Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўн биринчи қисм)
— Ўзим ҳам сизни бу ерга бекордан бекорга келмаган бўлса керак, деб ўйловдим. Ахир аслзод а лар асл жойларда ўтиришади. Бундай пана-пастқамларга ичидагини дўстига айтиш учунгина келади. Бўлди, ҳозир тураман-у, Содиқ билан бирга нариги хонага ўтаман. Лекин бу ерда бўлсам хизматингизни қилиб турардим-да.
— Сенга қолган хизматим йўқ. Қорангни ўчирсанг бўлгани... Айтганча, биз ҳам сал-пал қизишиб олгунимизча майнабозчиликларингни гапириб бермайсанми? Бошқалардан эшитгандан кўра ўзинг айтганинг яхши-да, ишончлироқ бўлади. Ёқиб қолса, биз ҳам қўллаб кўрармидик? — деди Ўктам мийиғида кулиши билан бирга ҳамтовоғига қараб кўзини қисиб қўяркан.
— Майнабозчилик?! — дея Ўктамга қараб олди Бобур, сўнг Содиққа юзланди. — Бизнинг қилиб юрганимиз майнабозчилик бўлиб қолибдими?!
— Бўлмаса анави медтехникумдаги бечораларнинг шўрини қуритганларинг, ундан кейин касалхонада инсульт бўлиб ётган Абдуалим магазинчининг қизи орқасидан шаҳарга бориб, пачағинг чиқиб келгани майнабозчилик бўлмай қаҳрамонликми?! — деди жиддий тортган Ўктам.
— Ким айтди буларни? — дея пешонасини тириштирди Бобур.
— Амма-холанг айтди!
— Энди, сен энг каттанинг боласисан. Сенга унча-мунча гапни айтиб бўлмайди. Лекин гапираётганингда сал у ёқ-бу ёғингга қараб олсанг бўларди. Ҳарқалай, биз ҳам районда эркакмиз, деб бош кўтариб юрибмиз.
— Сен эркакмисан!? Ҳали ўзингни эркакман, деб ҳисоблаяпсанми?! — дея овозини бир парда кўтарди Ўктам.
— Сал ҳаддингдан ошдингми дейман? — деб ўтирган жойида қовоғини осилтирганча қимирлаб қўйди Шерзод.
Бобур бурнини ишқалади. Сўнг:
— Ҳаддини биладиганларданман! Иззат қилганларни иззат қиладиганларданман! — дея олдида турган пиёлага «бўйни узун»дан тўлдириб қуйиб ичди. Кейин лаб-лунжини артди ва Ўктамга еб қўйгудек қаради. Бу пайтда Шерзоднинг қўлида ўтмас пичоқ турарди.
* * *
Биргина тепкини босиш қолди. Босса тамом, ўқ Носирнинг кўксини тешиб ўтади. Аммо у босмади. Сабаби, кимдир қайғули овозда ингради. Толиб тўппончани ташлаб, лабини тишлаганча кўзини чирт юмди-да, пешонасига муштлади.
— Нега?! Нега?! — дея бақирди. Сўнг тез-тез юриб келиб, Носирнинг ёқасидан ушлаб ғижимлади: — Нега менинг укам гиёҳванд бўлиб қолиши керак?! Нега, айт?! Унинг овозини эшитяпсанми?! Жоним чиқиб кетгудай бўляпти!
Носир миқ этмади. Толиб унинг ёқасини қўйиб юборди-да, ортига ўгирилди. Икки қадам босиб:
— Тўппончани ол! Кейин ертўлага тушгин-да, укамнинг оғзидан от! Бўл, тез! — дея бақирди.
— Йўқ! — деди Носир қатъий.
— Ни-ма?! — деди Толиб ортига ўгирилиб кўзини олайтираркан. — Яна бир марта қайтар!
— Бошқа ҳар қандай ишингизни бажараман, лекин бунисига узр, — деб Носир Толибнинг кўзига тик боқди.
— Бор, йўқол! Бу ерда эшитганларингни бир жойда гулласанг, терингни шилиб оламан!
Носир жойидан қимирламади. Толибга термулганча тураверди.
— Гапинг борми?!
— Анавиларни нима қилай? — деди Носир томдан тараша тушгандай.
— Кимни?
— Ертўлада менга сабоқ бермоқчи бўлганларни.
Толиб кутилмаганда кулиб юборди, сўнг келиб Носирнинг елкасига қўлини қўйди. Ва яна кутилмаганда Носирнинг қорнига мушт туширди. Гарчи зарба унча қаттиқ бўлмаса ҳам Носир икки букилиб олди ва ингради.
— Сенга қолгани йўқ, зумраша! Лекин бопладинг. Икки қулоғинг билан ҳам яхшилаб эшитиб ол: менга керак бўлганингда шу заҳоти пайдо бўлишинг шарт. Агар яна йигитлар қидириб қолишса, каллангни оламан. Энди йўқол!
Носир келган йўли билан ташқарига чиқаркан Неъматга кўзи тушди. У машинага суянганча турган экан.
— Ие, омон чиқибсан-ку, — дея иржайди Неъмат, — омадинг яна чопибди-да.
Носир унинг ёнига келиб машинага суянди ва хўрсиниб қўйди.
— Тайинли иш йўқ, лекин кетишнинг ҳам иложи йўқ, — деди сўнг паст овозда.
— Иш йўқмиш, — деб бурнини тортди Неъмат, — тиқилиб ётибди иш. Бор, битта машинани тинчитиб кел.
Носир Неъматга ғазаб билан қаради. Сўнг:
— Қанақанги машина? — деди.
— Оддий. Шаҳарни айланасан, кўзингга иссиқ кўринган, замонавий машинани танлайсан-да, шартта ўтириб ҳайдаб, бу ёққа олиб келасан. Қолганини ўзимиз ҳал қилаверамиз. Ўшанда шефга янаям ёқиб қоласан. Лекин ҳар хил идораларнинг машинасини олиб қочиб ўтирма!
Носирнинг ичидан қиринди ўтди. Шунга қарамасдан жилмайишга ўзида куч топа олди.
— Ҳе, — деди ва бурнини ишқалади, — ҳайдашни билсам олиб қочаман-да. Машина мени олиб кетиб қолмасин!
— Ҳаҳ, бечора. Роса шўринг қуриб қолган экан-ку. Шу сафар қойил қолдирмадинг.
— Менга қаранг, Неъмат ака, шу бир жойга бориб келсам майлими? Ишим бор эди. Тўғриси, спорт залига боришим керак. Қўлимдан машина ҳайдаш келмаса ҳам бошқаларини уддалайман. Лекин бунинг учун югуриб турмасам бўлмайди.
— Бўлди, гап йўқ. Ўзим обориб қўяман. Мураббийингнинг кўз олдида бизнинг машинадан тушиб ғўддайсанг, кейин ҳурмат ҳам бошқача бўлади.
— Раҳмат. Бизга ҳали кеккайишга эрта. Одамга ўхшаб ҳеч бўлмаганда сизлар қилган ишнинг ярмини бажарайлик.
Худди шу маҳал Неъматнинг машинасидаги рация ишлаб кетди. У шоша-пиша бориб гўшакни кўтарди: «Алло, хўп бўлади. Хўп бўлади», деди ҳовлиққанча ва қайтиб гўшакни қўйди-да, дарвоза томонга югурди. Бироздан кейин эса бошқа бир машинада у ердан чиқиб кетди. Орқа ўриндиқда Толиб ўтирарди.
Носирнинг бир ўзи қолди. Бир муддат ланг очиқ дарвозага қараб турди. Қизиғи, уни дарров ёпишмади. Худди «Кўриб қўйинглар, биз қанча бетартиб иморатларни ичкарига қуриб қўйганмиз», дегандай. Кейин икки барзанги Носирга хунук қараб қўйганча дарвозани беркитди.
Нима қиларини билмаган йигитча яна бир муддат Неъматнинг машинасига суянганча турди. Сўнг қўлини силтади-да, кетди.
Олдинги сафаргидай биров ортидан кузатаётгандай туйилмади. Қандайдир хотиржам кетди. Ҳатто шу кетишида зерикди. Кейин хаёлини бўлиб ўтган воқеалар эгаллади. «Мени ўлдириб юбориши ҳам мумкин эди», деган ўй келди кутилмаганда миясига. «Толиб тепкини босганида тамом эди. Қонимга беланганча тарашадай қотиб қолардим. Аммо у тепкини босмади. Нега бундай қилди? Нимага мени кўчага ҳайдаб юбориб, кутишга мажбур қилди? Кейин индамай кетворди. Дарвозани очиқ қолдиришгани ҳам ғалати. Ахир... Шошма, унинг кўчасидан шунча вақт ичида бирорта ҳам одам ўтмади-я. Рўпарадаги уйдан ҳатто бировнинг мўралаганига ҳам кўзим тушмади. Бу зўравон қўшниларининг ҳам шунчалик жонини олиб қўйганми?.. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, жилла қурса, зарурат учун у ёқ-бу ёққа бориб келишлари керак-ку... Жумбоқ, жумбоқ. Буларнинг барининг тагига етиш керак».
У шаҳар автобусида уйигача етиб олди. Анча кунлардан бери бирорта ҳам китоб очиб қарамаганди. Ваҳоланки, ўқишга кириши қаттиқ тайинланган. Кирмаса бўлмайди. Бунинг учун эса ўқиши керак.
Эртасига пешиндан кейин кўчага чиқди. Қаерга боришни билмайди. Толиб аниқ бир манзилни айтиб, шу ерда бўласан, демаган. Фақат «Тополмасам, терингни шилиб оламан», деган. У эрталабдан ўзи биладиган, Толибга тегишли бўлган иморатларнинг бирортасига бормоқчи бўлди. Аммо кутилмаганда ўжарлиги тутиб қолди. Атайин бормайман, деди. Мана, вақт пешиндан ўтди. Энди боши қотган.
Носир талай муддат кўчада санғиб юрди. Автобус бекатида ҳам ўтирди. Кейин оёғи уни ўз-ўзидан кооператив институтининг ётоқхонаси томонга бошлади. Носирда шу чигалликларга кириб қолишига сабабчи бўлган қизни кўриш истаги пайдо бўлди... «Шошма, бунисиям, аслида, ғалати. Хўп, вокзалда чиндан ҳам унинг сумкачасини олиб қочгандир... Нега? Студентлиги шундоққина кўриниб турибди. Демак, унда кўп пул юрмайди. Нега энди унинг сумкасини ўғирлашади? Унинг ҳатто кийимлариям бошқаларникидан фарқ қилмайди. Агар олифта кийингани учун бой деб тахмин қилинадиган бўлса... Бундан чиқди, бу ерда ҳам бир сир бор. Иккинчи учрашувда ҳам жанжал бўлди. Ўз-ўзидан бир бола келиб уни хотиним деди!.. Шу пайтгача эътибор бермаган эканман...» Носир шу ўйлар таъсирида ётоқхона ёнига қандай бориб қолганини ўзи ҳам сезмади. Бегоналар ётоққа кириб-чиқиб туришибди. У ўша қизни кимдан сўрашни билмай, бироз серрайиб турди. Сўнг ўриндиққа бориб ўтирди.
Чамаси бир ярим соатлардан кейин қиз кўриниш берди. У дугонаси билан қўлтиқлашганча, алланималарни гаплашиб келарди. Бошида қиз Носирни кўрмади. Ётоқ эшигига яқинлашганида бирров қаради-да, кўзини олиб қочди. Кейин бирдан тўхтаб, у томонга ўгирилди.
— Сиз?! — деди ҳайратланганча узун кипригини пирпиратиб.
Носир беихтиёр ўрнидан турди. Иржайиб қиз томонга бир-икки қадам босди. Қиз ҳам юрди ва кутилмаганда сўради:
— Қаерларда юрибсиз?
Носир худди онаси сўроққа тутаётгандай дув қизарди. Сўнг:
— Билмадим, — деди.
Қиз дугонасига қаради-да:
— Дило, мен кейинроқ чиқаман, — деди.
Сўнг Носирнинг ёнига келиб салом берди ва ён-атрофга кўз ташлаб олди.
— Ҳеч ким йўқ, — деди унинг хавотирини дарров илғаган Носир.
Қиз кулиб юборди. Кейин негадир маъюс тортиб қолди-да:
— Сизни бир одам сўраб келганди. Роса хавотирланиб юрганди, — деди.
— Ҳа, у тутинган акам. Сал кўринмай қолсам, дарров хавотирга тушадиган одати бор.
— Салмас. Отангиз қидириб келган экан. Акангиз роса безовта, нимадандир хавотирда эди.
— Дарсингиз тугадими? — деди Носир қизни чалғитиш мақсадида.
— Тугади.
— Агар вақтингиз бўлса, бироз айланиб... Гаплашиб... Ўтиб-қайтаётганлар сизни укасига дакки беряпти, деб ўйлаётган бўлса керак.
Қизнинг юзида табассум пайдо бўлди.
— Яхши-ку. Майли, юринг. Лекин менинг қорним роса оч. Тушликка ҳам чиқмагандим. Сизни қийнаб қўймайман. Бу ердан унча узоқ бўлмаган жойда талабалар ошхонаси бор...
— Шошманг, мен сал-пал бой бўлиб қолганман. Кейин курсдошларингиз ҳам рашк қилишиб... Хуллас, юринг.
Барибир, узоққа кетишмади. Шаҳар маркази томон икки бекатча юрганларидан кейин мўъжазгина қаҳвахонага киришди. Хўрандалар жуда оз экан. Атиги иккитагина стол атрофида ўтиришибди.
Буюртма беришди. Шундан кейингина Носир Гуллоланинг пешонасидаги жароҳат ўрнини кўриб қолиб:
— Пешонангизни китобга уриб олдингизми? Мен сизга кўп ўқийверманг, дегандим-ку, — дея ҳазиллашди.
Қиз унинг ҳазилига мойиллик билдириш ўрнига қандайдир хомуш тортди.
— Нима бўлди? — деди Носир хавотирланиб.
Гуллоланинг кўзи ёшланди ва ёнига қараб, кипригини пирпиратди. Йўқ, барибир, кўз ёши оқиб кетди ва сумкачасини ковлашга, дастрўмолчасини олиб ёшини артишга мажбур бўлди.
— Кўп воқеалар бўлди... Ўша сиз билан охирги марта кўришганимиздан сўнг.
— Мен туфайлими?
— Билмадим.
Носир лабини тишлади. Ичидан зил кетди.
Овқат келтиришди. Носир буғи чиқиб турган овқатни ейишга сира иштаҳаси бўлмади. Гуллола эса худди бир жойга тезроқ бориши керакдай шошилиб еди. Носир қиз уялиб қолмасин, деб унга қарамади.
— Ўша бола, — деди Гуллола кутилмаганда ейишдан тўхтаб, — районимизнинг энг безориларидан биттаси...
Қизнинг кўзидан ёш оқмоқда эди.
— Сизга бирон нима қилдими у?
Гуллола овоз чиқариб йиғлаб юбормаслик учун бошини эгди, лабига дастрўмолчасини босди. Носир ўзи ҳам сезмаган ҳолда қизнинг стол устида турган қўлини ушлади. Гуллола қўлини тортиб олмади. У ҳаттоки Носир қўлини ушлаганини сезмади ҳам.
— Ҳаммаси яхши бўлади, — деди Носир қизни юпатишга бошқа сўз тополмай.
Шундан кейингина Гуллола уялганча қўлини тортди. Сўнг секин сўзлай бошлади.
Гуллола лаблари титраб, икки юзи қип-қизил бўлиб, тинимсиз йиғлаб гапирди. Носирнинг гоҳ пешонаси тиришди, гоҳ қўли мушт бўлди. Аммо бир оғиз ҳам гапирмади. Қизнинг ҳикоясини бўлиб қўйишни истамади. Гуллоланинг пешонасига тош текканини эшитганида эса аъзойи бадани жимирлаб кетди...
— Манави атирдан қизингизга олиб берсангиз, дарров рози бўлади!
Носир бошини кўтарди. Шундоққина ёнгинасида бир йигит қўлида атир билан иржайиб турибди. Носирнинг қони қайнаб кетди.
— Арзимаган пул. Бор-йўғи ўн беш сўм...
Носирнинг нигоҳи уч-тўрт стол нарида ўтирганларга тушди. Уларнинг ҳаммаси бараварига бу ёққа тикилиб ўтиришарди.
Гуллола яна бир жанжалнинг ҳидини сезиб, безовталанди.
* * *
— Масала анча жиддийлашиб кетибди. Бошқа ишлар билан овора бўлиб, оёғимизнинг остига қараш эсимиздан чиқибди. Ҳеч-қиси йўқ, тўғирлаймиз. Жўжахўрозларнинг бурнини ерга ишқалаймиз, — деди Ўктам ижирғаниб.
— Ака, — дея шу заҳоти ялтоқланишга тушди Содиқ, — сиз жуда обрўли одамсиз. Номингизга яхши бўлмайди. Биз тинчгина нариги хонага ўтамиз.
— Энди кеч, — деди Ўктам, — масалани ҳал қилишимиз шарт. Жўжахўрозлар орамизда юрган экан, патини юлиб қўймасак, эрта бир кун хўрозликка даъво қилишади.
Ҳалидан бери ўқрайиб, қўлида ўтмас пичоқ ушлаб турган Ўктамнинг шериги — Шерзод ошкора пўписага ўтди.
— Шу пичоқ олдин томоғингни кессинми ёки жигарингни иккига бўлиб ташласинми? — деди у.
Бобур иржайди:
— Бунинг учун юрак керак, ошна!
Шу пайт чойхоначи кириб келди. Қараса аҳвол чатоқ. «Тўғри, бу болаларга бир гапни уқтириб бўлмайди. Бир нима дейдиган бўлсанг, галалашиб сени ўртага олиши мумкин. Аммо аралашмасликнинг ҳам иложи йўққа ўхшайди», хаёлидан ўтказди у.
— Кечирасизлар. Райком бува ёнимиздаги ариқни кўргани келаркан. Ҳозиргина ҳайдовчиси келиб айтиб кетди.
У шундай дейиши билан ҳамма сергак тортди. Шерзод беихтиёр қўлидаги пичоқни дастурхон устига ташлади. Ўктамнинг ранги ўзгарди, чунки у отасидан азроилдан қўрққандай қўрқарди.
— Қачон келаркан? — дея сўради Ўктам чойхоначидан.
— Тез келса керак-да. Ҳайдовчи айтди-кетди. Шунга қараганда ҳали замон кўриниш бериб қолса керак.
Ўктам шу заҳоти юзига фотиҳа тортиб, Шерзодга имлади. Ўрнидан тураркан, Бобурга юзланиб:
— Ҳали сен билан ҳаммасини ҳисоб-китоб қиламиз. Ундан кейин тезроқ бу ердан қорангни ўчир! — деди ва сакраб чорпоядан тушиб югуриб кетди.
Бобур унинг ортидан иржайганча қараб қоларкан:
— Иштонини ҳўл қилиб қўйдиёв, — деди Содиққа. Сўнгра чойхоначига юзланиб, — лекин қотириб ташладингиз, — дея оёқларини алмаштириб ўтириб олди.
— Қарасам, бир-бировингни сўйиб ташлайдиган аҳволга келиб қолибсанлар. Олдини олай, дедим-да, — деб қўлидаги патнисни дас-турхон устига қўйди чойхоначи.
— Лекин ўзингизга жабр қилибсиз. Агар Ўктам ёлғон гапирганингизни билиб қолса, ёмон қилади, — деди Содиқ.
— Менга қара, ўзинг ҳам жа қўрқоқ бола экансан. Сал қолса, оёқлари остига поёндоз бўлай дединг. Ўктам ким бўлибди?! Тўғри, мен бошида унинг ҳурматини қилдим. Аммо қарасам ҳаддидан ошяпти. Агар Тўхта ака келиб юрагини ёрмаганида охиригача борардим. Керак бўлса, қорнини ёриб ташлардим. Бир бошга бир ўлим. Мен унақалардан қўрқиб обрўимни туширадиганлар хилиданмасман. Тўхта ака, ҳамма нарсани олиб келинг. Бугун ўзи асабий кун бўлди. Биттада чиқарвормасам, жинни бўлиб қоламан, шундайми?! — дея у қовоғини осилтириб Содиққа қаради.
— Умуман олганда, ёмонмас. Тўғри, битта-иккита хато бўлди. Аммо-лекин бопладик. Анавилар, — дея Абдуалимнинг оиласидагиларни назарда тутди Содиқ, — ўзлари билан ўзлари овора бўлиб қолишади. Анчагача афсусланишади. Ҳали сенга рози бўлмагани учун мингдан минг пушаймон ейишади. Манавиларнинг бўлса, кўрдинг аҳволини! Лекин ўзинг ҳам арслон бўлиб кетдинг. Ўзингга четдан бир қараганингда қойил қолардинг.
Маишат авжига чиқди. Суҳбатдошлар аста-секин бир-бирига осилиб қолишди.
Бобур «Мен дунёни бўлиб юбораман. Анави Ўктамга ўхшаганларни уруғ-аймоғи билан қуритаман», деб кўксига урса, Содиқ уни шу заҳоти қўллаб-қувватлайди. «Тўппа-тўғри айтасан. Бу районда сендан ўтадигани туғилмаган, туғилмайдиям. Сен ўзинг биттасан», дейди шу ҳолида ҳам хушомад ҳақида ўйлаб.
— Сен менинг отамни эсингдан чиқариб қўйдинг. Аслида, отам биринчи қаҳрамон. Ҳа, у биринчи. Ундан олдин бобом бўлган. Лекин у бойларнинг замонида бўлган... Ким бўлган, биласанми? Билмайсан. Аравакаш бўлган. Лекин бирортаям аравакашни ўзидан ўтказиб юбормаган. Мактабда ўқимаган бўлсаям ҳисоб-китобни қойиллатгани учун ҳосилот бўлган. Ишонсанг, менман деганларнинг бурнини ерга ишқаб ташлаган. Қанчасини турмага тиқиб юборган. Ҳа, шундай бўлган, шундай...
Бобурнинг кўзи тиниб борарди. Оғзидан нима чиқаётганини ўзи ҳам англамаётганди, Содиқ ҳам эшитмаётганди. У шунчаки Бобурга термилиб ўтирганди.
Кейин нима бўлганини икковиям эслолмайди.
Бобур кўзини очса уйида ётибди. Ён-атрофига аланглаб, Содиқни қидирди. Топмади. «Тушимда у билан кўришганмидим?! Чойхонада эдим, қандай уйга келиб қолдим. Томоғим қақраб кетяпти. Сув ичмасам ўлиб қоламан», дея ўйлади у. Бошини ёстиқдан зўрға кўтариб, синглисини чақирди. Бўғиқ овозини ўзидан бўлак ҳеч ким эшитмади. «Кеча ҳаддимиздан ошиб кетган эканмиз-да. Тавба, мени ким ечинтирди экан», дея ўйлади. Секин ўрнидан туриб, амаллаб шкафдан кийимларини олиб кийди. Гандираклаб-гандираклаб ташқарига чиқди. Ҳовлида чумчуқлардан бошқа бирорта жонзот кўринмайди. У бир-бир қадам босганча ювиниш хонасига кирди. Бошига муздай сув тегиб, бироз ўзига келгандай бўлди. «Ҳозир ошхонага кириб, битта аччиқ қаҳва ичаман», дея хаёл қилди ҳамда юзига сочиқни босганча ювиниш хонасидан чиқиб, ошхона томон юрди. Кутилмаганда қулоғига синглисининг нозли овози эшитилди.
— Йўқ, йўқ, акажоним. Кетманг... Сизсиз зерикиб қоламан. Қачон келасиз? Бир ҳафтада менинг юрагим иккига бўлиниб кетади...
Бобур унинг гапларини охиригача эшитишга сабри етмади.
— Нодира-а-а-а! — дея бўкирди бор овозда.
Ошхонада нимадир тарақлаб кетди. Бобур югуриб ошхонага кирди. Ҳаддан ортиқ очиқ кийиниб олган синглиси телефон гўшагини қўйган, ранги докадай оқариб турарди.
— Ким билан гаплашдинг?! Ким кетиб сен зерикасан?! — бўкирди Бобур.
— Эсингиз жойидами, ака?! Мен кимга шундай дебман? Инобат билан гаплашиб тургандим, — деди Нодира ўзини оқлаш учун.
— Инобат сенга «акажон» бўлиб қолибдими? — дея синглисининг устига бостириб кела бошлади Бобур.
— Қачон мен «акажон» дедим? Ўртоқ дедим!..
— Мени қулоғи кар, деб ўйлаяпсанми?!
Бобур шундай деб Нодиранинг юзига шапалоқ тортиб юборди. Қиз полга қулади.
Сочлари тўзиб кетди. Шу маҳал ошхонага Бобурнинг онаси кириб келди.
— Ҳа-а, зўравон! — дея бақиришга тушди она.
Бобур титраб-қақшаб онаси томонга қаради.
— Бунингиз телефонда кимлар билан нималарни гаплашаётганини эшитганингизда...
— Сен аввал ўзингни билиб ол! Ўзинг кеча лойга ботганингни, мелиса олиб келиб ташлаб кетганини биласанми, ит?! Отанг нима аҳволга тушганини биласанми?!
Бобурнинг бошига биров гурзи билан ургандай бўлди.
— Ичаверганидан мияси айниб қолибди, ойи! Инобат билан гаплашганимни ҳар бало, бир бало деб ташлади! Мени ўзининг ойимчаларига ўхшатяпти! — бақирди ётган жойида Нодира.
Нодирадан сўнг нав-батни онаси олиб, теша тегмаган, ҳали бирор марта ҳам ишлатилмаган яп-янги қарғишларни бошлади. Бобур онасига термилганча ҳайкалдай қотди. Чунки онаси уни илгари бундай ҳақоратламаганди. Энг ёмон ишлари ҳақида хабар топганида ҳам «Болажоним, эркатойим, сал ошиб юборибсан-да. Унақада дадангнинг обрўсига озгина путур етиш мумкин-да», дерди. Энди бўлса, худди кўчадаги дайдини қарғагандай қарғаяпти.
Бобур кутилмаганда ерга тупурди.
— Ана, энди ўзингизга келдингиз. Майли, мен кеча дабдалам чиқиб, бир жойларга ботиб, исқирт бўлиб келибман. Лекин ҳозир ақл-ҳушим жойида-ку! Ундан кейин бегонанимас, ўз синглимни...
— Ўз синглингни шунақа урасанми, номард?!
— Бўлди! Бу уйга умуман керагим йўқ экан. Кетишимни хоҳлаган экансиз. Ана мақсадингизга етдингиз!
Бобур ошхонанинг эшигини қарсиллатиб очиб, қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди.
Шунда ҳам сингил ўрнидан турмади. Полга бутунлай чўзилиб ётиб олди. Аммо бунга онаси эътибор бермади. У қўрқди. «Болам кетиб қолса нима қиламан?! Одамларникидай тўрт-бешта бўлса ҳам майлийди. Бор-йўғи битта», деган ўй ўтди зумда хаёлидан.
Ўғлининг ортидан югурган аёл унинг кийимларини шоша-пиша сумкага жойлаётганини кўрди. Сўнг:
— Болам, шаштингдан қайт. Жаҳл чиққанда одам нималар демайди. Сени яхши ниятда катта қилганман. Оқ сут берганман, болам. Мени энди тириклайин гўрга тиқиб кетма, — дея йиғламсиради.
«Бу бошқа гап, — хаёлидан ўтказди Бобур. — Ялинмай кўрсин-чи...»
У сумкасини ерга ташлади.
— Ҳамма нарсадан чарчаб кетдим, ая. Жонимга тегди ҳаммаси. Мен дам олишим керак. Бўлмаса, уйлантиришга улгурмасингиздан жинни бўлиб қоламан ёки ўламан. Ундан кейин анави шарманда қизингиз яна бир марта бегона болалар билан гаплашса, калласини олиб ташлайман. Тўғриси, мен чидаб туролмайдиганларданман. Орим бор! Орим!
— Ҳай, сенинг орингга...
Она-бола бирдан эшик томонга қарашди. Эшик оғзида Эшмирза ака турибди.
— Сенда ор борми? Кеча чойхонада нима қилиқлар қилганингни биласанми, ифлос?! Келиб-келиб райкомнинг ўғли Ўктам билан гап талашасанми?! Бошқа одам қуриб кетганмиди?! Агар мен бўлмаганимда ҳозир турмада ётардинг! Турмада!
Нечта магазиннинг ойнасини тош билан уриб синдирдинг?!
Эшмирза аканинг қони қайнаб кетаётганди. Гапиргани сайин бўғзидан ичидаги бор қаҳр-ғазаб отилиб чиқаётганди. Деворни муштлаганди қўли зирқираб кетди. Лекин бунга заррача ҳам эътибор бермади.
— Буям майли, бориб-бориб кампирга осиласанми, ит?!
Бобур буткул тамом бўлди. У отаси айтаётганларнинг бирортасини ҳам эслолмайди. Қаршисида Содиқ сузилиб ўтирганини билади, холос. Қолгани эсида йўқ.
— Дада...
— Сенга дада бўлгандан кўра итга дада бўлсам яхшимасмиди?!
— Аслида, — дея кўзини чақчайтирганча хотинига қаради Эшмирза, — ҳаммасига сен айбдорсан! Буларнинг ҳаммасининг бошида сен турибсан! Сенинг тарбиянг турибди! Мана, кўриб қўй энди! Катта бир соат тикка қилиб сўкди!
У шундай деганидан кейин бир хаёл шимининг камарини суғуриб олиб, ўғлини обдан дўппослаб, хуморидан чиқмоқчи бўлди. Аммо сўнгги лаҳзада шаштидан қайтди. Қолаверса, ўзининг ҳам нафаси сиқа бошлаганди. Шунинг учун ташқарига чиқиб кетди. Ҳалгинчакка ўтирди-да, юзини ишқалади. Сўнг тутатқи тутатди. Шу аснода сўкина бошлади. Аста-секин сўкишни қўшиққа айлантириб юборди. Шундай хиргойи қилардики, яхшилаб қулоқ тутилмаса, нима деяётганини билиб бўлмасди. Шунинг билан бирга у «Бопладим, аслида, каттани бир ҳафтадан бери кўрганим йўқ. Шунчаки кўча-кўйдан эшитгандим Бобурнинг қилиқларини. Энди эшитганларимнинг бир мисқоли тўғри бўлганида ҳам мендай одамнинг шаънига яхши эмас», дея ўйларди.
Ичкарида эса Бобур ёстиқни кўксига босганча юзтубан ётарди. Онаси бир неча марта унинг кўнглини кўтаришга уриниб кўрди. Аммо фойда бермади. Камига ўғли жеркиб берди. Шунда «Эй, Худо, мен сенга нима ёмонлик қилгандим. Худога ёмонлик қилиш бандасининг қўлидан келадиган иш эмас. Аммо шу Бобур тиши чиққанидан бери бир марта ҳам ҳалол луқма емаган эди-да. Отаси... Отасининг топиб келгани бунақа. Пора. Чет элдан келтирилган молларга устама нарх қўйиш, заҳри қотилнинг суюғини Келдисой қишлоғида яшайдиган Абдураҳмон исмли ошнасига ясатиб соттириш, қуруғини тоққа эктириб, унинг қоп-қора мойини сотиш... Пахта мавсумида эса эрим буткул пулнинг тагида қолиб кетади. Бу район тоғли бўлгани учун пахта экилмайди. Мактаб ўқувчилари, совхозларнинг одамлари, ташкилот ишчилари қўшни районга пул тўланадиган ҳашарга боришади (Ҳашарнинг ҳам пул тўланадиган тури бўларкан). Табиийки, озиқ-овқатни унинг магазинчилари етказиб беради. Пул қилиш имконияти борми? Бўлганда қандоқ. Эҳ-ҳе... Жилла қурса, суғориладиган жойдан ер олиб, помидор, бодринг эктирганида... Ана, ҳеч бўлмаганида боғдорчилик билан шуғулланганида ҳам луқма тозароқ бўларди», дея дийдиё қила бошлади.
Эшмирза хотинининг бу гапларини эшитиб, энсасини қотирди. Яна битта тутатқи тутатди. Сўнг ўрнидан туриб, хотинини чақирди.
— Менга қара, — деди кўзидаги ёшини тиёлмай турган хотинига, — мен бир-икки ҳафтага Бобурни бир жойга жўнатаман. Дам олиб келади. Сен бўлсанг, битта яхши қиз топ. Келганидан кейин уйлантирамиз.
— Хўп, — деди аёл бошини қимирлатиб.
Бошқа ҳеч нарса деёлмади. Деёлмайдиям-да. Чунки эри қайнаб турибди. Гапираман, деб унга ёқмайдиган бирон нима оғзидан чиқиб кетса борми, нақ хонумонини куйдириб юборади эри. Бундай воқеалар илгари кўп бўлган. Тўғри, у пайтларда ҳали улар янги келин-куёв эди. Бир-бири билан етарлича синашта эмасди. Аммо Эшмирзанинг ўшандаги дағдағаси аёлнинг хотирасида ҳали-ҳамон сақланади.
Эшмирза ёрдамчисига қўнғироқ қилиб, Зоминдаги саноторийга йўлланма олиб келишини буюрди. Ёрдамчи шу пайтнинг ўзидаёқ тополмаслигини айтганди бўралатиб сўкди. «Машинангни мин-да, пулингни кистангга солиб кел. Ҳозироқ жўнайсан», дея бақирди Эшмирза сўкишларнинг ортидан. Ёрдамчининг тили қисиқ. Ахир Эшмирза унга озмунча ҳиммат кўрсатганми... Шу боис ёрдамчи йўқ деёлмади.
Зомин тоғлари ўз номи билан Зомин тоғлари экан. Бобур илгари бунақанги жойни сира кўрмаганди. Табиатга, арчаларга, виқорли тоғларга маҳлиё бўлди. Кўкрагини тўлдириб-тўлдириб нафас олди. Кейин тандир гўштидан еди. Олдинига сотувчидан бирор килоча олишди. Кейин ўзлари ширбоз сўйдириб, тандир пиширтиришди. Буниси жуда бошқача бўлди...
Ёрдамчи у билан икки кун турди. Кейин «Дадангдан гап эшитиб қоламан. Саккиз кундан кейин келиб, сени олиб кетаман. Маза қилиб дамингни олавер», деб кетди.
Бобур яна уч кун маза қилди. Ўрмонда сайр қилиб, булоқнинг кўзидан сув ичди. Қирғиз аёллардан сут, қимиз олиб ичди. Охири буларнинг ҳаммасидан зерикди. «Эсиз, аҳмоқ бўлса ҳам Содиқни ўзим билан бирга олиб келмаган эканман. У бирон нималарни ўйлаб топарди. Ўн кунни маишат қилиб ўтказардик», дея ўйлади.
Ўнинчи куни кўчага чиқиб турди. Онда-сонда битта машина келиб қоларди. Бобур унга зўр эътибор билан тикилар, «Ишқилиб, Ориф ака бўлсин», дея хаёл қиларди. Лекин машина ҳар сафар бошқа бўлиб чиқаверарди.
Кун ботишига бир соатлар қолганида Ориф аканинг машинаси кўриниш берди. Бобур бу пайтда йўл четида спорт сумкасининг устига ўтирганча бошини ликиллатарди. Бобур олиб кетгувчини кутмай ҳам қўйганди. У олдига яна иккита шерик олволибди.
— Бугун-эрта қоламиз. Мен отангдан рухсат сўрадим. Айш-ишрат қиламиз. Ана ундан кейин кетамиз, — деди Ориф ака мамнун бўлганча.
Агар ёрдамчи айш-ишратни қўшиб гапирмаганида Бобур отасидан ҳам ўтказиб сўкиб юборган бўларди. Ориф ака уста экан, нима дейишни биларкан.
Ниҳоят, улар қайтишди.
Онаси ош дамлаб, стол тузабди. Ҳатто тўйга киядиган кўйлагини кийибди. Яна опа-сингилларини чақирибди. Бобур буларни кўриб:
— Эҳ-ҳе, тўй қиляпсизларми дейман, — деди.
— Болам, эркатойгинам, сенинг келишинг тўй бўлмай нима? Нақ ўн уч кун кўрмадим. Соғиниб адо бўлдим! — дея онаси уни қучоқлаб, юзидан чўлпиллатиб ўпди.
Ундан кейин холалар ўпишди. Кичкина холасидан таппининг ҳиди келди. У қишлоқда яшайди. Моллари жудаям кўп. Эри баджаҳл, ўзининг қўлидан кетмони тушмагани етмагандай уйидагиларни ҳам бир дақиқага эркин қўймайди.
— Хола, атир-патир сепиб юрсангиз бўлмайдими? — деди Бобур бурнини ошкора жийириб.
Холаси қизарди. Кейин қўлини силтаб:
— Биз қишлоқнинг хотинлари шунақамиз-да, Бобуржон, хафа бўлмайсан, — деб қўйди.
Тўпланиш бекорга эмас экан. Холаларнинг бари келинликка номзодларнинг рўйхатини тузиб қўйишибди.
Расмлари билан, албатта. Улар орасида талабаларидан тортиб, сут соғувчисигача бор.
— Биттаси ҳам бўлмайди, — деди Бобур. — Мен уйланадиган бўлсам, фақат Гуллолага уйланман.
Унинг гапини эшитганларнинг бари қотиб қолди.
(Давоми бор)