Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Саккизинчи қисм)
Қўл жанги нақ икки соатга чўзилди-ёв. Ҳеч ким ютқизмади, бирор киши ҳансираб ҳам қолмади. Мен эса уларни кўриб-кузатиб туриб ўзимдан хафа бўлиб кетдим.
Ортга қайтдик. Ҳамма ўзининг уй-уйига кириб кетди. Мен чол билан қолдим.
— Юздан ошган одамнинг ҳассага таянмай гавдасини кўтариб юриши ўзи даргумон-у... сиз қандай қилиб...
— Ҳали ҳаммасига тушуниб оласан, — деди оқсоқол гапимни бўлиб, — аввал соғайиб олгин.
Орадан бир ҳафта ўтди, мен бутунлай соғайиб кетдим. Шу орада орол қавми билан танишиб ҳам олдим. Улар сиртдан вазмин кўрингани билан шўх, хушчақчақ экан. Гапирганда, албатта, ҳазил, киноя аралаштиришаркан. Энг ёққан томони эса, менинг ёнимда улар ҳеч қачон бошқа тилда гаплашишмасди.
— Нега бундай қиласизлар? — деб сўрасам:
— Кўнглингга ғулғула тушишини истамаймиз, — деб жавоб қилишди.
Шу гапдан кейин меҳрим икки ҳисса ошди ва уларга ҳавас қилдим. Оқсоқолнинг ёнига бориб (у куннинг асосий қисмини китоб мутолааси билан ўтказарди. “Нима қиларкан шунча ўқиб? — деб ўйлайман мен. — Бу китобларни бир неча марта ўқиб чиққан бўлса, яна тикилган билан мойи чиқармиди?”):
— Менгаям каратэни ўргатинг, — дедим.
Оқсоқол кулди ва ўқиётган китобини эҳтиёткорлик билан ёпди-да:
— Биз каратэ билан шуғулланмаймиз, бажараётган амалларимизни қилолмайсан. Ёшинг ўтиб қолган, — деди.
— Нега ёшим ўтиб қолади? Ҳали йигирмагаям кирмаганман-ку, — дедим ҳайрон бўлиб.
— Сен дарахтдан ечиб олган ўша чақалоқ олти ойлик. Бизда одамни шу даврдан бошлаб ўргатилади. Сезмаган экансан-да, биз — нинзалармиз.
Мен ҳайратдан донг қотган эдим. Оқсоқолнинг гапларига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмасдим. Аммо кўзим билан шунча нарсани кўрганимдан сўнг ишонмасдан иложим йўқ эди.
— Оёғидан осилган гўдак ҳар тебранганида дарахтга урилади. Албатта, унинг боши ғурра бўлмаслиги учун дарахтга юмшоқ қоплама бойлаб қўйганмиз, — дея гапида давом этди оқсоқол.
— Олти ойлик гўдак нима каромат кўрсатиши мумкин? Ёки сиз мени шунчаки...
— Олти ойлик гўдакда ҳам сезиш қобилияти бор. Бошқа биров ёрдам бермагач, у ўзини-ўзи ҳимоя қила бошлайди. Сен бўлсанг, ўзингни ҳимоя қилиш палласидан ўтиб кетгансан. Энди сенга бирон усулни ўргатиш қийин. Ўрганишинг мумкин, фақат оддий нарсаларни.
— Йўқ, — ўжарлигим тутди, — мен ҳали кўп нарсани ўргана оламан. Мана кўрасиз.
Чол кулиб қўйди ва китобни очиб, келган жойидан ўқишга тушиб кетди. Ҳафсалам пир бўлиб, унинг ёнидан чиқдим.
Агар уларнинг жанг усулларини ўрганиб олсам, мени шу кўйга солганлардан ўч олар эдим. Одамни хароб қилиб, унинг тана аъзоларини сотадиганларнинг кунини кўрсатардим...
Орадан яна бир ҳафта ўтди. Оқсоқол кўмак бермаслигига ишончим комил бўлгач, ўзим саҳарлаб туриб, бошқаларга қўшилиб югура бошладим. Улар бажараётган машқларни такрорлашга уриниб кўрдим. Бироқ машқ бажариш у ёқда турсин, ҳатто оёғимни икки ёнга чўзишга ҳам қурбим етмас, бу менга алам қиларди. Лекин на илож? Кампирлар коптокдай сакраб машқ бажарганда, бир нарсани эплолмасам-да, югуриб турганим яхши эмасми? Лекин ичимда ўзимни улардан кучлироқман, деб билардим. Бир куни бўйи меникидан калтароқ, бургутбурун, сочлари типратиканга ўхшаш, кўзи бир чизиқ — қисиқ Сёхэй исмли йигитнинг ёнига бориб:
— Мен билан спаринг тушмайсанми? — деб сўрадим (спаринг — ўзингга рақиб танлаб, тепишиш машғулоти).
У менга бошдан-оёқ разм солди-да, кулди. Кейин етти-саккиз ёшлардаги Такешини кўрсатиб:
— Ўша билан тушсанг, қаттиқ урмайди, — деди.
— Нима деяпсан? — дедим жаҳлим чиқиб. — Менинг тенгим шу гўдак бўлиб қолибдими?
— Хафа бўлма, лекин сен ҳали ҳеч нарсани билмайсан.
— Кўрамиз!
— Майли, ўзингдан кўр, — деди у.
Хаёлимда: “Биринчи бўлиб мен уришим керак. Шунда у қочишга улгурмайди. Кейин ер билан битта қилиб ташлайман”, деб ўйладим.
Рақибим, менга ўхшаб, қўлларини мушт қилиб тугмади, жангга тайёрланмади. Демак, менсимади мени. Кўрамиз, бунинг оқибати нима бўларкан? Сакраб-сакраб секин унга яқинлашдим-да, икки қоши ўртасини мўлжаллаб зарба бердим. Бемалол уриб ағдарсам керак, деб ўйлагандим. Назаримда, унда куч йўқдай. Кучи бўлмагач, у ёқдан-бу ёққа сакраганидан нима фойда? Лекин у бошини озгина қимирлатди, муштим тегмай ўтиб кетди. Мувозанатимни йўқотиб, йиқилаёздим.
— Биринчисидан қутулиб қолдинг, — дедим ҳансираб, — мана бунисига чап бериб кўр-чи?
Унинг нима қилаётгани ақлимга сиғмасди. Секин қимирлаб қўяди-да, менинг зарбаларимни бемалол ўтказиб юборади. Сўнг мени масхаралагандай иржайиб қўяди. Аламдан жон-поним чиқиб кетади. Ўлжасини ғажимоқчи бўлган арслондай ташланаман-у, ерга ағанаб тушаман. Чамаси, ўн дақиқалар олишиб, унга ҳатто бармоғимнинг учиниям теккизолмадим. Нафасим бўғзимга тиқилиб қолди. Тепмоқчи бўлиб оёғимни силтаганимни биламан, юзтубан йиқилдим. Кейин ғазаб билан ерда ётган таёқни қўлимга олдим-да, бурилиб “душман”имга улоқтирдим. Шу ҳам тегмай ўтиб кетди. Сёхэй ўзини озгина чапга олди, холос. Таёқ ёнгинасидан ўтиб кетди. Шунда бошқаларнинг ”қаҳ-қаҳ” отиб кулгани эшитилди. Атрофимга разм солиб қарасам, одамлар тўпланиб томоша қилиб туришган экан. Уларга еб қўйгудек бўлиб тикилдим.
Оқсоқол ёнимга келди. Оталарча меҳрибонлик билан елкамга қўлини қўйди-да, кўзимга ғалати назар билан синчиклаб қаради. Билмадим, чолнинг кўз қараши таъсир қилдими, муштлашолмай шарманда бўлганимдан тошиб турган ғазабим ўз-ўзидан ариди.
— Энди шуғулланамиз, — деди у бир оғиз ва ортига бурилиб кетди.
Эртасига тонг отмасидан, оқсоқол мени туртиб уйғотди.
— Тинчликми? — дедим ҳайрон бўлиб.
— Ортимдан югур.
Ташқарига чиқишим билан оқсоқол ўрмон ичига қараб чопиб кетди. Мен ортда қолиб кетмаслик учун югурдим. Ҳали уйқум тарқамаган, нега чопаётганимизни билмасдим. Ўрмон зим-зиё, бу ҳолатда кундуз куни ҳам эҳтиёткор бўлмаса, бирорта шох-шаббага урилиб кетиши ҳеч гап эмас. Уйқусираётганим панд берди. Ҳали тузукроқ ичкариламай туриб пешонам бир шохга қарсиллаб урилди-ю, кўзимдан ўт чиқиб, орқамга гурсиллаб қуладим.
— Тур! — қичқирди оқсоқол.
Мен уни кўрмадим, овозини эшитдим, холос. Шу ёшида бу чолнинг чопқиллаб кетишини қаранг! Кўзи ҳам тузук-қуруқ кўрмаса керак. Кеча китобни кўзойнак билан ўқиётганди. Қандай қилиб шохларга чап бериб югуради, ҳайронман.
Гандираклаб ўрнимдан турдим. Бироқ уч ёки тўрт қадам босар-босмас яна бир шохга манглайимни уриб олдим. Бу сафар оғриқнинг зўридан инграб юбордим.
Чол иложсиз ортига қайтиб, қўлимдан ушлаб турғазди.
— Сен олдинга интилишинг керак, — деди юмшоқ, аммо қатъий оҳангда.
— Яна дарахтга урилсам, бошим иккига бўлинади! — дедим йиғламсираб.
— Орқага қайтиш йўқ!
У икки қўлимни елкасидан ушлатиб, югуришга тушди. Юзимга майда шох-шаббалар урилар, кўзимни юмиб олгандим. Лекин ҳадеб юзга шох-шабба урилаверса, одамнинг этини пўла қилиб қўяркан. Энди энкайиб, оқсоқолни пана қилиб чопишга тушдим. Унинг бўйи меникидан паст, югуриш ўта ноқулайки, бир неча марта оёғим чалишиб йиқилай дедим. Бироқ чолни менинг аҳволим мутлақо қизиқтирмас, у тинмай югурарди. “Бунинг чарчамаганини, озгина дам олса нима қиларкан?” — деб ўйлайман.
Бир маҳал оёғим чуқурчага тушиб қайрилиб кетди, йиқилдим. Оёғим синди-ёв дейман, оғриқ жуда кучли эди. Инграб ётишим қариянинг парвойига ҳам келмади. Тортаётган азобларим камлик қилганидай, қўшимчага эшимча қилиб аямасдан оч биқинимга икки марта тепса бўладими?
— Қасдингиз борми менда?! — дея ўкириб юбордим.
— Тур! — деди у ғазаб билан.
Товуши шунчалик ўткир чиқдики, оғриқни ҳам унутиб, сакраб турдим. Югурмай десам, чол яна калтаклаб қолишидан қўрқаман, югурай десам, оёғим узилиб тушгудай оғрияпти. Хуллас, ялангликка чиққунимизча ит азобини кўрдим.
Қариянинг оғзидан: “Озгина дам ол”, деган гап чиқиши билан ўзимни ерга ташладим. Негадир ўкириб-ўкириб йиғлагим келди. Лекин... Тишимни тишимга босдим.
Ҳартугул, оқсоқол анча дам олишимга изн берди. Ўзи эса уфққа тикилганча бир нималарни пичирлаб ўтираверди.
Тонг отди. Чарчоқ ва оғриқдан инқиллаб, ухлаб қолибман. Чол ўтирган жойидан туриб ёнимга келди-да, оёғимни кўздан кечирди. Сўнг бошини сарак-сарак қилиб:
— Бошқа югуролмайсан, — деди. “Сенда ҳам юрак бор экан-ку, сен ҳам тушунаркансан-ку, кўрдингми, оёғимни майиб қилдинг”, деб хаёлимдан ўтказдим. — Ўзинг айбдорсан, — деди у гўё фикримни уққандай.
Гапини қаранг: ўзинг айбдорсан, эмиш. Нима, мен ўз-ўзимдан шу қалин зим-зиё ўрмон ичида югурибманми? Менга қолса, тонг отиб, ҳамма ёқ ёришганидан кейин мана шу ялангликка келиб, қанча бўлса югураверардим. Сенлардай бўламан деб бирон жойимни майиб қилишим шартми?
— Кейинчалик ўзинг тушуниб оласан, — деди диққат билан юзимга тикилиб турган оқсоқол. Сўнг қўлимдан тутиб, ўрнимдан туриб олишимга кўмаклашди. Кейин юрғизиб кўрди. Чўлоқланиб юришимдан кўнгли тўлмай:
— Мен сени опичлаб оламан, — деди.
Бир кулгим қистайди, бир жаҳлим чиқади. Ёши юз ўттиздан ошган бу чол ушоқдай гавдаси билан мени ортмоқлаб қаергача борарди? Кўтараман деб қоқилиб кетмаса бўлгани. Қолаверса, биздаям ғурур бор, чоллар устига миниб оладиган хотинчалишлардан эмасмиз.
— Шарт эмас, аста-секин ўзим боравераман.
Оқсоқол жилмайди. Сўнг мендан сўраб ҳам ўтирмай, бир қўлимдан тортиб, оёғимдан чаққон кўтариб, елкасида хуржундай осиб олди. “Баттар бўл, ҳозир йиқиласан”, деб ўйладим. Лекин у пилдираб юриб кетди. “Озгина юр, ундан кейин кўраман ҳолингни, қари чол”, деган хаёлда индамай кетаяпман. Юз метр, икки юз метр юрди, кейин қалин ўрмон бошланди. Бироқ қария тўхтай демайди. Қайтанга, шундоғам шилиниб кетган юзимга шох-шабба урилиб баттар азоблайди. Манглайимдаги ғурранинг лўқиллашини-ку, айтмай қўя қолай.
Ўрмоннинг ўрталарига етганимизда чол мени секин елкасидан ерга туширди. Бу чол мени ортмоқлайман деб бели чиқиб кетди-ёв, дегандим, у ҳатто ҳансирамасди ҳам. Мени кўтариб олганда қандай бемалол турган бўлса, ҳозир ҳам худди шундай қаққайиб турибди.
— Бу ёғига ўзинг йўл топиб борасан, — деди у илжайиб. — Огоҳлантириб қўяй: таёққа суянадиган бўлсанг, ўзингдан кўр.
“Онангни эмгур! — ичимда сўкдим уни. — Бу аҳволда қандай етаман? Соғ оёғимниям майиб қилайми? Ўзи, сен дўстга ўхшамайсан. Агар сал одамгарчилигинг бўлганида, мени бунча қийнамасдинг”.
Оқсоқол хайр-маъзурни насия қилиб, ортига бурилиб кетди. Ўрмоннинг ўртасида ёлғиз қолдим. Аламим келиб, ерга чўзилдим. Бош, оёқ оғриғига хўрлигим қўшилиб кайфиятим бузилди. Кўп азобларни кўрдим-у, лекин бу падар лаънати нинзага ўхшаб ҳеч ким мени усталик билан лаққа туширмаган. Камбағални урма-сўкма, кўйлагини йирт, дейишади. Оқсоқол ҳам шундай қилди. Беихтиёр кўзимдан ёш чиқиб кетди. Бурнимни торта-торта, кўз ёшларимни кафтим билан артдим. Сўнг секин ўрнимдан турдим. Аввалига: “Оқсоқол уриб ўлдирмайдими, бирорта таёқ топиб суяниб кетаман”, деган ўйга бордим. Лекин қўрқдим. Одам тинимсиз калтак еяверса ҳам безиллаб қоларкан.
Бир оёқда чўлоқланиб ҳаккалаб кета бошладим. Бахтимга, дарахтлар қалин, уларга суяниб, нафас ростлайман, сўнг яна йўлимда давом этаман.
Азобдан, очликдан тинка-мадорим қуриб, оқсоқолнинг уйига етиб борганимда қуёш тиккага келган эди.
— Мана келдим, — дедим кўзимни зўрға очиб. — Яна қаерга бориб келай?
Бўсағада чордона қуриб, чой ичаётган оқсоқол тиржайди (чой ичиб ўтирган жойини қаранг).
— Яхши, — деди пинагини бузмай чол, — ёнимга ўтир.
— Ўтирмайман.
— Нега?
— Кейин туришим қийин.
— Ўтир, бошқа турмайсан.
Кампирлардан бири тоғора кўтариб кирди. Унинг ортидан келган қизнинг қўлида ҳар хил кўкатлар бор эди. Чол аввал тоғорадаги сувда оёғимни ювди. Сўнг шишган жойига кўкатни эзғилаб сувини чиқариб босди-да, устидан латта билан сиқиб боғлади. Манглайимга ҳам кўкатни сиқиб босиб, боғлаб қўйди.
Уч кун чўлоқланиб юрдим. Чол мени ётқизиб қўймади, қўлимга арабча ёзувдаги китобни берди. “Нима қиламан буни? Ўқий олмасам”, дегандим, яна калтак остида қолдим.
Тўртинчи куни оқсоқол оёғимдаги латтани ечиб ташлади. Шиш қайтибди.
— Тузук, — деди чол, — дардга бардошли экансан. Манглайингдаги ғурра ҳам қайтибди.
Лекин бундан мен қувонганим йўқ, ҳозир тузалган бўлса, кечқурун бундан баттар аҳволга тушади, деб ўйладим.
— Баракалла. Демак, бирон жойингни жароҳатламаслик ўзингга боғлиқ, чидасанг — шу, — деди у хаёлимни уққандай.
Мен жавоб беролмадим. Нима ҳам дердим, у ҳақ эди. Чунки ўзим улардай чаққон бўлишни, ҳар қандай шароитда рақибдан устун келишни истадим.
— Сёхэй! — дея чақирди оқсоқол.
Оқсоқол ҳамманинг кўз ўнгида мени шарманда қилган йигитга бу сафар ўз тилида гапирди. Ҳар доим олдимда мен тушунадиган лаҳжада гапиришларига ўрганиб қолган эканман, хафа бўлиб кетдим.
Табиийки, гап мен ҳақимда эди. Демак, улар менинг тушунишимни исташмаяпти. Бунинг устига, Сёхэй менга беписанд қараб қўйди. “Шошмай тур, — кўнглимдан ўтказдим, — менсимаслик қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман ҳали сенга. Пушаймон едиртирмасам...”.
— Сёхэй билан бирга ишлайсан, — деди гаплашиб бўлишгач оқсоқол менга юзланиб. “Шарт эмас”, демоқчи бўлдим-у, лекин тилимни тийдим. Норозилигимни кўзимдан илғаган оқсоқол елкамга қўлини қўйиб:
— Ҳаммаси яхши бўлиб кетади, — дея юпатган бўлди.
Сёхэй ўрмон бошланадиган жойгача мен билан ёнма-ён борди. Сўнг туйқусдан югуриб ўрмонни оралаб кетди. Ортда қолиб кетмаслик учун мен ҳам югурдим. Тан олиб айтай, Сёхэй оқсоқолдан чаққон эди. Унинг шох-шаббаларга чап бериб ўтаётгани сезилмасди. Лекин мен ҳам энди пишиқ бўлиб қолгандим. Ички бир туйғу билан шохларни ёнлаб ўтишга интилардим. Тўғри, ҳозир кундуз, ёруғда ҳамма нарса кўзга яққол кўриниб турибди. Аммо барибир ялангликка чиққунча пешонам ғурра бўлди. Ўпкам бўғзимга тиқилаёзди. Сёхэй эса ҳеч нарса кўрмагандек, ҳатто ҳансирамасди ҳам.
Бир оз дам олдик. Тўғрироғи, мен нафас ростладим. Анави қанотсиз “қуш” эса бир дақиқа бўлсин тинмади. Ҳали сакрайди, ҳали умбалоқ ошади... “Илон рақси”гаям тушди. Кейин ёнимга келиб:
— Энди ёнма-ён югурамиз, гавдамни қандай тутишимни, нафас олиб нафас чиқаришимни кузатиб бор, — деди.
У кўкрак қафасини олдинроқ, бошини озгина орқага ташларкан, менга ўхшаб тез-тез эмас, балки секин ва чуқур нафас оларди. Югура туриб бундай қилиш осон эмаскан. Белим толиқиб, анча қийналдим.
Орадан бир ой ўтгач, югуришни ўргандим. Бўш вақтимда араб имлосини ўқиб, ҳарфларини бирма-бир ёдладим. Ҳижжалаб сўзларини ҳам ўқишга кириша бошладим. Албатта, ўқиш қийин, ўқиган сўзларим маъносини билмасдим. Дастлаб мени бу нарса қизиқтирмади ҳам. Сўнгра ўз-ўзидан ўқиган сўзларим хаёлимда такрорланаверадиган бўлди. Югураётганимда, шохларга усталик билан чап бериб югураётиб ўша сўзларни ўзим сезмаган ҳолда такрорлайверардим.
Кейинги ойдан янги машғулотни бошладим. Оқсоқол ҳассадай келадиган таёқларни ерга қоқиб чиқди. Кейин Сёхэйни чақириб, таёқларни тепиб синдиришни буюрди. Сёхэй худди эрмак учун тепаётгандай, таёқларни ҳеч бир қийинчиликсиз синдириб ташлади. Навбат менга келишини ич-ичимдан сезиб турардим. Шундай ҳам бўлди.
Биринчи таёқни тепишим билан чинқириб юбордим. Суякларим синиб кетгудай бўлди. Вой-войлаб оёғимни ушлаб ўтириб қолдим. Оқсоқол қўшимчага эшимча қилиб бошимга урди ва кейинги таёқни тепишга мажбурлади. Оқибати шу билан тугадики, иккала оёғим ҳам латтага ўралди. Ҳар қалай, суякларим мустаҳкам экан, шикаст етмабди. “Бир ҳафтада отдай бўлиб кетасан”, деди оқсоқол. Лекин бу сафар дам олдириб қўймади. Ҳар хил машқларни қилдириб, кун бўйи юрғизар, орада икки соатча китоб ўқитарди. Кечга бориб қўшдан чиққан ҳўкиздай овқатни ейишга ҳам мадорим етмай қотиб ухлаб қолардим. Яна тонг бўзармай уйғонишим, қуёш терак бўйи кўтарилгунча бадантарбия билан шуғулланишим шарт эди. Фақат орадан саккиз ой ўтганидан сўнггина таёқларнинг етти-саккизтасини синдироладиган бўлдим. Бошқа машқларга ҳам уқувим келиб қолди. Сёхэй билан навбатдаги спарингларнинг бирида унинг оёғига бир мартагина тепишга ҳам улгурдим. Тўғри, шундан кейин унинг жаҳли чиқиб, бир дақиқага қолмай, мени ерга чўзилтириб қўйди. Лекин кундан-кунга маҳоратим ошиб бораётганини сезардим. Шуниси муҳим.
Бу ерда илгари бир-икки марта қор ёққан экан. Уни ҳам оқсоқолдан бошқа ҳеч ким кўрмаган. Демак, бунга ҳам камида етмиш-саксон йил бўлган. Қадамим “қутлуғ” келдими ёки вақт-соати етганми, шу йил қор ёғди. Қанчалик чаққон бўлмасин, совуқдан бу ернинг одамлари анча дийдирашди. Ўша кунлари мен билан оқсоқолгина ташқарида юрдик. Одатдаги машқларни бажармадик, балки орол шимолидаги тоққа бориб келдик. Бу тоғни мен узоқдан кўргандим. Аммо ёнига бирор марта бормагандим. Тоғда унчалик узун бўлмаган, оғзи ҳам торгина (бир кишигина сиққулик) ғор бор экан. Оқсоқол, унинг уруғ-аймоғи бу ғордан омбор сифатида фойдаланаркан. Ун ва бошқа егуликларни олиб қайтдик. Қизиқ, уларнинг деҳқончилик билан шуғулланганларини кўрмагандим, қаердан шунча озуқани йиққан, ҳайронман. Қолаверса, бутун қавмда тўрттагина сигир бор. Елинлари ерга теккудай, кўп сут беради. Эшакдан каттароқ, отдан кичикроқ, ўзимизнинг хачирлардай келадиган отдан бошқа улов йўқ.
Уч-тўрт кунда қор эриб, ҳаво илиди. Аввалгидай машғулотлар бошлаб юбордик.
Орадан икки йил ўтиб, тезлик ва муштлашишда оролдаги етти-саккиз ёшлиларни ортда қолдириб кетдим. Сёхэй ва у қаторидагиларга эса етиш қийин эди. Оқсоқолнинг айтишича, бундан у ёғига ўтолмас эканман, ёшим ўтиб қолибди. Кўнглимда яна кўп нарсани ўрганиш ниятим бор эди-ю, бу ердагиларнинг ўргатиш истаги йўқлигини сезиб, индамай қўя қолдим. Аммо ҳар куни оқсоқол билан бирга тўрт-беш соат китоб ўқир ва ўқиганларимнинг мағзини чақишга уринар эдим. Бирорта араб билан гаплашганим йўғ-у, лекин араб тилини анча-мунча ўрганиб олдим.
— Дунёни англадим, — деб қолди бир куни оқсоқол.
— Шу пайтгача билмасмидингиз? — сўрадим ҳайрон бўлиб.
— Йўқ. Билмасдим. Дунёда Оллоҳгагина сиғиниб, Унинг буюрган амалларинигина бажариш керак экан, холос. Дунёга эга чиқаман деганлар... Кел, бир нарсани сенга кўрсатаман, — деб у ташқарига юрди, мен орқасидан эргашдим. У ўрмонга кирди ва ниманидир қидиришга тушиб кетди. Нимани излаётганини сўрасам айтмади. Ўзи қидирди. Ярим соатлар ўтганидан кейингина излаганини топди.
— Манави чумолиларга қара, — деди ҳашаротларни кўрсатиб.
Қарадим, бироқ ҳеч балони тушунмадим. Оддий чумолилар. Ғизиллаб бориб-келиб, хас-хашак ташиётир.
— Буларнинг подшосини ўлдириб қўйсанг, мана шундай беозор, меҳнаткаш ҳашаротлар ўртасидаям қирғин-барот бошланиб кетади. Токи биттаси ҳокимиятга эга чиқмагунча бир-бирини қираверади.
— Кейин-чи?
— Ҳеч нарса. Ҳоким еб ётади, холос, бошқалар ишлайди. Яна кўпайиш даври бошланади. Сўнг бошқа чумолилар билан уруш бўлади. Қирғин-барот такрорланади. Биласанми, уруш нимадан келиб чиқади? Сабаб битта — емиш талашиш. Қорин ғамининг ташвиши. Бошқа мақсад йўқ. Ҳокимият учун жанжалларнинг моҳиятида шу нарса ётади, аслида. Бегона чумолилар маҳв этилгач, уларнинг тўплаган озуқаси бу ёққа ташиб келтирилади. Демак, бу йўл пешонангни терлатгандан кўра самаралироқ. Беш-ўн минг чумоли ўлса, ўлибди-да! Ҳокимга зиён етмаса бўлгани, шуниси муҳим. Агар ҳокимнинг бу билан ҳам нафси қонмаса, яна бошқа чумолиларга, бошқа ҳашаротларга ҳужум бошланади... Одамлар орасида бу ҳолат бошқачароқ кечади. Чунки одамларнинг чумолилардан фарқли томони — ақли бор. Айтайлик, битта уруғ иккинчисини босиб олиши, ерларига эга чиқиши лозим. Замонавий тактикада қилич яланғочлаб, чумолиларга ўхшаб “ура-ура” қилинмайди, балки ҳийла ишлатади. Яъни сопини ўзидан чиқаради.
— Қанақа соп, қанақа ҳийла?
Оқсоқол менга қараб кулди. Афтидан, эзмалик қилаяпман, деган хаёлга борди. Ваҳоланки, мен унинг гапларини жон қулоғим билан эшитаётгандим. Чумолилар “фалсафа”си бироз энсамни қотирганди-ю, лекин кейинги гаплари қизиқ эди.
— Айтайлик, битта уруғ бошқасининг устига бостириб борди. Енголмади. Аниқроғи, енгди. Подшосини ўлдирди. Лекин халқ тинчимади. Ҳали у бурчакдан, ҳали бу бурчакдан бош кўтарганлар кўп. Шунда у ўзи қўйган қўғирчоқ ҳокимни атрофидагиларнинг қўли билан йўқ қилиб, ўрнига ўғлини қўяди. Уйингни чумоли босса, қутулишнинг энг осон йўли, биттасини заҳарлаб қўйиш. Бир оз фурсат ўтар-ўтмай, ҳамма чумолининг оёғи осмондан келади. Ўғилнинг ҳам ўз қондошларига нисбатан нафрати қўзийди. Отасини ўлдирганларни биттама-битта йўқ қилишга тушиб кетади. Қарабсанки, жиғибийрон, жангари уруғ ўз-ўзидан итоаткор, ҳар битта сўзингни қулоқ қоқмай бажарадиган бўлиб қолади.
— Мен оддий одамман. Бунақанги ишларга алоқам йўқ.
— Биламан, лекин юртингга етгунингча ҳали кўп воқеаларни бошингдан кечиришингга тўғри келади. Харитадан сенинг юртинг қаердалигини кўрдим. Биламан, у ер ниҳоятда тинч, одамлари аҳил. Мана, неча йиллардан бери ўша ерда уруш бўлганини эшитмайман. Лекин сен босиб ўтишинг керак бўлган бошқа тупроқлар ҳам бор-да. Ҳозир нефть деган бир бало чиққан. Унинг эгаси сўзсиз дунёнинг энг бой кишисига айланади. Бу эса у ернинг уруш ўчоғига айланишига олиб келади. Чунки бой бўлишни истаганлар ниҳоятда кўп. Айниқса, зўравон давлатлар.
— Сиз буларни қаердан биласиз? Бу ерда на телевизор, на газета бор. Сиз айтган урушлар неча минг километр нарида бўлаяпти.
Оқсоқол менга қараб қолди. Сўнг кўзимнинг устидан бармоқларини юргизиб:
— Юр бу ёққа, — деди.
Биз озиқ-овқатлар сақланадиган омбор — ғорга кирдик. Ғорнинг сўл томонида тошдан ишланган эшик бор экан. Уни бир қарашда пайқаш мушкул эди.
Оқсоқол ташқи томонга бўртиб чиқиб турган тошни итарган эди, эшик очилди. Ичкарини кўриб оғзим ланг очилиб қолди. Ўрмонда бу қавм ибтидоий ҳаёт кечирса-да, бу ерда энг замонавий техникалар ўрнатилганди. Афсуски, бу техникаларнинг номи, қандай қўлланилишини билмасдим. Уларнинг тугмалари, майда чироқлари кўплигидан ҳайратга тушдим. Эсимда, бир вақтлар Қозоғистондан ракета учиришганларида, мана шунга ўхшаш аппаратуралар билан бошқаришганини телевизордан кўрсатишганди. Миямга келган хомхаёлни қаранг: “Булар ҳам яширинча ракета учиришса керак”.
Икки йигит беш-олтита радиодан таралаётган овозларни магнит тасмасига ўхшаш тасмаларга ёзиб олаётганди.
— Буларнинг бари тўлқин тутадиган мосламалар, — деди оқсоқол тушунтирган бўлиб, — қаерда қандай тўлқин тарқатилса, тоғ тепасидаги сим орқали мана шу аппаратлардан эшитамиз.
У шундай дейиши билан ёнимизга ҳовлиққанча Сёхэй кириб келди:
— Пароход яқинлашаяпти.
Оқсоқолнинг ранги ўзгарди, бир муддат хабарчи йигитга термилиб турди-да:
— Ҳали вақт бор эди-ку. Бир ҳафтадан кейин келади, деб кутгандим. Бирон нарса бўптими? — деди.
Сёхэй жавоб қилмади. Шундан сўнг биз шошганча ташқарига чиқдик ва гўё ким ўзарга чопгандай хабарчи кўрсатган томонга югурдик. Шу пайт эътибор қилдим: югуришда оқсоқолдан ўтиб кетарканман. Унга кексалик энди кучини кўрсатаётганга ўхшайди.
Оролнинг шимоли-шарқига етганимизда биз томон яқинлашиб келаётган пароход кўринди. Оқсоқол Сёхэйга қўли билан ишора қилди. Бу, ҳаммани йиғиб олиб кел, дегани эди. Аввал ҳам унинг бу ишорасини кўргандим.
Кўп ўтмай, оролдаги бола-ю қариялардан бошқа ҳамма йиғилди. Ҳаммасининг бўйнига найзалар осилган, белига қилич тақилганди. Оқсоқол ҳам улар келтирган қурол билан қуролланди. Ёлғиз менгина асбоб-анжомсиз эдим.
Кема қирғоқдан икки юз метрлар нарида тўхтади ва ундан битта қайиқ сувга туширилиб, биз томонга сузиб кела бошлади. Бир оздан кейин қайиқ қирғоққа етиб келди ва мен анграйиб қотдим: қайиқдан биринчи бўлиб тушиб, оқсоқолнинг ёнига келиб у билан қучоқлашиб кўришган одамни танирдим! Бу ўша — бизни итдай ишлатиб, сўнг ўлим оролига жўнатганлардан бири эди. Унинг пароходда иржайиб-тиржайиб бизни кузатиб қолганлигини аниқ-тиниқ эсладим.
Билагимга куч йиғилди: “Ҳозироқ, ҳозироқ ўлдираман. Энди мен ожиз эмасман. Буни тилка-пора қилишга қурбим етади. Ўлиб кетган шерикларим учун, ўзим учун ҳозирнинг ўзидаёқ ўч оламан! Менинг биринчи қурбоним шу бўлади!” — дея ўйладим. Қўлларимни мушт қилиб тугиб, унга яқинлаша бошладим. Мақсадим, бир зарба билан уни асфаласофилинга жўнатиш эди.
У томонга икки қадам ташлашим билан оқсоқол ўгирилиб менга шунақа ўқрайдики, жойимда таққа тўхтаб қолдим. “Наҳотки оқсоқол у билан ош-қатиқ бўлса?! Наҳотки шерикларимнинг ўлиб кетишида, сунъий брильянт тайёрлашда унинг ҳам қўли бўлса?” Билимли, доно қариянинг бу нопок ишларга аралашиши мумкинлигига ишонгинг келмайди. Лекин унинг лўттибоз жиноятчиларга шериклигини кўриб турибман-ку! Қариянинг ҳозирги қилиғига унинг дунё бузғунчилари ҳақидаги гаплари мутлақо тескари-ку! Бошим қотди. Бир томондан, оқсоқол менга устоз. Бошқа тарафдан, қилаётган иши...
Оқсоқол билан ўша мен танийдиган, кўзимга балодай кўринаётган чақирилмаган меҳмон қўлтиқлашиб биздан нари кетишди. Талай муддат ниманидир гаплашишди, баҳслашишди ҳам. Охири бир тўхтамга келишди чоғи, бир-бирининг қўлини сиқиб қўйишди-да, ёнимизга қайтишди.
Оқсоқол бизга бир оғиз: “Олиб келинглар”, деди. Мен нималигини тушунмасам-да, йигитларга қўшилиб кетдим.
Сёхэй отни аравага қўшаётганида:
— Нима қиламиз? — дея сўрадим.
— Бизга мол олиб келишган. Тушириб оламиз, — жавоб қилди Сёхэй иши билан андармон бўлиб.
“Қанақанги мол? Нега айнан ўша қаллоб олиб келади? Қандай алоқа боғлаган?” — деб унинг бошини қотириб ўтирмадим. Яхшиси, ҳаммасини кузатай, шунга қараб иш тутаман, деб кўнглимга тугиб қўйдим.
Биз боргунимизча кема қирғоққа яқинлашиб, беш-олти қайиқ устига оқсоқол айтган турли-туман “мол”ни ортиб сузиб келарди.
Иш қизиди. Биз омборга тўрт марта қатнадик. Ун, ёғ, гуруч, кийим-кечак, яна турли идишлардаги егулик-ичкиликларга омбор тўлди. Булардан ташқари, оқсоқол элликтадан зиёд турли тилдаги қалин-қалин китобларни ҳам олди. Шундан кейин кема изига қайтиб кетди.
Ишлар тугаб, кутубхонага кирдим, янги китоблардан бирини берилиб варақлаётган оқсоқолнинг ёнига бордим.
— Сизни бошқача одам деб ўйлардим, — дедим имкон қадар ўзимни жиддий тутиб, — лекин қилган ишингизни кўриб оғзим очилиб қолди.
Оқсоқол аввалига юзимга ажабланиб қаради, сўнг кулди-да:
— Энди ким деб ўйлаяпсан? — деб сўради.
Бир муддат каловланиб қолдим. Миямга тузукроқ фикр келмай, қийналдим. Ниҳоят тилим айланди:
— Сизга бу нарсаларни бериб кетган одамни яхши танийман. Аслида у одаммас, ҳайвондан баттар. Ўша-да бизни эшакдай ишлатган, кейин таги тешик қайиққа ўтқазган. Сиз бўлсангиз, у билан олди-берди қилаяпсиз. Шунинг учун кўнглимда шубҳа пайдо бўлди.
— Бу жудаям яхши. Одам фикрлай билиши ва фикрини бировга уқтира олиши лозим. Акс ҳолда, унинг роботдан фарқи қолмайди. Сен айтган одамнинг исми Пийя. Унинг кимлигини яхши биламан. Мен у билан савдо қилдим. Пул бердим. Эвазига нималар олганимни кўрдинг. Бу билан унинг шеригига айланиб қолмайман. Айни пайтда савдо қилишимиз учун ундан ишончлироғи йўқ. Тахминан йигирма беш йил бурун учта савдогарнинг молини сотиб олгандик. Орадан икки ой ҳам ўтмай, улар навбатма-навбат бостириб келишди. Ўшанда элликта одамимиз нобуд бўлди. Улардаги қурол бизда йўқ эди. Бунинг устига, улар биздан уч баробар кўп эди. Кемалари қирғоққа яқин келмади, узоқдан туриб тўпга тутди. Йигитлар сузиб бориб чўктириб юборгунча биз ҳам анча талафот кўрдик. Мана, кундан-кун камайиб, ер юзидан уруғимиз бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида. Аёлларимиздан бирортаси ҳомиладор бўлса: “Ишқилиб, чақалоқ ногирон туғилмасин”, деган хавотирда юрагимни ҳовучлаб тураман. Чунки бу ердагиларнинг ҳаммаси бир-бирига яқин қариндош. Тушунасанми шуни?!
Сўнгги гапни айтаётганида оқсоқолнинг кўзи ёшланди, ияги титради, қўллари мушт бўлиб тугилди.
— Мен, — дедим бошимни эгиб, — мен сизларга бегонаман-ку. Фойдам тегиб қолар.
— Мен сендан олдин бу фикрга келганман. Ҳатто бир сафар Ренага уйлантирмоқчи ҳам бўлгандим.
Кўз ўнгимдан истараси иссиқ, кўзлари катта-катта, юзи оппоқ, доимо ялтираб кўзни олувчи қора сочлари белига тушган хушбичим, юзида кулгичи бор қиз ўтди.
— Лекин дарров ниятимдан қайтдим. Чунки суяк бузилади. Туғиладиган фарзанд биздан кўра сенинг миллатингга яқинроқ бўлади. Суяк ўзгаради. Ундан кейин бошқалардан фарқимиз қолмайди.
— Фақат қариндош-уруғлардан туғиладиган болаям сиздай ақлли бўлмайди-ку. Бир кун ўзингиз хавотирланиб айтаётган воқеа рўй беришидан қўрқмайсизми?
— Бошқа жойларда ҳам нинзалар яшашади. Муҳими, уларнинг қони айнимаган бўлсин, улардан кўпайишимиз учун фойдаланамиз. Агар қизлари бўлса, бир йигитимизга учтасини олиб бераман. Агар йигит дуч келса, икки-учта қизимиз уники... Умуман, бу гапни тўхтатайлик, ўзингга тегишлисини билиб олдинг, тамом. Бошқа бу ҳақда оғиз очма.
— Кечиринг, билмасдан гапириб қўйдим.
— Ниятинг ёмон эмас, шу боис, хафа бўлганим йўқ. Билсанг, дарахтда оёғидан осилиб турган чақалоқни, ўзинг бир аҳволда бўлсанг ҳам, ечиб олгансан. Бу яхшиликдан дарак. Шунинг учун ҳам сенга қўлимиздан келганча ёрдам бераяпмиз.
— Раҳмат.
— Энди манави китобни ўқи, рус тилида ёзилган. Ўзингга таниш сўзларни топсанг ажабмас, хурсанд бўласан.
Чолнинг бу гапидан чиқиб кетишим лозимлигини тушундим.
У берган китобнинг муқовасига қарамадим ҳам. Кутубхонадан чиқиб, ўрмонга кирдим, узоқ кетмадим. Бир оз юргач, майса устига ўтирдим. Китобни варақлаган киши бўлдим-у, аммо ўқиёлмадим. Нигоҳим сатрлар устида югуради-ю, хаёлим оқсоқол билан бўлган суҳбатда. Ўринсиз берган саволларимдан виждоним қийналаётир. “Бегона эмишман, ёрдамим тегиб қолармиш”. Яна нималарни кўнглинг тусаб қолди, йигитча? Ўзи асли кимсан? Шу чол ёрдам бермаганида, аллақачон ҳайё-ҳуйт деб нариги дунёга равона бўлардинг. Ўлигингни ит топмасди.
Кўнглимда оқсоқолдан кечирим сўраш илинжи туғилди. Аммо бир ҳафта давомида чол билан тузук-қуруқ гаплашолмадим. Ҳар куни эртадан кечгача баданимни чиниқтириш билан овора, бўш вақтимда китоб ўқиш билан машғул бўлардим. Оқсоқол эса кутубхонасидан чиқмас, мутолаадан бош кўтармасди. “Бунга нима зарур экан, шунча ўқигани етмайдими? Ундан кўра оёғини узатиб дамини олиб ётмайдими?” — деб ўйлардим.
Кема келиб кетганидан саккиз кун ўтгач, оқсоқол кутубхонадан чиқди. Унинг юзи қизарган, кўзлари кулиб турарди. У ҳамма билан аввалгидан бошқача, мулойим сўрашди (оқсоқол илгари ҳам юмшоқ гапирар, лекин бу гал у бошқача эди. Балки менга шундай туюлаётгандир). Сўнг бизга қўшилиб ҳар хил машқларни бажаришга тушиб кетди.
— Оқсоқол, одатда, кутубхонадан чиққанидан сўнг аччиқ чой ичар, ўрмон кезарди. Ўзгариб қолибди. Ишқилиб, ажали яқинлашмаган бўлсин, — деди уни кузатиб турган Сёхэй.
Бу гапидан юрагимга ғулғула тушди. Агар чол ўлиб қолса, менинг аҳволим не кечади? Ўрнига бўладиган оқсоқол ёрдам бероладими-йўқми? Ахир, буларнинг ҳам ҳар хили бор. Худо кўрсатмасин, “Келган жойингга жўна”, деса нима қиламан? Қаёққа кетаман? Шунча илм кимга керак? Сувга чўкиб ўламан, балиқларга ем бўламан.
Оқсоқол кечгача уруғ-аймоқлари билан гаплашиб, чақчақлашиб ўтирди. Менинг кўнглимда эса ўша ҳадик. Унинг ҳар бир ҳаракатидан бир нима қидираман. Охири чидамадим. Ҳамма уй-уйига кириб кетганидан сўнг кутубхонага — оқсоқолнинг ёнига кирдим. У китоб мутолааси билан машғул. Мени кўргач, юзида табассум пайдо бўлди.
— Яхши келдинг, — деди, — сенга айтадиган гаплар бор эди.
— Берган китобингизни ўқиб чиқдим, — дея баҳона қилдим.
— Менда эса сен учун янгилик бор.
— Қанақа?
— Энди сен билан диндошман. Ислом динини қабул қилдим.
— Йўғ-э! — дедим ҳайратим ошиб.
— Дунёдаги бор динларни ўрганиб чиқдим ва Ислом энг мукаммал дин эканига амин бўлдим. Бу динда ҳамма саволга жавоб бор. Ислом одамни маънан поклайди. Жисмонан тетик сақлайди. Мен бундан буён мусулмон, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам — пайғамбарим. Эртадан бошлаб намоз ўқишни ният қилдим. Қандай таҳорат олиш, намоз ўқиш ҳақида қўлимда китоб бор, — деб у столи устидаги китобни олиб менга кўрсатди.
Тўғриси, уялиб кетдим. Оқсоқол шу ёшигача яшаб энди мусулмон бўлиб, намоз ўқишни ният қилибди. Мен эса мусулмон фарзанди бўлиб ҳали бирор марта саждага бош қўйган инсон эмасман.
— Илтимос, — дедим қизариб-бўзариб, — менга ҳам ўргатинг.
— Фақат сенга эмас, ҳаммага ўргатаман. Бутун уруғимиз бундан буён намоз ўқийди.
Биз қучоқлашдик. Оқсоқолнинг кўзи ёшланди ва чуқур нафас олди.
Шундан кейин гапларимиз фақат мусулмончилик ҳақида бўлди.
— Биласанми, сўфийлар қандай пайдо бўлган? — сўраб қолди у гап орасида.
Мен “йўқ” дегандек бош чайқадим.
— Саккизинчи асрда араб халифалигида таниш-билишчилик, мол-дунёга ҳирс қўйиш кучайиб кетган. Ана шунда бундай қилмишлардан норози бўлган тақводор одамлар норозилигини билдириш мақсадида тарки дунё қилганлар. Яъни моддиятдан мутлақо воз кечишган. Нимадан манфаат келса, барини ўзларидан нари суришган. Кейинчалик бундайлар орасидан авлиёлар чиққан... Эсингда бўлса, сен билан манфаат тўғрисида гаплашгандик. Ўшанда гапимиз чала қолганди. Хуллас, манфаат шундай нафс балосики, афсус, тўқсон фоиз одам шуни деб яшайди. Мана, оддийгина мисол. Сени нега алдаб-сулдаб самолётга ўтқазиб юборишди? Чунки ўша аёл пул олди сен учун. Бойлик орттирди. Сени чавақлаб, юрагингни, ўтингни сотишни мўлжаллашди. Мақсад — манфаат кўриш. Ундан кейин, текин ишлатганларнинг ҳам, шубҳасиз, бойликдан умидлари катта бўлган. Буларнинг бари ҳали кичкина манфаат — узоғи билан йигирмадан зиёд одам шу йўл билан пулдор бўлишга интилган. Катта манфаатда эса, беш-ўн эмас, балки минглаб одамлар қурбон бўлади. Сўфийлар уларнинг ҳар иккисидан ҳам воз кечишган. Ҳаттоки манфаат боласидан келса-да, ҳеч иккиланмай уни ҳам бегоналар қаторига қўшиб қўйган.
Оқсоқолнинг гапларига ишонгим келмади. Чунки кўнглимда кўплаб саволларим бор эди, уларга ўзим ишонадиган жавоб олишим керак эди. Лекин ўтган сафаргидай, оқсоқолдан сўраб, унинг дилини ранжитиб қўйишни истамасдим. Шу боис, ростлигини билиш учун кўзим билан кўришни ният қилиб қўя қолдим.
(Давоми бор)