Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Тўққизинчи қисм)
— Шефларинг ким? — сўради тобора унинг яқинига келаётган тўдага қарата.
— Ҳаммамиз шефмиз, биз битта одаммиз. Федянинг хунини биргаликда оламиз, — деди хўроз тож йигит.
— Федянгга жин ҳам ургани йўқ. Фақат жағини силаб ўтишимга тўғри келди.
У шундай дейиши билан Юлдуз ҳам етиб келди.
— Яхшиликча, — деди Юлдуз асабий титраб, — сумкани қайтариб беринглар, йўқса, ўзларингга ёмон бўлади.
— О-о-о, хонимнинг гапини эшитдингларми? — дея ҳиринглади тўдабоши ва қўлидаги занжирни ҳавога кўтарди.
Шоҳруҳ ҳаводан келаётган қалин темирлар тўқимасига қўлини тутиб қолди. Гарчи занжир унинг билагига ўралиб қолган бўлса-да, суяги синиб кетай деди. Бироқ йигит мутлақо тусини ўзгартирмай, занжирни зарб билан ўзига тортиб, ёнида пайдо бўлиб қолган хўрозбошнинг аввал қорнига урди, энкайиб қолгач, орқа умуртқасининг мустаҳкамлигини тирсаги билан “текшириб” кўрди. Ўзини осмон билиб, шу атрофнинг қиролиман, деб юрган ҳўрозбош шу ондаёқ ер тишлади. Бош кетса, билакдаги кучнинг нечоғлик қудрати қоларди? Жиноят остонасида турганлар тарашадай қотишди. Улар ҳам алам, ҳам ғазаб билан хўрозбошга термилиб туришарди.
— Яна мардинг борми? — сўради Шоҳруҳ улардан.
Тўдадан садо чиқмади. Йиртиқ-ямоқ шим, турли- туман расмлар чизиб ташланган футболкалар кийган, айримлари қулоқларига сирға тақиб олган йигитлар бир-бирларига қарашди. Нигоҳлар тўқнашуви журъат берди, шекилли, бараварига Шоҳруҳ билан Юлдузга ташланишди. Қиз жуда чаққон ҳаракат қиларди, ёнига яқинлашганни осонлик билан чалиб, тепиб ёки қўлларидан қайириб ағдарарди. Шоҳруҳ эса рақибларини тинмай мушт билан сийларди. Олишув беш дақиқача давом этди. Гарчи кўпчилик бўлишса-да, бокс устаси билан каратэни санъат даражасига кўтарган қизга бас келишга кўзлари етмагач, “ўз-ўзини хафа қилдирмайдиган” гуруҳ аъзолари бирин-кетин қочишга тушишди. Ўртоқларининг калтак ейишига сабабчи бўлган йигит ниҳоят қўлга тушди. У муштлашувга мутлақо қўшилмаганди, лекин нима бўлди-ю, Юлдузнинг ёнига келиб қолди. Қочмоқчи бўлганида, оёқлари чалишиб кетди-да, асфальтга ёпишди. Қўлидаги сумка учиб кетди. Безорилар жуфтакни ростлаганларида, Юлдуз асир қолган хўрозбошни кўрди. Кўзи кўкарган, оқсоқланганлар ҳам дам-бадам ортларига қарай-қарай қораларини ўчиришгач, бурни синганидан юришга ҳам мадор тополмаган хўрозбош бир қўли билан юзини яшириб тепасида турганларга ўғринча қараб ўтирарди.
— Исминг нима? — сўради Юлдуз кутилмаганда юмшоқ оҳангда.
— Александр, — деди йигит ва секин ўрнидан тураркан, — бошқа урмайсизларми? — дея сўради.
— Йўқ, урмаймиз. Аввал ҳам урмасдик бизга тегишли нарсани вақтида берганларингда, — деб Юлдуз Сашанинг ўрнидан туришига кўмаклашди.
— Агар мен биронтанинг шунақанги абжағини чиқарсам, ҳеч қачон ёрдамлашмасдим. Баттар ўласи қилиб калтаклаб ташлаб кетардим, — деди кутилмаганда мурувват кўрган Александр.
— Чунки сен қанчалик ўзингни ёмон кўрсатишга уринма, барибир ёмон бўлолмайсан. Бўпти, омон бўл, бошқа йўлимиздан чиқманглар, — дея Юлдуз Шоҳруҳнинг қўлидан тутиб хўрозбошдан узоқлаша бошлади.
— Тўхтанглар, — деди Саша уларнинг ортидан бироз қараб тургач, — балки кўришиб турармиз. Мен сизларга ўхшаганларни қидириб юргандим.
— Шунақами? — деб Шоҳруҳ изига қайтди-да, унинг ёнига келди. — Шаҳарингда бизга ўхшаганлар тиқилиб ётибди. Борсанг, ҳеч бўлмаганда югурдакликка қабул қилишади сени.
Александрнинг бирдан юзи ёришди.
— Ака! — деди бошини эгиб. — Майда-чуйдаларни улар яқинига йўлатмайди.
— Сен майдамисан? — дея кулди Шоҳруҳ.
— Улар шунақа ўйлашади. Кўриниб турибди, қандайдир тўданинг одамисизлар. Биз ҳам шаҳарда кўкрак кериб юрайлик. Уришишларинг даҳшат экан. Мен-чи, сизларга жуда кўп маълумотлар тўплаб беришим мумкин.
— Фақат шуми ниятинг? — сўради ундан Юлдуз.
— Йў-ўқ, анави “Буратино”дан қасдимдан олишим керак. Опамни икки йил аввал зўрлаган, кейин хўрлаган. Шайкаларигаям ташлаган. Маргарита эрталабгача бормаган, хуллас, ўчимни оламан!..
Юлдузнинг эти жимирлаб кетди:
— Ким у “Буратино” деганинг? — сўради Сашадан.
— Шаҳарда уни ҳамма танийди-ку. Айтишларича, собиқ иттифоқ даврида келган экан. Қишлоғида ўғирлик қилиб қўлга тушган. Бизда ўтириб чиққан. Турмадан чиққач, шу ердаги бир-иккита кўчанинг болалари билан танишиб, қолиб кетган. Иттифоқнинг абжағи чиқаётганда арзон-гаровга катта-катта дўконларни сотиб олган. Эшитишимча, заводлари ҳам бор. Ўн йил аввал опам Маргарита унинг қўлига тушиб қолган. Ўша пайти у эндигина ўн олтига кирган эди. Опамнинг хунини оламан!
— Тушундим, — деди унга тикилиб турган Юлдуз, — менимча, бизга қўшилганинг билан унга кучинг етмайди. Чунки заводлари бор одамнинг озмунча пули бўлмайди. Пули кўпми, демак, одамлариям кўп. Яна ўша одамларининг ярмидан кўпи каллакесар. Ҳа, нега уни “Буратино” деяпсан?
Бутунлай кайфияти тушиб кетган Александр ерга қараб нималарнидир хаёл қилди, кейин қизга юзланди:
— Билмадим, бурни узун бўлгани учундир, эҳтимол.
Сашанинг аввалги шашти бутунлай қолмаганди. У калтак зарбидан ҳам кўпроқ Юлдузнинг рад жавобидан азобланди.
— Хафа бўлма, — деди дарров унинг ҳолини англаган қиз, — сен билан кўришиб турамиз. Лекин бизни қандайдир жиноий гуруҳнинг одамлари деб ўйлаганинг ажабланарли. Бўпти, хайр.
Қизнинг кайфияти чоғ эди. Шоҳруҳнинг қўлидан тутиб илдам қадам ташларди. Йигит унинг қандайдир куйни хиргойи қилганини ҳам эшитди.
— Шунча болани уриб енгганимиздан хурсандмисиз дейман? — сўради Шоҳруҳ.
— Асло! Мен қидираётган одамимни топдим. Саша жудаям керак бўлса-да, атай уни нари итардим. Лекин бутунлай ноумид қилмадим ҳам. Демак, у бизни барибир излаб топади. Кейин аста ўзимизнинг одамга айлантириб қўяман. Бу ердаги одамларни, айниқса, зўравонларни яхши билади. Сабаби, опасининг қасдини олиш учун кўп изланган. Хуллас, фойдаси тегади. Уқдингизми, яхши йигит? Ёки яна саволларингиз борми?
— Тушундим, лекин бирдан унга ишониб қолганингизга ҳайрон бўлаяпман.
— Мен унга ишонибманми? — деб кулди Юлдуз. — Сираям ишонганим йўқ. Фойдаланиш керак, холос, севгилим.
— Нега “севгилим”?
— Келишдик-ку! Бир кун севишганлар ролини ўйнаймиз.
— Бор-йўғи бир кунми?
— Балки икки кундир.
Шоҳруҳ чуқур хўрсинди.
— Эй, йигит, — Юлдуз Шоҳруҳни тўхтатиб ўзига қаратди, — шунчалик кўримсиз, ёқимсизманми?!
— Икки кун камлик қиладими дейман?
— Ҳа-а, гап бошқа ёқда денг. Ёқмай кетсин! Лекин иложингиз йўқ. Ана шу икки кун ҳам етади. Балки ора-чора яна шу ўйинни қилармиз. Фақат илтимос, бошқа нарсани хаёлингизга ҳам келтирманг. Келишдикми?
Шоҳруҳ жавоб қилмади. “Хўп”, дегандек бошини қимирлатди. Аммо туси бирдан жиддийлашди. Гарчи атрофни йўл четидаги чироқлар ёритиб турган бўлса-да, йигитнинг юзидаги ўзгаришни тўлиқ кўрсата олмасди. Аммо қиз гапи Шоҳруҳга ёқмаганини сезганди.
Ўн беш дақиқача иккови ҳам сўзсиз ўз хаёллари билан андармон бўлиб юришди. Улар ҳатто ёнма-ён кетаётганларини ҳам унутишганди. Юлдузнинг юзи аламли тус олган, киприкларидаги ёш томчилари оқишга ҳозирлик кўраётганди. Шоҳруҳ Юлдузнинг одамлари қаторига қўшилиб нотўғри иш қилмадимми, деган ўйда бош қотирарди. Айни чоғда акаларининг, айниқса, янгаси Хонзоданинг “каромат”лари хаёлига келиб, ўкинарди ҳам. “Уйдан чиқиб кет, бу хонадонга ортиқчасан, дейишганида ҳам олам гулистон бўларди-ку, индамай кетардим. Шу арзимас нарса учун тепкилаш шартмиди?” — ўйларди у.
— Шоҳруҳ, — деб қолди бир маҳал Юлдуз, — борамизми казинога?
— Ниятингиздан қайтдингизми? — деди Шоҳруҳ қизга нигоҳ ташлаб.
— Йўқ.
— Унда борамиз. Ҳозир мен такси тўхтатай. Сиз эҳтиёт бўлинг, яна бирортаси сумкангизни опқочиб кетмасин.
Юлдуз енгил кулди ва йигитни туртиб қўйди.
Қиз машинада кетаётганларида салон чироғининг ёруғида ўзига обдан оро берди. Ҳайдовчининг ойна орқали тез-тез Юлдузга кўз ташлаб қўяётганидан Шоҳруҳнинг рашки келди-ю, аммо индамади.
Ҳақиқатан ҳам одамни Юлдуз таърифлаган казинонинг салобати босар экан. Шоҳруҳнинг унга кўзи тушиши билан эти жимирлади. Шеригидаги ўзгаришни сезган Юлдуз унинг қўлини маҳкамроқ қисди.
— Азизим, — деди майин табассум билан, — бугун роса дам олиб кетамиз, худо хоҳласа.
Шоҳруҳ ҳам жилмайишга уринди-ю, аммо ўхшатолмади. Шундай бўлса-да, бироз дадиллашди.
Шоҳруҳ беш-олти жойдаги бильярд стол, яна алламбало ўйинлари бўлган жойлар, айланадиган рақамлар, йирик-йирик нарда тошини улоқтирадиган мослама ва ҳоказоларни энди кўриб туриши эди. Дарров қизиқиши ортиб, ўйин жиҳозларига алоҳида эътибор билан қарай бошлади.
— Шоҳруҳ, сиз буларнинг барини аввал минг марталаб кўргансиз, ўзингизни бемалол тутинг, — деди Юлдуз бироз хижолат тортиб. У сўзлаш асносида йигитнинг қўлидан секин чимдиб ҳам қўйди.
Шу маҳал уларнинг ёнига ҳар елкасида битта одам кўтарадиган тақирбош бир рус йигит келиб:
— Хизмат? — деди иржайиб қўлини кўксига қўяркан.
Шоҳруҳ билан Юлдуз ҳали оғизларини очишга улгурмасларидан, унинг ўзи таклифларни бирма-бир санаб кетди.
— Агар қорнингиз очган ёки аввал озгина қизишиб олмоқчи бўлсангиз, бемалол қаҳвахонага киринг, турли спиртли ичимликларимиз бор. Бирдан ўйинни бошлаш ниятларингиз бўлса, ҳозир ёнингизга ажойиб гўзал қизни жўнатаман. У сизнинг ҳамма айтганингизни бажаради.
— Раҳмат, — деди Юлдуз унга майин жилмайиб, — яхшиси, биз озгинадан пиво ичамиз, кейин...
Қиз гапларини охиригача етказа олмади.
— Марҳамат, — дея йигит уларни бинонинг шимолий томонига бошлади.
Тўрт кишилик етти-саккизта стол. Учтасини хўрандалар эгаллаган, қолганлари бўш.
Юлдуз ўтираркан, девқомат йигитга жилмайиб қўйди.
Орадан бир дақиқа ҳам ўтмасдан хизматчи қиз келди. Шоҳруҳ пиво буюртма берганида хизматчи қиз ўн беш хилдан ортиқ пивонинг турини айтди.
— Энг яхшисини олиб келинг, — деди Шоҳруҳ боши қотиб.
— Бизда ёмон пивонинг ўзи бўлмайди, — дея жилмайди қиз.
— Уфф, қийналиб кетдим. Кўзингизга қайси яхши кўринса олиб келаверинг.
Шундан кейин ҳам хизматчи қиз тезда кета қолмади. Пивога нима қўшиб келишини сўради. Табиийки, унинг ҳам тури кўп эди. Шоҳруҳ барча саволларга Юлдузни рўпара қилгачгина унинг охири йўқ, аммо ниҳоятда жозиба билан берилган саволларидан қутулди.
— Бунақада ҳеч нарса ичмай чиқиб кетади одам. Яхшиямки, фақат пиво айтганимиз. Агар бошқа нарсаларниям буюрганимизда... Бир соат қайсиниси, қанақаси, деб тураркан, — деди Шоҳруҳ хизматчи қиз ҳамма саволларига жавоб олгач, минг бир ишваларини кўз-кўз қилиб узоқлашганидан кейин.
Юлдуз кулди, сўнг:
— Кўзига ўтдай кўриниб кетган бўлсангиз керак-да! Энди сиздай йигитни ҳар қандай қиз илинтирсам, деб орзу қилади-да, — деди киноя билан.
— Унда шунинг учун ҳам шу пайтгача биттаям қизнинг қўлидан ушламаган эканман-да.
— Нега ёлғон гапирасиз? Менинг қўлимни ушладингиз-ку! Ёки аллақачон мени қизларнинг қаторидан чиқариб юбордингизми?
— Ушлаш билан ушлашниям фарқи бўлса керак.
Агар қўшни стол атрофини бир-биридан девсифат, юзларидан музнинг нафаси келадиган, кўзлари чақчайган, яна шу ҳолларига лабига гавана сигареталарини қистириб олган тўртта барзанги келиб ўтирмаганида, уларнинг ҳазили кўп давом этарди. Меҳмонларнинг ёнига бир йўла бешта хизматчи қиз келди. Боягидай эзмалик қилишмади. Ҳатто савол ҳам беришмади. Оғизларидан “хўп”дан бўлак сўз чиқмади. Сўнг буюрилган нарсаларни олиб кетишга югуришди.
Шоҳруҳ билан Юлдуз эса бир-бирларига сирли нигоҳ ташлашди.
— Муҳаббат сўзларини биласизми? Бировга севги изҳор қилганмисиз? Мени севишингизни, менсиз яшолмаслигингизни айтинг. Тўхтамай гапиринг, баландроқ овозда, — деди Юлдуз Шоҳруҳга жилмайиб. Агар синчиклаб унинг юзига қаралса, элас-элас безовталик нишоналарини кўриш мумкин эди.
Шоҳруҳ дарров унинг нима демоқчилигини англади. Фақат дабдурустдан бунақанги буйруқ берилгач, сўзни нимадан бошлашни, қайси тилда гапиришни билолмай довдиради.
— Йигитлар доим қизларни алдаш пайида бўлишади, — деди шеригининг сусткашлигидан асабийлашса-да, ўзини босишга, нафақат босишга, балки йигитга эҳтирос билан боқиб табассумини ошкор қилишга ҳам куч топиб. — Мен сизни бутунлай бошқа жойда севги изҳор қиласиз, деб ўйлагандим. Бу ерга дам оламиз, бироз қимор ўйнаймиз, деганингиз учун келгандим. Сизнинг бўлса дарров хаёлингиз бузилди.
— Сизни учратиш қийин. Қиз бола бошингиз билан заводда технологлик қилаяпсиз. Эрталаб ишга келиб, кечқурун ҳориб-толиб кетасиз. Бирон жойга таклиф қилишгаям одамнинг кўнгли бўлмайди. Шундай бўлсаям неча марталаб айланишга таклиф қилганман. Лекин доим рад жавобини бергансиз. Ҳозиргидай имконият яна бўладими-йўқми, Худо билади. Шунинг учун бу ерни қулай билиб...
— Сизга розилик берганим йўқ. Агар берган тақдиримдаям учрашиб юрмайман. Тўғри ЗАГСга борамиз, қонуний эр-хотин бўламиз, сўнг айланишлар бўлаверади, — деди Шоҳруҳга жавобан Юлдуз, юзида жиддийлик аломатлари пайдо бўларкан.
— Демак, сизни севишимга, еру кўкка ишонмай, кафтимда кўтариб юришимга ишонмайсиз. Унда айтганингиздай қиламиз. Эртага саҳардан мен сизни ЗАГСга олиб бораман. Келишдикми?
Юлдуз кулиб юборди. Майин, ширали, нозли овозда кулди. Унинг кулгисини қўшни столда ўтирган барзангилар ҳам эшитди. Улардан бири ошиқ-мошиқларга қаради. Қаради-ю, термилиб қолди. У Арзунинг йигитларидан бири эди. Кўзи ўтдек ёнарди. У Юлдузни кўрганди. Қиз хўжайинини тепкилаб, ҳамманинг кўз олдида шарманда қилганди. Танасидаги шайтоний кучлари кўпириб олдинга интилтирганди уни. Юлдузни бўлакларга бўлиб ташлагиси келганди, ундан кейин бутун уруғ-аймоғини бошқалар олдида ерга урган Арзунинг қонини ичмоқчи эди. Лекин жойидан қимирлай олмади. Ҳадди сиғиб ўзидан амали баландлардан олдинга ўтиб кетолмади. Аммо қизнинг сумбати хаёлида мангуга муҳрланди.
* * *
Агар Шаҳло ойиси кетиши билан унинг ортидан пастки қаватга югуриб тушиб, дадаси ётган хонага кирмаганида, яна икки-уч дақиқа кечикканида, Содиқ жон таслим қиларди.
— Дадажон! — деб бақириб юборди Шаҳло. Отаси қимир этмас, ҳатто нафас олаётгани ҳам билинмасди. Икки қўли бўшашган, сочлари тиккайган. Уни кўрган одам сира ухлаётганга ўхшатмайди. Худди кўча-кўйда мастликдан ёки кутилмаган оғир касалликдан жон бериб, эндиликда бу бечорага одамлар зиғирча бўлсин эътибор бермай, балки нафрат билан қараб ўтиб кетаётгандай эди. Кутилмаганда Шаҳлонинг кўзи тушди. Кутилмаганда қиз унинг ўлиб қолганини сезиб қолди... Ҳар қалай, Шаҳлонинг назарида шундай эди. У отасини кўриши билан ўлиб қолибди, деган хаёлга борганди.
У шошилганча дадасининг бошини кўтарди. Шундан кейингина Содиқ бирдан нафас олди. Гўё саҳрода қолиб ўлгудай чанқаган, кейин кутилмаганда сувга дуч келиб ичишгаям қаноат қилмай ўзини отгандай бўлди.
— Дадажон, сизга нима бўлди?! Нега бунақа ётибсиз, мени қўрқитиб юбордингиз! — деди Шаҳло йиғлаб.
Содиқ кўзини ним очди. Қуюқ туман орасида қизини кўрди. Хунук ўшшайди. Гапирмоқчи эди, оғзидан ғўлдираш билан бирга одамнинг таъбини хира қиладиган ҳид ҳам чиқди. Шаҳло афтини буриштирди.
— Уфф, дада, бунча кўп ичдингиз? Келинг, ваннага обораман, — дея Шаҳло Содиқнинг қўлидан ушлаб турғазмоқчи бўлди. Бироқ ҳарчанд уринмасин, падари бузрукворини жойидан ҳам жилдиролмади.
— Озгина ёрдам берворинг, кучим етмаяпти. Сиз ҳам ҳаракат қилинг.
Қизининг гаплари Содиққа узоқ-узоқлардан эшитиларди. У Шаҳлога ёрдамлашиш кераклигини англади. Лекин қанақа ёрдамлигини тушуна олмади. Гапиради, гаплари ғўлдираб чиқаётганини билмайди. “Қизим анқов бўп қолдими, ҳеч балога тушунмайди?” — деб ўйлайди.
Охири у қимирлади. Нима гап-сўзлигини билмоқ учун ўрнидан туришга уринди.
— Яна озгина, озгина, ҳа, ана, — отасини турғазганидан хурсанд бўлди Шаҳло, — энди юринг. Бир, икки, уч...
Ҳартугул, Содиқ ювиниш хонасига етгунича йиқилмади. Қизининг елкасига суяниб, боши ҳар томонга силкиниб юрди.
Гарчи Содиқнинг бошидан Шаҳло совуқ сув қуяётган эса-да, унга иссиқдай туйиларди.
— Совуқ, — деди у ниҳоят тили калимага келиб.
— Иссиғидан ҳам очайми? — сўради Шаҳло дадасининг гапирганидан хурсанд бўлиб.
Содиқ бошини сарак-сарак қилди. Бунга ҳам қаноат қилмай ғўлдиради:
— Иссиғини ёп, фақат совуқ сувни оч!
Шаҳло, мабодо иссиқ сув жўмрагини ҳам очиб қўйдимми деган хаёлда, оқаётган сувга қўлини теккизиб кўрди. Сув муздай. Агар бироз қўл теккизиб турса, совқотиб қолиши ҳам ҳеч гапмас. У дарров отасининг бошини кўтарди.
— Бўлди, шамоллаб қоласиз. Ваннани илиқ сувга тўлдираман, озгина ётсангиз, яхши бўласиз.
Орадан ўн беш дақиқача ўтгач, бўйнигача сувга чўккан Содиқ лаззатланиб ухлаб қолди. Унинг отаётган хурраги ташқарига ҳам эшитиларди. Шаҳло унинг тепасига келди. Бироз қараб турди. Бир хаёл турғазмоқчи бўлди. “Майли, яна ўн минутча ётсин, кайфи бутунлай тарқасин, кейин турғазаман. Унгача кофе тайёрлаб қўяй”, дея хаёлидан ўтказди.
Қаҳвага шакар аралаштираётганида қўл телефони жиринглаб қолди. Телефон экранига қаради. Муроднинг рақами ўчиб ёнаяпти. Ичидан шодлик отилиб чиқиб, юзида табассум шаклида кўриниш берди.
— Нега жимиб қолдинг, жоним? Сендан роса хавотир олдим, — деди Мурод Шаҳлонинг овозини эшитиши билан.
— Ҳали ҳаммасини айтиб бераман. Ҳозир ойим сизларникига бордиларми? Кетганларига анча бўлди. Етган бўлишлари керак, — деди Шаҳло шўх овозда.
Мурод билдики, қизнинг кайфияти яхши. Демак, ойиси ҳам уларникига яхши ниятда келаяпти. Унинг юраги бирдан орзиқиб кетди.
— Лекин ҳозиргача келмадилар... Шошма, кимдир келганга ўхшайди. Кимдир қўнғироқни босди. Эсиз, эртароқ айтмабсан-да, тайёргарлик кўриб қўярдик. Эшикни очай-чи, кейинроқ ўзим телефон қиламан, — деб Мурод қизил тугмачани босди.
Дарров ойисига меҳмон келганлигини айтди. Фотима опа кимлигини сўраганида, шивирлаб Шаҳлонинг онаси эканлигини тушунтирди. Фотима опа шошиб қолди. Шундоғам батартиб бўлган меҳмонхонани бир сидра кўздан кечирди.
Мурод эса бориб эшикни очди.
Шаҳлодан унинг ойиси ҳақида кўп эшитган, тасаввурида қовоғидан қор ёғадиган, хўмрайиб боқадиган аёл сиймоси қотиб қолган эди. Шу боисдан ҳам эшикни ўзи очмоқчи бўлди. Хўмрайиб турган бўлса, бир-икки оғиз ширин сўз айтади. Озгина юмшатади. Кейин онасига кўрсатади. Ҳартугул, юзида озми-кўпми нури бўлган аёлни кўрсатади.
У эшикни очди-ю, бутунлай бошқача аёлни кўрди. Қадди-қомати келишган, сочлари елкасига тушиб турувчи, юз-кўзлари обдан бўялган, елкалари очиқ, икки қулоқларида тилла сирға ярқираган, ўттиз ёшлар атрофида бўлган аёл.
Қаҳрлига ўхшамас эди-ю, лекин шумлик бордай.
— Ассалому алайкум, — деди мулойим овозда.
— Сиз, — деди Хонзода Муродни бошдан-оёқ кузатишда давом этаркан.
— Сизга ким керак эди? — сўради Мурод мумкин қадар ўзини самимий тутишга уриниб.
— Агар шу Муроджонларнинг уйи бўлса... Мен Шаҳлонинг ойиси бўламан.
— Шунақами? Келинг, келинг, — дея дарров Мурод бўлғуси қайнонасига (ҳар қалай, у шу фикрда эди) йўл бўшатди.
Хонзода остонада ҳам бир муддат турди. Деворга ёпиштирилган оддий қоғозга, шифтнинг шунчаки оҳаклаб қўйилганига, оёқ остидаги эски гиламчага қараб, бурнини жийириб қўйди. Озгина ўзига тўқ бўлса, йигит яхши бўлса, балки рози бўларман, деган фикр ҳам йўқ эмасди унинг хаёлида. Уйидан чиққанидан кейин шу фикрга келувди. Озгина кўнгил илиши дарров ҳавога учди-кетди.
Сўрашиш учун унинг истиқболига чиққан Фотима опа билан номигагина кўришди.
Гарчи ҳамма ёқнинг батартиблиги хонадоннинг ниҳоятда озодалигидан далолат бериб турган бўлса-да, ижирғанишга ўзида куч тополди. Столга ҳам омонатгина, гўёки хонадоннинг камбағаллиги унга ҳам юқиб қоладигандек ўтирди.
— Шаҳло менинг қизим бўлади, — деди чой олиб келиш учун ўрнидан турмоқчи бўлган Фотима опага.
— Шаҳлохон жудаям ажойиб қиз экан, умридан барака топсин. Кўришим билан менга ёқиб қолди. Худди ўзим орзу қилган қиз экан, — дея оғзидан бол томиб Хонзоданинг қизини мақташга тушиб кетди Фотима.
— Ҳа, шундай, бошқача ўзи у, — деди Хонзода унинг гапини тасдиқлаб, — яхши одамларнинг қўлида тарбия топган-да, камчилик кўрмаган, тўқ яшаган...
Унинг гаплари Фотима опага оғир ботди. Лекин у буни билдирмаслик учун жилмайиб:
— Кўриниб турибди, муомаласидан, — деди.
— Соддалигиям бор-да, — деди сўзларига алоҳида таъкид бериб Хонзода, — бўлмаса ўз тенги билан топишарди. Эшикни очган ўғлингиз, чамамда. Гапдонгина йигитга ўхшайди. Одатда, кўп гапирадиганларнинг қўлидан ҳеч вақо келмайди. Бири икки бўлмай ўтиб кетади.
Фотима ҳанг-манг бўлиб қолди. Дарров нигоҳини ерга қаратаркан, деди:
— Муроджон кўп гапирадиганлар хилиданмас, “ичимдагини топ” дейдиган. Икки-учта жойда ишлайди. Мақтамоқчи эмасман-у, лекин ўғлим ишлаганидан бери рўзғоримизга барака кирди.
— Кўриниб турибди. Энди-и, очиғига кўчиб қўя қолайлик. Нимани яширмайлик, эрта бир кун барибир ошкор бўлади. Эскилар бекорга кўрпангга қараб оёқ узат, дейишмаган. Сиз билан мен бутунлай бошқа-бошқа одамлармиз. Шаҳло ёшлигига бориб, ўғлингизнинг ширин гапларига учган. Бу ерни бир кўрса, қайтиб қадамини босмайди. Шунинг учун болангизга айтинг, қайтиб қизимни безовта қилмасин. Бечора Шаҳло, адашганидан уйда куйиб-ёниб ётибди. Мендан илтимос қилди: “Бориб айтинг, мен у хонадонга келин бўлмайман”, деди. Ўзи ўғлингизга айтишга уялибди. Онаман, мана келдим, яхшиликча ҳаммасини сизга тушунтирдим. Менинг ўрнимда бошқа хотин бўлганда, қиёмат қиларди.
Фотима опа ҳайкалдек қотиб қолган, Хонзоданинг гаплари бир қулоғидан кириб, иккинчисидан чиқиб кетаётганди.
— Ҳалиги, — деди Хонзода ўрнидан туришга ҳозирланаётганида, — ёшлар бир-бирларига кўнгил қўйган, уларнинг бахтига қандай қилиб тўсиқ бўламиз?
— Уфф, айтдим-ку сизга! Орада ҳеч қанақа яхши кўриш бўлмаган, шунчаки ҳавас. Бугун бор, эртага йўқ. Дарров бир-бирини эсларидан чиқариб юборишади. Мана кўрасиз, ўғлингизнинг отини Мурод дедингизми? Хуллас, ўша бола, ўзига мос — сал “бундайроғи”ни топади. Мен ҳам қизимни ўзимизга ўхшаган бой-бадавлат хонадонга узатаман. Шунинг учун ҳеч нарсадан ташвиш қилманг.
У гапини тугатиши билан меҳмонхонага Мурод кириб келди. Унинг ранги оқарган, кўзи алланечук ёнарди.
— Қанчалик қаршилик қилсангиз ҳам мен Шаҳлога уйланаман. Мен унга шунчаки ҳавас қилганим йўқ. Қизингиз ҳам мени яхши кўради. Сиз келмасингиздан олдин телефон қилиб, бошқача гапирувди, — деди.
— Шаҳло менинг қизим! — деди Хонзода овозини баландлатиб. — Тақдириям менинг қўлимда. Икки қулоғинг билан эшитиб қўй, йигитча, агар унга яна бир марта яқинлашсанг, ўлдиртириб юбораман!
* * *
Қизнинг парик кийиб олгани унинг кўзини чалғитди. Қараганида бошқача нигоҳ, эҳтирос билан боққанди. Юлдузнинг шу ерда бўлиши унинг хаёлига ҳам келмаганди. Билгани — ниҳоятда сулув қизга қандайдир йигит севги изҳор қилаяпти. Афтидан, қизга бу йигит ёқмаяпти. “Қаёқдан ҳам ёқсин? Унга мана бизга ўхшаганлар, тоғни толқон қиладиганлар керак. Бўш, латталарни деб, гулдай умрини ҳавога совурсинми?” У ёнига хизматчи қизни чақирди ҳамда унинг қулоғига:
— Анави столга менинг номимдан битта шампан виноси, шоколад ва гул келтириб қўй, — деди. Унинг гапларини шериклари ҳам эшитишди. Аввалига ҳиринглашди. Сўнг жозиба маликаси бўлмиш Юлдузга бошқача кўз билан қарашди. Сергак Юлдуз қўшни столдагилар эътиборини тортганини англади. Бир неча дақиқадан кейин нимадир содир бўлишини ҳам ич-ичидан сезди ва Шоҳруҳга жилмайиб:
— Агар тезда кўнглимни тополмасангиз, қуруқ қоласиз, — деб чап кўзини қисиб қўйди.
Шу маҳал уларнинг буюртмасини хизматчи қиз олиб келди.
— Ростини айтсам, — деди Юлдуз шивирлаб, — шу пайтгача бирор мартаям пиво ичмаганман. Маст бўп қолмайин тағин.
— Озгина ичинг, бировга билдирмай менинг кружкамга солиб қўйинг, тушундингизми? — деди Шоҳруҳ унга жавобан.
— Вой айёр-эй! Лекин розиман. Кейин биронта ўйин ўйнаймиз.
Ташқаридан қараганда, Шоҳруҳ Юлдузнинг кўнглини топгандай эди. Иккаласи ҳам хушчақчақ, маза қилиб пиво ичишаяпти, мазали овқатлар тановул қилишмоқда. Йигит-қизнинг тил топишиши қўшни столдаги барзангига ёқмади. У ошиқ-маъшуқларнинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб ўтирарди. Ниҳоят, унинг буюртмаси Юлдуз ўтирган столга келтирилди.
— Кечирасиз, — деди Юлдуз қизга ажабланиб қараркан, — назаримда, сиз адашдингиз. Биз шампан виноси, шоколад ва гул буюртма қилмагандик.
— Сиз учун махсус, қўшни столдагилар буюришди...
Юлдузнинг кўзи ўзига еб қўйгудек термилиб турган қўшни столдаги барзангига тушди. Бир неча сониялик нигоҳлар тўқнашувидан кейин дарров у кўзини олиб қочди. Шоҳруҳ пешонасини тириштирди. Ўз-ўзидан қўллари мушт бўлиб тугилди унинг.
— Ёқиб қолдими? — деди киноя билан.
Юлдуз унинг гапини ҳазилга бурди. Атайин бошқаларнинг кўзича шундай деяпти, деб ўйлади. Ваҳоланки, Шоҳруҳ ўзбекча гапирганди. Ўзбек тилини бу ерда улардан бошқа ҳеч ким тушунмайди. Бироқ қиз эътибор бермади. У ҳали ҳам келишилган ўйин давом этаяпти деб хаёл қилиб ўтирарди.
— Агар ёққан бўлса нима қилардингиз? — жилмайди Юлдуз.
— Ўрнимдан тураман-у кетаман. Қолаверасиз, ўша сўхтаси совуқ билан...
— Вой-вой, жинни, нималар деяпсиз? Нега ўз тилимизда гапираяпсиз?
Юлдуз шундай деди-ю, бирдан қовоғи осилди.
— Аҳмоқ, — деб қўйди ортидан.
Бу маҳал қўшни столдаги барзанги ўрнидан туриб, секин уларнинг ёнига яқинлашаётган эди. Юлдузнинг ичи музлаб кетди. Шоҳруҳ саросималанди.
— Шампан виносини сизларга ўзим очиб беришни хоҳлардим, — деди барзанги хунук иржайиб.
— Кечирасиз, — майин сўзлади Юлдуз, — биз вино ичмаймиз, овора бўлибсиз.
— Демак, пиво ичасизлар. Жудаям соз. Келинглар, ҳеч бўлмаганда, мана шу ерда қўшни бўлиб қолганларинг учун ичамиз.
У йигит билан қизни ҳайрат оламига тушириб, безбетларча стол устидаги пиводан қадаҳларга қуйди. Ўзига қадаҳ йўқ эди. Агар буйруқ кутиб термилиб турган хизматчига бир имо қилганида, шу заҳоти унинг истаги бажариларди. Аммо у бундай қилмади. Шишани қўлига олди ҳамда Юлдузга қараб:
— Овозингиз ниҳоятда таниш туйилаяпти, мабодо бирон жойда кўришмаганмидик, — деб сўради. У бу гапларни айтгунча икки-уч дақиқа ўтиб кетди. Сўзларга кўпам тили келавермаганидан тутилиб, ҳатто ўйланиб гапирди.
— Асло! Мен сизни ҳеч қачон кўрмаганман.
Юлдузнинг кескин, дадил гапи барзангини бироз довдиратди. У қалин қошларини чимириб:
— Отдик, — деди.
Барзанги қолган-қутган пивони қултиллатиб ютиб бўлгач, лабини артди-да, жойига кетди. Азбаройи яхши сўзлолмаганидан кетди. Юлдузнинг ёнида ўзини ноқулай сезди. Шу жойда у кўнглида озгина бўлса ҳам уялиш ҳисси борлигини намойиш этиб қўйди.
— Овсар, — деди у кетганидан кейин Юлдуз.
Шоҳруҳ кулди.
— Боягина ёққанди-ку?! — деди паст товушда.
Қўшни столда эса қаҳқаҳа янгради. Барзангининг шериклари унинг устидан кулишмоқда эди.
Юлдуз сездики, бу ерда ортиқча ўтириб бўлмайди. Чунки стаканларини тўлдириб-тўлдириб ароқ ичаётган қўшни столдагилар кайфлари ошиб қолгач, унга тегажоқлик қилишлари кундай равшан бўлиб қолганди. Қиз бундан асло қўрқмайди. Аммо тузган режаларининг бари барбод бўлишидан чўчийди.
Бир хаёл у ўрнидан турмоқчи ҳам бўлди. Аммо дарров фикрини ўзгартирди. Чунки жиддий одамлар, айниқса, катта тўданинг вакиллари ҳеч қачон ичганларидан кейин қизларга тегажоқлик қилиб, обрўларини туширишмайди. Мабодо шунақанги ишга қўл урсалар, оқибати яхши бўлмайди. Хўжайинлари хабар топишса, туғилганларига пушаймон қилишади.
Шуларни ўйлаган Юлдуз ўзини хотиржам тутди. Аммо Шоҳруҳнинг безовталиги ҳали-ҳамон йўқолмаганди. У пивосини кам-камдан, лекин тез-тез ичарди.
— Юринг, келганга яраша бирон нима ўйнаб кетайлик, — деди Юлдуз ва ўрнидан турди.
Аммо қимор ўйнаш уларга насиб этмади. Бир неча соат бурун Юлдузнинг сумкасини ўғирлаган йигит билан бирга Саша кириб келди.
— Мана топдик, — деди Саша ўшшайиб, — йўқотиб қўйдикми, деб қўрққандик. Лекин топдик. Демак, қўлимиздан нимадир келади. Бизни ишёқмас, ақлсиз, деб ўйлаётганлар бутунлай адашаркан. Хоҳласак, ҳамма нарсани...
— Етади, — дея жилмайди Юлдуз, — нега келдинглар?
— Нега? — Саша саволни такрорлаб шеригига қаради. — Чунки ёқиб қолдинглар, сизлар билан кечани маза қилиб ўтказмоқчимиз, — деди сўнг қизга қараб иржайганча.
У гапираётганида худди рақсга тушаётгандай қилпангларди. Унинг кўрсатаётган “каромат”лари Шоҳруҳга ёқмади. Жаҳлланди.
— Сенларга кўзимиз учиб тургани йўқ эди, шунинг учун йўқолинглар бу ердан. Яна жағларингнинг суяклари зириллаб қолмасин, — деди у Сашага.
— Оҳ, қанақанги сўзлар! Очиғини айтсам, мана шунақа гаплашганларни ёқтираман...
У кутилмаганда бирдан сўзлашдан тўхтади. Ранги оқариб, кўзи олайди.
— Нега тўхтаб қолдинг, тилингдан ари чақиб олдими? — деди жилмайиб Юлдуз.
Шунда Саша кўзи билан улардан беш-олти қадам наридагиларни кўрсатди. Қиз билан Шоҳруҳ у томонга қарашди-ю, бояги барзангини кўришди.
— Буратинонинг одамлари, — изоҳ берган бўлди Саша ва ортига бурилиб кета бошлади. Юлдуз уни тўхтатмоқчи бўлиб энди оғиз жуфтлаганида, Шоҳруҳ унинг қўлидан ушлади.
— Ўйин ўйнайлик, бу болаларни танимаймиз-ку, — деди у.
Юлдуз йигитга юзланди. Бироз термилиб турди. Сўнг жилмайди. Қўлидан ушлаб силтади.
— Раҳмат, бу сафар менинг қовун тушириб қўйишимга сал қолган экан, биру бир! — деди.
Бу сафар ҳам улар қимор ўйнаш улгуришмади. Шампан виноси билан меҳмон қилмоқчи бўлган барзанги яна ёнларига келди.
— Хоним, — деди дағал овозда, — юришингиз, гапларингиз менга жудаям таниш. Шу пайтгача сезгим алдамаган. Сизни қайсидир ресторанда кўрганман.
У ёлғон гапираётганди. Арзу билан Юлдузнинг уришгани унинг хаёлига ҳам келмаганди. Шунчаки, Юлдуз ўрнидан туриб кетаётганида ортидан кузатиб, қизнинг қадди-қоматидан лол қолган, ичидан бир нима чирт этиб узилганди. “Ҳеч бўлмаганда, шу қизни бир кеча қучоғимда олиб ётмасам, отимни бошқа қўяман”, дея ўзига-ўзи ваъда берганди. Фақат у қизнинг кетиб қолишидан қўрқувди, шу боис, кўзини узмай ўтирганди. Агар Юлдуз билан Шоҳруҳ эшик томонга юрганларида, албатта, эргашарди. Исмини, қаерда яшашини сўрарди. Мабодо унинг ёнидаги болакай (ҳа, у Шоҳруҳни шундай атай бошлаганди) хархаша қилса, яхшилаб жағини эзиб қўяди.
(Давоми бор)