Найти тему
euroasia.me

Бахтнинг олис манзили (Ўн бешинчи қисм)

Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўн бешинчи қисм)

Қаердандир пайдо бўлган Эдмистер гапимни баланд овозда таржима қилди ва ўзи ҳаммадан олдинга ўтиб:

— Ўзингни бос! Агар Теодоронинг бирон жойи тирналса, сени тансоқчилар тилка-пора қилиб ташлашади. Қуролингни ташла! — деди.

— Қуролимни ташласам, улар поёндоз тўшаб мени кузатиб қўйишади, шундайми? — дедим киноя билан. — Чучварани хом санабсан. Агар бу кўппакнинг итваччалари қўлларидаги матоҳларини ерга қўйиб, менга эшикни очишмаса, Теодоронинг жойи жаҳаннамда бўлади! —қичқирдим Эдмистерга.

У дарров гапларимни таржима қилди.

Жони қил устида турган подшо одамларига ўз лаҳжасида нимадир деб бақирди. Унинг сўзларини эшитган тансоқчилар тўппончаларини ерга ташлашди. Шу маҳал қўриқчилар орасини ёриб ўтиб, ўрис қиз ёнимга югуриб келди.

— Падар лаънати, сенга бу ерда пишириб қўйибдими? Йўқол! — дедим жоним чиқиб.

Қиз қилт этмади. Аксинча, инқиллаб-синқиллаб ўрнидан туришга уринаётган Рубеннинг оёғидан судраб менга яқинлаштирди.

— Буни пишириб ейманми?! — дея жаҳл устида бош бармоғим билан Рубеннинг томоғига урдим. Томири узилиб кетди, шекилли, у қўллари билан зарба теккан жойини ушлаганча ерга қулади.

— Бўл, тез! — бақирдим Эдмистерга. — Ҳамма йўлларни очиб қўйишмаса, подшосидан айрилади бу маймунлар!

Қондошининг жонсиз танасини кўриб ранги оқарган Эдмистер тутила-тутила гапларимни таржима қилди. Тансоқчилар орқага чекинишди ва йўл бўшатишди. Мен бир қўлим билан Теодорони ёқасидан ушлаб турғаздим ва эшик томон етакладим.

Ҳовлига чиқишимиз билан тансоқчилар бизни ҳалқа шаклида ўраб олишди. Уларнинг қўлларида автоматдан тортиб, оғир юк машинасини йўқ қиладиган қуролларгача бор эди. Бари мени нишонга олишган, отишга шай.

— Эдмистер, менимча, сенларга Теодоронинг кераги йўққа ўхшайди. Агар икки дақиқа ичида бу ерда бирор қуролланган одам қолса, подшонгни итдай отиб ташлайман!.. Яна эшит: қамоқдаги хорижликларнинг бари шу ерга олиб чиқилсин! — дея таҳдид қилганча Теодоронинг бўғзига тўппонча тираган кўйи бино ичига қайтиб кирдим.

— Будте осторожно, пожалуйста, — деди Оля ҳаяжондан кўкраги кўтарилиб тушиб, — не верте ни кому, вû такой человек, что обезятельно должно жит.

— Гапингга тушунмаяпман. Оёғим остида кўпам ўралашаверма, ёмон бўлади. Ҳали сотқинлик учун жавоб берасан.

У ҳам менинг гапимга тушунмади. Бақрайганча юзимга тикилиб бир оз турди-да:

— Мне сказали, что вû из Узбекистана. Вû всеровно должнû меня понимать. Если мû живой останемся, много расскажу вам.

“Ўзбекистон” сўзини эшитиб этим жимирлаб кетди. Кошки эди, рус тилида бирон оғиз гапиролсам. Билганларим ҳам эсдан чиқиб кетган. Ҳатто баъзида энди ўзбекча гапироламанми-йўқми, деб ўйланиб қоламан. Лекин барибир бу қизга ҳам ишониб бўлмайди. Бир марта соддалигига бориб у менинг қаерданлигимни айтиб қўйди. Тағин сотқинлик қилмайди, деб ким кафолат беради? Нима бўлгандаям, бу қиздан тезроқ қутулишим керак. Бошимга неки ташвиш тушган бўлса, бари аёл зотини деб бўлди...

Орадан чамаси ярим соатлар вақт ўтиб Эдмистер қамоқдаги хорижликлар тўпланганлигини айтди.

— Подшоларингнинг қанақа кийимдалиги эсингдан чиқмаган бўлса керак. Ҳаммасига худди шунақа кийим кийдиринглар. Бизга ҳам икки жуфтини келтир, — дедим ичкарида туриб Эдмистерга бақириб.

— Эсинг жойидами? Шунча кийимни қаёқдан оламиз?! — деди Эдмистер асабийлашиб.

— Бир мамлакатда юз элликта бир хил кийим топиш муаммоми?

— Айнан Теодороникидан йўқ.

— Унда қамоқда ўтирганларникидан келтиринглар. Огоҳлантириб қўяй, вақт кетаяпти. Айтганим ярим соат ичида бажарилмаса, подшоларингни азоблаб ўлдираман.

Пўписам иш берди чоғи, беш дақиқада мен сўраган нарсалар муҳайё бўлди. Ҳар эҳтимолга қарши, Теодоро ечган кийимларни йиртиб, учаламизнинг ҳам юзимизни бекитдим. Қарабсизки, учта бир хил кўринишдаги одам. Агар синчиклаб разм солинмаса, уларни ажратиш қийин.

Ташқарига чиққач, қамоқдан келтирилганларга бир қур назар ташладим. Ишонасизми, уларнинг бақрайган кўзлари-ю туртиб чиққан суякларигина қолган эди. Ичимдан бир нима “чирт” узилгандай бўлди. Чуқур нафас олдим-да, нарироқда ҳар бир ҳаракатимни кузатиб турган Эдмистерга:

— Бизга яқинроқ келсин ҳаммаси, — деб буюрдим.

Бу сафар гапларим инглиз тилига таржима қилинди. Бироқ ҳар қандай гапдан юрак олдириб қўйган одамлар бир жойга тезда жам бўлаверишмади. Уларнинг имиллаётганликларини кўрган Оля инглиз тилида бақирди.

Албатта, тўдадагиларнинг ҳаммаси маҳбуслар эмас, орасида Теодоронинг одамлари ҳам бўлса эҳтимол. Шу боис, жуда эҳтиёткор бўлишимга тўғри келди. Рус қизи кўнглимдагини уққандай, уларни яқинимизга йўлатмади.

Биз гаровдаги подшо “кўмаги”да аста-секин Теодоронинг қароргоҳидан чиқиб олдик. Бу ёғи шаҳар. Паст-баланд иморат кўп. Гарчи энди Теодоронинг тансоқчилари кўринмаса-да, ортдан бизни кузатиб бораётгани аниқ эди.

Тахминан шаҳар ичида икки юз метрлар чамаси юргач, асирлар орасидан иккита “бегона”сини танишга улгурдим. Улар ҳам озғин эди-ю, аммо кўзлари бежо, ҳар-ҳар замонда ўзаро пичирлашиб қўярди. Четдан қараганда ўзига-ўзи гапираётгандай туйилиши мумкин, аслида, ёқаларидан чиқиб турган билинар-билинмас симли микрофонга шивирларди. Устунлигим шунда эдики, юзим берк, лекин кўзларим олдини тўсиб турган мато ниҳоятда юпқа, атрофни бемалол кўра олардим. Улар эса, менинг қаёққа қараётганимни пайқамасди.

Дарвоқе, Оля ҳам шу орада ишончимга кира бошлади. У қамоқдан чиққанларни кузатиб борар, ҳар бирининг хатти-ҳаракатига эътибор берарди.

Йўл-йўлакай: “Шубҳали бегоналардан воз кечиш керак”, деган ўй хаёлимга келди. Устига-устак, яёв узоққа боролмаслигимиз ҳам кундай равшан эди.

— Стоп! — дедим Олянинг қўлига туртиб. Биргина шу русча сўз келди хаёлимга. Менга бир қараб олган Оля инглиз тилида нималардир деб бақирди. Ҳамма юришдан тўхтаб, биз томонга ўгирилди. “Ўтир” деган сўз рус тилида қандай айтилишини эслолмадим, шу боис, Теодоронинг елкасидан босиб ўтқиздим-да, ёнига ўзим ҳам ўтириб, бошқаларга қўлим билан “ўтир” ишорасини қилдим.

— Нима истайсан? — деган овоз келди ортимдан.

— Тўртта юк машинаси. Усти ёпиқ бўлсин. Тез! — бақирдим ортимга қарамай ва шу ондаёқ Теодоронинг биқинига енгилгина мушт туширдим. У инграб юборди. Олд томондан иккита, чап томондан битта “қамоқдан чиққан” йигит “ялт” этиб қаради. “Аҳмоқлар, сенларга ким қўйибди тансоқчи бўлишни?” — деб сўкиндим ичимда.

Бир оздан сўнг талаб қилинган машиналар келтирилди. Ҳақиқий асирлар шошиб, бир-бирини уриб-туртиб машинага чиқишга интилар, уларнинг орасидаги айғоқчилар эса чиқиб олишини бемалол кузатиб туришарди. Санасам, қарийб йигирматача шубҳали бегона бор.

Мен иккинчи машинани мўлжал қилдим. Бегоналар ҳам менга эргашишди. Айни дамда тўппонча ушлаган қўлимни озгина бўшатсам, тамом, улар менга ёпирилиб, ўлса-да, подшоларининг жонини сақлаб қолишга уринишарди. Шуни сезганим учун, бир қўлим билан Теодоронинг гарданидан ушлаб олган бўлсам, иккинчи қўлимдаги тўппонча милини подшонинг юраги устидан тираганман.

Машинага биздан олдин икки киши чиқди. Иккови ҳам бегона. Бошқаларига йўл қўймадим. Теодоронинг биқинига туртиб, тезроқ чиқишига ундадим. Тепадагилар қўлидан тортишиб, уни мендан ажратиб олишмоқчи бўлишди. Сакраб машинага чиқдим-у, сохта маҳбуслардан бирини тепиб пастга тушириб юбордим. Иккинчисининг эса жигарини тирсагим билан эздим.

Ниҳоят машина жойидан жилди. Мен ўз жонимни асрашнинг ҳадисини олгандим. Барча тайёргарлигим шунга йўналтирилганди. Бунақа кўп одамнинг хавфсизлигини таъминлаш, қандай қилиб уларни бехатар жойга олиб чиқишни билмасдим.

Биз ўтирган машинага Оля билан бирга ўндан зиёд маҳбуслар чиқди. Лекин бошқа машиналарда кимлар борлигини билмасдим. Бировдан сўрашга менда забон йўқ. Шу боис, Оляга қараб қўйдим. Сўнг сўрадим:

— Бу ердагиларнинг ҳаммаси ўзимизданми? Нариги машинадагиларни қандай билсак бўлади? — дедим қўлим билан имо-ишора қилиб.

— Я ни чего не понела, — жавоб қилди у киприклари пирпираб.

— Ту, ўзбек, — дедим ўзимни кўрсатиб бисотимдаги саноқли инглизча сўзларни ишлатарканман, — ноу ўзбек, рус. Ла... ла... ла таиланд.

Сўнгги жумлани тилимни унга кўрсатиб қимирлатиб гапирдим.

— Понела тепер, вû сами узбек. Но русского не знаете. С вами нужна разговариват по таиландски. Правильно? — деди Оля юзи ёришиб.

Мен гарчи унинг сўзларига тушунмаган эсам-да, бош силкиб тасдиқ ишорасини қилдим.

— А мû таиландского не знаем. Серовно я у других спрошу.

Оля инглизчалаб нимадир деди-да, машинада тебраниб кетаётган маҳбусларга бир-бир тикилиб чиқди. Аввалига улардан садо чиқмади. Орадан беш дақиқача ўтгач, калта бўйли, ориқ, кўзи қисиқ одам ўрнидан турди-да:

— Мен биламан таиланд тилини, — деди.

— Хайрият! — деб юбордим чуқур нафас олиб. — Яқинроққа келинг.

У сафдошларининг оёқлари устидан зўрға ошиб олдинга ўтди-да, ёнимизга келди.

— Биларкансиз-ку, мен қачондан буён тилмоч тополмай қийналаман, — дедим унга.

— Бу маконда “биламан” деганларнинг қанчаси ўлиб кетди. Юрагимизни олдириб қўйганмиз, — деди кўзи ёшланиб.

— Майли, вақтни бой бермайлик. Маҳбуслар орасига манави хумпарнинг одамлари кириб олган, — дедим бармоғимни бигиз қилиб, бошини хам қилганча қовоғини уйиб кетаётган Теодорони кўрсатиб.

— Биламан, улар ўттиздан зиёд. Нариги машиналарга ҳарбийлари ҳам чиқди. Ўз кўзим билан кўрдим. Ҳозир улар маҳбусларни бирма-бир ўлдиришаётган бўлса ҳам ажабмас.

— Шаҳардан чиқишимизга қанча бор?

Саволимга таиландчани биладиган маҳбус жавоб беролмади. Оляга юзланиб, инглиз тилида ундан сўради. Сўнг қизнинг гапини менга таржима қилди.

— Ўн дақиқалардан кейин ўрмон бошланаркан.

Ичимни ит тирнаётганди. Мақсадим, тутқундагиларни жаҳаннамдан омон-эсон олиб чиқиб кетиш. Шу боис, ҳаётимни хавф остига қўйгандим. Энди англасам, бу уриниш билан уларнинг эртароқ ўлим топишларига ўзим сезмаган ҳолда кўмаклашиб юборибман.

Кутилганда вақт ҳам имиллайди, бундан баттар жиғибийрон бўламан. Шу ўн дақиқа бир неча йилга татиди-ёв, чамамда.

Ниҳоят кутилган жойга етиб келдик. Кабинани муштладим. Ҳайдовчи сал ҳовлиқмароқ шекилли, бирдан тормозни босди. Агар брезент бўлмаганида, кабина устидан ошиб тушишим аниқ эди.

— Бировинг бориб, ҳайдовчидан қанақанги телефон аппарати бўлса ҳам олиб келинглар, — дедим ҳайрон қараб турган маҳбусларга.

Гапимни тилмоч инглизчага ўгиргач, маҳбуслар худди “сен бор, сен бор”, дегандек бир-бирига юзланишди. Оля бундан асаби қўзиб пастга тушмоқчи бўлди-ю, бироқ яна тўхтаб инглиз тилида таржимонга нималардир деди.

— Йўлнинг икки тарафини ҳарбийлар эгаллаган, бизга қурол ўқталиб туришибди. Нарироқда танк ҳам бор экан, — тилмоч Олянинг сўзларини мен тушунадиган лаҳжага ўгирди-да, бурнини қашлаб қўйди.

— Майли, тушавер, — дедим қизга қўлим билан ишора қилиб. У гапларимни таржимонсиз илғаб, секин машинадан тушди. Бу пайтда ортимиздан келаётган машиналар тўхтаганди.

— Ўҳў, ортимиздан бутун бир карвон келаяпти-ку. Кўпи ҳарбийлар, — деди тилмоч брезентдан ташқарига бошини чиқариб қараб.

— Демак, бизни осонликча қўйиб юборишмайди. Майли, нима бўлса бўлар, бу ёғи пешонадан, — дедим ва Теодоронинг иягидан ушлаб ўзимга қаратдим-да: — Шунчалик кераклигингни сен ифлос энди билаяпсанми? — дея сўрадим.

У нималардир деб минғирлади.

— Майнавозчиликни бас қил. Не истаётган бўлсанг, ҳаммасини бажараман, деди, — дея таржима қилди тилмоч.

— Тоғангга вафо қилмаганингда менга вафо қилармидинг? Сен менинг ихтиёримдасан. Жим ўтириб айтганларимни бажарасан. Бўлмаса, сен бошқаларни қандай азоблаб ўлдирган бўлсанг, ўзингни ундан баттар кўйга соламан, — дедим.

Оля қайтиб келди. Қўлида рацияга ўхшаш матоҳ.

— Гапир, — дедим Олянинг қўлидаги асбобни олиб Теодорога берарканман, — йўл ёқасида бирорта ҳам ҳарбий қолмасин, нариги машинадаги одамларингнинг ҳаммаси тушсин.

Тилмоч аввал менинг гапларимни инглиз тилига ўгирди. Сўнг Теодоро нимаики деган бўлса, ҳаммасини менга айтиб турди.

— Яхши, буюр, Эдмистерни ҳозирнинг ўзидаёқ отиб ташлашсин. У сотқинлик қилди. Сенинг ҳам шу кўйга тушишингга ўша сабабчи. Сотқин вақтида ўлмаса, бошга кулфат келтиради.

— Йўқ, бунисини бажаролмайман, — деди Теодоро гапимнинг мазмунини тилмочдан билгач, — у кучим етмайдиган томоннинг одами. Улар бутун дунёга эгалик қилишади.

— Мен ҳам ўша томоннинг одамиман. Йўқса, сени бу аҳволга солиш қўлимдан келмасди. Менга Эдмистерни йўқ қилиш буюрилган. Лекин у шайтон ўзининг ўрнига сени тўғрилади. Сенга ўзингнинг жонинг керакми ёки Эдмистерники? Айтганимни қил.

— Экваториал Гвинеянинг президенти гапиради! Ҳамма ҳарбий қисм қўмондонларига! Эдмистер қўлга олинсин ва ҳеч бир сўроқсиз отиб ташлансин.

Теодоро гапини тугатиши билан рациядан шовқин эшитилди.

— Нима гап? — сўрадим тилмочдан.

— Буйруқ жуда қалтис дейишаяпти. Сиз айтгандай қилинса, бутун мамлакатнинг аҳволи оғирлашаркан, — деб, нариги томонда шовқин кўтарганларнинг сўзларини таржима қилди тилмоч.

— Шундоғам мамлакатнинг аҳволига маймунлар йиғлайди-ку. Яна бу билан бир нарса ўзгариб қолмайди, менимча, — дедим таржимонга истеҳзо билан.

Биламан, Теодоронинг буйруғи бажарилмайди, барибир Эдмистернинг ўлдирилганини мен кўрмайман. “Ўлдирдик”, деб қўя қолишади. Мен эса “лақма”ман-да, гапларига ишониб кетавераман. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, подшонинг кўнглига ғулғула солиб қўйганим яхши. Энди у ҳар қандай шароитда ҳам Эдмистерга ишонмайди. Ўзини ишонгандек кўрсатиши мумкин-у, аммо ич-ичидан унга душман бўлиб қолади.

Олддаги машинада ўтирган “ортиқча” одамларни йўқотиш вақти етганди, биз “карвон”нинг бошига чиқиб олдик. Улов елдек учиб борар, олдинда қанча тўсиқлар борлиги сезилмас, биз хавф нима эканлигини унутгандик. Мен брезентни ташқарини бемалол кўрадиган қилиб кесдим. Атрофга қарадим, сўнг Теодоронинг биқинига туртиб:

— Шундай жойларни жаннатга айлантириб ташламайсанми, ҳамма пулни чўнтагингга тиққунча, хумпар! — дедим.

У жавоб қилмади. Пешонасини тириштириб қараб қўйди, холос.

— Агар кунинг битмаган бўлса, бу кўргилигингни эсингдан чиқармайсан, — дея елкасига уриб қўйдим. Сўнг рацияни қўлига тутқазиб: — Одамларингга айт, бандаргоҳда машиналар бир дақиқа ҳам тўхтамайди. Юк кема тайёр турсин. Нариги қирғоққача машинадан тушмаймиз... Тўғрироғи, Камерун чегарасигача, — деб буйруқ беришини тайинладим.

Тилмочдан менинг гапларим таржимасини эшитгач, Теодоро энсаси қотиб алламбало деди. Мен таржимонга юзландим.

— Сени барибир қўлга олишади. “Синов давлати”нинг бошлиқлари аллақачон ишларингдан хабардор. Қаерга яширинишингдан қатъи назар, барибир қўлга олишади, — дея Теодоронинг гапларини мен тушунадиган тилга ўгирди у.

— Бу ёғи пешона. Кимнинг қанча яшаши ёлғиз Худога аён. Агар тақдиримда ўша сен орқа қилиб юрган одамларнинг қўлига тушиш ёзилган бўлса, демак, тушаман. Ўлдиришса, ўлиб кетавераман. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам, сен мени унутмайсан.

Теодоро билан суҳбатимиз тугади. У буйруқни ўринбосарларига айтди, менинг хаёлимни эса режалар банд этди.

Бир соатларда бандаргоҳга етиб бордик. Келаётганимизда бу ерда одам жуда сийрак эди. Ҳозир ҳеч қаерга сиғмайди. Ҳаммаси аллақандай плакатлар кўтариб олишган, нималардир деб бақиришарди. Уларнинг олдини бошқача кийимдаги (сўнгги пайтларда бойликка муккасидан кетиб, нефть заҳираси кўп бўлган жойларга кўз олайтириб, ғаламисликларни авж олдираётган — яқинда бир мамлакатни босиб олганини ҳам эшитдим — давлатнинг аскарлари эди улар) аскарлар тўсиб туришарди.

Буюрилганидай, машиналар бандаргоҳда бир сония ҳам тўхтамай, тўғри кеманинг устига чиқиб борди. Кема ҳам туриб қолмади, сувни кесиб йўлга тушди. Қутулиб кетишларига энди ишона бошлаган маҳбуслар брезентни кўтариб орқа томонга қарашарди. Баъзилари менга ўхшаб кесиб туйнук очиб олишган, тез-тез шу йиртиқдан қараб қўйишарди.

Экваториал Гвинея чегарасидан қаршиликсиз ўтдик. Аммо Камерун чегарачилари машиналарни талай муддат ушлаб туришди. Чегарачилар брезентни кўтариб бизга қарашди, бироқ ҳеч нарса сўрашмади. Ҳар биримизга синчиклаб бир сидра назар ташлагач, брезентни ёпиб кетаверишди. Улар келиб-кетганларида мен жойимни алмаштириб турдим. Эҳтиёт шарт. Бир соатдан зиёдроқ вақт ўтгач, оппоқ кўйлак, қора костюм-шим кийган, бўйинбоғ таққан иккита ҳабаш машинага чиқди. Маҳбуслар уларнинг олдини тўсишди.

— Бу ерда уларга нима бор, нега чиқишди? — сўрадим мен.

Тилмоч гапларимни инглизчага ўгирди.

— Сизнинг фойдангиз учун келдик, дейишаяпти, — дея уларнинг гапини ўгириб берди.

— Менинг эмас, манави аблаҳнинг манфаати учун келишган. Гап бундай, қадрдонлар! Камеруннинг ичкарисига камида юз километр кирамиз, ўша жойда ҳар қандай гап-сўзни муҳокама қиламиз. Кейин, Экваториал Гвинеядан у ерга бирорта ҳам аскар ёки вакил бормасин.

Ҳабашлар бир-бирларига қараб қўйишди-да, машинадан тушиб кетишди. Шундан кейин ҳам ўн беш дақиқаларча жойимиздан жилмадик. Ниҳоят улар менинг айтганларимга кўнишди, шекилли, машина юра бошлади.

— Жаноб президент, улар ҳатто сиздан ҳол сўрашмади-я? — дедим Теодорога йўлда кетар эканмиз.

— Ҳеч бир мамлакат раҳбари бундай аянчли аҳволга тушмаган. Шармандалик. Сенга айтгандим-ку, менинг юртимдан чиқмай ҳамма ишни битирайлик деб, — жавоб қилди Теодоро.

— Тақдирингизда шундай кунлар ҳам бор экан-да. Аслида одамхўрлигингиз учун жазо бу. Мен вазифамни бажариб бўлдим. Энди бемалол жуфтакни ростлайман.

Тилмочдан гапларимнинг таржимасини эшитган Теодоро хунук иржайди-да:

— Бекор айтибсан. Америка разведкасидан қутулиб бўпсан. Қаерда бўлишингдан қатъи назар, уруғ-аймоғинг билан йўқ қилади.

— Кўрамиз.

— Ташқаридаги овозларни эшитаяпсанми, биз билан бирга вертолётлар, ҳарбий машиналар кетишаяпти. Ўлишингга оз қолди.

— Сен ифлос ўз жонингни сақлаб қолишни ўйласанг бўлармиди, — дедим унга жавобан ва бошига бир урдим. Атайин урдим, чунки уни айни шу пайтгача биров чертишга ҳам журъат этмаган, ҳатто бир оғиз ҳам ортиқча гап гапиришмаган унга.

Келишилган манзилга етганимиздан сўнг машиналар бир қатор бўлиб тизилди. Брезентни олиб ташлаб, ҳаммамиз тушдик. Мен Теодоро билан бирга машинадан сакрадим ва унинг ортига бекиндим.

Рўпарамизда мингга яқин аскар автоматларини тўғрилаб туришарди. Уларнинг олдида эса боягидай қора костюм-шимлилардан беш-олтитаси бор. Орқа томонда кимлардир суратга олар, видеотасмага туширарди. Агар улар матбуот вакиллари бўлишса, демак, бизни жуда кўп одам телевизорда кўришаяпти. Бундай пайтда ҳеч ким қуролсиз одамларга ўқ отолмайди. Ҳар қалай, мен шундай деб ўйлардим.

Учта қора костюм-шимли биз томонга тез-тез юриб келди-да, Теодоро билан менга икки қадамча қолганида тўхтади.

— Жаноб президент, — деди уларнинг новчаси, — сизга зиён етказишмадими?

— ...

— Жаноб президент, соғлиғингиз жойидами?

Савол қайтарилди. Теодоро жавоб беришга шошилмай, аввал менга юзланди.

— Мана кўрдингми? — деди иржайиб. — Сўрашаяпти.

Унинг гапидан қора костюм-шимлилар ажабланишди. Тилмоч уларга мен билан Теодоронинг гапимизни таржима қилиб берди.

— Манзилга етиб келдингиз, жаноб, — деди бу сафар менга мурожаат қилган “даллол”, — сиз энди бошқа давлатдасиз. Ҳаётингиз хавфсизлиги тўла таъминланади. Рухсат берсангиз, жаноб Теодорони олиб кетсак.

— Сиз мени осонликча қўйиб юборганингиз учун учинчи бир давлатдан қўрқмайсизми? — дедим қора костюм-шимлининг кўзига тик қараб.

Тилмоч гапимни таржима қилганидан кейин ҳам у мендан кўзини узмай бироз турди. Сўнг бош чайқаб деди:

— Йўқ, биз тупроғимизга ўзимиз хўжайинмиз. Сиз бу гапингиз билан бизни ҳақорат қилдингиз.

— Сизни тушуниб турибман, — дедим қуролимни ерга ташлаб, — мана, қўшнингизнинг подшосини олиб кетаверинг. Ҳар қалай, шундан сўнг ҳам уялмай давлатни бемалол бошқараверса керак...

“Даллол”лар менга яна бир марта бошдан-оёқ разм солиб чиққанидан сўнг ортига бурилишди. Адашмасам, улар беш-ўн қадамча босишган маҳал автоматнинг тариллаган овози эшитилди ва кимдир: “На-а-у-у!” — деб қичқирди.

Ёнгинамдаги маҳбус гурсиллаб қулади. Унинг кўкрагидан қон отилиб чиқарди. Мен ўзимни ерга ташладим, бошқалар ҳам ётиб олишди. Теодорони олиб кетган “даллол”лар эса, қулочларини кенг ёзиб аскарларга бақиришарди. Бироқ ўқ ёмғири тўхтамади. Бир неча қўрғошин парчаси ёнгинамга келиб тушди. Олянинг инграган овозини эшитдим. Мен билан гаплашган костюм-шимли ҳабаш аскарларни тўхтатишга кучи етмаслигини пайқагач, ёнидан тўппонча олиб Теодоронинг қаншарига тиради ва ўз тилида нимадир деб бақирди. Шундан сўнггина ўқ ёмғири тинди. Бизнинг ҳайдовчилар пайтдан фойдаланиб қолмоқчи бўлишди, шекилли, қўлларида автомат кўтариб кабинадан тушиб, машинанинг орқа томонига югуришарди. Бизнинг машинамиз ҳайдовчиси пешонасидан ўқ еб қулади. Унинг ёнидаги йигитни ҳам адашмай нишонга олдим. Сўнг эмаклаб машина тагига кирдим. Ортимдан Оля билан тилмоч ҳам эмаклаб келишди.

— Айт, ҳамма машиналарга чиқсин, — дедим таржимонга.

У гапларимни бошқаларга бақириб етказди.

Биз эгасиз қолган машинани дарҳол қўлга киритдик, аммо бошқаларнинг анча-мунча олишишига тўғри келди. Адашмасам, етти-саккиз нафар маҳбуснинг жасади шу ерда қолди. Чунки улар ўринларидан туришиб, югуриб келаётган ҳайдовчиларга тикка боришган ва уларнинг ўқларига учишганди. Масофа яқинлиги боис, ҳайдовчилар маҳбусларнинг ҳаммасини отишга улгуришмаганди.

Бизлар узоқ кетолмадик, тепамизда вертолёт пайдо бўлди.

— Тўхтат! — дея қичқирдим Оляга.

Ҳайдовчи илкис тормоз берди, ойнага қапишиб қолаёздик. Ҳартугул, машинани вақтида тўхтатган экан, устимиздаги вертолётдан отилган ўқ икки қадам олдимизга тушди-да, тупроқни тўзитиб юборди. Бирин-кетин машинадан сакраб, ўрмонга қараб қочдик.

Вертолётлар тўртта экан, яхшиям бахтимизга ўрмон яқин эди, акс ҳолда биронтамиз соғ қолмасдик. Тинимсиз ёғилаётган ўқ ёмғири остида ўрмон ичига кириб олдик. Ортимиздан иккита машина йўлга чиққан экан, бор-йўғи ўн киши етиб келолди, холос. Бир қисми олдин тўхтаган жойимизда, қолганлари тўртта вертолётнинг кўрсатган “каромат”идан нобуд бўлишганди. Бизнинг машинадагилардан эса ўн беш киши тирик қолдик. Лекин ҳали хавф тўла бартараф бўлмаган, қузғунлардан биттаси устимиздан учиб ўтиб, гоҳ бомба ташлар, гоҳ ўққа тутарди.

Вертолётдагиларни чалғитиш мақсадида уч гуруҳга бўлиниб, ҳар тарафга қочдик. Ўрмон ниҳоятда қалин, юриш азоб, тепадан ёғилаётган ажал ёмғирига чап бериш ундан-да қийин эди. Бир соатлар чамаси югурдик. Йўл-йўлакай маҳбуслардан бир қанчаси жон таслим қилди. Бу аҳволда қирилиб кетишимиз тайин эди. Шу боис, мендан бир қадам ҳам ортда қолмай келаётган тилмочга:

— Сизлар қочаверинглар, мен ҳозир улар билан ҳисоб-китоб қиламан, — деб қўлидаги автоматни олдим ва танаси бир қулоч келадиган дарахт ортига яшириниб, тепада гирдикапалак бўлаётган вертолётлардан биттасини нишонга олиб тепкини босдим. Чўғдай ёниб учган қўрғошин парчалари темир қузғунга тегди; вертолёт ерга қулаб шу заҳоти портлаб кетди. Иккинчисини нишонга олаётганимда у кунботар томонга учиб кетди. Шу пайт мендан юз метрлар наридаги маҳбусларнинг қувончли қийқириғи эшитилди.

Аста-секин қоронғилик туша бошлади.

— Энди улар бизни қидиришмайди, — деди тилмоч ёнимга келиб, — ҳамманинг тинка-мадори қуриган, узоқ юришолмайди. Яхшиси, дам олайлик.

— Биз ҳали жуда ичкарилаб кетганимиз йўқ, топиб олишади. Шунинг учун яна юришимиз керак. Уларнинг қўлига тушадиган бўлсак, қочишимиздан маъно қолмайди, — дедим унга жавобан.

Бироқ менга кўз тикиб турган қоқсуяк маҳбусларга қараб, ҳақиқатан ҳам уларнинг мадори қуриганига амин бўлдим.

— Майли, бир оз дам олайлик, кейин йўлга тушамиз, — дея рухсат бердим-да, ўзим ўрмон ичкарилаб юра бошладим. Мақсадим, уларга бирорта егулик топиш эди. Оля менга эргашди.

— Қайт, — дедим унинг кўкрагидан итариб.

— Нет, я с тобой пойду. Я боюс остатса с ними. Прошу тебя, не вгоняй меня, — дея у кўзларимга тикилди.

Тўғриси, унинг гапларига тушунмадим, аммо қолгиси келмаётганини англадим.

— Ўзинг биласан, — деганча йўлимда давом этдим.

Тахминан йигирма дақиқалар ичида бир кийикни овлаб қайтдим. Маҳбуслар қувонганидан қийқиришиб қўлимга ёпишишди.

Кийик терисини шилиб, гўштини майдалаб, таёққа сихга тортгандай тизиб, оловга тоблаб пиширгунимизча бир соатдан кўпроқ вақт ўтди. Гўшт яхши пишмади. Охирги марта қачон овқат егани номаълум маҳбуслар чидаб тура олмади.

— Секин-секин. Камроқ енглар, — деб тинимсиз жаврашимга қарамай, бир зумда кийикнинг суякларигина қолди, холос. Аслида, гапимни ўзимдан бошқа ҳеч ким тушунмаганди. Чунки тилмочнинг иштаҳаси ҳам карнай эди.

Бу ерда кундузидан кўра кечаси юриш ўн чандон қийинроқ эди. Яхшиям, оқсоқол тиғиз ўрмон ичида кўзимни юмиб юришга ўргатган экан. Бўлмаса, бошқалар каби бошимни шохга уриб аллақачон ғурра қилардим.

Уч соат тиним билмадик. Бу ерда таржимон бир неча марта ёнимга келиб, дам олишга рухсат беришимни ўтиниб сўради. Лекин ҳар сафар унинг гапини кесиб ташладим. Ниҳоят тўрт километрдан мўлроқ юргач:

— Бўлди, дам оламиз, — дедим.

Таржимон гапимни ҳовлиқиб бошқаларга ўгириб ҳам ўтирмаёқ ўзини ерга ташлади. Орадан бир-икки дақиқа ўтиб унинг хурраги эшитила бошлади. Ерга ўтирган бошқа маҳбуслар бир-бирларига суянганча пинакка кетишди. Менинг эса ҳеч кўзим илинмасди. Аввалига барглар орасидан кўриниб турган юлдузларни томоша қилдим. Эшитилаётган ҳар бир товушга сергакланиб ўтирдим.

Шу тахлит қанча муддат ўтирганим эсимда йўқ, бир маҳал ёнимга Оля келди.

— Немогу уснут, — деди у секин пинжимга тиқилар экан, — вчерашнûй кашмар не даёт спат. Можно, рядом с тобой сяду.

Унга жавоб қилмадим, гапини тушунмасам, индамай ўтиравердим. У бўлса менга қараб-қараб қўйди. Назаримда, бир нима демоқчи, лекин тилини тушунмаслигимни эсладими, индамай қўя қолди. Озгина ўтиб, бошини елкамга қўйганча пишиллаб ухлаб қолди.

Тонг энди отиб келаётган маҳал маҳбусларни уйғотдим. Улар ширин уйқусини бузгилари келмасди. Жаҳлим чиқиб иккитасини тепгандим, қолганлари сапчиб туришди.

Ўрмон биз ўйлаганчалик қалин эмас эди. Бемалол юрса бўладиган жойлари ҳам бор. Қоронғида пайқамай нуқул дарахтлару майда буталар қалин жойдан юрган эканмиз.

— Шошилайлик, айт одамларингга, тезроқ юришсин. Анави маразлар бизни топиб олишади, — дедим негадир асабим ўйнаб.

Тўғриси, уларнинг кечаси бизни қидиришмагани мени ўйлантираётганди. Исташса, топишади-ку. Нега?..

Қуёш бир терак бўйи кўтарилганида дам олишга ўтирдик. Баҳона — ёввойи банан. Тилмочнинг айтишича, уни бемалол еса бўларкан. Мазаси озгина тахирроғ-у, лекин зарари йўқ, қоринни алдаса бўлади.

Қуёш тафтида шудринги кўтарилган майсазорга чўзилиб ётдик. Оқшом этимиз жунжикканиданми, иссиқ хуш ёқди.

— Менга қара, — дедим тилмочга, балки ундан жўяли гап чиқар деган умидда, — нега улар бизни қувмай қўйди? Жуда узоқлаб кетмагандик-ку.

— “Синов давлати”нинг ҳарбий базаси бу ердан узоқ эмас. Эътибор қилган бўлсанг, кеча тепамизда айнан уларнинг вертолётлари айланди. Бизни ўққа тутган ҳам ўша давлатнинг аскарлари эди... Асли вьетнамликман мен. Америка билан уруш пайти ота-онам Таиландга қочиб ўтишган экан. Шу-шу беватанман. Сиёсат билан шуғулланардим. Катта бир йиғинда “синов давлати”нинг анча-мунча кирдикорларини очиб ташладим. Ўшандан кейин бошимга маломат ёғилди. Нигерияга конференция баҳонасида жўнатишди. Сўнг у ердан мени ўғирлаб кетишди. Олти ойдан зиёд ўтирдим... Ҳа, ўзимнинг дардимни айтиб, энсангни қотириб юбордимми? Хуллас, ўша давлат битта одами учун бутун бошли шаҳарни вайрон қилиб юбориши мумкин...

— Вертолётини уриб туширдик-ку, нега улар ўрмоннинг кулини кўкка совуришмади? — дедим унинг гапини бўлиб.

— Сўнгги пайтларда Теодоро уларнинг бошқарувидан чиқа бошлаганди. Одамлар ниҳоятда хароб аҳволда яшайди. Шундай қабилалар борки, на аёлининг ва на эркагининг эгнида кийим бор. Кўрсанг, ёввойи деб ўйлайсан. Турмуши тош асридагидан ҳам баттар. Ўшаларнинг жуда кўпчилиги очликдан қирилиб кетди. СПИД авж олган. Учта одамдан иккитаси шу касалликка чалинган. Ўлиб кетаётган гўдакларни кўрсанг, чидолмайсан, кўзингдан ёш чиқиб кетади. Бу ҳам камдай, яқинда ўша “синов давлати”нинг иккита йирик компанияси текинга сигарета тарқатди. Катталарга эмас, ҳали ўнга кирмаган болаларга. Ваҳоланки, улар ўз давлатида чекишга қарши шунақа қаттиқ курашаяптики, асти қўяверасан. Жамоат жойида, кўчада чекиш мутлақо тақиқланган. Бу ердаги кароматларини кўриб ёқа ушлайсан. Хуллас, Теодоро халқига озгина қарашиб юборди ва бу билан ўша давлатга ёқмай қолди. Уни бир сафар олиб ташлашмоқчи ҳам бўлишди. Аммо ўрнига бошқасини тайёрлашга анча вақт керак. Шу боис, танобини тортиб қўйиш учун баҳона қидиришаётганди. Сен уларга ёрдам бериб юбординг. Рубенни ўлдирибсан. Эшитдим. Бундан оддий халқ қанчалик хурсандлигини билсанг эди. Менимча, Рубен сени атай “катта” дўстларига баҳона сифатида олиб келган бўлса керак. У ёғи менга қоронғи... Вертолётдагилар эса “синов давлати”дан келган эмас. Улар шу ерлик легионерлар. Нобуд бўлганларининг ўрнига бошқа легионер келади... Камерун ҳамма вақт ҳам уларнинг измидан юрмайди. Янаям ким билади дейсан? — шундай деб тилмоч бир нуқтага тикилиб қолди.

— Бундан чиқди, Теодорони олиб чиқиб кетаётганимизда атай индашмаган экан-да, — дедим ундан кўпроқ маълумот олиш илинжида.

— Шундай бўлиб чиқаяпти. Энди Теодоронинг попуги пасайиб қолгани аниқ.

— Афсус, вазият ўнглаб бўлмайдиган даражага етган. Битта одамнинг қўлидан ҳеч нарса келмас экан.

— Тўғри. Энди биз ватанимизга етиб олиш йўлини излашимиз лозим. Ҳойнаҳой, “террорчи” деган тамға ҳаммамизнинг пешонамизга босилгандир. Вазиятдан чиқиб кетишни қара: жуда оддий ва осон. Қайси давлатга борма, оёқ-қўлингга кишан солади. Фақат ўлсанггина булардан қутуласан.

— Йўқ, шунчаки жон бермаймиз. Тур, кўп ўтириб қолдик. Юриш керак.

Тилмочнинг гаплари хаёлимни банд этган, бу ерга бекорга келгандай ҳис қилардим ўзимни. Шунча одамни турмадан олиб чиққанимда ҳаммаси эсон-омон уйларига етиб боришади, деб ўйлагандим. Лекин қанчаси ўлиб кетди! Уйдагиларини кўриш нечтасига насиб этаркан, бу ёлғиз Худога аён. Балки ҳеч ким тирик қолмас, ҳатто буларга қўшилиб мен ҳам изсиз йўқ бўлиб кетарман...

Тилмочнинг кулгани хаёлимни бузди.

— Орқангга чумоли кириб кетдими? — дедим норозиланиб.

— Турмада бир одам бўларди. Ўша бир куни ўрмон кезибди. Гвинея ўрмонини. “Нуқул олдимдан тимсоҳлар чиқади. Ўзи дарахтлару буталарнинг зичлигидан, ўтнинг узунлигидан юриб бўлмайди. Шунақанги жойлари борки, одам оёғи тегмаган. Камига, бугун дарахтларини кесиб, ўтини ўриб ўтган жойингдан эртасига ўтолмайсан. Яна ўт-ўлан қоплаб олади. Ҳар қадамда тимсоҳ”, деганди. Биз юз метр юрар-юрмасимиздан олдимиздан бир кийик кесиб ўтади. Ҳар жойнинг ҳайвони одамига мос бўларкан-да, — деди тилмоч мийиғида кулиб.

“Ҳозир”, деб энди гап бошлагандим, олд томондан товуш эшитилди.

— Тисс, — кўрсаткич бармоғимни лабимга босдим, — тўхтанглар!

Маҳбуслар жой-жойларига ўтиришди. Ҳамманинг қулоғи динг.

— Дарахтлар орқасига яширининглар, мен бориб кўриб келаман, — дедим таржимонга. У гапларимни шивирлаб бошқаларга етказди.

Аввал бироз эгилиб югурдим, сўнг секин юрдим. Олд томонимиздаги қалин дарахтзорга кирганимдан сўнг овозлар аниқ-тиниқ эшитила бошлади. Сас чиқармай қадам босиб, секин илгарилайвердим. Ўрмон тугади. Нарёғи яланглик, яккам-дуккам бута ўсиб ётибди. Кейин яна ўрмон кўринарди. Энг даҳшатлиси, икки бўлак ўрмон оралиғида ўндан зиёд ҳарбий техникалар қатор тизилган, атрофида аскарлар уймалашиб овқатланишаётир. Берироқда эса битта вертолёт... Булар бари мен пойлаб турган жойдан узоғи билан ўттиз-қирқ метрча нарида. “Мана, уларнинг ортимиздан тушишмаганининг сабаби. Шу ерда кутиб туришса, биз ўз оёғимиз билан келиб буларнинг тўрига илинарканмиз”, дея ўйладим ва бир муддат кўксимни ерга босганча, бу жойдан сездирмай ўтиб кетиш режасини туздим. Лекин бунинг ҳеч бир имкони йўқ экан. Ортимга қайтиб, маҳбусларни панароқ жойга бошлаб келдим.

— Шу ерда миқ этмай ўтиринглар. Ишора қилмагунимча қилт этманглар. Шовқин чиқса тамом — ҳаммамиз итдай ўлиб кетамиз, — дедим маҳбусларга юзланиб.

Сўнг тилмочга гапларимни таржима қилишни уқтирдим-да, аскарлардан кўз узмай, энгашганча машиналарнинг ёнига ўта бошладим.

Охирги машинага яқинлашгунча беш дақиқа кетди. Бахтга қарши, иккита аскар ўрнидан туриб, шу тарафга кела бошлади. Мен кичикроқ бута ортига бекиндим. Улар машина ортига ўтишгач, алланималарни гаплашишди. Сўнг бири ортига қайтди, иккинчиси эса машина тагига кириб, калит билан ниманидир бурай бошлади. Бу айни муддао эди. Эгилган кўйи югуриб машина баллонининг ёнгинасига бордим-да, тиз чўкдим. Машина тагидаги ҳарбий: “Шеригим келди”, деб ўйлади, шекилли, инглиз тилида нимадир деди. Гапига жавоб бўлмагач, оёқ товуши келган тарафга бурилиб қарамоқчи бўлди ва мен унинг иккала қоши ўртасига мушт туширдим. Аскарнинг қўллари бўшашиб, ёнига шалвираб тушди. Қарасам, шериги челак кўтариб, ҳуштак чалганча қайтиб келаяпти. Секин аввалги жойимга бориб турдим. Аскар шунчалик бепарво эдики, мен тарафга кўз қирини ҳам ташлаб қўймади. Машинанинг орқа тарафига ўтгач, сигарета тутата туриб чайқалиб кетди. Демак, у маст. Суробини тўғрилаш қийин бўлмайди. Тутунни бир-икки марта ҳузур қилиб ичига ютган аскар секин энгашди-ю, бўйин суяги қирсиллаб кетганидан ҳайрон бўлди, шекилли, бир зум қотди. Қўлидаги сигарета ерга тушиб, ўзи чалқанча қулади.

(Давоми бор)

Биринчи қисм

Иккинчи қисм

Учинчи қисм

Тўртинчи қисм

Бешинчи қисм

Олтинчи қисм

Еттинчи қисм

Саккизинчи қисм

Тўққизинчи қисм

Ўнинчи қисм

Ўн биринчи қисм

Ўн иккинчи қисм

Ўн учинчи қисм

Ўн тўртинчи қисм