Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Иккинчи қисм)
Носир бир аҳволда уйига келди. Унинг ҳеч қаерига ҳеч нарса қилмаганди. Аммо асаб толалари шунақанги таранглашиб кетгандики, бир жойда туролмасди. Шу боисдан уйига келди-ю, отига бир сакраб миниб, тоғ томонга чоптириб кетди.
* * *
— Қўйинг, — дейишди дўкондагилар Абдуалимга, — ёш бола билан тенг бўлманг. Ҳозир уларнинг шунақанги пайти. Битта гап кам, иккитаси кўп. У билан тортишиб обрўнгизни тўкманг.
— Менга қаранг. Мен ҳеч вақт буниям, отасиниям мушугини пишт деган одаммасман. Кеча отаси кўзи олайиб келиб, иккитани ютиб, мени роса сўкиб кетганди. Бугун буниси келиб турибди. Аммо мен буни шундай қолдирмайман.
— Ўзингизни босинг. Шайтонга ҳай беринг. Сиз кўпни кўрган, тушунган одамсиз. Улар бўлса... Ўзи яхши одамлар...
— Мана, яхши одамлар! — дея Абдуалим кўйлагининг йиртиғини кўрсатди. — Мана шу яхши одамларнинг қилган иши! Мен саккиз йилдан бери шу ерда ишлайман. Бировни норози қилган жойим борми?! Нима бўлса шу ерга топиб келаман. Ана, олдим раҳматни! Бўпти, мен кетаман. Бу аҳволда савдо қилолмайман!
— Тўхтанг, — деди унинг қўлидан ушлаган Абдуназар.
У Файзулла билан бирга катта бўлганди. Яна қариндошчилик жойи ҳам бор эди.
— Менга қўйиб беринг. Мен ўзим ҳозироқ уйига бориб, гаплашиб келаман. Ҳали Файзулла келмади. Келсин, унгаям тушунтираман. Сиз бу ёғидан хавотир олманг. Олдингизга кечирим сўраб келади.
— Абдуназар ака, мендаям ор-номус бор. Обрў бор. Ердан чиққан қўзиқорин эмасман. Эркакман деб бош кўтариб юрибман... Бўлди, энди дўконни ёпайин. Ҳар қандай шароитдаям бугун савдо қилолмайман.
Қишлоқ одамлари ноилож чиқиб кетишди. Абдуалим бўлса эшикни ичкаридан қулфлаб олди. Роса еб-ичди. Кўзи қизариб кетди. Орада нечта одам келиб, эшик тутқичидан тортди. Хотинлар келиб, дўкон очилишини кутишди. Бояги жанжал ҳақида ғийбатлашишди.
Дўкондор ташқарига чиққанида қоронғу тушиб қолганди. Боя гаплашаётган хотинлар кетишиб, уларнинг ўринларига етти-саккиз одам тўпланибди. Улардан учтаси кунда-шундалардан. Мияларини қиздириб олишмаса, кунлари ўтмайдиганлардан.
— Ичкарида экансиз. Биз бу ёқда қараб ўтирибмиз! — деди уни кўриши билан озғингина Бердиёр.
— Бугун савдо йўқ. Савдони Файзулланикига бориб қилинглар. Ҳамма нарсани ўғли билан бирга кўтариб кетди! — деди Абдуалим ғазаб билан.
— Эй-й, — деди Бердиёр унга яқинлашиб, — акам, акагинам, шулардан хафа бўлиб юрибсизми? Сизгаям беш кетмадим. Улардан хафа бўлгунча мендан, ана боринг, манави турган Ғуломдан хафа бўлинг, ярашади. Сиз шунчалик пастга тушасизми?! Бўлмабди, ака!
— Миямни қотирма. Кимдан хафа бўлиш-бўлмасликни ўзим яхши биламан. Ана, бор, Оқсойга. Бор-йўғи ўн чақирим келади. Шу ёқда ютадиганингни ютиб кел. Мен кетдим.
Абдуалим дўконни ёпди. Йиғилганларнинг ҳай-ҳайлашига қарамай кетди.
* * *
Носир қайтиб келгунича жанжал ҳақидаги хабар оғиздан оғизга ўтиб, бўртиб, этни жимирлатадиган ҳолда Намунага етиб келган эди. У ўғлини сабрсизлик билан кутди. Битта чўпни бир жойдан олиб, иккинчи жойга қўймади. Йиғлади. Сиқтади. Ўғлининг келишини кутди.
— Ҳа, зўравон, — деди Носир отдан тушиши билан, — дўкондорни уриб жағини синдириб, ҳушидан кетказиб, кўнглинг хотиржам тортдими?! Кеча отанг маст бўлиб сойга думалаб, қилиғини кўрсатганди. Бугун сен кучингни кўрсатдингми?!
— Ая, мен унинг жағини синдирибманми? Ким айтди сизга бу гапни? — деди эндигина ҳовуридан тушган Носир ҳайрон бўлиб.
— Бутун қишлоқда дув-дув гап. Бошимни кўтариб қишлоқда юролмай қолдим сенларнинг дастларингдан!
Намуна кўз ёшига зўр берди. Икки қиз унга қўшилди. Кичкина ўғил Комил шумшайиб, акасини бир ёмон кўриб, бир унга ичи ачиб тураверди.
Носир тоқатсизланиб:
— Ая, ким нима деса ишонаверасизми?
Уф-ф! — дея қўлини мушт қилди.
— Болам, Абдуалим эртага мелиса билан келса, сени қаматиб юборса, мен нима қиламан? Ундан кейин қандай яшайман? Мен сенга ўқишга кирасан, одам бўласанми, девдим.
Аёл бошқа гапирмади, уйга кириб кетди. Унинг ортидан қизлар, бироз бўзрайиб турганидан кейин Комил ҳам кириб кетди. Носир ёлғиз қолди. Бир муддат нима қиларини билмай турди. Сўнг бир-бир қадам босганча тоғ томонга кетди. Ўзининг яхши кўрадиган тоши бор. Икки юз қадамча юқорилаш керак. Кун ботар томонда. Худди тошдан ясалган стулга, тўғрироғи шоҳларнинг тахтига ўхшайди. Бошқа тошлар қора, у бўлса оқимтир. Носир ёшлигидан шу тошни яхши кўради. Шу тош устига чиқиб ўтирди. Осилган, қўлингни чўзсанг етадигандай, бир-биридан ўзарга ёғду сочаётгандай, ҳали замон тўп этиб тушадигандай бўлиб турган юлдузларга термулди. Болалигини, ўсмирлигини, Неъмат билан ёқалашганини, отасини ва ниҳоят, дўкондор Абдуалимни хотирасида тиклади. «Энди нима қиламан? Ҳақиқатан ҳам меш қорин милицияни бошлаб келса, нима деб жавоб қайтараман?» дея ўйлади. Аммо жавоб тополмади. Сўнг қўлини силтади. «Нима бўлса бўлар. Мактабни битиришимга оз қолди. Шаҳарга кетиб, ўқишга кираман. Киролмасам, бирон жойга ишга кираман. Бу ёққа қадамимни босмайман...»
— Ака!
У овоз келган томонга қаради. Укасининг қорасини кўрди.
— Аям чақиряпти...
Абдуалим дўкондор милиция ходимларини бошлаб келмади. Уларнинг ўрнига бешта йигирма-йигирма беш ёшлар атрофидаги йигитлар келди. Турқларидан от ҳуркадиган, иккитасининг башараси чўтир, ҳаммасининг кўзи қизарган, ўйнаган эди...
— Ҳой йигит, Мавлон аканинг уйи шуми? — сўради улардан бири.
— Йўқ, Мавлон аканинг уйи яна бир кўча нарида, — жавоб қилди Носир негадир енгил тин олиб. — Ҳозир тўғрига юриб, кейин чапга қайриласизлар.
Йигитлар Носир айтган томонга кетишди.
Абдуалим дўкончи бир ойча савдо билан шуғулланганидан сўнг бошқа дўконга ўтиб кетди. Миш-мишларга қараганда, туман марказидаги озиқ-овқат дўконини олибди. Одамлар «Абдуалим кўтарилибди», дейишди. Файзулла бу хабарни эшитиши билан «Худога шукр, кетибди. Турсам ҳам, ўтирсам ҳам хаёлимдан кетмаётганди. Қутулибмиз», дея нонушта пайти айтиб юборди. Уйда болалари, хотини бор эди. Носирдан бошқаларнинг ҳаммаси бир қараб қўйди. У эса қўлидаги нонга термилганча қизариб кетди.
— Хафа бўлма, болам, — деди унинг елкасига қўлини қўйган Намуна. — Суриштирдим, ўзи айб ундан ўтган экан. Сен қизиққонлик қилиб қўйибсан-да.
— Қизиққонлигини қишлоқ кўтаради. Бунинг ўқишга бораман, деб юрибди. У ерда зўрдан зўр кўп, — дея пиёладаги чойни симирди Файзулла.
Орадан икки ой ўтиб, Носир шаҳарга кетди. Синфдошлари орасида энг охири бўлиб кетди. Унинг ҳужжатини негадир энг охирида, институтга қабул тугашига бир ҳафтагина қолганида беришди. Шунда ҳам Файзулла кунда мактабга қатнайверганидан сўнг, «Устиларингдан ёзаман», деяверганидан сўнг беришди. Лекин Файзулла, барибир, ёзмасди. Чунки у ёзадиганлар хилидан эмас. Бировни бировга тузукроқ иғво қилиб гапиролмайди-ю, устидан ёзишга йўл бўлсин? Ўзи тузукроқ ўқимаган ҳам. Шундоқ деймиз-у, охирги партада муаллим бирон нимани сўраб қолмасин, деган хавотирда ўтирганлар кейинчалик яхшигина «ёзувчи» бўлиб кетишди. Айнан уларнинг дастидан колхознинг раиси икки марта алмашиб кетди.
Хуллас, аттестат Носирнинг қўлига тегиши билан шаҳарга қушдай учди. Ўқишга... Ўқишга наридан бери тайёргарлик кўрди. Чунки бошқа иложи йўқ эди. Айни мактабни битирар палласидаги воқеалар миясини чалғитди. Миясидаги бори ҳам қарийб чиқиб кетди. Бўлмаса илгари, яъни охирги синфгача астойдил ўқиганди. Синфдошлари мактабдаги кўзга кўринган қизларни бирма-бир эгаллаб олишаётганида ҳам у бировга қарамади.
— Мен уйланадиган қиз энди биринчи синфга борган бўлса ажабмас, — дерди у тенгдошларига.
— Ўҳ-ҳў, у вояга етгунича сен қариб кетасан, — дерди синфдошлари.
— Қаримайман, ўттиз ёшимда ҳам ҳозиргидай бўламан, — дерди Носир жавобан.
Аммо Фароғат исмли қизни ёқтирарди. У энди еттинчини битириб, саккизга ўтганди. Бироқ бу ҳақда бировга ёрилмади. Ундан сўнг Неъмат зўравоннинг танобини тортиб қўйди, кейинроқ дўкончи билан ёқалашди. Қарабсизки, қизлар уни кўришса, бир тош наридан ўтиб кетадиган одат чиқаришди.
Носир университетга охиргилардан бўлиб ҳужжат топширди ва ётоқхонага жойлашди-ю, мутолаага муккасидан кетди. Аммо кечга қолган эди. Биринчи имтиҳондан уч олди. Иккинчисидан эса ўтолмади. Ёзма эди. Математикадан эди. Университет ҳовлисидаги доскага илинган қоғозда фамилиясининг тўғрисига қараса, чиройли икки турибди. Бирдан оёқ-қўли бўшашиб кетди. «Энди нима қиламан? Қишлоққа қандай бош кўтариб борман? Кўрганлар «Сенга ким қўйибди ўқишни? Тинчгина молингни боқиб юравермайсанми?!» дейишмайдими? Йўқ, бунақаси кетмайди. Нимадир қилишим керак». У шундай ўйда ётоқхонагача базўр келди. Ўзини каравотга ташлади. Ҳаво иссиқ эди. Тўрт томондаги бетон деворлар қизигандан-қизиб, уни бўғиб ташлаётганга ўхшарди. Жиққа терга ботди. Юзини ёстиққа босиб ётаверди. Кечгача ётди. Лекин ухламади, ухлаёлмади. Ҳам иссиқдан, ҳам боши лўқиллаб оғришидан кўзига уйқу инмади. Қуёш ботиб, салқин туша бошлаганида ўрнидан туриб, ётоқхона ҳовлисига чиқди. Ўзи тенги икки йигит имтиҳонни боплаб топширгани ҳақида бир-бирига мириқиб гапириб берарди. Бирови иккита беш олибди. Иккинчиси битта тўрт, битта беш. Носир уларга бошдан-оёқ қараб чиқди. Ўзи тенги, жа ошиб борса, бир-икки ёш катта болалар. Булар ҳар ҳолда биров билан ёқалашиб қолмаган бўлишса керак. Ва ёки икковиниям «танка»си бор. Ўтган ярим йилдан мўлроқ вақт оралиғида у «танка» нима, аниқроғи, ким эканини яхши билиб олди. Ўқиш нархи беш минг эканидан ҳам хабар топди. Бўлиши мумкин эмас, дея ўйлади. Ке-йин имтиҳонга кириб билдики, саволлар қийиндан-қийин. Атайлабдан ҳеч ким тушунмайдиган саволларни беришган. «Танка»си борлар ўтсин, қолганлар қайтиб кетаверсин, деб ўйлади.
Манави болаларнинг эса бири қўйиб, бири мақтаняпти.
— Кечирасизлар, — деди Носир бир муддат уларнинг гапларини тинглаб турганидан сўнг, — танкаларинг борми?
Йигитларнинг ранги ўчгандай бўлди. Биттаси дарров ўзини ўнглади.
— Ошна, қанақа танка? Танкам бўлганида икки йил олдин ўтиб кетган бўлардим. Бу йил учинчиси. Танкаси борлар бизга ўхшаб ётоқхоналарда туришмайди.
— Мен йиқилдим, — деди Носир йигитларга кўз ташлаб қўйиб. — Энди нима қилишни билмай бошим қотиб ўтирибман. Қишлоққа қайтиб боришга бетим чидамаяпти.
— Эй-й, ошна, шунга эзилиб ўтирибсизми? Бу йил бўлмаса, келаси йил, албатта, ўтиб кетасиз. Ҳозирча мен иккита беш олиб турибман. Аммо олдинда яна иккита имтиҳон бор. Нима бўлади, нима қўяди, ёлғиз Худога аён. Энди мен сизга битта маслаҳат берсам, эшитасизми? — деди бешчи йигит.
— Айтинг?!
Рўпарасидаги бола иккини ҳозироқ бешга айлантириб, университетга киритиб қўядигандай Носирнинг кўзлари чақнаб кетди.
— Мен биринчи йили вокзалга борганман. У ерга юк келарди. Туширганман. Кунига энг камида йигирма-йигирма беш сўм ишлардим. Кейин кечки пайт китоб ўқирдим. Пулим кўпа-йиб, анча-мунча ғўдда-йиб қолганман. Яна шаҳар ҳавосини ҳам яхшигина олганман. Ҳозир сизда зўр шароит бор. Сабаби, ётоқхонада турасиз. Ҳали-бери ётоқхонадан чиқариб юборишмайди. Чунки олдинда иккита имтиҳон бор, мандат бор. Кейин ҳам комендант билан келишиб олсангиз, талабалар келгунича яшаб турасиз. Ундан у ёғига Худо пошшо.
Носир ўзидан-ўзи руҳланиб кетди. Чунки йигирма беш сўм катта пул-да. Яна кунига. Демак, ойига етти юз эллик сўм бўлади. Унча-мунча амалдор ҳам агар бошқа «тушум»ларни ҳисобга олмаганда бунча ойлик олмайди.
— Бўпти. Мени вокзалга олиб бориб, ҳамма нарсани кўрсатиб келасизми? Айтганча, исмингиз нима эди? — деди у ҳовлиқиб.
— Исмим Бахтиёр.
— Меники Носир, — дея Носир унга қўлини узатди.
— Майли. Лекин ўзингизга эҳтиёт ҳам бўласиз-да. У ёқда бемаза болалар кўп изғийди. Шуларнинг кўзига тушиб қолмасангиз бўлгани.
— Бу ёғидан хавотир олманг.
Бахтиёр Носирни вокзалга олиб борди, кўрсатди. Ҳаттоки қирқларга яқинлашиб қолган, ўрта бўйли, жингалак сочли, юзида кулгичи бор одам билан таништирди. Исми Ғайрат, ўн йилдан бери шу вокзалда тирикчилик қилар экан. У Носирга бошдан-оёқ қараб чиқди-да:
— Бақувватгина, чайиргина бола экан. Бу ёғини кейин кўраверамиз. Сенга ўхшаган бўлса бўлгани. Бурунги йили битта ўғри келиб қолди. Падарингга лаънатга қўшилиб, сал қолса қамалиб кетаёздим. Аккумулятор ўғирлабди. Бирдан ўнта. Ўнинчисини олиб кетаётганда қўлга тушибди, — деди.
Носир бир муддат ташвишни унутди. Эрталаб вокзалга боради. Ҳали ун келади. Ҳали кийим-бош келади. Умрида кўрмаган хорижнинг мевалари келади. У бирортасига ҳам кўз олайтирмайди. Биринчидан, бировнинг нарсасини ўмариш табиатида йўқ, иккинчидан, милиция деган сўзни эшитса, асаби бузиладиган, ўз-ўзидан ҳаяжонга тушадиган одат чиқарган. Бунинг устига, обрўсидан айрилиб қолишдан ҳам қўрқади.
Аммо тропик мамлакатлардан келтирилган мевалар қаерга кетишини сира билмасди. Сабаби, бозорларда бирор марта кўрмаган. Лекин шуниси яхши эдики, бунақанги юкларни тушираётганида одам қандайдир руҳланиб кетарди. Цемент ва яна қопларда қандайдир кимёвий нарсалар ҳам келардики, битта вагонни бўшатгунларича Носирнинг тили осилиб, шунақанги тинка-мадори қурирдики, бу ишни ташлаб кетворгиси келарди...
Икки ойдан сўнг у ётоқхонадан кетди. Ижара уй топиб, шу ерда яшай бошлади.
— Бу кетишда, — деди бир куни Ғайрат ака, — мендан мутлақо фарқинг қолмайди. Сен яхшиси, бирорта спорт тўгарагими, бошқа бирор нарса топ. У ерга ҳам бор.
— Ўқияпман, — деди Носир, — битта-иккита китобни ёд олдим.
Ғайрат ака кулди.
— Бу яхши. Аммо ҳаёт фақатгина шундан иборат эмас-да. Биринчи марта келганимда менинг ҳам билакларим кучга тўла эди. Ҳозир ҳам ёмонмас. Лекин охирги пайтларда олдингидай қувватим борлигини сезмаяпман... Пулнинг орқасидан қувдим. Яна бу ерда қанча ишлайман, Худо билади. Аммо бу ердан кетсам, аниқ абгор бўламан. Энди сен ҳам менга ўхшаб қолмагин, дейман-да.
— Нима қилай, ака? — деди Носир.
— Бокс билан шуғулланаётганларни кўрдим. Бу ерда тўрт-беш соат ишлагин-да, кейин шу ерга бор. Ундан ортсанг, яна бирон нима қиларсан. Яна бу ерга келаётганим Ғайрат акага ёқмаяпти, деб ўйлама. Менга қолса, шу ердан кетмаганинг маъқул. Чунки ҳамма ҳам сенга ўхшаган тоза эмас.
— Хўп, — дея бошини қимирлатди Носир.
Сўнгги пайтларда ўзи ҳам шу ҳақда ўйлаб юрганди. Тенгдошларига ҳавас билан қарарди. У яшайдиган ижара уйдан бирор икки юз қадамча нарироқда стадион бор. Носир ҳар куни ишдан чарчаб келаётганида болаларнинг қийқиришиб копток тепишаётганини кўради. «Буларнинг ҳаммасининг отаси амалдор, бойваччалар бўлишса керак, бемалол ўйнаб юришибди», деб ўйлайди. Хўрсиниб қўяди. «Агар ўқишга кириб олсам, ишимни шундай йўлга қўяманки, менинг болаларим ҳам беташвиш копток тепиб юришади», дея ният қилади. Кейин ўзининг ўйидан ўзи кулади. «Ҳали муштдай бола бўлсам, йигирмага ҳам тўлмаган бўлсам, у ёқ-бу ёғимни тўғирлаб олай, кейин ўзим тўп тепаман».
У Ғайрат аканинг гапига амал қилиб, эртасига ишга бормади. Вокзалнинг кун ботар томонида қурилиш техникуми бор эди. Сўраб-суриштириб, унинг спорт залида бокс тўгараги борлигини аниқлади. Борди. Аммо у ерда техникум ўқувчилари учун дарс бўлаётган экан. Қоровулдан сўради. Қоровул унга бир бошдан қараб чиқди ва «Мураббий соат бешда келади», деди.
“Боксчи бўла олишимга ишонмади, шекилли. Шу қилганига шунақа берилиб, шунақанги қаттиқ шуғулланайки, ҳамманинг оғзи очилиб қолсин”, ўйлади Носир.
Мураббий корейс киши экан. Русча, ўзбекча аралаштириб гапираркан. Носир уни алдади. «Техникумда ўқийман. Бўш вақтимда шуғулланмоқчиман», деди. Мураббий ишонди. Балки, уни Носирнинг кимлиги, нега келгани қизиқтирмагандир. Хуллас, у кун ора шу залга қатнай бошлади. Дастлабки кунлари олдиндан шуғулланиб келган боксчилар обдан адабини беришди. Бўйи, жуссаси кичкина, аммо рингга чиққанидан кейин шунақанги шайтонга айланишадики, мутлақо бир жойда тутиб бўлмайди. Энди мушт тушираман деб қўлини кўтариши билан ҳали чап, ҳали ўнг юзига рақиби кетма-кет уриб қолади. Кўзи ҳеч нарсани кўрмайди... Хуллас, уйга қайтиб келганидан кейин юзини силаса ҳам зирқирайди. Бўлмаса, ҳеч қаери кўкармаган. Териси эзилиб кетганга ўхшайди. Унинг гапларини эшитиб, Ғайрат ака кулди.
— Сабр қил, ҳаммаси изига тушиб кетади. Муҳими, сенда ирода бор. Куч-қувват бор. Мана, кўрасан, икки ойдан кейин ҳаммасини чирқиратасан.
Жуда икки ой эмас-у, лекин бирор тўрт ойча вақт ўтганидан кейингина Носирнинг қўли боксга анча келишиб қолди. Рақиблари ҳам чўчий бошлашди. Мураббий эса эътибор қилиб қолди. «Сени чемпион қиламан», дейди ва кўпроқ шуғуллантиради. Зарбадан қочиш, кутилмаган зарбалар бериш йўл-йўриқларини ўргатади. Кейин рингга чиқариб синайди.
Бир куни тушлик пайти Носирнинг мултақо иштаҳаси бўлмади. Овқат емай ўтирганида Ғайрат ака уни койиди.
— Бу нима ейиш?! Агар ейишинг шундай бўлса, ҳеч балога ярамайсан. Бақувват-бақувват е! Кейин ишла. Спорт билан шуғуллан. Ўқи. Ана шунда одам бўласан.
— Бошқа вақти зўр ейман. Бугун негадир иштаҳам йўқ.
— Бекор айтибсан. Бир ҳафтадан бери кузатаман. Чумчуқ ҳам сендан кўпроқ ейди. Ундан кейин мева-чеваларни кўпроқ егин. Тўғри, ҳозир қиш бўлгани учун қимматлашган. Лекин сендай топармон-тутармон учун бу ҳеч нарса эмас. Сен менинг айтганимни қилавер, кам бўлмайсан.
Ҳа, Носир кам бўлмади. Икки ҳафта ўтар-ўтмас, мураббий унга шаҳар биринчилигида қатнашишини айтди.
Носирни ҳаяжон босди. Ишга бормай қўйди. Кутубхонага, спорт залига борди. Кечалари китоб ўқиди. Уч кундан кейин Ғайрат ака келди.
— Сен болага нима бўлди? — дея сўради ажабланиб.
У бир нималар ичиб олган экан. Кўзи сузилиб турарди.
Носир сабабини айтди.
— Ҳмм, мен сени касал-пасал бўлиб қолдимикин, деб ўйлабман. Бу ер шаҳар, ошнагинам, касал бўлиб қолсанг, қариндош-уруғинг бўлмаса, биров сўрамайди. Бугун байрам қилдик. Анави машинист Нортожи бор-ку, шу ҳақ берди. Яна битта ўғилчали бўпти. Сени ҳам айтганди. Сенга меҳри тушиб қолган. “Шу бола вагонларимни улашда текинга ёрдам беради”, дейди.
Тўғри, шундай эди. Носирнинг паровозга қизиқиши бор. Тез-тез машинистнинг кабинасига чиқиб турар ва ҳаттоки поездни икки марта жойидан қўзғатган ҳам эди.
— Эсиз, бормабман, — деди Носир афсусланиб.
— Бормаганинг ҳам яхши бўлибди. Ҳамма «қотиб» қолди. Ҳалиги, нимайди?.. Ҳа, ишларинг қандай?
— Шаҳар биринчилигига қатнашаман, дегандим сизга. Ҳозир зўр бериб шунга тайёргарлик кўряпман. Ундан кейин университетга ҳужжат топшириш вақти ҳам яқинлашиб қолди. Ўтган йили киролмагандим. Бу йил, албатта, кираман, деб турибман.
— Яхши. Эртага бизга бир ёрдам бериб юборсанг.
— Вокзалга борайми?
— Йў-ўқ. Водийлик битта ошнам тўй қиляпти. Армияда бирга хизмат қилганмиз у билан. Зўр бола. Хуллас, қизини узатаётган экан. Мен қилган тўйларга тўлиб-тошиб келган. Мен ҳам бир нималар олиб қўйгандим. Шуни тўртинчи қаватдан туширишиб, поездга ортишиб юборсанг бўлди, — дея бурнини тортиб қўйди Ғайрат ака.
— Ака, шуниям ўйлаб ўтирибсизми? Бораман, сира хавотир олманг.
— Келишдик унда.
Ғайрат аканинг уч нафар боласи бор. Икки ўғил, бир қиз. Қизи кичкина. Хотини Наргиза ҳам ўзидан нақ ўн ёшга кичик. Ғайрат ака «Қўлим калталик қилган. Отамдан эрта етим қолганман. Ўзим пул топиб, уйланмагунимча биров уйлантириб қўймаган», дейди.
Носир борди. Ғайрат ака бошқа нарса қуриб қолгандай музлаткич олган экан. Амаллаб олдинига тўртинчи қаватдан пастга туширишди. Сўнг таксига ортишиб, вокзалга олиб боришди. Вагонга ортишди. Ғайрат ака Носир билан худди урушга кетаётган одамдай хайрлашди. «Бизнинг уйдан хабар олиб тур», деди. Сўнг вагонга чиқиб кетди.
Поезд юрди. Носир ҳам турган жойидан энди жилмоқчи бўлиб турганида, шундоққина икки қадам нарида дугонасини кузатиб, рўмолчасини силтаб турган қиз чийиллаб юборди. Носир кўрдики, унинг сумкасини олиб қочишди. Икки киши. Бири новча, иккинчиси калта. Ўйлашга вақт йўқ эди. Шу боис у ўғриларнинг ортидан қувди. Спортчи эмасми, вокзал эшиги ёнида етиб олди. Бирини чалиб йиқитди. Иккинчисининг ёқасидан ушлади. Ўша ёқасидан ушлагани ҳамла қилмоқчи бўлганида жағига бир мушт тушириб ағнатди-да, унинг қўлидаги сумкани тортиб олди. Худди шу пайт бошқа бир томондан тўртта барзанги югуриб келиб қолди. Улардан бирининг қўлида пичоқ бор эди.
У иржайди. Сўнг битта-битта қадам босиб, Носирга яқинлашиб келаркан пичоқни у қўлидан бунисига олиб ўйнади. Атрофда одам кўп. Ҳамманинг кўзи олайган. Ҳамма энди нима бўлишини кутиб турибди. Бирортасининг жанжалга аралашишга ҳадди сиғмайди. Қўрқади. Чунки улар вокзал безорилари ҳақида эшитишган. Эшитмаганлар ҳам эл қатори тилини маҳкам тишлаб турибди. Ва яна бу вокзалда милиционерларнинг милиция хонаси ҳам бор. Аммо кўринмайди.
Йўқ, ҳартугул битта аёл бақириб юборди:
— Бола бечорани ўлдириб қўйишади!
Унинг чинқириғи бошқаларни ҳам жонлантирди. Ўғрилар эртароқ ишни битириб, жуфтакни ростлаб қолишмаса, аҳвол чатоқ эди. Шу боис бараварига ҳамлага ўтиб қўя қолишди. Олдинига ўша пичоқлиси Носирга ташланди. Носир ундан бир неча марта чаққон эди. Ва ҳали рақибнинг тиғи етиб келмасидан унинг бурнини, олдинги иккита тишини синдирди. Бунинг учун унга бор-йўғи биттагина зарба керак бўлди. Кейин яна иккитасини ерга қулатди. Ўғрилар қарашса, кучлари етмайди. Бундай пайтда уларнинг олтин қоидаси бор. Яъни қочиш. Ана шу усулдан фойдаланиб қўя қолишди. Албатта, чўзилиб ётган шерикларини қолдиришмади. Носир ҳам уларнинг қочишларига қўйиб берди.
Бирдан уни мақтовчилар кўпайиб кетди. «Бопладинг! Ўғил бола экансан! Буларни шунақа қилиб бурнини ерга ишқаб қўйиш керак», дейишди. Сумкасини ўғирлатган қиз эса кўзидан дув-дув ёшини оқизиб, нажоткорининг ёнига яқинлашди. У бирам чиройли эканки, ўғриларнинг орқасидан бориб, тутиб олиб яна дўппослагинг келади. Ахир шунақа санамнинг ҳам нарсасини олиб қочишадими ярамаслар?!
— Раҳмат! — деди қиз лаби титраб.
— Арзимайди. Мана, сумкангиз, — деди Носир.
Шу пайт бирдан қаердандир милиционер ҳуштагининг овози эшитилди. «Қочиш керак». Носирнинг миясига келган биринчи фикр шу бўлди. Чунки у милиция деган сўздан юрак олдириб қўйганди. Шу боис эшик томонга юрди.
— Тўхтанг, — деди қиз унинг кетиб қолаётганидан хавотирга тушиб.
— Юринг, — дея юриш асносида унга қаради Носир.
Қиз Носирга эргашди. Ташқарида таксилар турарди. Йигит биттасига ўтирди. Қиз унинг ёнига ўтирди. Қаерга кетяпсиз, дея сўрамади.
Носир ҳайдовчига «Дархонга ҳайданг», деди. Аммо икки бекат юрар-юрмас, машинани тўхтатишни илтимос қилиб, бир сўм узатди. Машинадан тушди. Қиз ҳам тушди.
— Раҳматни айтдингиз, — деди Носир киприкларини пирпиратиб турган қизга, — энди эҳтиёт бўлиб уйингизга кетаверинг.
— Шошманг, қуруқдан-қуруқ кетаверасизми? Ҳеч бўлмаса, халоскоримнинг кимлигини билиб олай, — дея жилмайди қиз.
У жилмайганида янада очилиб кетар экан.
— Қўйсангиз-чи, қаердан халоскор бўлайин? Мен шунчаки йигит киши қилиши керак бўлган ишни қилдим. Бошқалар ҳам қилиши мумкин эди шу ишни.
— Қилишмади-ку.
— Улгуришмади-да. Қаерда турасиз?
— Ётоқхонада.
— Ўқийсизми?
— Ҳа. Кооперативнийда. Биринчи курсни тугатяпман.
— Вокзалда нима қилиб юргандингиз?
— Дугонамни кузатдим. Водийга.
— Исмингиз нима?
— Гуллола.
— Меники Носир. Ана, танишиб ҳам олдик. Бундан бу ёғига эҳтиёт бўлинг. Мен...
— Кетасизми?
— Ҳа.
— Мен қўрқаман кетишга. Анавилар ортимиздан пойлаб келишаётган бўлишса-чи.
— Ҳмм. Ётоқхона узоқми?
— Унчаликмас. Таксига пулни ўзим тўлайман. Фақат ёнимда кетсангиз бўлди.
— Бўпти.
Бу сафар Носир ҳайдовчининг ёнидаги ўриндиққа ўтирди. Ҳайдовчи борлиги боис улар гаплаша олишмади. Индамай кетишди. Носир онасининг гапини эслади. «Болам, қизиққонлик қилма. Сенга дахли бўлмаган ишга аралашма. Эҳтиёт бўл. Ҳар ерда битта ёмон топилади. Ишонганимиз сенсан. Сен одам бўлсанг, уканг ҳам, сингилларинг ҳам одам бўлиб кетишади», деган эди волидаси. Лекин, мана, у бегоналарнинг ишига аралашиб қўйди. Беихтиёр аралашди. Энди одам бўладими? Анави ўғрилар чиндан ҳам ортларидан кузатиб келишаётган бўлишса-чи? Улар кўпчилик эди. Носир ҳаммасининг ҳам юз тузилишини эслаб қололмади. Яна катта эҳтимол билан бошқа жойда зимдан кузатиб турганлари ҳам бўлиши мумкин-ку. Ўғрилар эркин эди. Демакки, тўдабошиси бор. Ўғрибоши ҳам вокзалда бўлмаганига биров кафолат беролмайди. Яна... Яна машиналари ҳам бўлиши мумкин.
— Гуллола, — деди Носир ортига ўгирилиб, — сал берироқда тушиб қолсак ҳам бўладими?
Қиз дарров жавоб бермади. Бир лаҳза йигитга тикилиб турди. Сўнг майин ва оҳиста қилиб:
— Майли, — деди.
Машинадан тушганларидан сўнг Носир кўпроқ гапирди. Шунинг билан бирга ўтаётган, қайтаётган машиналарни кузатди. Гап асносидан билдики, Гуллола билан битта тумандан экан. Фақат Гуллола туман марказида яшаркан. Гап-сўзларига қараганда отаси яхшигина бой экан. «Ётоқхонада нима қиласан, яхшиси, битта уй олиб берайин. Ўша ерда тураверасан», — дебди. Лекин Гуллола кўнмабди. «Қизлар билан бирга ётоқхонада турганим яхши, зерикмайман», — дебди.
— Юринг, домлар оралаб юрамиз, — деди Носир томдан тараша тушгандай.
— Нега? — ажабланди қиз.
— Боя ўзингиз айтганингиздай ўғрилар пойлаб келишаётган бўлиши ҳам мумкин.
Қизнинг ранги оқарди. Ғизиллаб ўтиб-қайтаётган машиналарга қараб қўйди. Сўнг йигитнинг айтганига кўнди.
Носир Гуллолани ётоқхонасигача кузатиб қўйди. Бекорга хавотир олишибди. Ҳеч ким уларнинг ортидан тушмади.
Қиз вокзалда бўлиб ўтган воқеани, йигитнинг кўркам ва мардлигини дугоналарига тўлиб-тошиб сўзлаб берди.
— Мен умримда унақасини учратмаганман. Нима бўлаётганини тушунмай қолдим. Ҳаммаси худди тушимда бўлаётгандай эди. Туман ичида юрардим. Бирдан...
— Хо-о-о, — дея кулди хонадоши Дилноза, — хонимнинг юрагидан уриб қолибдими, дейман. Йигитларни менсимасдингиз-ку!
— Юрагимдан урган? Билмадим. Мен менсимаган болаларнинг бирортаси ҳам унга тенг келолмайди. Яна истарали, ёқимтой...
— Шошма, балки, унинг ўзи уюштиргандир. Мен ўшанақаларни эшитганман. Қараса, хоним оппоққина, киприклари узун, сочлари тим қора. Бунинг устига, қиммат кийимларни кийиб олган. Албатта, оддий йигит шунчаки бориб танишиб кетолмайди. Танишганида ҳам бир дақиқадан кейин паттаси қўлига тегади. Бунақа йўл билан борилса, осонгина илинтириш мумкин. Кўриниб турибдики, қизгинанинг қизиқишини уйғотиб олибди...
— Йўғ-э, унақамасдир. Ўғриларнинг биттасини қонига белаб ташлади-ку. Агар улар келишиб олишган тақдирда ҳам ўртоғини бунчалик урмас. Сен ҳам жа ошириб юборасан-да, — деди жиддий тортиб қолган Гуллола.
— Пул учун нималар қилишмайди одамлар. Қара, жуда мос тушяпти. Биттаси бой, кўнгли маишат тусайди. Иккинчисининг эса чўнтагида бир мири йўқ. Пул ундириш учун ўзини ҳар кўйга солади. Шундай экан, гўзал хоним, мурувват кўрсатган йигитни эсингиздан чиқариб қўя қолинг. Мен сенга буни ҳақиқий дўстинг сифатида айтяпман. Янаям нима қилишни ўзинг биласан... Шошма, бундай қиламиз. Агар эртага ўша бола сени институтга излаб келса, демак, вокзалдаги воқеа уюштирилган. Келмаса, сен айтганингдай у қаҳрамон. Аммо қаҳрамон бўлган тақдирда ҳам ундан бирон нима умид қилиб бўлмайди. Сабаби, унақалар ўтга, чўққа уриб ўзини хароб қилади. Демак, шунинг учун ҳам қаҳрамонингни эсингдан чиқазишинг керак. Аммо битта нарсани айтиб қўяй, ҳозир унақа йигитлар анқонинг уруғи.
(Давоми бор)