Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Олтинчи қисм)
Юлдуз унга жилмайиб қўйди. Бу ҳаммасидан ошиб тушди.
— Мен ўзимни соттириб қўядиган одамларданмасман, — деди Шоҳруҳ унинг табассумига жавобан.
— Жиннивой, — дея эркалаган бўлди уни Юлдуз.
— Нима деяпти? — сўради ҳеч вақога тушунмаган Петка.
— Ўзаро гап, ишга алоқаси йўқ, — изоҳ берди қиз. Унинг юзи янада жиддий тус олган, нимадандир безовта эди у. — Ишга кўчайлик. Шунча гаплашсак ҳам, барибир ҳал бўлмади.
— Одамларингнинг ёнидаям гаплашаверасанми? — деди Петканинг ҳам қиёфаси тундлашиб.
— Булардан яширадиган сирим йўқ. Демак, қўлингдан ҳеч вақо келмайди. Мен олиб келган молимни ерга ағдараман-у, орқамга қайтаман, шундайми?
— Вазият ўзгарди, деб неча марта айтишим керак?
— Бўпти, келишдик. Сен четда турасан. Ўзим молниям тушираман, сотаман ҳам. Лекин халақит берма. Орамизда уруш чиқишини истамасанг керак.
— Оҳ, аёллар, аёллар, сизлар билан ишлаш нақадар оғир. Шунақанги сирлисизларки, буни билиш учун эркак зотининг умри етмайди. Хоним, мен сизга аниқ-тиниқ қилиб айтдим. Овора бўласиз. Аллақачон сизнинг юкингиз ҳақида маълумот олишган. Етиб келиши билан, эгалари...
— Эгаси менман, — деди Юлдуз Петканинг гапини бўлиб ўзини кўрсатаркан. — Тирик эканман, мендан бошқа одам эга чиқолмайди. Ўша зўравонларингга шунақа деб айтиб қўй... Ҳартугул, базадаги омборхонамга биров тегмагандир. Ёки униям сен орқали топишдими?
— Мен дўстларни ҳеч қачон сотмайман.
— Сотмайсан, лекин сен бечоранинг қўлинг кўрсатиб қўяди-да.
— Бас! Ўзингдан кетма! Қиз бола бўлганинг учун чидаяпман ҳақоратларингга, лекин ҳаддингдан ошадиган бўлсанг, ўзим учун жавоб бермайман! — дея бақириб юборди Петка.
— Қўлингдан қўрқитишдан бошқа ҳеч вақо келмайди.
Петканинг кўзи олайди. Ғазаб билан аввал Жамолга, кейин Бекка, сўнгра Юлдузга қаради. Ёнидан сигарета олди. Ўпкасини тўлдириб тутун ютди. Ана шундан кейин унинг йигитлари ҳаракатга тушиб қолишди. Бирдан беш киши югуриб келиб ўтирганларнинг атрофини ўради. Ҳар бирининг қўлида тўппонча.
— Бунчалик қуён юраклигингни билмаган эканман. Аввалдан билганимда, сендақаларни мутлақо ёнимга яқинлаштирмасдим, — деди жаҳли чиққанидан қизариб кетган Юлдуз чаққонлик билан Петканинг биқинига тўппончасини тираркан, — югурдакларингга айт, “ўйинчоқ”ларини орқаларига тиқишсин-да, бу ерда қораларини ҳам кўрсатишмасин.
Петка сигаретасини шошилмасдан кулдонга эзди. Сўнг йигитларига боши билан ишора қилиб кетишларини буюрди.
— Баракалла, калланг ишлайди, — деди мийиғида кулган Юлдуз, — энди биз кетамиз, боплаб меҳмон қилдинг. Бир умр эсдан чиқмайди.
Петка бошини эгди. Ғазаби бўғзига келган, аммо шу ернинг эгаси бўлса-да, битта ҳам ортиқча ҳаракат қилишга ҳақи йўқ эди унинг.
Шоҳруҳ Юлдузнинг ёнида юрди. Қўрқди. Бунақанги кескин гаплардан кейин, албатта, унга ҳужум бўлади деб ўйлади. Уни қаттиқ ҳимоя қилгиси келаётган эди. Яна кўнглида аллақандай қизғанишга ўхшаш бир нарса ҳам пайдо бўлганди.
Ташқарида уларни бошқа — Россияда ишлаб чиқарилган машина кутаётганди. “Тузоқ бўлмасин тағин бу?” — дея ўйлаган Шоҳруҳ машинага ўтирганидан кейин билдики, ҳайдовчиси ўзбек экан.
Улар шаҳар ташқарисига чиқишгач, ёши етмишдан ошган кампирникига қўноққа киришди. Кампир аввалдан Юлдузни яхши таниркан, қучоқ очиб кутиб олди. Айланиб-ўргилиб ҳаммани уйига таклиф қилди. Дастурхон ёзди. Бор егулигини меҳмонлар олдига қўйди, ўзи эса Юлдузнинг ёнига ўтирди.
— Ўзимнинг қизим, гўзал қизим, — дея эркалади.
Шу пайтгача қовоқларидан қор ёғаётган йигитларнинг ҳам, Юлдузнинг ҳам чеҳраси очилди. Иштаҳа билан тамадди қилишди. Озроқ ичкилик ҳам бўлди. Сўнг кампир қиз билан бирга бошқа хонага кириб кетди.
Шу билан Шоҳруҳ эртасига пешингача Юлдузни кўрмади. У хонадан мутлақо чиқмади. Бу сирли йўқолув Шоҳруҳни ўйлантириб қўйди. У хаёлан минг бир кўчани айланди. Бироқ Юлдузнинг нега кўриниш бермаётганини барибир билолмади. Йигитлар эса шод-хуррам эдилар. Бир-бирлари билан ҳазиллашар, қарта ўйнашар, ора-чора пиво ичишарди. Улар кампирни егулик учун бошқа безовта қилишмади. Бек бозор қилиб келди. Кампир эса масаллиқлардан таом тайёрлаб берди.
— Мол кепти. Бизни кутишаяпти, — деди ниҳоят хонасидан чиққан Юлдуз йигитларга.
Унинг шу кўриниши, қарашлари Шоҳруҳ илк маротаба вокзалда кўрган ҳолдагига қайтган эди. Кўзи чақнарди.
— Базага туширамиз, ҳамма нарсага тайёр бўлинглар, — деди қиз гапини давом этказиб.
База билан кампирнинг уйи оралиғи икки ярим соатдан мўлроқ йўл экан. Шоҳруҳ қайинлару арчазорларни, кейин бир-биридан баланд иморатларни томоша қилавериб чарчади. Охири машина деразасига бошини қўйиб хаёл сура бошлади. Акаларини, янгаларини эслади. Ичида алам ўти ёнди. Қўли муштга айланди, кўзида ёш пайдо бўлди. Чуқур хўрсиниб қўйди.
Ниҳоят, машина вокзалдан унчалик узоқ бўлмаган, кўринишидан бирмунча хароба, каттагина дарвоза ёнида тўхтади.
— Жамол ака, — деди Юлдуз, — бориб айтинг, дарвозани очишсин.
Жамол икки дақиқача дарвозани урди. Аммо ичкаридан биров садо бермасди.
Юлдуз бир кафтига иккинчи қўлини мушт қилиб тез-тез ура бошлади. Бу унинг асабийлашаётганидан дарак берарди. Унинг ички ҳаяжони тилига ҳам кўчиб:
— Падар лаънатилар, нега очишмайди, ўлиб қолишганми? — деди ва ортига ўгирилиб Шоҳруҳга юзланди-да:
— Бориб тепинг, — дея буйруқ берди. Шундоғам қизнинг безовталигидан жойида зўрға ўтирган йигит машинадан отилиб тушди-да, илдам юриб дарвоза ёнига борди. Аммо тепишга улгурмади. Дарвозанинг кичик табақаси очилиб, калбош, соқоли ўсиб кетган, уст-боши исқирт, алкашнамо бир одам кўриниш берди.
— Онангнинг уйига келдингми? — деди у дағал овозда. — Келиб очаяпман-ку, нега тепасан?
— Имиллаб сасиб ётавермасдан, тезроқ очмайсанми, эшак?! — дея бақирди унга Жамол ва уни кўкрагидан итариб юбориб ичкарига бостириб кирди.
— Зўрликни юртингда қиласан. Киришдан олдин эллик граммга берсанг ўлармидинг? — дея ғўлдиради дарвозани очганига афсусланиб.
Юлдуз ичкарига кириб кўрдики, иккала вагони ҳам унинг омборхонаси рўпарасида турибди. Ундаги кучли стресс ҳолати дарров тарқади. Жилмайиб вагонлардан бирини силаб қўйди ҳамда йигитларга гапириш учун ортига бурилди-ю, қотиб қолди. Чунки кўзи бошқа омборхонадан чиқиб келаётган узун-калта, гавдалари ҳам шунга монанд, кўзларидан қаҳр ёғилиб турган йигитларга тушди. Уларни бошлаб келаётган йигитни Юлдуз яхши танийди. Аввал ҳам бир неча марта тўқнаш келган. Исми Арзу. Ҳўл мева билан савдо қилади. Шаҳарни гўё ўзиники қилиб олган, бировни киритмасликка уринади доим. Неча-неча савдогарларни қонига белаган. Юлдузга ҳам илгари таҳдид қилганди. Огоҳлантиргандики: “Агар менинг чегарамни яна босиб ўтадиган бўлсанг, қиз болалигингга қараб ўтирмайман, аввал обдан топтаб, кейин терингни шиламан”. Мана, рўпарасидан чиқиб турибди.
— Сўзимни икки қилганларни жуда ёмон кўришимни биларсан, деб ўйлагандим, — деди рус тилини бузиб талаффуз қилган Арзу Юлдузга етишига беш-олти қадам қолганида тўхтаб, қалин мўйловини силаркан.
— Аёлмисан? — дея Юлдуз бир қўлини вагонга тиради.
— Ҳе...Ҳе...Ҳе, эркаклигимни кўрсатайми? — деди Арзу ёнидагиларга қараб иржаяркан. Унга рўпарадан қараганда, бурнининг узунлиги кўпам билинмасди, аммо ёнидан қарасангиз, бурун қурмағур керагидан ортиқ ўсиб кетганидан унинг турқини баттар хунуклаштириб кўрсатарди. Ёши қирқ бешларга яқинлашиб қолган бу одам шу пайтгача икки марта қамоқда “саёҳат”да бўлганди. Аввалига ўғирлик орқасидан (17 ёшида) беш йил умрини панжара ортига бағишлаган бўлса, кейингисида наша чекиб, кайфда қўшнисини бўғизлаб қўйганди. Турмада ҳам тинч ўтирмади. Оқибатда, иккала юзига ҳам чандиқдан нақш бериб, кейин озодликка чиқди. Пермга беш йил аввал келган ва шароитни тезда ўрганиб чиққач, атрофида ўзига ўхшаш дордан қочган одамларни тўплаган эди. Унинг тўпорилиги қолган бўлса-да, илгаригидай гўл эмасди.
Зўравонлик қилиш билан бирга кўпчилик амалдорларнинг томоғини мойлашнинг ҳам ҳадисини олганди. Шу боис дарров ошиғи олчи бўлди. Бир ўзи бутун шаҳарни мева-чева билан таъминлаб, чўнтаги ҳаддан зиёд бақувватлашиб кетганди. Энди унинг олдини унча-мунча одам кесиб ўтолмайди.
— Осилган этингга ишониб, эркакман деб юрибсанми? Агар эркак бўлганингда ёшгина қизчанинг ёнига бир тўда югурдакларинг билан келмасдинг. Битта ўзинг келиб ишни битирардинг! — деди Юлдуз тап тортмай. Афтидан, шунақа кўринаётган эди у, аслида қўрқув аллақачон бутун вужудини эгаллаб бўлганди.
— Вой, ярамас-э, илон билан қариндошлигинг бор экан-ку. Сен билан пачакилашиб ўтиришга вақтим ҳам, сабрим ҳам қолмади, — деб Арзу ёнидан пичоғини чиқариб қўлининг атрофида айлантирди.
— Менга қара, ҳов эркак, бошқаларнинг қонини тўкиб нима қиламиз? Менинг одамларим ҳам сеникидан кам қуролланмаган. Ҳеч бўлмаганда, иккита итваччангнинг пешонасидан дарча очиб қўйишади. Сенинг ўзингни-ку, биринчи навбатда йўқ қилишади. Ундан кўра, кел, иккаламиз олишамиз. Мени ютсанг, икки вагон юким сеники, агар қиз болага ютқазсанг, менимча, тўртта барзангига бош бўлишингнинг ўзи уят. Хўш, розимисан?
Арзунинг кўзи ўт бўлиб ёнди. Зеро, у бунақанги таҳқирни сира кутмаганди.
* * *
Мурод шу заҳоти ўзи ҳам орқа елкасидан мушт еди. Бироқ анави шилқим йигитга ўхшаб йиқилиб тушмади, тик оёқда қолди-ю, тугилган қўлнинг яна битта аччиқ “таъм”ини татиб кўришга мажбур бўлди. Ўзиям кўзидан ўт чақнади. Бир муддатга кўз олди қоронғилашди. Агар ўша зарба такрорланганда, гурсиллаб йиқилиши ҳам мумкин эди.
“Тўхта!” — дея кимдир бақирди. Мурод дарров илғаёлмади. Ўзига келганда, учала йўлтўсар ҳам орқасига қараб қочмоқда эди. Икки милиционер эса уларни қувлаётганди. Шаҳло эса кафтлари билан юзини бекитиб йиғларди.
— Йиғлама, — деди унинг ёнига борган Мурод, — қочиб қолишди. Бўлди, энди ҳеч нарса бўлмайди.
— Нега?! Нега?! — дея юзидан қўлини олган Шаҳло ҳансираганча уларга яқинлашиб келаётган аёлни кўриб қолди. Сўнг шоша-пиша кўзидаги намни артди.
Фотима опа етиб келиши билан ўғлининг қўлидан ушлаб унинг юзига қаради.
— Ёмон уришмадими? Ҳеч қаеринг оғримаяптими?! Яшшамагурлар ким экан?..
— Яхши, ойи, менга ҳеч нарса қилмади, лекин маразни боплаб урдим, агар мелиса келиб қолмаганда, учовиниям адабини бериб қўярдим.
Ўғил онасининг кўнгли учун юзидаги оғриқни айтмади, кўнглини кўтариш учун шилқимларнинг додини бериб қўйиш қўлидан келажагини ғурур билан гапирди. Аммо она кўз ўнгида ўғлини савалаганликларидан жони чиқиб кетаёзган эди. Ҳар қандай таскин сўзи уни ҳали-бери юпатолмасди. Қарғагиси келаётганди. Ич-ичидан шундай қилаётганди ҳам. Ва айни чоғда, Шаҳлони ҳам чин дилдан кўргиси келмаётганди. Тўғрироғи, ҳали танишмай, бир оғиз сўзини эшитмай туриб, ёмон кўриб қолаётганди.
— Шаҳло, кечирасан, озгина ушланиб қолдим, келишимиз қийин бўп кетди, — деди Мурод ойисининг эътиборини қизга қаратиш учун.
— Жа, овлоқни танлабсизлар-да, — деди Фотима опа Шаҳлога юзланар экан. — Қиз боланинг бундай жойда ёлғиз ўтириши яхшимас.
Фотима опанинг айни дақиқада айта олиши мумкин бўлган энг юмшоқ гапи мана шу эди. Ортиғига унинг кучи етмасди.
— Мурод акам, — дея паст овозда тилга кирди қиз, — шу ерни айтгандилар, шунга...
— Хаёлимга ҳам келмаган эди шундай бўлиши, лекин хафа бўлма, бунақанги шилқимлар ҳар қадамда топилади. Муҳими, вақтида келиб қолибмиз, тўғрими, ойи? — деб Мурод Фотима опага юзланди ва қўлини юзидан олиб, тобора катталашиб келаётган шишларни кўрсатиб қўйди.
Бирдан кўзлари қинидан чиқиб кетаёзган она, дарров ҳамма нарсани унутиб, ўғлининг юзини силади.
— Оғримаяптими? — дея сўради.
Севган йигитининг азобланганини кўриб, Шаҳло титради. У ҳам худди Фотима опа сингари Муроднинг юзини силагиси, ҳатто ўпиб қўйгиси, кечирим сўрагиси келаётган эди. Аммо имкони йўқлиги боис, ҳаммасини кўз ёши билан бирга чиқариб юбораётганди.
— Сезилганиям йўқ, ойи, сиз хавотир олманг, яхшиси, танишинг, бу Шаҳло, — дея Мурод жилмайишга уриниб қизни кўрсатди.
Кўрсатилган гўзалга бошдан-оёқ қараб чиққан Фотима опа ич-ичидан севинди. Зеро, ўғлининг диди чакки эмасди. Бироқ, шу пайтнинг ўзидаёқ, кўнглида пайдо бўлган оз фурсатли қувонч ортга чекинди. Гўзалликнинг ошиғи кўп, ҳар ким унга етишишни истайди. Демак, бундай гўзаллик бошга кўп ташвиш келтиради.
— Уйдагилар ҳаммаси яхшими? — сўради Фотима опа тил учида. — Ойингизга айтмабсиз-да, танишиб олардик. Балки манавинақанги ғавғо ҳам бўлмасди. Хушчақчақ келиб, хушчақчақ кетардик.
Унинг сўзлари қизнинг юрагига наштардек ботаётганини Фотима опа сезмасди. Агар у шундай гапиришда давом этса, Шаҳлонинг ортиқ туришга мадори етмай қочиб кетиши ҳам мумкин эди.
— Ойи, — деди Мурод Шаҳлонинг ўрнига гапириб, — сизга йўлда ҳаммасини айтдим-ку.
— Ҳа, болам, айтдинг.
— Ана шунақанги гаплар-да, ойи... Лекин Шаҳло жудаям яхши қиз. Ҳали сиз ҳам ёқтириб қоласиз.
Қиз севгилисининг сўзларидан қизарди ва бирровга ола қараш қилиб қўйди.
— Мен сизларни кафега таклиф қиламан, қани кетдик, — деди Мурод ташаббусни қўлдан чиқармаслик учун.
Қаҳвахонанинг алоҳида кичик давралар учун ажаратилган хонасида ойиси билан севгилисини ёлғиз қолдирган Мурод буюртма бериш баҳонасида ташқарига чиқди.
— Қизим, — деди Фотима опа ўғли кетганидан кейин, — жанжал бўлмайдиган бирортаям оила йўқ. Бундай ўйлаб қарасангиз, ҳаммаси майда-чуйда гап. Шунинг учун бу ердан чиқишингиз билан тўғри уйингизга боринг, ойингиздан кечирим сўранг. Шу билан ҳаммаси изига тушиб кетади. Бу менинг сизга айтмоқчи бўлган биринчи гапим. Кўринишингиздан ниҳоятда ақлли қизга ўхшайсиз. Муроджон сизни роса яхши кўраркан, йўлда мақтади. Ишқилиб, умрингиздан барака топинг.
Мақтов ердан нигоҳларини узолмай ўтирган қизнинг бошини баттар эгди.
— Ойижон, — деди у зўрға, — мени кечиринг. Сизнинг ёнингизга бунақанги қилиб чиқмоқчимасдим. Кутилмаганда бўлиб қолди.
Унинг «ойижон» дейиши Фотима опанинг кўнглини мойдай эритди. Қаҳвахонага келгунларича у бу қизгинанинг роса танобини тортмоқчи эди. Мана шу биргина “ойижон” деган сўз уни ниятидан қайтарди.
— Ўзим ўргилай, — деди Фотима опа аллақандай, меҳри товланиб, — “ойижон” деган тилларингизга жонимни берай. Ҳаётда нималар бўлмайди? Ҳаммасига асабийлашаверсак, яшашимизга ҳожат қолмайди. Лекин, қизим, барибир уйингиздагилар билан гаплашмасангиз бўлмайди. Кечирганни Оллоҳ ҳам кечиради. Агар сизни ноҳақ уришишган бўлишса ҳам, ўзингиз кечирим сўранг. Кўрасиз, ҳаммаси жой-жойига тушиб кетади...
“Ойижон, — хаёлидан ўтказди Шаҳло, — кошки менинг аҳволимни билсангиз. Агар мени бирорта номаъқул ишим учун уришишганларида, калтаклаганларида ҳам рози эдим. Лекин амаким бечорани бекордан-бекорга жигарларига ёмон кўрсатиб қўйди ойим. Буларни сизга айтолмайман, яхшиси, мени уйингизга олиб кетинг. Розиман, оппоқ кўйлак киймасликка, тўй қилмасангиз ҳам майли, фақат... фақат ўғлингизга мени никоҳлатинг. То абад хизматингизни қиламан”. Шаҳлонинг кўзидан томчилаётган ёш Фотима опанинг юрак-бағрини эзиб юборди. У бўлажак келинини бағрига босди.
— Қизим, — деди.
— Ойижон, — деди унга жавобан Шаҳло ҳам.
Буюртма бергандан кейин ҳам талай муддат ташқарида турган Мурод бу пайтда эшик ёнига келиб, ойиси билан Шаҳлонинг сўнгги гапларини эшитган ва ич-ичидан хурсанд бўлиб кетган эди.
Мурод ойисини уйлари ёнида қолдириб, Шаҳлони кузатгани кетди. Мурод изига қайтиб кетганидан сўнг, Шаҳло дарвозаси қўнғироғини босиш-босмасликни билолмай, бироз туриб қолди. Охири Фотима опанинг сўзларини эслаганидан кейин тугмачани босишга ўзида журъат топди.
Хонзода қизини кўриши билан кўзига ёш олди. Уни дарров бағрига босди.
— Мени пичоқсиз сўйишингга оз қолди, болам, тириклайин гўрга кириб кетардим бугун ҳам келмаганингда, — деди йиғламсираб.
Шаҳло дарахт мисол қотиб турар, ойисининг сўзларидан янада алами ортганди.
— Ойи, — деди у лаблари титраб, — мен кўпга келганим йўқ.
— Нега? — деди ҳайрон бўлган Хонзода уни қучоғидан бўшатаркан.
— Узоғи билан бир ҳафта тураман уйингизда, сўнг кетаман.
— Қаёққа?!
— Турмушга чиқиб кетаман.
— Нималар деяпсан?! Эсинг жойидами?!
— Севган йигитим билан гаплашиб келдим. Эртага совчилар келишади...
— А-а?! — дея оғзи очилганча қизига термилиб қолди Хонзода.
* * *
Шомурод аканинг ёдига куёвининг ит мисол думини ликиллатиб, бир парча нон умидида ялтоқланганлари тушди. “Содда бўлган эканман: ҳамма нарсани тахт қилиб бераверибман, думининг бир четидан босиб турганимда, ҳозир бунақанги кеккайиб кетмасди. Хом сут эмган банда кўпни кўргани билан барибир алданиб қоларкан. Қизим, набираларим бор-ку, қилсам шуларга қиламан-да, дебман. Афсус!” — дея хаёлидан ўтказди у.
— Ака, ўйланиб қолдингиз? — деди ундан кўзини узмай рўпарасида ўтирган Маъмур.
— Маъмуржон, мени неча йилдан бери биласан? — дея сўради пешонасини қашлаган Шомурод ака.
— Йигирма йилдан ошди-ёв, адашмасам, — деб совиб қолган чойни ҳўплади унинг рўпарасидаги қотмадан келган, сочлари силлиқ, боқишлари жиддий киши.
— Шунча йилдан бери бировнинг бурнини қонатганимни биласанми?
— Бунақа иш қўлингиздан келмаса керак.
— Қўлимдан келишга келарди. Ҳатто мени кўп марта алдаб кетишганларидаям индамаганман. Лекин кимки менга хусумат қилган бўлса, ўзи абгор бўп қолган. Худонинг ўзи жазолаган. Ука, мен сенга айтсам, шу сафарги хусумат этимдан ўтиб суякка қадалди. “Бейрон” фирмасини билсанг керак?
— Билганда қандоқ. Куёвингизники-ку! Бойвачча бўп кетган куёвингиз. Бопларкан ишни.
— Бир-иккита жойида касали бор. Мен кўрсатиб қўяйин сизга. Бориб обдан текширсангиз, — деди Шомурод ака қаншарини қашлаб.
— Тушунмадим. Куёвингизнинг фирмасини-я?! Тинчликми, ишқилиб?
— Ҳаммасини кейин ўзим тушунтираман. Сиз ишни кўраверинг. Лекин шундай қилингки, жони бўғзига келсин.
Маъмур қўлини кўксига қўйиб: “Сизни уринтирмайман, куёвни ўзим тавбасига таянтириб бераман”, дея чиқиб кетди. Шомурод ака уни хунук нигоҳи билан кузатиб қўйди. Унинг гаплари ёқмади, лекин айни ёқимсиз гап унга сув билан ҳаводек зарур бўлиб турган бўлса, не қилсин?!
Маъмур ваъдасининг устидан чиқди. Чиқмаганда қаёққа борарди? Ўтган йили қарз олган. Кийимнинг аввал астарини кўрадиган Шомурод ака, сумма йирик (йигирма минг доллар) бўлгани учун, пулни нотариус орқали расмийлаштириб қўйганди. Аслида камроқ пулни ҳам у гувоҳлар орқали берарди, токи эрта бир кун чув тушмаслиги учун. Шомурод атайлаб, Маъмурдан қарзини сўрамайди. Қачонки, унинг ўрнини боса оладиган ишончли одам топилсагина, узун ташлаб қўйган ипининг бир четидан секин тортади. Қарзини Маъмур у сўраган вақтда берса берди, бермаса, машинаси, уйи дегандай, ундириб олаверади.
Орадан икки кун ўтиб, Содиқ қайнотасининг ёнига келди.
— Дада, дўконимни босишди. Лаънати сотувчи ҳеч кимга чек ёзиб бермабди. Аввал шундан ушлашди. Кейин беш-олти хил молнинг ҳужжати йўқ эди, бошқа ишкаллар ҳам бирин-кетин чиқиб келаяпти. Ёрдам беринг, — деди йиғламоқдан бери бўлиб.
— Ўғлим, — дея салмоқ билан гапирди Шомурод ака, — неча марта айтганман “Тоза ишланг”, деб. Бир кунмас-бир кун шундай бўлиши аниқ эди. Энди таниш-билишларингизни ишга соласиз-да. Мени биласиз, қаридим. Ошна-оғайниларим ҳам ўзим қатори, уйга кирса эшикка чиқолмайди, эшикка чиқса уйга киролмайди. Бизнинг замонлар ўтди... Бойсиз, тўрт-беш сўмнинг баҳридан ўтиб қўя қоласиз-да.
— Дада, мен танийдиганларнинг ҳаммаси пастда, келганлар анча юқоридан экан. Пул бераман, дедим. Кўнишмади. Нима қилай, уйим куядиганга ўхшайди. Ҳали набираларингизни уйли-жойли қилмадим. Турмада ўтирсам, уларнинг ҳоли нима кечади? — дея бошини чангаллади Содиқ.
Ўшанда Шомурод куёвининг устидан ошкора кулди. “Жипириқ, ҳолинг шу экан-у, кеккайишга бало бормиди?.. Шошма, қизимга қўл кўтарганинг учун қон қустираман сени... Қачонки бориб Хонзоданинг оёғини ўпасан, ундан кейин ўйлаб кўрамиз”, дея хаёлидан ўтказди.
— Менинг қўлимдан нима ҳам келарди, ўғлим? Набираларимнинг отасиз қолишини истамайман, лекин нима қилай, чорасизман-да...
Боши эгилиб, қора терга ботган Содиқ қайнотасининг кабинетини тарк этаркан, ич-ичидан эзилар: “Келиб-келиб, сен шоқолдан нажот истадимми?” — дея ўйлар эди. Аммо у дўконларидан бирига бориб, юраги қўрқувдан ёрилаёзди. Текширувчилар ёрлиқсиз қўлбола Қозоғистон ароғини топишибди. Яқиндагина Ренат исмли йигитдан сотиб олганди уларни. Бор-йўғи уч яшик эди. Беш-олтитасинигина сотишга улгурди. “Энди тамом бўлдим”, — дея хаёлидан ўтказди. Сўнг текширувчилар бошлиғи Маъмурнинг ёнига бориб оёғига йиқилди.
— Акажон, — деди йиғламоқдан бери бўлиб, — раҳм қилинг. Илтимос, оғзингиздан чиққанини бераман. Фақат шафқат қилинг, уйим куйиб кетади.
Маъмурнинг қовоғи уйилди. Ғазаб билан айбдорга тикилиб турди-да:
— Сизни бунчалик паст кетасиз, деб ўйламагандим. Ўзингизга ярашмаган қилиқни қилманг. Ҳозирча бўшсиз, агар савол туғилиб қолса, ўзим чақираман, — деди.
Содиқнинг оёқларидан дармон кетиб бўшашиб қолди. У нима қиларини билмай, бир неча марта дўкон ичига кириб чиқди. Чора ахтарди. Лекин муаммонинг ечимини тополмади. Хаёлида қайнотаси атай ёрдам бермагандай туйилаверди. Авваллари Шомурод ака уни қучоқ очиб кутиб олар, дарҳол котибасига чой дамлатар, куёвининг олдига ширинликлар қўяр, Содиқ бирон нимадан қийналаётгани ҳақида оғиз очиши билан: “Ҳал бўлади, бу дунёда ҳал бўлмайдиган иш бормикан? Мен шу ёшга кириб нималарни бошдан ўтказмадим дейсиз! Лекин ҳар доим қуруқ чиқиб кетганман. Аввал чойдан ичинг, кейин гапирасиз ўша сизни қийнаётган нарса ҳақида”, дерди. Бу сафар бошқача кутиб олди. Кўришиш учун ўтирган жойидан унга қўл узатди. Котибасига чой дамлатмади. Бутун суҳбат давомида хўмрайиб ўтирди. Аввалига Шомурод аканинг сўзларига чиппа-чин ишонган Содиқ ҳозир мана шулар ҳақида ўйлади-ю: “Қайнотам бекорга бунақа қилмади”, деган хулосага келди. “Шошма, — деди у кўча бўйида сигаретасини тутатаркан, — Хонзодада ишкал бўлмасин тағин. Манжалақи отасига бирон нима деган чоғи. Ҳа, шундай, бўлмаса, қари тулки тўнини тескари кийиб олмасди. Дарвоқе, илгари манави текширувчиларнинг бошлиғи билан ошначилигим бор, дегандай бўлувди-ку. Нега энди айнан унинг ўша таниши келди? Бир гап борга ўхшайди”.
— Ака, — деди у Маъмур ўтирган алоҳида хонага кириб, — мен Шомурод аканинг куёвлари бўламан.
Содиқнинг юзидаги табассум унинг ички ҳадигини яшириб турарди. “Қайнотамнинг номини айтишим билан, текширувчиям иржаяди”, деб ўйлаганди. Аммо Маъмурнинг хўмрайган башарасида мутлақо ўзгариш сезилмади.
— Нима қипти шунга?! — деди у дағдаға билан. — Қайнотам фалончининг таниши бўлади, деб билган куйингни чалиб юраверасанми?! Кейин айтиб қўяй, мен Шомурод деган одамни тушимдаям кўрмаганман. Уқдингми? Энди бор, мен ҳужжатларни кўраяпман. Керак бўлсанг, чақираман. Ҳа, айтиб қўяй, узоқлаб кетма.
Ранги бўздай оқариб кўчага чиққан Содиқ тағин аламини тамакидан олди. Кўзига текширувчига қўшилиб қайнотасиям бало-қазодай кўриниб кетди.
“Ҳайдайман, — деди у ўзига-ўзи, — қизини ҳайдаб юбораман. Уйни сотиб бўлсаям камомадни тўлайман, кейин акамнинг фирмасига ўтиб ишлайвераман. Россияда танишларим кўп. Демак, акамга мендай одам зарур. Бемалол қўлимга беш-олти миллион тутқазиб, мол олиб келишга жўнатади... Шошма, аввал масаланинг тагига етай, Хонзода билан гаплашай. Агар у ҳақиқатан ҳам отасига сасиган бўлса, ундан кейин отимни қамчилайман”. У хотинининг телефон рақамини терди. Узоқ муддатли чақирув бесамар кетди. Шундан сўнг жаҳли чиққан Содиқ уйига қўнғироқ қилди.
Бу пайтда Хонзода қизининг юзига анқайганча термилиб турарди.
— Ҳазиллашаяпсан, тўғрими, қизим?! Мен билан бир ҳазиллашгинг келган. Бироз қўрқитиб қўйиш учун. Севган йигитинг бўлиши мумкин, эртага у совчиларини жўнатишиям мумкин. Лекин бир ҳафтадан кейин тўй бўлмайди, шундайми?! Келишиб...
— Ойи! Сираям ҳазиллашаётганим йўқ. Мурод акамнинг ойилари эртага келадилар. Агар бирдан мени беришга рози бўлмасангиз, ўзимни осаман ёки сирка ичаман. Тамом-вассалом, — дея кескин гапирди Шаҳло.
— Қизим, даданг мана шу гапларингни эшитса борми, иккаламизниям...
— Ҳеч нарса қилмайди, — дея бирдан Хонзоданинг гапини бўлди Шаҳло, — дадамнинг бурнидан ип ўтказиб олгансиз, қаёққа судрасангиз, шу ёққа кетади...
У бошқа гапларни ҳам айтмоқчи эди. Аммо юзига теккан шапалоқ бирдан сўзлашдан тўхтатди. Ойисига термилиб қолган Шаҳло киприклари пирпираб юзини силади.
— Ҳа, сизлар уришга ўрганиб қолгансизлар, қўлингиздан бошқа нарса келмайди! — дея Хонзодани четлаб ўтди-да, тез-тез юрганча уйга кириб кетди.
— Шаҳло, шошма, шошма дедим, Шаҳло! — дея бақириб Хонзода унинг ортидан уйга кирди. Телефоннинг асабий жиринглаётганини эшитгач, гўшакни олиб яна жойига қайтариб қўйди. Тинимсиз йиғлаб, юқорига кўтарилаётган қизининг ортидан термилди. Карахт бир аҳволга тушди. Яна телефон овози қулоғига чалинди. Гўшакни кўтариб:
— Нега ҳадеб безовта қилаверасиз?! Қанақа одамсиз ўзи?! — дея чинқирди.
— Хонзода, нималар деяпсан?! — деган овоз келди унинг қулоғига.
— Содиқ ака, сизмидингиз?
Хонзоданинг кўзидан ёш думалаб тушди. У ҳиқиллаганча эрининг қолган гапларини эшитмасдан:
— Тезроқ етиб келинг, қиз керак бўлса ўзингиз қайтаринг, менинг қўлимдан келмай-д-и-и! — деди.
— Яна нимани бошладинглар? Дўконларимни босишди. Давлениям мингга чиқиб турганда, тағин каромат кўрсатаяпсанларми?!
— Дўконингизни тўғриласа бўлар, лекин қизингизни ҳозир қайтармасангиз, кейин кеч бўлади!
— Бўлмаса, — деди Содиқ миясига келган ўйдан юзи ёришиб, — дадангга айт, оғайниси билан гаплашиб турсин. Унгача мен уйга бориб, Шаҳлодан хабар оламан!
— Хўп-хўп, бўлинг тез! — деб Хонзода дарров Шомурод аканинг телефон рақамини терди.
Дадасининг овози унинг кўнглини баттар бўшаштириб юборди. Анча вақтгача гапиролмади. Бурнини тортиб йиғлайверди, йиғлайверди. Қизининг тили калимага келавермаганидан Шомурод ака бўғилди: “Ҳойнаҳой, лаънати Содиқ тағин қилиқ чиқаргандир”, деган ўйга борди.
— Гапир, Хонзода, нима бўлди?! Ким сени йиғлатяпти бунча, гапир?! — дея тинимсиз қизини сўроққа тутаверди.
— Дада, — деди ниҳоят ўзини бироз босиб олган Хонзода, — анави... анави ўртоғингизми, оғайнингизми, Содиқ акамнинг дўконларини текшираётган одам билан гаплашиб туринг, илтимос! Содиқ акам уйга келаяптилар.
— Нега йиғлаяпсан, нега?! — бақириб юборди Шомурод ака. — Эринг бирон нима дедими?!
— Йў-ў-қ, набирангиз қилиқ чиқариб турибди, дадаси келиб гаплашиб қўйсин, менинг гапларимга қулоқ солмаяпти, сиз ўртоғингиз билан гаплашиб туринг.
Хонзода гўшакни қўйди-да, кўз ёшини артиб юқори қаватга қаради. Тепада, зина охирида Шаҳло тикилиб турарди.
— Ойи, — деди алланечук бўғиқ овозда, — дадамни яна заҳарламоқчи бўлиб чақиряпсизми? Аввал амакимни ёмонлаганингиз камлик қилган экан-да. Мендан кейин навбат кимники? Мабодо дадамники эмасми?
— Нималар деяпсан, бетайин қиз?! Ҳали қаёқларда сан-қиб юрганингнинг жавобини бермай туриб, яна нимани бошлаяпсан?.. Ҳа-а, ҳамма айб ўзимда. Талтайтириб юбордим. Шу пайтгача билган ишингни қилиб юрдинг. Бундан кейин ҳам кўнглинг шуни тусайдиган бўлиб қолибди. Қани, мен ё дадангнинг рухсатисиз эрга тегиб кўр-чи?.. Йигитлари бормиш, ваъда берганмиш, бир ҳафтадан кейин тўйлари бўлармиш... Бошқа ҳеч нарсани хоҳламайсанми?! Шу йигитингга бериб бўлибман! — дея кўкрагига урди Хонзода. — Кимга десам, шунга тегасан! Биламан, қаердаги гадойваччани топиб олгансан!
— Бас қилинг, ойи! Қачон бировларни камситишдан тўхтайсиз? Тўғри, Мурод акамнинг оиласи бизникидай бой эмас. Лекин улар тоза одамлар. Ҳеч кимнинг ғийбатини қилишмайди. Бировни туҳмат билан уйидан ҳайдамайди. Билиб қўйинг, мен фақат Мурод акамга эрга тегаман. Ҳамма нарса аллақачон ҳал бўлган. Энди бошқага беролмайсиз! — дея бақирган Шаҳло югуриб хонасига кириб кетди. Ўзини каравотга ташлаганча: “Агар, — деди йиғламсираб, — бирортаси йўлимга тўғаноқ бўлса, сирка ичаман. Ҳа, бугуннинг ўзидаёқ ичаман. Эртага бизнинг уйда мотам бўлади”.
— Ни-ма? Нима деди? Ҳамма нарса ҳал бўлган... Нима ҳал бўлди? Наҳотки, менинг қизим... Шарманда! Қўни-қўшнилар, таниш-билишлар олдида қандай бош кўтариб юраман энди?
Хонзода жуда паст овозда гапирди. Турган жойига ўтириб қолди. Довдираб, худди нажот қидиргандай атрофига олазарак боқди. “Ҳамма нарса ҳал бўлган, ҳамма нарса ҳал бўлган”, дея лаблари пичирлашда давом этди.
* * *
Шомурод ака Маъмурнинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, илтимос қилди. “Бугунча текширувни тўхтатиб туринглар, бошқа нарсалар чиқиб қолди”, деди. Сўнг хотиржам кабинетида ўтиролмай, ташқарига чиқди-ю, қоп-қора “Тойота”сини юрғазди.
* * *
Содиқ мўлжални аниқ олганига ич-ичидан севиниб кетганди. Уйида бутунлай бошқача воқеалар содир бўлаётгани эса унинг мутлақо хаёлига келмасди.
* * *
Арзу ёнидан тиғи бир қарич келадиган пичоқ чиқарди-да, аста-секин Юлдузга яқинлаша бошлади.
— Уялмасдан қиз болага пичоқ кўтариб келяпсанми? — деди мийиғида кулган Юлдуз уришга тайёрланиб енг шимараркан.
— Мен сен манжалақи билан тепишиб ўтирмайман. Тилиб ташлайман, тамом! — ўкирди у. Аммо қизга етишига икки-уч қадамча қолганида бирдан тўхтади-да, ортига ўгирилди.
— Мен, — деди йигитларига қарата, — қиз бола билан муштлашиб обрўйимни тўкмоқчи эмасман. Айтганимни қилмагани учун бўғизламоқчиман. Агар қўлидан келса, одамчалари ҳимоя қилишсин.
— Қуён юрак! — деди Юлдуз ғазабланиб. — Қўрқдинг-а!
Ўқрайган Арзу икки қадам босди, лекин учинчисига улгурмади. Юлдуз бироз ортига тисланди-да, айланма зарба билан унинг пичоқ ушлаган қўлига тепди. Бундай бўлишини Арзунинг бирорта ҳам йигити кутмаганди. Олдинги қатордагилардан бири илгарилаётганда, ёнидагиси елкасидан ушлаб тўхтатди.
— Бир қизга икки эркакнинг ташланиши уят, — деди.
Қўлидан пичоғи учиб кетган Арзу ўшшайди.
— Чаккимас, битта чиқибди-да, лекин эрта хазон бўласан-да, гулча! —деб қизга отилди.
Қуруқ савлат, турмада “ўтириб” чиққанини “байроқ” қилиб олиш, ёвузлигини кўрсатиб қўйиш учун ожиз одамларнинг томоғига тиғ тортиш билан беш йил каратэ, бир йил “самурай” мактабини ўтаган қизга қарши чиқиб бўлмаслигини у Юлдузга ташланган заҳоти илғади.
(Давоми бор)