Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Йигирманчи қисм)
Бир пиёладан кейин унинг бошидаги оғриқ кетди .
— Бўлмаса, — деди қозонни ковлаштираётган Хадичага, — эртага сингилларингдан бирортасини олиб, совчиликка ўтиб кел. Мен шопир бераман. Бирйўла қизни кўриб, гаплашиб келасан... Лекин сингилларингнинг фаросати борини обор. Яна анави қишлоқисини бошлаб борма.
Хадича эрига қовоғини осилтириб қаради. Жаҳл билан лаганга овқат сузди. Келтириб тўқ этказиб столнинг устига қўйди-да:
— Сизга меникиларни ёмонлашдан бўлак гап йўқ. Қачон қарама камситганингиз-камситган. Уларнинг ҳам бир кун пешонасига офтоб тегиб қолар, — дея кўзига ёш олди.
— Уфф, битта гап топволсанг, ёпишасан, қоласан. Мен синглингни камситаётганим йўқ. Боргандан кейин тузукроқ гап айтоладиганини обор деяпман. Шаҳарнинг одамлари нозикроқ бўлишади. Шунга қараб муомала қилинглар, деяпман-да.
У пиёлани лабига тутиб, ичидагини ютганидан сўнг помидор бўлагини оғзига солди.
— Майли, борамиз. Ёқмаса, нима қилай? Узр, деб қайтиб келаверайми? — деди Хадича соддалик билан.
— Бир хил пайтлари гўллигинг томоғимга келади. Шу...
Унинг гапи оғзида қолди. Ошхона деразаси токчасида турган телефон асабий жиринглади. Хадича яна гап эшитиб қолишдан чўчиб, югурганча гўшакни кўтариб, қулоғига тутди. Сўнг эрига мўлтирабгина қараб:
— Райкомдан сўрашяпти, — дея Эшмирзага тикилганча тураверди.
Эшмирза гавдасига ярашмайдиган чаққонлик билан ўрнидан туриб, тез-тез келиб гўшакни хотинининг қўлидан олди ва унга хўмрайиб қаради.
— Нима қилиб юрибсан?!
Биринчи гапни эшитиши билан унинг ранги оқарди.
Эшмирза райкомнинг эшиги ёнида бир соатдан кўп турди. Котиба «Райком бобо банд. Бўшаши билан ўзи чақиради», деди. Аслида, у мутлақо банд эмасди. Таомили шунақа: кимгадир танбеҳ бериладиган бўлса, ўша шўринг қурғур бир соат, икки соат, керак бўлса, эрталабдан кечгача кутади. Терга ботади, асабийлашади, ундан кейин навбат қон босимига келади. Ҳа, шунақаси ҳам бўлган. Бундан бир ой аввал совхоз директорларидан бири қовун тушириб қўйгану, хабари райкомга етиб келган. Хўжайин уни чақирган ва кечгача қабул қилмаган. Бунгача райком билан йигирма-ўттиз одам гаплашиб, чиқиб кетган. Совхоз директори эса қабулхонада ўтираверган, ўтираверган. Охири уни «Тез ёрдам» машинаси олиб кетган. Эшмирза ўша воқеани жуда яхши эслайди. Шунинг учун ҳам аввалига уни тер босди, кейин диққати ошиб, дастрўмоли билан тез-тез бўйнини артиб қўяверди. Ва ўзига-ўзи «Ўлдим, гуноҳим жудаям катта экан. «Тез ёрдам» олиб кетишига розиман. Ишқилиб, куним мелисанинг машинасида ўтиришга қолмасин... Энди гуноҳларим ҳам оз эмас-да. Эсиз, Бобурнинг тўйини эртароқ ўтказиб олмабман. Мана шундай пайтларда қудам қўллаб юборган бўларди. Уфф!» деди.
Эшмирза котибадан бир пиёла чой сўраб ичди. Қизгина олдинига унга ачиниб қаради. Чунки Эшмирза ора-чора унга ул-бул бериб турарди. Шулардан энг зўри тилла соат бўлган. Эшмирза атайлабдан шу котиба учун Сочига дам олгани борганида сотиб олганди тилла соатни. Аммо ҳозир котибанинг қўлидан ҳеч нарса келмайди.
Ҳартугул, райкомнинг ёнига киришга рухсат берилди. Эшмирза чуқур нафас олди-да, яна бир марта пешонасини, бўйнини артиб, тут-қични ушлади.
— Нималар қилиб юрибсан, Эшмирза! — деди йўғон овозли райком бобо.
— Шу... Топшириқларни бажариб...
— Текширув келганмиди?
— Шундай, Арслон Қаюмович, келувди.
— Нима бўлди?
— Биласиз-ку, ҳалол ишлайман...
— Биламан! — деди райком кўзини олайтириб. — Биламан қандай ҳалол одамлигингни! Бўладиган гапдан гапир менга!
— Текширувда битта камчилик чиқмаса бўлмаскан. Шунга кичикроқ биттасини...
— Кимни рўпара қилдинг?!
— Менмас, ўзлари топишди. Анави Абдуалим...
— Агар у дунёнинг нарсасини еб, таралабедод қилиб юрган бўлсаям, қўлингнинг учиниям теккизма... Уни нозик жойдан сўрашди.
— Хўп бўлади, — дея шу заҳоти қўлини кўксига қўйди Эшмирза.
— Энди боргин-да, унинг ҳолидан хабар ол.
Ташқарига чиққач, Эшмирзанинг юраги тез-тез ура бошлади. «Падарингга лаънатнинг юқорида қандай таниши бор экан?! Яна энг нозик жойда, райком ҳам қўрқадиган амалда. Шуниси етмай турувди ўзи... Бу ярамас шу пайтгача бир оғиз ҳам айтмаган экан-да. Ҳеч бўлмаганда, шаъма қилиб қўй эди, номард. Мен бўлсам унинг абжағини чиқариб, инсульт қилиб ўтирибман-а... Тўхта, олдинига бориб, кўриб келаман. Кейин тўйни тезлаштираман. Аччиқни аччиқ кесади деганларидек, амалдорга амалдорнинггина сўзи ўтади. Ўзимниям обкомда танишларим бор-ку-я, аммо улар ҳам ўзларини тортиши ҳеч гапмас. Дўппи тор келиб қолса, албатта, ўзини олади-да. Мени деб ўзларини қийин аҳволга солишмайди-ку. Қуда бўлса бошқа гап. Ҳеч қурса, қизини ўйлайди», дея хаёлидан ўтказиб машинага ўтирди у.
Лекин шу куни Эшмирза Абдуалимнинг ҳолидан хабар олишга имкон тополмади. Садвин совхознинг директори йўқлаб келиб қолди. У яхшигина бой, обрўси баланд одам. Қўлини узатса, анча узоқларга етади. Шундай инсон уйига уни сўроқлаб келади-ю, Эшмирза Абдуалимни кўргани борадими?
Икки ошна айшу ишрат қилишди. Ярим тун бўлганида совхоз директори кетди. Эшмирза ҳали ширин уйқуда эди. Хотини ҳовлиқиб, уни турткилашга тушиб кетди.
— Нима гап? — дея сўради Эшмирза кўзини ҳам очмасдан.
— Анави ер юткур ўлиб қолибди!
Эшмирза шу заҳоти кўзини очди.
— Яхши. Ер юткурни ер ютган бўлса, зўр-ку. Шунга мени турткилаб уйғотишинг шартми? — деб секин кўзини очди Эшмирза.
— Ер юткур анави экан. Магазинчингиз, отинг қурғурнинг қизини келин қилмоқчийдик-ку...
— Абдуалимми?! — деб бирдан ўрнидан туриб кетди Эшмирза.
* * *
Ҳамма ташқарида, Абдуалимнинг бир ўзи уйда эди. Тили айланмай қолганидан сўнг қўлини кўтарди. «Ҳали менинг олдимга пул сўраб келадиган бўлдингларми, мен сенларга кўрсатиб қўяман. Эшмирзани ўзим билан бирга гўрга олиб кетаман», дея хаёлидан ўтказди Абдуалим. Кейин иккала юзи қизариб кетди. Сўнг бирдан кўз олдини туман қоплади, бошида қаттиқ оғриқ туриб, кўнгли айниди. Туришга, бировни чақиришга уринди-ю, бироқ эплаёлмай бўғила бошлади. Сўнгра бутунлай нафас ололмай қолди. Бўшашиб кетди...
* * *
Раъно магазинчининг ортидан дарвозани қарсиллатиб ёпди. «Менга деса ундан каттасини бошлаб кел!» деди ва ортига қайтди. Унинг йўлини Гуллола тўсиб чиқди.
— Нима деб минғирлади? — дея онасидан сўради.
Раъно эри ётган хонанинг деразаси томон қараб, лабига кўрсаткич бармоғини қўйди-да:
— Кейин айтаман, — деди паст овозда. — Шўрванинг сувидан суз. Мен дадангга бераман. Фақат сув ичади. Ўзи овқатга кириб олса, яхши бўлиб кетарди.
Унинг боши гувиллаб кетганди. Қизига гапирганини ҳозирнинг ўзидаёқ унутди. Эрининг ёнига киришга юраги бетламади. Кирадиган бўлса, ундан камомадингиз бормиди, деб сўраб қўядигандай бўлаверди. Агар шундай деб сўраса, эрининг яна мазаси қочиб қолади. Кейин Раънонинг ўзига қийин. Ногирон эрни бутун умр парвариш қилиш манаман деган аёлнинг ҳам қаддини букиб қўяди. Раънонинг шундай аҳволга тушиш нияти йўқ. У эрини бир пайт-лар севган. Кейин Абдуалимнинг зуғуми ошиб кетгач, севмай қўйди. Киши билмас «Шу ўлса қутулардим, кўксимга шамол тегарди», деган пайтлари ҳам бўлган. Аммо ҳозир эрининг тузалиб кетишини астойдил хоҳлайди. Ўзи севмаса ҳам болалари учун керак у. Абдуалим касалхонадан чиқишда, уйга киришда озгина юрди. Демак, ҳеч бўлмаса, ўзини-ўзи эплайдиган даражада соғайишидан умид қилса бўлади.
Раъно ўзининг ётоғига кирди. Бирдан хаёлига эри билан ўтказган дамлари келди. Ёшликда улар бошқача эди: шўх-шодон. Буни қарангки, хаёлни бошқариб бўлмаскан. Бўлмаса, эри бир аҳволда ётганида, дарвозадан биров келиб, асабини бузиб кетганида жуда узоқларда қолиб кетган ёшликнинг шўхликларини ёдга оладими?.. Раъно кулиб, ўзини-ўзи чимдиб қўйди. «Эслаганларингни болаларинг билиб қолишса борми, уятдан ерга кириб кетасан», деди ва секин ортига қайтиб чиқиб, эри ётган хонага кирди... Абдуалим шифтга термилган кўйи миқ этмасдан ётарди. «Илгари сира бунақа ухламасди-ку. Касаллик чарчатибди-да бечорани», дея ўйлаб, Раъно эрининг ёнига келди. Яхшилаб тикилди Абдуалимга. Кўзида нур деган нарсадан асар ҳам йўқ. Секин юзига қўлини теккизганди сесканиб кетди. «Ўлиб қолибдими», дея хаёлидан ўтказди ва «Ҳой, дадаси!» деб елкасидан туртди. Эридан садо чиқмагач, бақириб юборди. Бирпасда болалари югуриб келишди. Қий-чув бошланиб кетди. Гуллола қоққан қозиқдай бир жойда қотиб қолганди. То қўшнилар хабар топишиб, бирин-кетин югуриб келишиб, ташқарига олиб чиқишиб юзини сув билан ювмагунича у ўзига кела олмади. Қизгина унсиз-унсиз йиғлади. Кимдир унга «Овоз чиқариб йиғла, ичингдаги бори чиқиб кетади», деди. Аммо Гуллола бундай қила олмади...
* * *
Носир Қобил бобога термилиб қолди.
— Нега анқаясан? — деди қария қовоғини солиб.
— Гапингизга тушунмадим. Мутлақо уйланмайсан, дедингизми?
— Мутлақо. Масалан, мен уйланмаганман. Бу дунёда зурриёдим йўқ. Сенда ҳам худди шундай бўлади.
— Ҳеч қачон!
— Бошқа иложинг йўқ! Сен минглаб йигитлар орасидан ўн беш йил деганда топилгансан. Бундай қисмат пешонасига ёзилганлар умрини ёлғизликда ўтказишади. Ҳаётини хизматга бағишлашади.
— Сал адашиб кетмадингизми? Мени танлаб олаётганингизда мендан розилик сўрамаган эдингиз.
— Бизда сўралмайди. Танлаб олинади, олам гулистон. Адашиш масаласига келсак... Мен сени ёлғиз ўзим синовдан ўтказганим йўқ. Бутун бошли гуруҳ ишлади.
— Гуруҳингиз ҳам, ўзингиз ҳам номаъқул иш қилибсиз. Мен мутлақо сизнинг шартингизга кўнмайман.
— Ким сенга шарт қўйяпти? Ким сендан кўниш-кўнмасликни сўраяпти? Ҳеч ким! Энди масаланинг яна бошқа томони бор. Уйланмайсан деганим ҳам расмий, ҳам шаръий никоҳдан ўтмайсан, бола орттирмайсан, деганим. Қолган ҳамма нарса бўлаверади. Яна бир гапни иккала қулоғинг билан ҳам яхшилаб эшитиб ол. Битта жонни олиб юриш ёки топшириш муаммо эмас. Аммо сенда битта жон эмас, сенинг ота-онанг, укаларинг, сингилларинг бор. Бир ўзинг уларни кўз қорачиғингдай асрашинг зарур. Акс ҳолда...
— Акс ҳолда, Толибнинг гапи. Хуллас, сизниям, сизнинг ҳамтовоқларингизниям ўша муштумзўрлардан зиғирча ҳам фарқингиз йўқ экан! — деди Носир жаҳл билан.
— Бир томондан ҳақсан. Лекин ўша мафиячилар фақат ўзининг маишатини ўйлашади. Биз эса жонимизни гаровга тикиб, ўзгаларнинг роҳат-фароғатини ўйлаймиз. Ўзгалар орасида сенинг яқинларинг ҳам бор...
Қобил чол жаҳл билан музлаткични очди-да, идишни олди. Ўшандай жаҳл билан идишнинг қопқоғини очди ва бир кўтаришда ичимликнинг ҳаммасини ичди. Носирнинг кўзи олайиб кетди. Чунки идиш ярим литр эди.
— Сен, — деди қария стулга ўтириб, лабини кафтининг орқаси билан артаркан, — менга осон бўлган, деб ўйлайсанми?! Йўқ, асло. У пайтларда шароит жудаям оғир эди. Мендан олдинги одам «ўрмонга ўт кетганида», баравар ёниб кетган. Менинг бошимга ҳам шундай кун тушади, деб ўйлаганман. Йўқ, ҳарқалай, омон чиқдим. Уфф...
У кўзини юмиб, стул суянчиғига суянди. Чуқур нафас олиб чиқарди.
— Ўз ажалим билан ўлишни истайман, — дея пичирлади чолнинг лаблари. Сўнг у бирдан ўрнидан турди-да, Носирга бақирди: — Неча кундан бери мутлақо шуғулланмайсан! Спорт залга марш!
Носир худди сеҳрлангандай Қобил бобога бўйсунди. Машғулот кечгача давом этди. Орада тушлик бўлиши керак эди. Бўлмади. Қариянинг ўзи ҳам тинмади, Носирни ҳам тиндирмади. Йигит шўрлик шунақанги терга тушдики, кийимларини ечиб сиқса, бир челак сув чиқадиган аҳволга келди. Кечки пайт эса унинг танасида қарийб сув қолмади.
— Бор, — деди чол турникка суянган кўйи, — чўмилиб, кейин овқатингни е.
Носир кун бўйи бундан буён нима қилиши ҳақида ўйлади. Шу боисдан ҳам у чарчоқ сезмади. Берилаётган вазифалар ҳам қулоғига кирмас ва
инстинкт туфайлигина бажарарди. Қобил бобо уни уқиб турарди. «Кошки эди хаёли чалғиса», деди чол. Бироқ Носир сира бунинг уддасидан чиқолмади. Шунинг учун ҳам турникка суяниб қолди. Қобил бобонинг қуввати борган сари камайиб кетаётганди. Яқин кунларда азроил эшигидан келиб қолса ҳам ажабмас. У сезиб юрибди, жудаям оз қолди, жудаям оз. Аммо қора ерга боришдан, ҳисоб беришдан қўрқади. Ахир тўғри деб ҳисоблаганларининг озмунчаси таги пуч нарса бўлиб чиқдими? Буларни Носирга айтолмайди. Фақат шаъма қилиши мумкин. Йигит илғаганини илғади, қолгани шундай қолиб кетяпти.
— Эртага, — деди у овқатланаётган Носирнинг ёнига бориб, — бассейнга борамиз!
Носир қорни тўйганидан кейин чарчаганини ҳис этди. Кўзи юмилиб кетаверди. Бироқ ухлаш мумкин эмас, юриш керак. Лекин бунинг учун куч қаерда дейсиз, телевизорни ёқиб, беш дақиқа кўрар кўрмас, диванга суянган кўйи уйқуга кетди. Қуёш бир қарич кўтарилгунча қимир этмай ухлади. Агар қария уйғотмаганида Носир ҳали анчагача кўзини очмасди.
Иккаласи шаҳардан уч чақирим шимолдаги сув ҳавзасига боришди. У ерда одам қарийб йўқ. Унда-бунда бир-иккитаси чўмилиб юрган экан.
— Бугун сув тагида туриш машқини бажарамиз, — деб қария ўзи ҳам ечинди.
Шунда Носирнинг кўзи чолнинг баданидаги ҳисобсиз яра ўринларига тушди. Чол кулди:
— Менгаям осон бўлмаган, болам, шундай кунлар бошимга тушганки, тамом, ўлиб кетсам керак, деб ўйлаганман. Лекин... Бўлди, гапни кўпайтирмайлик, мен ечиндим. Аммо сен мендан олдин сувга тушишингни истайман.
Қария секин ҳавзанинг лабига яқинлаша бошлади. Носир шошди. Чаққонлигига бордими ёки чол атайин сусткашлик қилдими, ҳарқалай, йигит оний лаҳзада қариядан ўтиб кетди.
— Сув зўр нарса! — деди Қобил бобо бошини сув юзасига чиқараркан. — Ҳамма нарсани ўзига ютиб юборади. Менга қара, уйланиш масаласини айтмоқчиман сенга. Агар қўлингдан келса, уйлан. Лекин мен эплаёлмаганман. Уқдингми? Бу таълимдан ташқари гап. Шунинг учун ҳам сени бу ёққа олиб келдим. Энди мен чиқаман. Сув совуқ экан. Сен бўлсанг чўк. Мен чиқиб олгунимча сув остида бўласан.
У шошилмасдан ҳавза лабига сузиб борди ва чиқди.
Кейин кўйлагининг устидаги соатга қаради. Носирдан ҳали-ҳануз дарак йўқ. Орадан икки дақиқа вақт ўтди. Яна лаҳзалар ўта бошлади.
— Ҳмм, аламингни шундан ол. Яхши услуб. Мен ҳам илгари бир неча марта қўллаб кўрганман, — деди Қобил бобо.
Вақт ўтишда давом этди. Бир сафар Носирни сув тепага кўтариб юборди. Унинг оёқлари сув юзасида кўринди. Аммо у чиқмай, яна қайта сувга шўнғиди. Ниҳоят, тўртинчи дақиқа ортда қолди ва қаҳрамон отилиб чиқди.
— Биринчи мартага ёмонмас! — қичқирди қария.
— Биринчи мартамас, илгариям бўлган. Сувдан чиқармай қўйганларингиз эсингиздан чиқдими?
— Сув билан сувнинг фарқи бор. Энди ҳозиргидан кўпроқ туришинг керак. Қани чўк!
Машғулотлардан кейин уйга қайтиб келган устоз-шогирд икки соатча дам олишди. Кейин Қобил бобо одати бўйича ғойиб бўлди. Кетар чоғи Носирга Толибнинг ёнига боришини тайинлади.
— Нега? Нима қиламан унинг ёнида? Ўлишимга бир баҳя қолиб, қайтиб келгандим. Яна...
— Сен менинг айтганимни қил. Қарор чиқаришга ҳали эрта. Дарвоқе, институтга ҳужжат топширишингаям икки ҳафта қолди.
Чолнинг охирги гапи шу бўлди.
Носир талай муддат хаёл суриб ётди. Сўнг оғриниб ўрнидан турди.
* * *
Толиб унинг келишини мутлақо кутмаганди. Толиб қоровул шотиридан Носир дарвоза ёнида турганини эшитганида ўрнидан сакраб турди. Бу пайтда у Новча ва яна бир ҳамтовоғи билан бирга эди. Дарвоқе, Новчанинг исмини айтиш шу пайтга қадар эсимиздан чиққан экан. Бизнингча, унчалик ҳам зиёни бўлмаган бўлса керак. Хуллас, Новчанинг исми Бойхўроз. Лақаби Эшон. Унинг ўзи «Мен эшонларданман», деган. Аммо ҳақиқатан ҳам, шундайми, йўқми, биров билмайди. Шуниси аниқки, ёши элликка етибдики, ўзидан бошқага фойдаси тегмаган. Ҳатто ўта бой бўлиб, унча-мунча жойларни «сўрайдиган», ҳисобини оладиган мартабага етишганида ҳам қотган нонга зор бўлиб ўтирган отаси билан онаси, икки синглисига зиғирча ҳам ёрдам бермаган. «Агар мен сизларнинг гапингизга кирганимда сизлардай гадойвачча бўлиб юрардим. Сизларнинг ниятингиз ёмон бўлган. Чунки мени йўлдан қайтармоқчи бўлгансизлар. Яхшиямки, билганимдан қолмаганим», деди улар эсига тушиб қолганида.
Иккинчисининг лақаби Кал (Ботирашвилли ҳам шундай лақаб эгаси), исми эса Отабек. Очиқда юргандан кўра «ўтириш»ни хуш кўради. Умрининг ярмидан кўпи қамоқда ўтган. Озодликка чиққанига ҳали бир йил ҳам бўлмаган. Шунга қарамасдан катта мол-мулк эгаси. У темир панжара ортида туриб ҳам бемалол ишларини бажараверади. Лозим бўлса, бир кеча, ярим кечага шаҳарни айланиб ҳам келаверади. Буниси жудаям ноёб ҳодиса. Чунки у ташқарида юришни кўп ҳам истайвермайди. Сабаби, нимаики керак бўлса, бари «ичкарида» ҳам бор.
«Уруш» каттариб кетди. Энди ё салмоқлироқ қурбонлик келтириши керак ва ёки ҳар учаласи ҳам чўнтакларини яхшилаб қоқиши лозим. Улар айни шу масалада гаплашишаётганида Носирнинг келганини айтишди.
— Ечим топилди, — деди Отабек қорнини қашлаб.
— Ечим, — дея илжайди Толиб, — хамиртуруш. У тириклайин керак. Чаққон анча чуқур тушиб кетган кўринади. Яна у калит.
— Унда, — деб стаканни қўлига олди, Бойхўроз, — топширамиз. Шу билан амалимиздан тушиб қолмаймиз!
— Ботирашвилли, ҳаддидан ошади. Талаби кўпаяди, — деди Толиб ва қайтиб
жойига ўтирди.
— Бошқа йўл йўқ. Бир қадам орқага, икки қадам олдинга. Йўқса, қурбонлик сенинг ўзинг бўлиб қоласан! Йигитларингга айт, бу ёққа олиб келишсин. Ҳушидан кетказамиз.
— Агар бошқа чора бўлмаса, — дея идишидаги суюқлигидан бир ҳўплаб қўйди Отабек, — мен Бойхўрознинг гапига қўшиламан!
Толибнинг кўнишдан ўзга иложи йўқ эди. Шотирларидан бирини ёнига чақирди ҳамда унга топшириқ берди.
Носир қаршисига чиққан иккита барзангининг кўзидан ниятлари яхши эмаслигини дарров англади.
— Юр, — деди барзанги хўмрайиб.
Носир кулди.
— Менга қара, дачада жуда ёмон урдинг. Бошим бўлиниб кетади, деб ўйлагандим. Сал бўлсаям ҳурмат қилмаскансан.
— Сайрама, орқамдан юр.
— Бошла. Агар сен менинг аҳволимга тушиб қолганингда, мен бунақа азоб бермасдим. Ҳарқалай, иссиқ-совуқни бирга ўтказамиз, деб келишиб олмаган бўлсак ҳам...
Носир гапини охиригача етказолмади. Барзанги унинг билагидан ғижимлаб ушлади. Ичкарига тортқилади. Унга ёнидаги шериги ҳам қўшилди.
Дарвозадан уч қадамча ичкарилаши билан кутилмаган бир пайтда Носир сўл томонидаги барзангининг икки оёғи ўртасига, туфлисининг учи билан чунонам тепдики, бечоранинг кўзи отилиб кетай деди. У ўкирганча икки букилиб қолди. Носир иккинчи зўравоннинг жағини синдириб юборди. Кейин ичкарига югурди. Кириш эшиги ёнида ўзини-ўзи қучоқлаб турган дев келбат йигитнинг кўзига бармоғини тиқиб олди. Бошқачасига уни ағдариш қийин эди. Шунинг учун ҳам Носир югуриб кела солиб, кўзига ёпишди.
— Вой! Вой, кўзим! Итнинг боласи!
Носир ҳақоратни кўтарадиганлар хилидан эмасди. Шу боис энкайиб турган рақибнинг умуртқа поғонасига тирсаги билан урди. Умуртқа нозик аъзо. Бир ишдан чиқса, қайтиб тикланиши жудаям қийин. Кейин одамнинг бутун гавдасини қимирламайдиган қилиб қўяди. Муштум зўр худди шу аҳволга тушди.
Носир шефлар ўтирган хонага бостириб кирди. Ҳамда учта тўппонча ўзига қаратилганини кўргач, иккала қўлини ҳам кўтарди.
— Мен сизлар билан уруш-уруш ўйнагани эмас, маслаҳатлашиш учун келдим. Чунки энди сизлар билан менинг душманим умумий.
Толиб Носирнинг пешонасини нишонга олди.
— Мабодо, — деди у мўлжалдан кўзини узмай, — сеҳргар бўлган тақдирингда ҳам тепкини боссам, пешонангнинг қоқ ўртасидан дарча очилади. Полга ёт! Қўлингни бошингнинг орқасига қўй. Агар оёғинг қимирлаб кетса ҳам баданингни илма-тешик қилиб ташлайман!
Носир Толибнинг айтганини қилиб ётди. Бойхўроз билан Отабек тўппончаларини стол устига қўйишди ва иржайишди. Стакандаги қип-қизил суюқликдан бир қултумдан ичишди. Толиб эса шошилмасдан ўрнидан турди.
— Сен итвачча, бошимга битган бало бўлдинг! Ўтда куйдираман десам куймайсан, худди пуфакдай сувга ҳам чўкмайсан. Қайси гўрдан келиб, оёғимга ўралашиб қолдинг сен ит эмган?
Носирнинг эти жимирлаб кетди. Чунки у ҳақоратга чидаёлмайди. Хонумони куйиб кетгандай бўлади. Устози ҳар қандай шароитда ҳам босиқликни талаб қилмасин, онасининг номи ҳақоратга қўшилса, Носир барчасини унутади. У икки марта столнинг тўқиллаганидан билдики, Толибдан бош-қалар қуролларини қўйишди. Носир кутди. Толиб ёнгинасига келди, унинг бир оёғи йигитнинг қулоғига тегар-тегмас турибди.
— Агар деразада синиқ бўлмаганда эди, — деди Носир баланд овозда.
Унинг яшин тезликда қабул қилган режаси иш берди. Толиб, унинг икки ҳамтовоғи ҳам бир лаҳзага деразага қаради. Аммо ўша бир лаҳзанинг ўзи Носирга етиб орт-ди... Толибнинг оёқлари осмонга кўтарилиб кетди, елкаси билан полга уриларкан қўлидаги тўппончаси нарироққа учиб тушди. Носир Толибнинг устидан умбалоқ ошди-да, тўппончани олди. Бу шунчалик тез содир бўлдики, Бойхўроз билан Отабек анграйганидан қуролларига қўл узатишга ҳам улгурмади.
— Тур, иккаланг ҳам! — деди Носир.
Шундан кейингина улар нима бўлганини тушуниб етишди. Аммо энди кеч эди.
Носир илдам юриб, ҳар иккала тўппончани ҳам олди.
— Хўш, — деди сўнг жилмайиб, — нима деяётгандинглар? Мени ўлдириб, кейин кўмиш керакмиди ё аввал кўмиб, кейин ўлдириш керакмиди?
— Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас, — дея Отабек стулга ўтирди ва қўлини тушириб бўйнини қашлади.
— Отники шундай бўлиши мумкин. Лекин яна беш дақиқа яшаш ёки яшамасликларинг менинг қўлимда, — деди Носир.
Толиб ўрнидан туриб, уст-бошини қоққан киши бўлди. Сўнг бориб шериклари ўтирган стол устидаги стаканни олди. Шошилмасдан ичди. Кейин ҳамтовоқлари қаторидан жой олди ва:
— Биз бу йўлга чиқаётганимизда ўлимни бўйнимизга олганмиз. Бугун ўлдик нима-ю, эрта ўлдик нима, — дея илжайди.
— Билмай юрган эканман. Сизларнинг ораларингизда юрибманми, демак, мен ҳам худди айтганингиздай қарорга келганман.
— Ҳов, тирранча, — деб ўрнидан туриб кетди Бойхўроз, — кайфу сафонинг ҳамма турини тотиб кўрганмиз. Сен ҳали нимани кўрдинг?!
— Ҳеч нимани. Шу ҳеч нималигича қолгани маъқул.
— Гапларинг сира ёшингга мос эмас. Очиқча гаплашайлик, кимга ишлаяпсан? Шу гапни айтиб, бизни отиб ташласанг ҳам розиман. Энсамни қотириб, сизга, дея кўрма! — деди Толиб қовоғини осилтириб.
— Югурдакларингиз айтишмадими?
— Билса айтади-да!
— Билмайдими, бундан чиқди, ўзимга ишлаяпман.
— Аммо...
— Толиб ака, бошни қотирманг. Келишиб олайлик. Сиз, кейин манавиларингиз, — деб Носир Бойхўроз билан Отабекни кўрсатди, — нима иш қилсам ҳам ёнимга яқинлашишмайди. Биламан, бутун областни эгаллаб олгансизлар. Лекин энди бу ерда менинг ҳам ризқим бор. Келишдикми?
— Бир кун келиб она сути оғзидан кетмаган бола дўқ-пўписа қилади, шарт қўяди, деб сира ўйламаган эканман, — деди Отабек.
Носир шу заҳоти унинг тиззасини нишонга олиб тепкини босди. Хона ичига бомба тушгандай бўлди. Отабек полга ағнади. Икки букилиб бақира бошлади. Эшикдан эса бирдан тўртта барзанги кириб келди. Улар Носирнинг қўлидаги тўппончани кўриши билан кирган жойида таққа тўхташди.
— Онангни кўрсатаман! Итни эмдираман!..
— Шеф, — деди Носир хотиржам, — овозини ўчирасизми ё ўзим сизга қўшиб ўчирайми?
— Ўзингни қўлга ол, Кал!
Лақабини эшитган Отабек тишини тишига босди ва кўзини чирт юмди.
— Мен сенларни огоҳлантирдим. Агар йўлимдан чиқсаларинг, аяб ўтирмайман, — деб Носир эшик томон юрди.
Барзангилар йигитга йўл бўшатишди.
— Шунақа тўппончани кўпдан бери орзу қилаётгандим, — деди Носир уларнинг ёнидан ўтаётиб.
Носир орадан ярим соат ўтар-ўтмас уйга етиб келди. Хийла букчайган, ранги синиққан Қобил бобо хонада у ёқдан-бу ёққа юрарди. У Носирни кўриши билан қаншарини қашлади.
— Хўш? — деди чол.
Аммо шу заҳоти қария йўталиб қолди. Юзи қизариб, охири стулга ўтирди. Носир уни сира бундай аҳволда кўрмаганди.
— Нима бўлди? — дея сўради дарров ёнига келиб.
— Қарилик. Мана энди бу ёғи оз қолди. Сен, яхшиси, ўзингдан гапир. Нималар қилиб келдинг?
У гапираётганида кўзини юмиб олди.
— Ҳаммасидан хабарингиз бор. Нега яна сўраяпсиз?
— Бу сафар хабарим йўқ. Сен кетишинг билан бу ерга келгандим. Шундан бери кетолмайман. Уфф...
— Балки, дўхтирга учрарсиз. Шамоллаганга ўхшайсиз.
Қобил бобо кулди. Шу кулиш уни яна йўталтириб қўйди. Бу сафар олдингисидан ҳам кўпроқ ва қаттиқроқ, кўксини ушлаб йўталди. Носир ёрдам бермоқчи бўлганди, қария унинг қўлини силтаб ташлади.
Қобил бобо ўзига келганида ниҳоятда ҳолсизланган, кўзи юмуқ, зўрға нафас оларди. Шунга яраша овози ҳам жуда паст чиқди.
— Дўхтирларингдан ўзим зўрман. Лекин ҳали ўлмайман. Бир-иккита ишларимни битиришим керак. Ажал ҳам кутиб турар.
Қария оромкурсига суянди-да:
— Бир пиёла сув бер, — деди.
Носир дарров сўраганини узатди. Қобил бобо кўйлагининг кўкрак чўнтагидан дори олиб оғзига солди ва устидан сув ичди. Бир муддатдан сўнг ўзига келди.
— Илгари ажал деганларига, шунга ўхшаш нарсаларга умуман ишонмасдим. Ишонганларни аҳмоқ деб ҳисоблардим. Лекин буни қараки, борган сари шу томонга ўтиб кетяпман. Аслида... Бўлди, ўзинг ҳаммасини вақти соати билан билиб олаверасан. Энди нима қилиб келганингни батафсил гапириб бер.
Носир шошилмасдан стулга ўтирди. «Гапларим чолга ёқадими, йўқми», деб ўйлади ҳамда бошини қашлади.
— Айтавер. Менга маъқул келиш ёки келмаслиги кейинги масала, — деди чол ва пиёладаги қолган сувни ҳам ичиб юборди.
— Толибнинг шубҳаси ошиб кетибди, — дея Носир чолга қараб олди ҳамда бирма-бир ҳаммасини сўзлаб берди.
— Олдинига ўқишга кирасан. Ана ундан ке-йин нимани ваъда қилган бўлсанг, ҳаммасини бажараверасан. Дарвоқе, бундан буён буйруқ тўғридан-тўғри ўзингга берилади. Ҳафтанинг ҳар чоршанбасида аэропортга чиқасан. Сенга егулик-ичгуликлар келтиришади. Шунинг билан бирга вазифа ҳам берилади. Тарасов Анатолий унинг исми. Оқ соч, ўрта бўйли одам. Жомадони ҳамиша жигар ранг бўлади...
Қария бошини орқага ташлади ва чуқур нафас олди.
— Алам қиларкан. Қанчалик қудратга эга эдим. Бирпасда ҳеч нимам қолмади. Энди тур, районингга бор. Кеча анави севгилингнинг отаси ўлган.
Носир бирдан Қобил бобога тикилди.
— Мен, — деди бу сафар Қобил бобо хирилдоқ овозда, — унинг асраб-авайланишини тайинлагандим. Лекин тақдир экан, куни битибди.
Носирнинг хаёлига бирдан Гуллола келди. Унинг ёшга тўла кўзи, юзининг қайғудан қизариб кетгани...
Йигит ўрнидан турди-ю, эшик томонга кета бошлади.
— Жавонни оч. Энг юқори қатор ўнг томондан учинчи китобни торт.
Носир тўхтаб, елкаси оша чолга қаради. У қандай ўтирган бўлса, шу ҳолича ўтирарди. Ҳаттоки қўлларининг жойини ўзгартирмабди. Кўзи юмуқ, кўкраги кўтарилиб тушаётганини ҳисобга олмаса, ўлиб қолган деб ўйлаш тайин.
— Пул. Бир, уч, беш сўмликлар. Ҳар бирови алоҳида тахланган. Эски. Йиртилиш арафасида.
— Нима қиламан буларни?
Чол жавоб қайтармади. Носирнинг бирдан эсхонаси чиқиб кетди.
* * *
— Йиғла, — деди Раъно қизига, — йиғла, ичингга ютма. Энди мен фақатгина сенга суянаман. Йиғла, болам.
Ана шундан кейингина Гуллола овоз чиқарди. Бунгача қулоқлари битиб қолгандай эди. Бирпасда очилиб кетди. Таъзияга келганларнинг ҳам ҳаммасини аниқ-тиниқ кўра бошлади. «Носир акам келмадимикин? Келмаган. Биров айтмаганидан кейин келмайди-да. Ёнимда бўлишини қанчалик хоҳлагандим», дея хаёлидан ўтказди у.
Абдуалимнинг жасадини тобутга солишди. Қайсидир чол (Гуллола уни танимайди. Ҳеч кўрмаган)
«Дунёни бузиб юборяпсизлар, бақириб йиғламанглар, Худога шак келтирманглар», деб қанча гапирмасин фойдаси бўлмади. Фақатгина жаноза ўқилаётганда ҳамма жим бўлди.
Эртаси куни пешиндан ўтганида уйда Раъно билан болаларидан бошқа ҳеч ким қолмади. Бутун оила чорпояда ўтирар, ҳеч кимдан садо чиқмасди. Ҳар ким ўз хаёли билан банд эди.
Дарвоза ортидан кимнингдир томоқ қириб йўталгани эшитилди. Жим ўтирганларнинг ҳаммаси шу томонга қаради.
— Мумкинми?
Олдинига Эшмирзанинг калласи, кейин гавдаси кўринди. У рухсат берилмаса-да, илдам юриб келаверди. Оиладагиларнинг ҳаммаси ўрнидан турди. Гуллола уйга кириб кетди. Укаси ва синглиси эса чорпоядан тушиб, онасининг ёнида туришди. Раъно салом бериб, Эшмирзани чорпояга таклиф қилди.
— Сиқилмасдан ўтирибсизларми? — деди Эшмирза чорпояга чиқиб бўлиб.
— Нима қилайлик? Сиқилганимиз билан дадасига жон битиб, дарвозадан кириб келармиди, — дея жавоб қилди Раъно бошини эгганча.
У чорпоянинг четига омонатгина ўтирганди.
— Пешона, тақдир экан, ёш кетди шўрлик, — деб хўрсиниб қўйган бўлди Эшмирза.
— Ҳа, тўғри. Лекин одамнинг умри қисқаришига кимдир сабабчи ҳам бўларкан-да...
Эшмирза дув қизарди, кўз ўнгидан Абдуалим билан бўлган охирги учрашуви ўтди. Ўшанда қанчалик дағдаға қилганди, ер билан яксон қилганди.
— Худонинг ўзи шундайин сабаб қиларкан-да. Майли, ўтган ўтди, энди қолганларнинг умри узун бўлсин. Худойини қачонга белгиладинглар? — деди у вазиятдан чиқиб кетиш учун.
Раъно зўрға ўтирарди. Эшмирзани кўриши билан ичида бир нима пайдо бўлиб, бўғзидан отилиб чиқишига оз қолганди. Аммо у ўзини босиб, ҳаяжонини ичига ютишга уриняпти. Лекин ичидаги туйғу борган сари кучайиб кетяпти. Агар Эшмирза эртароқ туриб, жуфтакни ростлаб қолмаса, юзига чанг солиши ҳам ҳеч гап эмас.
— Индинга.
— Ҳмм, — дея Эшмирза сал қаддини ростлади-да, чўнтагига қўлини тиқиб, бир даста ўн сўмлик чиқарди. — Мана шу мендан, арзимас бўлсаям... Ҳар ҳолда, Абдуалим билан кўп йиллик қадрдон эдик...
— Керакмас. Қанчалик қадрдонлигингиздан хабарим бор. Охири бориб...
Раъно у ёғини айтолмай, кўзига ёш олди.
— Сиз, келин, ҳар нарсани хаёлингизга келтираверманг. Ишда иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлади. Шунинг учун иш-да. Очиғини айтай, анави магазинчининг келишидан ғафлатда қолибман. Мажлисда эдим... Кечанинг ўзида унинг паттасини қўлига бериб юбордим. Текширувчи сал пўписа қилган экан, оёғини қўлига олиб, бу ёққа югуриб қолибди ярамас...
Раъно унинг юзига тик қаради. Шу пайт Эшмирза «Бир пайтлар бу жувон ҳаддан зиёд гўзал бўлган. Ҳозир ҳам гўзал. Шунчаки ғам озгина соя солиб турибди. Бир-икки кундан кейин ўтиб кетади. Аёл кишининг нозик кўнглини олиш керак. Ёш нарса шундай ўтиб кетавермайди-ку. Бир ҳисобдан қизини ўғлимга келин қилмаганим ҳам дуруст бўлибди. Бундан бу ёғига тилини топиб, ўзим қарашиб тураман... Аввал райкомнинг пўписасидан қутулиб олайин», дея кўнглидан ўтказди.
(Давоми бор)
Тоғ кўчкиси (Ўн тўртинчи қисм)
Тоғ кўчкиси (Ўн саккизинчи қисм)
Тоғ кўчкиси (Ўн тўққизинчи қисм)
Тоғ кўчкиси (Йигирма биринчи қисм)