Найти тему
euroasia.me

Тоғ кўчкиси (Ўн тўртинчи қисм)

Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўн тўртинчи қисм)

— Тузук, — деди кутилмаганда вазиятга бош-қача баҳо берган чол, — аммо хомсан. Ўн тўрт дақиқа дам.

«Нега ўн тўрт дақиқа? Ўнмас, ўн бешмас», хаёлидан ўтказди Носир ва кўзини чирт юмди. Шу пайт қандайдир тақ-туқ овози эшитила бошлади. Товуш узоқ-узоқлардан келаётганга ўхшарди. Кейин одамни аллалаётгандай туйиларди. Носирнинг кўзи илинди.

Кутилмаганда устига қуйилган сувдан сапчиб ўрнидан турди. Гўё эндигина кўзини юмганди. Бирдан сув қуйди-я бу чол. Носир тураётганида чолни бирон нима билан ураман, деб хаёл қилганди. Аммо қараса, қариянинг қўлида пичоқ турибди. Иккинчи қўлида эса олма. У секин олманинг пўстини арчиди, кейин бир бўлагини кесиб, оғзига солди. Сўнг:

— Бунчаликмас-да энди, намунча кўп ухлайсан? Бу аҳволда ҳеч нарсага ярамайдиган бўлиб қоласан. Бу ёққа юр, — дея ортига бурилиб кета бошлади.

Носир ноилож ўрнидан турди. Оёғини судраб босиб, чолнинг ортидан эргашди ва бир-икки марта чуқур-чуқур нафас олди.

Улар стол-стули бор дастлабки хонага киришди. Қария музлаткичдан пушти рангли суюқлик олиб, стаканга қуйди ва Носирга узатди.

Дарҳақиқат, Носирнинг томоғи қақраган эди. У стаканни чолнинг қўлидан олиши биланоқ оғзига олиб борди, аммо ичолмади. Чунки Носирнинг наздидаги ярамас чол стаканни уриб, ерга тушириб юборди. Стакан чил-чил синди.

— Одам эмас экансиз? — деди Носир йиғламоқдан бери бўлиб.

Бошқа пайти, бошқа одам бўлганида у аяб ўтирмасдан мушт туширган бўларди. Лекин бу чолга кучи етмайди-да.

— Тўппа-тўғри, ҳарбийман. Нега стакандаги нималигини билмасдан ичмоқчи бўляпсан? Балки, заҳар солиб бергандирман сенга, — деди чол қовоғини осилтириб.

— Сизми? Сиз заҳар солмайсиз.

— Биринчи қоида: ҳеч қачон ҳеч кимга ишонма!

Чол шундай деб, олдин идишдаги суюқликдан ичди, кейин Носирга яна берди. Бу сафар Носир эҳтиёткорлик билан чолнинг қўлларини назардан қочирмаган ҳолда бир қадам ортга юриб, кейин ичимликни ичди.

— Ўтир, — деди чол Носирга стулни кўрсатиб.

Бу сафар ҳам Носир эҳтиёткорликни эсдан чиқармади. Чунки стулнинг оёқлари синган ва ёки ўриндиғига бирон нима қўйилган бўлиши мумкин эди.

— Яхши, — деди қария унинг ҳаракатларини кузатаркан, — фақат ҳаммаси яшин тезлигида бўлиши зарур. Энди гап бундай, ўғлим. Сени бу ташкилотга мен олганман.

У қўлига йигирмадан ортиқ тугмачалари бор пультни олди ва тугмачалардан бирини босди. Носир шу ерда яна бир янгиликка гувоҳ бўлди. Деворга кимдир парда илиб кетибди ва ёки илгари ҳам бўлган-у, Носир эътибор бермаган.

Парда сурилди ва унинг ортида экран кўринди. Ўзиям икки қулочча келадиган экран. У ёқилди, сўнг одам скелети кўринди.

— Бу скелет сеники, — деди чол, — ҳар битта суягингни синчковлик билан ўрганиб чиқдим. Мен қўйган талабга суякларингнинг ҳаммаси жавоб беради.

Қария Носирга қараб илжайди, сўнг:

— Меники билан бир хил экан, — деди.

Носирнинг энсаси қотди.

— Тўппа-тўғри. Бир оёғи ерда, иккинчиси гўрда бўлиб турган чол менга шундай деганида, мен ҳам худди сендай ёмон кўрган бўлардим. Хуллас, ўз скелетингни кўрдинг. Сен умуртқа поғонангга яхшилаб эътибор қил. Ундан чиққан ҳар битта қовурғангга ҳам.

Носир ўзининг суякларини бу кўринишда бўлади, деб сира ўйламаганди. Умуман, одамнинг ички аъзолари тўғрисида бирорта ҳам маълумотга эга эмасди. Шу боис зўр иштиёқ ва қизиқиш билан ўрнидан туриб, экраннинг ёнига бориб томоша қилди.

— Энди четроқ тур, — деди чол ва яна битта тугмачани босди.

Носирнинг скелети ёнида бошқаси пайдо бўлди.

— Энди мана бунисига эътибор бер. Бу бошқа бировники, фарқига қара.

Оддий кўз билан қаралганда, улардаги фарқни одам ажратолмайди. Аммо ёнингда биладиган одам ҳар битта суякнинг жойлашуви ҳақида айтиб турса, кўп нарсани илғаб оларкансан. Носир ҳам қариянинг кейинги сўзларидан сўнг иккала скелетнинг бир-бирига ўхшамаган жиҳатларини топди.

— Энди мана меники, — деди чол ва бирдан жиддий тортиб қолди. Ҳаттоки Носир унинг юзига қараб ажабланганига ҳам эътибор бермади.

— Мен, — деди чол пешонасини қашлаб, — ҳар сафар ўзимнинг суякларимга қараганимда қабрни ўйлайман. Вақти келиб тупроққа қоришиб кетади бу суяклар... Бўпти, сен қараб, фарқини топ.

Қария ўрнидан турди. Музлаткичдан ўзининг севимли ичимлигини олди. Иккита бармоқда очди-да, қултуллатиб ичди.

Носир фарқ тополмади.

— Энг пастки умуртқада фарқ бор. Меники озгина тепага, сеники эса пастга букилган. Буни алоҳида ажратиб олиб, микроскопда кўриш керак, — дея Қобил бобо қўлидаги пульт билан экранни ўчирди.

— Сени танлашимга мана шу сабаб бўлган. Аммо ўхшашлик ҳеч нимани ҳал қилмаслиги ҳам мумкин. Зеро, бошқарув каллада. Демак, энг аввало, ўша калланинг зарур даражада ишлашига эришиш лозим.

Қобил бобо қулочини кенг ёзиб керишди.

— Тушлик вақтимиз бўлиб қолди. Бошқаларга ҳали роппа-роса икки соат бор. Хўш, ҳозир овқатланамиз. Кейин мен сенга китоб бераман, ўқийсан. Ундан сўнг яна шуғулланамиз. Соат тўртда Толиб билан учрашасан.

Қария ўрнидан туриб шкафдан қалин китобни олди-да, Носирнинг олдига ташлади. Носир дарров китобни қўлига олиб варақлади. Китоб жуда эски эди. Яна ҳаддан зиёд кўп ўқилганидан саҳифалари илвираб қолганди. Носир чоп этилган санасига қаради. Унда «1948 йил» деб ёзилганди.

У савол назари билан чолга юзланди. Қобил бобо иккала елкасини қисиб қўйди.

Овқатнинг ҳаммаси музлаткичдан олинди. Колбаса товада қовурилди. Гўштдан фақат шу бўлди. Қолганига помидор, бодринг, кўкатлар ейилиб, мева шарбати ичилди. Мана шу тушлик бўлди.

Китоб ўзбек тилида эди. Қобил чолнинг сўзларига қараганда, бу китоб бор-йўғи саккиз нусхада чоп этилган экан (ўзбек тилидагиси). Эҳтиётлашни ва бир саҳифани икки марта варақламасликни тайинлади у. Дарвоқе, қария Носирга фақатгина исмини айтганди. Фамилияси, отасининг исми нима экани тўғрисида лом-мим демади. Шунингдек, унинг қачон, қаерда туғилгани ҳам номаълум эди.

Носир китобни берилиб ўқий бошлади. Аста-секин ҳамма нарсани унутди. Чунки китоб одам ва уни қандай бошқариш ҳақида эди... Чол бир лаҳзага бўлсин Носирдан кўзини узмасди. Носир баъзи қаторларни қайта-қайта ўқиди, ёд олди, яхшилаб мағзини чақди. Қария шуларни ҳам билиб турарди.

Носир китобнинг эллигинчи бетига етганида:

— Вақт тугади, — деди чол.

Сўнг Носирнинг қўлидаги китобни олиб, шкафга олиб бориб қўйди.

Носир икки соатлар чамаси югурди. Югуриш шунчаки эмасди. Жон-жаҳди билан чопарди у. Чунки қария ундан шуни талаб қиларди. Ора-чора эса эмаклашни, ётишни ва ёки умбалоқ ошишни буюриб қоларди чол. Айнан ана шулар йигитга дам олишига имкон берарди.

Ниҳоят, машқ тугади.

Носир чўмилиб чиққач Қобил бобо фақат кўзлар акс этган бир варақ қоғоз берди.

— Мана шу кўзларнинг фарқини аниқлайсан, — деди у ва хайр-хўшни насия қилиб, келган жойига кетди. Қаерга кетди, қачон келади, бу ҳақда лом-мим демади.

Носир қоғозга тикилди. Унда ўн жуфт кўз акс этганди. Деярли ҳаммаси бир хил. Бир жуфт кўзнинг ўнта нусхаси. Носирнинг боши қотди. Аввал биринчи жуфтга, кейин бошқаларига бор диққатини қаратди. Кошки бирини бошқасидан ажратиб бўлса. «Бу чол роса жонимга тегиб кетди. Ҳамиша қилиб бўлмайдиган ишларни буюради», дея хаёлидан ўтказиб девордаги соатга қаради. Роппа-роса ўн беш дақиқа у кўзларга термилибди. Учрашувга эса қирқ беш дақиқа бор. Бу ердан чиқиб агар пиёда борганида ҳам Толибнинг уйигача ярим соат юради, демак, яна ўн беш дақиқа «жумбоқ»қа термилиши шарт. Шундай қилмаса, бошдан-оёқ сирли бўлган қария бир жойлардан кириб келади-да, шу диққинафас хонада яна ўтиришга мажбур этади. У музлаткичдан пушти рангли шарбат олиб ичди. Чунки ўша шарбат уни тетиклантирган эди. Ҳозир ҳам фойда берди, гўё вужудига куч киргандай бўлди. Шунда унинг хаёлига чолнинг «эрмаги» тушди. «Қачон қарамай шуни ичади. Балки, ичимлик мен ўйлаган нарса эмасдир», деб ўйлаб, унинг ҳам бир шишасини музлаткичдан олиб мазасини татиб кўрди. Ке-йин бирдан тупуриб ташлади. Йўқ, чол ўша у биладиган, кўпчилик муккасидан кетган, шуни деб бутунлай ўзлигини унутадиган, кўча-кўйда ётиб қолишга мажбур этадиган ичимликни ичаётган экан. «Менга ақл ўргатгунча шуни ташла. Ёшинг ўзинг айтгандай бир жойга бориб қолибди», дея кўнглидан ўтказди Носир.

Кейин ўша кўзларга яна термилди, биттасида салгина фарқни кўргандай бўлди. Унда ҳам киприкларнинг бири иккинчисига нисбатан кўпроқдай эди. Агар киприк алоҳида ажралиб турганида, санаб чиқарди. У бошини қашлаб, бурнини тортиб қўйди ва кутилмаганда кўзларнинг қорачиқларида бошқа-бошқа нарсалар акс этганини сезиб қолди. Шу заҳоти Носир девордаги соатга қаради. Бу пайтда Толиб билан бўладиган учрашувга бор-йўғи йигирма дақиқа қолганди.

У сакраб ўрнидан турди-да, шошилиб кийинди. Чўнтагига қўлини тиққанди, бир сўм ҳам тополмади. Сўнг дарров жомадонини титкилади. У ердан ҳам сариқ чақа топмади. »Қария тинчитиб кетибди», дея қўлини мушт қилиб тугди ҳамда ташқарига югурди. Хаёлида «кўзлар», ундан акс этган нарсаларни билиш иштиёқида югуриб кетди.

Соат ўн олтидан икки дақиқа ўтганида Толибнинг уйи қаршисига етди. Тинмай югурганидан аъзойи бадани жиққа ҳўл бўлганди.

Дарвоза ёнида Неъматга дуч келди.

— Қайси гўрда юрибсан? — деди Неъмат башарасини тириштириб.

— Иш бор эди, — жавоб қилди Носир.

— Кир ичкарига, шеф сени ҳозиргина сўраганди. Омадинг бор экан, вақтида келдинг, — деди Неъмат қўлидаги занжирни кўрсаткич бармоғида айлантираркан.

Аммо шеф дарров қабул қилмади. Ёнида одамлар бор экан. Эшик ёнидаги қўриқчи йигит шундай деди. Қўриқчи кўпроқ барзангига ўхшарди. Сертук башараси шишиб кетган, оғзида сақич, ҳар оғзини қимирлатиб чайналганда сарғайган тишлари кўринарди. Бундан чиқди, у ё носкаш, ё кашанда.

— Анчадан бери турибсанми? — дея сўради ундан Носир.

— Нимайди? — саволга савол билан жавоб берди барзанги.

— Белинг қотиб қолмадими, дейман-да.

— Ишинг бўлмасин.

— Бўпти, бўлмаса бўлмабди-да. Менга нима. Ҳайкалга ўхшаб қотиб қол! — деди Носир унга ижирғаниб қараркан.

Барзанги чайналишни тўхтатиб, унинг ёқасидан олди:

— Мажақлаб ташлайман ҳозир! Йўқол, бу ердан!

— Бурдалаб ташла. Ана ундан кейин шефнинг оёғини ўпганингдаям фойдаси тегмайди, — дея жилмайди Носир.

Барзанги эшик томонга қараб қўйди-да, унинг ёқасини қўйиб юборди.

— Кўрдингми, сен керакли одам бўлганингдай мен ҳам шеф учун зарурман. Бўлмаса чақиртирмасди, сенга айтарди. Ернинг тагидан бўлса ҳам топиб мажақлардинг. Шу ерда кутаман энди. Хўжайин исталган пайти чақириб қолиши мумкин.

Барзанги индамади. Аммо Носирнинг ичида қандайдир бир куч яна жиғига тег, яна жонини чиқар дерди. Аммо у ўзини босди. Зўр бериб барзангини ўрганишга ҳаракат қилди. У анчадан бери тик оёқда экани шундоққина билиниб турарди. Чунки барзанги ора-чора белини ушлаб қўяр, кўзини юмиб очиши ҳам секин эди. Оғзидаги сақични ҳам, аслида, кўзи уйқуга кетиб қолмаслик учун чайнаётганди.

Орадан бироз вақт ўтиб, эшик тепасидаги қизил чироқ ёниб ўча бошлади. Барзанги дарров оғзидаги сақични олиб чўнтагига тиқди-да, ичкарига кириб кетди. Сўнг тез қайтиб чиқиб:

— Сени сўраяпти, кир, — деди дўрилдоқ овозини юмшатишга уриниб.

Носир унга «Бундан бу ёғига мен билан эҳтиёткорроқ муомала қил» қабилида қараб қўйди-да, эшик тутқичини тортиб, катта залга кирди. У ерда саккиз нафар йигит оромкурсиларда ўтиришарди. Улар Носирни кўргач, эринибгина ўрнидан туришди. Биттаси Носирни кўрсаткич бармоғи билан имлаб, ёнига чақирди. Носир боргач барзанги уни яхшилаб текширди-да, тўғридаги эшик томонга бошлади. Бир лаҳзага йигитнинг хаёли қочди. Сабаби, бутун уй олтин рангда безатилганди. Эҳтимол, қандиллар, стол устида турган турли идишлар ҳақиқатан ҳам, олтиндандир...

Ўртадаги думалоқ стол атрофида эса Ғайрат ака билан бирга ресторанда кўрган одамлар ўтиришарди: семиз, кал ва новча. Семиз ҳозир Носирнинг хўжайини, Ғайрат аканинг гапларига қараганда, кал ўта хавфли одам. Новчанинг кимлиги, нима иш қилиши номаълум. Ғайрат ака шаробни кал Новосибирскка жўнатади, деганди. «Лекин бу иш билан Толиб шуғулланиб юрибди-ку», кўнглидан ўтказди Носир.

— Кел, бу ёққа, — деди Толиб.

Носир енгил қадам ташлаб, унинг ёнига борди.

— Шу бола, — дея уни бошқаларга кўрсатди хўжайин.

— Эплармикин? Қовун тушириб қўймайдими? — деди новча.

— Нима иш буюрган бўлсам, хамирдан қил суғургандай осон битирган, — дея ғўдайди Толиб.

— Шунақа де, — дея ўрнидан турди кал ва Носирга тикилган кўйи унинг ёнига келди ҳамда Носирнинг иягидан ушлаб кўтарди-да, яхшилаб разм солди.

— Вақтида сенинг болаларингнинг пачағини чиқарган ҳам шу.

Кал Носирнинг иягини қўйиб юбориб, кўкрагига енгилгина муштлади-да:

— Бой бўлиб кетишни хоҳлайсанми? — деб сўради.

— Йўқ, — жавоб берди Носир.

— Нега? Пулинг кўп бўлса маза қилиб яшайсан, дунё кезасан. Бунинг нимаси ёмон?!

— Пулни сақлаёлмайман, йўқотиб қўяман.

— Муғомбир, — деди кал.

Сўнг кутилмаганда Носирнинг қулоқ-чаккасига шапалоқ тортиб юборди. Носир дув этиб қизарди ва Толибга қаради. Шефнинг боқиши маъносиз эди.

— Қўлингиз оғриб қолмадими? — деди Носир хўжайинидан иссиқлик чиқмаслигига амин бўлгач.

Кал хиринглаб кулди.

— Башаранг шунчалик қаттиқ деб ўйлаяпсанми?!

— Йў-ўқ, қўлингиз юмшоқроқми, деб ўйлаяпман.

Дарҳақиқат, кал хўппа семиз, кафтлари қалин ва оппоқ эди.

— Тўғри айтдинг, қўлим юмшоққина, лекин шу ҳам сендақаларга оғир ботадими, дейман-да. Менга қара, боксдан олдин нима майнабозчилик билан шуғуллангансан.

— Ҳа, чўпон бўлганман, ҳозир ўқишга киришга тайёргарлик кўряпман.

— Бандитга ўқишга бало борми? Сенинг ишинг бундан кейин ўғрилик, бандитлик, тушундингми?

— Тепага одам керакмасми?

Энди Толиб кулиб юборди.

— Қисталоқ, тепага сендан бошқа одам қуриганми?! — деди.

Носир жавоб бермади.

— Ёш болани кўп қийнаб қўйдинглар, — дея ёнидан тутатқи олиб лабига қистирди новча, — кўриниб турибди, унча-мунча нарсага чаққон. Ҳозирча илонча. Боши кичкина. Иккита бармоғингда қиссанг, кўзи отилиб чиқиб кетади. Шундай қилмаймизми?

У Толибга қараб, кўзини қисиб қўйди.

— Эҳ, — деди Толиб, — ширингина эрмак эди. Қўлим бормай турибди. Йигитлар бир эрмак қилишсин.

— Келишдик.

Новча шундай деб чапак чалган эди, залда ўтирганлардан иккитаси кириб келди.

— Қара, — деди кал Толибга, — иш йўқлигидан ухлаб ўтирибди булар. Буларнинг чўнтагини тўлдириб қўйсанг, би-и-ир маишат қилишса!

Келганлар шу заҳоти бошини эгишди.

— Мана сенларга эрмак, — деди Толиб барзангиларга, — кўзимизнинг олдида битта мажақланглар, кўрайлик.

Барзангилар ўзаро кўз уриштиришди ва Носирнинг ёнига югуришди.

Носир шунақанги жаҳл билан барзангининг бирига мушт туширди. У орқа томонга отилиб, ерга қулади. Иккинчиси эса оёқларининг орасига теккан тепкидан икки букилди. Носир аямади, тирсаги билан унинг умуртқасига уриб, ерга ёпиштириб қўйди.

Толиб хурсанд бўлганидан чапак чалиб юборди. Қолганлар ҳам шу заҳоти унга қўшилди.

— Етади, — деди кал Носирнинг ёнига келиб, унинг елкасига қоқаркан, — аммо биз юборадиган жойда фақат мушт билан иш битмайди. Вақт қисқа.

— Отишни биламан, — деди Носир.

Ҳамма баробарига унга қаради.

— Мактабда ўрганганман. Ўқитувчимиз ўргатган. Унинг қуроли бор эди. Шунда ўргатган, — дея давом этди ҳеч бир саволга ўрин қолдирмай.

Толиб унга шу заҳоти тўппонча берди-да:

— Тумба устида турган гулдонни ур, — деди.

— Ҳаддан ортиқ катта. Ундан кўра орқангиздаги шкафнинг тутқичини нишонга олай, — дея шу томонга қаради Носир.

Бунинг учун Толиб ўрнидан туриб, четга ўтиши керак. Бундай ҳаракат унинг обрўсига тўғри келмайди. Айниқса, манави иккита ҳамтовоғининг кўз ўнгида.

— От! — деди Толиб жаҳл билан.

Носир отди. Ўқ Толибнинг қулоғи остидан учиб бориб, шкафнинг тутқичини иккига бўлиб ташлади.

Ҳамтовоқлар тезда ўрнидан туришди. Кал Носирнинг қўлидаги тўппончани олиб қўйди. Шундан кейингина улар шкафнинг ёнига бориб, ўқ изини кўришди.

— Даҳшат, — деди новча, — бу болани қайси гўрдан топдинг?

— Лотереяга чиқди. Сал бўлмаса, ўша лотереянинг мевасини ўзим ҳам татиб кўрардим. Хўш, энди нима дейсизлар?

— Бугун. Кечки ўн иккида, — деди новча.

— Уруш йириклашади, — деди кал.

— Бошқа чора йўқ. Бошқа йигитларни ҳам тайёрланглар. Озгина чой-чақа кетади-ю, лекин молдованни ишга солмасак, бошқа иложимиз йўқ. Фақат унинг «беш юлдуз»га тиши ўтади.

Учала ҳамтовоқ бирин-кетин аввалги жойларига ўтиришди.

— Сен, — деди Толиб Носирга, — нариги хонадаги емхўрларни бу ёққа чақир.

«Демак, эндиги бўладиган гапларни мен эшитмаслигим керак. Синовдан ўтдим. Ҳозир анча оғир топшириқ берилади. Агар Қобил бобо бўлмаганида, унинг корхонасидагилар тайёрлашмаганида, бугундан ортиқ яшамаган бўлардим», кўнглидан ўтказди Носир ва бориб залдагиларга буйруқни етказди. Ўзи эса узун диванга ўтирди. Шундагина пешонаси терлаганини билди.

Барзангилар ҳам хўжайинлар ёнида узоқ қолиб кетишмади. Носирдан «ҳақ» олганларни судраб олиб чиқишди. Сўнг тўхтамай чиқиб кетишди. Сал ўтмай уларнинг ўрнига бошқалар келиб ўтиришди.

Носир сиқилди. Ичкарида ўзи ҳақида гап кетяпти. Ичкаридагилар уни ўлимга жўнатишяпти. Қариядан озми, кўпми маслаҳат олди. Аммо, барибир, ҳаётинг ҳақида гап кетаётганда юрагинг ўйнайди... «Қизишиб кетдим, бошқача йўл тутишим керак эди. Балки, ўзимни нўноқроқ кўрсатганимда ўрнимга бошқани жўнатишармиди? Йўқ, булар мени шунчаки соғ қўйиб юбормасди. Қаердаги усталар билан олишгандан кўра мана шу қорни катталарни бир ёқли қилиб кетиш осон эди-ку, шуни қилганимда яхшимасмиди?»

У ўйлагани сайин пешонасидаги терлар кўпайди. Бир-икки марта лабини тишлаб қўйди. Оғир пайтда лаззатли кунларингни эсла, дея ўргатишганди унга. Аммо эслашга қийналди. Кейин яхшилаб хотирласа, лаззатли кунлари ҳам бўлмаган экан. Аниқроғи, бундай пайтлари болалик даврида кечган экан. Шунда у Гуллолани хаёлига келтирди. Охирги учрашувда қиз уни кўриб жилмайгани, юзи ёришгани, кейин пешонасига тушиб турган сочи эпкинда тебрангани ва қизнинг ҳайратланиб унинг ёнига келгани... Лекин уларнинг хайрлашуви бирпасда ўша хаёлларни ўчириб юборди.

Ниҳоят, Носирни чақиришди. Ўтирганлар бараварига унга қа-рашди. Ҳайратланиш, ачиниш уйғун эди бу нигоҳларда.

— Ҳозир маишат қиласан. Кейин меҳмонхонага борасан. Ишни битириб, тирик қолсанг, омадинг. Йўқса, ҳаммаси тамом! — деди Толиб.

* * *

— Битта сал нозикроқ иш бор эди, — деди Эшмирза Аҳмадали Турсуновичнинг рўпарасига ўтириб, шишани қўлига олаётганда.

Домла унга қараб:

— Очиғини айтсам, баъзан сиздан ўрнак олгим келади. Нега, биласизми? — деди.

— Сиз катта одамсиз, қанчадан-қанча болаларни ўқитасиз. Шогирдларингиз ҳам олим бўлиб кетишди. Сиз билган нарсани биз билмай бу дунёдан ўтиб кетсак керак, — дея ўтирган жойида қимирлаб қўйди Эшмирза.

— Сирлисиз. Ичингиздаги айтиш учун қанча сабр керак бўлса, шунча кутасиз. Мен сира бундай қилолмайман. Дарров ёриламан-қўяман. Хўш, нима экан ўша нозик иш? — деб Аҳмадали Турсунович пиёлаларни тўлдирди. Қўлидаги шишани стол устига қўйди ва битта пиёлани Эшмирзага узатди.

— Индамай қолдингиз? Ё бирорта гапни ўринсиз айтиб қўйдимми? Агар шундай бўлса, бир қошиқ қонимдан кечасиз, — дея кулди сўнг.

— Сиз ҳамиша ўринли гапирасиз. Шу, нимадан бошлашни билмай турибман. Умуман, шу гапни айтишим керакми, йўқми, деб ўйланиб қолдим...

Уй томондан овоз чиқди. Аҳмадали Турсунович бўйнини чўзиб овоз келган тарафга қаради.

— Тўкис бўлиш оғир экан, — деди домла хўрсиниб, — ҳар қандай одам ҳам, барибир, адашаркан-да. Ҳар сафар шу қизимни кўрганимда жигар-бағрим эзилиб кетади. Унинг турмуши бузилганига ўзимни айбдор ҳис қиламан. Бўлмаса, куёвимнинг отаси тузук одам эди. Боласининг мутлақо тайини йўқ экан. Агар ҳозир областда бўлганида етти қават ер остига тиқиб юборардим. Валаки саланг Югославияга қочиб кетди. Лекин, барибир, куни келиб қўлимга тушади. Ана шунда онасидан туғилганига пушаймон қиламан.

— Аҳмадали Турсунович, бир оғиз бизга шипшитиб қўйсангиз, ўзимиз...

— Йўқ, бўлмайди. Мен унақа одам эмасман. Ана, оғаси юрибди. Бор аламимни ундан олишим мумкин эди. Лекин шу ишни қилмадим. Йиғилишларда кўришиб қоламиз. Уялганидан ерга кириб кетгудек бўлади.

Домла шундай деб алам билан пиёладагини ичиб юборди. Сўнг лаб-лунжини артиб:

— Бир гапни айтай сизга, — деди паст овозда, — азбаройи келиб қолгани ва сиз менинг энг яқин одамларимдан бири бўлганингиз учун айтяпман. Яна бир жойларда гапириб юрманг.

— Биз қумдай бир гапмиз. Эшитганимизни ичимизга сингдирамизу, ташқарига чиқармаймиз. Сиздай улуғ одамларникини-ку мутлақо эсимиздан чиқарамиз.

Аҳмадали Турсунович сўзлашидан олдин тағин томоғини ҳўллади, кейин паст овозда деди:

— Худо деганимча бор экан. Ўша бола эркак эмаскан.

Эшмирза тезда тушунмади ва кипригини пирпиратди.

— Қизим ҳали қиз бола.

— Йўғ-э?! — деди Эшмирза.

— Чатоқ жойи бор экан... Сирға тақиб юриши керак экан. Отаси ҳам билмаскан... Бунинг тарихи жудаям узун. Қўйинг, мен гапирмай, сизнинг кўнглингиз бузилмасин... Олинг, анавини.

Эшмирза унинг айтганини қилди. Сўнгра оғзига помидор бўлагини солди-да, ичида: «Омад кулиб турганга ўхшайди. Шуни келин қилсам...» деди.

— Тўй бўлган, ана шу нарса одамни қийнайди. Бу худди оппоқ қоғознинг бир четига бўёқ тегиб кетгандай гап.

— Унисидан хавотир олманг, муҳими, ҳалигиндай экан-ку...

— Баъзан ўтиб кетади, — дея домла пиёлаларни яна тўлдирди.

Иккаласи ҳам ютгуликни ютди. Сўнг Аҳмадали Турсунович ўрнидан туриб «Ҳозир келаман», деди-да, уй томонга кетди.

Эшмирза Диёранинг тўйи бўлганини биларди. Ахир ўша тўйда ўзи ҳам иштирок этган. Бироқ қизнинг дарров ажрашганини, бунинг устига боласи ҳам борлигини билмасди. Диёра опасиникида — Гулистонда туғди. У отасининг дасти узунлигидан касалхона бухгалтериясида ишлайди. Синглисининг бўйида борлигини эшитиши билан уйига югурди. Боши қотиб қолган онасига «Уч-тўрт ой меникида тура турсин, ўзим «қўзилатиб» оламан. Тўрт йилдан бери эрим билан яшаяпман, лекин Худо менга бола бермаяпти. Диёранинг боласини ўзимники қилиб оламан. Кейин Диёрани яна бошқатдан бўй йигитга узатиб юборамиз. Шу баҳонада унинг юзи ёруғ, мен эса болали бўлиб оламан», деди. Онаси «Синган идишни яна аввалгидай қилиб бўлмайди», деди. «Ая, сиз бу ёғидан сира хавотир олманг. Москвада аввалгидан ҳам яхшироқ қилиб қўяётганмиш. Дадамнинг обрўси баланд, яна пулиям кўп. Бир йўталади, олам гулистон», деди.

Хотинидан бундай гапни эшитган Аҳмадали Турсунович дарров рози бўлди, бола туғилди. Холасини она деди. Диёра эса ота уйида аввалгидай яшай бошлади.

Аҳмадали Турсунович Эшмирзани қармоққа илинтириш мақсадида қизи ҳақида атай гапирган эди. Мана натижаси, гўрдан гўшт олиб чиқоладиган Эшмирза унинг гапларига лаққа ишониб ўтирибди.

Овоз баланд чиққанида Диёра опаси билан қўнғироқлашган, уришиб қолган эди. Ҳозир Аҳмадали Турсунович қизининг овозини ўчириш учун кетганди.

У ишини битириб қайтиб келди ва Эшмирза айтган «нозик масалани» сўради. «Энди унинг менга нима кераги бор, — хаёлидан ўтказди Эшмирза, — қўлимни қонга ботириб ўтираманми, ўлса бир куни ўз ажали билан ўлар. Мен уни эсимдан чиқазиб, Аҳмадали Турсунович билан қуда бўлишим керак. Шунда ўзимнинг ишларим янаям юришиб кетади. Кейин Бобурниям келажагини таъминлаб қўйган бўламан... Бир марта тўй бўлган бўлса нима қилибди? Бу худди одамларни меҳмонга чақиргандай бир гап. Лекин қизнинг ўзи тоза экан-ку. Муҳими, шу эмасми?»

Шундай хаёлдаги Эшмирза нозик гапни мутлақо бошқа нарсага айлантирди.

— Мен ҳам шуни айтмоқчи бўлиб тургандим. Қизимиз бу ерда юрибди. Ё домлани биздан яширган яна бир очилмаган ғунчаси бормикин, демоқчи эдим.

— Ғунчаликка ғунча. Лекин одамларга қандай қилиб тушунтирасиз. Олдингизда гапингизни тасдиқлаб туради-да, нариёққа ўтиб, бутунлай бошқа гапни гапиради. Бунинг устига, улар шунчалик кўпки, қайси бирига тушунтиришни ҳам билмайсиз... Эй-й, қўйинг, шу бошоғриқ гапларни. Олинг, еб-ичинг, маза қилиб ўтирайлик. Ана, эртагаям айш-ишратга таклиф қилиб кетди.

— Домла, яхши одамлар билан қанча ўтириб, кайфу сафо қилсанг ҳам ҳушингни йўқотмайсан, деб тўғри айтишган экан. Мана, ўтирдик, едик, ичдик. Бизга шуниси етади. Мақсадимиз сизни кўриб, омонлашиш эди. Бунисиям бўлди. Энди рухсат берсангиз, мен қайтсам, — деди Эшмирза.

Аҳмадали Турсунович дарров рухсат бермади. Уни-буни баҳона қилиб, меҳмонни талай муддат ушлаб ўтирди. Кейин иккаласи ҳам зўрға кўзини очадиган аҳволга келганида жавоб берди. Шунда ҳам қандай жавоб берганини билмайди. Бунинг устига, дарвозагача кузатиб боришга ҳам мадори бўлмади. Эшмирза ярим йўлгача ўзи кетди, кейин йиқилишига бир баҳя қолганида уни кузатиб турган Диёра югуриб келиб қўлидан ушлади. Эшмирза унга «Бундан бу ёғига менинг қизим бўласан, ўзим сени бу ердан олиб кетаман», деди. Диёра меҳмоннинг гапларига тушуниб-тушунмади. Чунки Эшмирза ғўлдираб гапирарди.

У машинада ҳам ғўлдираб кетди. Ўзиям уйига етгунича оғзи тинмади.

Эртасига ишга боролмади. Уйқудан кўзини очганида аллақачон пешин бўлганди. Олдинига роса чўмилди, кейин ошхонага бориб қаҳва ичди. Бироз тетиклашгандай бўлиб телевизорни ёқди. Диванга ёнбошлаганча термилди. Хаёли эса кечаги воқеаларда эди. «Нима деди? Қизини қиз бола дедими? Куёви сирға тақиб юришга муносиб эмиш, ҳозир Югос-лавияда юрганмиш... Мен қизини келин қилмоқчи бўлдимми? Хўп, ана, келин қилдим ҳам дейлик, одамлар нима дейди? Шошма, одамлар билан неча пуллик ишим бор. Ундан кейин бу ўртада Аҳмадали Турсуновични мендан бошқа биров танимайди. Таниса райком танийди. Йўқ-йўқ, адашдим. У Аҳмадали Турсуновичнинг тўйига бормаганди, Тошкентга йиғилишга кетганди. Демак, мендан бошқа... Шошма, дўхтирлар таниши мумкин. Таниганда нима? Улар домланинг нечта қизи борлигини қаердан билишсин? Бўлди, иш битди. Аҳмадали Турсунович билан қуда бўламан! Бошқа менга тенг бўладиган одам йўқ. Агар шундай мартабаларга эришганимни раҳматли отам кўрганида борми, қувончдан ёрилиб кетарди...»

Эшмирза ўз хаёлидан нашъа қилиб, кулиб юборди ва ўрнидан туриб ўтирди, сўнг:

— Ярамаслар, уйда бирортаси ҳам йўқ. Ана шу-да эркалатиб юборгандан кейин, — дея бориб музлаткичдан косада турган муздай қатиқни олиб симирди.

Кейин керишиб олди-да, ошхонадан чиқди. Худди шу маҳал хотини Хадича дарвозадан кириб келди. Эрини кўриши билан лаб-лунжини йиғиштиролмай илжайди ва шу заҳоти дарров қовоғини осилтириб:

— Ҳмм, калла пишдими?! Санқишда ўғлингиздан ҳам ўтиб кетдингиз-а! — дея кесатди.

— Эй-й, кампир, мен бекордан бекорга бир қадам ҳам босмайман. Менинг нафас олишим ҳам пул, обрў! Ўзинг қайси гўрда юрибсан? — дея Эшмирза Хадичанинг жавобини ҳам кутмасдан изига қайтди, сўнг минғирлади: — Бирон нима пишириб берадиган одам ҳам йўқ бу уйда.

— Ташвишнинг каттасини бўйнимга юклаб қўйдингиз. Энди ҳали у магазинга, ҳали бунисига тумшуғимни тиқиб юрибман-да. Тўй қилишнинг ўзи бўларканми?!

Эшмирза бошини қашлади. Ошхонага кириб, бояги жойига қайтиб ўтирди-да, хотинига аччиқ чой дамлашни буюрди.

— Хўш, хўжайин, менга кундош топиб қўйдингизми? — деди Хадича чойнакка қуруқ чой соларкан.

— Томинг кетиб қолганми сенинг? Шу ёшимда хотин олишим қолувди энди. Битта кобра ҳаммасига етиб ортади. Болангга келин топдим.

Хадича қилаётган ишини ҳам унутиб, бирдан эрига қаради.

— Шаҳардаги ошнамникига боргандим, — дея гапини давом этказди Эшмирза, — унинг қизини бир кўр сен.

— Мен бу ёқда совчиликка бориб юрибман-ку, — дея қошини чимирди Хадича.

— Нима қилибди борган бўлсанг? Энди бормайсан, олам гулистон.

— Ўзи охирги пайтларда сизга бир нима бўляпти. Ҳали ўлсам ҳам Абдуалим билан қуда бўлмайман, дейсиз, ҳали қизига бор дейсиз. Мана, энди яна айниб ўтирибсиз.

— Аслида, хотин, ўзимни зўрлаб сенга боравер, дегандим. Шундаям болангнинг кўнглига қараганим учун. Энди бундай ўйлаб қарасам, Бобурни Абдуалимнинг қизига уйлантирсам, уни жарга итараётган бўлиб қоларканман. Келажак йўқ. Сен ўша қизни ўткиргина деганмидинг?

— Эй-й, сўраманг, кеча борганимда без бўлиб кириб келди. Чой олиб келиш у ёқда турсин, дастурхон ёзмади. Бунисиям майли, айтган гапларига илон пўст ташлайди. Тишимни тишимга қўйиб ўтирдим. Ўзиям Фотиманинг олдида ер ёрилмади, кириб кетмадим...

— Яша, — дея Хадичанинг гапини бўлди Эшмирза, — агар ўша қиз уйингга келса, икки кунда ўзича кўчада қаҳрамонман, деб кўкрак кериб юрган Бобурингнинг бўйнидан ип ўтказиб олади. Ана ундан кейин сенинг ҳам кунингни кўрсатади. Ҳечқиси йўқ, ёқмади, деб гап тарқатасан, олам гулистон. Мен бўлса Аҳмадали Турсунович билан қуда бўламан.

— Шошманг, — деди бирдан Хадича, — нечта қизи бор ошнангизнинг?

— Иккита. Яна иккита ўғли ҳам бор. Биттаси Москвада ўқийди, иккинчиси мактабда ўнинчида ўқиса керак. Лекин хотин, қизини бир пиёла сув билан ютиб юборсанг бўларкан. Уруғи тоза уларнинг. Агар Бобурни ўша қизга уйлантириб қўйсак, келажаги таъминланади. Чунки Аҳмадали Турсунович болалари учун жонини ҳам берадиганлар хилидан... Ўғлингга ўзинг ётиғи билан тушунтир. Ҳойу ҳавасга берилмасин. Келажакни ўйласин, келажакни! Биз эрта бир кун ўлиб кетамиз. Шу ҳоли бўлса, одамга ўхшаб яшолмайди. Мен олдинига Абдуалимнинг қизи шунчалик пишиқ бўлса, йўлга солволади дегандим. Энди қарасам, ҳаммаёқ остин-устин бўлиб кетадиган.

Хадича чой дамлаб, столнинг устига қўйди ва пиёлага қуйиб эрига узатди. У хаёлга чўмган эди. Эрининг аввал айтган гапини зўр бериб хотирлашга уринарди: «Эсиз, шундай қизи борлигини билмаган эканмиз. Бўлмаса, Бобурдан бир ёш катта бўлса ҳам йўлини қилиб келин қилардик». Ё бундай демаганмиди? Хадичанинг боши ҳозир шунга қотганди.

— Ҳа, нима бўлди? Нимага довдираяпсан? — деди унга қараб турган Эшмирза.

— Билмасам. Мен у кишининг қизлари кўплигини билмаган эканман. Ундан кейин...

— Ўлма. Калланг ишлайди сенинг. Аслида, шундай, лекин Турсунович ўша куёви куёвлик қилолмаганини айтди.

— Тушунмадим? Ҳали сиз биттаю битта ўғлингизни жувонга уйлантирмоқчимисиз? — деди ранги оқара бошлаган Хадича.

— Қанақа жувон? У бола қизнинг қўлини ҳам ушлолмабди! Аслида, эрга тегиши керак бўлган экан, лекин уйлантиришибди!

Хадичанинг кўзи каттариб кетди.

(Давоми бор)

Тоғ кўчкиси (Биринчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Иккинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Учинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Тўртинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Бешинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Олтинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Еттинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Саккизинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Тўққизинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўнинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн биринчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн иккинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн учинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн тўртинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Ўн бешинчи қисм)