Найти тему
euroasia.me

Тоғ кўчкиси (Ўн тўққизинчи қисм)

Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўн тўққизинчи қисм)

Кейин ҳам беш-олти кун оралиғи билан яна уч марта учрашув бўлди. Акмал кейингиларида анча бардам эди. «Агар ҳеч кимдан совчи келмаса, Акмалга тегиб оламан», дея ўйларди Диёра. Аммо, мана, отасининг қадрдонларидан бирининг ўғлига тегадиган бўлиб турибди. Ҳа, Акмал билан бир-икки марта дуч келди. Аввалгидай ноз-ишва қилмади, қайтанга жеркиб берди.

Бугун эса Бобур билан сайлгоҳда учрашиб, биттадан музқаймоқ ейишди. Бобурни шундай «ўрадики», йигит шўрлик гўё сеҳрланди. «Гуллоладан ўлса, ўлиги ортиқ. Ундан бунақанги гаплар чиқмайди. У қўпол, бирдан қовоғини осилтириб олади. Бу бошқача экан. Шунга уйланаман. Райондагиларнинг ҳаммасининг оғзи очилиб қолади. Керак бўлса, ҳамманинг ҳаваси келади. Гуллолани у ёқ-бу ёққа судраб юрмайман энди. Яхшилаб башарасини бежайман, тамом-вассалом», деганди. Йўл бўйида уни кўриб, омадим чопди деганида, манави воқеа бўлиб турибди.

Бобурнинг машинасини пачақ қилган одам ғирт маст экан. Бобур унинг ёқасидан ушлаб, «Жигули»дан суғуриб олишга олди-ю, аммо уролмади. Худди шундай воқеани олдиндан сезгандай ДАН ходимлари машинада келиб қолишди.

* * *

Яна ўша Дилфуза, яна ўша гап. Пастда бир йигит кутиб турибди. Гуллоланинг юраги орқасига тортиб кетди.

— Анави кунгими? — деди ранги оқариб.

— Йўқ, бошқаси. Ўқишга биз қатори борасиз, келасиз. Йигитлар билан танишишга, уларнинг бошини айлантиришга қачон улгурасиз, ҳайронман, — дея мийиғида кулди Дилфуза.

Гуллола югуриб бориб, ошхона деразасидан пастга қаради-ю, пастдаги инсонни дарров таниди. Носир экан! Шу заҳоти қизнинг ўпкаси тўлиб, деворга суянганча ўтирди-да, юзини кафтлари орасига олиб, йиғлаб юборди.

— Нега, нега? Қанақа бола ўзи бу?! Эндигина эсимдан чиқара бошлаганимда келиб турибди. Шунчалик ҳам шафқатсиз бўладими? — дея пичирлади.

— Ҳозир шармандасини чиқариб, ҳайдаб юбораман!

Гуллола бирдан бошини кўтарди. Ёнида қовоғини осилтирибгина Дилфуза турибди.

— Йўқ, — деди у бирдан, — ҳозир чиқаман!

Гуллола шошиб ўрнидан турди-да, хонасига югурди. Сочини тўғирлаб, атир сепди, лабини билинар-билинмаc бўяди. Сўнгра оёғини қўлига олиб югурди.

Носирнинг юзидаги яра ўрнини кўрган қиз:

— Янами? — деди титраб. — Энди нимага? Ёки яна битта қизнинг ёнини оламан деб...

— Шошманг, шошманг. Мутлақо унақамас. Шунчаки уриб олдим. Айнан сизнинг ёнингизга келишимдан олдин. Биттаси бефаросатлик қилиб қўйди... Хуллас, тушунтираман. Аввало, ваалайкум ассалом. Барибир, салом берардингиз, тўғрими? — деди Носир.

Гуллола жилмайди.

— Жиннивой, мен ким-қанақа хаёлга бориб юрибман. Юринг, бирон ёққа борамиз. Ётоқхонамизда турадиганларнинг ҳаммаси гап пойлайди.

Гуллола шу заҳоти Носирни қўлтиқлаб олмоқчи эди, аммо ётоқхонадагилардан, ўзидан уялди.

— Мен сизни бошқа келмасангиз керак, деб ўйлаётгандим, — деди Гуллола ёнма-ён кетиб бораркан.

— Мен ҳам шундай хаёлга борсангиз керак, деб ўйлагандим. Лекин ваъда бердимми, устидан чиқишга, албатта, ҳаракат қиламан. Бўлмаса, сочимни икки марта ювдим, икки соат кийимларимни тўғирладим. Туфлимни қайта-қайта мойлайверганимдан кечаси ёритадиган аҳволга келди. Кейин ойна қаршисида...

— Охирида, — деди Гуллола йигитнинг гапини бўлиб, — қарс этказиб... Шошманг, қаерингизни уриб олдингиз?

Улар бир-бирига юзланишди. Носир қизнинг кўзига тикилди. Шўхчан нигоҳ қочиб кетмади, термилиб тураверди.

— Сиз менга, мен сизга тикилиб турибмиз. Лекин ўтиб-қайтаётганлар бизга тикилишяпти. Қайси бири кучлироқ? — деди Гуллола бир муддатдан сўнг.

— Атрофдагиларнинг менга фарқи йўқ, чарчашса кетишади. Лекин сиз уялиб юришингизни хоҳламайман. Сизнинг кўзларингиз бўлса мутлақо

бошқача. Сеҳрга тўла.

— Уялишимни хоҳламайсиз. Бундан чиқди, бошқаларники кучлироқ... Қани юринг, — деб нигоҳини олиб қочди Гуллола.

Шу билан Носир жавоб беришдан қутулиб қолди. Тўғриси, у орттирган қайси жароҳати юзининг қаерида ўзини кўз-кўз қилиб турганини билмасди. Шунинг учун ҳам қочиш йўлини ўйлаб топганди у.

Улар истироҳат боғининг шимолидаги кичкинагина қаҳвахонада музқаймоқ ейишмоқчи эди. Лекин ейишолмади. Чунки одам жуда кўп эди у ерда. Кўпчилиги худди улар каби жуфт-жуфт. Бунақанги ғала-ғовурда тузукроқ гаплашишнинг сира иложи йўқ.

Қиз йигитга, йигит қизга қараб, сўзсиз гаплашишди ва кейин кетишди. Ҳартугул, холироқ жойдаги ўриндиқ бўш экан, шу ерга бориб ўтиришди.

— Мен сиздан мутлақо хафа бўлганман. Ҳалиям хафаман, — деди Гуллола.

— Бошим... Йўқ-йўқ, юрагим қўлингизда. Қандай жазо берсангиз, ихтиёрингиз, — дея жилмайди Носир.

— Барибир, бу гапларингиз ўтмайди. Ундан кейин, ўқишни ташласамми, деб ўйлаб юрибман.

— Агар сиз тайёр ўқишни ташлайдиган бўлсангиз, мен кириб нима қиламан?

— Сиз ўқишингиз керак. Ўғил боласиз, эртага оила бошқаришингиз...

У беихтиёр Носирга юзланди. Яна уларнинг нигоҳи тўқнаш келди. Оила... Бизнинг оила, демоқчи бўлгандай туйилди Носирга. Юраги гупирлаб кетди шу пайт.

— Иккаламиз ҳам ўқиймиз, — деди Носир.

Йигит шунда Гуллоланинг қўлини ушлашга журъат этди. Қиз эса бошини эгди. Унинг хаёлида оиласи, ўзи билан боғлиқ муаммолар чарх ура бошлади. «Мен, барибир, ўқиёлмасам керак. Эндигина биринчи курсни тугатяпман. Аммо шу бир йилда озмунча ташвишни бошимдан ўтказдимми? Ҳали яна тўрт йил бу шаҳарда юришим керак. Ана ундан кейин бирорта дўконда ишлайман, худди дадамга ўхшаб... Магазинга ҳар хил одам келади. Нотўғри касбни танлабман... Шошма, ана, шаҳардаги универмаглардаям ишлашим мумкин-ку. У ернинг об-ҳавоси бошқача...»

— Нега ўйланиб қолдингиз? — сўради Носир.

— Билмасам, ўзим шундай... Сизга айтмасам бўлмайди. Бир куни ўзингиз бирон сабаб билиб қолсангиз, мендан хафа бўлишингиз мумкин. Анави турқи совуқ Бобур яна уйимизга келди.

Носир бирдан сергак тортди.

— Хўш? — деди у ўзини хотиржам тутишга уриниб.

— Хуллас, уйланаётганмиш. Яхши бўпти, десам, ўша қизнинг кимлигини билиб беринг, дейди. Йўқ, деганимга кўнмайди. Охири рози бўлдим, қутулиш учун. Чунки кечки пайт эди, қўшнилар бошқача хаёлга боришмасин, дедим.

Кейин у ётоқхонага келибди. Унда қўрқмасдан қайтариб юбордим. Лекин унинг нияти бошқачага ўхшади. Кеча сал қолса, машинада уриб юборай деди. Бўлган гап шу.

— Тушунарли. Энди мабодо келса, учрашув учун бирон вақтни белгилаб, кейин менга айтинг. Мен ўзим ҳаммасини ётиғи билан тушунтириб қўяман унга.

Носир азбаройи Қобил бобонинг таълими боис ўзини босиб, хотиржам ўтирарди. Бошқа йигит бўлганида тутақиб кетган ва эҳтимолки, Бобурнинг номига куракда турмайдиган гапларни айтган бўларди.

— Нима қиласиз, урасизми? — сўради Гуллола.

— Афсуски, у бунга арзимайди. Шунчаки тушунтираман. Бунинг устига, уйланаётган экан, бахтини берсин! Ҳозирдан бошлаб эса иккаламиз ҳам уни хаёлимиздан чиқариб ташлаймиз. Келишдикми?

Гуллола шуни тусаб турганди. Дарров майин табассум қилганча бошини қимирлатиб, тасдиқ ишорасини қилди.

Носир кечга яқин Гуллолани ётоқхона ёнигача кузатиб қўйди. Сўнгра тутинган акасиникига кетди. Анчадан бери бормаганди, ўйлаб қараса, соғинибди. Тўпори, ҳақгўй, ҳамма нарсани фақат ўзининг қаричи билан ўлчайдиган одамнинг суҳбати ҳам соғинчли бўларкан. Носир буни ҳозир туйиб турибди. Ҳаттоки унинг уйига етмасидан ширин энтикиб ҳам қўйди.

Эшикни Ғайрат аканинг хотини очди. Унинг юзида шу заҳоти табассум пайдо бўлди ва у дарров қайғуга айланди. Носирнинг саломига ҳам зўрға алик олиб, ичкарига таклиф қилди. Носир Ғайрат акасини кўргани келганини айтганида эса йиғлаб юборди.

— Тинчликми, янга? — сўради Носир хавотир билан.

— Акангиз бир ҳафтадан бери оёқда туролмайдиган аҳволда келяпти. Илгари сира бундай қилмасди! — деди аёл лаблари титраб.

Носир ичкарига кирди. Дарҳақиқат, Ғайрат акаси уй тўридаги каравотда чалқанча ётар, бутун уйни бадбўй ҳид босиб кетганди. Каравот ёнида бир қути папирос эзилиб ётарди.

— Қачон келди? — сўради Носир ортига бурилиб, Ғайрат акасининг хотинидан.

— Эрталаб чиқиб кетганди. Бозор қилиб келаман, деса мен шўрлик охирги пулларниям берибман. Туш пайти иккита йигит судраб, олиб келиб турибди. Қўни-қўшнилар олдидаям роса шарманда бўлдим. Болалар бўлса, оч ўтиришибди, — деди аёл юм-юм йиғлаб.

— Мен ҳозир келаман, янга. Ўзига келгунича ёнида ўтираман. Сиз сира хавотир олманг, эртадан бошлаб бир қултум ҳам ичмайди.

Шундай деб Носир эшик томонга юрди ва ўша қизни учратди. У ошхона томондан келиб, Носирнинг қайтиб чиқишини кутиб турган экан. Ғайратнинг қайнсинглиси истарали, оппоқина, чиройли қиз. Аммо ҳозир унинг ҳам юзида қайғу бор эди.

Носир таксида бозорга борди. Бозор охири бўлгани учун нарсалар арзонлашган, аммо жудаям оз, баъзи мева-чеваларнинг сифатсизларигина қолган. Носир боридан бозор қилди. Гўшт олди, ундан

кейин дўконга кириб, колбаса, тухум харид қилди. Ва дилига «Бугунча бўлади, эртага бошқача бозор қилиб бераман«, деб тугиб қўйди.

Ўкиниш, хурсанд бўлиш, ҳамма-ҳаммаси бор эди янгасининг юзида. У амаллаб «Бекор овора бўлибсиз, сизни ҳам ташвишга қўйдик», дея олди. Ваҳоланки, чек-чегарасиз хурсанд эди. Ахир болалари эрталаб еган битта тухум билан ўтиришганди. Ва яна кичиги қорним очди, дея тихирлик қилаётганди. Ана шундай бир пайтда Носирнинг пайдо бўлиб қолиши, тўлиб-тошиб бозорлик қилиб келиши хурсанд қилмайдими?

— Баҳор, дарров пиёз арч, акангга гўшт қовуриб берамиз, — деди Мастура.

— Янга, менинг қорним тўқ. Боягина овқатлангандим. Болаларга қилиб беринг, — дея эътироз билдирди Носир.

Кейин ҳамон ухлаётган Ғайрат аканинг каравоти ёнига бориб ўтирди ва унинг уйғонишини кутди. Вақт аста-секин ўтиб борарди. Баҳор унга чой дамлаб, олиб келди. Носир ноқулай аҳволга тушиб:

— Шарт эмасди, — деди.

Баҳор баҳордайин очилиб, жилмайди ва ўтли нигоҳ ила боқди. Сўнгра:

— Ўзингиз биз билан овқатланмаяпсиз-ку, — деди ниҳоятда майин овозда.

— Ҳозир бораман, — деди Носир.

Шу маҳал Ғайрат ака у томонга ўгирилди. Худди бир нима еяётгандай лабини чапиллатди ҳамда кўзини очди. Унинг кўзлари қип-қизил эди.

— Сен Носирмисан? Ё менинг кўзимга кўриняпсанми? — дея сўради.

— Кўринмаяпман, ёнингизда ўтирибман, ака. Туринг!

Ғайрат ака бошини кўтариб, уйга бир сидра қараб олди-да, бурнини ишқалади.

— Ваҳ, — деди сўнгра калласини қисирлатиб, — ёрилиб кетаман, деяпти. Роса аралаш-қуралаш бўп кетувди-да ўзиям.

— Ака, сизни бунақанги аҳволда кўраман, деб сира ўйламагандим. Ёмон хафа қилдингиз. Туринг, битта чўмилиб чиқинг, гаплашиб олайлик, — дея қовоғини осилтирди Носир.

— Сен ўзинг қайси гўрга йўқолиб кетгандинг? Келиб, дарров мендан хафа бўлганингни айтасанми яна?! Ё Мастура чақирдими?

— Ҳеч ким чақирмади. Ўзим келдим. Туриб чўмилинг, — деб Носир у томонга қўлини чўзди.

— Ўзим туроламан, раҳмат!

Аммо Ғайрат дастлабки уринишда қалқиб кетди. Сал бўлмаса, гурсиллаб йиқилаёзди. Шундан кейин Носир унинг қўлтиғига кирди.

Муздай сувда чўмилган Ғайрат ака анча ўзига келди. Сўнг Носирни эслади. «Боягина Носир билан гаплашдимми?..» У зўр бериб хаёлини титкилади. Йўқ, сира эслаёлмади. Кейин эски халатга ўраниб, ювиниш хонасидан чиқди ва Носирга кўзи тушди.

— Тушимми, ўнгимми? Ёввойилашиб кетган укам келибдими? — дея иржайди.

Ҳали-ҳамон ундан бадбўй ҳид келарди. Ҳали-ҳамон унинг ҳуши тўла ўзида эмасди. «Мана, Носир келибди. Айтсам йўқ демай, югуриб бориб битта шишани кўтариб келади», деган хаёлда эди у.

Носир Ғайрат акаси билан совуққина кўришди, ҳаттоки кўзини олайтириб қўйди.

— Бу, Носирбой, келганинг зўр иш бўлибди-да. Ўзи сўрамай қўйди, деб сендан хафа бўлиб юргандим. Кўринмай қўйганингдан кейин худди бир нимасидан айрилиб қолган одамдай бўлаётгандим, — деди Ғайрат ака. Сўнг ошхона томонга қараб сўради: — Онаси меҳмонхонага жой қил, укам билан бир отамлашайлик.

У меҳмонхонанинг эшигини очди. Дастурхон тузалган, гирдига кўрпача тўшалган. Нон, чой, қанд-қурс, ликопчада помидор, бодринг, колбаса... Ғайрат аканинг кўзи чарақлаб кетди.

— Мен сенга айтсам, янганг роса пишиқ хотин-да. Қара, ҳамма нарсани тайёр қилиб қўйибди. Калласи ишлайди-да, калласи. Лекин ҳамиша битта нарса кам бўлади. Камни тўлдиришни мана бизнинг зиммамизга қўйиб қўяди. Аммо биз ҳам кўзни очиб юмгунча есть қилиб ташлаймиз. Сен шундай кириб ўтириб тур, мен ғизиллаб ўтиб келаман.

— Қаерга, ака? — дея сўради Носир ўзини гўлликка солиб.

— Қаерга бўларди, магазинга-да! Дастурхонни қара, зўрлигини. Шундай дастурхонда камчилик бўлса, ярашмайди. Кейин мен ҳам эркакман, биттани тўқ этказиб ўртага қўйиб қўёлмасам, нима қилиб юрибман?! Кир, сен ўтириб тур...

— Шошманг, ака, дастурхонга биттани тўқ этказиб қўйишингиз учун келганим йўқ.

Шу пайт ошхона томондан йиғи овози эшитилди. Ғайрат қовоғини осилтирди, кўзини олайтириб, ошхона тарафга юзланди.

— Сизда зарур ишим бор, — деб Носир унинг қўлидан ушлаб, ичкарига етаклади.

Ғайрат аканинг жони чиқиб кетаёзди. Ахир анчадан бери бундай дастурхон атрофида ўтирмаган. Бир дуч келдими, анави ҳам бўлиши керак. У бўлмаса, шоҳона таомлар тортилса ҳам татимайди. Унинг томоғидан овқат ўтмайди.

— Сен шошма! — деди Ғайрат ака Носирга ўқрайиб. — Нима, мени шунчалик паст деб ўйлаяпсанми?! Ўзингни осмонга чиқиб кетган ҳисоблаяпсанми?! Ё янганг бирон нима деб минғирладими?

— Ҳеч ким, ҳеч нима дегани йўқ. Аввал қандай акам бўлсангиз, ҳозир ҳам худди шундайсиз. Гап бошқа ёқда.

— Уфф!

Ғайрат ака норози бўлиб кўрпачага ўтирди, сўнг томоғини силаб қўйди. Унинг рўпарасига ўтирган Носир чойни қайтара бошлади. Ғайрат ака ижирғанди, нафрат билан пиёлага қуйилиб, сўнг яна чойнакка кириб кетаётган чойга термилди.

— Ака, мен сиздан бундай нарсани кутмагандим, — деди Носир.

— Менга нима қилибди? — дея бурнини тортиб қўйди Ғайрат ака.

— Ўзингиз тайинлаганингиздай кўп ўқидим, одамларни ўргандим. Ҳозир сизга қараб, ич-ичимдан эзилиб кетяпман. Шунчалик ҳам ичкиликка муккангиздан кетасизми?

Ғайрат ака бошини қашлади.

— Ҳа, энди бу ёғи... Ундан кейин сендан ҳам бир укаликни кўрмадим. Бир мартаям йўқламадинг, шу пайтгача. Умидим катта эди.

— Ҳеч нима, ҳеч қачон баҳона бўлолмайди. Менинг бир жойда ўтирган пайтим жудаям оз бўлди. Ўша оборган одамларингизнинг ишини қиламан, деб қандай тонг отиб, кеч тушиб қолаётганини сезмаяпман, — деб Носир чой қуйиб Ғайрат акага узатаркан.

Ғайрат аканинг томоғи қақраган эди. Шу боис дарров пиёлани қўлига олди-да, чойдан ҳўплади.

— Болаларингизга ичингиз ачимайдими, ака? Сиздан бошқа кими бор уларнинг?! Худо кўрсатмасин, сизга бирон нима бўладиган бўлса, улар қандай кун кўришади?

— Сен борсан-ку. Ака-укачилик ҳурмати қарашиб турасан.

— Менинг ўрним бошқа, сизники

бошқа.

— Уфф. Ўзим ҳам ташлайман, деб юрибман. Шу кўнгил бўшлик қилиб, улфатлар сал зўрлашса... Лекин бўпти, сенга ваъда берганим бўлсин. Эртадан шу падар лаънатининг башарасигаям қарамайман. Гапимга ишон. Аммо, ука, шу мени чиқаргани қўймадинг, ўзинг ғизиллаб ўтиб кел. Бутунлай якун қила-йин бугун, — дея ўшшайди яна Ғайрат ака.

— Якун бўлган. Агар яна бир марта номини тилга олсангиз ҳам обориб укол қилдираман. Тўғриси, дод деганингизгаям, вой деганингизгаям қарамайман. Ундан кейин мендан кечиб юборсангиз ҳам розиман.

Худди шу маҳал

Мастура картошка билан гўштни қовуриб, бир лаган қилиб олиб кирди. Таомни кўриб, Ғайрат ака баттар жиғибийрон бўла бошлади. Қандай қилиб анависиз томоғидан овқат ўтказади. Булар ўзи бирон нимани тушунадими, йўқми? У бирдан юзига фотиҳа тортиб, ўрнидан турди. Мастуранинг кўзи ёшга тўлди.

— Ака, бадном бўласиз. Ҳозир мендан, сўнг бутун оилангиздан айриласиз. Керакми шу?

— Менга қара, қачондан бери ақл ўргатадиган бўлиб қолдинг? Ўзи нимага келдинг? Менга насиҳат қилганими? Унда вазифангни ўтаб бўлдинг. Кетишинг мумкин, — деди Ғайрат ака тап тортмай.

— Вой, дадаси нималар деяпсиз? Ҳозироқ гапингизни қайтариб олинг. Сизга бу боладан ортиқ ким яхшилик қилди? Бунинг устига, меҳмон у, — деди кўзидан ёшини дув-дув оқизаётган Мастура.

— Меҳмон бўлса, иззатини билсин. Пешонамга келиб, ақл ўргатмасин, — деди Ғайрат ака хотинига кўзини ола қилиб қараркан.

— Ёмонлик тиладими сизга?..

— Ғайрат ака, майда-чуйда гапларни қўйинг. Ўтиринг. Сизга жиддий гапим бор. Янга, сиз бораверинг, — деди Носир Ғайрат акасидан кўзини узмай.

— Нима гап, айтавер, — дея бошини қашлади ҳайрон бўлган Ғайрат ака.

— Ўтиринг. Бу бир-икки оғиз гап билан ҳал бўладиган нарса эмас.

Ғайрат ака ноилож ўтирди.

— Менинг қорним оч, ака, қани, бошлаб беринг.

Ғайрат акага Носирнинг айтмоқчи бўлган сирли гапи устун келиб, ноилож таомга қўл узатди. Аста-секин лагандаги овқат еб тугатилди. Ғайрат аканинг нафси ором топди. Ичиш иштиёқи сўнди. Аммо, барибир, ҳозир биров дастурхон устига қўйса, ўйлаб ўтирмай, тўқ қоринга ҳам олаверади. Носир шоколад еди, бир донасини Ғайрат акасига ҳам берди.

— Гапир энди, — деди Ғайрат ака шоколадни дастурхон устига қўяркан.

— Мендан хафа бўлдингиз, минг бор узр. «Бу камлик қилади, жағингга ўхшатиб бир туширай», десангиз ҳам розиман. Аммо, ака, сиздан илтимос, ичманг. Болаларингизни ўйланг. Мени-ку яхшилаб икки марта ҳайдасангиз, кетаман. Ундан кейин менга сизнинг ичиш-ичмаслигингизнинг иссиқ-совуғи йўқ. Лекин янгам, болаларингиз хору зор бўлиб кетади. Буниси аниқ.

Ғайрат ака бошини эгди.

— Тўғрисини айтсам, хотиннинг гапини бир тийинга олмайман. Ундан бошқа қайтарадиганим йўқ. Ўзим ҳам неча марталаб бўлди, йиғиштирдим, дедим, лекин аксига олиб, шундай деган кунларим бирорта улфатим дуч келиб қолади. Қўлида, албатта, анави занғардан бўлади.

— Сиз овқат енг. Қорнингиз ҳеч ҳам оч қолмасин, ана шунда ташлаб кетишингиз осон бўлади. Ҳа, яна шоколад ҳам қайтаради.

— Муштдай бошинг билан балоларни биларкансан. Қани бир кўрай-чи, лекин шошма, фақат бунинг ўзи бўлмайди. Шу пайтгача фақат ўзимга-ўзим қасам ичардим. Энди сенинг, яна... янгангниям олдида қасам ичганим бўлсин, — деди Ғайрат ака эшик томонга қаради-да, — Мастура, Мастура! — дея хотинини чақирди.

Мастура эшикнинг ортида турганди. Қулоғи динг эди. Отини эшитиши билан:

— Ҳа, — дея кўриниш берди.

Ғайратнинг бунга ғаши келиб ўшшайди.

— Шпионлар сендан ўрнак олсин, хотин. Кел, манави ерга ўтир, — деб у ёнидан Мастурага жой кўрсатди. Сўнг қўлига нонни олди.

— Ғайрат ака, — деди Носир дарров унинг муддаосини тушуниб, — қўлингиздан келмаса, нонни ушламанг. Нон ёмон уради, ака.

— Биламан! — деди бирдан ғазабланиб кетган Ғайрат ака, — ҳамма нарсада ақл ўргатаверма. Ёш боламасман!.. Хуллас, иккаланг гувоҳ, яна ичсам, мана шу нон урсин!

Мастура бошини эгиб қолди. Ғайрат ака эса қўлини мушт қилди. Сўнгра дарров асабийликдан чиқиб, Носирга юзланди-да:

— Ишингдан гапир. Нималар қилиб юрибсан, қаерга йўқ бўлиб кетдинг? Гапир, — деди.

Мастура чойнакни қўлига олиб, ўрнидан турди.

Носир бошидан ўтганларининг бирортасини ҳам айтмади. «Ўқияпман, шуғулланяпман, шунинг ўзига кун ўтиб қўйяпти», деди. Сўнг гапни

бошқа томонга бурди. Суҳбат узоқ давом этди. Носир кетишга чоғланди. Аммо бундан олдин даструхонга икки юз сўм қўйди. Аслида, Ғайрат ака ундан тўрт-беш сўм қарз сўрамоқчи бўлиб ўтирганди. Чунки уйида сариқ чақа ҳам қолмаганини ўзи ҳам яхши билади. Ҳаттоки вокзалга етиб олишга ҳам пули йўқ унинг. Шунинг учун ҳам қарз олмоқчи эди. Аммо Носирнинг ҳали сўрамасидан нақд икки юз сўм бергани уни довдиратиб қўйди.

— Икки юз?! Қўй, ука, менга бунча пулни берма, берадиган бўлсанг, ҳали тузалмасимдан баттар бўлиб кетишим мумкин.

— Ака, қарзга

беряпман. Қайтариш шарти билан, — дея жилмайди Носир.

— Унда ана, янгангга бер. Менга бир сўм ҳам етади. Бир амаллаб вокзалга етиб олсам бўлди. У ёғи кечгача ишлаб пул топаман.

— Бўлди, келишдик.

Мастура «Бунча кўп пулни қандай қайтарамиз, қўйинг, озроқ берсангиз ҳам бўлади», дея пулни олмади. Аммо Носир бир амаллаб кўндирди. «Ишлатганингизча ишлатинг, қолганини сақлаб қўйинг, сизда турса, банкда тургандай бўлади», деди.

Носир қушдай енгил тортди. Анчадан бери сира бундай бўлмаганди. «Шундай пайтлари Гуллола ёнимда бўлмайдими, у билан маза қилиб гаплашиб, айланиб юрардик», дея кўнглидан ўтказди. Бироқ уйига борганидан кейин Қобил бободан шундай гап эшитдики, кўз олди қоронғилашиб кетди.

— Сен у қиз тугул, бошқасига ҳам ҳеч қачон уйланмайсан! Мумкин эмас!

* * *

Қизнинг ундан сира ажрагиси йўқ эди. Кечгача, ҳаттоки эртага эрталабгача ҳам ёнма-ён юришга рози эди. Аммо... Аммо... Гуллола хўрсиниб қўйди. Шунга қарамасдан, ётоқхонага кирганида хушчақчақ эди. Аввалига Дилфузани қучоқлаб олди.

— Бугун ўзим сенга яхшилаб овқат пишириб бераман, — деди.

Дилфуза унга айёрона боқди.

— Ҳмм, бу қизи тушмагур яна нима балоларни бошлаб келди? Йигит шўрлик машина ваъда бердими, дейман?

— Машинадан ҳам қиммат, ҳамма нарсадан қиммат, — дея қиқирлаб кулди Гуллола.

— Нима экан ўша қиммат нарса? — деб лабини тишлади Дилфуза.

— Юрак. Юракдан ҳам қиммат нарса борми? — дея яна дугонасини маҳкам қучоқлаб олди Гуллола.

— Ҳой қиз, ортиқча хурсанд бўлаверманг. Кўз тегиб қолмасин тағин.

— Худо хоҳласа, тегмайди. Менинг ҳам яйрашга, хурсандчилигимни кимгадир улашишга ҳақим бор-ку, — деди Гуллола.

У уйқуси келмай, узоқ муддат кўзини очиб, хаёл суриб ётди. Кўп, кўп орзу қилди. Кейин ухлади. Вақт алламаҳал бўлган эди бу пайтда.

Эртасига эса тушдан кейин уйига кетишга мажбур бўлди. Тушгача «Бугун ҳам Носир акам келса керак. Тезроқ вақт ўтсайди, тезроқ учрашсайдик», деб кутди. Аммо ётоққа келиши билан онаси қўнғироқ қилаётганини айтишди. Қизнинг юраги бирдан шув этди. Ишқилиб тинчлик бўлсин, деган ўйда югуриб борганча гўшакни кўтарди.

— Қизим, жавоб сўраб уйга кел. Дадангга касалхонадан рухсат беришди. Бирга олиб чиқайлик, — деди аяси.

«Иложим йўқ, боролмайман. Носир акам келиши керак эди. У билан учрашаман, бирга айланиб юраман», деёлмайди-ку.

— Хўп, ҳозир қизларга тайинлайман-да, йўлга тушаман, ая.

Борса уйда аяси йўқ. Касалхонада экан. Укасига «Опанг етиб келиши билан борсин», деб тайинлаб кетибди.

Гуллола дарҳол касалхонага югурди. Аяси ҳамма ҳужжатларни тайёрлаб қўйибди. Негадир унинг келишини кутаётган экан. Бўлмаса, ўзи ҳам бирорта машинани ёллаб, эрини миндириб уйга олиб борса ҳам бўлаверарди-ку.

— Даданг «Гуллола келсин, ҳаммамиз бирга борамиз, деди», — деди Раъно.

Ва қизи эшикдан кириши билан кўришди-ю, машина топишга кетди.

— Ўт-т-т-ир, — деди Абдуалим қизига.

Гуллола дадасининг ёнгинасига стул қўйиб ўтирди ва қўлини ушлади.

— С-с-ен, — деди дадаси қийналиб, — ў-ў-ў-ғил қ-қ-изсан...

Қолган сўзларни айтишга унинг кучи етмади ва кўзини юмди.

— Дада, ҳаммаси яхши бўлади. Ҳали бемалол гапирадиган, юрадиган бўласиз, — дея отасининг кўнглини кўтаришга уринди Гуллола.

Абдуалим бошини қимирлатиб, қизининг гапини тасдиқлади, сўнг яна сўзлади:

— Ҳам-м-м-а-с-ини ў-ў-ў-из-и-инг қ-и-и-иласан.

— Тушундим, дада. Мен энди сизнинг ҳам ўғлингиз, ҳам қизингизман. Нимаики ташвиш бўлса, иш бўлса, ўзим қиламан, тўғрими?

Абдуалим бошини қимирлатиб, тасдиқлади. Гуллоланинг эса ичидан бир нима узилгандай бўлди. Ахир қандай қилиб? Ҳали ёш бўлса, ҳали қўлидан ҳеч нарса келмаса. Лекин нима қилсин? Дадаси касал, у нима деса бажариши шарт. Балки, ҳақиқатан ҳам, бундан кейин уринса, ҳаммасининг уддасидан чиқар...

Раъно машина топиб келди. Абдуалимнинг дўсти экан. «Шундай пайти дўстимга, улфатимга ёрдам бермасам, қачон бераман», дебди бояқиш. Она-бола Абдуалимнинг икки қўлтиғига киришди. Машинагача амаллаб олиб бориб ўтқазишди. Гуллола шунга ҳам хурсанд эди. Мана, дадаси озгина бўлса ҳам юрди. Тўғри, нақ тўрт марта тўхтаб, дам олди. Дўхтирларнинг иккитаси қарашиб юборди. Лекин, муҳими, у юрди. Демак, келажакда соғайиб кетишидан умид қилса бўлади. Баъзилар инсульт тузалмас дард дейди. Лекин ҳаёт тасодифларга тўлиб-тошиб ётибди. Эртага ўлади, дейилганлар ҳам яна ўттиз-қирқ йил умр кўрган, бунга бемалол мисол келтириш мумкин. Бироқ Гуллола ҳозир ўша мисолни тополмади.

— Яхшилаб парвариш қилсак, оёққа туриб кетади, — деди кечки пайт Раъно қизига, — бу ёғи бизга боғлиқ. Ҳечам асабийлаштирмайлик. Ўзи шундоғам ўтган кунларини эслаб сиқилади...

— Хавотир олманг, ая, қўлимдан келган ҳамма нарсани қиламан.

Аммо Гуллоланинг қўлидан келмайдиган нарсалар ҳали жуда кўп эди. Шулардан бири у гапириб бўлиши билан содир бўлди.

Дарвоза тақиллади. Бориб очишса, (Гуллоланинг юраги безиллаб қолган. Эшик тиқ этса хаёлига бирдан Бобур келади. «Ишқилиб, шу бўлмасин», деб мўлтирабгина ўтиради) Абдуалимнинг ўрнига бўлган магазинчи экан.

— Эрингиз кўп нарсани растарат қилиб кетган экан. Текширув бор. Шунга бир-иккита нарсага қўл қўймаса бўлмайди, — деди у Раъно салом бериши билан.

— Эрим ҳозир ўзини билмай ётибди. Гапингизгаям тушунмайди. Қандай қилиб қўл қўйсин? — дея титраб кетди Раъно.

— Энди бу ёғи менга қоронғи. Егандан кейин жавоб ҳам беришни билиши керак-да. Менинг ҳам бола-чақам бор. Камомадни қабул қилсам, обориб тиқиб қўйишади. Шунга сиз манави рўйхатни, — дея магазинчи қоғоз кўрсатди, — эрингизга ўқиб беринг. Ҳеч бўлмаса, бармоғини рангга ботириб, босиб берсин.

— Нега тушунмайсиз?! Ҳеч нимани билмай ётган одамга бир нимани ўқиб, тушунтириб бўладими?

— Бўлмаса! — дея бақириб юборди келган одам, — мелиса билан келаман!

Абдуалим ётган уйнинг деразаси очиқ эди. Бунинг устига Абдуалим уйғоқ. Шу боис келган одамнинг сўнгги гапини аниқ-тиниқ эшитди у. «Милиция нега келади? Нима қилади милиция келиб? Эшмирзанинг мени шу аҳволга туширгани камлик қилибдими? Нима қилсам қутуламан бу ярамаслардан?»

Унинг қон босими ошди.

* * *

Бобурнинг Диёра билан учрашиб келганини Эшмирза хотинидан билди.

— Ўғлингизга маъ-қул келибди. Анави магазинчининг қизидан ўлса, ўлиги ортиқ, деди, — дея бошини эгганча ўтираваерди Хадича.

Эшмирза ишдан чарчаб келганди. Областдан келган текширувчилар билан кечгача юрди. Уларни едирди, ичирди, битта-иккита айби учун ялиниб кечирим сўради. Нақ беш минг сўмни кисталарига тиқиб қўйди. Аммо текширувчилар кўнишмади. Яна беш минг тиқди. Лекин, барибир, битта хатони топиб, бошлиқларига кўрсатишмаса бўлмаскан. «Ўзаро тил бириктиргансанлар, пора олгансанлар», деб бошқа текширувчиларни жўнатишаркан. Шунинг учун камчилик топишлари шарт экан. Шунда Эшмирзанинг хаёлига бирдан Абдуалим келди. Яқинда унинг ўрнига одам қўйганди. «Бўлди, қурбонлик топилди», деди ўзига-ўзи ва ўша дўконни текширувчиларга рўпара қилиб юборди... Машинадан тушиб, ҳорғин қадам ташлаганча, дарвозахонадан ўтиб тўғри ошхонага келди. Хотини хаёл суриб ўтирган экан. Туриб зўрға «Келдингизми?» деди.

— Ҳа, нимага сувга тушган мушукдай ўтирибсан? — дея сўраган эди Хадича юқоридаги гапни айтди.

У бошини қашлади. Диванга ўтириб, уф тортди, сўнгра:

— Болангга маъқул келган бўлса, яхши-ку. Шумшаймай битта чой дамла, — дея керишди.

— Шу, дадаси, менинг ўзим ҳам ўша қиз билан бир гаплашсам. Ҳарқалай, унинг эр кўрганини сиз билан мен биламиз. Бобур бундан бехабар. Чиройига учиб, маъқул, деб келаверганми дейман-да.

— Ҳой, хотин, гапимни бирон марта қайтариб олганимни кўрганмисан, ундан кейин шундайин катта олим одам мени алдармиди? Сен кўрмаган бўлсанг, мана мен кўрдим. Ойдай, муомаласига гап бўлиши мумкинмас. Аҳмадали Турсунович бемалол уйига хизматкор ёлласа бўладиган одам, ҳеч қурса, меҳмонлар келганида. Йўқ, у бундай қилмайди. Ҳамма хизматни уйидагилар қилади. Сен нимани ҳам билардинг?.. Ундан кўра музлаткичдан анавини ол, бошим ёрилиб кетай деяпти.

Хадича у айтган нарсани столнинг устига қўйди. Кейин битта ликопчага помидор тўғраб келди.

«Бобур ҳам, — хаёлидан ўтказди Эшмирза, — узоқни кўзлайдиган болага ўхшайди. Менинг болам-да. Мендан ўтиб қаерга ҳам борарди. Аҳмадали ака тўғри айтди, шафтолининг тагига шафтоли, олманинг тагига олма тушади, деб».

(Давоми бор)

Тоғ кўчкиси (Биринчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Иккинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Учинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Тўртинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Бешинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Олтинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Еттинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Саккизинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Тўққизинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўнинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн биринчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн иккинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн учинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн тўртинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн бешинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн олтинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн еттинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн саккизинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн тўққизинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Йигирманчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Йигирма биринчи қисм)