Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўнинчи қисм)
Содиқ кейинги кўчага бурилди. Шу ерда Бобур турибди. У муюлишда ҳаммасини кузатиб турганди. Сўнг машинаси томонга югуриб, моторни ўт олдирди, Содиқнинг келишини кутди. Ҳовлиққанча етиб келган Содиқ эшикни очди-ю, ўзини салонга отди.
— Ифлос, — бақирди унга Бобур, — нима қилдинг?!
— У нима қилганини кўрдингми ўзи?!
— Мараз, мен сенга тош от дедимми?! Ёш бола ҳам бундай қилмайди! Агар мелисага берса, энангни уч қўрғондан кўрасан, билдингми!
Бобур машинани жойидан қўзғатиб, икки-уч марта рулни муштлади. Сўнг бошини сарак-сарак қилди-да:
— Ҳалиям ақлинг кирмабди. Бошини ёришга бало бормиди, аҳмоқ! — деб бақирди.
— Ўзинг!..
— Нима ўзим?! Нима? Мен сенга қарзни сўра, дедим. Сен бўлсанг қовун тушириб ўтирибсан!
* * *
Раъно «Қизим», дея бақирди. Кейин қочиб кетаётган тош отганни қарғаганча Гуллолани қучоқлади. Бу бақир-чақирлар қўшниларнинг қулоғини динг қилди. Биров турган жойида қарғишнинг давомини эшитиш учун қулоғига янада кўпроқ масъулият юклади. Бошқа биттаси эса оёғини қўлига олди. Шундай қилиб Раъно ўзига келиб-келмай атрофида беш-олти ҳамсояси пайдо бўлди. Улар қарийб бараварига нима бўлганини суриштиришга тушиб кетишди. Ҳартугул, ораларида битта фаросатлиси топилди. У Раънога ёрдамлашиб, Гуллолани ичкарига суяб олиб кирди. Кейин уйига югуриб бориб, ярани боғлаш учун дори, бинт олиб келди.
Боши боғланган қизни жойига ётқизишди. Раъно йиғидан тўхтай демасди. Қўшнилар талай муддат унинг кўнглини кўтариш билан овора бўлишди. Улар ҳам тош отувчининг гўрига ғишт қалашди. Кейин уй-уйига тар-қашди. Раъно ўтиравериб толиққанидан бошқа хонага, болаларининг ёнига кетди. Дарвоқе, унинг яна иккита боласи бор. Бир ўғил, бир қиз. Ўғли ҳали кичкина, эндигина бешинчи синфда ўқияпти. Қизи Лола эса саккизинчида ўқийди. У ҳам анча кўзга яқин бўлиб қолган. Улар ҳам мана, неча кундирки қайғуда. Ҳеч бирининг юзида кулги кўрмайсан. Бундан Раъно янада эзилади.
«Агар Носир ака бўлганида ўша ярамасни ушлаб, қолган тишларини ҳам қоқиб оларди, — хаёлидан ўтказди Гуллола шифтга термилиб ётаркан. — У гарчи мен билан очилиб гаплашмаса ҳам, барибир, ёнимни оларди. Икки марта шундай қилди-ку. Агар ўзим илтимос қилсам, дадамни шу аҳволга туширганлар билан ҳам яхшилаб ҳисоб-китоб қилган бўларди... Нималар деяпман ўзи?! Носир аканинг мендан бош-қа ташвиши йўқми. Ундан кейин Носир ака нега доим менинг ёнимни олиши керак!.. Лекин кимдир, барибир, ёнимда бўлиши керак-ку... Бобур билан яшаш азобнинг ўзгинаси. Тақдиримни у билан боғлаганимда ҳозир бўлаётган машмашаларнинг бирортаси ҳам бўлмасмиди... Отам ғўддайиб юрарди. Уйимизга бир-биридан қиммат матолар келаётган бўларди. Бир-икки ойга қолмай бошқа уйга кўчиб ўтардим. Ана ундан кейин кўрадиганимни кўрардим. Лекин ота-онам, жигарларим қайғу кўрмасди...»
Қизнинг икки чаккасига ёш оқиб тушди.
Гуллола бир ҳафтача уйидан ташқарига чиқмади. Шу вақт мобайнида аясининг бир ўзи дадасининг ёнига қатнади. Бир сафар дадаси кўзини очганини айтди. Кейинги сафар ғўлдираб, бир нималарни гапирганини, учинчисида туришга уринганини айтиб келди. Лекин Раъно касалхонага ҳар бориб келганида тинмай йиғларди. Охирида Раъно қизига «Ўқишингга бор, бу ерда, барибир, қўлингдан ҳеч нима келмайди. Даданг ҳали кўп ётадиганга ўх-шайди. Ўқишингдан қолиб кетма. Ўзи шундоғам анча дарс қолдирдинг. Бошинг-ни боғлаб юришга уяладиган бўлсанг, пешо-нангга дўхтирларнинг оқ пластинасидан ёпиштириб ол. Биров сўраса, пешонамни уриб олдим, дейсан. Ўқитувчиларингга ҳам яхши баҳона бўлади. Ундан кейин сени ўқишга киритиб қўйишга ёрдамлашган домланг ҳам бор. Даданг ётиб қолганини унга айтмайсан. Бунинг ўрнига салом айт. Хуллас, унча-мунча қарашиб юборади у», дея насиҳат қилди. У бир нафасда шунча гапни айтди.
Гуллола «Хўп», деди ва эртасига шошилмасдан кийимларини йиғиштирди. Илгари сафаргирдай оёқ учида эмас, бемалол
уйидан чиқиб кетди.
Тўрт кун деганда Гуллоланинг яраси батамом тузалди. Аммо жароҳатнинг ўрни қизарганча қолганди.
* * *
Носир ҳар қанча уринмасин, пойлоқчини топа олмади. Бўлмаса, нечта кўп қаватли уйнинг у ёғидан кириб, бу ёғидан чиқди. Ҳаттоки уйига кирганидан кейин ҳам чироқни ёқмасдан деразадан пойлади. Ҳеч ким кўринмади. «Шубҳаланишга ўрганиб қолибман», деган хаёлга борди-да, каравотига чўзилиб ётди ва бугунги кунини ҳисоб-китоб қила бошлади. Ана шу пайт эшик қитирлагандай бўлди. У қулоғини динг қилди. Каравотини ғижирлатмасдан амаллаб ўрнидан турди-да, оёқ учида юриб, эшик ёнига борди. Йўлакка қулоқ тутганди, қандайдир оёқ товуши эшитилди. У шоша-пиша эшикни очди-ю, бирдан йўлакка чиқди. Аммо оёқ товуши пастки қаватда икки мартагина эшитилди. «Бундан чиқди, хавотирим тўғри. Орқамдан кимдир пойлаб юрибди. Демак, Толиб мени кузатиб юриши учун одам қўйган. У менга ишонмайди. Олдинига анави қиз пойлаб юрди. Лекин кейин у тан олмади. Энди ким юрган экан? Ким ўша кўринмас одам? Менимча, улар бир киши бўлмаса керак. Агар шундай бўлганида, барибир, кўриб қолган бўлардим. Толиб мендан қаерда, ким билан турасан, деб бир оғиз сўрамади. Ҳаттоки ота-онамни ҳам суриштирмади. Бундан чиқди, хуфиёна аниқлаштириб олмоқчи ва агар кутилмаганда уларга хизмат қилмай қўйсам, яқинларим орқали суробимни тўғирлаб қўймоқчи», дея шу гапларни хаёлидан ўтказди Носир.
Унинг сира уйқуси келмади. Ошхонага кириб чироқни ёқди. Картошка тозалаб, пиёз ва гўшт билан қовурди. Чой дамлади-да, ўтириб овқатланди. Бу вақт мобайнида бирор марта бўлсин безовталиги тарқамади. «Ҳозир бирор жойга борай, десам кеч бўлди. Демак, ҳаммасини эртага қолдиришим керак. Ҳозир ётаману, ҳеч нарсани ўйламасдан кўзимни чирт юмиб ухлайман», дея ўйлади у. Аммо чирт юмиш фойда бермади. Уйқу уни бегона қилди.
Носир ташқарига чиқди. Кўча томон эшигидан эмас, орқа тарафдан чиқди. У томоннинг ҳовлиси ёртилмаган. Фақат айрим уйларнинг деразаларидангина шуъла тушиб турибди. Улар ҳаммаёқни ёритишга ожизлик қилади. Носир бирдан югуришга тушди. Ярим соатлар чамаси бир жойда тўхтамади. Кейин хиёбон томон бурилди. У ерда дарахт остини юмшоққина кўрпа деб билган пиёнистани кўрди. У икки букилиб олганди. Ора-чора бир нималар деб ғўлдираб ҳам қўярди. Носир унинг ёнгинасидан нафрат билан, ижирғаниб ўтиб кетди. Кейин севишганларга дуч келди. Уларга кўзи тушган заҳоти Носир уялди ва бошқа томонга бошини буриб кетди. Йўл бўйига чиқди. Машиналар жуда сийраклашиб қолганди. Унисига қўл кўтарди, тўхтамади, бунисига қўл кўтарди... Ниҳоят, учинчиси тўхтади. Ҳайдовчи беш сўмга зўрға шаҳар ташқарисигача олиб боришга кўнди.
Носир спорт залида қарийб тонггача шуғулланди. Бу унинг тинка-мадорини қуритиб юборди. Шундай эса-да, бир дақиқа ҳам дам олишига рухсат беришмади. «Охирги кунларда вазн олибсан, шуни чиқариб ташлаш керак», дейишди.
У уйига келганида қуёш бўй кўрсатиб қолганди. Тушгача қотиб ухлади. Ғайрат акаси келиб қолмаганда, эҳтимол, кечгача ҳам ётавериши мумкин эди.
— Нима қилиб ётибсан? — деди у Носирнинг кўзи шишиб кетганини кўриб. — Ўзиям эшигингни ярим соат тақиллатдим. Одам дегани тушгачаям ухлайдими?
Носир бошини қашлаб, «Келинг», деди. Кейин ўзи ювиниш хонасига кириб кетди.
У Ғайрат аканинг ёнига келганда уйқуси бироз ўчган эди. Аммо ҳали ҳам қовоқлари шишиб турарди.
— Нима, кечаси билан ухламадингми? — деди Ғайрат унга қараб.
— Сал-пал ухладим.
— Сал-палмиш. Сен бола ёмон айниб кетяпсан. Анавилардан узоқроқ юр, десам, бориб қўшилиб олдингми? Энди сен ҳам бечораларнинг шўрини қуритиш билан шуғулланасанми?!
— Ака, мен ҳеч қачон ундай иш қилмайман. Чой қўйганингиз учун раҳмат. Қаҳва дамлаб берайми?
— Дамла.
Қаҳвасини ичиб бўлгунча Ғайрат ака индамай турди. Сўнг:
— Нима ишлар қилиб юрибсан? — дея сўради.
— Сиз хавотир оладиган ҳеч нима қилмадим. Ҳаммаси жойида, — жавоб берди Носир.
— Йўқ, сен шошма. Илгари бошингга битта чивин қўнса ҳам гапириб берардинг. Тўғри, мен сени Ҳалим ака билан таништириб қўйдим. Лекин унинг ҳам сен билан бир пуллик иши йўқ. Агар ҳаммасини гапириб бермайдиган бўлсанг, ака-укачиликни йиғиштириб қўйганимиз маъқул.
Носир кулди:
— Қўйсангиз-чи бу гапларни. Ўзингиз «Сен билан қиёматлик ака-укамиз», дегансиз. Сал нарсага энди тўнингизни тескари кийиб олаверасизми? Айтдим-ку, ҳаммаси жойида. Ҳали вақт-соати келса, барини бирма-бир гапириб бераман. Фақат, ака, бундан бу ёғига мен сизнинг уйингизга борсам... Бу ерга келиб-кетишингиз хавфли. Мени тўғри тушининг.
Ғайрат ака шу заҳоти юзига фотиҳа тортиб, ўрнидан турди ва эшик томон юрди.
— Ғайрат ака, дарров хафа бўлманг. Ака, мен сизнинг хавфсизлигингизни ўйлаб шундай деяпман.
Ғайрат ака тўхтади-да, ортига ўгирилди. Сўнг:
— Ташвишимни қилмай қўя қол. Ҳали ўзим учун ўзим жавоб бера оламан. Қариб, кучдан қолганимда эса болаларим ёнимда бўлишади. Бўпти, яхши қол, — деб чиқиб кетди.
«Одам ҳам шунчалик ўжар бўладими?» дея кўнглидан ўтказди Носир.
Шу куни Носир кун оға бошлаганида аввал шуғулланган спорт залига борди. Мураббий «Шу пайтгача қаерда юргандинг, бор, энди сенинг керагинг йўқ», дея қайтариб юборади деб ўйлаган эди. Аммо у очиқ чеҳра билан кутиб олди. «Сендай чемпион бўладиган йигитлар бир жойларда санқимаслиги керак», деди. Машғулот охирида эса «Келмай қўйганинг билинди», деди. Аммо жа унчалик эмасди. Шунчаки тунги машғулот Носирни чарчатиб қўйганди.
Машғулотни тугатиб, ташқарига чиқса Толибнинг икки йигити турибди.
— Қаерларда юрибсан, қидирмаган жойимиз қолмади. Эрталаб шеф сени сўраттирганди, — деди улардан бири.
— Ҳеч қаерда. Ухлаб қолибман, кейин бу ёққа келдим, — дея жавоб қилди Носир ва «Жигули»нинг орқа ўриндиғига ўтирди.
— Калимангни қайтариб юр. Очиғи, шеф жаҳли чиққанида ҳеч кимни аяб ўтирмайди. Ишқилиб, енгилроқ жазо берсин, — деди ҳайдовчи йигит.
— Фалончи пайти келасан, демади-ку, — деди Носир ўзини оқлаган бўлиб.
— Ҳеч қачон демайди. Ўзинг эшигининг тагида буйруқ кутиб туришинг керак.
Носир гўё асабийлашгандай дераза томонга қараб олди.
Ўнқир-чўнқир йўллардан юрган машина шаҳарнинг шундоққина биқинидаги маҳаллага бурилди. Бироз юргач, ўнгга қайрилди ва ёнидагиларга нисбатан баланд қилиб қурилган тўртинчи иморат дарвозаси ёнида тўхтади.
— Кутиб туринглар, — деди ҳайдовчининг ёнида ўтириб келган йигит ва машинадан тушди.
У дарвозани оҳиста уч марта тақиллатди. Кичик табақа очилди. Серсоқол ва гавдали йигит кўринди. Улар ўзаро гаплашишгач, ҳайдовчининг шериги изига қайтди-да, машинанинг эшигини очди ва:
— Туш, шеф кутиб турибди, — деди.
Носир машинадан тушишда ҳаяжонини билдирмаслик учун чуқур-чуқур нафас олди.
— Қўрқяпсанми? — деди унинг елкасига қўлини қўйган йигит. — Ҳечқиси йўқ, ўлмасанг одам бўласан.
Носир унга ўқрайиб қараб қўйди.
Ичкари анча кенг экан. Ҳовлида бир қарич ҳам очиқ жой қолмаган. Ҳамма ёққа паст-баланд уйлар қуриб ташланган. Бу ёққа бир оралаган одам қайтиб чиқишга йўл ҳам тополмайди. «Булар нимага керак экан?» дея ўйлади Носир.
Уни дарвозадан кирганда ўн тарафдаги уйнинг ертўласига бошлашди. Олдинда эшикни очган барзанги кетиб борарди. Ўнг қўлида бир қарич келадиган ингичка занжир. У ўша занжирни айлантириб ўйнаб кетаётганди.
Ертўлага эни икки қадам келадиган йўлакдан тушишди. Бу йўлак худди лабиринтга ўхшар экан. Юрасан, қайриласан, юрасан, яна қайриласан. Яна давом этсанг, аҳвол шу. Барзанги миқ этмайди. Унинг қадам товуши ва айлантираётган занжирининг шиқиллаши эшитилади, холос. Носирнинг эса кўзи олазарак: гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга қарайди. Икки тарафи ҳам шифтга қадар девор. Аммо у қарайверади. Юрак қурғур эса баттар қаттиқ урмоқда. «Битта уйнинг ости шунчалик каттами? Ёки биз қўшниникига ўтиб кетдикми? Нима керак экан, ертўлани йўлак қилавериб», хаёлидан ўтказди у.
Ниҳоят, улар темир эшикка дуч келишди. Йўл бошловчи ёнидан калитини чиқариб, эшик қулфига тиқди-да, уч марта шарақлатиб буради. Кейин эшикни очди.
Йўлак ичи ним ёруғ эди. Бу ёқнинг чироғи катта, шекилли, ҳаммаёқ чароғон. Эшикдан кейин икки қадам юрар-юрмас тепага қараб зина бор экан.
Йўл бошловчи тепага кўтарилди. Носир унинг ортидан эргашди. Зина тугади. Яна темир эшик. У ҳам очилди. Бу ёғи уйнинг катта зали. Қаердандир кимнингдир ўкираётгани эшитиляпти. «Менга ўхшаган бирортасини қийнашаётган бўлишса керак», кўнглидан ўтказди Носир. Ва гўёки ҳеч нимани ҳис қилмаётгандай, бу ерга илгаридан келиб юргандай:
— Оғзига латта-патта тиқиб қўйиш керак экан, — деди барзангига.
Барзанги унга қаради. Пешонасини тириштирди. Кейин бошини қашлади. Аммо лом-мим демади.
Улар эшик ёнида туриб қолишди. Барзанги ниманидир кутаётгани тинимсиз залнинг тўрт томонидаги тўртта эшикка қараб қўяётганидан сезиларди.
— Шеф менга ҳар қандай шароитда ҳам ёнига тўғри кириб бораверишим мумкинлигини айтган. Нимани кутяпмиз? — деди Носир тоқати тоқ бўлиб.
— Жим! — деди барзанги дўриллаган овозда.
— Кутаверсак, нега вақтида келмадинг, деб қоладими дейман-да. Ундан кейин, зарур иши бўлса...
— Ўч, дедим сенга! — деди бу сафар барзанги Носирга ўқрайиб.
— Ҳа, энди туравермасдан...
Барзанги бирдан унинг тирсагидан ушлади-да, маҳкам қисди. Қўли ўзиям темир бўлиб кетган, шекилли, Носирнинг суякларини синдириб юборай деди.
— Бўлди, тушундим. Кутамиз.
Барзанги Носирнинг қўлини қўйиб юборди. Орадан тахминан йигирма дақиқалар ўтиб (бу пайтда Носирнинг тоқати тоқ бўлганди), сўл тарафдаги жигар ранг эшик очилди. Ундан ориқ бир йигит чиқиб, тўғри уларнинг ёнига келди. Носирга бошдан-оёқ разм солгач, унинг чўнтакларини ковлади. Текширмаган жойи қолмади.
Ишини битирган ориқ барзангига «Ортимдан юр», дегандек боши билан ишора қилди.
Улар боя текширувчи чиққан эшикдан ичкарига киришди. Бу хона ҳам худди зал каби кенг экан. Тўрда устига қип-қизил мато ташлаб қўйилган диванда Толиб оёғини чалиштирганча ўтирарди. У Носирни кўриши билан ўрнидан турди. Сўнг гарчи оёғининг остида гилам бўлса-да, оёғининг остига тупурди. Ва шиддат билан юриб келди-да, Носирнинг юзига қулочкашлаб мушт туширди. Носир бундай зарбаларга бемалол чап бера оларди. Аммо бу сафар бошини олиб қочмади. Ва атайин йиқилди. Шу заҳоти унинг қорнига ҳам тепки тегди. Носир оғриқдан ингради.
— Ақлини киритиб қўй! — деди Толиб ёнидаги барзангига.
Буйруқ кутиб турган барзанги Носирнинг қўлтиғидан ушлаб, бир силташда уни ердан кўтариб олди.
— Бу итнинг ҳам жони йўқ экан-ку! — деди Толиб.
Носирни яна қайтариб ертўлага олиб тушишди. У ерда барзангига ўхшаш яна иккитаси кутиб турарди.
Носир Талъат Нигматулин ҳақида эшитган эди. У Вилнюсдами, Таллиндами ўз устози томонидан ўлдирилган. Бўлмаса, у каратэ бўйича мамлакат чемпиони эди. Унча-мунча рақибни кўрдим демай даф қиларди, ҳатто устозига ҳам бемалол кучи етарди. Бироқ у калтакларга жавоб қайтармади. Қайтариш кераклигини англаб етганида эса кеч бўлганди...
Носир ҳозир ўзини худди Талъатнинг ўрнидагидек ҳис этди. Толиб унинг устози эмас. Аммо вақтинчалик норасмий хўжайини. Толиб Носирнинг жағига мушт туширди, қорнига тепди. Шу билан бас қилди. Хўш, бас қилмаганда нима бўларди? У калтакни еб ётаверардими? Ҳамма жойи ишдан чиқиб бўлганидан кейин Талъатга ўхшаб уришсам бўларкан, деб ўйлармиди?.. «Хўжайин бир мушт ва бир тепки билан қаноатланди. Энди манави гўрсўхта ер-тўлага олиб тушиб нима қилади? Боя қулоғимга кимнингдир ўкиргани эшитилди. У ҳам худди мен каби хатога йўл қўйган, шефнинг асабига ўйнаган бўлса керак-да», деб ўйлади Носир ва:
— Менга қара, исминг нима? — дея сўради қўлидан ушлаб кетаётган серсоқол барзангидан.
— Исмимни ўзинг билиб оласан. Сабр қил, оз қолди.
Барзанги шундай деб иржайиб қўйди. Унга азоб берганида қандай ўкиришини ўйлаб, ширин энтикди. Чунки барзанги бировларнинг жонини оғритганида роҳатланади, ўзини тенгсиз қудратга эга одамдай тасаввур қилади. «Керак бўлса, — дейди баъзан хаёлан, — Толиб қўлимга тушиб қолса, суякларини қарсиллатиб синдираман! О-о-о, унинг ўкириши бошқача бўлади-да». Аммо дар-ҳол хаёлидагиларни қувиб солади. Чунки шундай орзу қилаверса, куни келиб унинг ўзи Толибнинг қўлида азобланиши мумкин-да. Битта «азоббардор»нинг (Толибнинг ертўласида қийновчиларни улар шундай деб аташарди) бошига шундай кун тушган. Шўрлик хаёл қилиб юравериб-юравериб, охири шерикларидан бирига оғзидан гуллаб қўйибди. Шу ондаёқ унинг гапи Толибнинг қулоғига етиб борибди. Толиб ҳам чўзиб ўтирмай эшитгани заҳоти уни ертўлага туширтирибди ва...
Улар бояги йўлакка тушишди.
Носир Толибнинг ёнига келаётганида ертўла йўлагининг ҳар бир қаричига зўр эътибор билан қараб келганди. Унда бирорта ҳам тешик кўрмаганди. Аммо нафақат тешик, балки бутун бошли эшик ҳам бор экан. Барзанги пастга тушишлари билан ўн томондаги деворни итарган эди у бир томонга қийшайиб очилди. На тутқич, на қулф бор. Бир қулочча келадиган деворнинг маълум қисми қайрилади, олам гулистон. У ёғи югуриб чарчайдиган спорт зали. Ўзиям кўтарадиган тошлардан тортиб, турниккача бор. Бу ерда Толибнинг йигитлари машқ қилишади, бир-бири билан олишишади. Бировининг тош кўтараверганидан елкаси каттариб кетган, бошқасининг билаклари шишган, кўрсанг чўчийдиганларинг ҳам бор орасида. Одатда, улар бошқаларга нисбатан икки ҳисса кўпроқ овқат ейишади. Кейин ўттиз икки килолик тошни отиб ўйнашади. Қарабсизки, мана шунақа девкелбат бўлиб кетишади.
Бу залда ҳозир ана шунақалардан иккитаси бор. Биттаси турникка тортиляпти. Иккинчиси штанга билан машқ қиляпти. Носирнинг кўзи уларга тушиши билан: «Демак, мени уришмайди. Шунчаки машқ қилдиргани бу ёққа олиб кирди», деб ўйлади. Аммо шу заҳоти юзига келаётган муштни илғаб, чап беришга зўрға улгурди. Ва барзангининг нозик жойига шунақанги қаттиқ тепдики, кўзи чиқиб кетай деди бечоранинг. У қотиб қолди ва секин энгашди. Нафас ололмай қолди. Шунда Носир унинг умуртқасига тирсаги билан жуда тез урди. Бу билан барзангига ҳам ёрдамлашиб юборди, ҳам оғриқ берди. Чунки унинг нафас йўли очилиши билан бирга белида қаттиқ оғриқ турган эди.
Тош кўтараётган ва турникка осилаётган икки девкелбат йигит ҳайратдан қотиб қолишди. Бири тошни секин ерга ташлади, иккинчиси турникдан тушди. Улар бир-бирига қарашди.
— Мен бошлайман, — деди тош кўтариш билан шуғулланаётган барзанги оғир оёқларини бир-бир кўтариб ташлаб, Носирга яқинлашиб келаркан.
Тўғрисини айтганда, у Носирдан қарийб икки баробар гавдалироқ эди. Кўкраклари бўртиб чиққан, билакларининг мускуллари буралиб-буралиб кетган, йўғон томирлари ёриб чиққудек кўриниб турарди. Бу одам Толибдан бошқа бировга бўйсунмас эди. Ҳаттоки отасига ҳам. Муштумзўрлиги учун икки марта қамалиб ҳам чиққан. Ўша иккинчи марта «ўтирганида» Толибнинг йигитлари билан танишиб қолганди. Турмадан чиқди-ю, тўғри Толибнинг ёнига келди. Ўла-ўлгунича Толибга хизмат қилишга онт ичди. Мана, хизмат қилиб юрибди. Ойда икки, кўпи билан уч марта мана шу ертўладан маишат қилиш учун чиқади. Ота-она, қариндош-уруғнинг ҳолидан хабар олиб келишни хаёлига ҳам келтирмайди. Толиб йигитлари учун қурган ҳаммомда обдан маишат қилади. Маза қилиб еб-ичади. Буларнинг ҳаммасига, албатта, пул тўлайди. Чунки Толиб текинга бировга бир тийинлик нарса бермайди. Бунинг устига, Толибнинг йигитларидан бор-йўғи иккитасигина ҳаммом унга тегишли эканини билади, холос... Бир тарафдан пул берса, бошқа томондан қайтариб оляпти. Бундан биров хафа бўлмайди. Бу барзанги Қодирбой Толибнинг ана шундай йигитларидан бири эди. Ғўдайиб пул оларди ва яна худди шундай ғўдайганча сарфлаб келарди.
— Ўзинг айт, — деди у Носирга етишига уч қадамча қолганида, — суякларингни синдириб ташлайми ё олдин ичингни эзайми?
— Қўлингдан келганини қил, эплаёлсанг агар, — деди Носир.
Ўша пайтда Носир Талъат Нигматулинни яна бир марта эслади ҳамда Қодирбойдан олдин ҳужумга ўтди. Сабаби, энг яхши ҳимоя ҳужум эканини у яхши биларди. Носир барзангининг юзига икки марта мушт туширди-да, қочиб қолди. Бунақанги зарбани бошқа биров, айтайлик, Носирнинг жуссасидагилар қабул қилиб олганида, албатта, бир ёқли бўларди. Аммо Қодирбой қимир этмади. Фақат муштдан кейин юзини ушлаб қўйди-да, иржайди. Сўнг:
— Шуми боринг? — деди.
Аммо оғзидан шу гап чиқар-чиқмас яна тўрт марта унинг бурнию лаби Носирнинг мушти билан сийланди. Энди буниси олдинги зарбаларга нисбатан яхшигина таъсир қилди. Ҳатто Қодирбойнинг боши айлангандай бўлди ва у:
— Эй-й, онангни сени... — дея Носирга ташланди.
Аммо кўзи сал-пал тингани сабаб бўлдими ва ёки бесўнақайлигими, рақибини тутолмади. Шу пайт Носир унинг томоғига, кекирдагига «солиб» қолди-да, яна ўзини олиб қочди. Қодирбойнинг шериги хохолаб кулди.
— Ёрдам керакмасми?! — деди у ошнасининг қонини баттар қайнатиб.
— Ўзим эплайман! — бақирди Қодирбой.
Аммо эплаёлмади. Носир сира тутқич бермади. Ҳали у ёнида, ҳали бу ёнида пайдо бўлади-да, икки-уч марта уриб яна йўқолади. Кейин рўпарасида пайдо бўлади. Бир марта ҳатто унинг орқа томонидан ҳам зарба берди.
Қодирбой чарчай бошлади. Ҳаракатлари олдингидан сусайди. Бундан фойдаланган Носир зарбалари сонини оширди. Охири Қодирбой қулади. Ертўланинг поли гурсиллаб кетди.
Шу пайтгача уларни иржайиб томоша қилиб турган йигит — Ҳусаннинг юзи бирдан ўзгарди. У ғазаб билан бурнини артди-да, югурди. Носирнинг ёнида беш килолик ва ўн килолик тошлар бор эди. У муштлашиб ўтирмасдан шулардан бирини олди-да, рақибининг кўксига урди. Тош, барибир, тош-да, тегдими, ишини қилади. Барзанги кўксини ушлаганча секин ўтирди. Носир уни ҳам аямади, иккинчи тош билан оёғига урди. Бир нима қарсиллагандай бўлди: барзанги бўкириб юборди.
— Ана бўлди, — дея кафтларини бир-бирига уриб қоқди Носир, — маза қилдингларми?
Эшик ёнида ётган барзанги ўкирди.
— Лўқиллаб кетяпти! — дерди у.
— Эсиз, — деди Носир бошини чай-қаб, — шеф бу аҳволларингни кўрганидан кейин каллаларингни сапчадай узиб ташласа керак. Лекин сизлар мендан хафа бўлманглар. Чунки мен шунчаки ўзимни ҳимоя қилдим. Бўпти, яхши қолинглар!
— Оёғим соғайсин, кунингни кўрсатаман! — деди Ҳусан.
— Ха-ха-ха! — дея бақириб кулди Носир, сўнг кулгидан тўхтаб қўшиб қўйди. — Аввал ўзингни ўйласанг-чи. Сен шефнинг қўлидан тирик чиқаман, деб ўйлаяпсанми?! Сен яхшиси, мен бу ерга келгунимча оёғингга тош тушиб кетганини хўжайинга айт. Агар мен сени шу аҳволга солганимни билса, терингга нақ сомон тиқади-я!
Носир бориб «эшик»-нинг бир четини секин итарди. Аммо у негадир очилмади.
«Нима бало, буниям «сим-сими» борми дейман», деди Носир ва деворнинг бошқа томонидан қаттиқроқ итариб қўйиб юборган эди, эшик негадир яна ичкарига очилди. Демак, эшикни қайси томондан итарсанг ҳам бир тарафга очиларкан. У йўлакка чиқиб, зинадан юқорига кўтарилди. Яна ўша катта зал. Толиб қўлида тўппонча билан асабий бир ҳолатда у ёқдан-бу ёққа юрибди. У Носирни кўриши билан кўзи чақчайиб кетди ҳамда Носирга тўппончасини тўғирлади.
* * *
Бобур машинани чойхона ҳовлисигача ҳайдаб борди. Сўнг тушиб, эшикни қарсиллатиб ёпди-да:
— Ўлик билан бирга юрганимни билмаган эканман! — дея бақирди.
Содиқ шеригига ўқрайиб қараб турди-да, сўнг ютинди ва у ҳам машинадан тушди.
— Шунча вақтдан бери тушунтириб келяпман-ку. Шундай бўлиб қолди, нима қилай энди. Каллангни узиб ташла, де, узайин. Ҳадеб ҳар бало деяверма. Ўзи уруғ-аймоғим қолмади, ҳаммасини бирма-бир сўкиб чиқдинг!
— Кошки шу билан сен итнинг қилган ишинг жойига тушиб кетса! — бундан баттар бақирди Бобур.
— Бўлди, ҳаммасини ўзим тўғирлайман. Бу ёғига ташвиш қилма.
Улар олдинма-кейин чойхонага киришиб, сўрига чиқиб ўтиришди. Чойхоначи келиб бир Содиққа, бир Бобурга қаради.
— Ҳа, нима бало бўлди? Бир-бирингни еб қўйгудек бўлиб келдинг. Жа ичак-қорин эдинглар-ку, — деди сўнг.
— Эй-й, сўраманг, ака. Манави товуқ мияга бир иш айтувдим, расво қилди! Нимангиз бор, опкелинг! Икки кундан бери одамга ўхшаб бир нима еганим йўқ! Миям ҳам ёрилиб кетай деяпти. Аввал шу «бош оғриғи» дорисини келтиринг! — дея ўқрайиб Содиққа қараб қўйди Бобур.
— Укам, — деди чойхоначи босиқлик билан, — икки кунлик қарзларинг бор. Кимдир тўлайдими? Мен пул топширишим керак.
Бобур чойхоначини биринчи марта кўриб тургандай ажабланиб қаради. Кейин қовоғини осилтирди.
— Тўхта ака, тилингиз чиқиб қолибдими?! — деди овозини баландлатиб.
— Ҳа, энди, чойхона давлатники, бу ердаям ҳисоб...
— Ҳисобмас, — дея мийиғида кулди Бобур, — ҳисобни тилга ола кўрманг. Сизнинг ҳисоб деб гапиришга ҳақингиз йўқ. Нима, мени, бу ерга келиб-кетаётганларни гўл деб ўйлаяпсизми? Чучварани хом санабсиз, акагинам... Айтганча, сизда телефон борийди-а?
— Телефон? — деди бирдан ранги оқарган Тўхта чойхоначи. — Телефонни нима қиласан, Бобуржон?!
— Қариндошларингизга қўнғироқ қилиб, бир ҳол-аҳвол сўраб қўяй. Ундан кейин қоринчангиз тўйиб қолганини ҳам айтаман. Орқангизга лой суваш вақти келганини ҳам хабар қиламан.
— Қўйсанг-чи, укам. Мен шундай, бир хил пайтлари сал айниб қоламан-да. Сен кўнглингга олма, ҳозир айтганларингни есть қиламан.
Чойхоначи шундай деб бўйнига илинган сочиғи билан пешонасини артди-да, шоша-пиша кетди.
— Бу ерда бир гап бор, — деди чойхоначи кетиши билан Содиқ. — Бекорга ғимирлаб қолмаган бу ит эмган. Шу пайтгача минг сўмлаб қарз бўлиб кетганимиздаям миқ этмасдан юрарди.
— Гапингда жон борга ўхшайди. Биз йўқлигимизда кимдир устимиздан обдан ювинди ағдарган. Ўзингни гўлликка солиб ўтир. Керак бўлса, ора-чора менга бақириб қўявер. Қани, бу яна шайтонлайдими, йўқми, бир кўрамиз. Лекин бирдан бошлама. Аввал сал бошнинг оғриғини қолдириб олайлик.
Содиқнинг юзи ёришди. Чунки Бобур «ов»га бориб қайтганларидан бери энди одамга ўхшаб гапираётганди.
— Бу ёғини ўзим тўғирлайман. Шу бир марта адашдим-да. Абдуалим акани кўз очиб-юмгунча қулоғига лағмон илиб, қарзга ботириб ташлагандим. Ҳайронман, қизининг олдида нима жин уриб қовун туширдим.
— Ҳа, энди, қизи кетворган-да. Чиро-йини кўриб тилинг айланмай қолган, — дея кесатди Бобур.
— Лекин чиройига чинданам гап йўқ. Жаҳли чиққан пайтиям очилиб кетди. Сенинг ўрнингда бўлганимда ким нима десаям, ўзи рози бўлмасаям ўшанга уйланардим. Менга қара, унақанги қизлар билан кўчада юрсанг, одамларнинг оғзи очилиб қолади.
— А-а, жа оғзингнинг суви оқибдими дейман, — дея унга синовчан тикилди Бобур.
— Оғзим очилишга улгурмади. Умуман, менинг бошқа жойда оғзимнинг суви оққан. Сенинг...
Шундай дейиши билан Содиқ бирдан тилини тишлади. Сабаби, сал қолса Бобурнинг синглисининг исмини айтиб юборай, деди. Айтганида борми, манави турқи совуқ уни аниқ бир нима қиларди.
— Нима сенинг? — деди ҳамон ундан кўзини узмай турган Бобур.
— Сенинг... — деди бироз довдираган Содиқ, — сенинг омадинг бор-да, демоқчийдим.
— Тулкисан, Содиқ, тулки...
Тўхта чойхоначи келиб уларнинг гапи узилиб қолди. Иккиси ҳам унинг патнисидагини кўриб қувонди. Содиқ бир ютиниб қўйди-да, томоғини силаркан. «Аслида, мана шундан яхшиси йўқ. Қизларинг ҳам, бошқаларинг ҳам бунинг олдида икки пул. Чунки бу одам танламайди. Оғзинг қийшиқ, бўйинг калта, камбағалсан, тагинг паст, демайди. Ҳаммага баробар. Ким биринчи ушласа, ўшаники. Яна биров бировдан рашк қилмайди. Қайтанга бўлишади», дея хаёлидан ўтказди.
Бир соатлар чамаси вақт ўтганидан кейин марказий касалхона бош шифокорининг ўғли Шерзод билан районнинг энг каттасининг боласи Ўктам оппоқ «Волга»да келди. Уларни кўриб нафақат чойхоначи, балки Бобур билан Содиқ ҳам шошиб қолди. Иккисининг ҳам сал-пал боши айланиб турганди. Бироқ шунга қарамай ўрниларидан туришди. Иккиси баравар салом беришиб, амалдорларнинг болаларини юқорига ўтказишди. Чойхоначига бир дунё буюртма беришди. «Бўйни узуннинг тозасидан олиб келинг», дейишди.
Бунақаси Тўхта чойхоначида бор. Ҳар ойнинг бошида базадан беришади. «Ҳар кимнинг ҳам олдига қўяверма. Бу фақат нозик одамлар учун. Тўғри, сенинг чойхонангга унақалар боришмайди. Лекин, барибир, билиб бўлмайди. Бирортаси боши айланиб ўтиб қолса, оддийсидан қўйиб ўтирма», дейишади. Тўхта худди бошлиқлари айтганидай қилади. Ойнинг йигирма тўқ-қизигача кутади. Агар ҳеч ким келмаса, кўнглига ёққанларга инъом қилади. Лекин пулини икки баробар олади.
— Бу Бобурбой, — деди Ўктам орқасига қўйилган ёстиққа суяниброқ ўтираркан, — сен тўғрингда ҳар хил гаплар юрибди. Шуларнинг ҳаммаси ростми?
— Нима гап экан, ака? — деди Бобур.
Гарчи Ўктам ундан бир ёшга кичик бўлса-да, Бобур унга «ака» деб мурожаат қилди. Чунки Ўктам кўча безорилигида Бобурдан ўтса ўтардики, ортда қолмасди. Унинг яна иккита акаси бор. Улар ўта босиқ, мулоҳазали. Ҳар ким билан ҳам гаплашавермайдиган, баъзи давралардан ўзини тортиб юрадиган йигитлар. Аммо битта палакда ҳар хил қовун пишаркан. Ўктам палакнинг ё кун урган ва ёки сояда қолган жойида битиб қолган. Отаси Арслон Қаюмович Ташанов бошқаларнинг олдида ўғлини сал шўхроқ бола, деб таърифлайди.
— Ўзингни аҳмоқликка солма. Мана, Шерзод акам, — деб бош шифокорнинг ўғлини кўрсатди Ўктам, — ўз қулоғи билан эшитибди. Буни қара, сен тўғрингдаги гаплар олдин шаҳарга етиб бориб, ундан кейин районга қайтиб келаркан.
— Рости, қайси гапни эшитганларингиздан бехабарман.
— Ипирисқи ишларим жудаям кўп демоқчисан-да, — дея хихилаб кулди Ўктам.
Содиқ эса ич-ичидан қувонди. «Ит, кўрдингми сендан ҳам зўрлар кўп. Қани, буларгаям бақириб кўр-чи. Бир кучингни кўрайлик-чи», дея кўнглидан ўтказди.
— Энди жа унчаликмас. Лекин ора-чора адашиб қоламиз. Ие, ана, Тўхта акам қулинг ўргилсиндан опкелди, — дея иржайди Бобур.
— Кўрдим, — деди шу заҳоти қовоғини осилтирган Ўктам, — энди бу ердан сур! Бизнинг сен билишинг шарт бўлмаган гапларимиз бор.
Бобур ичидан зил кетди. Бошини эгиб, лабини тишлади. Кошки эди, ўрнидан турса-ю, манави ярамасларнинг ёқасидан олса, кейин юзига мушт туширса, чорпоядан ағдариб юборса. Кошки эди... Аммо қилолмайди. Агар шундай ишга қўл урса, эртагача тирик қолмаслиги аниқ...
(Давоми бор)