Найти тему
euroasia.me

Мафия сардори (Иккинчи қисм)

Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Иккинчи қисм)

* * *

Шоҳруҳ ҳеч ўзига келолмасди. Қаерга бормасин, нима иш қилмасин, қулоғига янгасининг гаплари чалинаверарди. Бунинг устига, кийимларидан, бутун танасидан унинг ҳиди анқиб тургандай туйилаверарди. Айниқса, акаси сафардан тўлиб-тошиб, муваффақиятидан осмонга сапчигудек бўлиб қайтганидан сўнг унинг кўзига қараёлмади. Қўл бериб сўрашаётганида, Содиқ уни қучоқлаб олди. Шунда Шоҳруҳнинг бирдан капалаги учиб кетди. Гўёки акаси шу қучишнинг ўзида таниш атир ҳидини сезиб қоладигандай.

Бугун ҳам саҳарлаб уйқудан уйғонди-да, аввал спорт залига борди. Бўлган воқеаларни бутунлай унутиш учун, нафаси бўғзига тиқилиб қолгунча, роса югурди. Сўнг осилиб турган қопни обдан муштлади. Лекин кўксидаги алам барибир чиқиб кетмади. Аксинча, кучайгандек, унинг бўйнидан бўғаётгандек эди.

— Сенга нима бўлаяпти? — деди унинг ҳамма хатти-ҳаракатларини кузатиб турган мураббийи Диёр ака.

Шоҳруҳ пешонасидан оқаётган терни бокс қўлқопи билан артаркан:

— Мендан боксчи чиқмас экан, — деди унга қараб.

— Бекор айтибсан. Ўн беш ёшингдан бери “мусобақаларга қатнаш” деявериб чарчадим. Шу пайтгача бир неча марта чемпион бўлишинг керак эди. Мусобақаларга қатнашмас экансан, бокснинг нима кераги бор? Ўзимни ҳимоя қилишимга зарур десанг, аллақачон бунга тайёр бўлгансан... Тинчмисан ўзи?

Шоҳруҳ бошини эгди. Бироқ гапирмади. Қанақа қилиб гапирсин? “Янгам менга шунақа қилиқ қилди. Энди акамнинг юзига қараёлмаяпман”, десинми?..

— Бирдан профессионал бўлмоқчи эдим. Ўхшамаяпти. Кеча ўрта, оғир вазнлиларнинг боксларини кўрдим. Биронтасиям ёқмади. Ундан кўра “любител”ларники яхшироқ экан.

Шоҳруҳнинг сўзлари беўхшов чиқди. У Диёр акани ишонтиролмади.

— Майли, ука, — деди мураббий унинг елкасига қўлини қўйиб, — ўзинг биласан. Лекин бирорта муаммонг чиқса, бемалол айтавер. Ҳар қалай, бир калладан иккитаси яхшироқ... Энди, ҳурматли проф бўлмоқчи йигит, рингга чиқинг, — деб Диёр ака ортига ўгирилди-да, нарироқда бошқа бир қопни обдан муштлаётган йигитга юзланиб: — Бахти! — деди.

— Лаббай, устоз, — қопни ўз ҳолига қўйган йигит унга қаради.

— Шоҳруҳ иккаланг олти раунд тушасан. Бир-бирингни аяш йўқ. Ҳақиқий бўлади.

Бахтиёр иржайди. Илгари у Шоҳруҳни бир неча марта ютган. Аммо охиргисида кутилмаган зарбани ўтказиб юбориб ўзи накаутга учраб, бирор беш дақиқа ҳушсиз ётган эди. Аламини оладиган пайт келганидан у қувониб кетди. Ҳатто ҳозирнинг ўзида югуриб келиб Шоҳруҳнинг жағига туширгиси келди. Аммо бунинг иложи йўқ. Боксдаги тартиб-қоидани бузиш мумкин эмас. Бахтиёр ғазабдан зўриқаётганидан қопни кетма-кет уч марта қаттиқ уриб, кейин тезда рингга кўтарилди.

Хаёллари бутунлай бошқа нарсалар билан банд бўлган Шоҳруҳ эса бошини эгиб секин унинг ортидан борди. Бу юриши мураббийга ёқмай, бақириб ҳам берди.

Биринчи раунднинг ўзидаёқ беш-олтита кучли зарбани ўтказиб юборган Шоҳруҳ полга қулади. Буни кўрган Диёр аканинг қони кўпчиди. У бир сакрашда рингга чиқди-да, Шоҳруҳнинг тепасига югуриб борди.

— Нима қилаяпсан, эшак?! — бақирди у. — Бунча ландавурлик қиласан!!!

Кўз тиниши кетиб, тепасидаги устозини аниқ кўра бошлаган йигит бир қўлига таяниб энди ўрнидан турмоқчи бўлганида, боши айланиб кетди. У бир зум кўзини юмиб турди. Сўнг қаддини ростлади.

— Ў-ў, бола, сен профессионал тугул любитель ҳам бўлолмайсан, тушунаяпсанми, любитель ҳам! Меҳнатимни бир тийин қилдинг! Яхшиси, йўқол, қайтиб кўзимга кўринма!

Диёр ака бақираётганида Шоҳруҳ унинг кўзига тик қараб турди. Сўнг:

— Бир дақиқа, — дегач, Бахтиёрга юзланиб, — нега қараб турибсан, бошла, — деди.

Рақибига нисбатан жуссаси бирмунча йирик бўлган, кўп мусобақаларда кераклича чиниққан Бахтиёр ошкора кулди.

— Камлик қилибди-да сенга, — дея бирдан Шоҳруҳга ташланди.

Кўзига дунё қоронғи кўриниб кетаётган Шоҳруҳнинг ғазаби икки ҳисса ошиб кетганди. Гўё янгаси иккаласининг орасидаги воқеага Бахтиёрнинг алоқаси бордай, унга еб қўйгудек тикилди-да, рақибининг зарбасини боши устидан ўтказиб юборди ҳамда ўзи уни шунақанги муштлай бошладики, бечора Бахтиёр кўзини-да очолмай қолди. Ҳатто таслим бўлганини билдириш мақсадида қўлини икки-уч марта юқорига кўтарди ҳам. Аммо буларни Шоҳруҳ кўрмади. Зарба кетидан зарба бераверди, бераверди...

Агар Диёр ака белидан қучоқлаб ушлаб қолмаганида, агар Бахтиёр полга гурсиллаб қулаганча ҳушидан кетмаганида унинг уриши қанча вақт давом этишини ёлғиз Худо биларди.

— Бўлди, бўлди, ўзингни бос! Ўзингни бос! — деб Диёр ака Шоҳруҳни зўрға ўзига келтирди. У бурнидан оқаётган қонни алам билан билагига артди ва ҳеч бир сўзсиз рингдан ташқарига чиқиб кетди.

Уч-тўрт кун оралиғида киравериб ўрганиб қолган қаҳвахонага борди. Одатий равишда юз грамм ароқ буюрди. Ичаётганида кўзидан ёш чиқиб кетди. “Йўқ, — деди ўзига-ўзи гапириб, — бу аҳволда жинни бўлиб қоламан. Кетишим керак. Бошим оққан ёққа. Ҳеч ким мени кўрмасин... Аслидаям кимнинг кўзи учиб турибди менга?” У ўрнидан туриб энди кетаётганида, хизматчи қиз тўхтатди.

— Менга қаранг, йигит, — деди афтини буриштириб, — ўтган сафар ҳам икки юз сўм қарз бўлувдингиз. Маст экансиз, индамадим. Бу сафар индамай туриб кетаяпсиз. Нима, сиз учун ҳар гал мен чўнтагимдан пул тўлашим керакми кассага?

— Кечирасиз, — дея хижолатдан қизариб кетди Шоҳруҳ ва чўнтагини ковлай бошлади.

Аксига олиб, чўнтагидан қизнинг қоғозчасидаги сумма чиқмади. Бундан баттар ўзини йўқотиб қўйган Шоҳруҳ қоғозчани қўлига олиб қизга тикилиб тураркан:

— Юз грамм ароқ уч ярим минг бўладими? — деди.

— Йигирма фоиз хизмат ҳақиям бор... Кечирасиз-у, кўринишингиздан чиройли йигит экансиз. Лекин нима қиласиз киссангизда пулингиз бўлмаса бу ерга кириб? Алкашларга ўхшаб сассиқ винони ичиб кетавермайсизми? Арзонгина, устига-устак, яхшигина кайф оласиз.

Ер ёрилмадики, Шоҳруҳ кириб кетмади. Бирдан елкасидаги сумкасини қизнинг қўлига тутқазди.

— Ичидагиларнинг ҳаммаси янги, нархи юз мингга бориб қолади. Ҳаммаси сизга. Уйдан чиқаётганимда...

— Нима бор бунда? — деди қовоқ-тумшуғи осилиб кетган хизматчи қиз.

— Спорт кийимлари.

— Бошимга ураманми? Пул беринг менга! — деб чинқирди қиз.

Шоҳруҳ баттар ноқулай аҳволга тушиб, атрофига аланглади. У ер-бу ерда ўтирган хўрандаларнинг ҳаммаси уларга қарашар, мийиғида кулиб қўйишарди. Йигит даҳшатдан қотиб қолди. Бунақанги шармандаликдан кўра унга пичоқ санчганларида минг маротаба афзал эди.

Юзу кўзига аямасдан бўёқ чаплаган, қошларини тераверганидан фақатгина кичкинагина из қолган қиз унга бўзрайганча термилиб тураверди. Атайин шундай қилди. Азбаройи йигитнинг қадди-қомати келишганидан, чиройлилигидан уни ана шундай азоблаб роҳат олгиси келарди унинг.

— Хўш, — деди қиз Шоҳруҳнинг бутунлай довдираётганидан ўзини аччиқланган кўрсатиб, — пулингиз борми-йўқми ёки хўжайинни чақирайми?

— Кечирасиз, балки сумкамни гаровга олиб турарсиз, мен тез бориб келаман...

— Ҳеч кимга кераги бўлмаган латта-путталарингизни аҳмоқларга ўхшаб олиб қолавераманми? Карам шўрвангизни йиғиштиринг-да, пулни чўзинг, — деб ғўдайди қиз.

Шу пайт унинг ёнида тўладан келган, кўзлари ўйнаб турувчи бўйи узун бир одам пайдо бўлди.

— Нима гап, Поти, — дея қиздан сўради у.

— Манави бола, — деб Шоҳруҳни кўрсатди қиз, — ўтган сафар еб чиқиб кетувди. Маст бўлганлиги учун икки юз сўм қарзини айтмовдим. Кассага ўзим тўловдим. Бугун энди юз грамм ичиб индамай суриб қолмоқчи.

— Эй, йигит, — деди хунук иржайган киши Шоҳруҳга қараб, — онангнинг пайкалимиди хоҳлаганда кириб еб-ичиб чиқиб кетадиган.

— Ака, — дея унга жовдираб боқди Шоҳруҳ, — манави сумкамни гаровга олиб қолинг, уйга борибоқ...

— Гадойларни боқадиган жой эмас бу ер, киссангда пулинг бўлмаса, ичишга бало борми? Сендақалар ҳиқилдоғимга келди! — деб қаҳвахона хўжайини кутилмаганда Шоҳруҳнинг юзига шапалоқ тортиб юборди.

Оловга керосин сепилди гўё. Шунча камситишларига чидаб турган йигитнинг бардоши синди. Ва “бойвачча”нинг ияги тагига қарсиллатиб мушт туширдики, бечора ярим метрлар чамаси кўтарилди-да, орқаси билан гурсиллаб йиқилди. Ҳақорат, камситишнинг жавоби шу билан тўхтамаслиги мумкин эди. Лекин вужуди изтиробга лиммо-лим йигит ортиқ ҳафсала қилмади. Бақа бўлиб қолган қизга қаҳрли нигоҳини бир қадади-да, сумкасини елкасига илганча ташқарига чиқиб кетди. Беш-олти қадам босар-босмас ортидан: “Ўзига келмаяпти, ўлдириб қўйганга ўхшайди!” деган чинқириқ эшитди.

— Дунё озгина тозаланибди-да, — дея пичирлади у ва яна йўлида давом этаверди.

У анчагача ўзига келолмади. Янгасининг қилган қилиқлари билан қаҳвахонадаги воқеалар қоришиб кетгандай эди. Энг алам қиладигани, ҳар икковидаям Шоҳруҳ кўпроқ азият чекканга ўхшарди. Кўпроқмас, фақат у. Бошқалар унинг устидан кулишди.

“Акамнинг кўзига қандай қарайман?” деган савол уйига яқин қолганида яна исканжага олди. У бир-икки бор юришдан тўхтади. “Уйга бормасам-чи?” деган хаёлга ҳам борди. Аммо қуп-қуруқ чўнтак билан қаердан бошпана топади? Бирозгина жамғарган пули бор, лекин у ҳам уйда, ёстиғининг тагида. Уни олиш учун барибир акасини кўриши керак. “Ишқилиб, акам уйда бўлмасин-да, бирон ёққа кетган бўлсин-да”, дея ўйлаган йигит Содиқ уни ўлдириш учун пичоқ яланғочлаб турганини билмасди.

* * *

Ойиси амакиси Шоҳруҳ ҳақида бўҳтон гапларни гапираётганида Шаҳло эшик ортида турарди. Чой керак-керакмаслигини сўраш учун келганди. Хонзоданинг йиғлаб-сиқтаб, қизига Шоҳруҳ бошқача қараш қилаётганини эрига айтиши билан қизариб кетди. “Вой ўлмасам, — деди пичирлаб, — ойим жинни бўлиб қолганми? Амакимни ўғрига чиқарганлари етмагандай, яна... Нега, ойи, нега бунақа қиласиз?” У бирдан кафти билан юзини бекитди ҳамда югургилаб тепа қаватга чиқиб кетди-да, хонасига кириб каравотга ўзини ташлади. Сўнг ўкириб йиғларкан: “Ойи!” дея бақириб юборди. Ҳартугул, овози пастгача эшитилмади. Эшитилганида борми, жуда бошқа воқеалар содир бўларди. Йўқ, Шаҳло онаси ёлғон гапираётганини айтолмасди. Тили бормайди. Ёлғончига чиқаролмайди. Бу эса ўз-ўзидан Шоҳруҳнинг гуноҳини икки ҳисса ошириб юборади.

Қиз талай муддат шу тахлит ётгач: “Мен ёлғонлар билан тўлиб-тошган уйда ортиқ яшолмайман. Амаким бизнинг касримизга қолиб азобланишларини кўриб жим қараб туролмайман”, дея хаёлидан ўтказди ҳамда қўл телефонини олиб дугонасининг рақамини терди. Аввал шўх мусиқа, сўнг Севинчнинг қувончли овози эшитилди.

— Алло, Севинч, уйингдамисан? — деди бирдан Шаҳло.

— Вой, дугонажон, салом-алик йўқ, тинчликми, нима бўлди, нега овозинг бунақа чиқаяпти? — хавотирланиб сўради нариги тарафдаги овоз соҳибаси.

— Тинчликмас-да, дугон, уйингда бўлсанг қимирламай тур, ҳозир мен етиб бораман. Хўпми?

— Хўп, лекин менинг юрагимни ёрма. Нима бўлганини озгина бўлса ҳам айтгин. Бўлмаса, келгунингча ўлиб қоламан.

— Телефонда айтадиган гап эмас. Борай, ҳаммасини тушунтираман...

— Сени бошқа болага узатишмоқчими?

— Кошкийди, шундай бўлганида, бошқа иш. Бўпти, кутгин, дарров етиб бораман.

Шаҳло шоша-пиша телефон тугмачасини босиб, эшикка қараб қўйди. Сўнг юмшоқ каравотидан сакраб турди-да, шкафини очиб, кийимларини бирма-бир гилам устига ташлай бошлади. “Бунча кўп бўлмаса бу латта-путталар? Одам қайсини кийишиниям билмайди!” дея аччиқланди у, сўнг улар орасидан бир ҳафта бурун ойиси олиб келган, баданига ёпишиб турадиган юпқа футболкасини танлаб кийди. Кейин унга мос тушадиган калта юбкасини қўлига олди-ю, бироз ўйланиб тургач, ташлади. Шимни маъқул топди.

Унинг ҳам уч юз мингдан зиёдроқ жамғармаси бор эди. Ойиси бирон нима учун дўконга жўнатганида ҳамма пулни ишлатмас, бир қисмини олиб қўярди. Тўрт-беш ой ичида йиғилиб-йиғилиб шунча бўлди. Пулларни бежиримгина сумкачасига амаллаб тиқди-да, йўлакка чиқиб, секин пастки қаватга туша бошлади. Бу пайт дадасининг овози янада баландлаган, томоғи йиртилгудек бўлиб сўкинарди. Ора-чора бошқаларнинг нимадир деганлари қулоққа чалиниб қоларди-ю, аммо дадасининг бақириши барини босиб кетарди.

Шаҳло ташқари эшикни очаётганида “ғийқ” этган овоз чиқди. У худди ўғирликка тушган одамдай қўрқиб кетиб, тўхтади ва орқасига бурилиб қараб қўйди.

Кейинги учрашув бутунлай кутилмаганда содир бўлди. Дарвоза очилиб, Шоҳруҳ кириб келди. Уни кўрган қиз жойида қотди. Кўкраги кўтарилиб, тез-тез нафас оларкан:

— Амаки! — деди. Овози қалтираб чиқди.

— Тинчликми, Шаҳло? — деди унинг ҳаяжонланаётганига ҳайрон бўлган Шоҳруҳ.

— Амаки, тезроқ кетинг. Илтимос, — дея Шаҳло бир-бир қадам босиб Шоҳруҳнинг ёнига келди-да, бирдан бўйнига осилди, — амакижон, — деди йиғламоқдан бери бўлиб, — кирсангиз, дадамлар ўлдириб қўядилар.

— Нималар деяпсан, Шаҳло?! Тушунтириброқ гапир, тинчликми?!

Айни шу дамда Хонзода ўзига келиб олиш учун ташқарига чиққан ва қайниси билан Шаҳлонинг гаплашаётганини эшитиб қолганди. Қувончдан унинг юзи ёришиб, ўзини ичкарига урди.

— Дадаси... Дадаси! — деди шошиб. — Ана, ўзингиз кўринг!

Содиқ ўрнидан сапчиб турди. Акасини туртиб ағдариб юборишига оз қолиб, ташқарига югурди.

— Ифлос! — унинг оғзига келган биринчи сўз шу бўлди.

Бу пайтда Шаҳло амакисини ҳали қўйиб юбормаган, дув-дув кўз ёш тўкиб йиғлар, Шоҳруҳ эса уни юпатиш билан овора эди. Икки севишган гўё айни шу ерда учрашиб қолишган, бир-бирларига соғинчларини изҳор қилиш билан овора эди. Манзарани кўрган бегона одам айни шу ўйга бориши турган гап. Бошқача айтиб бўлмайди. Қиз йигитнинг қучоғида, йигитнинг қўллари қизнинг сочларини силайди...

Содиқнинг томоғига аччиқ бир нарса тиқилди. У нафас олишга қийналаётганди. Укаси билан қизи... Эй, Худо! Нима гуноҳ қилувдики, бунақа шармандаликни раво кўрса?! Агар қизи билан укасини мана шу аҳволда кўрмаганда, Шоҳруҳнинг бир ўзи уйга кирганида у ҳозиргидай қотиб қолмасди. Бирдан укасининг ёқасидан олган, башарасига мушт туширган бўларди. Кейин ётқизиб олиб, хуморидан чиққунча тепкиларди. Ундан сўнг уйидан ҳайдаб соларди. Лекин ҳозирги манзара — куппа-кундузи қизини Шоҳруҳнинг қучоғида кўриши қон босимини ошириб юборди. Аста-секин оёғидан дармон қоча бошлади.

Бўрон Хонзоданинг гапларига кўпам ишонмаганди. “Аёл зоти қўшиб-бичмаса, кўнгли бир жойга тушмайди”, деган ўйда эди. Аммо Шаҳлони Шоҳруҳ қучоқлаб турганини ўз кўзи билан кўргач, бошқа тафсилотга ўрин қолмади. Демак, келини алдамаган. Бечора, куйиб кетганидан кейин, иложсиз қолгач, сирни ошкор қилган. Илгари бир неча бор Шоҳруҳни қайтаришга уриниб кўргандирки, уддасидан чиқолмагач, бошқалардан нажот сўраган.

Аслида ниҳоятда оддий ҳол эди бу. Ака-укалар бир-бирларининг қизларини худди ўз сингилларидай, қизларидай кўрар, шу боис уларнинг пешонасидан ўпиб қўйишни канда қилишмасди. Бўрон эса Содиқнинг фарзандларини доим бағрига босиб эркалар, юз-кўзларидан ўпиб қўярдики, биров бошқа хаёлга бормасди.

Бемазагарчиликни кўриб туришга Соҳибнинг сабри чидамади. У укасининг ёнига борди-да, қулоқ-чаккасига шапалоқ тортиб юборди. Шоҳруҳ бирдан шолғомдай қизарди, кўзи ўт бўлиб ёнди. Бундан баттар ғазабланган Соҳиб уни аёвсиз калтаклашга тушиб кетди.

— Бу ердамас! — бақирди Бўрон. — Уйга олиб кир! Қўшнилар ҳам эшитиб, баттар шарманда бўлмайлик.

Соҳиб укасининг сочидан ғижимлаб ушлади ва уни ичкарига судради. Бу пайтда Содиқ тиззаси билан ўтириб қолган, ранги оқариб, ғазабдан титрар, тили калимага келмай, нуқул ғўлдирарди. Хонзода унинг атрофида гирдикапалак: “Дадаси, дадаси, сизга нима бўлди?! Нима бўлди сизга?!” — дея жаврарди.

Шаҳло ортиқ чидаёлмади.

— Ёлғончилар! Ҳеч қайсиларингни кўришга кўзим йўқ! — деб чинқирди-да, дарвозадан кўчага чиқиб кетди. Аммо унинг бақирганини биров эшитмади, кетганига ҳам ҳеч ким эътибор бермади. Ҳамманинг бутун эътибори Шоҳруҳда эди.

— Қўйворинглар! — бақирди Шоҳруҳ.

— Қўйишни уйда кўрасан! — жавоб берди катта ака.

— Ит! — деди Бўрон Шоҳруҳни Соҳиб судраб ичкарига олиб киргач. — Нима ишлар қилиб юрибсан?!

Шоҳруҳнинг хаёлига кечаси янгаси қўйнига киргани келди. Янга қайниси сотиб қўйишидан қўрқиб, воқеани бошқа томонга ўзгартирган бўлиши ҳам мумкин-ку: яъни Шоҳруҳ Хонзоданинг хонасига кирган тахлитда.

— Мараз! — бақирди Соҳиб Бўронга яхши кўриниш мақсадида овозини баландлатиб. — Тилла тақинчоқларни ўғирлаганинг етмагандай, ўз синглингга кўз олайтириб юрибсанми?!

— Ни-ма?! — деди ҳайратдан товонигача титраб кетган Шоҳруҳ. — Нималар деяпсиз, ака?!

— Нонкўр!

Бу Содиқнинг овози эди. У жойидан қимирлайвермагач, Фароғат ошхонадан сув олиб чиқиб қайнисининг юзига сепганди. Содиқ дарров ўзига келди ва бақир-чақир бўлаётган уй ичкарисига ўзини урди.

— Гўдаклигингдан туз бердим сен молга! — дея ўкирган Содиқ Шоҳруҳнинг устига бостириб кела бошлади. — Башарамга оёқ босдингми?!

— Ака!..

— Сенинг аканг йўқ. Сени ойим туғмаган. Кўчадан келиб қолгансан!

Шоҳруҳ гапиришга улгурмади. Уч ака уч томонидан тепишга тушиб кетди. Ҳар учовига ҳам Шоҳруҳнинг кучи етарди. Истаса, кўз очиб-юмгунча, акаларини қонга белаб ташларди. Бироқ у бундай қилолмасди. Сабаби, бир онанинг қорнидан талашиб тушган инилари...

Кўзлари қонга тўлган уч ака беш дақиқача тинмади. Бу пайтга келиб Шоҳруҳ полга қулаган, ўзи билан ўзи овора бўлиб қолганди. Икки катта овсиннинг пешонаси тиришган эса-да, улар ич-ичидан хурсанд эдилар. Мафтунанинг бўлса, иккала кўзи ёшга тўла эди. У Шоҳруҳни калтаклаётган ака-укаларга шунақанги нафрат билан қараб турардики, агар эркакча кучи бўлганида, ҳар учовини ерпарчин қилиб ташларди. Шоҳруҳ бутунлай қонига беланиб қолганида, у бақириб юборди:

— Ўлдириб қўясизлар, тегманглар!

Зўравонлар бир зум тўхташди. Соҳиб хотинига ўқрайиб қаради.

— Манжалақи, ўчир овозингни! — деди.

Ўлим ҳақидаги сўз бирдан Бўроннинг миясига урди.

— Бу сволочнинг тиригидан ўлиги қиммат. Бўлди қилинглар, — деди иккала укасига ҳам.

Содиқ ҳали-бери қониқмаганди. Яна калтаклагиси келаётганди. Шу боис, акасининг гапидан кейин ҳам ўзини босиб туролмай, Шоҳруҳнинг биқинига тепди.

— Бас қил, дедим! — бақирди Бўрон.

— Ака, — деди Содиқ кўзи олайиб Бўронга қараркан, — бу ифлосга ҳали кам!

— Етади.

Содиқ башарасини бужмайтириб, оғир-оғир нафас олаётган укасининг бошига энгашди-да:

— Тиллалар қани? — дея сўради.

Шоҳруҳ ғўлдираб тушуниксиз товуш чиқарди.

— Эй, Худо, ишқилиб, бир бало қилиб қўйган бўлманглар-да, — деб Мафтуна югурганча келиб қайнисининг бошини кўтарди, рўмолчаси билан бурнини, оғизлари атрофини артди ва кўрдики, лаби бир неча жойидан ёрилибди.

— Дўхтир чақириш керак! — деди эрига илтижо билан боқиб.

Шундан сўнггина овсинларининг ҳам ичидан зил кетди.

— Шарт эмас, ваннага олиб боринглар-да, яхшилаб бетини ювинглар иссиқ сувда. Агар бирон жойи тилинган бўлса, дори-пори суртинглар, дарров одам бўлиб кетади. Сал нарсага дўхтирга чопаверсанглар, спортсменлиги қаёқда қолади? Ўзи шунча вақтдан бери боксга қатнагани билан гўр ҳам бўлмабди. Мен бу баччағарни ўзимга телех қилиб оламан деб юрувдим, — деди Бўрон.

Ҳолбуки, у ҳам қўрқиб кетган, мабодо Шоҳруҳни дўхтирга олиб борадиган бўлишса, ўйламасдан қилган ишларининг оқибати жуда хунук бўлишини эндигина тушунган, вақтида тўхтатиб қолгани учун кичик келинидан ич-ичидан миннатдор эди.

Шоҳруҳнинг юз-кўзларини Мафтунахон ювди. Қолган икки овсин бурунларини жийиришди. Айниқса, айни Шоҳруҳнинг қўйнидан бир олам лаззат олишни орзу қилган Хонзода шунақанги жиркандики, чала ўлик ҳолига келган қайнисига башарасини бужмайтириб бир-икки кўз ташлагач, кўнгли беҳузур бўлаётганини баҳона қилиб ташқарига чиқиб кетди.

Содиқ эса меҳмонхонага кирди-ю, ароқни пиёлага ҳам қуймай, шишанинг ўзидан ичди. Сўнг қизини эслаб қолди. Бу пайтда Бўрон билан Соҳиб ишларини баҳона қилиб жуфтакни ростлашганди. Шуниси ҳам Содиққа алам қилди. Яна ҳамма ташвиш унинг бўйнида қолди. Акаси билан укаси Шоҳруҳни унга қўшилиб калтаклашди. Лекин масалани охиригача ҳал қилишмади. “Улар жигар эмас. Яхшилик чиқмайди. Бойликларига бойлик қўшишади, лекин менга ёрдам беришмайди. Ўлиб кетганим билан ишлари йўқ”, деб тўнғиллади ўзича. Шундан кейингина хаёлига Шаҳло келди.

— Хонзода, қизингни топ! — деб бақирди. У умрида биринчи марта хотинига бақириши эди.

Хотиндан садо чиқмади. Хонзода эрининг овозини ташқаридаги эшик ёнида туриб эшитганди. Бироқ ўзини эшитмаганга олди. Унинг-да ҳамма алами ҳали ичида эди. Овсини Фароғатнинг гўрига ғишт қаларди. Чунки, Худо кўрсатмасин, Шоҳруҳ ўлиб-нетиб қоладиган бўлса, тағин улар балогардон бўлишарди: айни ўша Фароғатнинг ўргатимчилиги боис. “Нега шунинг гапига кириб “Шоҳруҳ қизимга ёмон қараш қилди”, дедим-а?.. Шундоғам “ўғри бизнинг уйда турмасин” деб оёқ тираб туриб олганимда, эрим барибир укасини уйдан ҳайдаб юборарди. Энди унинг касалиям дардисар”, дея ўйларди у.

— Хонзода! — бақирди яна Содиқ.

Унинг бақириши Хонзоданинг юрак-юрагидан ўтиб кетди. Агар кечами, аввалги кунми шунақанги томоқ йиртганида, қандай жавоб қилишни у жуда яхши биларди. Аммо ҳозир озгина паст тушиши керак.

— Нима дейсиз? — деди у меҳмонхонага бориб.

— Қизинг қани? — сўради хотинига ўқрайиб қараб қўйган эр.

— Вой ўлмасам! — дея кўзлари ёниб кетди Хонзоданинг. — Бечора қизгинам ҳамманинг эсидан чиқиб кетибди-ку! Хонасидадир?

— Чақир.

Хонзода югуриб тепа қаватга чиқди. Бироқ қизини тополмади.

— Дадаси! — деди қўрқувдан юраги дук-дук уриб. — Йўқ!

— Нега йўқ бўлади, қаёққа йўқолади? Қизингнинг ўзидаям айб борми дейман!

Қўполликларга Хонзода ортиқ бардош беролмади.

— Намунча бақирасиз боядан бери менга?! Бечора қиз амакисининг қилиқларини эшитгач, шармандаликларга чидолмай бирон ёққа кетиб қолгандир-да! Шу ўғрининг касри ҳаммага ураяпти!..

— Ерни тагидан бўлсаям топ!

— Жинни-пинни бўлдингизми? Қаердан топаман?! Озгина совигач, ўзига келар. Келиб қолар ахир! Келмаса, дадамга айтаман, укаларим билан бирга қидиришади!

Хонзода навбатдаги тулкиликни ишлатиб, дадасининг номини эрига эслатиб қўйди. Бироқ кутилган натижа бўлмади. Бойлигу обрўда аллақачон қайнотасини ортда қолдирган Содиқ бошқа сўз демай, пиёласини ароққа тўлдириб ичди-ю, аммо чўчиб тушмади. “Нима қиласиз, хоним, уларни овора қилиб? Айтганингиздай, ўзига келса қайтиб қолар. Келмаса, ўзим излаб чиқаман”, демади. Бу эса Хонзоданинг юрак-юрагига бориб қадалди. У кўзёшини яширолмай, бироз эрига қараб тургач, бошини эгганча алам билан лабини тишлаб чиқиб кетди.

Орадан ярим соатча ўтди. Ташқарида ҳалгинчак ўриндиқда ўтирганча Хонзода эри ва унинг қариндош-уруғининг гўрига қаламаган ғишт қолмади. Аммо, бир дақиқа бўлсин, қизини эсламади.

Содиқ эса укасини яна бориб тепкиламаслик учун ичаверди, ичаверди. Маст бўлди. Сўнг ғўлдираб алланималарни гапирганча столга бошини қўйиб ухлаб қолди.

* * *

Шаҳло таксидан тушди-ю, йўл бўйида кутиб турган дугонасини кўриб йиғлаб юборди. Ва югурганча бориб уни қучоқлаб олди.

— Нима гап, дугонажон?! — деди уни бағрига босган Севинч хавотирга тушиб.

— Севинч, айтишга тилим бормайди. Тилим! Мен адо бўлдим. Тушунаяпсанми, адо бўлдим! — деди кўзидан дув-дув ёш оқаётган Шаҳло.

— Жоним, қийнамасдан тезроқ айт, бўлмаса, мен ҳам йиғлаб юбораман!

— Йўқ, бу ерда айтолмайман. Уйингга... Йў-ўқ, бўлмайди. Биронта кафега кирайлик, ҳаммасини айтиб бераман!

— Бўпти. Кўз ёшингни арт, одамлар қарашаяпти.

Икки дугона озгина пиёда юришди. Шаҳло бироз ўзига келди. Кейин улар такси тўхтатишди. Севинч шаҳар марказига ҳайдашни айтиб, орқа ўриндиққа ўтирди. Улар то манзилга етгунларича лом-мим дейишмади. Шаҳло ойнадан ташқарига қараб кетар, ора-чора чуқур хўрсиниб қўяр, худди шу маҳал уни қучоқлаб олган Севинч баттар ўзига тортарди.

Икки қиз қаҳвахонанинг алоҳида хонасига кириб ўтиришди. Хизматчи қизга Севинч салқин ичимлик буюраётганида, Шаҳло унинг сўзини бўлди:

— Коньяк олиб келинг. Шоколад ҳам! — деди.

Севинч дугонасига ҳайратланиб қаради. Бироқ хизматчи қиз ҳеч таажжубланмади. Боиси, у бундай ёш, гўзал қизлар коньяк ёки винони хуш кўришларининг бир неча марта гувоҳи бўлган. “Хушторингдан оладиган лаззат кам бўпти-да, коньяк ичиб яна кайф қилишни истаб қолибсан-да”, дея хаёлидан ўтказиб қўярди.

— Шартмиди, Шаҳло? — деди Севинч хизматчи қиз чиқиб кетгач.

— Ичмасам, ўзимга келолмайман.

— Мурод бирон ҳунар кўрсатдими? — дея дугонасининг кўзига тикилди Севинч.

— Э, йўқ. Айтдим-ку, сенга... Агар... агар бирон нима қилганларидаям бу аҳволга тушмасдим. Мурод акамдан хафаям бўлмасдим. Мен уни жонимдан ортиқ севаман... Лекин дардимни унгаям айтолмайман. Фақат сен, сенгагина...

Патнис кўтариб хизматчи қиз келиб қолди-ю, Шаҳлонинг гапи бўлинди. У кириб келган қизга хунук қараб қўйди.

Гарчи Севинч қадаҳга шунчаки лабини теккизиб қўйган эса-да, Шаҳло бир кўтаришда идишидаги коньякни ичиб юборди. Кейин у сўзлади. Бўзлаб-бўзлаб, ойисининг қилмишларини, амакисининг бошидан инсон хаёлига келмайдиган туҳматларни ёғдирганини сўзлади ва гапириш асносида кўзидан тинимсиз ёш оқизиб турди. Оч қоринга коньяк ҳам тез таъсир қилиб, қизнинг бўзлашини баттар кучайтириб юборди.

Севинч орага бир оғиз ҳам сўз қўшолмас, фақат ҳайратдан киприклари пирпираб: “Ё тавба!.. Ё тавба”, дерди.

— Билмадим, — деди гапининг сўнгида Шаҳло, — амаким бечорани нима қилишди? Балки роса калтаклашгандир. Амаким уларнинг ҳаммасидан зўр. Лекин акаларига қўл кўтаролмайди! Жигарларига қандай қўл кўтарсин бечора амаким!

Шаҳло қадаҳини тағин коньякка тўлдириб ичиб юборди. Севинч унинг ичганини ҳатто сезмай ҳам қолди.

— Уйга бормайман, бутунлай! Ёлғончилар орасида бошқа яшамайман! — деди Шаҳло лабини артар экан. Шу пайтда бирдан унинг боши эгилди. Қизнинг кайфи ошиб қолганди.

Севинч Шаҳлонинг гапларидан кейин унга қанча ачинган бўлса, дугонасининг маст бўлганидан шунча қийналарди.

— Шаҳло, жоним, бизникига борамиз. Мен билан бирга турасан, — дея дугонасининг қўлидан ушлади.

— Мурод акамга телефон қил. Мени олиб кетсин. Қаерга бўлсаям майли. Розиман бугуноқ хотин қилиб олишига! — деди Шаҳло бошини кўтариб, тобора юмилиб кетаётган кўзларини зўрға очаркан.

— Жинни бўлиб қолибсан. Нима деяётганингни ўйлаяпсанми?! Тур, бизникига кетамиз. Бир-икки кун мен билан бирга...

— Йўқ. Мурод акамни чақир, агар мени ҳақиқатан ҳам севса, мана шундай кунда билинади. Шу пайтгача бойваччанинг набираси, бойваччанинг қизи эдим. Энди, мана, уйдан кетдим. Чўнтагимда уч юз мингдан бошқа бойлигим йўқ. Севсин, ардоқласин... Агар, агар...

Шаҳло бошқа гапиролмади. Юм-юм йиғлайверди. Киприкларига, кўз остига сурилган бўёқлар мутлақо қолмади. У табиий гўзал эди. Аслида унга бўёқнинг ҳожати йўқ эди. Шундай эса-да, қиз барибир бўёқ ишлатаверарди.

Севинч уни бағрига босди, йиғлади, сўнг Шаҳлонинг илтимосини бажарди. Қўл телефонини сумкасидан олиб қўнғироқ қилди-да, Муродга манзилни айтди.

Орадан ярим соатча вақт ўтди. Бу вақт оралиғида ичи ёниб кетаётган Шаҳло бир неча марта коньякка қўл чўзди. Аммо ҳар сафар унинг қўлини дугонаси қайтарди. Шаҳло бир қултумгина ичишга беришини сўраб ялинавергач эса, хизматчи қизни чақириб, коньякни бериб юборди. Ўрнига шарбат олиб келтирди.

Бўй-басти келишган, сочи сарғиштоб йигит кириб келганида, иккала қиз бир-бирига сўзсиз термилганча ўз хаёллари билан банд эди.

— Мурод ака! — деб ўрнидан туриб кетди Шаҳло йигитни кўриши билан ва унинг бўйнидан қучиб, лабидан ўпиб қўйди.

— Тушунмадим, — деди бирдан қовоғи уйилган йигит севган қизини қучоғидан бўшатиб нари итараркан, — ичибсанми?! Нима қилиқ бу?!

— Ҳозир тушунасиз, Мурод ака, — деди унга салом берган Севинч дугонасининг ўрнига жавоб бераркан, — Шаҳлонинг бошига ташвиш тушиб қолди.

— Қанақа ташвишки, бунинг учун ичиш зарур бўлса?..

— Ўтиринг, — дея унинг қўлидан ушлаб тортди Шаҳло, — айтиб бераман. Аслида, дилингизни хира қилмоқчимасдим. Лекин... Лекин ёлғиз сизгина қутқароласиз мени!

Бу пайтда Шаҳло яна йиғлай бошлаганди. Йигит иккала қизга бир-бир қараркан: “Уйидагилар бошқа бировга турмушга беришмоқчи бўлса керак”, деган хаёлга борди.

Мурод Шаҳлонинг ёнидаги стулга ўтириши билан қиз унинг елкасига бошини қўйди. Сўнг ўпкаси тўлиб кетганидан, бақириб юборишдан ўзини зўрға тийиб, кафти билан оғзини бекитди.

Севинч сездики, дугонаси гапиролмайди. Қандай гапирсин? “Амаким менга ёмон назар билан қарабди, буни нимагадир мен сезмасдан, ойим сезиб қолибди”, десинми? Севган йигитига бу гапни айтиш учун қизнинг юз териси қалинлиги қанча бўлиши керак? Қолаверса, Мурод унинг гапларига қай даражада ишонади? У ҳам ташлаб кетиб қолмайдими?

Севинч энди гап бошлаганида, Шаҳло уни тўхтатди.

— Ўзим... Ўзим ҳаммасини айтаман. Бундан олдин, Мурод ака, сиздан бир нарсани сўрасам майлими? — деди.

— Бемалол. Ҳамма саволингни беравер.

— Мени жудаям яхши кўрасизми? Ҳар қандай шароитда ҳам ёлғизлатмайсизми?

— Сен менинг ягонам, эркатойим, шириним, новвотимсан. Агар сен бўлмасанг, мен яшолмайман. Тушунаяпсанми, яшолмайман!!!

Унинг сўзларидан Шаҳло ҳаяжонланиб кетди ва ёнларида Севинч бўлишига қарамасдан, йигитини узоқ берилиб ўпди. Севинч уялди, қизарди, бошини эгди. Охири чидаёлмади.

— Сизлар гаплашиб туринглар, менинг озгина ишим бор эди, — деб ўрнидан турди.

Орадан бироз ўтиб, Шаҳло уйида бўлган воқеаларни бирма-бир гапириб берди. Лекин амакисининг шаҳват назари билан қараганини айтмади. Чунки қолгани ҳам Муродга етиб-ортганди.

— Уйимдагилар, — деди талай муддат бир нуқтага термилиб турган Мурод Шаҳло сўзлаб бўлганидан кейин, — кеча дам олгани кетишди. Ўн кунсиз келишмайди. Ёлғиз ўзимман уч хонали уйда. Ҳозир сени олиб кетаман. Мен билан яшайсан.

Шаҳло унга ҳеч бир жавоб қилмади. Бошини хам қилиб ўтираверди. Боягина: “Муродникига кетаман”, деганди Севинчга. Энди Мурод айни у хоҳлаган гапни айтгач, негадир юраги орқасига тортиб кетди.

(Давоми бор)

Мафия сардори (Биринчи қисм)

Мафия сардори (Иккинчи қисм)

Мафия сардори (Учинчи қисм)

Мафия сардори (Тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Бешинчи қисм)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)