қўйишни ҳайдовчига тайинлагач, тасвирни бир неча нусхада кўчиришни котибасига топширди.

* * *

Шоҳруҳ чиқаётиб ортига қаради. Тамалнинг ўзгача тикилаётганини кўрди. Эшикни ортидан ёпиши билан Юлдузнинг қўлидан ушлаб четга тортди. Орадан бир неча сония ўтди, холос. Тамал ташқарига отилиб чиқди-ю, шу заҳоти Шоҳруҳнинг чангалига тушди. Қўлидаги тўппонча ерга тушиб кетди. Чунки Юлдуз унинг билагига урган эди. Биқинига қурол стволи тиралганидан кейин Тамалнинг кўзи олайиб кетди. Улар аста-секин орқага тисарилиб кета бошлашди. Тамалнинг шериклари ҳам бинодан чиқиб, аҳвол чатоқлиги кўришди.

— Нега безраясанлар? — дея бақирди Тамал. — Ўлдиринглар!

— Агар ортиқча ҳаракат қилсанглар, — деди Юлдуз, — битта одамларингдан айриласанлар. Яхшиси, жойларингдан жилманглар. Шунда биз манави итваччаларингга тегмаймиз!

Барзангиларга, ҳартугул, Тамал қадрли экан. Шу боисдан қимир этишмади.

Шоҳруҳ тўхтаб турган таксилардан бирининг ёнига етганларидан кейин эшигини очди. Ҳайдовчига қарамасдан туриб:

— Минишимиз билан газни босасан, — деди.

Ҳайдовчи тихирлик қилмоқчи бўлди-ю, Юлдузнинг тўппонча ўқталганини кўриб бирдан машинани юрғизди.

Шоҳруҳ казино ёнида қолганлар орқадан қувишса керак, деб ўйлаганди. Лекин негадир улар келишмади. Машина жойидан қимирлаши билан иккитаси телефонда гаплашаётганини кўрди.

— Бу машинада узоқ кетиб бўлмайди, — деди у Юлдузга.

Тамал бурилиб Шоҳруҳга қаради, иржайди.

— Ўзим ҳам билгандим бизга яқин миллатданликларингни, — деди рус тилини бузиб.

— Билсанг янаям яхши, бундан кейин ўйлаб муомала қиласан. Бўлмаса, туғилганингга пушаймон едирамиз, — дея Юлдуз унга ўткир нигоҳларини қадади.

— Овора бўласизлар. Шаҳар бизники. Қайси тешикка кирсанглар ҳам топамиз.

— Сал адашдинг, менимча. Сен энди улар билан бирга эмассан. Бизни-ку, тирик топишлари мумкин. Лекин сенинг ўлигингни топишади. Сасиган, бижғиган мурдангни. Шунинг учун ҳозирдан қилган гуноҳларинг учун Худодан афв сўраб кетавер, — деди Шоҳруҳ.

Улар жуда узоқлашмади. Машина тахминан ўн километрдан мўлроқ юрганидан кейин тўхтади.

Шоҳруҳ такси тўхтатишга улгурмади. Ёнларига оппоқ “Жигули” тўхтади. Юлдуз сесканиб кетди-да, дарров сумкасидан тўппонча чиқарди.

Олд томондаги эшик очилиб, Сашанинг иржайган башараси кўринди.

— Айтмадимми, ёрдамим тегади деб. Мининглар тезроқ, — дея у машинага кетма-кет газ босди.

— Ў-ў, — деди орқа ўриндиқда Юлдуз билан Шоҳруҳ ўртасида ўтирган Тамални кўргач, — қовурғамни синдирган одам-ку! Ҳисоб-китоб вақти келибди-да!

— Ҳайда, кўп эзилма, — дея унинг елкасига Шоҳруҳ туртиб қўйди.

“Жигули” шаҳарнинг жанубий томонига елдек учиб кетди.

Шоҳруҳ ҳам, Юлдуз ҳам Сашага қаёққа боришларини айтмади. Саша ҳам бунга эҳтиёж сезмаётгандай эди. У гоҳ тезликни ошириб, гоҳ туширар, ҳар-ҳар замон атрофга аланглаб қўярди. “Ишқилиб, — ўйларди у, — ментлардан биронтаси учраб қолмасин-да. Ҳамма иш дабдала бўлади. Отам машинасини опкетганимдан хабар топади. Бу ёғи — ҳужжатим йўқ”, дея ўйларди у.

Унинг безовталигини Юлдуз тезда сезди.

— Ортиқча ҳаракатинг эртага қуёшни кўрмаслигинг билан тугайди, — деди.

— Хавотир олманг, хоним. Ҳаммаси жойида бўлади. Ёнларингдаги мараздан ўч олишим керак. Ҳар қалай, дўхтирда уч ой ётганман. Тўрт марта операция қилишган мени, — дея кулиб қўйди Саша.

— Аввал қовурғангни синдирган бўлсам, бу сафар каллангни оламан сен итваччанинг, — деб қимирлаб қўйди Тамал. Мумкин қадар Юлдузнинг жуссасига гавдасини яқинлаштирди. Шундоғам Юлдузнинг ёнига манави турқи совуқ ўтириб олганидан Шоҳруҳнинг жаҳли чиқиб келаётган эди. Тамал бироз қиз тарафга силжиб олганидан кейин қони қайнаб кетди.

— Орқангда бирон ниманг борга ўхшайди сенинг, — деб уни ўзи тарафга тортаркан, тўппончанинг стволи билан қаттиқроқ туртди. “Ҳиқ” этди Тамал ва яна аввалгидай ўтирди.

Саша машинасини бузилиб ётган омбор ичкарисига ҳайдаб борди. Ҳамма ёқ зимистон, бирор зоғ кўринмасди. Фақат нураган девор, темир-терсаклар қорайиб ўзларининг борликларидан дарак бериб туришарди.

— Хўш, бизни қаерга олиб келдинг? — сўради Юлдуз машинадан тушганларидан кейин.

— Офисга. Бизнинг офис шу ерда, — деб иржайди Саша ва ҳуштак чалди.

(Давоми бор)

Мафия сардори (Биринчи қисм)

Мафия сардори (Иккинчи қисм)

Мафия сардори (Учинчи қисм)

Мафия сардори (Тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Бешинчи қисм)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)

Мафия сардори (Еттинчи қисм)

Мафия сардори (Саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўнинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)