Найти тему
euroasia.me

Тоғ кўчкиси (Ўн саккизинчи қисм)

Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўн саккизинчи қисм)

Носир ярим соатча ётди. Сўнгра ўрнидан туриб, совутгичдан егулик олди. Қорнини тўйдирди. Бу пайтда...

Қария уйдан чиқиши билан машинасига минди-да, уловни жойидан қўзғатиб газни босди. У жудаям чаққон эди. Остидаги «Москвич» ҳам чаққон. Чунки мотор уч мартага кучайтирилган, унча-мунча машиналарни менсимайдиган тезликка эга...

Қария шаҳардан чиққанидан кейин ёш-яланг минган иккита «Жигули»ни чангида қолдириб кетди. Ундан кейин бошқа уловлар қатори иккита «Газ 24»ни қувиб ўтди. «Жигули»даги ёш-ялангнинг қони қайноқ эди, чидаб туришолмади, газни босишди. Аммо қанча чиранишмасин, «Москвич» узоқлашаверди ва охири кўринмай кетди.

Қобил бобонинг машинаси Носирнинг қишлоғи яқинида қўй боқиб юрган чўпон ёнида ўчиб қолди. У тушиб, бошини сарак-сарак қилди. Кейин гарчи кичик бўлса ҳам чўпонга салом берди. Ундан сув олиб ичди. Шу аснода у билан суҳбатлашиб қолди. Олдинига машинасидан нолиди. «Сизларга маза, у ери-бу ери бузилиб қолмайди. Сув, ем-хашагини берсангиз бўлди, хизматингизни қилаверади», деди. Сўнгра қишлоқ ҳақида сўради. Чўпон мақтанчоқроқ чиқиб қолди. Тўлиб-тошиб гапириб берди. Шунинг билан бирга, ҳеч қанақанги шов-шувли воқеа бўлмаганини ҳам айтди. Чол хотиржам бўлди ва машинасини «тузатиш»га киришди. Чўпон қўйларини ҳайдаб кетганидан сўнг эса моторни ўт олдириб, уловни ортга бурди.

Қария катта йўлга чиқиб, бир муддат машинасининг салонида ўтирди. Бу ёғи қуёш ҳам аста-секинлик билан уфққа ёнбошлай бошлади. У соатига қараб қўйди-да, уловини тўғри далага ҳайдади. Машинасини кўздан панага олиб бориб қўйганидан кейин тиканли симни судраб келди. Бу орада қуёш ботиб, атрофга қоронғилик эна бошлади. Қария йўлни тиканли сим билан «бўлиб» қўйиб, кута бошлади.

Осмонда юлдузлар чарақлаб, одам одамни кўрмайдиган пайтда «меҳмонлар» келишди. Ҳамма ғилдиракка тиканли сим санчилди. Бараварига тўртта ғилдиракнинг ҳам дами чиқиб кетди. Мусиқани баланд қўйиб келаётган Ботир — тухум билан Адҳам буни дарров пайқамади. «Тойчоқ» тақир-туқур бўлиб қолганидан кейингина машинани тўхтатиб тушишди ва аҳвол чатоқлигини билишди. Нима қиларини билмай турганида уларнинг ёнида ҳасса суянган қария пайдо бўлди. Чол индамай ўтиб кетаётганда Ботир уни тўхтатди:

— Бобой, саломалейкум.

Чол тўхтади-да, қўлидаги ёритгични нақ Ботирнинг кўзига қаратди.

— Фонарингизни олинг, бобой. Кўзимни кўр қилиб қўяди, — деди Ботир норози бўлиб.

— Ҳмм, кимсизлар?! — сўради чол.

— Меҳмонмиз, бобой, меҳмон!

— Кимникига келаётгандинглар, — дея қария машинага тикилди, — Ие, бу анави Носирни олиб кетган машина-ку! Кимсизлар?!

Ботир довдиради.

— Ҳалиги... биз... шундай келаётгандик. Ҳа, Носир билан...

— Яхши менга учрадинглар. Қишлоғимизда ҳаммаёқ ур-сур бўлиб ётибди. Мелиса босиб кетган. Айниқса, Носирнинг уйини... Бола бир нима қилиб қўйганми? Ё яна бошқа бир гап борми, билмайман, ишқилиб, тушдан бери ҳаловат йўқ.

— Йўғ-э, — дея Ботир Адҳамга ўгирилди.

— Мен-ку тил-жағига маҳкам одамман. Кўрганим кўрган жойимда қолади. Лекин қишлоқнинг одамлари чатоқ. Ҳар қанча меҳмон бўлсанглар ҳам бормаганларинг маъқул. Энди, йўқ жойдан бошларингга бир балони орттириб олманглар, дейман-да.

— Лекин энди қандай кетамиз? Тўрттала балонниям пачоғи чиқди-ку. Вулканизация бу ўртада бўлмаса керак.

— Нимага йўқ бўларкан?! Манави катта йўлдан икки километр орқага қайтсанглар бор.

Қобил бобо йўлда ғилдирак тузатадиган устахонани кўргандаёқ режа тузган эди.

— Тўртта ғилдиракни оборишнинг ўзи бўлмайди у ёққа, — дея ғўлдиради Адҳам.

— Мен янтоқ йиғиб юргандим. Буни қаранглар, кечга қолиб кетдим. Ҳаммасига шу қишлоқдаги машмаша сабаб. Яна автомат кўтариб олишибди мелисалар. Одамларнинг гапига қараганда, аҳвол жудаям чатоқмиш. Айтмоқчи, эски «Москвич»им бор, ҳозир ҳайдаб келаман. Унгача ғилдиракларни ечиб туринглар. Бундай пўрим машина... Ундан кейин Носирни олиб кетган...

— Майли, майли, бобой, бу ердан эртароқ кетамиз. Фақат «Москвич»ингизни тезроқ ҳайдаб келинг.

Чол кетди. Кўп ўтмай уловини ҳайдаб келди-да, Ботирни миндирди. Ўғри-пўғри келиб бошқа нарсаларниям илиб кетмасин, деб Адҳамни қоровулликка қолдирди.

Олдинига устани топиб келиш қийин бўлди. У аллақачон уйида чой ичиб ўтирган экан. Бормайман, деб тихирлик қилди.

— Ёшимни ҳурмат қил, болам. Шаҳарликлар меҳмон. Пулингни икки баробар беришади, — деди чол.

У Ботирни кўчада қолдирган эди. Чунки унинг хумдай боши тап-тақир. Бунинг устига қош, киприги йўқ. Гавдаям девникидай. Бундай одамни кўрган уста тугул бошқа биров ҳам қочиб қолади. Шунинг учун ҳам қария уни машинада қолдирганди.

Уста оғриниб бўлса ҳам кўнди. Аммо ғилдиракларни тузатишнинг ўзи бўлмади. Ҳар бири учта жойидан тешилган экан. Ямоқ қўйилди. Кейин қуриши кутилди.

Ярим кечада «Газ 24» ёнига келишди.

— Тўрт-беш сўм ташлаб кетинглар, — деди қария иш битганидан кейин.

— Нима қиласиз пулни? — дея бурнини тортиб қўйди Адҳам.

— Энди ҳай баракаллага шунча вақт хизматларингни қилмагандирман. Менда ҳам набира бор. Бунинг устига, сизларни хавфдан қутқардим...

— Ота, бу мелисалар қишлоқларингизда ётиб қолишдими дейман, қайтиб кетмади-я, — дея луқма ташлади Адҳам.

— Пойлаб ўтиргандир-да сени. Аммо-лекин Носир соғми? Ошначиликларинг бўлса, яна...

— Биз ҳам уни таниб-танимаймиз. Яхши бир акамиз бориб олиб келинглар, қадрдоним билан тўйга борамиз, деганди. Шунга олиб кетгандик. Нима, уйига келмабдими?

— Келмагандир-да. Ундан кейин гап-сўзларга қараганда, бир жойларда одамлар одамларни обдан қирганмиш. Янаям ким билсин. Бизнинг даврларда ундай гаплар йўқ эди. Ҳозиргилар ёмон бўлиб кетишган. Биров сал қаттиқроқ гапириб юборса, пичоқ яланғочлаб қолади, — дея чол бошини сарак-сарак қилди.

— Майли, ота, хафа бўлманг, — деб Баҳодир битта беш сўмлик узатди.

— Бунинг қанча, болам?

— Беш сўм.

— Энди уят бўлар. Обордим, олиб келдим. Ундан кейин уста билан ҳам ўзим гаплашдим. Агар уста сенинг ўзингни кўрганида борми, отиб ташлашсанг ҳам мушкулингни осон қилмасди. Чиқар, болам, чиқар. Миниб юрганинг манавиндай пўрим машина бўлса-ю, берганинг бундай бўлса, уятмасми?! Сендай болаларни дангал деб эшитгандим, — дея атайлабдан оқсоқланиб қўйди Қобил бобо.

— Лекин, бобой, қишлоқнинг одами бўлсангиз ҳам ёмон пишиқ экансиз, — деб кулди Баҳодир.

— Нима қилайлик?! Бир пайтлар шаҳардаям кезганмиз. Тирикчилик-да. Сенга ўхшаганларга юз йилда бир дуч келамизми, йўқми. Ундан кейин набира тўйи қилишим керак. Менга қара, анави заводда таниш-панишинг йўқми? — дея Баҳодирга тикилди қария.

— Қайси завод?

— Ичимлик-пичимлик дегандай... Даштнинг одамига овқат бермасанг, берма, лекин шу зормандадан столнинг устига қўймасанг, уриб кетишдан ҳам тоймайди. Шунга заводдан олсак, тўрт-беш тийин арзонроқ тушармиди, дейман-да.

— Айтдим-ку, чатоқ бобой экансиз деб. Майли, ҳозир, — деб Баҳодир машинадан битта қоғозча олиб, телефон рақамини ёзди. — Кейинги ҳафтада қўнғироқ қиласиз.

Кейин яна беш сўм чиқазиб, чолнинг қўлига тутқазди. Ана ундан кейин улар ортига қайтиб кетишди.

— Ҳали шошма, — деди Баҳодир бироздан кейин кулиб, — чол бўлсанг ҳам теринггача шилиб оламан.

* * *

Аввалига Носир хотиржам эди. Чунки қария бир ишга жаҳд қилдими уддасидан чиқмай қўймасди. Аммо яна икки соатча ўтгач хавотир ола бошлади. Ахир чол ҳам иссиқ жон, унинг ҳам имкониятлари чекланган. Ана, бир марта хато қилганининг ортидан қанча машмаша бўлиб кетди. Яна шу нарса такрорланмайди, деб ким кафолат беради. Носир турди, ўтирди, у ёқ-бу ёққа юрди. Бир хаёл қишлоғига кетмоқчи ҳам бўлди. Кейин юзининг бир аҳволдалиги ёдига тушди. Демак, ҳеч қаёққа чиқолмайди. Қишлоққа боришни эса хаёлига келтирмаса ҳам бўлаверади. Аяси кўрса ўзидан кетиб қолиши ҳеч гап эмас. Кутиши керак. Аммо кутавериб зерикди. Тўлиқиб кетаверди. Машқ залига ўтиб шуғулланмоқчи бўлди, бироқ кўп куч йўқотган экан, дарров чарчаб қолди. Ва яна қайтиб келиб тўшакка чўзилишга мажбур бўлди.

Қобил бобо кириб келганида Носир ўрнидан сапчиб турди ва қарияга термилди. У ўта хотиржам эди, ҳатто йигитнинг саволли нигоҳига жавоб қайтармади. Тўғри совиткичнинг ёнига борди-да, муздай шарбат олиб ичди. Носир бундай бемалолхўжа одамни умрида кўрмаганди. Ахир шунақасиям бўладими, бир бечора уни кутса-ю, чол гўёки сайр қилиб келган одамдай хотиржам шарбат олиб ичса. Бунга қандай чидаш мумкин?!

— Нима бўлганини айтасизми? — деди сабр косаси тўлган Носир.

Қария бурнини тортиб қўйди, сўнг бир-бир қадам босганча юмшоқ ором курси ёнига келиб, оёқларини чалиштириб ўтирди ва Носирга ўгирилиб:

— Ақлли одам ҳеч қачон бузғунчиларга қўшилмайди. Барзангини кўрсанг баданинг бижирлайди. Лекин ғирт аҳмоқ. Ўйлаб кўр, машинанинг тўрттала ғилдираги ўз-ўзидан тешилиб қолиши мумкинми? Тағин кутилмаганда битта чол келиб қоларкан-да, ёрдам бераркан. Очиғини айтсам, кела-келгунча роса кулгим қистади. Яна булар жиноий тўда эмиш. Номи одамларнинг юрагига қўрқув солармиш. Бўлмаган гап! Ана, урмадим, сўкмадим, икки оғиз гап билан қишлоққа кирмасидан орқаларига қайтариб юбордим. Лекин бу масала узил-кесил ҳал бўлди, дегани эмас. Толибнинг фаросати сал яхшироқ. Қайтиб борганларни соғ қўймайди. Эртага у аниқ шундай қилади. Айтганча, отишма нима билан тугаганини биласанми? — деди.

— Йўқ, — деди Носир бошини асабий қимирлатар экан.

— Ҳеч нима билан. Ботирашвилли қочиб кетганингни билгунича ҳамла қилиб турган. Билганидан кейин кетган. Ишонасанми, шунча одам ўлибди, шунча ўқ отилибди, лекин ҳеч қандай шов-шув чиқмабди. Мана буниси ҳақиқий мўъжиза.

Носир унинг гапларини сабр билан эшитаркан, чолнинг шу пайтгача мияси айниб қолмаганига қойил қоларди.

— Хуллас, — деб шарбатидан яна бир марта ҳўплади қария, — Ботирашвилли итваччаларининг тирик қолганини йиғиштириб шаҳарга жўнади. Ўлганларнинг ҳаммасини Толибнинг одамлари йиғиб олишди ва кўмишди.

— Ҳаммасини бир жойгами? — ажабланди Носир.

— Нега бир жойга бўларкан?! Ўзиникиларнинг ҳар бирига алоҳида гўр қаздирди, Ботирашвиллиникиларни эса даштнинг кўк дарасига кўмди. Ҳарқалай, инсоф... Қанақанги инсоф. Ҳайиққанидан қилди бу ишни у.

— Салтиков деган одамни танийсизми?

— Танийман. Лекин унинг идораси бошқа. Тўппончанинг маркасини билишига келсак, бизникилардан таниши бор унинг. Ўша хабарини етказган, — деди Қобил бобо ва ўрнидан туриб кета бошлади.

Носир унинг ортидан шунчаки термилиб тураверди. Чол кўп куттирмай, тез қайтиб келди. Қўлида рамкага солинган жуда эски сурат бор эди. Суратни Носирга тутқазиб:

— Буни танияпсанми? — деди.

— Йўқ, бу одам суратга тушганда, менинг отам ҳам бўлмаган бўлса керак, — дея жавоб берди Носир.

— Тўппа-тўғри, эллигинчи йиллар атрофидаги расм бу. Қара, атрофи қалин қора чизиқ билан ўралган. Бу унинг ўлганидан далолат беради.

— Ўлган бўлса, нега менга кўрсатяпсиз? — дея ажабланиб сўради Носир.

— Чунки расмдаги менман-да.

— Сиз?!

Носир расмга диққат билан тикилди. Унда бошига кепка кийган, қора қошли йигит жилмайиб турибди. Дарҳақиқат, унинг кўзи Қобил бобоникига жудаям ўхшаб кетарди.

— Ҳа-а, лекин сиз тириксиз-ку!

— Тўғри, тирикман. Сен учун тирикман. Лекин бошқалар учун олтмиш бешинчи йилда оддийгина автофалокат туфайли ўлганман. Яна ёниб кетганман. Қабрга суякларимнигина кўмишган. Ўлимимдан сўнг орден беришган. Орденни раҳматли онам олган. Кейинчалик бир неча марта онамни кўрдим. Йиғлайверганидан шишиб кетибди. Кўпга бормади, бир йил ўтиб қазо қилди. Таъзиясида қатнашдим, лекин ҳеч ким танимади. Чунки операция қилиб қиёфамни ўзгартиришганди. Ҳозир битта мактаб, саккизта кўча менинг номимда. Ҳатто расмимни ҳам осиб қўйишибди. Гоҳ-гоҳида бориб ўзим ҳам томоша қилиб келаман.

— Менга ҳам шундай тақдирни раво кўряпсизми? — деди жаҳли чиққан Носир.

Чол жавоб бермади. Ўрнидан турди-да, совуткичнинг ёнига борди.

— Салтиковни мен таниганим билан у мени танимайди. У биздан эмас, унинг ўзи югурдак. Унинг тўппончаларга қизиқиб қолгани ички бузилишдан дарак беради. Бунга, албатта, кўп бўлмаган. Акс ҳолда менинг хабарим бўларди, — деб чол чуқур уҳ тортди.

Носир бир ҳафта ҳеч қаерга чиқмай фақат китоб ўқиди. Қария эса шу етти кун мобайнида унинг оиласини қўриқлаш билан овора бўлди. Уйга кам келди, Носир билан кам гаплашди. Кейин у ора-чора қариб қолаётганини ҳам билдириб қўйди.

Аммо шу ҳафта Гуллола учун...

«Қанақа одам бу? Бир қарасанг, ўзи қидириб қолади, яна бир қарасанг, ваъда беради-ю, қорасини ҳам кўрсатмайди. Унинг менга уйланиш нияти йўқ. Бўлганида осмон узилиб ерга тушса ҳам келарди. Кечагина орзуларим бир дунё эди. Кечагина суянадиган улкан тоғим бор эди. Бугун шунчалик ожизманки, ҳатто қуёнлар ҳам ачиниб қарайди. Агар анави бетутуриқ Бобур келиб менга зулм ўтказса, ким мени ҳимоя қилади? Дадам касал, аямнинг қўлидан ҳеч нима келмайди. Носир акам бўлса дом-дараксиз... Ёки уйида бирон нима бўлдимикин? Бошим оғриб кетди», дея хаёл қилди Гуллола. Сўнг каравотига ўтирди-да, қоп-қора, узун сочларининг орасига бармоқларини тиқди. Худди шу пайт эшик секингина икки марта чертилди. Бирдан қизнинг юзида табассум пайдо бўлди. У дик этиб ўрнидан турди-да, шоша-пиша эшикни очди ва ҳафсаласи пир бўлди. Рўпарасида қўшни хонада турадиган Дилфуза исмли қиз тутарди.

— Яхши қиз, сизни арслонкелбат йигит ташқарида кутиб турибди, — деди у мийиғида кулиб.

— Қанақа йигит? — дея қошларини чимирди Гуллола.

— Айтдим-ку арслонкелбат деб. Мен келаётгандим, бирдан олдимни тўсиб «Илтимос, Гуллолани чақириб беринг», деди.

— Исмини айтдими?

— Йўқ. Мен ҳам сўрамабман. Лекин бегоналиги аниқ. Энди менга бегона. Сизга балки...

Гуллоланинг хаёлига бирдан Носир келди ҳамда ортига қайтиб, кўзгуга бир қараб олди-да, шоша-пиша ташқарига йўл олди.

Бобурга кўзи тушганида қизнинг эти жимирлаб кетди. Сўнг ранги оқарди. Аммо ортга қайтишга кеч бўлганди. «Деразадан қараб, кимлигини билиб, кейин чиқмайсанми, овсар», дея ўзини-ўзи янди ҳамда оёғини судраб босганча Бобурга яқинлашиб, эшитилар-эшитилмас салом берди.

— Мен сизни тополмайманми, деб қўрққандим. Хайрият, шу ерда экансиз, — деди Бобур илжайиб.

— Мен бўлсам сизни мутлақо кутмагандим. Келганингиздан келмаганингиз яхшироқ эди. Кайфиятим тушиб кетди. Очиғини айтадиган бўлсам, сизнинг таклифингизни бажаролмайман. Биринчидан, мазам йўқ, оёқ-қўлларим қалтираяпти. Иккинчидан, дарсларим бир дунё, бажармасам, ўқишдан ҳайдалишим аниқ, — дея қовоғини осилтириб олди қизгина.

Бобур бирдан жиддий тортиб:

— Ҳечқиси йўқ, икковиниям тўғирласа бўлади. Таниш дўхтирлар тиқилиб ётибди. Бунинг устига, касаллигингиз қўл келиши мумкин. Келин болага бир қараб қўйинг, деймиз-да. Ўқишингиз масаласига келсак, у сариқ чақа. Икки дақиқада тўғирлаб ташлайман, — дея ғўдайди.

— Буни қаранг-а, билмабман. Келиб-келиб ўзимга ўхшаган студентга мени кўриб қўйинг, дейманми? Хуллас, бошқа бир қизни топинг. Агар ўша қиз келин боланинг қўшниларидан бўлса, янаям яхши. Ўқишим сиз ўйлаганчалик сариқ чақа эмас. Хўп, хайр! — дея Гуллола ортига бурилиб кета бошлади.

Бобур аввалига туриб қолди, сўнгра югуриб бориб қизнинг йўлини тўсди.

— Менга ваъда бергандингиз-ку! — деди кўзини чақчайтириб.

— Ҳоли жонимга қўймаганингиздан

кейин қутулиш учун шундай деганман. Кетасизми ё бақириб, ҳаммани йиғайми?

Бобур қизариб-бўзарди, тишини тишига босди. Кўзи олайиб, қўли мушт бўлиб тугилди.

Гуллола қараса, аҳвол чатоқ. Шу боисдан қоровулхонада ўтирган аёлга:

— Хола, ҳозир бораман! — дея бақирди ва Бобурнинг ёнидан чаққонлик билан ўтди-да, югуриб кетди.

Бобур ерга тупирди, чўнтагига қўлини тиқиб, тутатқи олиб лабига қистирди.

— Мени изза қиладиган, устимдан куладиган одам ҳали туғилган эмас! Илгари севардим, уйланиш учун жоним ҳалак эди. Энди душманга айландим. Душман топтайди, шундай топтайдики, умринг азобда ўтади!

У шитоб билан юриб йўл четидаги машинасига ўтирди-ю, сўкинди.

— Ўхшамадими? — деди ич-ичидан хурсанд бўлган Рашид.

— Ўхшатаман. Шундай ўхшатаманки, унинг ўзи ҳам ҳайрон қолсин.

— Ўзингни бос. Энди бирор ўн кун сови. Қиз ҳам хотиржам бўлсин. Ана ундан кейин ҳаракат қилсанг бўлади. Ҳозир қайнаб турганингда хато устига хато қиласан.

Рашид ўзи учун, қутулиб қолиш учун шундай деяётганди. Ўн кунгача Худо подшо, бирон жойга зарур ишим чиқиб қолди, деб секин жуфтакни ростлайди. Кейин Бобур бошқа шерик топишга мажбур бўлади.

— Гапингда жон бор. Ҳозир маишатга кетамиз! — деб Бобур машинани юрғазди.

* * *

Гуллоланинг бутун аъзойи бадани қалтирай бошлади. Хонасига киргунича «Бопладим, иккинчи келмайдиган бўлди», дея хаёл қилганди. Кейин бирдан оёқ-қўли титрашга тушди. Чунки бу ярамас энди ҳеч нарсадан қайтмайди. «Ўзимни ўлдирсаммикин? Сувга ташлайми ёки?.. Олдинига нафасим қайтади, кейин сув ютаман, бутун умрим кўз ўнгимдан ўтади. Ота-онам, укаларим, синглим, кейин Носир акам... Мен ўша пайтдаям уни севаётган бўламан. «Носир ака, Носир ака!» деб қичқирмоқчи бўламан, лекин овозим чиқмайди. Бунинг ўрнига яна сув ютаман... Айтишларича, сувга чўкканлар шишиб кетармиш. Сувга сакрашимни бировга айтмайман, демакки, кимдир тасодифан топиб олмаса, ўлигим сув юзига қалқиб кетаверади. Ёки чўкаманми? Унда балиқларга ем бўламан. Ҳар томонимдан ўраб олишади-да, гўштимдан бир парча-бир парча узиб ейишади...» Унинг эти музлаб кетди. Бошқа ўлим ҳақида ўйлашга қўрқди. Чунки кўз ўнгида аясининг йиғлаётган сиймоси пайдо бўлганди. «Бечора аям, шундоғам бутун оилани боқиш елкасида турибди. Агар ўлимимни эшитса, бутунлай ҳолдан тояди. Худо кўрсатмасин, аям ҳам бирорта дардни орттириб олса, укаларимнинг аҳволи нима кечади?! Демак, ўлишга ҳақим йўқ. Ҳатто қийналиб юрганимни ҳам сездирмаслигим керак...»

Гуллола ҳафта мобайнида қуш каби юрди. Биров сал қаттиқроқ гапириб юборса, чўчиб тушади. Бобур келиб қолмадимикин, дея атрофга олазарак боқади. Ўпкаси тўлганидан йиғлаб юборишига сал қолади. Дугоналари ундаги ўзгаришни дарров сезишди ва навбатма-навбат ҳол сўрашга тушиб кетишди. Бироқ у ҳар сафар жилмайишга ҳаракат қилди. «Ўзим шундай, нимагадир охирги пайтларда бошим кўп оғрияпти, шамоллаганга ўхшайман. Анави куни иккита музқаймоқ еб қўйган эканман. Ҳамманинг томоғи оғриса, менинг бошим оғриб юрибди. Дўхтирга бориб бир кўриниб келишим керак», деб баҳона қилади. Бир ҳафта мобайнида Бобур кўриниш бермагач, у ўзини анча бемалол сеза бошлади ва дугоналарига қўшилиб, шўх-шодон қизга айланди. Аммо шу бир ҳафтадан сўнг...

Гуллола нон олиш учун дўконга бориб, энди изига қайтаётганди. Кутилмаганда ёнгинасида «Жигули» чийиллаганча тўхтади. Йўлни кесиб ўтмоқчи бўлиб турган қиз бақириб юборди ва ортига тисланди. Худди шу пайт машинадан иккита йигит тушди. Улардан бири Бобур эди. Гуллола қўрққанидан қотиб қолди.

* * *

Толиб Баҳодирнинг гапларига ишонди.

— Итлар қаердан ҳид олишибди. Менимча, Чаққоннинг ўзи бирор каромат кўрсатган. Лекин омади бор экан. Шундай шароитдан чиқиб кетди-я. Икки кундан кейин боринглар-да, онасини олиб келинглар. Агар онаси қўлимиздалигини эшитса, у шу заҳоти учиб келади. Шундан сўнг биз унинг устига шунчаки тўр ташлаймиз, олам гулистон, — деди Баҳодирга ва кетишга рухсат берди.

Баҳодир унинг ёнига қўрқа-писа борганди. Чунки ҳозир хўжайиннинг кайфияти яхши эмас. Ботирашвилли билан бўлган отишмада йигитларининг кўпи қурбон бўлгани, Носирнинг қочиб кетгани ва бунга қўшимча бўлиб уларнинг қуруқ қўл билан қайтгани қутуртириб юборса керак, деб ўйлаганди. Аммо шеф қутуриб кетмади, бунинг ўрнига ўзини хотиржам тутди.

У ташқарига чиққанидан кейин чуқур нафас олди ҳамда кўчанинг қарийб қоровулига айланган Неъматнинг ёнига борди.

— Ошна, диққатим роса ошиб кетди. Юр, бирор жойга борайлик, сал асабларни тинчлантирайлик, — деди.

Неъмат жароҳатининг устини силади. Унинг чап қўлини ўқ ялаб ўтганди. Шундан бери ўзига келолмай юрибди. Агар шефнинг сўроқлаб қолишидан чўчимаганида кўрпа-тўшак қилиб ётиб оларди.

— Ичкарида тинчликми? — дея чўнтагига соғ қўлини тиқди Неъмат.

— Тинч. Хўжайиннинг ўзи ҳам дам олмоқчи, шекилли, гаплашгиси ҳам келмаяпти. Яқин орада у бировни чақирмайди.

— Ҳмм, Чаён иккита оқ билакни шефнинг ёнига киргазиб юборди.

— Мен кўрмадим-ку.

— Шеф бўшагандан кейин дам олса керак-да. Қаерга борамиз? Биз ҳам мундоқ...

— Тушундим. Уларинг ҳозир кўнгилга сиғмайди. Озгина ноз қилади. Шу пайт ҳаммасини озгина эсингдан чиқарасан, тамом-вассалом. Кўздан панароқ битта жой бўлса, оёқни узатиб ётсанг-да, миянгни қиздирсанг, — дея Баҳодир бошини қашлади.

— Шаҳарнинг чеккасидаги анҳор бўйи зўр жой. Шундай остингдан сув оқиб ўтади. Оёғингни сувга тиқиб, кўрпачада чўзилиб ётасан, — деб Неъмат Баҳодирнинг кўзига тикилди.

— Бўлмайди. Шеф сўроқлаб қолса, етиб келолмай қоласан. Шундоқ ҳам асаби таранг. Каллангни олиб ташлаши ҳеч гап эмас.

— Унда Фазлиддиннинг қаҳвахонасига борамиз. Тайинлаб қўямиз, шеф сўраши билан айтади.

— Келишдик.

Улар машинага ўтиришди-да, беш дақиқада манзилга етишди. Асосан, кечки пайт гавжум бўладиган қаҳвахонада Фазлиддин пашша қўриб ўтирарди. У «кўчанинг болалари»ни кўриши билан ўрнидан дик этиб турди ва иржайганча уларнинг истиқболига юрди.

— Қандай шамол учирди? Биз фақирларни бутунлай эсдан чиқариб юбордингларми, деб ўйлаб юргандим. Бор экансизлар-ку!

— Кўп гапирма! Хоналарингдан биттасини тез тайёрла, бўлмаса, ўзингни тайёрлаб қўямиз, — деди Неъмат ижирғаниб.

— Тайёр! Кириб ўтирсанглар бўлди. Биз хизматда, — дея қилпанглади.

— Менга қара, бақалоқ, йигитларингдан бирортасини шефнинг уйи ёнига жўнат, агар хўжайин бизни сўраб қолса, шу заҳоти хабарни бизга етказсин, — деб Баҳодир бурнини тортиб қўйди.

— Бўлди, сизлар кириб, хотиржам еб-ичиб дам олинглар.

У қаҳвахонанинг чап томонидаги тўрт кишилик хонага йигитларни бошлаб борди. Баҳодир билан Неъмат бир-бирига рўпара қилиб қўйилган чарм диванга ўтирганидаёқ Фазлиддин ортига қайтди ва хизматчиларига топшириқ берди.

Бироздан сўнг эшик очилди ва ўрта бўйли чол кўринди. Неъматнинг афти бужмайди, Баҳодир эса илжайди.

— Ассалому алайкум, мумкинми? — деди чол юзида ним табассум билан.

— Жуда кўзимиз учиб турганди. Одамга ўхшаб дам олишгаям қўймайди бу гадойлар! Ҳозир икки бўлиб ташлайман! — дея ўрнидан туриб кетди Неъмат.

— Шошма, шошма! — дея уни шаштидан қайтарди Баҳодир. — Бу одам бизнинг таниш бўлади.

У қарияга юзланди.

— Қандай топиб келдингиз мени? Қойил! Агентнинг ўзгинасисиз.

— Айланай бўйларингдан, шундай ўтиб кетаётганимда бу ёққа кириб кетаётган экансан. Безовта қилсамми, йўқми деб эшик орқасида анча турдим...

— Ҳой! — дея унинг гапини бўлди жаҳли чиққан Неъмат, — нима хоҳлайсан?!

Қобил бобонинг юзидаги табассум йўқолди. У нажот истаган киши каби Баҳодирга юзланди, сўнгра:

— Куни кеча манави арслон билан, — деб Баҳодирни кўрсатди, — ота-боладай бўлиб қолгандик...

— Қойил. Ота-боладай бўлувдиг-у, лекин кистамдаги бор пулимни шилиб олгандингиз. Сиз менинг ёнимга ўтиринг, манави зормандадан озгинадан ютайлик, ана ундан кейин Неъматга ҳаммасини айтиб бераман.

Қобил бобо унинг ёнига ўтирди ва Неъматга жилмайиб қаради. Сўнг идишни қўлига олиб, кичкина стаканларни четга суриб қўйди-да, пиёлаларни тўлдирди.

— Зўрсиз-ку, отахон! — деди Баҳодир иржайиб.

— Ҳа, энди, бир пайтлар биз ҳам кўчани обдан чангитган одамларданмиз-да. У пайтлар замон мутлақо бошқача эди. Лекин шундаям бу масалада, — деб идишни кўрсатди чол, — чакки эмасдик. Ишниям, маишатниям боплардик. Сизларга ўхшаб стакан-пистакан қилиб ўтирмасдик. Керак бўлса, — деб у Неъматга кўзини олайтирди, — тош косаларни тўлдирардик.

Неъмат унинг кўзидаги ўтдан бироз чўчиди ва Баҳодирга қараб қўйди.

— Бошланг, — деди Баҳодир, — бизгаям бир кўрсатиб қўйинг санъатингизни.

Чол ичиб бўлиб пиёлани тўнкарди. Кейин Неъмат, охирида Баҳодир шу ишни қилди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, уларнинг суҳбати қизигандан-қизиди. Бу чол қурмағур латифаларни ҳам боплар экан. Шундай теша тегмаганларини айтардики, икки ошна қорнини ушлаб қотиб-қотиб куларди. Бу орада қаҳвахона хўжайини икки марта егулик олиб келди. У ҳам латифалардан бир чимдим-бир чимдим эшитди. Кулиб чиқиб кетди.

— Тўғрисини айтсам, — деди Неъмат орадан бир қанча вақт ўтиб кўзи сузилганча, — сиз биринчи келганингизда умуман ёқтирмаган эдим. Ҳозир бўлса кетиб қолсангиз, бошимни чангаллаб қоламан. Ҳа-а, илгариги одамлар зўр бўлган-да.

— Сизлар ҳам саксоннинг тагига борсангизлар, зўр бўлиб кетасизлар, — дея кулиб қўйди Қобил бобо.

— Нима?! Саксон?! Йўғ-э, сира ўхшамайсиз. Ана боринг, олтмиш денг, розиман, — дея лабини ялади Баҳодир.

— Ишонавер, шундай. Энди-и-и, асалниям ози ширин, дейишади. Ҳар қанча чиранмай, сизлар билан тенглашолмайман.

— Нима, кетмоқчимисиз? — деб тирсакларини столга тираганча тумшуғини чол тарафга чўзди Неъмат. — Рухсат йўқ. Сиз билан маза қилиб ўтирибмиз. Тўғрими, Тухум?

Баҳодирнинг жони чиқиб кетди.

— Нима дединг, сен ифлос?!

Баҳодир шу заҳоти Неъматнинг ёқасидан ушлади ва башарасига мушт туширди. Неъмат орқасига қалқиб, бошини чарм диван суянчиғига уриб олди. Сўнг чапдастлик билан стол устидаги пичоқни қўлига олди. Унинг бурни қонай бошлаганди.

— Йигитлар, арслонлар, ёш боланинг ишини қиляпсизлар. Ўзингизга ярашадиган...

— Ҳе, чол, — дея уни турткилади Неъмат пичоқ ушлаган қўли билан бурнининг қонини артаркан, — сен аралашма! Аслида, ҳаммасига сен

айбдорсан. Қайси гўрдан келдинг ўзи?!

— Баҳодиржон, — деди қария ўзининг у томондалигини билдириб қўйиб. — Толибжондан бизнинг илтимосни сўрадингизми?

Неъмат мияси гарчи ўта қизиган эса-да, бирдан сергак тортди. Ахир хўжайиннинг номи тилга олинди. Бундай пайтда эҳтиёт бўлмаса, бошидан айрилиб қолиши ҳеч гапмас.

— Қайси илтимос? — деди шу заҳоти Баҳодир.

— Анави заводдан тўйга... Эсингиздами?

— Чепуха. Хўжайинсиз ҳам ўзим тўғирлаб ташлайман уни. Пул тайёрми?!

— Тайёр бўлганда-чи. Белимга боғлаб юрибман.

Неъмат пичоқни олган жойига қўйди. Унинг асл касби ўғирлик бўлган. Қўлига нимаики илинса, ўғирлаб кетарди. Шунинг орқасидан ўтириб чиққан ва ўша ёқда Толибнинг йигитлари билан танишган.

Неъмат иржайди. Бир лаҳзада Баҳодирдан калтак еганини, ўч олмоқчи бўлганини унутди. Ўй-хаёли чолнинг белидаги пулларни олиш бўлиб қолди. Қобил бобо Неъматнинг ниятини шу заҳоти англади ва унинг ишқини кучайтирди.

— Ростини айтсам, сира бунча пул билан юрмасдим. Одамни қийнаб, терлатиб юборди.

— Сиз, — деди лабини ялаб олган Неъмат, — манавиндан битта олинг-да.

Чол пиёлани унинг қўлидан олиб, столнинг устига қўйди.

— Боя сизлар билан тенглашолмаслигимни айтдим-ку. Шунга, болам, мени кўп қийнама. Мазам бўлмай қолса, қаерга кўтариб чопасизлар.

— Чопмаймиз, ўзлари кўтариб олиб кетишади! — дея хохолаб кулди Неъмат.

— Қариган, нари-бери бўлиб турган чолнинг оғзидан ачимсиқ ис келиб туриши яхшимас, — дея Қобил бобо белини уқалаб қўйди. Шу билан яна битта шаъма қилди ҳамда Баҳодирга юзланиб: — Энди мен борай, қариганингдан кейин ҳукмдорлик хотиннинг қўлига ўтиб кетаркан. Илгари керак бўлса, икки-уч кун қорамни ўчириб кетардим, биров бир нарса деёлмасди. Мана энди аста-секин сўрайдиганлар, керак бўлса, дакки берадиганлар пайдо бўлиб қолди. «Нима қилиб ёшингиз бир жойга борганда санқиб юрибсиз, ҳеч қурса набиралардан уялинг. Сизнинг ёшингиздагилар тоат-ибодатдан бош кўтармайди», дейди. Баҳодиржон, эртага қўнғироқ қиламан. Энди сизлар бемалол ўтиринглар, бизга рухсат, — деб юзига фотиҳа тортди ва ўрнидан турди.

Баҳодир хотиржам эди. Чунки чол эртага пулни олиб келади. У чўнтакка уради, шу билан олам гулистон. У бировдан бир сўм олмаган. Қария ғиди-биди қиладиган бўлса, калишини тўғирлаб қўяди.

— Бу чол киминг бўлади? — деди Неъмат нигоҳи билан қарияни кузатиб қўйганидан кейин.

— Қариндошимни ортимдан эргаштириб юрганимни кўрганмисан? — дея унга ўқрайиб қараб қўйди Баҳодир.

— Ҳозир.

Неъмат ўрнидан турди-да, чолнинг ортидан югурди. Аммо қария ғойиб бўлганди. У шалвираб изига қайтиб келди. «Учдими, ерга кириб кетдими, ҳеч қаерда йўқ», деди. Баҳодир шеригининг устидан мириқиб кулди.

Шу куни Неъматнинг жонсиз танасини топишди. У Баҳодир билан бирга қайтиб, машинани Толибнинг уйи рўпарасига қўйган ва ўзи салонда ухлаганди. Шу ухлагани бўйича қайтиб уйғонмади. Биров ўлдириб кетган деса, ҳеч бир зўравонлик аломати йўқ. Илгари у бирор жойим оғриди, деган одам эмасди. Тиббий эскпертизадан ўтказайлик,

дейишса ҳамма ёққа шов-шув бўлиб кетади ва бунинг учун қизиқадиганнинг ўзи ҳам йўқ. Толиб Баҳодирни сўроққа тутди. Ўзи қониқиб-қониқмайдиган жавобни олганидан сўнг, обориб кўмишни буюрди. Баҳодир эса ҳайратда эди. Чунки бир хил ейишди, бир хил ичишди. Унга жин ҳам урмади, Неъмат бўлса, ўлиб қолди.

* * *

Бобур қизга шиддат билан яқинлашаётганди. Унинг ортидан шериги келарди. Гуллола гўё бўрини кўрган от мисоли жойидан қимирлолмай қолди. Ана шу маҳал бир нарса қарсиллаб кетди. Юраётганлар тўхтаб, ортига ўгирилишди. Бобурнинг кўзи чиқиб кетай деди. Чунки машинасининг орқасидан худди ўзиникидек «Жигули» урган эди.

— Кўзинг кўрми-и-и?! — дея бўкирди Бобур ва машинаси томонга югурди.

Гуллола сергак тортди ва секин жуфтакни ростлаб қолди. Бобурнинг бутун хаёли машинаси билан банд бўлгани сабабли қизни унутди. У бундан икки соатча бурун уйланадиган қизи билан кўришганди. Қиз бутунлай бошқача таассурот қолдирди Бобурда. Биринчидан, оппоққина, қадди-қомати келишган, юзида кулгичи бор. Сочи қоп-қора, кўзлари кўкимтир. Муомаласи, ишваси... Менман деган йигитни мумдай эритиб юборади. Чунки у эр кўрган, бу борада малакаси бор-да. Дарвоқе, ажрашиб келганидан кейин ҳам қўшниси билан нақ тўрт марта «салом-алик» қилган эди. Қўшниси камбағал. Отаси уларни илгаритдан менсимайди. «Шуларнинг дастидан уйимга меҳмон чақиришга ҳам уяламан», дейди. Диёра шунга ўхшаган гапларни отасидан кўп эшитган. Ўзи ҳам қўшнисини жини суймайди. Лекин ажрашиб келганидан уч ой ўтиб, ўзига-ўзи сиғмай кетди. Тунларни азоб билан ўтказаверди. Ва шундай оромини йўқотиб қўйган тунларнинг бирида дарвозадан ташқарига чиқди. Дарвоза ёнида арча бор, унинг остига ўриндиқ қўйилган. Шу ерга ўтирди. Олдинига юлдузларни санади. Юраги ҳаприқиб кетаверди. «Бунчалик бахтсизман», дея лаби пичирлади, кейин кўзига ёш қуйилди. Бир маҳал қараса, ўша бечора, камбағал қўшнининг боласи Акмал ўтяпти. Шу ондаёқ кўзи чақнаб кетган Диёра:

— Акмал, — деди ёниқиб.

Йигит юришдан тўхтаб, унга қаради.

— Бу ёққа кел.

Акмал дарвозага қараб олди, сўнг қўрқа-писа унинг ёнига келди.

— Ярим кечаси нима қилиб юрибсан? — сўради Диёра ундан кўзини узмай.

— Заводда ишлайман-ку. Иккинчи сменада эдим. Ток ў ч иб қолди. Эрталабгачаям келмас экан. Қаердадир авария бўлибди. Мана, қайтиб келяпман.

— Ҳмм, тушунарли, — деди Диёра ва негадир қиқирлаб кулди-да, — ўтир, — дея ёнидан жой кўрсатди.

— Уйингдагилар чиқиб қолишса, ёмон хаёлга боришади, — деди йигитча.

Унинг овози алланечук қалтираб кетди. Бу Диёрага хуш ёқди, дарров йигитнинг қўлидан ушлаб, ёнига ўтқазди-да, унинг қулоғига:

— Уйдагилар аллақачон иккинчи тушини кўришяпти, — дея шивирлади.

Диёранинг шўхлиги тутиб, йигитнинг қулоғини юмшоққина тишлаб қўйди ҳамда паст овозда яна қиқирлаб кулди.

Акмалнинг бутун вужуди титраб кетди ва секингина қизга ўгирилиб қаради.

— Сен умрингда қизларнинг қўлини ушлаганмисан? — сўради Диёра.

— Йўқ.

— Алдама, кичкиналигимизда менинг қўлимни неча марталаб ушлагансан, мана, ҳозир ҳам ушлаб турибсан.

Акмал шу заҳоти қўлини тортиб олди.

— Шунақами, мана, — дея Диёра унинг юзидан беозоргина чимдиб қўйди.

Ана ундан кейин йигит ўзини бошқаролмай қолди...

(Давоми бор)

Тоғ кўчкиси (Биринчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Иккинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Учинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Тўртинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Бешинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Олтинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Еттинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Саккизинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Тўққизинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўнинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн биринчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн иккинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн учинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн тўртинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн бешинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн олтинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн еттинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн саккизинчи қисм)