Найти тему
euroasia.me

Тоғ кўчкиси (Йигирма еттинчи қисм)

Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
( Йигирма еттинчи қисм)

* * *

— Шаҳарнинг ҳамиша эгалари бўлган. Ҳозир ҳам шундай. Мен яна бошоғриққа аралашиб қолишни истамайман. Ана, имтиҳонларни яхши топширдим. Ўқиб, институтни битирганимдан кейин боғдорчилик билан шуғулланаман. Юрак ҳовучлаб юришлар, бировларни пойлашлар, кимларнингдир юзига мушт туширишлар жонимга тегди.

— Орқага йўл йўқ! — деди Қобил бобо қатъий. — Сенга тегинишмаётганининг сабаби уларга мен керакман. Мени топишган куни сени йўқ қилишади. Сенга қўшиб бутун қариндош-уруғингни ҳам. Шунгача сен маълум мавқега эришиб олишинг зарур. Эҳтимол, ана ундан кейин мени бир ёқли қилишса ҳам сенга тегинишмас. Лекин бошқа бир томони ҳам бор. Яъни мен шундай ўлишим керакки, юз йилда ҳам ўлдимми, қолдимми, билишмасин. Шунда улар сенга тегинишмайди. Аммо ўғрибошилар, барибир, хотиржам яшашингга йўл қўйишмайди.

Носир бошини орқага ташлаб, стулнинг суянчиғига калласини тиради-да, шифтга қаради. Лабини тишлади ва икки дақиқа ўтар-ўтмас Қобил бобога юзланиб, «Ичаётганингиздан менга ҳам қуйиб беринг», деди.

Чол унинг илтимосини қондирди.

— Мен зўр йўл топдим. Демак, шу пайтгача тўдалар орасида юрганларгина мени танишади. Вақти келиб каттаришгач...

— Йўқ. Ўғрибошилар ҳам тайинланади. Ўтиравериб-ўтиравериб чиришига оз қолган биттасини чиқаришади-да, ҳаммаёқни тартибга сол, дейишади ва шароит қилиб беришади. Қарабсанки, эгасиз жойнинг эгаси тайёр. Ҳозир шаҳар ҳақиқатан ҳам, эгасиз қолди. Чунки менман деб кўкрагига урганларнинг ҳаммаси ўлиб кетди.

— Хафа бўлманг, лекин энди мен сизга бўйсунмайман. Ғорда бир кун ҳам тунамай, бошқа жойда яшагансиз. Бундан кейин ҳам ўша ерда яшайверинг. Ёки мен бу ердан чиқиб кетаман ва қайтиб келмайман.

Қобил бобо кулди-да, севимли ичимлигидан яна икки қултум ичди.

— Ишқилиб, чалкашиб қолмагин.

Чол ўрнидан чаққонлик билан туриб, эшик томонга кета бошлади.

— Манавининг менга сира кераги йўқ, — деди Носир олтин ғиштни кўрсатиб.

— Менинг бир нима кўтариб юришга кучим қолмаган, — жавоб берди чол ва эшикни очиб чиқиб кетди.

Ҳали тонг ҳам отмаган эди. Носир «Аввал Гуллола билан кўришаман, ана ундан кейин қишлоққа бориб, уйдагиларни севинтираман», дея кўчага чиққанди. Хиёбонга етишига узоғи билан олтмиш-етмиш қадамча қолганда кутилмаганда Ҳалимга дуч келди. Аввалига уни танимади. Бошдан-оёқ оппоқ спортча кийим кийган киши рўпарасидан югуриб келаверди. Бадантарбия билан мунтазам шуғулланадиган, ҳурматини биладиган одам бўлса керак, деб ўйлади уни. Аммо Ҳалим унга етар-етмас тўхтади-да:

— Ҳа-а, боксёр, — деди.

Носир шундан

кейингина унга қаради. Ҳалимни таниб, беихтиёр жилмайди ва салом берди.

— Сени бу ерларда учратаман, деб ўйламагандим, — деди Ҳалим бошидаги кепкасини олиб терлаган пешонасини артаркан.

— Ўзим, шундай, ҳеч ким йўқлигида шаҳарни бир айланай дегандим, — деди Носир бошқа гап тополмаганидан.

— Оббо, сен-э, шунақа де. Бу, идорага ҳам ўтмай қўйдинг. Ё маош бермаганимизга аразладингми?

— Йўғ-э, ўзингиз битта чолга рўпара қилиб қўйдингиз-ку.

— Ҳмм. Юр, мен билан.

Улар иккиси Ҳалим югуриб келган томонга кетишди. Йўл бўйида қоп-қора «Волга» турган экан. Ҳалим шу машинанинг эшигини очди. Улар дарё бўйига боришди. Дарё пишқириб оқарди. Ҳалим кийимларини ечиб, «Сен ҳам ортимдан қолма», деб ўзини сувга отди. У оқимни енгаман деб роса чиранди, аммо иложини қилолмади. Шундан кейин нариги қирғоқ томонга сузди. Оқим уни мўлжалидан анча нарига олиб кетди. Шу ёқдан Ҳалим қирғоққа чиқиб олди. Носир ҳам ўзини сувга отди. У чираниб ўтирмай нариги қирғоқ томон ҳаракатланди, жони борича сузди. Ҳалимни беш-олти қадамга ютди.

— Чаккимассан, — деди Ҳалим Носир қирғоққа чиқиб олганидан кейин, — лекин сув бироз совуқ экан. Қани энди ҳар куни эрталаб шундай совуқ сувда ўн дақиқача чўмилсанг. Бир юз эллик фоиз кафолат билан айтаманки, кун бўйи сендан бардам одам бўлмайди.

Носир унинг гапини тасдиқлаб, сочларидан юзига оқиб тушган сувни кафти билан артди.

— Энди гапир, нималар қилиб юрибсан? — деди Ҳалим унинг ёнига ўтираркан.

— Қочиб юрибман. Охирги пайтларда ўз соямдан ҳам қочишга ҳаракат қиляпман.

Ҳалим кулди.

— Кулманг, бунинг барига сиз сабабчисиз. Илгари битта-иккита аниқ душманим бор эди. Энди душманларим мутлақо кўзимга кўринмайди, аммо қаёққа қарамай улар юргандай. Ҳатто сиз ҳам. Тасодифан олдимдан чиқиб қолмагандирсиз, — деди Носир жаҳл билан.

— Тўғри, бу тасодиф эмас. Бу ёққа ҳам бекордан бекорга олиб келмадим. Сувдан бошқа ҳамма нарса қулоқда акс садо беради. Биргина сув эшитганини ичига ютади-да, қайтариб чиқармайди. Гап бундай, ука, Қобил чол тўғри айтган сенга. Худди шундай қилишинг шарт! — деди Ҳалим жиддий оҳангда.

— Ўғирлик қиламанми? Йўлтўсарлик, зўравонлик билан шуғулланаманми?! — тутақиб кетди Носир.

— Сен бу ишларнинг бирортасини ҳам қилмайсан. Аммо шундай ишлар билан шуғулланиб юрганларнинг ҳаммасини назорат қиласан. Билиб қўй, дунё урушсиз ҳам, ўғирликсиз ҳам турмайди. Ҳар икковиниям бошқармасанг, кулфат устига кулфат ёғилади. Шунақанги қирғин бошланадики, тасаввур қилолмайсан.

— Ҳалим ака, илтимос, бу ишни бошқа бировга топширинглар.

— Нега энди? Бунинг сира иложи йўқ. Бошқа бировни тайёрлагунимизча улоқ кетади. Сендан олдин бу юмушни Қобил чол бажарган.

— Наҳотки?

— Шундай. Аммо энди унинг умри охирлаб боряпти. Юқоридагилар билан гаплашаман, улар сенга тегинишмайди. Институтда ҳам бемалол ўқийсан, битирасан. Керак бўлса ишга жойлашасан. Кўзга кўринмайсан. Аммо ҳамма нарсадан хабардор бўласан. Ечиб бўлмайдиган муаммоларни сен ечасан. Сен билан хабарлашиб турамиз. Ботирашвиллини шеригингга бериб тўғри қилибсан. Толибнинг кетганидан хабаринг бўлса керак.

Носир бирдан Ҳалимга қаради-да, бир муддат унга тикилиб турди.

— Йўқ, — деди сўнгра.

— Жонига қасд қилди. Сен таклифни ўйлаб кўр. Бир ҳафтадан сўнг кўришамиз. Қарорингни айтарсан. Энди бу томонга ўтишда мени ютдинг. Қани, нариги томонга ўтишда ҳам ютармикансан.

Ҳалим ўрнидан туриб, оқим тарафга югуриб кетди. Носир сувга тикилганча бир муддат хаёл сурди. Шалоплаб овоз чиққанидан кейин бошини кўтарди ва бир-бир қадам босганча кета бошлади.

Шаҳарда машиналар кўпая бошлаган эди. Ғамга ботган Носир Гуллола ўқийдиган институт ётоқхонаси тарафга кетиб борарди. Ёнидан онда-сонда ўтиб бораётган одамларга эътибор ҳам бермасди. Бир маҳал кимнингдир инқиллаган овозини эшитиб қолди. Тўхтаб ён-верига қаради, аммо ҳеч ким кўринмади. «Менга шундай туйилди, шекилли», деб яна юришда давом этмоқчи бўлганида яна ўша инграган товуш келди. Овоз беш-олти қадам наридаги ариқча ичидан келарди. Ариқда сув йўқ. Чаккаларида қатор семиз чинорлар ўсгани боис ариқ ҳам кўринмайди. Носир шу томонга шошди.

Ариқчада кўйлаги йиртилган, туфлиси йўқ бир одам ётарди. Пиёниста бўлса керак, деган ўй келди Носирнинг хаёлига ва энди кетмоқчи бўлганида у яна ингради. Ўлиб-нетиб қолмасин, деган ўйда Носир ариқчага тушди ва «алкаш»ни елкасидан ушлаб ўгирди-ю қотиб қолди. Оғзи-бурни қонга беланиб ётган одам Ғайрат акаси эди. Йигитнинг кўзи отилиб чиқиб кетай деди.

— Ғайрат ака! Ғайрат ака! — деди у шошиб.

Аммо Ғайрат гапирмади, фақат ғўлдиради. Ҳаттоки кўзини ҳам очмади. Ғалати томони ундан умуман ароқ ҳиди келмасди.

— Ким сизни бу аҳволга солди?!

Жавоб йўқ. Носир йиғламоқдан бери бўлиб, уни кўтариб, ариқдан олиб чиқди. Сўнг йўл бўйига олиб борди. Ғизиллаб ўтаётган машиналарга қўл кўтарди. Қани энди бирортаси тўхтаса. Йигитнинг жаҳли чиқди. Ғайрат акасини йўл бўйига ётқизиб қўйди-да, йўлнинг ўртасига югуриб, иккала қўлини ҳам юқорига кўтарди ва келаётган машинанинг йўлини тўсди.

— Аҳмоқмисан?! — бақирди ҳайдовчи машинасидан тушмай деразадан калласини чиқариб.

— Одам ўляпти, тез касалхонага обориш керак!

Ҳайдовчи йўл четига қаради. Инсофли экан, машинасидан тушди. Бошқаси бўлганида Носирнинг четга ўтганидан фойдаланиб яна газни босиб кетиб қолармиди.

— Эй-й, бир камим алкашни ортиб юришим қолувди! — деди у ўлаётган одамнинг афт-ангорини кўриб.

— Алкашмас. Кимдир уриб, ариқнинг ичига ташлаб кетибди.

— Вой ифлослар!

Носир ҳайдовчининг ёрдами билан машинанинг орқа ўриндиғига Ғайрат акасини ётқизди.

Носир шифокорлар хат-ҳужжат қилгунича кетиб қолди. Ўзининг исм-шарифини ҳужжатга тиркалишини истамади. Бунинг устига Ғайрат акаси ўзини айнан Носир касалхонага олиб келганини билишни истамади.

«Янгам эрини кутавериб, тамом бўлиб ўтиргандир. Бориб кўнглини кўтариб қўйиш керак. Нима дейман? Бирга эдик. Жўрасиникига кетди. Менга уйга бориб айтиб қўй, деди. Келишнинг сира иложини қилолмадим, десам ишонармикан», дея хаёлидан ўтказди.

Мастура ташқарида эди. Икки ёнига қарайвериб, чарчаганидан энди ерга термилганча ўриндиқда хаёл суриб ўтирарди. Носир унга яқинлашгач, томоғини қириб йўталган киши бўлди. Мастура бирдан у томонга қаради. Синиққина жилмайиб, ўрнидан турди.

— Нима қилиб бу ерда ўтирибсиз? — деди Носир салом берганидан кейин.

— Эй-й, бу акангиз-да. Хавотир олдирмаган куни йўқ. Ичмай қўйди, деб хурсанд бўлиб юрувдим. Бугун умуман уйга келмади.

Ярим кечадан бери шу ерда ўтирибман.

Мастуранинг юзида табассуму кўзида ёш эди.

— Янга, минг бор узр, — деди Носир бошини эгиб, — кеча акам билан бирга эдик. Яна бир жўраси ҳам бор эди. Жўраси қўймай районга меҳмонга олиб кетди. Акам менга «Бориб уйдагиларга айт, хавотир олишмасин», девди. Сира келишнинг иложи бўлмади. Домламга дуч келиб қолдим. Ярим кечагача ишлатди. Кейин сизни ухлаб қолган бўлса керак, деб безовта қилмадим.

— Сизни қарангу, Носиржон. Келавермайсизми? Мен минг битта хаёлга бориб...

Мастура гапини охиригача айтмай, йўлак томонга кетди. Носирни уйга таклиф ҳам қилмади. Носир юқорига Ғайрат акасининг уйи айвонига қаради ва бирдан кўзи Наргизанинг синглисига тушди. У жилмайиб турарди.

— Йўқ, ҳозир зарур ишларим бор. Айб мендан ўтди, минг бор узр, — деб Носир кетмоқчи бўлганида Мастура кўзига ёш олди.

Тамом, энди чиқмасдан иложи йўқ. «Майли, кўп ўтирмайман. Ҳали Ғайрат акани ким бу аҳволга солганини билишим керак. Улар бир киши бўлмагани аниқ. Битта одам бундай қилолмайди. Балки, янгамга ётиғи билан тушунтирганим маъ-қулдир. Ҳали замон мендан бўлмаса мелисадагилардан эшитади. Ана ундан кейин ўзимни нима деб оқлайман? Ҳозир ҳаммасини тушунтираман», дея ўйлади Носир.

— Ростини айтсам, янга, жуда қорним очқаганди, — деди йигит кулиб.

— Яхши-да, қани юринг, бўлмаса.

Бу хонадонда Носир ҳамиша иззат-ҳурмат қилинган. Ғайрат ака мақтайверганига уй соҳиблари уни ўз қадрдонларидай ҳисоблашарди. Мастура Носирни куёв қилишни истарди.

— Янга, суюнчи олгани келгандим, — деди Носир меҳмонхонага кириб ўтирганидан кейин.

Мастуранинг юзида табассум пайдо бўлди.

— Суюнчи сиздан айлансин. Ҳозир-да, — деб у энди ортига бурилган эди ҳамки Носир тўхтатди.

— Ҳозирмас, янга. Битта ош қилиб берасиз, Ғайрат акам иккимиз ўтириб маза қилиб еймиз. Ҳозир иккита тухум қовурсангиз ҳам бўлади.

— Унда қайнижон, мен овора бўлмай. Ана Мафтунага айтамиз, дарров боплаб келади.

Мафтуна дастурхон ёзиб, нон, қанд-қурс қўйди. Сўнг чой дамлаб келди. Ҳар келганида Носирга зимдан кўз ташлайди. Носир буни сезмаганга олади. Ноқулай аҳволга тушади. Лекин нима қилсин?

— Кеча, — деди Мастура чой узатаркан, — кечки пайт акангиз йўлда уч-тўртта зўравонни учратибди. Улар ўтганнинг ҳам, қайтганнинг ҳам чўнтагини шилаётганмиш. Ярамаслар битта қизнинг қулоғидаги сирғасини юлиб олишибди. Қиз бечора чириллаб қолибди. Буни қаранг, бировнинг ҳам иши бўлмабди. Шунга мен хавотир олгандим-да.

Носир секин пиёлани дастурхон устига қўйди:

— Янга, акам бугун ҳам шуларга дуч бўлибди.

Мастуранинг шу заҳоти ранги оқарди.

— Дуч бўлибди?!

— Унақанги хавотирли жойи йўқ. Фақат кўзининг таги кўкарибди-да. Мен эрталаб кўрдим. «Янгангнинг ёнига шу аҳволимда боролмайман», деди.

— Тирикми, ишқилиб?

— Кўрдим деяпман-ку, янга.

— Ҳозир қаерда?

— Балнисада. Тирналган жойларига дори сурттиргани кетди.

Мастуранинг ёши юзига тушди.

— Янга, яхши деяпман-ку. Шунгаям дарров йиғлайверасизми?

— Яхши бўлса, касалхонада нима қилади? Кўзи кўкарса ҳам келавермайдими?!

У ўрнидан туриб, хонадан чиқиб кетди. Апил-тапил кийингач, Носирга «Юринг, мени акангизнинг олдига олиб боринг», деди.

Мастура йўл бўйи Носирга бир оғиз ҳам гапирмай, юм-юм йиғлади. Носир бир неча марта янгасининг кўнглини кўтармоқчи бўлди, аммо фойдаси бўлмади.

Шифокорлар Ғайрат аканинг юзини ювиб, боғлаб қўйишибди. Унинг кўриниши Носир кўргандаги каби қўрқинчли эмасди. Барибир, Мастура ўзини тутиб туролмай, йиғлаб юборди. Улар келишганида Ғайрат ака ухлаётган экан, уйғониб кетди. Кўзини очиб, касалхонада эканини билди. «Энди шундай бўлиб қолди-да, хотин, хафа бўлмайсан. Эркак кишининг бошида бор нарса», демоқчи эди. Аммо гапира олмади. Мастура ўзига келганидан сўнг эридан ҳол-аҳвол сўради. Ғайрат ака яхшилигини билдириш учун бошини қимирлатиб қўйди...

Қуёш ботай-ботай деганда Носир Ғайрат акасини бир аҳволда топиб олган жойга борди. У ерда ўткинчилардан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Шундай бўлса-да, Носир кутди. Қуёш ботиб, йўл ёқасидаги симёғочлардаги чироқлар ёнди. Одамларнинг ўтиб-қайтишлари олдинига кўпайди. Ке-йин камайди. «Қизиқ, Ғайрат ака қачон ишдан қайтган экан? Юк кўпайиб кетган бўлса, мана шундай маҳали, сал кечроқ, янаям кечроқ... Баъзида қуёш ботишига бир терак бўйи қолганда ҳам қайтаверади. Демак, аниқ вақтнинг ўзи йўқ. Кутиш керак», дея ўйлади Носир. Ниҳоят, йигирма беш-ўттиз ёшлар атрофидаги учта йигит пайдо бўлди. Уларнинг бақир-чақир қилиб келаётганларига қараб безорлилар шулар бўлса керак, деган фикрга борди Носир. «Қани кимга зўравонлик қилишаркан, кимнинг нимасини тортиб олишаркан», деди. Бироқ улар бировга тегинишмади. Шунчаки ичиб олишган экан.

Яна ярим соатлардан кейин бошқа гуруҳ пайдо бўлди. Улар бақир-чақир қилишмади, шунчаки ўриндиқлардан бирига бориб ўтиришди. Улар беш киши эди. Носир уларни кузата бошлади. Олдинига бир-бири билан гаплашиб ўтирган «дўстлар» кутилмаганда ўрнидан туришди. Бири яқинлашиб келаётган қизнинг қаршисидан чиқди. Унинг қизга нима деганини Носир эшитмади. Қиз орқасига тисарила бошлаган эди, Носир югуриб борди ва:

— Тегинма! — дея бақирди.

Чунки у етиб бормасидан йўлтўсар қизнинг сумкасини ушлаб тортқилаётганди. Йўлтўсар Носирнинг бақирганига парво ҳам қилмади. Аммо шериклари Носир тарафга юзланишди. Носир уларнинг ёнидан ўтиб кетмоқчи эди, бироқ унинг йўлини тўсишди. Носирнинг алами бўғзига келганди. Йўлтўсарлар ёнига етиши билан ҳеч қанақа гап-сўзсиз бирининг жағига мушт туширди ва шу заҳоти иккинчисининг қорнига тепди. Ҳар икки зўравон ҳам ерга ағанади. Қолган иккита шерик қотиб қолганди. Ахир улар бундай бўлишини ҳаттоки ўйлаб кўрмаган эди-да. Аламзада Носир бундан фойдаланиб, яна биттасининг қовурғасини синдирди. Тўртинчи йўлтўсар ўзига келди. Кутилмаганда пайдо бўлган зўравоннинг башарасини бежаб қўйиш учун мушт туширмоқчи бўлганди, аммо улгурмади. Оғзи-бурни аралаш тўқмордай бир нима тегди-ю, кўзидан ўт чиқиб кетди. Қизнинг сумкасини ушлаб турган бешинчи шерик шу заҳоти чўнтагидан пичоқ чиқарди-да:

— Ҳозир мен сен итни нимталаб ташлайман! — дея пўписа қилди.

Носир тўғри унинг устига бостириб борди. Шунинг ўзи ҳам ҳужум эди. Шунинг ўзи ҳам пичоқли йўлтўсарни довдиратиб қўйган эди. У Носирнинг қорнига пичоқ санчмоқчи бўлди. Аммо Носир йўлтўсарнинг қўлидан тутиб, шундай

қайирди-ки, бечора пичоғини ташлаб, жонҳолатда бақирди. Кейин зўравоннинг қўли синди.

Бундай йигитни умрида учратмаган қиз ҳайкалдай қотиб қолди.

— Тоҳир хўжайин! Унинг рухсатисиз иш қилсанглар, ҳаммангнинг каллангни оламан! — деди Носир сўнгги йўлтўсарнинг сочидан ғижимлаб бошини

қайираркан.

— Тушундим, бу ёққа қадамимни босмайман! Қўйвор! — дея ялинди у.

Носир юборди.

Кейин зўравонларнинг ҳаммаси қочишга тушди. Фақат қовурғаси синган жойидан қимирлай олмади.

— Яхши қиз, бундан бу ёғига ярим кечада юрсангиз ҳам биров тегинмайди.

Қиз ҳамон ҳайратда, ҳамон карахт эди. У беихтиёр бошини қимирлатиб қўйди.

Носир бу муштлашувдан қониқмаганди. Ғайрат акасини бу зўравонлар кўп азоблашган. Ҳозир эса биттадан мушт ейишди, холос. Лекин Носир бошқа уролмайди. Сабаби, улар Носирга тегишлича жавоб қайтаролмайди.

Носир уйига кетмоқчи эди, аммо яна Ҳалимга дуч келди. Ва бирдан хаёлига «Мен аҳмоқман», деган ўй келди. Ахир унга Қобил бобо «Ҳар нарсада эҳтиёт бўл. Кўрганларинг, эшитганларингнинг бари аслидай бўлмаслиги мумкин», деб кўп

тайинлаган эди.

— Очиғи, — деди Ҳалим унга кўришиш учун қўлини чўзаркан, — мен сенинг бунчалик чаққонлигингни билмагандим. Қарияга қойил қолмасдан илож йўқ. Сени зўр тайёрлабди. Лекин ҳозир қилган ишинг учун қанча олишингни биласанми?

— Йўқ, — дея зарда билан қўлини тортиб олди Носир. — Нима, индамаслигим керакмиди?!

— Нега энди? Бундай пайтда мелисага айтилади. Улар йўлтўсарлик қилаётганларни ушлаб, керакли жазо беришарди.

Носир унинг гапига кулди.

— Аммо, — гапини давом этказди Ҳалим, — олдинги жиноятларинг олдида буниси ҳолва. Ишқилиб, анави ўрнидан туролмай қолганини ўлдириб қўймадингми?

— Бориб кўринг, биласиз. Мени қармоғингизда янаям маҳкамроқ ушлаб туриш мақсадида ташкил қилдингизми буни?

— Менми? Қандай қилиб? Бунинг сира иложи йўқ.

Носир Ҳалимнинг оҳангидан ёлғон гапираётганини сезди.

— Бир ҳафтадан кейин кўришамиз, дегандингиз.

— Ҳалиям шу. Фақат ўтиб кетаётиб кўриб қолдим.

— Шунақа денг...

— Кутилмаганда, мутлақо тасодифан.

— Тушунарли, энди хайрлашсак ҳам бўлавераркан, — дея Носир унинг ёнидан ўтиб кетди ва «Сен билан алоҳида ҳисоб-китобим бор. Бугундан бошлаб мени ўзингга душман бил», дея кўнглидан ўтказди.

* * *

Раъно аста-секин ишга мослаша бошлади. Берилган нарсаларни керакли жойларга шу заҳоти рўйхатга киритади. Биров қаттиқ гапирмайди, қовоғини уймайди. «Унчалик ҳам қийин эмаскан, бекорга ваҳима қилиб юрган эканман. Бунинг устига ишчилари ҳам яхши», дея кўнглидан ўтказиб қўярди Раъно.

Бу орада Эшмирза тўй қилди. Раъно таъзияли бўлгани учун тўйга бормади. Эшмирзанинг ўзи эса тўйдан ҳориб келди. Раъно у билан базага кираверишда дуч келиб қолди. Тўйида қатнашолмагани учун узр сўради. «Ҳечқиси йўқ, — деди Эшмирза, — тушунаман. Лекин ҳақингизни олиб қўйибман».

Шу куни кечки пайт Раъно уйига борса, Эшмирзанинг ҳайдовчиси ичимлик, егуликлар, қанд-қурс ташлаб кетибди. Бир хаёл буларнинг барини обориб бермоқчи ҳам бўлди, аммо кейин Эшмирзани хафа бўлиб қолади, деган хаёлда фикридан

қайтди. Шунга қарамай эртасига Эшмирзанинг қабулига кириб, бекорга овора бўлганини айтди. «Қўйсангиз-чи, сиз билан мен замонавий одамлармиз. Ундан кейин мен тўйдан нарса бериб юборгандим, холос», деб қутулди Эшмирза.

Раънонинг иши бир маромда давом этаверди. У Зулфия

исмли аёл билан дўстлашди. Истараси иссиққина, доим жилмайиб турадиган бу аёл товар тарқатиш бўлими мудираси эди. Раъно Зулфиядан ҳамиша маслаҳат сўрарди. Аёл унга бажонидил ёрдам беради. Аммо бошқаларга бундай қилмайди. Раънони эса бошқача кўради. Раъно унинг олдида ўзини қарздордай ҳисоблай бошлади ва бир марта

уйига чақириб меҳмон қилди. Шундан кейин улар яна ҳам қадрдон бўлиб кетишди.

— Сиз хўжайин билан бирга шаҳарга бориб келишингиз керак. Бир ўзингизни қандай жўнатаман, деб ўйлаб тургандим. Боя Эшмирза ака айтиб қолди, мажлисга бораркан. Агар эпини қилсангиз, баҳонада қизингизни ҳам кўриб келсангиз бўлади, — деди Зулфия.

Раънонинг сира боргиси йўқ эди. Аксига олиб бир ўзи эмас, Эшмирза билан бориш... «Бирорта баҳона топиш керак», деди у ўзига-ўзи. Бироқ тузукроқ баҳона ҳам тополмай, боришга мажбур бўлди. Эртасига соат тахминан тўққизда Эшмирзанинг машинасига, орқа ўриндиққа ўтирди. Одатда, бу ерда Эшмирза ўтирарди. Аммо бу гал у Раънони ҳурмат қилиб, ҳайдовчининг ёнига ўтирди. «Ёлғиз ўзим эмас-ку, ҳайдовчи йигит ҳам бор-ку», дея ўзини-ўзи овутган бўлди Раъно машина жойидан жилганда.

Кейинроқ «Нимага хавотир олиб юрибман. У менга бир марта ҳам ортиқча гап гапирмади-ку. Лекин кўнглимда ҳадик бор. Менимча, эрим учун бўлса керак. Абдуалим акам ўзидан-ўзи инсульт бўлиб қолмагандир. Аммо шундай десам, Эшмирза аканинг бировга овозини баландлатиб гапирганини ҳам эшитмадим. Раҳбар қандай бўлиши керак бўлса шундай», дея ўйлади.

— Умримиз ўтиб кетяпти, — деб қолди бир маҳал Эшмирза кўзгуни ўзига тўғирлаб Раънога қараркан. — Яқинда ёш бола эдик, ҳаш-паш дегунча соч оқарибди.

Раъно унга жавобан жилмайиб қўйди. Эшмирзанинг юраги шув этди. «Ваҳ, ваҳ, ваҳ, одамнинг жонини суғуриб олади-я», дея кўнглидан ўтказди у.

— Лекин, — деди сўнгра ойна орқали

ташқарига кўз ташлаб қўяркан, — сиз сира ўзгармагансиз.

— Йў-ў-қ, мен ҳам қаридим. Энди бундан бу ёғига янаям тезроқ қарисам керак.

— Нималар деяпсиз? Биз сизнинг қаришингизга сира йўл қўймаймиз.

— Аёл киши тез қарийди-да.

Раъно тўғри маънода гапирганди бу гапни, аммо Эшмирза

бошқача тушунди. Унинг назарида орқа ўриндиқда гўзаллигини кўз-кўз қилиб ўтирган санам «Бундан бу ёғига менга эркак киши етишмайди», деяётгандай туйилди.

— Мен сизга яна йигирма, ўттиз йилдан кейин ҳам ҳозиргидай қолишингизни ваъда бераман.

Ҳайдовчи, садоқатли Илҳом хўжайинининг гапини тушуниб ичидан кулди. «Балосиз, Эшмирза ака, доим нима дейишни биласиз. Қармоқни қандай ташлашни ҳам мукаммал ўзлаштиргансиз», дея кўнглидан ўтказди йигит.

— Мен сира хоҳламайман. Вақтида қариб, вақтида ўлганга нима етсин!

— Энди тўғри-ку-я, аммо сиздайларнинг қаримагани дуруст.

— Эртага ўлиб қолишим керак бунинг учун.

— Ҳай, ҳай, бу гапни бир айтдингиз, қайтиб айтманг. Мен шундай дорисини биламан. Ҳатто шамолламасдан бардам юрасиз. У мутлақо қаритмайди... Шошманг, ўзи нимага қарилик тўғрисида гаплашиб қолдик? Шундан

бошқа гап қуриб кетганми? Ҳозир сиз ўн саккизда, мен йигирмадаман. Тамом, вассалом! Айтганча, мен йиғилишга кириб кетганимдан кейин сиз область базасига Илҳом билан бирга борасиз. Хат-ҳужжатга эътиборли бўлинг. У ерда сарғайган бир хотин ишлайди. Қўлингизга қарайди, бирон нимангиз бўлмаса, умуман ишингизни битирмайди, орқага ташлайверади. Шунақалар билан ишлайвериб, одамнинг тинка-мадори қуриб кетди.

Эшмирза шундай дея бардачокдан қизил бахмал қопланган кичкина қутича олди. Раъно уни кўриши билан ичида нима борлигини тахмин қилди: узук. Ҳақиқатан ҳам, қутичанинг ичида узук бор экан. Раъно Эшмирзанинг қўлидан қутини олиб, сумкасига солиб қўйди.

Ҳовлисида фаввора отилиб ётган тўрт қаватли бино ёнида Эшмирза машинадан тушди. Унинг орқасидан Илҳом ҳам тушди. Иккиси ҳам юкхона тарафга ўтди.

— Жойинг борми? — шивирлади Эшмирза.

— Бор-у, лекин эски-да.

— Бўлмайди, — дея шу заҳоти ҳайдовчининг гапини бўлди Эшмирза. — Ҳовли топ! Ими-жимида. Сен бирга бормайсан, тушундингми?

— Хўп, хўжайин!

* * *

— Сиздан бир нарса сўрасам майлими? — деди Гуллола музақаймоқдан озгина оғзига солгандан сўнг.

— Бемалол, — дея бошини кўтариб унга тикилди Дўстёр Саломов.

— Наҳотки шу пайтгача бирорта ҳам қизни севмаган бўлсангиз? Сира ишонгим келмаяпти.

— Мен ҳаммасини рост айтдим.

— Санъатсеварлар севги-муҳаббатга ҳам қизиқишади, деб кўп эшитганман.

— Шунинг учун санъаткор бўлолмадим-да. Лекин бундан бу ёғига шоир бўлиб кетсам керак.

— Яна бошладингизми?!

— Мен сизга ҳиссиётларимни тўла тушунтириб беролмаяпман. Очиғини айтсам, кеча нега яшаяпман, деб ўзимга-ўзим савол бердим, аммо жавоб тополмадим.

— Нимага? — дея Дўстёр Саломовга тикилди Гуллола.

— Ишга бораман, ишдан қайтаман. Киримни ўзим юваман, ўзим овқат пишираман. Бу ишларни тугатганимдан кейин бекорчиман. Тўғри, китоб ўқийман, лекин ҳар куни бир хил ҳаёт кечираверсангиз безиб қоларкансиз...

— Унда...

— Шошманг, — дея шу заҳоти Дўстёр Саломов Гуллолани сўзлашдан тўхтатди. — Уйланинг, демоқчисиз-да. Йўқ, бўлмайди. Мутлақо меҳрингиз тушмаган, сиз учун қизиғи бўлмаган қиз билан яшаш... Ўзимни қийнаганим майли, лекин ўша бечора, бегуноҳ қизни ҳам азоблаб қўяман бунақада. Масалан, унга ҳеч қачон ичимдаги дардларимни айтмайман, унинг сўзларига қулоқ осмайман. Ўзингиз айтинг, шуни ҳаёт деб атаса бўладими?!

— Билмадим. Бундай нарсаларга сира ишим тушмаган.

— Ростини айтсам, бировни яхши кўриб қолишингизни сира хоҳламайман.

Дўстёр Саломов ўзи сезмаган ҳолда Гуллоланинг кўнглидаги гапни айтиб қўйди. Қизгина севиб нима кўрди. Севганини ҳафта-ўн кунлаб кутади. Унинг нима ишлар қилиб юрганини билмайди.

— Нега? — дея сўради қиз юзи қизариб.

— Азобнинг ўзи экан. Дунёда ундан-да қайғулироқ, қийинроқ бирон нимага дуч келмаганман. Ҳар нарсани ҳал этиш мумкин, лекин кимгадир кўнгил берсангиз-у, унинг дилини ром этолмасангиз, дўзах алангасида куйгандай бўларкансиз.

— Мени қўрқитиб юбордингиз, — дея ним табассум қилди Гуллола.

— Бошимдан ўтказаётганимни айтдим, холос.

— Бундан чиқди, мен сизни азоб исканжасига ташлаганман, қийнаяпман.

Дўстёр Саломовнинг юраги шув этиб кетди. «Нега бундай дедим?! «Унда мен кўзингизга кўринмайман, хўп, хайр», деб кетиб қолса нима қиламан. Бефаросат, қиз болага ҳам шундай дейдими? Секин, мулойимлик билан кўнглини олмайдими? Китобларда аниқ қилиб йўл-йўриқ кўрсатиб қўйибди-ку. Ожизлигингни билган қайси қиз сенга турмушга чиқишга рози бўлади?!»

— Мен шунчаки кўнглимдаги гапларни айтдим ва бунинг давоси битта сизнинг розилигингиз.

Гуллола тобора эриб сутга айланиб кетаётган музқаймоққа қошиқчасини ботириб айлантирар, миясида ҳар хил ўй чарх урарди. «Мен Носир акамни сиздан-да баттар ёниб, куйиб севаман. У сиздай гапиролмайди. Сиз ҳеч бир қизнинг кўнглига йўл тополмайдиган нўноқман, дейсиз. Аслида, сира ундай эмас. Носир акам сиз айтган гапларнинг ярмини ҳам айтолмайди. У нўноқ, ярамас, аблаҳ... Мен уни севиб, боримни беришга тайёр бўлсаму, у қорасини кўрсатмаса... Севишимни билади-ку ахир. Жуда яхши билади. Балки, билгани учун ҳам қорасини кўрсатмас... Дўстёр ака мени севаркан. Мени деб ҳаловатини йўқотибди. Хўш, бир бечорани қийнашга менинг ҳақим борми?!»

Гуллола Дўстёр Саломовнинг нигоҳини ҳис этиб уялди. Унинг ҳамон боши эгик, қошиқча билан муз-қаймоқни эзғилаётганди. Шу ҳолида қаршисида ўтирган йигитнинг тикилганини сезди ва хаёли чалкашди.

— Бизнинг ҳаёт бутунлай бошқача бўлади. Ҳеч кимникига ўхшамайди, завқ-шавққа...

Дўстёр Саломов шундай деганида қиз нигоҳини унга қаратди-да, жилмайиб:

— Сиз ёлғончисиз, — деди.

«Қизлар билан гаплашишни билмайман, деб мени алдаган экансиз», дейишига оз қолди. Чунки «Носир акамга хиёнат қиляпман-ку», деган ўй келди хаёлига ва тилини тишлади.

— Сиз гапларимга ишонмаяпсизми? — дея Гуллолага янада қаттиқроқ тикилди Дўстёр Саломов.

— Ишондим, ишондим. Ўзим шунақа дегим келди. Энди борайлик, мен Дилнозага бир нимани ваъда бериб қўйгандим. Ёлғончига айланиб қолмай.

Гуллола ёлғон гапирди. Қутулишнинг шундан бошқа иложини тополмади.

— Яна шундай музқаймоқхўрлик қилишга ваъда берсангиз, ке-йин кетамиз, — деди Дўстёр Саломов.

— Билмадим, олдиндан бир нарса деёлмайман. Кўрамиз.

— Шу кўрамиз деганингизни янаям мулойимроқ айтсангиз...

— Хафа бўлманг-у, мен сизни шилқимлардан биттаси, деб ўйлаб қоляпман.

— Бўлди, келишдик.

Гуллола енгил тортди ва ўрнидан турди.

Дўстёр Саломов уни бекатгача кузатиб борди. Чунки қиз таксига ўтиришни истамади.

Автобусга чиққанидан кейин Гуллоланинг негадир ўкириб-ўкириб йиғлагиси келди. Кейин билса Носирга аччиқ қилибди. «Агар вақтида хабар олиб турганингизда менга биров гап отолмаган бўларди, учрашувга таклиф қилмасди. Менга унинг ёрдами ҳам керакмас. Лекин сиз йўқсиз. Уфф...» Қизнинг юраги сиқилиб, автобусда кетолмади. Ўтирганида ҳам бошқа гап эди. Ўзини босиб оларди, хаёл сурарди... Ҳозир эса тиқилинч, биттаси суриб у ёққа ўтади, бошқаси бу ёққа...

Гуллола автобусдан тушганида жиққа терга ботганди. Бундан бу ёғига пиёда кетмоқчи эди, оёғи ўзига бўйсунмади. Бекатдаги ўриндиққа ўтирди. Икки дақиқа ҳам ўтмай такси тўхтади. Ундан ҳеч кутилмаганда Дўстёр Саломов тушди-да, тўғри қизнинг ёнига келди.

— Нима бўлди? — дея сўради тикилиб.

— Сиз қаердан келиб қолдингиз? — деди Гуллола саволга савол билан жавоб қайтариб.

— Ишга кетаётгандим, қарасам ўтирибсиз. Ҳайрон бўлдим.

— Юрагим сиқилди, — дея очиқча гапириб юборди Гуллола.

— Мен дилингизни оғритадиган бирон гап айтиб қўйдимми? — деди бироз ранги оқарган Дўстёр Саломов.

— Йўқ, автобус роса тиқилинч экан. Шунга...

— Ана, такси кутиб турибди, юринг, — дея Дўстёр Саломов қизнинг қўлидан ушлади.

Гуллола парво қилмади. У тезроқ ётоқхонага боришни, ётишни ўйлаётган эди...

Ётоқхонага етганида кўзи эшик ёнида турган онасига тушди ва юришдан тўхтаб, яхшилаб тикилди. «Аямми, аяммасми? Оёғимдан, юрагимдан дармон кетган десам, кўзим ҳам хиралашиб қолдими? Аям бу ерда нима қилади? Келадиган бўлганида айтарди-ку! Адашяпман, аниқ адашяпман», дея ўйлади Гуллола.

(Давоми бор)

Тоғ кўчкиси (Биринчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Иккинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Учинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Тўртинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Бешинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Олтинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Еттинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Саккизинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Тўққизинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўнинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн биринчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн иккинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн учинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн тўртинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн бешинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн олтинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн еттинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн саккизинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн тўққизинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Йигирманчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Йигирма биринчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Йигирма иккинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Йигирма учинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Йигирма тўртинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Йигирма бешинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Йигирма олтинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Йигирма еттинчи қисм)