Найти в Дзене
euroasia.me

Бахтнинг олис манзили (Еттинчи қисм)

Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Еттинчи қисм)

“Шу етмай турувди, — ўйладим инқиллаб-синқиллаб жойимга қайтиб келиб, — энди бу балодан қандай қутуламан?” Пешонамдаги терни артиб, чўзилганимни биламан, Андрес инқиллади. Сўнг ўрнидан туриб пастликка югурди.

Ишонасизми, шерикларимнинг бариси бирин-кетин холи жойга чопишди. Яхшиям, мен икки марта чопиб қутулдим, улар беш-олти марта қатнади-ёв.

— Одаммассан! — деди ҳолдан тойган Жо. — Мақсадинг бизни шарманда қилиб ўлдиришмиди? Шунча кўрган азобимиз каммиди?

— Мен қаёқдан билибман? — дедим ўзимни оқламоқчи бўлиб. — Шу билан қорин тўйса керак деб ўйловдим-да.

— Тўйдими қорнинг? Бундан кўра очимиздан ўлганимиз яхши эмасмиди?

Очлик азоби бундан кам бўлмаслигини Жо билар, лекин ҳозир унинг жони қийналаётганди. Шу боис, оғзига келган гапни қайтармаяпти. Мен эса ич-ичимдан: “Ишқилиб, сўкиниб юбормасин-да, сўкинса ўзимни тўхтатолмай қоламан”, деб ўйлардим. Ҳартугул, у сўкинмади.

Кечга бориб, худога нолаларимиз етдими, ҳар қалай, аҳволимиз бироз яхшиланди. Лекин ичимиздаги бор оҳоримиз тўкилиб, кечагидан-да баттар дармонсиз бўлиб қолдик.

Эртасига қуёш терак бўйи кўтарилганда уйғондим. Қимирлашга мажолим йўқ, осмонга қараб ётавердим. Бир маҳал Андреснинг:

— Ёқдим! Ёқдим! — деган бақириғи эшитилди. Овоз келган томонга бошимни зўрға буриб қарадим. Андрес гуриллаб ёнаётган олов атрофида рақс тушарди, ёнида ҳеч ким йўқ. У аланга теварагидан беш-олти марта қийқириб айлангач, биз ётган жойга югуриб келди. Югуриши маст одамнинг гандираклашига ўхшарди. Бирон калима сўз айтишга ожизман-у, уни йиқилиб кетмасайди, деб ўйлайман.

— Балиқ тутамиз, — деди у ҳовлиқиб, — пастда камар бор, кўрдим. Балиқлар камарда кўп бўлади. Энди пиширилган балиқ еймиз.

Унинг гапидан сўлагим оқиб кетди. Ўзимни мажбурлаб, қўлларимга таяниб туриб ўтирмоқчи бўлдим, бошим айланиб ёнбошимга ағанаб тушай дедим. Бошқалар қимирлаб ҳам қўймади. Андресга ҳавасим келди. У биздан кўра чидамли экан. Ҳар қалай, оёқда юрибди.

— Тур, — деди Андрес қўлтиғимдан суяб турғазишга уриниб, — бу аҳволда ўлиб қоламиз. Балиқ ушлайлик, пишириб еймиз.

Лекин мени турғазишга унинг кучи етмади, ўзи ўтириб қолди. Шундан сўнг амал-тақал қилиб ўзим оёққа турдим. Андрес билан суяшиб пастликка эна бошладик. У нуқул иккита тошни бир-бирига уриб олов чиқарганини вайсарди.

Андрес камар деб кўрсатган жойга сувга тушганимдан сўнг бироз тетикландим. У адашмабди, қўлимни камарга тиқишим билан беш-олтита балиқ потирлаб қочди. Биттасини ушлаб олдим-да, қуруқликка отиб юбориб, яна сувга қўлимни тиқдим. Тағин омадим чопди.

Балиқлар билакдай келарди. Биттасини Андрес икковимиз паққос туширдик. Иккинчисини чўзилиб ётган шерикларимизга олиб бордик. Улар тамадди қилганларидан кейин ҳам ярим соатча ётишгач, ўзларига келишди.

Ўша куни кечгача балиқ ови билан машғул бўлдик. Бир ёқда олов ёниб турса, бошқа томонда егулик бўлса, кўнгил ҳам хотиржам тортиб қоларкан. Бемалол хаёл суришга, бир нималарни орзу қилишга майл туғиларкан.

— Конг қаерга йўқолдийкан? — сўраб қолди Жо қоронғи тушиб, гулхан атрофида уймалашиб ўтирганимизда.

— Ҳеч қаерда кўринмади-я, — деди Андрес ярми ёниб чўққа айланган шохни сермаб ўйнаб.

— Қирғоққача сузиб келгани аниқми? — дедим мен.

— Келувди. Ёнимга ётганиниям биламан. Кейин қаёққа ғойиб бўлди?..

— Балки сенга шундай туйилгандир. Қаёққа ғойиб бўлиши мумкин? Орол ўзи бир ҳовуч бўлса. Чўкиб кетган-да, бечора, — деб Жо Андресга қараб қўйди.

Унинг гапи ҳақиқатга яқинроқ эди. Чунки Конгнинг қаноти йўқки, бирон жойга учиб кетса. Пиёниста бўлсаям яхши эди. Шунча вақт ишлаб бировга қаттиқ гапирганини эслай олмайман. Сўнгги пайтлар рамақижон бўлиб қолганди. Уни еган акулалар ҳам барака топмаган, қоқ суякни ғажишдан нима фойда?

Саҳар вақти совқотганимни айтмаганда, оролга келганимдан бери энди одамдай ухладим. Алоқ-чалоқ тушлар кўрдим, бироқ ёдимда қолмади. Совуқ ўтиб, дағ-дағ қалтираб ўрнимдан туриб ўтиришга мажбур бўлдим. Қарасам, гулхан ўчиб қолибди. Қўлимга шохча олиб кул уюмини титдим. Тагида бир ҳовуч чўғ қолган экан, дарров устига бир сиқим хас-чўпларни ташлаб, пуфладим. Аланга олиши қийин бўлди, буриқсиб тутади. Қаранг, амаллаб олов ёқиб, балиқ пишириб ебмиз-у, ўтни ўчирмай сақлаш хаёлимизга ҳам келмай ухлаб қолибмиз. Навбат билан шох-шабба қалаб ўтирсак бўларкан.

Ниҳоят хас-чўп олов олиб, унда бироз исинганимдан кейин шерикларимга қарадим. Андрес билан Жо пишиллаб ухлаб ётибди. Таскин йўқ! Аввалига ҳожатга кетгандир, деб хаёл қилдим. Бироқ тонг отиб қуёш чиққунгачаям келмади. “Нима бало, борган жойида ухлаб қолдими?” — деган ўйда ўрнимдан туриб яхшилаб керишиб олдим-да, оролчанинг ўнгу сўлини кўздан кечириб чиқдим. Таскиннинг изи ҳам йўқ. Кўнглимга ваҳм тушди ва Андрес билан Жони уйғотмоқчи бўлиб энгашганимда ерда бир ниманинг судралгани изига кўзим тушди. Қўрқиб, шерикларимга бақира бошладим:

— Қаранглар бунга! Қаранглар!

Иккала шеригим ҳам чўчиб уйғониб, кўзларини уқалашди.

— Нима бўлди, тинчликми? — сўради Жо.

— Нимадир бу ердан судралган, мана изи!

Жо истар-истамай эгилиб қаради, аммо уйқули кўзлари изни илғамади. Бошини кўтариб менга анқайди.

— Мана, мана! — деб қўлимни теккизиб ердаги изни кўрсатдим.

— Изга ўхшамайди-ку, нималар деб валдираяпсан? Шунинг учун уйғотдингми?

— Таскин йўқ.

— Кетгандир-да енгиллашгани.

— Икки соатдан бери йўқ. Излайлик.

Аввалига улар қайта жойларига чўзилишди, бироқ ўйлари тинчлик бермади, шекилли, ўринларидан туришди.

Оролчани изғиб айланиб чиқдик. Ерга кириб кетганми, осмонга учганми, Таскинни топмадик. Шундан сўнг бизни ваҳима босди. Аввал сувга тушиб кетгандир, деган тахминга бордик. Кейин, бирор аждаҳосифат илон ёки тимсоҳ еб кетган, деган эҳтимол пайдо бўлди. Лекин бу фаразларга ўзимиз ҳам ишонмасдик. Кеча қорнимиз тўйиб балиқхўрлик қилганимиздан кейин бироз кучга эниб қолгандик. “Таскин сувга тушиб кетган тақдирда ҳам бемалол сузиб чиқоларди. Бунинг устига, уммоннинг оролга туташган жойлари хийла саёз-ку”, деди Жо. Илон ёки тимсоҳ еган дейдиган бўлсак, ҳеч қурса, Таскиннинг бақирганини, типирчилаганини эшитардик, сезардик-ку...

Балиқ овимиз бароридан келмади, учтагина тутдик ва шу билан қаноатландик. Шу пайтгача оғизларидан “вино” тушмаган, илдизни ачитсак, балки спирти чиқиб қолар, деган хомхаёлга борган Андрес билан Жо ичимлик ҳақида оғиз очишмади. Бир-биримиздан икки қадам узоқлашмай юрдик. Кечаси навбатчилик қилишга келишдик.

Тун осуда кечди. Лекин кун бўйи қўрқув бизни тарк этмади. Тиқ этган товушга аланглаб қараймиз. Бирор шубҳали нарса кўринмади. Бугунимиз кечаги кундан фарқ қилмади, фақат кўпроқ балиқ тутдик. Жо билан Андреснинг хаёли яна винога кетди. Андрес буталарнинг баргларини йиғиб келиб, обдан эзғилади. Бироқ ачитишга идиш йўқ эди. Шундан кейин алам билан эзғилаган баргларни улоқтириб юборди ва: “Бир қултум вино ичиб, кейин ўлсам армоним йўқ!” — дея бақирди.

Эртасига унинг Жога ғалати қараётганини сезиб қолдим. Бу оролда биздан бўлак жонзот йўқ. Ҳатто илонлар ҳам. Бор бўлганида кўрардик-да. Тимсоҳлар ботқоқликда яшайди. Демак, орамиздан кимдир... Йўқ, қаллоблик қилиш Жонинг қўлидан келмайди, юз фоиз ишончим комил. Уни ичкиликдан бошқа нарса қизиқтирмайди. Ўзини туртиб юборса йиқилиб тушгудай аҳволда. Лекин Андрес ҳали бақувватга ўхшайди. Олов ёқишни уддалади, балиқ тутишни ҳам шу ўйлаб топди... Эҳтимол, бизни ишлатган ўша муттаҳамлар билан тил бириктирган бўлса-чи? Балки гугуртни яширинча олиб чиққандир... Қизиқ, бизни ўлдириб юбориш учун тил бириктириш шартми, кемадан сувга итариб юборса бўлди эди. Чўкиб акулаларга ем бўлиб кетардик... Унда нега у Жога ғалати қаради?.. “Қўлинг билан ушламагунча ўғри ўғри эмас”, дерди отам. Нима бўлган тақдирда ҳам уни кузатишим керак. Салгина ортиқча ҳаракат қилса, бўйнидан бўғаман. Ҳар қалай, унга кучим етади. Шундай ўйлар билан навбатим ўтиб кетган бўлса-да, кўзимни юмиб ўзимни ухлаганга солиб ётдим. Аслида Андресни биринчи навбатга қўйсак бўларкан. Навбатидан кейин тарракдай қотиб ухларди.

Эртасига тушга яқин Андрес йиғлади. Винонинг хумори тутибди. Жо унга қайрилиб қарамади ҳам. Чунки виносиз ўзининг тинка-мадори қуриб бораётганди. Тушда иккаласи ҳам балиқдан шунчаки татинди, холос.

— Шу балиқнинг ўрнига бир қултумгина вино бўлсайди, — деди Жо уммонга умидсиз термилиб.

— Сабр қилайлик-чи, бирорта кема ўтиб қолар. Олиб кетишмасаям, бирор шиша вино ташлаб кетар, — дедим унинг кўнглини кўтариш мақсадида.

— Кошкийди, — деди у чуқур хўрсиниб, — лекин ҳечам ишонгим келмаяпти. Эсиз, маст пайтимда бирор машинанинг тагида қолиб, ўлиб кетмаган эканман-да. Қийналиб юрмасдим.

— Ҳали кўп ичасан. Мана, мени айтди, дерсан.

Аммо бадбахт Жога яна вино ичиш насиб этмаган экан. Эртасига у ҳам йўқолиб қолди. Тунда мендан кейин навбатчиликка турганди. Уйғотганимда бир нарсалар деб ғўлдиради-да, туриб ўтирди. Кейин мен чўзилдим. Кўзимни юмар-юммас уйқуга кетибман. Эрталаб турсам, у йўқ. Туйқусдан: “Наҳотки ундан ҳам айрилдик? — деган ўй келди хаёлимга. — Йўғ-э, юргандир айланиб”. Ҳамма ёқни ахтардим. Тополмагач, энди уйқудан туриб, бошини хам қилиб ўтирган Андреснинг тепасига келиб бақирдим:

— Жо қани?!

У ҳайрон бўлиб менга қаради.

— Биламан, — дедим унга ўқрайиб, — ҳаммаси сенинг ишинг! Битта-битта ўлдириб, сувга ташлаб юбораяпсан! Энди ўзингни ўлдираман!

— Жиннимисан?!

Андрес ўрнидан туришга улгурмай башарасига туширдим. Афтидан, у буни кутмаган эди, Ёнбошига “гуп” этиб ағанади. Ўрнидан турмоқчи бўлди, биқинига тепдим. Ғужанак бўлиб қолган Андрес:

— Нега? Нега урасан? — деди инграб.

— Қани Жо? Нима қилдинг уни?! Оролда сен билан мендан бошқа бирор зоғ йўқ-ку, номард!

— Бил-май-ман, илтимос, бош-қа урма мени. Ўлиб қоламан!.. Мен ҳам ухлаётгандим. Ҳеч балодан хабарим йўқ.

Ўтириб олиб ерни муштладим. Аламимдан кўзимдан ёш чиқиб кетди.

— Унда бу кимнинг иши?! Кимга керакмиз биз?!

Андрес ёнимга ўтирди. Лабидан оққан қонни титраган қўллари билан артаётиб:

— Мен қилмадим, — деди хирқираб, — бу ерда сен билан мендан бошқа яна кимдир борга ўхшайди.

— Қани ўша кимдир? Нега уни биз кўрмаяпмиз? Ҳамма ёқнинг тит-питини чиқардик-ку!..

Ўша куни бир дона ҳам балиқ тутолмадик. Кун бўйи дарахт соясида мум тишлаб ўтирдик. Қуёш уфққа ёнбошлаган маҳал бир-биримиздан йироқлашмай ўтин териб келиб гулхан ёқдик. Осмонда юлдузлар чарақлади, ҳаво совиб, жунжика бошладик. Андрес:

— Мени ўлдирма, нима десанг тайёрман. Илтимос, фақат ўлдирма. Кема келиб қолишидан умидим бор. Агар вино ичмай ўлсам, армонда кетаман, — деди йиғламсираб.

— Жони, Таскинни, бошқаларни мен ўлдирган деб ўйлаяпсанми?! — дедим жаҳлим чиқиб.

— Нима қилай?! — йиғлашга тушди у. — Ҳали бироз яшасам, дейман. Ростини айтай, шу ёшимгача бирор қизнинг қўлини ушламаганман. Ичим тўла армон. Мени ташлаб кетган бўлсаям онамни бир кўришни истайман!

У елкамга бошини қўйди, мен эса без бўлиб ўтиравердим, гапларига ишонмадим. Одамларга ишониб-ишониб, мана, қай аҳволга тушдим? Энди бунга ишонсам-да, у ўлдириб юборса мени... Ахир, мениям армонларим бир дунё. Қай бирини айтай?

— Мен ҳали қўлимни қонга ботирганим йўқ. Ботирмайман ҳам...

Эртасига очлик ёмон азоб берди, балиқ овламасак бўлмади. Аммо иштаҳа йўқ, томоғимиздан овқат ўтиши қийин бўлди.

Орадан яна икки кун ўтди. Кечалари қуш уйқу бўлиб қолганман, “тиқ” этган товушгаям уйғониб кетаман. Чигиртканинг чириллашига (тавба, шу ерда ҳам чигиртка бор экан) уммоннинг шовуллаши қўшилиб қолса, ваҳимани кўринг, дарров сергак тортаман. Жо йўқолиб қолган куннинг учинчи оқшоми, сергак ётгандим, қулоғимга ихраган товуш чалинди, уйғониб кетдим. Шундоқ бошим устида биров қараб турибди — жон-поним чиқиб кетди. Қўрққанимдан кўзимни чирт юмдим. Ёнгинамда ётган Андрес бир-икки марта ихради-ю, жимиб қолди. “Эй, худо, — деб ўйлайман, — ишқилиб, менга тегинмасин-да”. Шундан сўнг ниманингдир судралгани ва қадам товуши эшитилди. Нафасим ичимга тушиб кетган. Танам қулоққа айланиб, шерикларимни гумдон қилган жонзотнинг (унинг одамлигига ишонмасдим) узоқлашишини кутдим.

Бир оз ўтиб юрагимда ғазаб алангаси ёнди: “Ҳеч ким қолмади, ҳаммани ўлдирди бу ёвуз. Энди у мени тинчитади. Ҳозироқ ҳамла қилишим, кучим етса уни жаҳаннамга жўнатишим лозим. Бошқа чора йўқ. Ортидан бормасам, изини йўқотиб қўяман, ундан кейин ажалимни кутиб ётишим керак”. Танамга ғойибдан куч эниб, ўрнимдан ирғиб турдим. Унинг қай тарафга кетганини тахмин қилиб, изидан тушдим.

Йигирма қадамлар юрганимда милтиллаган шуълага кўзим тушди. Таққа тўхтадим, юраримни ҳам, юрмасимни ҳам билмайман, оёғим қалтирайди. Бормай десам, эртага ўлиб кетишимни ўйлайман. Ахийри, энгашиб тимирскиланганча чақалоқнинг бошидай тошни қўлимга олдим-да, товуш чиқармай қадам ташлаб ўша шуъла милтиллаган жойга яқин бордим. Икки қадамча қолганида тўхтаб ерга ўтирдим, диққатимни жамлаб эмаклаганча силжий бошладим.

Ёруғлик чиқиб турган жой ўрага ўхшарди. Ер бағирлаб ётган жойимда секин пастга қарадим-у ҳайратдан қотиб қолдим. Ўранинг ичи анча кенг, ўртада гулхан ёниб турар, бақувват бир одам қўлидаги болта билан Андреснинг жасадини чопарди. Пешонамдан совуқ тер чиқиб кетди, ўзимни орқага ташладим. Аъзойи баданим дағ-дағ қалтирайди. Кўрганим қўрқинчли тушга ўхшайди... Ўнгимми ё тушимми — ишонмасдим. Нафасимни ютиб, яна бир марта туйнукдан мўраладим. Йўқ, тушиммас, ўнгим. Энди кўзларимга ишондим.

Қўрқув ўрнини ғазабим эгаллади, шекилли, дадилланиб каттароқ тош қидирдим. Қўлимга ўн килоча келадиган тош илинди, секин кўтардим-да, туйнукнинг оғзига келдим. Пастдаги одамнусха махлуқ жасадни бўлаклаш билан банд. Бор ғазабим билагимга энди ва қулочкашлаб тошни зарб билан ўранинг ичига улоқтирдимки, тош қотилнинг бошига гурсиллаб урилганини эшитдим. Махлуқнинг бошидан ҳар томонга қон сачради ва у юзтубан йиқилди. Ўзим бир муддат тош қотдим. Вужудим музлаб қолгандай. Нима иш қилиб қўйганимни англаёлмасдим. Бу шунчалик тез юз бердики, ақлимни йиғишгаям улгуролмай қолдим.

“Ақлим билан қилмадимми шу ишни?” — деган хаёлга бордим. Ҳаммасини олдиндан мўлжаллагандим: мақсадим — жонимга қасд қилмоқчи бўлган махлуқни ўлдириш эди. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Лекин... Лекин мен одам ўлдирдим! Бировнинг қонини тўкдим!.. Оёқларимнинг дармони қуриб, чўк тушиб ўтириб қолдим. Ўтиравердим... Шу ўтирганимча қуёш бир терак бўйи кўтарилгунча қимирламадим. Хаёлимдан нималар кечмади, эслолмайман. Балки ақл-идроким ўчгандир. Лекин қаттиқ қўрққаним рост. Йўқ, қилмишимни сезиб қолишларидан, қамашларидан қўрққаним йўқ. Одам ўлдириш жуда ёмон экан...

Ниҳоят ўрнимдан турдим. Шунда тош устига ўтирганимни, тиззамга тош ботиб кетганини сездим.

Ички бир туйғу мени ўрага тушишга ундади. Оҳ, айни лаҳзада бунинг мен учун нақадар қўрқинчли эканлигини билсангиз эди! Бунинг ўрнига: “Уммонга чўк”, дейишса бажонидил рози бўлардим.

Ўрага бошимни тиқиб қарадим. Бу ердаги манзара мени баттар даҳшатга солди. Қатор терилган ўнтадан зиёд калла суяги, ўра дорига осилган одамнинг қўли, сони... кўзим тиниб, эсим оғиб қолаёзди. Йиқилиб тушмаслик учун ўранинг лабига қўлларимни тирадим. “Ўҳ, мараз! Бу одамнусха махлуқ шерикларимдан бошқа яна қанча кишиларнинг бошини еган экан?” Ўйлаганим сайин ғазабим тошди ва ҳеч иккиланиб ўтирмай, “тап” этиб ичкарига сакраб тушдим.

Ўра эмас, бу бир ғор эди. Ҳавоси шунақанги бадбўйки, димоғни ёради. Беихтиёр қўлим билан бурнимни бекитдим. Кўзларимга ишонмайман-у, лекин дорга илинган гўшт бўлаклари пиширилган эди. Гулхан ўчиб қолган эса-да, қуёшнинг ёруғи ичкарини ёритиб юборган, хом гўшт билан пишганини фарқлаб бўларди. Чидаб туролмадим, кўзи шокосадай очилиб, тили оғзидан чиқиб қолган одамхўрнинг лошини бир тепдим. Шунда унинг елкасидаги расмга кўзим тушди: олти нуқтадан иборат белги... Шундан кейин унинг кимлигини янаям яхшироқ англадим. Ғазабим икки ҳиссага ортди.

Мурдани тепган одаммасдим, лекин ҳозир ўзимни тутолмай, нафасим бўғзимга тиқилгунча одамхўрнинг жасадини тепкиладим. Сўнг манглайимдан оққан терни артиб: “Бу ифлос яна нима қилғиликлар қилган экан?” — деган ўйда атрофни кузата бошладим. Ғорда болта, пичоқ, нарвон ва бир киши чўзилса бўладиган хас-хашак тўшалган ётоқ-жой ҳам бор эди. Бўртиб чиққан тошлардан бинойидек токча ясаб олибди бу ёвуз. Токчадаги идишларда туз, гугурт ва яна алламбалолар бор.

Ортиқ бу ерда туролмадим. Нарвонни ғорнинг оғзига тирадим.

Ташқарига чиққач, бир оз чўзилиб ётдим. Буткул ҳолдан тойган эдим. Ором олгим келар, бироқ кўзимни юмишим билан ғорда кўрганларим жонланарди. Одамхўр тошларни суриб ташлаб ғордан чиқиб келаётгандай туйилаверди. Қўрқиб бошимни кўтариб ғор томонга қарадим. Майин шамол эсарди, ғор оғзига қотирилган харсанг қабрдай дўмпайиб турарди. Мен бу ерда ортиқ туролмаслигимни сезардим. “Бир оқшом юрагим ёрилиб ўлиб қоламан”, деб ўйладим. Хаёлимда ўликлар энди тинч қўймайдигандек. Лекин қаёққа бораман? Ҳамма ёқ сув бўлса...

Бояги журъатдан юрагимда асар ҳам қолмаганди. Шу ерда тағин озгина ўтирсам, мени ваҳимага солаётган оқшомни кутишга ҳам ҳожат қолмайдигандек. Судралиб ўрнимдан туриб юқориладим. Оролнинг энг баланд жойига чиқдим, узоқларга термилдим. Кутилмаганда кунчиқар томонда, чапроқда бир қора нарсага кўзим тушди. Юрагим ҳаприқиб кетди, нафас олишим тезлашди. “Нега шу пайтгача қарамадим у тарафга? Мен қутулдим! Мен омон қоламан!” — деб бақирганча рақсга тушиб кетдим. Шодлигим чексиз эди. Худди қишлоғимни кўргандай бўлгандим.

Аммо шодлигимнинг умри жуда қисқа бўлди. Туйқусдан хаёлимга келган: “У ергача қандай сузиб етаман?” — деган ўйдан ҳафсалам пир бўлиб, чўк тушганча йиғлаб юбордим: “Ўлиб кетаманми шу тошлар орасида, эй, Худо?” — ерни муштлаб нола қилдим. Бу билан ҳам қаноатланмай, қўлимга илинган тошни олиб пастга улоқтирар, айни чоғда худди бировдан қасд олаётгандай: “Мана сенга, ярамас! Мана сенга!” — деб бақирардим. Отган тошларимдан бири узоқ учди. Кўзимдан ёш оққанча қараб турдим. Тош ерга тушиб думалаётганида кўзим қайиққа тушди. Қайиқнинг бурни қуруқликка туртиб чиқиб, дум қисми эса сувда қалқиб турарди. Ғам билан қувонч ораси бир қадам экан. Мен шамолдай елиб пастликка шўнғидим. Ҳовлиққанимдан, ўзимни тўхтатолмай, шалоплаб сувга кириб кетибман...

Қайиқнинг тешигини эгнимдаги йиртиқ кўйлагимни тиқиб бекитмоқчи бўлдим. Кўнглим тўлмади. Бир тошни понага ўхшатиб йўниб, устидан кўйлагимни ўраб тешикка тиқдим. Ҳартугул, тешик жипс беркилди. Бахтимга эшкак ҳам бор экан.

Қайиққа ўтириб, сўнгги бор қувончу қайғуларимга маскан бўлган оролга қарадим. Шерикларимни бирма-бир эсладим. Кўз ёшга тўлди. Тирик қолсам, улар учун қасд олишни кўнглимга тугдим. Шундан кейин эшкак эша бошладим. Очиғини айтсам, шу оролга ҳам меҳрим тушиб қолган экан. Ҳа, бу ерда хавф-хатар остида яшадим, лекин барибир яшаган жойи одамнинг кўзига иссиқ кўринади-да.

Бошида билинмайди-ю, кейинчалик эшкак қўлни толиқтириб қўяркан. Бунинг устига, тепада қуёш қиздираяпти. Тез-тез бошимни ҳўллаб оламан, аммо фойдаси кам.

“Эй, Худо! — деб илтижо қиламан. — Ишқилиб, акула-пакулага дуч келиб қолмайин-да. Қайиқни парчалаб ташласа тамом. Ёмғирдан қутулиб дўлга тутиламан”. Хаёлим ўзимга душман. Ҳар балони ўйламасликка ҳаракат қилдим. Чалғий деб Нозимани эслашга уриниб кўрдим.

Йўқ, эслаёлмадим. Одамхўр махлуқ, териб қўйилган бош суяклари, дордаги гўшт... (булардан қутулолмайман, шекилли) мени севган қишлоқдош қизнинг қиёфасини кўз ўнгимга келтиришга йўл бермасди. Эшкак эшаётган озғин қўлларим титрар, бўғзимга ўкинч тиқилган эди.

Бир маҳал шамол турди. Омадимни қарангки, шамол айни мен мўлжаллаб сузаётган қуруқлик томон эсарди. Шамол кучайганида қувондим, тез-тез ортимга ўгирилиб, қуруқликка қараб қўяман. “Яқин қолди, насиб этса, ҳадемай кўзлаган манзилимга етаман”, деб ўйладим. Аммо ширин хаёлим тарқамай туриб, довул қўпди, тўлқин қайиқни писта пўчоғидай ўйната бошлади. Мен жон-жаҳдим билан эшкакка ёпишдим, узоғи билан бир соатларда қуруқликка омон-эсон етиб оламан, дея мўлжалладим. Афсус...

Том бўйи кўтарилган тўлқин қайиқ билан қўшиб ютиб юборгудай қутуради. Эшкакни қайиқ ичига ташлаб, икки қўлим билан қайиқнинг четидан маҳкам ушлаб ўтириб олдим. “Агар қайиқ тўнтарилиб тушса ҳам қўйиб юбормайман”, деган хаёлдаман. Аммо бандасининг айтгани бўлавермаскан. Бир пайт қора тўлқин устимдан бостириб келиб, чирпирак қилиб улоқтириб юбордики, қайиқдан учиб чиқиб кетганимни сезмай ҳам қолибман. Бир зум хаёлим қочди, карахтлигимда ичимга сув ютиб юборибман. Лекин тезда ўзимни ўнглаб, юзага чиқишга уриндим.

Тез-тез нафас олганча қайиқни қидирдим. Бахтимга, узоққа тушмаган экан. Амаллаб етиб олдим-да, маҳкам ёпишдим, тўлқин қанчалик қутурмасин, қўйиб юбормадим. Аммо дармоним қуриб, кўзим тиниб, атрофни ғира-шира илғардим. Шу аҳволдаям умидимни узганим йўқ. Қирғоқдаги дов-дарахтлар кўзимга кўрина бошлаганда чўкаётганимни аранг англардим...

Кўзимни очсам, қум устида ётибман. Олтмиш-етмиш қадам нарида ўрмон: дарахтларнинг шохлари шамолда тебранаяпти. Кўнглим беҳузур бўлди, ўқчий бошладим. Ичимда сувдан бўлак ҳеч вақо йўқ эди. Чарчаб қолдим ва юзимни қумга қўйдим. Ана шу пайт қулоғимга чақалоқнинг чинқирган товуши эшитилди. Бошимни кўтардим. Овоз ўрмон томондан келаётганди. Ўрнимдан турдим. Худди маст одамдай гандираклаб товуши тинмаётган чақалоқни ахтариб йўлга тушдим.

Биринчи, иккинчи дарахтнинг ёнидан ўтдим, учинчисига етганимда ғалати манзарани кўрдим: олти-етти ойлик чақалоқ оёғидан дарахт шохига осиб қўйилганди. Шўрлик гўдак шамолда ҳар тебранганида, дарахтнинг танасига манглайи билан уриларди. Уни ечиб олдимми-йўқми, тўғриси, аниқ билмайман, бирдан кўкрагимга бир нима гурсиллаб урилди. Эҳтимол, менга шундай туйилгандир, ишқилиб, нима бўлган тақдирда ҳам, орқамга ағанаётганимни эслайман, холос.

Қанча вақт беҳуш ётганимни билмайман, кўзимни очсам, оппоқ соқоли кўкрагига тушган бир чол бош учимда ўтирибди. Ўрнимдан турмоқчи бўлдим, у “қимирлама” дегандек кўкрагимдан босди.

— Қаердаман? — сўрадим ўзбекчалаб.

Қария жавоб ўрнига кулиб қўйди. Шундан кейин гапимни таиландчада такрорладим.

— Менинг уйимдасан, — деди чол ўша кўйи жилмайиб.

— Қандай... келиб қолдим?

— Бу саволингга ўзинг жавоб беришинг керак. Фақат ҳозир эмас, кейинроқ. Аввал ўзингга келиб ол, қара, суягинг қолибди, холос.

Мен жилмайишга уриндим, лекин уддалай олмадим. Кўзим юмилиб кетаверди.

— Ухлашни бас қил, — деди чол майин овозда, — уч кундан бери ухлаяпсан. Қайтиб уйғонмайсанми, деб қўрққандим. Жонинг тошдан экан. Кел, манавини ич.

У қўлини бўйнимдан ўтказиб бошимни кўтарди ва оғзимга пиёлада қандайдир суюқлик тутди. Икки марта ҳўплаёлдим, холос. Учинчи қултум томоғимга тиқилиб қолди. Ўқчидим, лекин қусмадим. Пешонамдан тер чиқиб кетди. Чол бошимни оҳиста ёстиққа қўйди. Мен чуқур-чуқур нафас ола бошладим. Кўзимга ҳар бало кўриниб кетаверди: қишлоғимиз, отам, укаларим ўтди кўз олдимдан. “Ўлаяпман, шекилли, — деб ўйладим. — Бунча тез? Бунча осон? Жон бериш қийин бўлади, деганлари бекор экан”. Йўқ, чол айтгандай, жоним тошдан экан. У пешонамга нимадир қўйганини сездим.

— Мен ўлмайманми? — сўрадим ундан.

— Хавотир олма, энди яшайсан.

Дарҳақиқат, кўп ўтмай бемалол кўзимни очдим.

— Ана, айтдим-ку, — деди чол хурсанд бўлиб, — энди манавидан ич, тетиклашасан.

У берган суюқлик тахир эди. Бу таъмни мен аввал ҳам туйгандайман. Лекин қаерда татиб кўрганимни эслаёлмадим.

Беш кун жойимдан қимирламай ётдим, чол ҳам ёнимдан жилмади ҳисоб. Соқоли уникидан қолишмайдиган, кўзлари қисиқ, пешоналарини ажин босган уч-тўрт киши ҳам кириб-чиқиб туришди. Ҳаммаси мен биладиган таиландчада гапирарди. Уларнинг гап-сўзларига қараганда, сувдан чиқиб келибман. Сўнг дарахтда осилган чақалоқни ечиб олиб, ерга қўйибман.

Улар менинг жудаям озғин, мурдага ўхшашимдан хавфсирашибди. Чақалоққа зиён етказиб қўйишимдан чўчишиб, “пегана” (бамбукдан ясалган думалоқ қурол) билан уриб ағдаришибди. Сўнг бу ерга — оқсоқолнинг ёнига олиб келишибди (қизиқ, кўринишидан бари бир-бирига ўхшайди, оқсоқолини қандай ажратиб олиш мумкин?). Ҳа, эсладим: улардан дастлаб:

— Мени семиртириб, кейин сўйиб емайсизларми? — деб сўраганман.

Чоллар бир-бирларига ажабланиб қарашди, сўнг менга юзланишди. Берган саволимдан ўзим ҳам ноқулай аҳволга тушдим-у, лекин нима қилай, мудом одамхўрлар қўлига тушавериб, юрагим зада бўлиб қолган эди-да.

— Хавотир олма, — деди оқсоқол, — уйингга бемалол етиб оласан.

Бирдан кўзимда ёш ҳалқаланди, йиғлаб юборишдан ўзимни зўрға тийдим.

— Энди тур, ётаверсанг оғирлашиб қоласан. Еттита касалинг бор. Иккитасини даволадим, холос. Қолганини, ҳаракат қилмасанг, тузатолмайсан.

Унинг гапи таъсир қилиб, ўрнимдан туришга ҳаракат қилдим. Бир уринишда кучим етмади. Чоллар ёрдам берай демади, безрайиб қараб туришибди. Алам қилиб, иккинчи уринишда ўрнимдан туриб ўтирдим. Бошим айланди, ётиб қолмай деб ерга қўлимни тираб олдим.

— Яхши, — деди оқсоқол кулиб, — иродали йигит экансан. Тез орада ўзингга келасан.

Улар оёққа туришимга ёрдамлашишди-ю, лекин ташқарига чиқиб олишимга кўмаклашишмади. Бу қариялардан нима умид? Ўзларининг гавдасини кўтариб юришсаям катта гап. Ёшлариям етмиш-саксонга бориб қолгандир, деб ўйладим.

Ташқарига чиқиб, тоза ҳаводан нафас олдим. Ёғочдан тикланиб, томи қамиш билан ёпилган тўртта уй қўққайиб турарди. Беш-олти қадам наридан бошланадиган ўрмонга кўз ташладим. Буларнинг барини мен аввал кўргандай эдим, шу боис, ҳайратланмадим, шунчаки бош чайқаб қўйдим. Уйлар олдида беш-олти бола чопқиллаб юришар, ора-чора енгил сакраб ҳавода ўмбалоқ ошиб тушишарди, бунга ҳайратланмай иложим йўқ эди.

Болакайлар нари борса олти-етти ёшларда. Уларни кўриб ёшлигим, кўча чангитиб юрганларим эсимга тушиб, йиғлаб юбораёздим. Тўғри, уларга ўхшаб ҳавода учиб айланиб ерга тушиш менинг қўлимдан келмасди. Аммо болаликдаги завқ-шавқим буларникидан кам бўлмаган.

Оқсоқол билан бирга овқатландим. Кўп емасам-да, дарров тўйиб қолдим.

— Ҳали ўрганиб кетасан. Ошқозонинг кичрайиб кетган. Ҳа, сенга маслаҳатим: сувга қарама. Бирор ўн кундан кейин қарайсан, — деди оқсоқол.

Нега бундай деганини тушунмадим, шундай эса-да, “хўп” дегандек бош силкиб қўйдим.

— Мана, анча ўзингга келиб қолдинг, — деди у гапини давом эттириб. — Энди нима бўлганини бирма-бир гапириб бер.

Мен учун ўтмишимни эслаш жуда оғир эди. Не кунларни бошдан ўтказмадим. Қанақанги каззобларнинг қўлига тушмадим. Энди ўшаларни бир бошидан қайта эслаш... Оғир... Жудаям оғир.

Бир муддат тин олдим. Мардикорликка борганимдан оролда одамхўрни ўлдирганимгача кўрган-кечирганларимни хаёлимдан ўтказдим. Шундан кейин гапиришга тушдим.

Оқсоқол, бирор марта бўлсин, гапимни бўлмади. Тўхтаб хаёл суриб қолган кезларим юзимга диққат билан тикилиб тураверди. Аммо одамхўр билан рўй берган воқеани айтаётганимда чидаб туролмади: менга тушунарсиз тилда бир нима деб қаттиқ гапирди. Сўнг менга “давом эт” дегандек ишора қилди.

— Биламан, — деди у гапларимни охиригача эшитиб бўлгач, — улар Исо пайғамбар — Оллоҳнинг элчисининг хочга михланишига сабабчи бўлишган. Мана, неча юз йиллар ўтса ҳамки қони тўкилган, вайронагарчилик рўй берган ҳодисаларга улар аралаш. Умрларининг ҳар бир сониясида Оллоҳга ширк келтириш билан овора. Қани, бу ёққа юр, сенга кўрсатадиган нарсаларим бор.

У ўрнидан туриб уй томон юрди. Ортидан эргашдим. Зиналардан иккинчи қаватга кўтарилдик. Сиртдан қарасангиз, бу уйни ҳечам икки қаватли деб ўйламайсиз. Саксондан ошиб қолган қариянинг зиналардан енгил кўтарилиши янада таажжубланарли. Тепадаги қаватга чиққанимизда оғзим очилиб қолди. Пастда учта хона бўлса, тепадаги қаватда бу жой яхлит бир хона, ичи китобга лиқ тўла эди. Кичкина бир оролда, гадойтопмас бир жойда бунчалик кўп китоб борлиги ҳар қандай одамнинг ақлини шошириб қўяди. Ҳайҳотдай хонани китоб жавонлари тўлдириб турарди. Мен кирган жойимда анграйиб туриб қолдим. Оқсоқол жавонлар орасидан адашмай бориб битта китобни олди-да, варақлади. Сўнг мени ёнига чақириб кўрсатди.

— Мана, — деди у китобдаги тагига қизил қалам билан чизиб қўйилган сатрларни кўрсатаркан, — мана бу ерда аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган.

Ёзувнинг арабча эканини билардим, бироқ ўқишга тишим ўтмасди. Шу боис, бир китобга, бир оқсоқолга қарадим.

— Дининг нима? — сўради у.

— Ислом.

— Нега унда билмайсан?

— Ҳеч ким ўргатмаган.

— Нега ўргатмаган?

— Билмадим.

— Яхшимас, ўзининг динини билмаслик... Бу бетда Исо воқеаси ёзилган. Ўз қавмининг одамлари римликларга Исони сотишади, унинг устидан бўҳтон уюштиришади. Исо калтакланади, минг бир қийноққа солинади. Бироқ сотқинлар бу билан ҳам қаноатланмай, Оллоҳнинг элчисини хочга михлашни талаб қилиб туриб олишади... Балки ўшанда Исо уларни қарғагандир, лаънатлагандир. У ёғи бизга қоронғи. Лекин далил шуки, ўша лаънатланганлар ўта маккор, ўта ақлли. Қаердаки, бойлик бўлса, унга эга чиқишга ҳаракат қилишади, буни уддалашади ҳам. Улар аввал ишончига киради. Бунинг учун минг хил найрангни ўйлаб топади. Кейин жуда устомонлик билан алдаб, бор-будига эга чиқади. Қарабсанки, қуп-қуруқ тошлоқ жойда осмонўпар миноралар, сайилгоҳлар, фавворалар пайдо бўлади.

Сен ёш болаларни супрадаги ун устига яланғоч ўтқазишиб бигиз тиққанларини эшитганингни гапирдинг. Бу ҳали ҳолва. Улар шундай хунрезликларга қўл уришганки, ҳайратдан ёқангни ушлайсан... Буни сенга кейинроқ гапириб бераман... Сени ертўлага олиб тушганларида емоқчи бўлишмаган. Ўпка, жигарингни, юрагингни сотишни мўлжаллашган. Дунёда шундай бой одамлар борки, битта юракни сотиб олиш учун миллион-миллион долларни аямайди. Аслидаям, аяб нима қилади? Агар юраги ишдан чиқиб, яшашдан маҳрум бўлиб қолса, пулларининг кимга кераги бор? Энди ер остида қилган ишинг хусусида: уларнинг нияти, албатта, сенинг аъзоларингни сотиш бўлмаган. Кимёвий йўл билан олмос ясаш мумкин. Лекин бунинг учун ҳам махсус тош керак. Хуллас, сени ишлатишган, холос. Кейин мурувват кўрсатишган...

— Сиз буларнинг барини қаердан биласиз? — дея оқсоқолнинг гапини бўлдим.

У жилмайди ва китобларни кўрсатди:

— Бу ер — хазина. Ҳар битта китобни камида ўн мартадан ўқиб чиққанман.

— Қандай қилиб?

— Еттита тилни биламан. Шунинг учун ҳам сен билан бемалол гаплашиб турибман.

— Тил билган билан... бунча китобни ўқиб чиқиш учун озмунча вақт керакми?

— Нима, сенингча, бир юз ўттиз икки йил кам вақтми?

— Ни-ма? — дедим мен ҳайратланиб, — бир юз ўттиз икки?!

— Ҳа, мен шу ёшдаман, — деди оқсоқол жиддий тортиб. — Суҳбатимизни шу ерда тугатамиз. Сенга кўп ҳаяжонланиш мумкин эмас, касалинг оғирроқ.

Мен карахт эдим. Қулоқларимга ишонгим келмасди. Одамзод қандай қилиб бир юз ўттиз икки йил яшаши мумкин? Ақлга сиғмайди. Балки оролдаги ҳалиги чолларнинг ёшлари ҳам юздан ошиб кетгандир. Қаерга келиб қолдим ўзи? Танимда еттита касаллик борлигини бу чол қаёқдан била қолди? Дўхтир эмас-ку... Балки ёшлигида табиблик билан шуғуллангандир. Майли, бунисигаям ишонса бўлади. Лекин сохта олмос ясаш, қайси қавмнинг қандайлиги тўғрисидаги гаплари зўр-ку!.. Миямда минг бир савол туғилган, бироқ уларнинг ҳеч бирига жавоб тополмасдим. Чол мени ухлашинг керак, деб ётқизиб қўйди. Кўзимга уйқу келмайди. Юрагим безовта.

— Манавини ич, — деди бир маҳал оқсоқол мен ётган хонага кириб.

Индамай унинг айтганини қилдим — пиёладаги суюқликни ичиб бўлибоқ ухлаб қолдим.

Эрталаб уйғониб ўрнимдан тетик бўлиб турдим. Ташқарига чиқдим. Оқсоқол билан бирга овқатландик. Энди иштаҳам очилганди. Чол билан бир соатдан зиёдроқ гаплашиб ўтирдим.

— Кеча шу атрофда бошқа одамларни ҳам кўргандим. Ҳозир улар қаерда? — сўрадим гап орасида.

Оқсоқол кулди. Сўнг ўрнидан туриб, ўрмон тарафга енгил қадам ташлади. Мен унинг орқасидан лўкиллаб эргашдим.

Ўрмон мен ўйлагандан кўра анча қалин экан. Дарахтлар тубидан кўкарган бута ва ўт-ўланлар тиззадан келади. Мен икки ҳафтадан кўпроқ яшаган одамхўрнинг оролида қуш товушиниям эшитмагандим. Бу ерда чуғурчуқларнинг сайрашидан қулоғинг битаёзади. Ҳавонинг тозалигини айтмайсизми, бир чуқур нафас олсангиз, ўзингизни қушдай енгил ҳис этасиз. “Шундай жойда яшагандан кейин мингга киради-да одам”, деб ўйладим.

Ярим соатлар чамаси ўрмон оралаб юрганимиздан кейин кўм-кўк ўт билан қопланган ялангликка чиқдик. Мен бу оролда кўрган одамлар шу ерда экан. Бешта қиз-жувон, етти-саккиз нафар болакай, қариялар, олтита кампир ва тўртта йигит. Улар аллақандай машқ билан машғул.

— Сен шу ерда ўтир, — деди оқсоқол шуғулланаётганларнинг ёнига етганимизда, — мен баданимни озгина қиздириб олай.

Чол қаторга қўшилиб, оёқларини ердан енгил узиб тепага сакраб ўмбалоқ ошиб тушар, қўллари билан сокин ҳаракат қилиб ҳавода сузарди. Унинг ҳаракати қушнинг парвозини эслатарди. Орадан бирор соат ўтиб, машғулот якунига етди, шекилли, улар ўзларига рақиб танлашиб, ўзаро жангга тушиб кетишди. Ёшлари-ку майли, лекин қарияларнинг дадил уришаётганини кўриб оғзим ланг очилиб қолди. Улар рақибига зарба бериш баробарида, шунақа сакраб ҳимояланишардики, кўзингга ишонгинг келмайди. Чолларнинг абжирлигини тушуниш мумкиндир, кампирларни айтмайсизми! Агар уларнинг оёқ зарбаларидан биттаси менга ўхшаганга тегса борми, майиб қилиши тайин...

(Давоми бор)