Найти тему
euroasia.me

Тоғ кўчкиси (Еттинчи қисм)

Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Еттинчи қисм)

* * *

Гуллолага онасининг гапи биринчи марта Бобурнинг оғзидан эшитганчалик таъсир этмади. Шунга қарамасдан унинг кўзидан ёш оқди.

— Дадам бераман деяптими? — деди у лаби титраб.

— Ҳали айтгани йўқ. Лекин кўнглида шундай нияти борга ўхшайди, қизим, — деди Раъно Гуллолага айбдордай боқиб.

— Унда ҳозир дадам билан ўзим гаплашаман. Агар мени ўшанга раво кўрадиган бўлса, унда ўзимни ўлдираман.

— Унда мен нима қиламан? Мен ҳам ўзимни ўлдириб қутулайми? — деди қизининг сўзларидан даҳшатга тушган Раъно.

— Ая, мен у билан қандай яшайман?.. Тўхтанг, унда совчилар билан ўзим гаплашаман. Менга совчи бўлиб келишларидан олдин ўғлини тўғри йўлга солиб олишсин. Ҳэ йўқ, бэ йўқ, келиб эга чиқаверишадими? Бекорларни айтишибди, — деб Гуллола энди ўрнидан турмоқчи бўлганида Раъно унинг қўлидан ушлаб қолди.

— Шошма, бизни шарманда қилма. Барибир, биринчи марта келишидаёқ бериб юбормаймиз сени. «Маслаҳатлашайлик», дейилади. Ҳозир кетишсин, ана ундан кейин икковимиз дадангни ўртага оламиз.

Гуллола иложсиз қолди ва совчиларнинг кетишини кутишга мажбур бўлди. Аксига олиб совчилар ҳам кета қолишмади. Бўлган-бўлмаган гапларни гапириб ўтиришди. Гуллола дамба-дам соатга қарайди. Хонада у ёқдан-бу ёққа боради, яна соатга қарайди. Ора-чорада келиб-кетиб турган онасига савол назари билан тикилади. Совчиларнинг ҳали ҳам ўтиришганини эшитиб жаҳли чиқади. Полни тепади... Ниҳоят, совчилар кетишди. Гуллола хонасидан отилиб чиқди. Меҳмонхонага кирди. Дадаси совчиларни кузатиб келиб, ёнбошлаганча пиёласидаги чойни ҳўплаётган экан. Қизини кўрди-ю, қовоғини осилтирди. Гуллола стол устида нақ учта шиша кўрди. «Ҳа-а, бекордан бекорга бемалол ўтиришмаган экан-да бу совчилар», дея кўнглидан ўтказди.

— Ҳа, нима гап, қизим? — деди Абдуалим қўлидаги пиёлани хонтахта устига тўқиллатиб қўяркан.

Гуллола нима деярини билмай бир муддат гапиролмай туриб қолди.

— Тилинг борми? Нима гап? — қайта сўради Абдуалим ва шишалардан бирини қўлига олди.

— Дада, мени анави сўхтаси совуққа эрга бермоқчимисиз? — деди Гуллола ва қалтираб кетди.

— Қайси сўхтаси совуқ? — дея шишани қайтиб жойига қўйди Абдуалим ва қизига термилди.

— Бугунги келганларнинг боласи...

Абдуалим бирдан кулиб юборди. Шу пайт Раъно келган эди, бирдан қовоғини осилтириб олди. Шу билан «Кўриб қўй тарбиянгни», демоқчи бўлди.

— Эшитдингми? Мен қизимни сўхтаси совуққа берармишман. Ўзим ҳам нима деб от қўйсам экан, деб ўйлаб тургандим, қизинг дарров топиб берди, — деди у Раънога ва Гуллолага юзланди. — Нега сизни унга берарканмиз, қизим? Сизни қоқ қишлоққа, йиртиқ ковушини судраб, молнинг орқасидан юрган подачига берамиз. Энди маъқул келдими?

— Кимга берсангиз беринг, лекин ўша безорига эмас! — деди Гуллола ва отасининг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамасдан эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди.

— Кўрдингми? Шаҳарда ўйнатиб қўйганимизнинг оқибати бу! Аслида, ҳаммасига сен айбдорсан.

— Қасдингиз борми қизингизда, — деди бу сафар Раъно бўш келмай.

— Тушунмадим?

— Гуллола «Агар дадам мени Бобурга берадиган бўлса, ўзимни ўлдираман», деяпти.

— Ўлдираман деди?! Сенларнинг каллаларинг айниб қолган. Сенлар мени ўлдириш учун бу уйга келгансанлар... У-ку майли, гўдак, лекин сенинг миянг қаёқда?! Шунча йил мен билан яшадинг, бирор марта зиёнимга иш қилганимни кўрганмисан, а?! Айт, кўрганмисан?!

— Кўрмаганман, сиз фақат фойдангизга ишлайсиз. Гуллолани ўзи ёқтирмаганига беришингиздаям фойда бор...

— Нима демоқчисан? Тилинг чиқиб қолибдими?

— Агар Гуллола ўзини-ўзи ўлдирса, сиз зиён кўрасизми?

— Ўлдирмайди. Ўзим унга яхшилаб тушунтираман. Сен бўлсанг кўз-қулоқ бўлиб юр. Бор, уни ёнимга чақир. Ҳар нарса деяверма. Йўқол, ёнимда кўзингни лўқ қилиб турма! Ўзиям бойўғлиникига ўхшайди кўзинг.

Раънонинг эти музлаб кетди. Бир пайтлар бу тил унинг кўзини оҳуникига ўхшатганди. Энди бойўғлиникига тенглаштириб турибди.

Гуллола отасининг ёнига киришни хоҳламади. «Чўпон бўлмаса, тиланчига берсин. Шу Бобурга бермаса бўлгани», деди. Аммо Раъно йиғлади, сиқтади, қизининг сочини силади. Ўзининг ҳам борлигини эслатди ва охири кўндирди.

Гуллола дадасининг қаршисида бошини эгиб турарди.

— Қизим, энди гап бундай. Ўлдим-куйдим, деган нарсалар ўтади-кетади. Нима қолади, биласанми? Обрў-эътибор ва зар. Агар шу иккита нарсанг бўлса, ўйнаб-кулиб яшайсан. Агар бўлмаса, итнинг кунини кўрасан. Менинг қорним бир бурда нон билан тўяди. Лекин мен сизларнинг келажагагингизни ўйлайман. Сизларнинг тўкис яшашингизни хоҳлайман. Шунинг учун жонимни жабборга бериб ишлайман. Ва яна бир-иккита одам билан муомалани қуюқ қиламан. Шундай қилмасам, эшакдай меҳнат қилганим бир пул... Бу масаланинг биринчи томони. Иккинчи томони, мен сени ҳали бировга бераман, деб ваъда қилмадим. Мабодо шундай ниятим бўлса, сендан ҳам маслаҳат сўрайман. Боя жаҳл устида гапириб юбордим. Сен кўнглингга олма.

— Дада, — деди Гуллола бошини кўтариб отасига қараб қўяркан, — ишдан кетсангиз, қийналиб қоламизми?

— Бу нима деганинг, қизим?

— Ишдан кетсангиз, кунимиз ўтмай қоладими, шуни билмоқчийдим.

— Нимайди? Ишдан кетайми?

— Агар мени шу болага бермасангиз, сизни ишдан ҳайдашадими?

— Балки. Лекин бунгача боришмас. Аммо орага совуқчилик тушиши мумкин.

— Унда, дада, ишдан бўшанг. Мен ўқишимни ташлайман. Бирорта фабрикага ишга кираман. Аям нон цехида ишлайди. Лекин оёғингизга бош урайин, мени унга берманг, илтимос! Мен у билан яшаёлмайман! Шу даражада нафратланаман!

Абдуалимнинг қовоғи учди. «Бу қизни шаҳар бузиб юборибди. Илгари кўзимга қарашга ботинолмасди. Энди ақл ўргатяпти», дея ўйлади.

— Яхши. Ўқишга бормайсан. Бу уйда менинг гапим гап бўлади. Бу уйнинг муаммоларини мен ҳал қиламан. Нима десам шуни қиласанлар. Гапимдан чиқадиган бўлсанг... Кўзимдан йўқол, мени отам дейдиган бўлсанг, гапимни икки қилмайсан!

Гуллола тонггача йиғлади. Қовоғи шишиб, кўзлари қизарди. Ҳали ҳеч ким уйғонмасидан нарсаларини йиғиштириб, уйдан чиқиб кетди.

Уйдан чиқаётганда «Нима бўлса бўлди. Аламимни ўқишдан оламан. Онам учун ҳам Бобурга тегаман. У қанчадан-қанча майин, силлиқ сочларни силаган, эркалаган. Ана шу қўллар мениям эркалайди. Кўзимни чирт юмаман», дея ўйлаганди. Бироз юрганидан сўнг дарров ниятидан қайтди. «Шошма, индамай тегиб кетавераманми? Жоним бор экан, охиригача курашаман. Отамнинг гапини икки қилмайман. Аммо энди буткул бошқа йўлдан бораман», дея қатъий қарорга келди.

У уйга қайтиб келди. Спорт кийимларини кийди. Сочини тараб, орқасига ташлади. Кейин обдан бўянди. Ойнага қараб, лабини тишлади-да, «Омад сенга ёр бўлсин, қизгина», деди ва ташқарига чиқиб кетди.

Раъно уни кўрди. «Вой, ўлмасам, бу қиз бунақа кийиниб қаерга кетди?» дея кўнглидан ўтказди. Бир хаёли эрини уйғотмоқчи ҳам бўлди. Бироқ шу заҳоти ўрнидан туриб, апил-тапил рўмолини ўради-да, қизининг ортидан югурди.

Гуллола тўғри Бобурнинг уйига борди. Олдинига эшик қўнғироғини чалди. Кейин бунга ҳам қаноатланмай дарвозани муштлаб урди. Орадан бир муддат ўтиб:

— Ким? — деган қиз боланинг уйқусираган овози келди.

— Оч, кўрасан! — бақирди унга Гуллола.

Олдинига шиппакнинг овози эшитилди. Кейин қулф икки марта буралди. Сочлари тўзиган, кўзини зўрға очиб турган қиз кўринди.

— Ҳалиям сасиб ухлаб ётибсанми? — деди Гуллола унга ижирғаниб қараб.

* * *

Толиб Усть-Каменогорскка олти вагон вино жўнатди. Иш осон битди. Йигитлари ҳамма ҳужжатларни кўз очиб-юмгунча сохта қилиб етказиб келишди. Яъни бу ҳужжатлар кўрсатишгагина бор эди. Ваҳоланки, ҳеч қаерда қайд этилмаганди. Толиб қарийб ўн йилдан бери шу ишни қилиб келади. Бир марта ҳам панд емаган. Бу ёғи Володянинг ўзи келиб, пулни нақд санаб беради. Сўнг у Володяни сийлайди. Тоққа олиб чиқади. Фалон нарсани овлаймиз, пистон нарсани отамиз, деб ўтирмайди. Йигитлари бозордан сархил мева сотиб олишади. Ёшига етмаган иккита қўй сўйилади ва қолган нарсалар ҳам шунга монанд олинади. Кейин бу ёғи тўртта машина бир-бирини қувиб, тоққа жўнайди.

Ширмойбулоқнинг қуйи қисмида шаршара бор. Ўша шаршарадан йигирма қадамча пастда шунақанги гўзал яланглик борки, кўриб кўзинг қувнайди. Ва бу ялангликнинг ўртасидан шаршара оқиб ўтади. Ана шу ерга кўрпача тўшалади, дастурхон ёзилади. Магнитафон қўйилади, хонимлар рақсга тушишади. Бу шовқин шаршара шовқинини босиб кетади.

Толиб сув бўйига бориб, чалқанча ётиб олади. Бу ернинг бошқа жойларга ўхшамайдиган яна бир томони шундаки, ёз чилласида офтобнинг тиғида ётсангиз ҳам иссиқ урмайди. Бунинг ўрнига танангиз яйрайди. Ейсиз, ичасиз, лекин тўймайсиз. Кейин бошингиз айланиб гандиракламайсиз. Бундан ташқари, муздеккина булоқ сувига бошингизни бир-икки марта тиқиб олсангиз борми, қушдай енгил бўласиз.

— Володя, мен сени ҳар сафар фақат шу ерга олиб келаман. Сен бўлсанг кўнглимни оламан, деб Усть-Каменогорскнинг тўқсон тўққиз жойини кўрсатасан. Энди росингни айт, ўша оборган жойларинг битта мана шу ерга тенг келоладими?!

— Сен ҳақсан, Толик! Аслида, мен доим мана шу ерни соғиниб келаман. Хотинимга мақтанаман. Унинг ичи куяди. Лекин олиб келмайман. Нимага, биласанми, сеникилар қуёш кўрган, шуниси одамнинг бўғзидан олади! — деб хохолаб кулди Володя.

— Балосан, хушомад қилишниям боплайсан. Аниқ биламан, анави обком секретарида ишлайдиган калбош отангдан ўтган!

— Тўппа-тўғри. Олдинига мен ҳам ишонмасдим. Чунки у менга ўгай-да. Лекин ким сени тарбияласа, ўшанга ўхшаб қоларкансан. Аммо ҳозир хушомад қилаётганим йўқ. Ҳақиқатан ҳам, бу ер жаннатнинг ўзгинаси. Сен менга жўнатадиган мол сифатли бўлса...

— Шошма, шошма! Индамасам ҳар нимани гапириб ташлайверасан. Ундан кўра сувга битта тушиб чиқ, гапларинг алмойи-алжойи бўлиб қолибди. Нима дединглар?! — қичқирди Толиб уларнинг гапини истамасалар ҳам жон қулоғи билан эшитиб турган йўғон, ингичка овозлиларга. Улар бараварига қийқиришиб, Толибнинг гапини маъқуллашди.

Ҳаш-паш дегунча биринчи қўзининг гўшти тугаб, иккинчисиники бошланди. Чунки келганларнинг бирортасининг ҳам оғзи тинмаётган эди. Толиб шундай бўлишини олдиндан билади. Шу боис яна учта ширбоз айттириб қўйган. Тўғрироғи, йигитлари айтмаса ҳам олиб келишади. Бирон нима кам бўлиб қолса, шефнинг жаҳли чиқишини яхши билишади-да улар.

Айшу ишрат бундан ортиқ бўлмас. Аммо Володянинг юраги така-пука. Ҳар доим шундай бўлади. Чунки у ҳеч қачон Толибга ишонмайди. «Бу кўзи ўйнаган ғаламис бир нарса қилиб мени ўлдириб юбориши ҳеч гап эмас. Тўғри, ундан кейин бунинг ўзи ҳам соғ қолмайди. Лекин унинг нима бўлиши билан ишим йўқ. Аммо мен ўладиган бўлсам, қайта туғилмайман. Ана шу нарса ёмон», дея ўйлайди у.

— Володя, — деди вақт тушдан сал ўтганида Толиб, — манавини шахсан ўзим ўз қўлим билан тайёрлаганман. Шунинг учун ҳам уч литрли идишга солиб келдим. Бу деганим меҳмоним, яъни сен ва ўзимдан бошқа бировга бермайман.

У иккита косани тўлдириб қуйди ва бирини ўзи сипқорди. Иккинчисини Володяга узатди.

Навбатдаги машина келди. У юқоридаги каби ноз-неъматлару ширбоз гўшти билан тўлдирилган эди.

Толиб келтирилган нарсалар билан қизиқмади. Чунки унинг кўнгли бошқа машғулотни тусаб қолганди. Оппоқ, узун бармоқларнинг тирноғига нозиклик билан қўйилган бўёқни томоша қилмоқда эди у. Аслида, томоша қилмаётганди. «Бу ҳойнаҳой чет элдан келтирилган бўёқ бўлса керак. Яна бундан француз атирининг ҳиди келиб турибди. Бундай нарсалар учун пулни қаердан олади бу ойимча», дея ўйлаётганди. Ойимча эса қиқирлаб кулгани-кулган, «Ёқдими?» деб сўрагани-сўраган эди.

— Пулни қаердан олдинг? — сўраб қолди бир маҳал Толиб томдан тараша тушгандай.

Қиқирлагичнинг юзидаги табассум шу заҳоти йўқолди. Бирдан ингичка қошлари чимирилиб, узун киприклари пирпиради.

— Тўйдан, — жавоб берди у истар-истамай.

Чунки Толибга ёлғон гапириб бўлмайди. Ёлғони ошкор бўлиб қолса, у ҳар қандай одамнинг бошига итнинг кунини солади.

— Тўйдан? Мен сенга отарчиларга қўшилма дегандим-ку! — ўдағайлади Толиб.

— Иложсиз бўлиб қолдим. Тўла назорат остида чиқдим.

— Пул керакмиди?

— Ҳа.

— Охирги марта буюраман сенга. Бошқа бирор марта ҳам тўйга бормайсан. Бундан бу ёғига қанча пул керак бўлса, ўзимдан оласан. Керак бўлса, қоплаб бераман. Шу сафар кайфиятим яхши бўлгани учун жазодан қутулдинг. Бунинг устига, меҳмон бор. Аммо кейинги сафар кечирмайман, уқдингми? Сенинг қадди-қоматинг, рақсинг фақат мен учун!

— Хўп бўлади, — дея жилмайганча Толибнинг пешонасидан ўпиб қўйди ойимча.

Шу пайт йигитлардан бири Толибнинг ёнига келди-да, қулоғига шивирлади.

— Ким дединг? — деди Толиб пешонасини тириштириб.

— Носир деган бола. Ўшани топдик. Айтсам ишонмайсиз. У вокзалда оддий юк ташувчи экан.

Толиб илжайди. Кафтларини бир-бирига ишқалади.

— Бизга айнан шундайи керак. Юк ташувчиларни қўлга ўргатиш осон бўлади. Йигитлардан тўрт-бештасини олиб, оёғини ерга теккизмасдан бу ёққа олиб кел! Мен бугун шу ерда қоламан!

— Хўжайин, — деди хабарчи иржайиб, — босайликми?

— Ҳа, — деди Толиб ва ёнидагининг силлиқ сочини силади, — эшитдингми, Гуля?! Булар шунақа, фақат босишни билишади. Фаросатни эса онасининг уйида қолдиришган.

Қиз унга майин жилмайди.

— Мана шу табассумингга беш кетаман-да сенинг! Жоним чиқиб кетай дейди. Дунёдан кечворгим келади. Лекин сен буни тушунмайсан. Тушунмаганинг учун тўйма-тўй юрасан, шундайми, ярамас?! Шундайми?! — дея кутилмаганда Толиб қизнинг сочини ғижимлади.

— Вой, вой! — дея ингради Гуля.

— Вой-войлама, жаҳлим чиққанда учраб қолдинг. Аслида бу манавининг насибаси эди, — дея Толиб ҳайратланиб турган хабарчининг башарасига шапалоқ тортиб юборди. — Босма, ит! Босма! Авайлабгина, эркалабгина, силаб-сийпаб, пешонасидан ўпиб, елкангга ўтқазиб олиб кел, уқдингми?

— Ҳа, тушундим, шеф, тушундим! Худди айтганингиздай қиламан.

Шундай дея хабар келтирган йигит машинаси томон югуриб кетди. Толиб унинг ортидан қараб бурнини ишқалади, кейин қизга юзланди. Нозанин лабини тишлаб ўтирарди. Бечорага қийин. Аразлаб кетолмайди, қаттиқ гапиролмайди, йиғлаёлмайди. Кучи шу лабига етади. Лабини тишлайди.

— Ҳмм, — дея унинг қўлини кафтига олди Толиб, — тегиб қолдими?

— Айбим нима? — шивирлади қиз.

— Сенинг айбинг йўқ. Сен оппоқсан. Қор ҳам сенинг оқлигинг олдида хижолат. Энди ўрнингдан тургин-да, Володяни бу ёққа чақириб кел. Кейин болаларга айт, дастурхонни шу ерга олиб келишсин. Мен у ёққа боришга эриниб кетяпман. Шу пайтгача қизартираётган бўлсак, энди оқартирамиз. Бўлмаса, бу Володя ҳали бери айнимайдиганга ўхшайди.

Қиз дарров ўрнидан турди-да, унинг айтганини бажариш учун нари кетди. Толиб чўзилиб ётди. Кейин икки думалаб, майса устига ўтди. Ўтни ҳидлади. Ўпкасини тўлдириб ҳидлади. Антиқа ҳид урилди димоғига. Тани роҳатланди. Кўзини чирт юмди-да, ёшлигини эслади.

Болалар уйидаги мураббийлар уларни бир марта тоққа олиб чиқишганди. У тоғдан думалаб кетганди. Кўпмас, қияликдан беш олти марта умбалоқ ошганди. Ҳеч қаерига ҳеч нарса қилмаган эди. Юзтубан ётиб қолганда туйганди бу ҳидни. Ўшандаям маза қилганди. «Эҳ, қандай даврлар эди-я, ҳеч қандай ғам-ташвишинг йўқ. Ўйнайсан, қорнинг очқайди, овқатланасан. Фақат шу ўқитишгани чатоқ бўлганди-да», ўйлай бошлади у. Толибнинг калласига бирорта ҳам ўқитувчининг гапи кирмасди. Унга «Сен одам бўлмайсан», дейишарди. Мана, одам бўлди. Бўлганда ҳам бутун бошли областни сўраб турибди. Қўли ҳали анча узоққа етади унинг. «Одам бўлмайсан, деган ўша ўқитувчиларни бир кўрсам эди...»

— Чақирдингми? — деган овоз Толибнинг хаёлини бўлди.

— Чақирдим, Володяжон, чақирдим. Ёнингга бормай, ўзингни чақирганим учун минг бор узр, ошнажон. Кам кўришамиз, шунинг учун кўпроқ гаплашайлик дедим-да. Қалай, ўзи яхши дам оляпсанми? — деди Толиб иржайиб.

— Яхшиям гапми, даҳшат! Бориб бир-иккита билаги зўрларга айтаман. Бир ичи эзилсин.

— Сен уларга айтма. Калласи зўрларга айт.

— Уларга айтишга менга йўл бўлсин.

— Шундай жойни кўрмагани, маишат қилмагани учун баттар бўлишсин. Ўзи сендан бир нарсани сўрамоқчи эдим. Ҳозир оқлашни бошлаганимиздан кейин сўраш бефойда.

— Сўра, — дея Володя кўрпачага ўтирди ва бурнини тортиб қўйди.

— Итни қандай қилиб қўлга ўргатиш мумкин?

Шундай деб Толиб кўзини қисганча Володяга термулди. Володя унинг қарашига эътибор бермади. Қутичадан тутатқи олиб тутатди. Сўнгра тутунни қўли билан ҳайдаб:

— Бу ўргатувчининг мақсадига боғлиқ, — деди.

— Масалан?

— Масалан, сенинг итинг бор. У сендан бошқа ҳаммани қопишини истайсан. Хўш, нима қиласан? Чуқур қазасан, уни шу чуқурга ташлайсан. Ва фақат ўзинг овқат бериб борасан. Бечора ит шунақа аламзада бўладики, чуқурдан чиқариб олганингдан кейин дуч келганни қопиб кетаверади. Бу биринчиси. Иккинчиси, уни ҳамма билан бирга боқасан. Шунда у ҳеч кимни қопмайди. Думини ликиллатиб, дуч келганнинг ёнига бориб, қўлига термулиб туради. Учинчиси ҳам бор. Тез-тез «бос-бос», деб турасан. У айтганингни бажарадиган бўлади. Энди итни қўлга ўргатишда яна бир нарсага жиддий эътибор бермоқ керак. Яъни унинг зотига.

— Менга қара, файласуф бўлиб кетибсанми? — дея кулди Толиб ва битта қўлига танасининг оғирлигини ташлади-да, ўрнидан туриб ўтирди. Ана шу маҳал дастурхон олиб келишди.

— Бунча имилладинглар, қорним пиёзнинг пўсти бўлиб кетди-ку! — дея яна кулди Толиб.

* * *

Носир ўйлаганидай бўлди. Ўша куни уни биров сўраб келмади-ю, лекин эртасига қоп-қора «Жигули»да учтаси келди. Улардан бири ўрта бўйли, қолган иккитаси гавдали ва узун бўйли эди. Йигитлар тўғри Носирнинг ёнига келишди.

— Сенинг исминг Носирми? — сўради ўрта бўйли йигит.

— Шундай. Нимайди? — дея унга тикилди Носир.

— Шеф сўраяпти.

— Ким у шефинг?

— Борганда кўрасан.

— У сенга шеф бўлса керак, лекин менга ҳеч ким эмас. Керак бўлса, ўзи келсин.

Келганлар Носирдан бунақанги жавобни кутишмаганди. Шу боис бир-бирига қараб қўйишди. Шунинг билан бирга уларнинг қони ҳам қайнади.

— Ҳов, — деди ўрта бўйли йигит, — менинг исмим Зулфиқор. Мени шаҳарда билмайдиган одамнинг ўзи йўқ. Лекин шеф мендан бир неча марта баландда туради. Шунинг учун унинг таклифини рад этаётганда орқа-олдингга қараб ол!

Носир бошини буриб ортига, сўнгра олдига қаради. Кейин ўзини Зулфиқор деб таништирган йигитга юзланди:

— Ана, қараб олдим. Ҳеч нима ўзгармади. Гапим гап. Агар бошқа ишинглар бўлмаса, кетаверишинглар мумкин.

— Менга қара, шеф бизга сени тинчгина олиб боришимизни айтган. Акс ҳолда ҳозир пешонангдан дарча очиб қўйган бўлардик! — деди гавдали йигит.

— Қанақанги лақмасанлар? Нега энди мен ҳэ йўқ, бэ йўқ, бегона одам чақирса, югуриб боришим керак?!

Зулфиқор тишини тишига босиб, қўлини мушт қилди, холос. Чунки хўжайиндан рухсат йўқ.

— Менга қара, биз сенга одамга ўхшаб тушунтиряпмиз. Аввало, сен уни танийсан, бузилган завод эсингдан чиқмагандир. Ўшанда қутулиб қолгандинг. Аммо энди ёмонликка оладиган бўлсак, отанг ҳам қутқариб қололмайди. Ёш бола экансан, нима қиласан жонингга жабр қилиб? — деди Зулфиқор ўзини босишга ҳаракат қилиб.

Носир шу заҳоти жилмайди.

— Мана бу бошқа гап. Олдимга келволиб, шеф чақирди дейсанлар. Фалончи ака, денглар. Айтганча, барибир, отини билмайман-ку. Хўш, шефинг мени қаерда кутяпти? — дея сўради Носир Зулфиқордан.

— Узоқмас.

— Яхши, борганим бўлсин. Лекин биттанг қоласан. Чунки мен минганимдан кейин машинада жой бўлмайди.

— Нимага? — деди барзангилардан бири.

— Орқа ўриндиқда бир ўзим ўтиришни яхши кўраман. Амалдор бўлмоқчиман. Ҳамма амалдорлар орқа ўриндиқда ёлғиз ўзи ўтиради. Бу бир. Иккинчиси, сенга ўхшаганлар билан ўтириб кўрганман. Ҳарқалай, шу сафар заводга ўзимни билиб боришни хоҳлайман.

— Кўп гапирадиган бола экансан-да, жоним чиқиб кетяпти! — дея қўлини силтади Зулфиқор ва шерикларидан бирига юзланди: — Лочин, сен қолавер. Ўзимиз олиб борамиз.

Носир атайин уларнинг жиғига тегиш учун бошини ғарчиллатиб қашлади. Сўнгра «Ҳозир келаман», деб ортига бурилиб кетди. Тўғри Ғайрат аканинг ёнига борди. Унга:

— Зарур ишим чиқиб қолди. Бир жойга ғизиллаб ўтиб келай, — деди.

— Ҳой, бола, кўзингга қара. Анави турқи совуқлар кимлар? Нега келишибди? — деди Ғайрат ака пешонасини тириштириб.

— Танишлар, озгина иши бор экан. Шуни битириб бер, дейишди. Сиз ҳеч нарсадан хавотир олманг, дарров келаман.

— Ҳеч бўлмаса қаерга кетаётганингни айтиб кет. Излашга осон бўлади, — дея энсасини қотирди Ғайрат ака.

— Хавотир олманг, дедим-ку, — дея Носир унинг елкасига қўлини қўйди.

Буларнинг бари вагоннинг ичкарисида бўлди. Ғайрат ака шу ерда эди. Носир яқинлашиб келаётганида эса вагонга кириб кетганди. Носирга ҳам шу нарса керак эди. Чунки анавилар Ғайрат акани кўриб қолишса, эрта бир кун унинг ҳам бошини қотириши мумкин.

Носир ўзи айтгандай «Жигули»нинг орқа ўриндиғига ўтириб олди. У гарчи ўзини жуда бемалол кўрсатаётган бўлса-да, ҳаяжонланар, бу ёғи нима бўлишини ўйлаб сиқиларди.

* * *

Қиз кўзини ишқалади-да, рўпарасидаги сатангга яхшилаб қаради.

— Тушунмадим, — деди киприкларини пирпиратиб, — сиз кимсиз ўзи?

— Аканг мени сенга янга қилиб олиб бермоқчи, овсар, шуниям билмайсанми?!

— Нимага ўзингиздан ўзингиз азонлаб бировнинг уйига келволиб, бақир-чақир қиляпсиз?! — деди Нодира.

Дарвоқе унинг исми шундай эди.

— Сеникилар кечаю кундуз бизникига бориб, ўтириб олганидан кейин мен бир марта эрталаб келиб сени ноз уйқунгдан уйғотсам, осмон узилиб ерга тушармиди?! Уйингдагиларга айтиб қўй, бизникига бошқа қадам босишмасин. Уқдингми?! — дея Гуллола кўрсаткич бармоғини Нодиранинг пешонасига ниқтади.

Нодирага шу ёшигача биров бундай қилмаганди. Бирдан «Вой!» дея бақириб юборди.

Нодиранинг онаси Хонзода ҳам энди уйғониб, ҳовлида керишиб турарди. Дарвозахонада бўлаётган шовқинни эшитиши билан шу томонга югурди. Дарвозанинг кичик эшигидан отилиб ташқарига чиқди. Жуда бошқача кийимда бўлган Гуллолани танимади. Шу боис Нодиранинг дугоналаридан бири бўлса керак, деб ўйлади.

— Саҳардан нима дод-вой! — деди қовоғини осилтириб.

— Манави, манави сатанг! — дея Нодира йиғламсираб қаршисидаги қизни кўрсатган эди, Гуллола бирдан узиб олди.

— Ўзинг сатангсан! Хуллас, тушундинг-а?! Мен бошқа қайтариб ўтирмайман. Яна бир марта қорасини кўрсатишса, оёқларини уриб синдираман. Кейин кучугимиз ҳам чақирилмаганларнинг гўштини яхши кўради! — деди у ва ортига бурилди-да югуриб кетди.

Нодиранинг лаблари титрар, сира тили айланмасди.

— Ким эди у, нимага келибди, нега йиғлаяпсан?! — деди Хонзода.

— Шу қизга... Анави сатанг Гуллолага совчиликка борган экансизлар-ку!..

— Шу қиз ҳали Гуллолами?! — деди кўзи олайиб кетган Хонзода.

— Ҳмм, шу!

— Худо бир марта асрабди. Вой, қиз бола бўлмай ҳар бало бўлгур! Шундай кийингунча ерга кир!.. — дея қарғашга тушиб кетди Хонзода.

Гуллола унинг қарғишини эшитмасди. У югуриш асносида куларди, кулгиси баттар завқ бериб, хохолаб юбормаслик учун лабини тишлаб олди.

Қизгина хонасига кириб кийимини алмаштириб, лаб бўёғини юваётганида онаси Раъно халлослаб етиб келди-да, тўғри унинг ёнига борди.

— Сен қиз нима балони бошлаб келдинг?! — деди.

— Ая, пойлаб борганмидингиз? — сўради Гуллола.

Раъно олдинига бошини қимирлатди, кейин:

— Ҳа! — деди.

— Ая. Бошқа иложим йўқ эди. Лекин бопладим, тўғрими?!

Раъно қизига ҳайратланганча термулиб турди-да:

— Боплаганинг бурнимиздан булоқ бўлиб чиқмасайди ишқилиб! — дея ютиниб қўйди.

— Муҳими, ая, мен энди икки дунёда ҳам Бобурга тегмайман. У ярамаснинг уйдагилари пасткаш бўлишса, яна совчи бўлиб келишади. Хуллас, аяжон, узоғи билан дадамдан бир-икки шапалоқ ейман! Шу билан олам гулистон! Бу ёғи байрам.

— Нари тур.

Раъно қизини бироз сурди ва ўтириб обдастадан қўлига сув қуйди, юз-кўзини ювди. Кейин ўзидан-ўзи пиқиллаб кулиб юборди. Ортидан: — Сен қизни шаҳар ўзгартириб юборибди. Гапларингни эшитиб, ёқамни ушлаб қолдим. Аммо орқангдан ҳам роса қарғашди, — дея қўшиб қўйди.

— Қаерда тургандингиз, ая? — деди Гуллола юзида табассум билан.

— Шуларнинг уйи яқинидаги тутнинг орқасида эдим. Агар қизи чиқиб қолмаганида сени олиб кетардим. Ишқилиб, яхшиликка бўлсин, — деб Раъно қаддини ростлади-да, қизининг елкасига илинган сочиқнинг бир четига юзини артаётиб, Гуллолага сўз қотди: — Дарров уйга киргин-да, кийиниб шаҳарга жўна. Кетганингни мен кўрмай қолган бўлай. Бўлмаса, даданг жўнатмай қўйиши мумкин.

Гуллола кетишга тайёрлангунча ярим соатча вақт сарфлади. Бахтига дадаси уйғонмади. Онасидан кўпроқ пул олиб дарвозадан чиқди-ю, оҳистагина эшикни ёпиб, оёқ учида юриб жўнаб қолди.

Абдуалим боши хумдай бўлиб уйғонди. Олдинига чой сўради. Кейин дори ичди. Овқатланишга иштаҳаси бўлмади. Ишга жўнади. Вақт тушга яқинлашганида эса салкам қудаси бўлмиш райторгнинг бошлиғи Эшмирза аканинг ҳайдовчиси келди ва:

— Хўжайин сизни сўраяпти. Магазинни дарров ёпаркансиз-да, мен билан бирга бораркансиз, — деди.

«Ҳойнаҳой, тушликка таклиф қилаётган бўлса керак. Кеча уйда унчалик ҳам ёрилолмаганди. Тушлик устида ёрилади. Буниси аниқ», дея кўнглидан ўтказди Абдуалим ва шоша-пиша дўконни ёпиб, келган машинага мингач:

— Районимизда тузукроқ ресторан ҳам йўқ. Шундай пайтлари одамга ўхшаб ўтирадиган жой ҳам тополмайсан, — деди.

Ҳайдовчи унга қараб қўйди, аммо миқ этмади. «Илгарилари бу бола жуда сергап эди. Бир гапириб, икки куларди. Ҳозир бўлса негадир хўмрайиб олган. Ёки Эшмирза акага бирон гап бўлдимикин», кўнглидан ўтказди Абдуалим ва томоғини қириб:

— Кеча хўжайин билан бирга жа кўп олворибмиз, шу десанг бош ёрилиб кетаман дейди. Иккита дори ичдим, қани энди қолса. Томоғим қақраб, икки литр сувни кўрдим демай ичибман, — дея кулди.

Ҳайдовчи яна унга қараб қўйди. Аммо индамади.

— Нима гап, қовоғингдан қор ёғади? — деди унга Абдуалим.

— Мен-ку яхшиман. Лекин нимагадир хўжайиннинг кайфияти жойидамас. Сира ўзига ўхшамайди. Ҳақиқатан ҳам, бош оғриғи ёмон бўлган бўлса керак... Лекин сиздан ҳалиям ҳиди анқиб турибди, — дея ўтирган жойида қимирлаб қўйди ҳайдовчи.

— Йўғ-э, жуда ёмонми? — деди Абдуалим хавфсираб.

— Ҳар ҳолда атир ҳиди келмаяпти-да.

— Унда ҳозир Қобилнинг магазини келади, шу ерда тўхта. Шкалат-пкалат еб оламан.

Ҳайдовчи тўхтамади. «Ҳазиллашдим. Сизни бир қўрқитай дедим. Ҳид-пид йўқ», деди.

Эшмирза Тоирович унинг саломига алик ҳам олмасдан қовоғини осилтириб кутиб олди. Кейин жеркиб, ўтиришга жой кўрсатди. Абдуалимнинг юраги шув этди. «Нима жин урди бу одамни?» деб кўрсатилган жойга омонатгина ўтирди.

— Менга қара! — дея сенсираб гап бошлади Эшмирза Тоирович.

Ваҳоланки, кечагина «Абдуалимжон» деяётганди. Уни мақтаб кўкларга кўтарганди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, бутунлай тескари муомала қиляпти.

— Қулоғим сизда, хўжайин, — деди ранги оқарган Абдуалим.

— Ўзинг ҳозирнинг ўзидаёқ ариза ёзиб ишдан бўшайсанми ёки ревизия босиб абжағингни чиқарсинми?! Ана ундан кейин беш-олти йил «дам олиб» келасан.

— Ҳеч нарсага тушунмаяпман, хўжайин. Нега энди бирдан бундай?..

— Миямни қотириб, кўп гапирма! — дея жеркиб берди Эшмирза ака.

— Майли, майли, сиз нима десангиз шу. Мен ариза ёзаман, — деди тез-тез ўпкаси кўтарилиб тушаётган Абдуалим.

— Котиба қоғоз беради.

Устидан биров тегирмон тошини бостириб қўйгандай Абдуалим зўрға ўрнидан турди. Оғир-оғир қадам босиб, хонадан чиқди. Котибадан қоғоз-қалам олди. Ёзмоқчи бўлди, лекин қўли қалтираб кетаверди. Эшмирза Тоирович котибага ҳам тайинлаб қўйган, шекилли, қизгина унинг қўлидан қоғоз-қаламни олиб аризани шарт-шурт ўзи ёзиб ташлади. Абдуалим фақатгина имзо чекди.

Бундай тарзда ишдан ҳайдалиш унинг учун фожианинг ўзгинаси эди. Ўрнидан тураётганида боши айланди. Аммо столга суяниб қолди. Кейин секин ортига бурилганида котибанинг гапини эшитди.

— Эшмирза Тоирович уйингиздагиларга қуюқ салом айтиб қўйишингизни тайинлаганди.

— А-а! — деди Абдуалим, аммо гапини давом этказолмади.

(Давоми бор)

Тоғ кўчкиси (Биринчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Иккинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Учинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Тўртинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Бешинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Олтинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Еттинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Саккизинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Тўққизинчи қисм)