Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Йигирма иккинчи қисм)
* * *
Нозик, юмшоқ қўл Шоҳруҳнинг елкасини силаётганида, у Оксанадан кўзини узмай қараб турди. Жилмайди.
— Қорин очлигида бундан ҳам гўзал қиз бошқа ишларни қилган тақдирда ҳам, одам қочиб кетади, — деди.
Унинг гапига Оксана ҳам кулди ҳамда хизматчи қизга ишора қилди.
— Биласизми? — деди у кетганидан кейин Шоҳруҳ рўпарасидаги банкирнинг қизига. — Ўзимни жудаям ноқулай ҳис этаяпман. Ижозат берсангиз, егуликларни олиб келишгунча чўмилиб чиқсам. Ювинмагандан кейин одам оғир бўлиб қоларкан.
— Ихтиёрингиз, — деди Оксана ва сумкачасидан сигарета қутисини олиб стол устига қўйди.
Чўмилиб чиққан Шоҳруҳ артиниш, кийиниш баҳонасида, оромхоналарнинг ҳаммасини бирма-бир кўздан кечириб чиқди. Чунки бунақанги жойга таклиф қилиш баҳонасида, Роман Фёдорович бошқа нарсаларни ҳам режалаштирган бўлиши мумкин эди. Албатта, бу сафар қизи орқали.
Шубҳали ҳеч нима кўрмаганидан кейин Шоҳруҳ жойига қайтиб келиб ўтирди. Бу пайтда столнинг усти турли егуликлару, Франциядан келтирилган коньяклар билан бир қаторда, Россиянинг энг тоза ароғи билан тўлдирилганди.
— Чўмилишдан кейин иштаҳа очилишини яхши биламан. Ўзим ҳам сувнинг тагига тушгим келаяпти-ю, лекин эринчоқлигим панд бераяпти, — деди Оксана Шоҳруҳ ўтирганидан кейин жилмайиб боқаркан.
— Аслида шундоғам иштаҳам очиқ эди. Тўғриси, нима бўлса еб ташлашим ҳеч гап эмасди. Лекин ўзимни қандайдир оғир ҳис қилдим, — дея Шоҳруҳ чиройли қилиб тарелкага кесиб қўйилган помидор бўлагини оғзига солди-да, ҳузур қилиб чайнай бошлади.
Оксана эса қадаҳларга ароқ тўлатди.
— Қани, — деди ўзининг улушини қўлига олиб, — танишганимиз учун битта-битта олайлик.
Шоҳруҳ эътироз билдирмади.
— Сиз учун, — деб қадаҳини Оксананикига тўқиштирди-да, бир кўтаришда ичиб юборди. Сўнг ўзгача иштаҳа билан, қовурилган жўжа, колбаса, хуллас калом, дастурхон устидаги бор егуликларни бирма-бир оғзига тиқа бошлади.
Унинг тановулига Оксананинг ҳаваси келди. У зўр иштиёқ билан йигитнинг овқатланишини томоша қилиб ўтирди.
Агар ора-чора Шоҳруҳнинг қизга қараб қўйганини ҳисобга олмаганда, деярли беш дақиқача бош кўтармади.
— Ҳай-ҳай, — деди қиз мийиғида кулиб, — бу аҳволда столни ҳам еб қўясиз, яна эллик грамм ичиб юборинг. Кейин очофатликни давом этказасиз.
Шоҳруҳга унинг гапи хуш ёқди. Шу боисдан маза қилиб кулди. Сўнгра қадаҳини Оксана томон узатди.
Иккинчи қадаҳ унинг бошини анча қизитди. Роман Фёдоровичдан аччиқланган эди. Бир муддат бу нарса эсидан чиқди.
— Хизматчи қиз мендан мафтункорми? — сўраб қолди Оксана санчқи билан қўл артадиган қоғозчани эринмасдан бирма-бир тешар экан.
— Сизнинг тенгингиз йўқ. Қизиқ, нега мени бу ерга олиб келдингиз? Бошқа холироқ жойга борсак, бемалолроқ гаплашиб ўтирармидик?..
— Шу ер ҳам холи. Истасак, биров халақит бермайди. Мен дадамнинг қарзини узишим керак.
— Дадангиз кимдандир қарздорми?
— Ҳа. Сиздан. Мени қутқариб қолганингиз учун. Иккинчиси, шубҳаланиб...
— Унинг ўрнига мен бўлганимда ҳам шундай қилардим. Сизни қутқарганимга келсак... Сабаби оддий: дўстлашмоқчийдим. Албатта, сизнинг борлигингизни билмаганим боис, дадангиз билан...
— Демак, манфаат юзасидан.
— Фақат пул масаласида эмас.
— Суриштирса, охири шунга бориб тақалади.
— Балки.
— Мен жуда ёмон кўраман, — деб Оксана ўзининг қадаҳини ароққа тўлдирди.
— Ана, кайфингиз ошиб қолганга ўхшайди. Бошқа ичмасангиз яхши бўлармиди, — деди унга термилиб ўтирган Шоҳруҳ.
— Нималар деяпсиз? Айрим гапларингиз худди дадамникига ўхшаб кетаяпти. Назаримда, бир хил одамсизлар. Пул, мол-давлат, қават-қават иморатлар, шахсий самолёт... Лекин, лекин... — Оксана қадаҳини бўшатди. Сўнг лабини кафти билан артиб, стол устида турган тамаки қутисидан бир дона сигарета олиб, лабига қистириб тутатди. Тутунни шунақанги мириқиб ичига ютдики, кўзлари юмилиб кетди. Унинг қилиғидан Шоҳруҳнинг ғаши келди. Бироқ ҳеч нима демади. Бир бўлак колбасани ликопча устига қўйиб, майдалай бошлади.
— Лекин, — дея гапида давом этди Оксана, — сизларни деб кўп одам ўлиб кетади. Шунисини сираям ўйламайсизлар. Сизларнинг тоифангиздаги одамлар ҳаддан зиёд ўзларини яхши кўришади. Шунинг учун ҳам бирорта аёлнинг ёнига яқинлашишмайди. Яқинлашган тақдирларида ҳам, сохталик билан яна ўз манфаатни ўйлаб яқинлашади. Мана, дадам. Ойимнинг ўлганларига олти йилдан ошди. Лекин бирорта бошқа аёл билан яқин муносабатда бўлмади. Агар яқинлашса, мол-мулкининг бир қисми кимгадир ўтиб қолиши мумкин. Ана шундан қўрқади. Ҳатто... Йўқ, айтмайман! Сизнинг ҳам дадамдан мутлақо фарқингиз йўқ!
У кутилмаганда бақириб юборди. Жаҳл билан столни муштлади. Аламидан сигаретасини кулдонга эзғилади.
Шоҳруҳ ўрнидан турди. Столни айланиб ўтиб, Оксананинг қўлини ушлади. Бироқ қиз қўлини бирдан тортиб олди. Шоҳруҳнинг ҳам ўжарлиги тутиб, қизнинг елкасидан тутиб, ўрнидан турғазиб маҳкам қучоқлади. Оксана аввалига унинг қучоғидан чиқиш учун бир-икки марта типирчилади. Кейин бирдан бўшашди ва ўзи йигитнинг бўйнидан маҳкам қучоқлаб йиғлаб юборди.
— Ҳаммаси изига тушади. Мен мутлақо дадангизга ўхшамайман, — деди уни юпатиш учун Шоҳруҳ.
— Гапирманг. Жим. Ўтиб кетади дарров.
Шу маҳал хизматчи қиз кириб келди. Қўлида патнис, унинг устида буғи чиқиб турган тустовуқ димламаси.
У бир-бирини қучоқлаб турган йигит билан қизга эътибор ҳам бермади. Шошилмасдан лаганни столнинг ўртасига қўйди-да, ачомлашаётганларнинг ёнида туриб қолди. Нигоҳи қизнинг кўзидаги ёшга тушди. Сездики, ўзининг ёрдами керак. У Оксананинг елкасини нозик қўллари билан силай бошлади. Оксана беихтиёр кўзини юмди. Шунда хизматчи қиз унинг орқа томонидан жуда яқин келиб, бўйнидан, қулоқларидан бир-бир бўса ола бошлади. Унинг лаблари Оксананинг вужудига гоҳ жудаям нозик тегса, гоҳ унинг нафас олиб-чиқаргани қулоғига чалинарди. Оксана бутунлай эриб кетди. У хаёлан лаззат домига чўмиб кетганидан аста-секинлик билан Шоҳруҳнинг томоғидан ўпа бошлади.
Манзарадан Шоҳруҳ даҳшатга тушди. Бундай кўринишу хатти-ҳаракат ҳар қандай эркак зотининг ақлини оларди. Бироқ шу дамда хаёлига Юлдуз келди. Унинг майин боқишлари, гўзал жилмайиши кўз олдидан ўтди. Кейин ўзи севган қизнинг Бек билан ёнма-ён ўтирганини ҳам эслади. “Ҳозир у ҳам худди шундай, бошқа бир эркакнинг қучоғида бўлса-чи”, деган ўй ўтди хаёлидан. Изидан: “Бунақанги майнавозчиликни йиғиштиришим керак. Эртароқ кетмасам бўлмайди”, дея ўйлади. Бу пайтда Оксананинг эҳтироси жунбушга келганди. Ҳозир уни ҳеч нарса қайтаролмасди. Қачонки қониқса (у ўзининг Петкаси билан бир неча марта бунақанги висол онларини ўтказганди бошидан. Ҳозир ҳам қўмсаётганди. Қўмсаганда ҳам унча-мунчамас...), шундагина хаёли жойига тушарди. Ва албатта, бунга ичкиликнинг ҳам ҳиссаси қўшилганди. Унинг ҳолатини хизматчи қиз жуда яхши англаб турарди. Ахир улар айни шу ишни амалга ошириш учун дугоналари билан озмунча шуғулланишганми?
— Ётоққа боришимиз керак, — деди хизматчи қиз.
Унинг бу гапи Оксананинг қулоғига йигитнинг оғзидан чиққандай туйилди. У баттар Шоҳруҳга ёпишди...
Шоҳруҳнинг томоғидан ҳеч нарса ўтмай қолди. Нуқул ароқ ичди. Ҳаттоки Оксананинг сигаретасидан бир дона олиб тутатди. Тўғри, тутунни ичига ютмади. Шунчаки оғизга олиб, кейин пуфлаб турди. Шу туфайли ҳам қизга кулги бўлди.
— Кўриб турибман, — деди Оксана, — сенга ёқмадим. Эҳтимол, сен жудаям бошқачасини кўргандирсан. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, асабларим озгина жойига тушди. Шунинг учун ҳам сенга раҳмат.
— Менинг яхши кўрадиган қизим бор, — деди унга бир қараб қўйган Шоҳруҳ.
— Нима қипти? Менинг ҳам йигитим бор. Сен билан менинг алоқамга муҳаббатнинг мутлақо дахли йўқ. Бир нарсани сендан илтимос қилсам майлими?
Шоҳруҳ жавоб қилмади. Бунинг ўрнига қадаҳини навбатдаги марта тўлдирди.
— Бўлди, — деди бу сафар Оксана унинг қадаҳини олиб қўйиб, — сен ҳам бизнинг алкашларга ўхшама... Дадам билан қалин бўлиб олишингга ўзим ёрдам бераман. Аммо бу қалинлик севган қизингнинг ўлимига сабабчи бўлмасин.
Шоҳруҳ ҳеч нимани тушунмади.
— Севган қизимнинг бунга нима алоқаси бор? — сўради у ҳайрон бўлиб.
— Ойимнинг, менинг ҳам алоқамиз йўқ эди... Бўпти, майдалашмайлик. Нима қилдик энди?
— Роман Фёдоровичнинг ёнига борамиз. У билан гаплашиб олишим керак, — деб Шоҳруҳ сигаретани симираётиб озгина тутун ютиб юборди. Шунақанги қаттиқ йўтал тутдики, аксираверганидан кўзларидан ёш чиқиб кетди.
Худди шу пайт Оксананинг қўл телефони жиринглаб қолди. Қиз эринибгина кийим илгичда осилиб турган сумкачасини ковлаб, “сотка”сини олди.
— Дадам, — деди беихтиёр ва кўк тугмачани босиб телефонни қулоғига тутди-да, ўта эринчоқлик билан, — Алло! — дея Шоҳруҳга қараб қўйди.
— Оксан, — деди Роман Фёдорович ваҳимали овозда, — қаердасан?!
— Дада! — бақирди жаҳли чиққан қиз. — Ўз ҳолимга қўясанми-йўқми?
— Қизим, ҳозиргина менинг мошинам портлаб кетди. Сендан хавотирдаман, — деди Роман Фёдорович шошиб.
— Нима?! Нега портлайди? Ким портлатади?! Ўзингга ҳеч нарса қилмадими ишқилиб?! — дея ўрнидан туриб кетди қиз.
— Мен соппа-соғман. Мабодо бехавотир жойда бўлсанг, қимирлама. Йигитларни жўнатаман. Ўзлари олиб келишади. Шаҳар ташқарисидаги дала ҳовлимизда кутаман.
— Дада, ўзим бораман. Сен бемалол кетавер, — деб Оксана телефонни ўчирди.
Шоҳруҳ унга термилиб турарди. Оксана гаплашиб бўлиши билан:
— Қанақанги портлаш? — дея сўради.
— Билмадим. Нафақат мени, дадамни ҳам ўлдиришга чоғланишган кўринади, — деди Оксана.
Шоҳруҳ чўнтагидан телефонини олиб ёқди. Бирдан тинимсиз SMSлар кела бошлади. “Шоҳруҳ ака, қаерларда юрибсиз?” деган хабарнинг ўзидан учта экан. Бундан ташқари, “Кимлардир бизга ҳужум қилишди”, “Тезроқ етиб келинг”, “Қанақанги одамсиз ўзи?”, “Тирикмисиз?” ва ҳоказо шу каби кесатиқ ва совуқдан-совуқ хабарлар ҳам бор эди. Шоҳруҳ уларни шоша-пиша ўқиб чиққанидан кейин рақам терди-да, гўшакни олган йигитдан:
— Қаердасан? — дея сўради.
— Сизлар кирган ресторан тўғрисида, йўлнинг бериги томонидаман, — жавоб қилди йигит.
— Эшикнинг ёнига келиб тур, ҳозир чиқамиз, — деди Шоҳруҳ.
Бунақа бўлишини Оксана мутлақо кутмаган эди. Шоҳруҳнинг одамлари у билан изма-из юриши унинг хаёлига ҳам келмаганди. Ичида Шоҳруҳни ўзича қамаб қўйган отасининг устидан кулди.
Дала ҳовли шаҳардан ўн беш чақиримча узоқликда, дарёнинг қирғоғида жойлашганди. Албатта, замонавий услубда қурилган, атрофини ям-яшил футбол майдонининг майсалари ўраб турарди. Девори эса қизил пишиқ ғиштдан эди. Шоҳруҳ деворга назар ташлар экан: “Бу хитойларникидан қолишмайдиган деворга қанча маблағ сарфланган экан?” — дея хаёлидан ўтказиб қўйди.
Уларни Роман Фёдоровичнинг шахсан ўзи кутиб олди. Ранги озроқ синиққан, қарашлари ғазабнок эди.
— Оксанани кўнг-лингдагидай ўлдиролмаганингдан менга ўтдингми? — сўради у Шоҳруҳ яқинлашиши билан.
Оксана юришдан тўхтаб, дадасига термилди. Лаблари титради.
— Дада, нималар деяпсан? У мутлақо сен ўйлаган одам эмас. Агар ёмонлик қилмоқчи бўлганида, сендан сўрамаган, аллақачон ишини битирган, сен билан мени қора ерга тиқиб, ўзи кайфу сафо қилиб юрган бўларди! — деди.
— Сен айтганча ҳам бўла қолсин. Унда нега бу хизмати эвазига сариқ чақаям олмади? Хўш, нега? Оксана, кўп нарсаларга ҳали ақлинг етмайди. Ўзимиз бу ёғини гаплашиб оламиз, шундайми, йигитча? — дея Роман Фёдорович ўткир нигоҳини Шоҳруҳга қадади.
— Албатта. Лекин сизга бир нарсани айтиб қўяй. Менинг сизга хусуматим йўқ, — деди унга жавобан Шоҳруҳ.
— Демак, гап бошқа нарсада. Сен Оксанани севиб қолгансан. Унга етишиш, яъни кўнглини олиш учун майнавозчилик қилаяпсан!
— Дада, яна хато ўйладинг. У эмас, мен унга аллақачон етишдим. Шунинг учун у билан бирга ишлашингни таклиф қиламан. У мени севмайди. Ўзининг севгани бор. Шу пайтгача бирор марта бўлсин, менинг айтганимни қилмадинг. Ҳеч бўлмаганда, битмас-туганмас бойликларингнинг ягона меросхўри айтган биттагина илтимосни бажар. Шоҳруҳ билан жиддий гаплашиб кўр.
Роман Фёдорович қизини таниёлмай қолди. Ахир унинг йигити бор эди. Яқин ойлар ичида тўйи бўлиши керак эди. Нимага бирдан ўзгариб қолди? Ёшликда ҳар қанақанги адашиш бўлиши мумкин. Ишқий мавзуда ҳам. Буни Роман Фёдорович яхши тушунади. Ўзи ҳам уйлангунича, агар хотираси панд бермаса, беш-олтита қизга “сабоқ” берган. Ҳатто хотини борлигида ҳам иккита “мушукча”си бор эди. Лекин уларнинг ҳеч бири нигоҳидагисига алоқаси бўлмаган. Оксана бир марталик ишқий саргузаштни деб, нефть гегемонининг ўғлидан воз кечмаслиги керак эди.
— Яхши, — деди банкир қизига ён босиб, — биз гаплашиб оламиз. Сен бориб, дамингни олиб тур.
Қиз Шоҳруҳга бир нигоҳ ташлаб қўйганидан кейин узоқлашди.
“Қойил, — ўйлади Шоҳруҳ, — қизи беш-бегона йигит билан бўлиб келаётганини очиқдан-очиқ айтиб турса-ю, ота ғинг демаса!.. Бунақанги қизларни отиб ташласа ҳам, отанинг ҳақи кетади-ку!”
— Қани, йигитча, менинг хонамга борайлик-чи, қизимнинг гапини ерда қолдиришни истамайман. Шу боис, икки соатлардан сўнг нима бўлишидан қатъи назар, орани очиқ қилайлик, — деб Роман Фёдорович Шоҳруҳни юз қадамча наридаги муҳташам иморатга бошлади.
Роман Фёдорович ўзининг кутубхонасига кирди. Хонанинг тўрт томони китоб қўйишга мўлжалланган шкафлардан иборат эди. Жавонларнинг ҳаммаси турли-туман китоблар билан лиқ тўла эди. Шоҳруҳнинг оғзи очилиб қолди. Зеро, у банкирнинг китоб ўқишини тасаввур ҳам қилолмасди.
— Мақсадга кўчайлик, — деди Роман Фёдорович ҳали-ҳамон китоблардан кўзини узолмай турган Шоҳруҳдан.
— Шуларнинг ҳаммасини ўқиб чиққанмисиз? — сўради Шоҳруҳ.
— Йўқ. Айримларини. Фақат иқтисодга тааллуқли бўлганларини. Қолганларини шунчаки этика учун олиб келганман.
— Ўзим ҳам шундай деб ўйлаган эдим. Бу китоблар орасида сиз қотилликка қўл уролмайсиз.
— Нега?
— Уяласиз.
Роман Фёдорович баттар жиддийлашди.
— Дала ҳовлидан чиқишинг билан ўрмон. Исталган жойга олиб бориб, ўлдириб юборишим мумкин.
— Тўғри. Лекин сиз бундай қилолмайсиз. Айниқса, китоблар орасидан чиққанингиздан кейин. Мақсадга кўчайликми? Марҳамат. Мен анчадан бери бозордан жой олиш учун ҳаракат қилиб юрибман, — деб Шоҳруҳ жавондан семиз китобни олди-да, секин варақлай бошлади.
— Майда ишларга мутлақо аралашмайман, — деди банкир унга хўмрайганча.
— Биламан. Лекин менинг ишим сиз ўйлаганчалик майда эмас. Яъни айтмоқчиманки, бозорга истаган жойимдан, истаган миқдорда мол олиб келиб сотишни хоҳлайман. Яъни қишлоқ хўжалик молларини.
— Аниқроқ гапир.
— Менга жуда катта тўсиқ қўйилаяптими, демак, қилмоқчи бўлган ишим ҳам кичкина эмас...
— Помидор, бодринг ва ҳоказолар шунчаки кўргазма. Аслида тагида бошқа нарса ётибди. Унақа ишлар билан шуғулланаётганларни яхши биламан.
— Сизга биронтасининг иши тушганмиди? — дея Шоҳруҳ банкирга синовчан тикилди.
— Ҳа, бўлган.
— Ёрдам берганмидингиз?
— Аввалига рози бўлиб, кейин кўнмаганман.
— Энди тирик қолишни истаяпсизми? Агар айтганлари бўлмаса, улар ўзларини ниҳоятда камситилган ҳисоблашади. Сизнинг олдингизда иккита йўл турибди. Биттаси, уларнинг айтганларини қилиб берасиз, иккинчиси, қизингиз билан бирга нариги дунёга равона бўласиз.
— Нималар деяпсан? Уларнинг бирорта ҳам ҳужжати тўғри эмас. Пулларни хорижга чиқариб юборсам, эрта бир кун ҳукумат барибир қўймайди. Бошқача айтганда, бу ҳам ўлим билан тенг. Учинчи йўлни айт.
— Чиновниклар билан яқиндан таништириб қўясиз. Қиладиган ишингиз шу, холос. Мақсадим шу.
— Эвазига сен мени доимий равишда қўриқлайсан.
— Мен бунақа демадим. Мен ишимни битирдим. Қизингиз тирик. Сизга ҳам жин ургани йўқ. Иккала портлашнинг ҳам зиёни тегмади. Менинг олдимда қарздорсиз.
— Улар билан сенинг олди-бердинг борми? — сўради бир нуқтага термилиб қолган Роман Фёдорович.
— Йўқ. Тасодиф туфайли маълумот қўлимга тушиб қолди. Ва бундан усталик билан фойдаланиб қолишни режалаштирдим... Демак, чиновниклар билан танишамизми? Фақат самимий. Уларга таништираётганингизда, яқин дўстингиз эканлигимни айтишни унутмаган ҳолда, муомалани ҳам классик даражага чиқаришингиз керак, — деб Шоҳруҳ чўнтагидан бир парча қоғоз чиқариб Роман Фёдоровичга узатди, — ҳар эҳтимолга қарши телефон рақамимни ёзиб қўйган эдим. Агар таклифим маъқул келса, қўнғироқ қиларсиз. Энди эса, вақтим тугади. Яхши қолинг.
Шоҳруҳ эшик тарафга юрди. Роман Фёдорович унинг ортидан гарангсиган ҳолда термилиб қолди.
Ҳовлига чиққан йигит чуқур нафас олди. Ўпкаси тоза ҳаво билан тўлиб, унга ўзгача роҳат бахш этди. “Ҳурматли банкир, энди қўлимдан ҳеч қаёққа қочиб қутулолмайсан”, дея хаёлидан ўтказди ва бир текисдаги кўм-кўк майсаларни босиб, эртаклардаги каби антиқа қилиб қурилган, қизғиш рангли уйдан узоқлаша бошлади. Ҳозир ташқарига чиқади, машинага ўтиради, кейин Юлдузга қўнғироқ қилиб... Шоҳруҳнинг юзи бирдан жиддийлашди. Унинг хаёлига Юлдуз жўнатган SMS келган эди. “Ҳужум”, дея ўзига-ўзи гапирди ва қадамини секинлатди. “Ким бўлиши мумкин? Наҳотки бизнинг қаерга жойлашганимиздан хабар топишган бўлса... Бир марта безовта қилишдими, демак, бу нарса яна такрорланади. Тўхта, бирдан ҳамма ёқнинг алғов-далғовини чиқарган бўлишса-чи?.. Шошилишим керак. Шунча хабарларни ўқиб, яна Оксана билан бирга келдим-а! Зарурмиди шу менга? Бошқа пайт келсам ҳам бўларди-ку молпараст банкирнинг ёнига...” — дея ўйлаётган Шоҳруҳнинг яна ўз-ўзидан қадами тезлашди. У шунчалик тез қадам босардики, ортидан югурмасдан унга етишнинг иложи йўқ эди. Оксана бошини хам қилганча анча нарида кетаётган Шоҳруҳни кўриб, аввалига ҳайрон бўлиб ойнадан қараб турди. Йигитнинг аҳволи иши битмаганидан дарак берарди. “Дада, шунчаликка ҳам борасанми? Ҳаммасини сенга тушунтирдим-ку, ҳеч бўлмаганда, одамгарчилик қил эди. Ишини битирмасанг ҳам, кўнглини овлагин эди. Бечора...” — дея хаёлидан ўтказиб хонасидан югуриб чиқди. Шоҳруҳнинг исмини айтиб чақириб, уни тўхтатса ҳам бўларди. Аммо у бундай қилмади. Етиб олиб қўлидан ушлаганча тўхтатмоқчи бўлди. Шундай қилса, ҳар ҳолда романтик ҳолат бўларди. Шоҳруҳ ишдан ҳам кўра бошқа нарсани ўйларди. Жуда қисқа муддатга бўлса ҳам, хаёли чалғирди. Шуниси ҳам Оксанага кифоя. Ахир одамзод қачонгача фақат ўз манфаатини ўйлаб яшайди? Аслида, у ўйлаган режа ҳам манфаатнинг бир турига кирарди. Бироқ сал бошқачароқ, яъни унда самимийлик унсурлари бор эди.
Йигитнинг одими тезлашгач, Оксана югурди.
— Ҳой йигит, — деди у Шоҳруҳнинг олдидан чиқар экан, — хайрлашмасдан қочиб қолмоқчимисиз? Нақадар одобсизлик. Ҳатто кечириб ҳам бўлмайди. Ахир биз шунчаки таниш эмасмиз-ку?!
Оксана унга мафтункор жилмайди. У қандай қилса, йигитлар кетганларидан кейин ҳам уни эслаб юришларини яхши билар эди. Боқишлар, сўзлар, қадди-қоматнинг кўриниши — буларнинг бари эҳтиросга айланган бўлиши керак. Шунда сенга керакли бўлган одам ёнингдан кетганидан кейин ҳам сени хотирлайди. Ва ажойиб бир кунда, (балки соатда) ёнингга қушдай учиб келади. Бироқ айни дақиқада Шоҳруҳ уни кўрмаётгандай эди. Хаёли шунчалик банд эдики, ўйлашга халақит бераётган қизни ёмон кўриб кетди.
— Кетишим керак, — деди у Оксанага жиддий боқиб, — тезроқ.
— Келасанми?
— Билмадим.
Шоҳруҳ бошқа ҳеч нима демади. Югуриб кетди. Дарвоза ёнида унинг йўлини қўриқчи йигитлар тўсишди.
— Кетишингга ҳеч ким рухсат бергани йўқ, — деди улардан бири.
— Қолишимга ҳам.
Шу пайт орқадан Оксананинг аламли, ғазабга лиммо-лим овози эшитилди.
— Қўйворинглар, йўқолсин!
Унинг гапи Шоҳруҳнинг миясига яшиндай урилди. Беихтиёр ўгирилиб қизга қаради. Гарчи икковининг орасидаги масофа анчагина бўлса-да, йигит қизнинг қай аҳволда турганлигини ич-ичидан сезарди. “Севиб қолган бўлса-я?.. Гарчи орамизда ҳамма иш бўлган бўлса ҳам, азбаройи қарзини узиш учун қилди, деб ўйлагандим. Эсиз, отаси билан эндигина чиқишганимда... Бундай майда-чуйдалар одамнинг оёғидан чалади. Асло чалинмаслигим керак. Бир дақиқа ҳам. Айниқса, Юлдуз мени интизорлик билан кутаётганида. Яхшиямки, Оксана билан иккаламизнинг орамизда бўлган воқеадан хабари йўқ. Билиб қолса, икки дунёда ҳам мени кечирмайди... Атайлаб қилмадим-ку, шунақа бўлиб қолди. Менга қолса, умуман яқинига йўламаган бўлардим”, қабилида ўй сурган Шоҳруҳ бир қанча муддат туриб қолди. Кейин уйқудан уйғонди гўё. Кўзларини катта-катта очиб, рўпарасида турган сўхтаси совуқ йигитларга қаради, сўнг уларнинг ёнидан ўтиб кетди.
Бу ердан қўналғасигача масофа олис эди. Аввал шаҳарга борилар, ундан сўнг яна икки соатча юриларди. Шоҳруҳнинг ичи ёнаётганди. Машинада зўрға ўтирди. Агар шу тобда қаноти бўлганидами, учарди. Тўхтамасдан, нафаси бўғзига тиқилиб қолса ҳам, қанот қоқиб кетаверарди...
Чанг-тўзон кўтарган машина бирдан тормоз берди. У эшикни очиши билан ўзини ерга отди ва югурди. Унинг келганини кўргач, бир нарса демоқчи бўлгандай атрофида юрган йигитлари тилларини тишлаб қолаверишди. Чунки Шоҳруҳ уларга қараб ҳам қўймади. Қарсиллатиб эшикни очди-ю, шу заҳоти ўзини ичкарига урди. Йўлак, йўлакдан бироз юрилгач, Юлдузнинг хонаси... Яна бир марта эшик ғийқиллаб очилиб, шу тарзда ёпилди. Ва Шоҳруҳ Юлдузнинг каравоти ёнида Бекни кўрди. Пешонасидаги тер муз бўлиб ёпишди. Ичидан бир нима чирт этиб узилгандай бўлди. Кўйлакларини бирма-бир ечиб ташлаётганида Оксананинг: “Қизим бор, деб бошқа айтма. Менинг ҳам йигитим бор. Лекин бу нарса сен билан яқинлик қилишимга халақит беролмайди”, деган гапини эслади. “Наҳотки Юлдуз ҳам шундай ўйласа, муҳаббати бўла туриб, қисқа муддатли лаззатдан ўзини тиймаса?!” — деб ўйлади.
Бек Шоҳруҳни кўриши билан ўрнидан сапчиб турди. Худди айб устида қўлга тушган одамдай. Ахир у эндигина юрак ютиб Юлдузнинг қўлини ушлаганди. Олдига неча марта кириб чиқди. Ҳар кирганида шириндан-ширин сўзларни айтди. Қизнинг кайфиятини кўтариш учун латифалар тўқиб-бичди. Ўзини яхши кўрсатишга уринди. Бироқ, шифтдан кўзини узмай ётган қизнинг юзида зиғирчалик ўзгариш бўлмади. Унинг бутун ўй-хаёли бир-биридан чалкаш ишлар ва Шоҳруҳнинг ақлга сиғмайдиган тентакликлари билан банд эди. У бу чигалликлардан чиқиб кетишни ўйларди. Илгарилари, ҳали Шоҳруҳни учратмасидан бурун осонлик билан ҳамма муаммони ҳал қиларди. Дарров кўнгли хотиржам тортарди. Энди иккиланиб қолди. Тўғрироғи: “Шоҳруҳ нима деркин?” деган ўй бир қарорга келишига халақит берадиган бўлди. Бунинг учун ҳатто Шоҳруҳга жуда эрта, (балки умуман) юрагини топширганидан афсусланди ҳам. У ўйлардан чарчаб, Бекнинг сўнгги латифасини эшитди. У ҳақиқатан ҳам кулгили эди. Сал илгарироқ бўлганида, эҳтимол, хандон отиб кулган ҳам бўларди. Лекин ҳозир жилмайиш билангина чекланди ҳамда йигитнинг мардлик қилишига имконият яратиб берди. “Бўлди, — ўйлади Бек, — энди қўлини ушлаб, сиқиб қўяман... Йўқ, қўйиб юбормайман. Тортиб олмоқчи бўлса, маҳкамроқ ушлайман. Агар менга қизиқиши бўлса, индамайди... Мабодо жаҳли чиқадиган бўлса, бошқа нарса ўйлаб топаман”, дея хаёлидан ўтказди у ҳамда иккиланиш билан аввал Юлдузнинг оппоқ, узун бармоқлари устига қўлини қўйди. Эти жимирлаб кетди. Нафас олиши тезлашди. Сўнг секин нозик бармоқларни кафтлари орасига олди. Бахтига, Юлдуз қўлини тортиб олиш учун умуман ҳаракат қилмади. Худди Бекнинг қилиғи ёққандай, қўлини унинг ихтиёрига топшириб қўйди. Ва ана шу пайтда ердан чиқдими, осмондан тушдими, Шоҳруҳ пайдо бўлди. Унинг важоҳати шунақанги қўрқинчли эдики, агар дев кўриб қолса, олди-орқасига қарамай қочарди.
* * *
Хонзода бир муддат ўғлини таниёлмай, унга термилганча қотиб қолди. Бўйни бўш, нимани айтсанг, қилиб кетаверадиган, мактабнинг энг аълочи ўқувчиси, ота-онасининг умиди ҳозир жирканч бир қиёфада турарди.
— Жаҳон... Жаҳонгир болам, сенга нима бўлди? — деди Хонзода ютиниб.
— Ойи! — деди онасига еб қўйгудек тикилган Жаҳонгир. — Менга ҳақиқатни айтинг... Мен... Мен ҳаромзодаманми?!
— А-а! Нима дединг?! — дея бақириб юборди Хонзода кўзи косасидан чиқиб кетгудек бўлиб.
— Такрорлайман, мени кўчадан орттириб келганмисиз?
— Жаҳонгир, сенга нима бўлаяпти ўзи? Босинқирадингми? Ёки тушингда бирон ёмонроқ...
— Ойи! — бақирди ўғил. — Айлантирмасдан гапимга жавоб беринг!
— Сен... — деди титраб кетган Хонзода, — сен...
Унинг тили негадир танглайига ёпишиб қолган, шу битта сўздан бошқасини айтишга қурби етмаётган эди. Шунингдек, унинг ранги борган сари докадек оқараётганди. Бир неча сониядан кейин оёқ-қўли бўшашиб ўтириб қолди. Сўнг йиқилди. Ўғли эса бу воқеага одатий ҳолдай, шунчаки қараб турди. Хонзоданинг кўзи юмилганидан кейин эса:
— Ҳар доим шунақа, битта гапни айтсанг, ўзидан кетиб қолади. Кошки мен шунга ишонсам... Мамаша, — деди у Хонзодага иржайиб қараркан, — деньги... деньги керак менга. Берворинг, кейин ҳушингиздан кетиб ётаверасиз...
Хонзодадан жавоб бўлмади. У ҳатто қимирлаб ҳам қўймади.
— Уфф, — деб Жаҳонгир сочини ғижимлади, — бошим оғриб кетаяпти. Эллик грамм ичмасам ўлиб қоламан.
У секин онасининг устидан ҳатлаб ўтди-да, унинг полда бир тарафга қийшайиб ётган сумкачасини ковлади.
— Во-о! — деди бир сиқим пулни оларкан, Хонзодага назар ташлаб қўйиб. — Ўзимнинг бойвачча мамашкам бор-да. Любой время пули бўлади. Яна унча-мунча пул билан юрмайди.
У ташқарига чиқиб кетди. Тўзғиган сочлар, ювиқсиз башара-ю, кир қўл билан. Бунинг устига, кийимлари ғижим эди. Кўрган одамнинг ғашини келтирарди. Биров уни соғ деб ўйламас, ҳойнаҳой, ахлат титувчилар қавмидан бўлса керак, деган хаёлга борарди. Фақат қўшнилар уни орқасидан бўлса ҳам танишади... Бундан улар учун янги шакл ва мазмундаги ғийбат тайёр.
Хонзода ярим соатча ётди. Сўнг устига тегирмон тоши қўйилгандек вазмин бошини зўрға кўтарди. Юзини тўзғиган сочларидан тозалади. Ўрнидан туриб, ўғлининг ётоқ жойига ўтирди. Кулдондан ярмигача чекилган сигарета донасини олиб, худди ундан бирон нима топадигандай термилиб турди. Сўнг гугурт чақиб, уни тутатди. Ўзича чеккан бўлди.
— Хонимлар ва жаноблар, — деди атрофидаги жиҳозларга телбавор қиёфада бир-бир назар ташларкан, — қисқаси, мен бутунлай қаршиман. Ҳа... Ҳа, қаршиман. Чекмаслик одам фантазиясини бўғади. Бир жойда қолиб кетишга мажбур қилади. Хонимлар, ахир ҳаётга бир марта келгандан кейин ҳар бир аёл маликалардай яшаши лозим.
У тутунни ютиб юборди ва бирдан аксира бошлади. Кўп марта баланд овозда аксирди. Кўзидан ёш чиқиб кетди. Кейин у йиғлашга тушди. Бақириб-бақириб, айтиб-айтиб йиғлади. Бир муддатдан кейин эса йиғидан тўхтади.
— Ҳали, — деди ўзига-ўзи гапириб, — ҳаммаси тугагани йўқ. Изига тушиб кетиш имконияти бор. Ойим мени ҳайдаган, дадам касалхонада ётган бўлса ҳам, эримнинг акаси Бўрон ака бор. Иродали, бой, ҳар ерда сўзини ўтказа оладиган. Битта укасига барибир ичи ачийди. Унинг ёнига бораман. Ялинаман, ёлвораман, оёқларини ўпаман... Шошма-шошма, нега бундай қиларканман? Ахир унинг иккинчи хотини борлигини биламан-ку! Ҳатто бир марта нозиккина белчасидан қучоқлаб супермаркетга олиб кираётганини ўз кўзим билан кўрганман. Агар илтимосимни ерда қолдирадиган бўлса, овсиним Фароғатхон бошида ёнғоқ чақади.
У дарров кўз ёшларини артиб ўрнидан турди. Деразаларни очиб ташлаб: “Жаҳонгир болам-а, ҳеч бўлмаганда деразани очганингда, хонанг бунчалик сасимаган бўларди”, деди ва дадил қадам ташлаб хонасига кирди-да, кўзгу ёнига борди. Яхшилаб юз-кўзига тикилди. “Эҳ, бу аҳволингни кўрган одам қари кампир дейди. Нега бунча абгор бўлиб юрибсан? Қани, тезда ўзингга оро бер-чи”, деб ойнадаги аксига тегинаркан, “пучуқ қиз”, деди қайсидир қариндошининг гапини эслаб.
У обдан бўёқларни юзига чаплаганидан кейин ўзига ёқадиган пушти ранг кўйлагини кийди-да, бошқатдан ўзини ойнага солди. Гўзаллигидан кўнгли хотиржам тортгач, пастки қаватга тушди. Сал бўлмаса, кўчадан кириб келган ўғли билан тўқнашиб кетаёзди.
— Вой-бўй, — деди кўзи сузилган Жаҳонгир, — олифта бўлиб олибсизми? Нима, менга бошқа дада олиб бергани кетаяпсизми? Боягина ўлаётгандингиз-ку, дарров эсингизга янги дадам тушиб қолдими?
— Ўчир овозингни, ярамас! — қичқириб юборди Хонзода. — Молдан фарқинг қолмабди, садқаи одам кет. Ҳали шу аҳволингда кўчага чиқдингми, ер ютгур? Сенинг шарманда қилишинг қолувди энди?!
Хонзоданинг асаби таранглашди ва жаҳл билан ўғлининг юзига шапалоқ тортиб юборди.
— Мараз! — деди Жаҳонгир ва қўлида озгинаси ичилган ароқ шишасини юқорига кўтарди.
* * *
Мурод Ўктамнинг ёнига бориб, фирмада ишлашга розилигини айтди. Ўктам гўё ҳайрон бўлгандай аввалига унинг юзига термилиб турди. Сўнг жилмайиб, елкасига қўлини қўяркан:
— Рози бўлишингни билардим, — деди.
Бу гапнинг орқасида: “Ўзинг зўрға кун кўраяпсан. Уйингда бир ҳафтада бир марта гўшт ейсанми-йўқми, Худо билади. Ўзингни аввалига ноз қилиб, сўнг худди мен мажбур қилаверганимдан кейин ноилож кўнган одам қилиб кўрсатмоқчимисан?” — деган фикр ётмаяптимикин, деб ўйлади Мурод. Тикув цехига борганидан кейин Ўктамнинг жон куйдириб ҳамма нарсани ипидан-игнасигача тушунтира бошлаганини кўриб, юқоридаги ўйидан ўзи хафа бўлиб кетди.
Ўша куни ярим тунгача ишлашига тўғри келди. Чунки, тикув машиналари, хом ашё ва бошқа ашқол-дашқолларнинг ҳаммасини бирма-бир кўздан кечириб чиқиши, ҳар бирини ҳисобга олиши зарур эди.
У куннинг ярмини бозорда, қолганини ишхонасида ўтказар, тинимсиз бозорбоп мол ишлаб чиқаришга уринарди. Аввалига иши ҳақида Шаҳлога лом-мим демади. Эрталаб кетди, ярим кечада ҳориб-толиб қайтиб келди. Иш эса, қанчалик изланмасин, барибир изига тушиб кетавермади. Бозорда хариди яхши бўлган икки-уч хил кўйлакни цехда тиктириб, савдогарларга олиб бориб берди. Аммо уларнинг биронтаси ҳам сотилмади. Сабаби, унақаси бозорда қалашиб ётарди. Фасони яхшимас, тикилиши бошқача, ранги тўғри келмайди ва ҳоказо.
— Уфф, — деди бир куни уйга келганидан кейин олдига қўйилган бир коса маставага қараб ҳам қўймасдан, — жонимга тегиб кетди. Ўзи асли кўнглим тортмаганди шу ишга. Мана, қўлимдан ҳеч бало келмаслиги аён бўлиб қолди.
Айни шу куни Фотима опа уйда йўқ эди. Синглисиникига кетган ва шу ёқда ётиб қолишини айтганди. Шаҳло овқатни сузиб келди. Ўзи ҳам Муроднинг рўпарасидаги столга ўтирди.
— Мурод ака, сиз сираям шошилманг. Иш бошлаганингизга бор-йўғи бир ҳафта бўлди. Дарров руҳингизни туширманг. Ҳаммаси яхши бўлиб кетади, — деди ва ўрнидан туриб, ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ўзи севган йигитининг юзидан ўпиб қўйди.
— Қани, овқатингизни енг. Мен томоша қилиб тураман, — деди жилмайиб.
— Фақат узоқроқ турасан-да, — дея косани қошиқ билан кавлаштира бошлади Мурод.
— Нега? — сўради ҳайрон бўлган Шаҳло.
— Очлигимдан сени ҳам қўшиб еб қўйишим мумкин.
Иккаласи ҳам бирдан кулиб юборишди.
Овқатни охирлатиш йигитга насиб этмади. Тўрт-беш қошиқ оғзига солганидан кейин ўз-ўзидан кўзи юмилиб кетаверди.
— Дўхтирлар, — деди у луқмасини чайнар экан, — тўқ қорин билан ухлашни зиён дейишган. Шу косадаги овқат шундай турсин, эрталаб тушириб ташлайман. Ҳозир ухламасам, столдан ерга гурсиллаб ағанаб тушаман. Кейин хуррак отиб ухлаб қоламан. Сен мени ётоғимга оборолмайсан. Қуруқ тахтанинг устида ухласам, баданимга ботиб кетади.
У гапира туриб юзига фотиҳа тортди. Сўнгги гапини айтаётганида у ошхона эшиги ёнига етиб бориб қўйган эди.
— Яна адашиб, бизнинг хонага кириб кетманг. Синглингиз яқиндагина ухлаган эди, қўрқитворасиз, — деб Шаҳло чаққонлик билан ўрнидан турди-да, Муроднинг қўлидан ушлади. Қиз йигитнинг юришига ёрдамлашаркан, ўзининг оқсоқланаётганини билдирмасликка ҳаракат қиларди. Ва уддасидан чиқди ҳам. Чунки бўлажак куёв жудаям чарчаган ва қизнинг оёғи гипсланганини эсидан чиқарганди. Бўлмаса, Шаҳло унга овқат сузаётганида кўзи тушди. “Бечора қиз қийналиб кетди”, деб ўйлади ҳам. Бироқ чарчоқ зўрлик қилди.
Улар биргалашиб Муроднинг ётоғига киришди. Йигит жойига ётаркан, ортига бурилиб кетмоқчи бўлган Шаҳлонинг қўлидан ушлаб қолди.
— Сенга бир нарса айтмоқчиман, — деди.
— Айтаверинг, бемалол.
— Қулоғингга, — деб Мурод қизни ўзига тортди ва бироз энгашган Шаҳлонинг юзидан ўпиб, белидан қучоқламоқчи бўлди.
— Мумкинмас, — деди типирчилаб ундан ўзини олиб қочишга уринган қиз, — ойижонимнинг айтганларини қилмагунингизча...
— Ойим кўп нарсани билмайдилар-ку?!
— Барибир. Ўзимга-ўзим ваъда берганман. Илтимос, қийнаманг.
— Бўпти, лекин вақти келса, ўзингни ҳам ялинтираман.
— Кўрамиз, — деб Шаҳло эшик томон юрди ва хонадан чиқиб кетаётиб, чироқни ўчирди.
Мурод тезда уйқуга кетди. Алламбало тушлар кўрди. Қанақангидир баландликда учиб юрганмиш. Кейин бирдан шаҳарнинг тепасида пайдо бўлармиш-у, юраги ҳаприқармиш. Чунки ундан-да тепада жуда катта қувватга эга бўлган электр симлари бормиш. Кимдир уни қувмоқчи бўлибди. У қочмоққа шайланганида, ўша кимдир йўқолиб қолибди. Ана шундай тушлар оғушида қандайдир баҳайбат аждаҳо пайдо бўлибди. Муроднинг атрофида одам жуда кўп эмиш-у, лекин аждаҳо фақат уни ютишга чоғланармиш. У чўчиб уйғониб кетди. Кўрганларининг ҳаммаси туш эканлигини билиб бўшашди ва пешонасидаги терни артди. Бу пайтда тонг отиб қолган, хонанинг ичи анча ёришганди. У ортиқ ухлолмаслигига кўзи етгач, ўрнидан туриб керишиб қўйди-да, ювиниш хонасига кетди. Қайтаётиб меҳмонхонада ғалати манзарани кўрди. Шаҳло юмшоққина ўринда ётишдан воз кечиб, столга бошини қўйганча ухларди.
(Давоми бор)
Мафия сардори (Саккизинчи қисм)
Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)
Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн бешинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн олтинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн еттинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн саккизинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн тўққизинчи қисм)
Мафия сардори (Йигирманчи қисм)
Мафия сардори (Йигирма биринчи қисм)
Мафия сардори (Йигирма иккинчи қисм)