Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўн бешинчи қисм)
* * *
Толиб қанақа маишатлигини айтмади, Носир ҳам сўрамади. У тўғри ресторанга борди ва овқат буюрди. Чойни аччиқ қилиб дамлашларини илтимос қилди. Официант унинг буюртмасини дарров олиб келди. Носир ликопча устида, чойнакнинг тагидаги қоғоз сочиқчани кўрди. Ҳеч бир жойда бунақа қилиб берилмасди.
У чойнакни секин кўтарган эди ёзувга кўзи тушди: «Овқатдан олдин қўл ювилади». У секин қоғозни қўлига олди ва ўрнидан туриб қўл ювгани борди. Шунда Қобил бобога дуч келди. Яқин одамини учратгандай хурсанд бўлиб кетди.
— Нима вазифа? — деди қария унга тескари ўгирилганча.
— Меҳмонхона. Даф этиш.
— Тушундим. Бор! Камроқ е!
Шундай деб қария чиқиб кетди. Носир наридан-бери қўлини ювди-да, бояги қоғозчага артди. Кейин у ҳам залга равона бўлди.
Соат миллари ўн бирга яқинлашганда Носир шаҳар марказидаги меҳмонхонага борди. Унинг учун тўртинчи қаватда тўрт юз ўн саккизинчи хона банд қилинганди. Лифтни кутиб ўтирмай зинадан кўтарилди. Бориб хонага кирди. Шундоққина ўриндиқ устига ниқоб ташланган экан. Ётоқхонага кирса, спорт услубидаги кийим, қўлқоп, тўппонча ҳам тайёр турибди.
Носирни ҳаяжон босди, чуқур-чуқур нафас олди. Сўнгра кийимларини алмаштириб, қуролни чўнтагига солди ва бешинчи қаватга кўтарилди. «Мижозлар» шу қаватда, 527-хонада эди. Йўлакда ҳеч ким йўқ. Ҳамма маст уйқуда бўлса керак», ўйлади Носир ва оёқ учида юриб, эшик ёнига борди, тутқични секин буради. Қизиқ, эшик очиқ экан. У энгашганча ичкарига кирди. Ва ҳайратдан ёқа ушлаб қолди. Чунки мижозларнинг тўрталаси ҳам қонга беланиб ётарди. Унгача кимдир келиб «иш»ни битириб кетибди.
Носир шоша-пиша хонадан чиқди. Аввал тўртинчи қаватга тушиб, кийимларини алмаштирди. Сўнгра ҳаммасини эшик ёнидаги сумкага солиб, қўлига олволди.
У меҳмонхонадан чиққанидан кейин тўрт юз қадамча гўё сайрга чиққан одамдай юрди. Кейин югуриб кетди. Уйига етгунича бир неча жойда тўхтади. Ортидан биров келаётган-келмаётганини текширди. Сўнг яна югуришда давом этди.
Чол ичадиган ичимлигини шошилмасдан ичганча уни кутиб турган экан.
— Сизнинг ишингизми?! — сўради Носир ундан.
Чол иккала қўлини ҳам ёнига ёзди.
— Нега? Огоҳлантирсангиз бўларди-ку.
— Сенга Толиб ишонмасди. Кейин, ҳали жудаям ёшсан. Энди дарров тўппончангдан саккизта ўқ от. Ҳозир қил. Унгача мен дам олиб тураман.
Носир отиш хонасига кириб, Қобил бобонинг айтганини бажариб қайтди. Қария телевизорни ёққан экан. На бирорта кўрсатув ва на кино бўляпти.
— Нима бу? — сўради Носир чолнинг ёнидаги стулга ўтираркан.
— Нима деб ўйлайсан?
— Ҳеч нарса деб.
— Нега?
— Овозини ўчириб қўйибсиз. У нималардир деб гапиряпти.
— Эшит. Ҳозиргина тоғдан тушдим, иккита кийик отдим. Яна қоровулнинг оёқ-қўлини боғлашимга тўғри келди. Ўзича фидойи, ўзича ҳайвонлар қўриқчиси. Ўлдириб кетмаганимга шукр қилмайди ярамас, — деб қария қўлидаги пульт билан экранни «тўхтатиб» қўйди-да Носирга юзланди. Носир унга савол назари билан тикилиб ўтирарди. — Энди яна ёқаман.
У экранни ёқди. Экрандаги одам қария нима деган бўлса шуни такрорлади.
Носир кулди-да:
— Ёдлаб олибсиз-да, — деди.
— Шунақами. Унда канални ўзгартир.
Носир унинг айтганини бажарди. Бошига шляпа кийиб олган одам пахтазорнинг ўртасида алланималарни гапиряпти. Қария дарров телевизорнинг овозини ўчирди-да, экрандан кўз узмаган кўйи гапира кетди:
— Биз бу йил пахтадан мўл ҳосил олмоқчимиз. Чунки кўриб турганингиздай, ғўза шохлари бақувват. Ҳар битта ғўзада элликтагача кўсак бор.
Чол сўзлашдан тўхтади. Қўлидаги матоҳи ёрдамида кўрсатувни орқага қайтарди. Ва телевизор овозини баландлатди.
Дарҳақиқат, шляпали одам Қобил бобо нима деган бўлса худди шундай деди.
Ана энди Носирнинг ҳайратдан оғзи очилиб қолди.
— Сиз унинг нима деганини қандай билдингиз?
— Манавини ўқийсан, — деди чол шу пайтгача қўли остида турган китобни у томонга силжитаркан, — кўп нарса ёзилган. Расмлар бор. Буни нафақат ўқийсан, нуқта-вергулигача ёд оласан. Шундай ёд олгинки, уйғотиб сўрашса, кўзинг очилмай туриб жавоб бер.
— Жудаям катта-ку, — деди Носир китобни қўлига олиб.
— Сен нима деб ўйлагандинг? Шап-шап деганинг билан оғзинг чучимайди. Муҳлат бир ой.
— Мен ҳали имтиҳонларга тайёрланишим керак. Вақт оз қолди.
— Жуда соз. Униям бажарасан, буниям. Бундан ташқари, ҳали Толибнинг юмушлари ҳам бор.
— Менга қаранг, уни қилган, қилаётган ишларини ипидан игнасигача биласиз. Одамларининг ҳам ҳаммасини танийсиз. Нега энди шартта бориб қўлга олмайсиз? Нега уни яна ифлосликлар қилишига йўл қўйиб берасиз? Агар...
— Ҳамма нарсанинг ўз вақт-соати бор, — деди чол қовоғини осилтириб жавоб бераркан.
— Майли. Лекин сиз мени ресторанга боришимни, қайси меҳмонхонада «иш» қилишимни қаердан билдингиз? Шунчалик сеҳргармисиз?
— Нега энди сеҳргар бўларканман? Вақт-соати келса ўзинг буларнинг ҳаммасига жавоб топасан. Айтганча, овқатнинг ҳаммасини еб қўймадингми?
— Ресторандагиними? Йўқ. Ёқмади деб қайтариб бердим.
— Тузук. Музлаткични очсанг, ҳамма нарса бор. Еб оларсан, — деб қария қўлидаги соатга қаради-да бошини сарак-сарак қилди. — Вақтнинг бевафолигини қара. Эртага чошгоҳда хўжайинингнинг ёнига бор. Тушдан кейин эса ота-онангни кўриб кел. Айтганча, севган қизинг ҳали ўқишга келмади. Бориб учраш. Ўқиши керак у. Хўп, хайр, — дея Қобил бобо ўзининг «йўли» билан кетди.
Носир стул суянчиғига суянганча шифтга термилди ва бугунги воқеаларни бирма-бир кўз ўнгидан ўтказа бошлади. «Ҳаммаси ғалати, ҳаммаси. Наҳотки шу муштдеккина чол девдай-девдай келадиган тўртта одамни ўлдиролган бўлса... Шошма, у бирортасига ҳам қўлини теккизмаган. Отиб ташлаган. Аммо отиш учун ҳам озмунча чаққон бўлиши керакми одам?.. Чол уддалайди... Шунча нарсани қаёқдан билади? Ўзи билмайдиган нарсаси борми унинг? Бир ўзи ишламаса керак. Керакли жойда керакли одамлари бор унинг... Лекин одамни эзиб юборди. Анави тўртта гўрсўхтанинг ўлими менинг бўйнимга ёзилиб қолди-ку!..»
* * *
Носир секин китобни варақлади. Унда лаб қайси сўзни ифода этишда қандай ҳаракатланиши ёзилган экан. У китобни аввалгидай берилиб ўқий олмади, уйқу босди. Лабнинг ҳаракатлари Носирда қизиқиш уйғотса-да, кўзи юмилиб кетавергани боис ҳеч нимани хотирасида сақлаб қололмади ва ўтирган жойида ухлаб қолди. Орадан бир қанча вақт ўтиб, ўрнига чўзилди. Аммо эртасига буни эслаёлмади, эслашга уринмади ҳам. Чунки столнинг устида турган китобни олиб варақлади-ю, ўқишга берилиб кетди. Дарҳақиқат, китобда жуда ғалати, қизиқ ва одамни ҳайратга соладиган гаплар ёзилган эди. «Салом» сўзини талаффуз қилганда одам биринчи бўғин учун оғизни очади, иккинчисида ёпади. Унинг сохта ёки сохта эмаслигини билиш кўзга бориб тақалади. Кўзнинг озроқ қисилиши ва юзнинг табассумга йўғрилгани чин кўнгилдан айтилгани. Кўзнинг безрайиб туриши эса тил учида айтилгани бўлади...
Носир сал қолса нонуштасиз қолай деди. Чунки вақт жуда тез ўтиб қўйганди. У соатга қаради, кейин Толиб билан учрашиши кераклиги ёдига тушди. Шоша-пиша ўрнидан туриб, тухум қовуриб еди ва йўлга отланди.
Толиб уни қучоқ очиб кутиб олди.
— Оббо сен-э, уддалолмайсан, деб ўйлагандим. Шу бола увол кетди-да, девдим. Тўртовиниям тинчитиб ташлабсан! Қандай қилдинг?! Бундай ҳунаринг борлигини билмаган эканман. Лекин сенга ишонгандим. Анави итлар бўлса «Бу гўдагинг ҳеч вақога ярамайди. Шарманда қилгани қолади. Ундан кўра ўзимизнинг беш-олтита зўр болалардан жўнат», де-йишганди. Адашмаганимни кўриб турибман. Бу ёққа кел, бу ёққа! — дея Толиб Носирни қўлтиқлади-да, хона тўридаги стол ёнига бошлади.
Кейин тўхтаб унинг юзига термилди, сўнг:
— Олдинига буни ювишимиз керак, тўғрими?! — деди ва эшик томонга қараб бақирди.
Эшик очилди ва девдай келадиган икки йигит кирди.
— Топган-тутганингнинг ҳаммасини олиб келинглар! Мен мана шу ерда ўзимнинг укам билан маишат қилмоқчиман. Олиб кел!
У шундай деб тортмадан учта юз сўмлик боғламни олиб, стол устига ташлади.
— Мана, бир кунда ишлаб топган пулинг! Ол, киссангга сол! Бунақасини анави итнинг болалари тушидаям кўрмаган.
Толибнинг йигитлари кўз очиб-юмгунча стол устини тўлдириб ташлашди.
— Бундан бу ёғига, — деди Толиб стаканини уч марта бўшатганидан сўнг, — менинг шунақа ишларимни бажариб юрасан. Мен сени анави майда-чуйда ишлар — ошхона, қаҳвахоналардан йиғиладиган чўталлардан озод қиламан. Майда ишлар энди сенга ярашмайди. Эшитдим, бир-иккитаси сенга тишини қайраганмиш. Бундан кейин улар сенинг югурдакларинг бўлади.
— Раҳмат, хўжайин. Лекин менга ҳозир ёрдамчининг кераги йўқ. Уларнинг ёши мендан катта, иш буюришга тилим бормайди, — дея эътироз билдирди Носир Толибдан кўзини узмай, унинг нима мақсадда сўзлаётганини билишга уриниб.
Қийналди, билганлари жудаям оз экан. Ҳаттоки ҳеч нима билмаслик даражасида.
— Айтганимни қилсанг, кам бўлмайсан. Буни илгари ҳам айтганман. Ҳеч ким дунёга устун бўлмаган, шуни эсингдан чиқарма... Энди гапир, нима қилдинг, қандай қилдинг?
— Бордим, ҳаммаси талтайиб ётган экан. Тарс-тарс отиб ташладим-да, изимга қайтдим.
— Бўлдими?
— Ҳа.
— Маладес! Нега қараб ўтирибсан, ол! — дея кутилмаганда Толиб хохолаб кулиб юборди.
Носир ҳайрон бўлганча унга тикилди.
— Биласанми, ёшлигим эсимга тушиб кетди. Онам раҳматли худди шундай дерди: «Нега қараб ўтирибсан, ол!»
Толибнинг юмшоқ гапиришга уриниши шундоққина кўриниб турарди. Ва бу сира ўзига ярашмаётганди. Чунки у умуман бировга меҳр билан гапирмаган.
Носир миясини озгина қиздиришга мажбур бўлди. Агар Қобил бобони учратмаганда, унинг ўгитларини эшитмаганда, Толиб қанчалик мажбурламасин, унинг айтганини қилмасди.
— Энди бор, уч кун дам олишинг мумкин. Билган ишингни қил. Ё Қримга путёвка олиб берайми? Кетворганлардан бирортасини қўлтиқлаб, кайф-сафо қилиб келардинг. Маза қилиб чўмилиб, дегандай...
— Раҳмат, хўжайин, бошқа сафар.
— Шу гапинг ёқмайди-да. Қандайдир ғалатисан. Биласанми, сени кўрсам уриб-ўлдириб ташлагим келади. Нимага шундай? Буниям билмайсан. Чунки мен сенинг ёшингда базўр нонимни ердим. Аммо яхши от кейин чопаркан. Хуллас, бор, жўна! Уч кундан кейин тополмасам, терингни шилиб оламан.
Толибнинг кўзлари сузилиб қолганди. Кейин унинг нима деганига Носир тушунмади. Чунки Толиб бирдан ғўлдирай бошлаганди.
Чўнтаклари қаппайган Носир кўчага чиқди. Неъмат уни кўриши билан ёнига югуриб келди. Унинг кўзи кўкарганди.
— Ассалому алайкум, хўжайин! — деди Неъмат кўришиш учун иккала қўлини ҳам чўзиб.
— Тинчликми, Неъмат ака? — деди ҳайрон бўлган Носир.
— Тинчлик, хўжа-йин, тинчлик. Бугундан бошлаб қаерга десангиз, биз олиб бориб келамиз. Сизга ҳайдовчилик қилиш топширилган бизга.
— Кўзга нима қилди, ака?
— Ака деманг, хўжайин. Хизматингиздаги одамман. Йиқилиб тушдим бехосдан...
— Тушунарли. Менга сизнинг керагингиз йўқ. Хайр.
Шундай деб Носир кетмоқчи бўлганида Неъмат унинг қўлидан маҳкам ушлади ва дарвоза томонга қараб қўйиб:
— Бирга кетмасак, мени ўлдиришади, — деди йиғламоқдан бери бўлиб.
Носирнинг бечорага ичи ачиди. Неъмат абгор ҳолга келиб қолган, Носирнинг ёрдамига муҳтож эди. Ҳа, у ғўдайганди. Носирнинг обрўси соат сайин ошиб кетганига алами келаётганди. Шунинг учун ҳам Носирга дўқ-пўписа қилиб кўрди. Кейин бир-иккита ҳамтовоқларига ҳам оғзидан гуллади. «Жойини топиб бўғзига пичоқ ураман бу гўдакчанинг», деди. Табиийки, унинг гапи зум ўтмай Толибнинг қулоғига етиб борди. Натижада сал қолса, ўлиб кетаёзди. Бир соат олдин уни ертўлага олиб тушишди. «Ҳали сен шефнинг эътиборига тушган болани бир ёқли қилмоқчи бўлиб юрибсанми, кўрнамак», дейишди. Неъмат шу заҳоти тавба-тазарру қилишга тушди. Аммо унинг ялиниб-ёлворишлари фойда бермади. Тепкилаб ташлашди. Шунда ҳам Неъмат шукр қилди. Ўлдириб юборишганда нима қиларди?! «Чириб кетгунингча Носирга хизмат қиласан. Унинг ўзи йўқ деса ҳам, елкангда кўтариб юрасан. Оёғини ўпишинг керак бўлса, ўпасан», дейишди. Неъмат тирик қолганига шукр қилиб, рози бўлди.
— Бўпти, — деди Носир.
Сўнг йўл четида турган қоп-қора «Жигули»нинг ёнига борди-да, эшигини очди. Орқа ўриндиққа ўтирди. Аслида, Неъмат ундан олдин югуриб келиши ва эшикни очиб туриши лозим эди. Носир бу қоидани билмасди. Унга бундай мулозаматнинг кераги ҳам йўқ эди. Ҳозир Неъмат ўзи билан овора бўлиб, машина эшигини очишга улгурмай қолди.
— Хўжайин, қаерга борамиз? — деди Неъмат бироз юришганидан сўнг кўзгу орқали Носирга қараб қўйиб.
— Уч бекат нарига борайлик. У ёғини ўзим айтаман, — дея қисқа жавоб берди Носир худди амалдорлардай.
Машина уч бекат юриб, сўнг тўхтади.
— Бўшсиз. Эртадан кейин кўришамиз. Жавобгарлик менинг бўйнимда, — деди Носир.
— Шафқат қилинг, хўжайин. Шундоғам оладиганимни олдим. Улар менинг гапимга ишонишмайди, ўлдириб юборишади. Йўқ деманг, қаерга десангиз, ўзим олиб бораман, — дея ёлворишга тушди Неъмат.
— Агар, — деди жаҳли чиқиб кетган Носир, — мана шунақа аҳмоқгарчиликни давом этказсангиз, ўзим сизнинг каллангизни оламан.
Уйга қайтиб келса, қария ўтирибди. У шошилмасдан олманинг пўстини арчиб еяпти. Носир чўнтагидаги пулни стол устига қўйди ва:
— Бу сизники, — деди.
Чол олдин пулга, кейин Носирга қаради ва кулди. Сўнг бошини сарак-сарак қилиб:
— Аҳмоқлик бундан ортиқ бўлмас, — деди.
— Нега энди?! Меҳмонхонадагиларни менинг ўрнимга сиз тинчитдингиз. Меҳнат қилдингиз, роҳатиниям кўринг, — дея кесатган бўлди Носир.
— Пулга қизиқмаганинг яхши. Лекин мана шу зормандасиз яшаб бўлмаслигини ҳам билиб қўй. Ҳа, сенсиз йўқ қилинди ўшалар. Аммо сенинг номингдан. Ном жуда улуғ нарса, уни бекордан-бекорга бериб қўймайдилар. Сен билан жуда кўп ишлашимизга тўғри келадиганга ўхшайди. Начора, зиммамизга олганмиз, ишлаймиз. Аммо бугунмас. Бугун сен кетишинг керак. Севгилингни кўр...
— Менинг севгилим йўқ. Нима, бир қиз билан икки марта гаплашсам, севгилим бўлиб қоларканми? — деди Носир бироз қизарганча.
— Бўпти. Нима бўлган тақдирда ҳам шу қиз билан танишлигинг бор, — дея қария билагидаги соатга қаради. — Вой-бўй, жуда кеч қолиб кетибсан. Шошилмасанг улгурмайсан. Айтганча, пулларингнинг ҳаммасини олма. Уйингдагиларни шубҳага қўясан. Кейин шу пул масаласида битта гапни айтиб қўяй! Одамнинг қадри, обрўси жуда улуғ. У пул билан ўлчанмайди. Мабодо шунақанги ҳол бўладиган бўлса, унда нархи ҳаддан зиёд кўп. Бор, энди кет, автобусга кеч қоласан.
Носир унга бироз термилиб турди. Эрталаб ўқиганларини эслади-да, чолнинг гаплари самимийми, йўқми, шу ҳақда ўйлади.
— Овора бўлма! Ҳали эплолмайсан, барибир.
Чўнтакда шунча пули бўлган одам автобусда юрмайди! Носир ҳам худди шундай қилди. Уйдан сал узоқлашганидан сўнг дарров такси тўхтатди. Аммо бош-қа бир балога дуч келди. Такси ҳайдовчисининг яхлит юзталикка майдаси йўқ экан. Бечора бир дўконга кириб анча вақт қолиб кетди. Кейин негадир терлаб-пишиб чиқди.
— Одамларгаям ҳайронсан. «Қаердан олдинг, ўғирликмасми?» деб роса бошимни қотирди. Ўзинг ҳар битта нарсанинг устига нарх қўйиб сотяпсан, яна тарозидан уриб қоляпсан. Мен ғинг деяётганим йўқ-ку, — деди ҳайдовчи.
— Ака, районгача олиб бориб қўясизми? Автобусда кетгим келмаяпти. Пулингизни бераман, — дея ҳайдовчига тикилди Носир.
— Қанча берасан?
— Билмайман. Илгари сира машинада бормаганман.
— Қирқ сўм.
— Энди инсоф қилинг-да, ака. Автобусда эллик тийинлик йўл. Ана, сизга йигирма беш сўм берман.
— Беш сўм қўш яна.
— Иложим йўқ.
— Бўлди, кетдик.
Гуллоланинг уйини билмагани учун Носир тўғри касалхонага борди. Уни топиш мумкин бўлган ягона жой шу. У ерда қизнинг дадаси ётибди. Гуллола кўзида ёш билан гапирганди бу ҳақда.
Йигит касалхона ёнида тахминан икки соат ўтирди. Ниҳоят, қиз кўринди.
* * *
— Ая, — деди Гуллола бир қанча муддат ётганидан кейин онасининг ёнига бориб, — бу яна нимаси?
Раъно қизига юзланди ва киприкларини пирпиратди.
— Қизим, сенга нима бўляпти?
— Нима бўлаётганини билмайман. Лекин сизга сира тушунолмаяпман. Бўлди, бермайман, дегандингиз. Энди қарасам, яна гапингиздан тониб турибсиз!
— Кўнглинг хотиржам бўлсин. Мени аҳмоқ десанг, адашасан. Ҳали унаштирмай туриб шунча ғавғо. Худо кўрсатмасин, ўша уйга борсанг, нималар бўлиб кетади?! Эртароқ ётиб дамингни ол. Кўнглим бир нохушликни сезиб турибди. Эртага саҳарда дадангнинг ёнига бораман...
Гуллола ғалати бўлиб кетди. Онасининг кўнглини кўтармоқчи бўлди, аммо зарур сўзни тополмади. Бунинг ўрнига кўзида ёш пайдо бўлди.
Эртасига пешиндан кейин у дадасининг ёнига борди. Отаси кўзини очган бўлса-да, бирор оғиз гапирмайди. Бир нуқтага термилиб ётибди. Каравотнинг ёнига онаси стул қўйиб олиб, деразага термилиб ўтирибди.
Гуллола кириши билан Раъно унга юзланди. Кўзи қизарган, демак, йиғлаган. У қизини кўриши билан ўрнидан турди-да жилмайишга уринди ҳамда эрига кўз ташлаб, паст овозда:
— Бир соат бўлди палатага ўтказишганига. Боя гапирди, сизларни сўради. Аниқ-тиниқ гапирди, — дея шивирлади.
Гуллола каравот ёнига келди-да, тиззалаб ўтирди ва отасининг қўлини кафтлари орасига олиб, лабига босди. Сўнгра:
— Ҳали кўрмагандай бўлиб кетасиз, дада, — деди.
Абдуалимнинг кўзидан ёш сизиб чиқди. Гуллола лабини тишлади.
— Дўхтирлар айтди, дада, бир ойга қолмай оёққа туриб кетаркансиз.
— Худо хоҳласа, — деди унинг ортида турган Раъно. — Энди сен кўп гапирма, чарчатиб қўясан. Бунинг ўрнига дадангнинг қўлини уқала. Мен ташқарига чиқиб келай.
Гуллола дадасининг бармоқларини меҳр билан силади. «Ҳаммаси мени деб бўлди. Шу итларнинг уйига бормаслигим керак эди. Кўзимни чирт юмганимда ҳозир дадам бунақа ётмасди», дея хаёлидан ўтказди...
* * *
У ташқарига чиққанидан кейин Носирни кўрди. Аввалига ўхшаркан, деган хаёлга борди. Аммо ундан сира кўзини узмади. Ўтирган йигит ҳақиқатан ҳам, Носир эканини билганида юраги гупиллаб уриб кетди ва юришдан тўхтади. Шундагина Носир бошини кўтариб унга қаради ва:
— Хайрият, бор экансиз-ку, — деди беихтиёр ўрнидан туриб.
Гуллола йигитнинг ёнига югуриб боргиси, кўксига бошини қўйиб йиғлагиси келди. Аммо бундай қилолмади, қилолмасди ҳам. Бунинг ўрнига қуйилиб келаётган кўз ёшини артди.
Носир жилмайганча қизнинг ёнига келиб:
— Дадангиз яхшими? — деб сўради.
Гуллола бошини қимирлатиб жавоб берди. Чунки гапирса йиғлаб юборади.
— Мен сизга яхши бўлиб кетади, дегандим-ку. Ана исботи.
— Қандай топдингиз? — деди Гуллола зўрға.
— Тўғри шу ерга келдим. Уйингизни билмайман-ку.
— Мени кечиринг.
— Нега?
— Кечирмайсизми?
— Кечиришим учун сиз айб иш қилган бўлишингиз керак. Айб иш қилдингизми?
— Бошқа учрашмайлик, деб кетиб қолдим-ку.
— Эсимдан чиқиб кетибди. Хў-ўш, аразлашни билмайман-да. Айтганча, нега салом бермадингиз?
Гуллоланинг юзида табассум пайдо бўлди ва салом берди.
— Мени ҳайдаб юбормайсизми? — деди Носир.
— Йўқ, — дея бошини қимирлатди қиз.
— Одатда, касалхонага келса бирон нима олиб келади. Мен бўлса қуруқ қўл билан келаверибман. Икки соат ўтирдим шу ерда.
— Кетдикми? — деди ўтли нигоҳини йигитга қадаб турган Гуллола.
— Кетдик.
Қиз ортига ўгирилиб, касалхона томонга қаради ва бирдан қизариб кетди-да:
— Аям қараб турган экан, — дея шивирлади.
— А? Йўғ-э, унда тезроқ юринг. Нимага қизим билан гап-лашяпсан, деб уришиб бермасин.
— Сизни уришмайди.
Раъно уларга ҳавас билан қаради. «Кўнгил қўйгани шу бўлса ажабмас. Яхшилаб кўролмадим. Лекин бўй-басти келишган экан. Ишқилиб, қизим менга ўхшаб бахтсиз бўлиб қолмасин», дея кўнглидан ўтказди она.
— Районда ҳамма мени танийди, — деди касалхона дарвозасидан чиққанларидан кейин Гуллола.
— Лекин мени биров танмайди.
— Роса гап-сўз қилишади.
— Уяляпсизми?
— Ноқулай бўляпти.
— Ўтириб музқаймоқ ейдиган бирорта жой борми?
— Йўқ, унақанги жойга йўл бўлсин.
— Шаҳарга кетиб қоламизми?
— Кетолмайман... Айтганча, нега келдингиз?
— Ўзим. У ёққа ўтдим, бу ёққа ўтдим, нима қиларимни билмадим. Сизни кўргим келди. Кейин...
— Нега ўқишдан изламадингиз?
— Ичимда бир нарса «Гуллола сендан аразлаб, жаҳли чиқиб уйига кетиб қолди. Агар тез бориб кўнглини олмасанг, ўқишга ҳам келмай қўяди», деди. Кейин оёғимни қўлимга олиб югурдим. Мана, қаршингизда турибман.
— Носир ака, иккаламизни кўриб қолишса... Кўпчилиги кўриб ҳам бўлди, роса гап қилишади.
— Зўр-ку, тилга тушарканмиз.
Гуллола хўрсинди.
— Тушуниб турибман. Ёнингизда яна озгина юрай, кейин кетаман.
— Қаерга? — деди Гуллола хавотирланиб.
— Қишлоққа. Уйдагиларга «Сизларга келин топиб қўйдим. Тез бориб олиб келмасангиз учиб кетади. Қаноти бор у қизнинг», дейман.
— Қаранг-а. Ҳали мен сизга тегаман, демадим-ку. Ундан кейин... Билмайман, биз кўришдик дегунча... Қўйинг, яхшиси, гапирмай, кўз тегиб қолади. Мен эртадан кейин ўқишга бораман. Шаҳарда кўришамиз, майлими?
Аслида, қизнинг Носирдан сира ажралгиси йўқ эди. Ҳозир у кетадиган бўлса, қиз яна ёлғиз қолади. Гуллола чарчади. Унга ёрдам керак. Ёрдамни фақатгина Носир бериши мумкин.
— Бўлди, мен ҳам қишлоққа бориб, уйдагиларни кўраман. Кейин шаҳарга учаман. Тўғри сизнинг институтингизга бораман. Яна ўқиётганларга ҳавасим келиб-келиб қайтаман.
— Сиз, барибир, студент бўласиз... Айтганча, анави Бобур уйга яна совчи юборибди.
Носирнинг юзи жиддийлашди.
— Энди юбормайди. Мен у билан гаплашаман.
— Мушт биланми?
— Йўқ. Бирон жойга таклиф қиламан-да, яхшилаб илтимос қиламан.
— У жинни, одамга ўхшаб гаплашишни билмайди. Агар югурдакларидан бирортаси ҳозир бизни кўриб қолса, дарҳол Бобурнинг ёнига суюнчи олгани чопади. Кейин у беш-олтитасини бошлаб келади.
— Хавотир олманг, хоним.
— Носир ака, энди боринг.
— Учинчи.
— Нима учинчи?
— Бугуннинг ўзида учинчи одам мени ҳайдаши.
— Улар ҳам қизлармиди? — деди Гуллола киприклари пирпираб.
— Йўқ. Биттаси хўжайин, иккинчиси устоз. Учинчиси сиз!
— Мен сизни ҳайдамаяпман. Ҳайдагим ҳам келмаяпти.
Шу сўзларни айтгач қизгина қизариб кетди.
— Тушундим. Тушунадиган одамман-да. Айбим ҳам шу.
— Чиройли айбингиз бор экан.
— Чиройлилигига бало борми? Қачон қараманг зиёнимга ишлайди... Кечқурун келсам нима дейсиз?
Гуллола қўрқиб кетди ва зумда ён-атрофига қараб оларкан:
— Нима деганингиз бу? — деди ҳаяжонланиб.
— Кундузи ҳамма кўриб, гап-сўз қилганидан кейин куним кечқурунга қолади-да.
— Шаҳарда кўришамиз, дедим-ку.
— Зорим бору зўрим йўқ...
* * *
Толиб муздай сувда чўмилди. Шундан кейин сал енгил тортгандай бўлди. «Ўзи охирги пайтларда кўпайтириб юборяпман-да», деди ўзига-ўзи. Сўнг ҳовузчадан чиқиб, шотирлари узатган юмшоқ халатга ўралган эди ҳамки, йигитларидан бири югуриб келди.
— Хўжайин, кал келибди. Сиз билан гаплашмоқчи. Йигитларининг хунини олмоқчи экан, — деди.
Толибнинг хаёлига бирдан Носир келди. «Эсиз, яхши йигит эди. Аммо дўппи тор келганда унинг яхшилигига қараб тураманми? Баҳридан ўтаман, тамом... Шундай берсам, гуллаб қўйиши ҳеч гапмас. Яхшиси, ўзим калласини оламан. Ҳа, шундай қиламан. Носирнинг калласини олиб, калга совға қиламан», дея хаёлидан ўтказди у.
Аммо у ичидан зил кетарди. «Хато қилиб қўймадимми? Балки, бошқача йўл тутиш керак эди. Анави икковининг гапига кирдим. «Сенинг одамларингни ким ўлдирганидан хабарим йўқ, деб туриб оласан», де-йишса, лаққа ишонибман. Аслида, ишонишга ўзимнинг мойиллигим бор эди. Қани эди биров шундай қил деса, деб тургандим. Улар кўнглимдагини айтишди. Номимни эшитибоқ одамлар титрайди. Мана, энди ўзим игна устида ўтирибман. Энди ўзим титраб-қақшаб турибман. Тўғри, кал — Ботирашвилли ҳали бутун иттифоқни эгаллаб олгани йўқ. Аммо қисталоқнинг қўли анча узун... Мен ундан қўрқмаяпман. Тавба қилмай ўлиб кетишдан қўрқяпман. Ахир озмунча одамнинг ёстиғини қуритдимми. Анави куни бир мулла билан гаплашиб қолдим. Унинг гапларини эшитиб, додлаб юбораёздим. Бўлди, бундан бу ёғига одамга ўхшаб яшайман, дедим. Лекин қаёқда, мулла кетди-ю, ўрнига беш-олтита «шайтон» келди. Ҳали қизили, ҳали оқидан, деб гум-гурс бўлиб қолибман. Каллам жойига келганидан кейин «Бўлди, бугундан бошлайман», дедим. Қаёқда, ҳали у баҳона бировни ураман, ҳали бу баҳона бировдан топганини тортиб оламан. Ёки бўлмаса кўнглим бир жононни тусаб қолади. Ундан ҳам қочишнинг имконини қилсам, базму жамшидга рўпара келаман».
— «Шарқ» ресторанига жой қилинглар. Биздан бошқа ҳеч ким кирмасин! Дастурхонни шундай тузангларки, кал умрида кўрмаган бўлсин. Яна калнинг одамларини сочининг орасигача текширинглар. Бирортасида ҳаттоки санчқи ҳам бўлмасин! — дея буюрди Толиб шотирларига. — Инағом! — деди сўнг «Чўтир» лақабли йигитининг илк бора исмини айтиб, — Чаққонни топинглар. Оёғини ерга теккизмай олиб келинглар!
Носирга аллақачон «Чаққон» деган лақаб қўйилган эди. Бироқ буни ҳали унинг ўзи билмасди.
* * *
Улар зўрға хайрлашишди. Кейин Носир қишлоққа кетди. Йўл бўйи қизни ўйлади. Ажиб бир нимани туйди. Яна қизнинг ёнига қайтгиси келаверди, келаверди. Лекин у қайтолмади. «Ҳеч бунақа бўлмагандим. Уйга талпинардим. Уйдагиларни соғинардим. Аммо қиз болани бунчалик кўргим келмасди.
Сеҳрлаб қўйганга ўхшайди. Қобил бобо ҳам сеҳрлайди. Бошқача сеҳрлайди. Унинг сеҳридан қочиб кетгинг келади. Гуллола эса ўзига шунақанги қаттиқ тортяптики, ёнидан кетгинг келмайди. Лекин узоқлашиб кетяпман. Ҳали замон уйдагиларнинг ёнида бўламан. Балки, шунда уни бироз унутарман», дея хаёлидан ўтказди Носир.
— Қишлоғинггача бормайман, — дея ҳайдовчи унинг хаёлини бўлиб юборди.
— Нимага? — ҳайрон бўлиб сўради Носир.
— Хафа бўлмагин-у, қишлоғингнинг одамлари ҳеч нима қилмасанг ҳам машинанинг балонини тешиб қўйишади. Бўлмаса бир нималарни топиб, устимдан шундай ёзишадики, уйимдаги бургамгача сотиб ҳам қутулолмайман!
Носир кулиб юборди.
— Кўрганмисиз бирор марта кимнингдир устидан ёзишганини?
— Кўрганда қандоқ! Қишлоқларингнинг пастидаги фермага саккизтаси борди. Ҳаммаси қамалди. Магазинчи Абдуалим базўр қочиб қутулди. Унинг ўрнига бўлган боланинг иши терговда. Кейин зоотехникнинг уйида товуғи ҳам қолмади. Бўлмаса бечора қишлоғингга бор-йўғи беш-олти марта борган. Шуниям илдиришибди. Мактаб директори-чи... Кейин бутун район бўйича биргина сизларнинг қишлоқларингдан пойтахтга автобус қатнайди. Қип-қизил «Икарус». Бўлмаса катта-катта район марказлари озмунчами?! Улардан пойтахтга бориш учун аввал шаҳар автобусига миниш керак. Шу кетиш бўлса, яқинда қишлоқларингда аэродром ҳам қурилса ажабмас. Ана ундан кейин Москвага тўғри шу ерда училаверади-да.
— Зўр-ку, сарсон бўлмайсиз, — деди Носир кулиб.
— Зўрликка зўр. Лекин самолётга бизларни чиқаришмайди-да, худди автобусларингга миндиришмагани каби... Ўзи боя обориб қўйинг, деганингда ўйламай рози бўлибман. Энди ичимни ит тирнаяпти. Мен асли такси қиладиганларданмасман. Кўзимга иссиқ кўриниб кетдинг-да. Кўрдинг-ку, фалон пул берасан, демадим...
— Ака, — деди Носир кулиб, — мен унақаларданмасман.
Рости, ҳозир сизнинг гапларингиздан кейин ўйлаб қарасам, ҳақиқатан ҳам шундай экан. Аммо қишлоққача таксида боришим яхшимас, одамлар гапиришади. «Шаҳарга борганига тўрт кун ҳам бўлмай, таксида юрадиган бўлиб қолибди», дейишади.
— Лекин қишлоғингдагиларнинг ўлдим, деганигаям ишониб бўлмайди.
— Шу сафар ишонаверинг, ака. Манави, — дея битта юзталикни «торпедо» устига қўйди Носир, — олдиндан тўлов.
Ҳайдовчининг шу заҳоти кўзи чиқиб кетай деди.
— Эсинг жойидами сен боланинг?! Нима қиляпсан?! Берсанг, бир сўм бер, жа кўнглинг бўлмаса, икки сўм. Бунақа қилиб... Мениям бола-чақам бор!
— Сизга бунинг ҳаммасини олинг деяётганим йўқ. Қайтим...
— Менда ундай катта пул йўқ! Битта «Москвич» миндим, дегани бойвачча дегани эмас. Пулингни қайтариб олсанг олдинг, бўлмаса шу ернинг ўзига тушириб кетаман! Пул-мулинг керакмас менга!
Носир шимининг чўнтагига қўлини тиққанди, майда пул чиқди. Бу шаҳарлик таксичи магазиндан майдалаб чиққан пул эди.
— Ана, — деди ҳайдовчи жилмайишга уриниб, — бор экан-ку. Сен бола мени алдайман, тушираман, деб овора бўлма. Тоза одамлар алданмайди.
— Бўлди, сиз нима десангиз, шу. Мен ҳам сиз ўйлаган пасткашларданмасман. Кейин қишлоқдагиларнинг ҳаммаси «ёзувчи» эмас. Уч-тўртта шундайларни деб бутун қишлоқ ёмонотлиқ бўлиб кетган, — деди Носир жиддий қиёфада.
(Давоми бор)