Найти в Дзене
euroasia.me

Мафия сардори (Тўртинчи қисм)

Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Тўртинчи қисм)

* * *

Хонзода қилган ишидан ўзида йўқ хурсанд эди. Айни пайтда кўнглидаги хижиллик ҳам уни қийнаётганди. Ярим тунгача қизини кутди. Бироқ ундан дарак бўлмади. Қўл телефонига бир неча марта қўнғироқ қилди. Аммо телефон ўчирилган. Дардини эрига айтишдан қўрқади: “Қизингнинг бир балоси борки, уйдан кетиб қолган”, дейиши мумкин. Ўзи қизи билан қайнисини дарвозахонада кўрганини эрига айтиб, балога қолиб кетишига оз қолди. Яхшики, Содиқнинг кайфи бор эди. Ҳамма нарсани аниқ-тиниқ англаёлмади. “Шу овсиним Фароғатдан ҳеч яхшилик кўрмаганман, келиб-келиб шунинг гапига ишониб ўтирибман-а! Шоҳруҳни ўғрига чиқарганимнинг ўзи етиб ортарди-ку! Ишқилиб, охири бахайр бўлсин”, дея ўйлади у. Кейин Шаҳлонинг дугонаси Севинчнинг телефон рақамини қидирди, афсуски, ҳеч қаерга ёзиб қўймаган экан. Шундан сўнг эшикка термилиб ўтирди. Дарвоза ёнига бир неча марта бориб келди. Тун ярмидан ошганида кўзини уйқу босди ва: “Мабодо Шаҳло келса, кўчада қолиб кетмасин”, деган ўйда дарвозанинг кичик табақасини очиқ қолдирди-да жойига кириб ётди.

Алғов-далғов туш кўриб, эрталаб ҳаммадан олдин уйғониб кетди. Халатини елкасига илар-илмас, қизининг хонасига борди. Шаҳлонинг каравоти бўм-бўш эди. Бир муддат қотиб турди. Боши ғувиллади. Кечаги хурсандчилигидан асар ҳам қолмади. Эрталабдан асабийлашишига сабабчи бўлган Шоҳруҳни баттар ёмон кўриб кетди (энди у ҳақиқатан ҳам ёмон кўра бошлаганди). Бориб роса қарғаб хуморидан чиқмоқчи бўлди-да, зиналардан илдам юриб пастки қаватга тушди. Шоҳруҳнинг жойида йўқлигини кўргач, бирдан капалаги учди. Эрига хабар беришдан аввал ювиниш хонасини, бошқа жойларни кўриб чиқди. Бироқ Шоҳруҳ изсиз йўқолган эди. Ана шундан кейин ҳалигача пишиллаб ухлаётган эрининг ёнига югурди. Туртиб уйғотди.

— Укангиз йўқ! — деди алланечук ҳаяжон билан.

Содиқ дабдурустдан унинг нима деяётганини англамади. Кўзини уқалаб бироз ётди-да, оғзини кенг очиб энсади, кейин:

— Нима? — деди хотини бевақт уйғотганидан (соат саккиздан ошганди) норози бўлиб.

— Укангиз йўқ, деяпман. Қаергадир гумдон бўлибди. Бориб у ёқ-бу ёқни қаранг, яна кўчага чиқиб, бирон ерда ағанаб, бизни шарманда қилмасин...

Содиқнинг хаёлига бирдан кечаги воқеалар тушди. Кимсан, фалончи бойнинг укаси шу аҳволда кўчага чиқса, яна бирон жойда думалаб қолса... Яхши гап бўлмайди. Айниқса, қўшниларга гап топилади. Бирига минг қўшиб бутун маҳаллага достон қилишади. Шаҳарда бунақанги миш-мишларнинг умри кўпам узоққа чўзилмайди-ю, лекин эшитган қулоққа яхши эмас. Содиқ ана шу лаҳзаларда қизини унутиб, шатир-шутур кийимларини кийиб кўчага чиқди. Киши билмас атрофга назар ташлаб кетаверди. Бироқ Шоҳруҳ ҳеч қаерда кўринмасди. Охири унинг ҳафсаласи пир бўлиб уйига қайтди. Кутиб олган хотинига: “Жони тошдан экан, қорасини ўчирибди”, деди ва сўнг қизини сўради.

— Вой, дадаси, Шаҳло қаттиқ хафа бўлибди. Амакисининг шунақанги хурмача қилиқлариям борлигини билмаган-да қизим бечора, уялганидан дугонасиникига кетиб қолган, шекилли, кечадан бери йўқ.

Содиқнинг кўз олдига укаси билан қизининг бир-бирини қучиб тургани келди. Қошлари чимирилиб, юзи бўғриқди.

— Маразлар! — деб бақириб юборди кутилмаганда. — Иккови тил топишиб олган. Ҳойнаҳой, ҳозир улар бирга!

Бу гапдан Хонзода даҳшатга тушиб, кўзи олайиб кетди. Ўзи тўқиган ёлғони чинга айланиб кетганидан, юраги қафасидан чиққудек урар, хўрлиги келиб, аламини кимдан олишни билмай жиғибийрон бўларди.

— Ёшгина қизнинг бошини айлантирган эшак! Келиб-келиб ўз синглингни!..

Қолган гапларни Содиқ айтолмади. Тили бормади. Қони кўпчиганидан бўйин томирлари бўртиб чиқди.

— Қизингиз эсли-ҳушли...

— Ўчир овозингни! — ўкириб юборди Содиқ. — Ҳаммасига сен айбдорсан! Уйда тухум босиб ўтирасан! Ўласанми, орқа-олдингга қарасанг?! Иккови шунча гаплашибди, биргалашиб бир жойга жуфтакни ростлабди, лекин сенинг ҳеч вақодан хабаринг йўқ! Мен энди қандай бош кўтариб юраман! Нима деган одам бўлдим!!!

Хонзода ўзини ташлаб юборди ва ерга чўзилиб олди-да, ўкириб йиғлашга тушди. Содиқ унга нафрат билан қараркан, деди:

— Ўликка ўхшаб ётволиб томоғингни йиртгунингча уйга кир! Телефон қил дугона-пугонасига, сен билмаган нарсани улар билишар!

Содиқ ғазаб билан зинани тепди-да, бориб ҳалгинчак ўриндиққа ўтириб, чўнтагидан сигарета олиб тутатди. Аммо ичидаги аланга босилмади. Яримлаган сигаретасини улоқтириб юборди. Сўнг яна биттасини олиб лабига қистирди.

Хонзода эридан ҳеч қачон бунақанги қўпол муомалани эшитмаганди. Қизи йўқолиб қолгани, Шоҳруҳни айбсиз айбдор қилгани буйрагини булк эттирмади. Бироқ эрининг ҳақорати суякларигача зирқиратиб юборди. У алам билан ўрнидан тураркан: “Ким сени одам қилувди? Дарров ҳаммаси эсингдан чиқиб кетдими, кўрнамак?! Ҳали шошмай тур, дадажоним ҳалиям аввалгидай, бойликда ундан ўзган бўлсанг ҳам, таниш-билиш, ошна-оғайнинг йўқ сенинг!” — деди пичирлаб ва уйга кирди.

Кетма-кет асабий жиринглаган телефон унга юқори қаватга чиқишига имкон бермади. “Эй, Худо, ишқилиб, Шаҳло бўлсин”, дея ўйлаган Хонзода шоша-пиша гўшакни кўтарди. У ўйлагандай, гўшакдан қизининг: “Ойи”, деган майин овози эшитилди.

* * *

Эшик “ғийқ” этиб очилганида Шаҳлонинг эти жимирлаб кетди. Кўзини ним очиб эшик тарафга қаради. Мурод бир-бир босиб унинг ёнига келди. Бирдан қизга ташланиб қолмади. Каравотнинг ёнгинасига келиб ўтирди. Секин севгилисининг иссиқ қўлини ушлади. Юзига суртди. Ўпди. Тишини-тишига босиб зўрға ётган Шаҳло:

— Мурод ака, — деб юборди ўзи сезмаган ҳолда ҳаяжонланиб, — нима қилаяпсиз?!

— Ухлаёлмаяпман, жоним. Ухлаёлмаяпман!

Шундай дея у ўрнидан турди, Шаҳло томон энгашди. Қизнинг юз-кўзларидан ўпди. Бу сафар Шаҳло қаршилик қилишга ожиз эди. Унга меҳр керак эди. Айни дамда ўша меҳрни туяётгандай эди...

Бир соатлардан кейин қиз йигитнинг кўксига бошини қўйиб кўзини юмиб ётар, Мурод эса бағридаги гўзалнинг сочини силарди.

— Нега йиғламадинг? — сўради Мурод қиздан.

— Нима фойдаси бор? Барибир изига тушмайди-ку... Сизнинг гапларингизга ишондим. Агар сўзларингиз ёлғон бўлса, дунёдаги энг нафратли қизга айланаман. Бунақанги қизнинг яшамагани афзал... Уйдан ёлғон сабаб чиқиб кетгандим. Ҳозир ёлғиз ишонадиганим сизсиз... Илтимос, сиздан ҳам нафратланмайин...

— Шаҳло! Жоним, сен мен учун борлиғингдан кечдинг. Қиз бола бошинг билан шунчалик мардлик қилсанг-у, мен сўзимда турмасам, эркак деган номдан воз кечсам ҳам бўлаверади. Эртага пешинда уйдагилар қайтиб келишади, ўшанда уларга сени таништираман. Ирим-сирим, бошқа нарсалар кейинги масала, асосийси, бир умрга меники бўлишинг муҳим. Розимисан?

Шаҳло жавоб қайтармади, фақат бош силкиб қўйди ва талай муддат хаёл сургач:

— Улар келганларида мени кўришса, бошқача хаёлга боришади. Шунинг учун келгунларича бирон ёққа бориб турайлик, — деди.

— Сен нима десанг шу.

Кўрганлари, бўлиб ўтган даҳшатли воқеа Шаҳлонинг худди тушида рўй бергандай эди. У қийналди. Жисмоний қийноқ зумда ўтиб кетгани билан кўнгил оғриғи талай муддат хаёлидан кетмади. У бургага аччиқланиб кўрпа куйдирганга ўхшарди. Шу боис, анча вақт ухлаёлмади. Сассиз йиғлади. Мурод эса бу пайтда пишиллаб ухларди.

Тонг отганидан кейин ҳам талай муддат ўзига келолмаган қиз тўйсиз жувонга айланиб қолганлигининг бош сабабчиси — ойиси билан гаплашмоқчи бўлиб уйига қўнғироқ қилди. Бу вақтда отаси ҳали ухлаб ётишини яхши биларди у.

— Қизим, — деди Шаҳлонинг овозини эшитиши билан Хонзода, — юрак-бағрим эзилиб кетди. Пичоқсиз сўйиб қўйдинг-ку, қаерларда юрибсан?!

— Ойи, шундай дейишга уялмайсизми? Қизингизни бадном, ёмонотлиқ қилган ўзингиз-ку! Сиз уни тириклай кўмдингиз-ку! Амакимнинг нима гуноҳлари бор эди? Ўғрига чиқарганингиз камлик қилганидай, қизингизга ёмон назар билан қараганини айтдингиз дадамга! Дадам йўқликларида унинг ўрнини босадиган одам қандай қилиб ўз жигарига ўта жирканч ишни раво кўриши мумкин?..

— Шаҳло! Қизим! Шаҳло! — деди шошиб Хонзода.

— Ойи! — деди кўз ёшларини тиёлмаган Шаҳло. — Гапларимни бўлманг, чунки сиз билан охирги марта гаплашаяпман. Амаким шунча гап-сўздан кейин барибир уйда турмайди. Бош олиб чиқиб кетади. Мен уларни яхши биламан, жуда ориятли йигит. Энди сиз яширган тилла тақинчоқларим ҳам ўзингизга қолди. Бойлик, мол-мулк хоҳлагандингиз, ҳаммасига эришдингиз!..

Гўшакдан қисқа товуш келиб қолди. Хонзоданинг юзини кўз ёши ювар, у бутунлай ёлғизланиб қолган, ота-онаси ташлаб кетган етимга ўхшарди. Қайғу шунчалик оғир бўлиши унинг тушига ҳам кирмаганди. Биргина қайнукаси унинг измига юрмагани учун ўч олмоқчи бўлганди. Эвазига... Эвазига олгани ҳаддан ошиб кетди.

— Топаман! — деган ўкирик эшитилди ташқаридан. — Ернинг тагидан бўлсаям топаман, икковиниям қонини ичаман!

Отилиб уйга кирган Содиқ хотинини туртиб ўтди-да шошганча юқори қаватга чиқиб кетди. Полга гурсиллаб йиқилган Хонзода эри ётоқхонанинг эшигига етганда:

— Дадаси!!! — дея чинқириб юборди.

Содиқни ток ургандай бўлди. У бир сапчиб тушди-да зина бошига келиб пастга қаради.

— Қизингиз тоза! Унга ит ҳам тегмаган... Дугонасиникидан телефон қилди!

— Мараз, ўласанми шуни эртароқ айтсанг?! — деди алами бўғзидан отилиб чиққан Содиқ ва бўшашиб ўтириб қоларкан. — Хайрият!.. Хайрият, — дея пичирлади.

Орадан бир соат ўтгач, пўрим кийинган Содиқ машинасига ўтириб, дўконларидан хабар олиш учун кетди. Шундан кейин озгина ўзига келган Хонзода хонасига кириб отасининг телефон рақамини терди.

— Дада, — деди йиғлаб, отаси “Алло!” дейиши билан, — тез уйга келиб кетинг...

У бошқа гапирмади. Дарров қўл телефонини ўчириб қўйди. Хонзода отасининг характерини жуда яхши билади. Агар шунақа қилса, бечора ота ҳамма ишини ташлаб, оёғини қўлига олиб, қизининг ёнига югуради.

Дадаси Шомурод ака Хонзода кутганидан ҳам тез — ярим соатлар ичида етиб келди. Ранги докадек оқариб:

— Нима бўлди, қизим? — дея сўради.

— Дада, — деди отасининг бағрига ўзини ташлаган Хонзода, — сизнинг шунча қилган хизматларингизнинг ҳаммаси осмонга учди. Бу кўрнамак куёвингиз мени хўрлагани етмагандай, сизниям роса ҳақорат қилди. Сизнинг дилингизни хуфтон қилмоқчи эмасдим, лекин чидолмадим...

— Эй, — деб аламли жилмайди ота, — шунга хафа бўлиб ўтирибсанми? Ҳа, куёв болалари бўй етиб қолганида эркалик қилгиси келиб қолган-да... Ҳозир ўзи қаерда?

— Кетди. Кеча уйдаги майда-чуйда гаплардан кейин Шаҳло аразлаб кетиб қолганди дугонасиникига, бориб олиб келайин, демади. Аксинча, унга айтганимга мен балога қолиб ўтирибман. Сўкканлари етмагандай, уриб ағдариб юборди.

Сочлари қордай оппоқ, тепакал, бўйи паст бўлганидан, ҳаддан зиёд дўмпайган қорни юмалоқ коптокка ўхшатиб қўйган Шомурод ака тутоқиб кетди. Шу қизи туғилгани бери уни биров хафа қилиб қўйса, жони чиқиб кетадиган отанинг кўзлари олайди.

— Вой итдан тарқаган! — дея сўкиниб юборганини унинг ўзи ҳам сезмай қолди. — Оёғи ердан узилибдими ҳали?! Сен... Сен, қизим, уйингга кириб ўтиравер, мен ўзим гаплашаман у билан, оёғидан озгина тортиб ерга тушириб қўяман.

У қизини бағридан бўшатиб, қўл телефонини олди-да рақам терди.

— Маъмуржон, — деди аллақандай тушкун кайфиятда, — ўғлим, ишхонамга ўтинг, озгина гап бор... Тинчлик... Тинчлик... Бирозгина муаммо чиқиб қолди. Хўп, кутаман.

Шундай дея телефонини ўчирган Шомурод ака дарвозадан чиқиб кетаркан: “Урган қўлларингни синдириб оламан сендақа итваччанинг!” — деди.

* * *

— Сен, — деди Мансур дўстига қараб, — анави хонага кириб ўтир, тез бўл.

Шоҳруҳ тўрдаги омборхонага кирибоқ эшикни ёпди.

Ҳартугул, машинани кўришлари билан югуриб келишган милиционерлар Шоҳруҳни кўришмади, бирдан устани сўроққа тутиб кетишди.

— Машина кимники?

— Кечаси бир бола ташлаб кетди.

— Ҳужжатлари қани?

— Бергани йўқ.

— Танийсанми уни?

— Йўқ.

— Нега айнан сенга ташлаб кетди?

— Билмадим.

— Аввал ҳам машина тузаттирганмиди?

— Эслолмайман.

— Эслай оласан, фақат бу ердамас, қани биз билан юр.

— Устахона...

— Устахонангга жин ҳам урмайди. Сержант Ҳожиев, сиз шу ерда қоласиз. Эшонқулов ёрдамчи бўлади.

Мансурни саволга тутган, кўзлари ўткир, савлатли, фуқаро кийимидаги киши икки ёнидаги худди ўзига ўхшаб кийинган, бироқ анча ёш бўлган йигитларга устадан назарини олмай буйруқ берди ва шартта ортига бурилиб кета бошлади. Йигитлар Мансурнинг қўлларидан ушлашди.

— Тез бориб машинага чиқ, — дейишди.

Мансур бурнини қора мой қўли билан артиб қўйди-да, уларнинг айтганини бажарди.

Шоҳруҳнинг ичидан зил кетди. Қоровулликка қолган йигитлар мабодо омборга киришса, албатта, Шоҳруҳни кўришади, яшириниб ўтиргани учун ундан дарров шубҳаланишади. У ёғи суриштирув бошланиб кетади. Табиийки, бундан акалари ҳам хабар топишади. Ўлса ёрдам беришмайди улар. Қайтага, йўқ жойдан беш-олтита айб қўйишади. Қарабсизки, Шоҳруҳ камида уч-тўрт йиллик “дам олиш”га равона бўлиб турибди.

Иккита милиционер йигит омборни кўришга улгуришмади. Улар тутатган сигареталарини охиригача чекиб бўлмасларидан устани олиб кетган бошлиқ қайтиб келди. Машинадан тушмади. Деразадан бошини чиқариб:

— Мен нарироқда бўламан. Уста сенлар билан бирга бўлсин, — деди-да, Мансурни тушириб, ўзи машинани ҳайдаб кетди.

“Жигули”нинг эгаси кўп куттирмади. Бирор соатлардан кейин кўриниш берди. Унгача икки милиционер машинани обдан ўрганишди. Қон юқи бор жойларини суратга олишди. Мансурдан баъзи нарсаларни сўрашди.

— Мансуржон! Мансуржон! — деди кутилаётган йигит устахона дарвозаси ёнига келгач.

— Шу ердаман, — жавоб қилди Мансур ўра ичидан.

Бошқа савол-жавоб бўлмади. Тўғрироғи, мижознинг гапи оғзида қолди.

— Салом бердик, яхши йигит, эски танишларни дарров эсдан чиқариб юбориш экан-да. Яхшимас, оғайни, — дея устахона ичкарисидан бир йигит чиқиб келди.

“Жигули” эгасининг кўнгли ниманидир сезди ва аста-секин ортига чекина бошлади-ю, аммо елкасидан кимдир ушлагач, товонигача музлаб кетди. Аста орқасига ўгирилиши билан қўли қайрилди. Зумда иккинчи йигит ҳам етиб келиб, бошқа қўлининг суякларини жойидан қўзғатган эди, шўрлик машина эгаси инграб юборди.

Уни машинага чиқараётганларида тўполон қилди. “Қўйворинглар, нима ҳақларинг бор қўлимни қайиришга, менга азоб беришга!” — дея бақирди. Нияти атрофга кўп одамларни тўплаш, шулар баҳонасида машинага минишдан қутулиб қолиш эди. Ўтаётган йўловчилардан бир-иккитаси қизиқсиниб қараб туришди. Узоқроқдагилар ҳам бақираётган бола-ю уни машинага зўрлаб ўтқизаётган йигитларга нигоҳларини ташлашди, аммо биров: “Нега бола бечорани қийнаяпсизлар? Нима айби бор бу шўрликнинг?” — дейишмади. Ҳаммаси томоша қилишди, холос.

Милиция машинаси юриб кетганидан кейин чуқур хўрсиниб қўйган Мансур:

— Шоҳруҳ, чиқавер! — деб дўстини чақирди.

Ташқарида нима воқеалар содир бўлаётганини билолмай, ичи қизиб ўтирган Шоҳруҳ унинг овозини эшитиши билан омборхонадан дарров чиқди.

— Нима бўлди? — деди пешонасидаги терни артиб.

— Олиб кетишди. ЦУМнинг ёнида бир одамни уриб кетган экан. Сволоч, бечорани касалхонага олиб бориш ўрнига қочиб қолибди. Лекин кўпчилик мошинасининг рақамини кўриб қолган экан. Анави милиса бошлиғининг гапига қараганда, падар лаънати, кўпнинг шўрини қуритган экан. Мошиналарнинг запчастини ўғирларкан...

— Қаердан билибди? — сўради Шоҳруҳ бошини қашлаб.

— Йўл ёқасида тўхтаб турган “Нексия”ни очиб, магнитофонини олаётганида кўриб қолишибди. У бирдан қочиб, шу кетишда одам урибди... Хуллас, шунақа гаплар. У ёғини милисаларнинг ўзлари ҳал қилаверади. Юр, ундан кўра, чой ичамиз, мен ҳали нонушта қилмагандим.

Мансур устахонасини ёпди. Сўнг иккала ўртоқ шу яқин-атрофдаги чойхонага киришди. Шоҳруҳнинг роса қорни очқаган экан, овқат олиб келишларига сабри чидамай, чой билан битта нонни бир ўзи еб қўйди. Унинг мана шу қилиғи Мансурни шубҳалантирди.

— Шоҳруҳ, оғайни, менга тўғрисини айт, яширма. Сен уйингда ётмагансан, буниси аниқ. Кейин юзингдаги моматалоқлар ҳам боксда бўлмаган. Қаердан келаяпсан, нима қилиб юрибсан? Нега милиционерларни кўрганингдан рангинг оқариб кетди? — деди у.

Шоҳруҳ дўстига қараб қўйди. Сўнг лаб-лунжини қоғозга артган бўлди-да, шошмасдан пиёладаги чойни ичди. Унинг сўзлаши чўзилиб кетганидан Мансур тоқатсизланди.

— Мендан, ўз ўртоғингдан яширяпсанми? — деди аччиқланиб.

— Нималар деяпсан? Проста, кеча кечқурун бир-икки бойваччанинг боласи билан гапимиз келишмай қолди. Уришишга тўғри келди. Биласан, башарам бузилганини акаларим кўришса, сўрайвериб эзиб юборишади... Кароче, ўйлаб кўрдим. Мана қара, сенинг қўлингда гулдай касбинг бор. Уйлансанг ҳам хотинингни бемалол боқоласан. Мен бўлсам, агар шу ҳолимда биронта қизни уйимга оборсам, битта кўйлак олиб бериш учун ҳам акамдан ёки янгамдан рухсат сўрашим керак. Хуллас, оғайни, бунақанги ҳаёт жонимга тегди.

— Унда кел ёнимга, бирга ишлаймиз. Тўрт-беш сўм топасан. Кейин сен...

— Қўйсанг-чи, — бирдан унинг гапини бўлди Шоҳруҳ, — акамнинг қулоғига чалиниб қолса, туғилганимга пушаймон едириб юборади.

— Хўп, унда нима қилмоқчисан?

— Шу, дўстим, Россияга борсамми, дейман-да, қора иш қилсам ҳам биров бир нарса демайди. Юравераман ўз кунимни ўзим кўриб.

— Ҳимм, билмадим, билмадим.

Шоҳруҳ айтганларининг барини аввалдан ўйлаб қўймаган эди. Хаёлига келганини гапираверди ва ўзига ҳам Россияга кетиш фикри маъқул тушиб қолди.

У кунни Мансурнинг устахонасида ўтказди. Ишламагандан кейин одам ниҳоятда зерикар экан. Неча бор ўтирган жойида ухлаб қолай деди.

Қуёш ботиб, атрофни зулмат эгаллаганидан кейин:

— Мен шу ерда қолсам майлими? — дея сўради Мансурдан.

Дўсти ажабланди. Унга бироз тикилиб турди.

— Бугун ҳам бормоқчи эмасмисан? — деди.

— Айтдим-ку бу аҳволда...

— Бўпти, тушундим. Дўстимсан, бу ерда қолдиролмайман. Қолаверса, ётадиган жой ҳам йўқ. Уйимга борасан. Бугун зўр футбол бор, биргалашиб кўрамиз, — деди Мансур жилмайиб.

Бир ҳафта кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Шоҳруҳ чипта олиш илинжида икки марта вокзалга борди. Лекин ҳар сафар иши ўнгидан келмади. Учинчисида бирдан нарсаларини ҳам ўзи билан олиб кетди. Вокзалга борди. Кассада ўтирган қиз қовоғини солиб, чипта йўқлигини айтди. Пешонаси тиришган йигит анча вақт вокзал ичида у ёқдан-бу ёққа юрди. Биринчи йўлга Москвага жўнайдиган поезд келиб тўхташини эълон қилишганидан сўнг вокзал ичи арининг уясига айланди, Шоҳруҳнинг эса юраги гупиллаб ура бошлади. Кўзига поездга чиқиш учун шошилаётган одамлар шунақанги бахтли кўриниб кетдики, ўзини қўярга жой тополмай қолди. Охири чидамади, сафарга шошаётганлар орасидан у ҳам эргашди.

Жинси шим кийган, тор юпқа футболка кўкракларини кўтариб турган, хипча бел, қоп-қора узун сочлари елкасини ёпган оппоқ юзли, киприклари узун, қошлари ингичка қиз ҳаммадан ортда борарди. У шошмасди ва айни пайтда бир-бирини итариб олдинга интилаётганларга энсасини қотириб қарарди. Шоҳруҳ ундан олдинга ўтиб кетишга ийманди. Негадир ҳадди сиғмади. Уялди. Қиз юрса, юрди. Тўхтаса, тўхтади.

Қиз бир нарсани сездими ёки шунчаки ўгирилдими, Шоҳруҳга бир қараб қўйди. Нигоҳи тўқнашиб кетишидан чўчиган йигит бирдан кўзини олиб қочди. Аммо кўз қири қизнинг жилмайиб қўйганига тушди.

— Намунча шошасиз? — деди қиз бироздан кейин Шоҳруҳга, худди танишига гапираётгандай.

Йигитнинг тили калимага келмади. Индамади. Шунда қиз яна бир марта орқасига қараб қўйди. Бу сафаргиси олдингисидан бошқачароқ, тушуниксиз эди.

Шоҳруҳнинг хаёлига бирдан ғалати ўй келди. “Яхши қизга ўхшайди, поездга чиқиб олишимга ёрдам бермасмикин?” — дея ўйлади у. Лекин тезда гапиришга ийманди. Қиз боладан ёрдам сўраш... Яна шундай гўзалдан... Одатда, бунақалар ёлғиз бўлишмайди. Албатта, шериги бўлади. Мабодо, ор-номусини, йигитлик ғурурини бир чеккага суриб қўйиб илтимос қилса-ю, қиз “тошингни тер!” деган жавоб қилса, тамом. Бутунлай ерга кириб кетади. Биргина мана шу бегона қизнинг гапидан кейин тўғри бориб ўзини осиб юборса ҳам бўлаверади. Мабодо, қиз гапирмай, ҳамроҳлари (ҳамроҳи, албатта, йигит бўлади, деб ўйлаётганди Шоҳруҳ): “Сен менинг қизимга ёки синглимга гап отадиган бўлдингми?” — деб ёпишиб кетса ҳам унинг барча умидлари чилпарчин бўлади. Шоҳруҳ ўйини ўйлагунча қиз вокзал ичкарисини тарк этишига бор-йўғи бир қадамча қолди.

— Кеч-чирасиз, — деди Шоҳруҳ юрак ютиб, барча тахминларидан воз кечиб, — ҳалиги... сизда мабодо ортиқча билет йўқми?

Қиз ўгирилиб, унга ажабланиб қаради. Ўша лаҳзаларда йигитнинг бўлари бўлди. Юзи қизариб, иситмаси чиқиб кетди.

— Билетсиз Россияга кетмоқчимисиз? — деди қиз қўнғироқдай овозда.

Шоҳруҳнинг хаёлида унинг овозини ҳамма эшитган ва йўловчиларнинг бари унга таажжубланиб қарашаётгандай эди.

— Шунақа... шунақа бўлиб қолди, — дея дудуқланди йигит.

Қиз уни бошдан-оёқ назаридан ўтказди. Сўнг бошини чайқади. Бундан йигитни ҳаяжон босиб, пешонасидан тер чиқиб кетди.

— Билет тополмаган одам Россияда нима қилади? У ёқдаям юрасиз-да араванинг кейинги оёғи бўлиб, ҳаммани шарманда қилиб, — деди қиз жиддий боқиб.

Шоҳруҳ бу гапдан бутунлай довдираб қолди. Ўз-ўзидан қўли мушт бўлиб тугилди. Нигоҳидан ўт чақнади. Қиз эса чуқур хўрсинди. Кейин:

— Юринг, — деди-да, ўгирилиб юриб кетди.

Шоҳруҳ буткул шарманда бўлганди. Шу боис қадам олиши жуда қийин бўлди. Фақатгина акаларининг кўрсатган кароматлари, дўсту биродарлари олдида бош кўтаролмай қолганигина уни юришга мажбур этди.

Қиз тўққизинчи вагон ёнида тўхтади ва кузатувчи(проводник)нинг ёнига бориб:

— Фазлиддин ака! — деди шўх овозда.

Бошқа ёққа қараб турган кузатувчи бирдан у томонга ўгирилди ва негадир саросималаниб қолди. Ҳаттоки сўзлаётганда ҳам дудуқланди. Шоҳруҳ унинг бундай аҳволга тушишини ўзига таниш бўлган гўзални яна учратганига йўйди.

— Юлдузхон! — деди у иржайиб.

— Кутмаганмидингиз?

— Сиз ҳамма вақт кутилмаганда келасиз-ку, — дея ялтоқланди кузатувчи.

— Сюрпризни яхши кўраман, биласиз, — деб Юлдуз исмли қиз кузатувчига янада яқинроқ борган эди, Фазлиддин бир қадам орқага чекинди. Шу пайт Юлдуз қўлини орқасига ўтказиб, бармоқлари билан Шоҳруҳга поездга чиқиш ишорасини қилди.

Йигит кузатувчига қарамади, дарров зиналардан кўтарилди.

Вагон йўлагида нима қиларини билмай турган Шоҳруҳ орадан беш дақиқалар ўтганидан кейин пайдо бўлган Юлдузни кўргач, бироз хотиржам тортди.

— Ўн биринчи купега киринг, — деди қиз унга яқинлашаётиб.

Тўрт кишилик вагон бўлмасига поезд қимирлагунча Юлдуз билан Шоҳруҳдан бошқа ҳеч ким кирмади.

Қиз бепарво эди. Гўё ундан бошқа ҳеч ким йўқдай, қандайдир қўшиқни хиргойи қилиб, сумкасини жойлаштирди. Сўнг пастки ўриндиққа оппоқ чойшаб ёзди. Кичкинагина столча устига сомса, колбаса ва яна аллақанча егуликлар қўйди. Шоҳруҳ эса унга термилганча миқ этмасдан ўтирарди. Ниҳоят қиз ҳамма ишларини битирганидан кейин йигитнинг рўпарасига ўтирди.

— Уч кун давомида сиз билан бирга бир оила бўларканмиз. Менимча, танишиб қўйсак, ёмон бўлмайди. Менинг исмимни эшитдингиз, шундай бўлса ҳам айтай, Юлдуз, — дея қўлини чўзди қиз.

— Шоҳруҳ, — деб йигит унинг қўлини сиқиб қўйди. — Менга жуда ноқулай бўлди. Биринчи марта қиз болага илтимос қилишим эди... Борганимдан кейин қарзимни узаман.

— Мардикор ишлаб, шундайми?..

— Балки. Бошқалар нима иш қилишаётган бўлишса, мен ҳам...

— Латта экансиз. Ҳали шу умид билан кўчага чиқдингизми? Афсус, бекор ёрдам берибман. Ниятингиз бошқача бўлса керак, деб ўйлагандим.

Қизнинг гаплари Шоҳруҳнинг суяк-суягигача етди. Бир хаёл сумкасини елкасига илиб чиқиб кетмоқчи бўлди. Аммо қандайдир куч уни жойидан жилмасликка мажбур этди.

Сўзсиз ҳайкалдай қотиб қолган йигитни бироз кузатиб турган қиз сумкасини ковлаб бир шиша ароқ олди. Қултуллатиб пиёлани тўлдириб қуйди. Сўнг бир кўтаришда ичиб юборди-да, стол устидаги егуликларни иштаҳа билан ея бошлади. Шоҳруҳга, бир оғиз бўлсин, “олинг” демади.

Орадан беш соатча вақт ўтди. Юлдуз бу пайтда ухлар, Шоҳруҳ ундан кўзини узмай тикилиб ўтирарди. Эшик шиддат билан очилди-да, бирдан икки барзанги кирди. Улардан бирининг қўлида пичоқ бор эди.

— Жуда топибмиз-ку! — деди сочи тап-тақир олинган, рухсатсиз кирган гавдали йигит.

Унинг овозидан Юлдуз уйғониб кетди ва чойшаб билан бўйнигача ёпаркан:

— Кимсизлар?! Нима керак?! — деди.

— Вой, оппоқ қиз, бизга сиз кераксиз. Аввал оппоқ баданингиз, кейин пулга тўла сумкангиз, — деди иржайган калбош.

* * *

Пешинга яқин Мурод билан Шаҳло хиёбонга боришди. Музқаймоқ ейишди. Йигит қизнинг кўнглини овлаш учун қилмаган ҳазили, айтмаган ширин сўзи қолмади. Бироқ бир марта бўлсин, Шаҳлонинг юзида табассум аломатлари сезилмади. У мудом бир нарсалар тўғрисида хаёл сурар, баъзан ёнида ким борлигини ҳам унутарди. Кеча уйидан қочиб чиққанида Муроддан жуда кўп нарса умид қилганди. Аммо йигити ҳам унинг қайғусига қайғу қўшиб қўйди. Албатта, энди у ўзини ҳам бегуноҳ ҳисобламаётганди. Агар дугонасининг гапига кирганида, бугунги бир-биридан чигал ўйлар бошида йўқ эди. Балки, уч-тўрт кундан кейин ҳаммаси изига тушиб кетиши ҳам мумкин эди, лекин тундаги воқеани тузатиб бўлмайди. Ҳар не бўлганда ҳам, оппоқ келинлик либосини Шаҳло оппоқлигича киймайди.

— Шаҳло, — деди Мурод қизнинг қўлини тутиб, — тўғрисини айтсам, эзилиб кетдим. Кўнглингни кўтаришга қанчалик уринмайин, фойдаси бўлмаяпти. Барака топгур, озгина бўлсаям чиройингни оч!

Шаҳло йигитига маъюс қаради-да, хўрсиниб:

— Сизниям роса қийнаб юбордим. Аслида бир ўзим юрсам бўларкан... Мен ўзимни кечиролмаяпман. Амакимни ёмонотлиқ қилганлари учун уйдан кетиб қолувдим. Лекин... Лекин ўзим ундан баттар ишни қилиб қўйдим-ку! — деди. Унинг кўзи ёшга тўлган, азбаройи, ёнларидан ўтаётганлар кўплиги учун ўзини йиғидан зўрға тутиб турарди.

— Мен сенга уйланмайман, номардлик қилиб қочиб кетаман дедимми? Агар ўзинг кўчага чиқайлик демаганингда, уйда ўтирган бўлардик. Уйдагилар келиши билан сени таништирардим. Худо хоҳласа, тўйимизни ҳам тезлаштирардик. Ҳозир ҳам шундай бўлади.

Мурод ёнидан қўл телефонини олиб уйига қўнғироқ қилди. Бироқ у томондан ҳеч ким гўшакни кўтармади.

— Ҳалиям келишмабди! Намунча сайр қилишмаса?..

— Асабийлашманг, — Шаҳло унинг елкасига бошини қўйди, — келиб қолишар, мени деб сизнинг ҳам сиқилишингизни истамайман... Ундан кўра, юринг, бирон жойда овқатланамиз. Қорним очди.

Тушликдан сўнг соат иккиларга яқин Мурод уйига қўнғироқ қилди. Ҳартугул, бу сафар ойиси гўшакни олди.

— Хайрият, — деди ўғил Шаҳлога қараб қўйиб, — бугун ҳам келмайсизларми деб ўйлагандим.

— Болам, — дея юмшоқ овозда гапирди она, — ўзинг қаерларда юрибсан? Соғиниб қолдик, тезроқ кел.

— Ойи, меҳмон бор. Уни сизлар билан таништиргани олиб бораман.

— Ким экан у?

— Ойижон, борганда кўрасиз. Сизга ёқади, аниқ биламан.

— Нималар деяпсан? Ҳали сен... сен...

— Бўпти, ярим соатда борамиз, — ойиси охиригача гапириб улгурмасидан Мурод телефонни ўчирди ва севган қизини қўлтиқлаб, деди: — Қани, хоним, юринг, қайнона-қайнотангиз билан танишиб олинг-чи?

— Мурод ака, қандай бораман? Юзларига қандай қарайман? Нима дейман?!

— Ҳеч нарса, ҳеч нарса демайсан, борсанг бўлди, қолган гапларни ўзим гапираман. Хўпми?

Юраги гупиллаб уриб, ҳаяжон босган Шаҳло ҳеч нарса демади. Бошини эгди.

— Ўзимнинг пучуғим, — деб Мурод унинг бурнидан чимдиб қўйди-да, қўлидан ушлаб етаклади.

Манзил яқинлашгани сайин Шаҳло сиқилаверди. Кўз олдига дадаси билан ойиси келар, иккаласи ҳам қизларидан юз ўгираётгандай туйилаверарди. Охири у чидамади.

— Мурод ака, — деди ёнгинасида ширин хаёлларга берилиб кетаётган йигитга, — илтимос, таксичига айтинг, бизни шу ерда тушириб қолдирсин.

— Нега? — ҳайрон бўлиб унга қаради Мурод.

— Илтимос, айтинг.

Мурод ҳеч нарсани тушунмади. Айни пайтда бироз асабийлашди ҳам. Шундай бўлса-да, қизнинг истагини бажарди.

(Давоми бор)

Мафия сардори (Биринчи қисм)

Мафия сардори (Иккинчи қисм)

Мафия сардори (Учинчи қисм)

Мафия сардори (Тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Бешинчи қисм)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)