Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ (“Ўлимга маҳкум қилинганлар” асари давоми)
(Ўн учинчи қисм)
Шаҳаргача яна ўзимиз кетишимизга тўғри келди. Бизга машинани “инъом” қилганлар эса шу жойда қолишни “маъқул” кўришди.
Шаҳарда поездга ўтирдик. Ҳартугул йўлнинг қолган қисмида бизни безовта қиладиганлар учрамади.
Шундай қилиб, Александр Петровичнинг уйига бир ярим кун деганда етиб келдик.
Келишга келдиг-у, кўз олдимиздаги манзарани кўриб, ҳайратдан донг қотдик. Уй тамомила ёниб битган, бир уйим култепага айланган эди...
Маша ўзи неча йиллар яшаган уйнинг аҳволини кўриб, бир зум жойида ҳайкалдек қотиб турди-да, сўнг ёнига “шилқ” этиб йиқилди. Мен дарҳол унинг бошидан тутдим. Аммо Батинков қилт этмади. Култепага қараганча тураверди.
Худди нима воқеа содир бўлганлигини англаб оладигандай. Машанинг юзига авайлаб бир-икки урган эдим, у ўзига келди. Ўзига келди-ю, йиғлашга тушди.
— Мени бекорга олиб келибсиз, агар мени қутқармаганингизда, уйимиз ёниб кетмаган бўларди... Бунчалик бадбахтсизлар ҳамманг! Отажоним! Отажонимдан айрилдим-ку!..
Қизнинг таъна-дашномлари тугай демасди.
— Бас! — дея жим турган Батинков бирдан бақириб юборди. — Сенинг дастингдан ўлиб кетишимизга оз қолди-ку!
— Устоз, бунда нима айб? — дедим мен бошқа гап тополмай.
— Бунинг ўша суюкли отаси... Бандитнинг қизи-ку буям, кимларга хизмат қилаяпмиз ўзи?.. Келиб-келиб қаердаги ипирисқи, лўттибоз...
— Ўлган одамни ҳақорат қилманг! — деди Маша алам билан.
— Сен отангни ўлган деб ўйлаяпсанми? Уйи куйган бўлсаям ётгандир у қайсидир кавакда, ўйнашларининг иссиқ қўйнида!
— Балки етарлидир-а, — менинг жаҳлим чиқа бошлади. — Машада нима гуноҳ! Маша ўзи хоҳлаб унинг қизи бўлиб қолмаган-ку.
Шу гапни айтишимни биламан, Батинков жағимга шунақанги мушт туширдики, чалқанчасига қуладим. Шу пайт кўз ўнгимдан Батинковнинг буйруқдан бўйин товлаган Мекеладзени қандай ургани ўтди. Ўша пайтда унинг ҳақиқатан ҳам қаттиқ жаҳли чиққан эди. Ҳозир менинг гап қайтарганимга ҳам чидаб туролмади.
Ўрнимдан туриб ўтирдим-да, лабимдан сизиб чиққан қонни кафтим билан секин артдим.
— Кечир, — деди устозим ҳовуридан тушиб, — ўзимни ушлаб туролмадим... Мен ҳам фаришта эмасман-ку.
Унинг узатган қўлидан ушлаб ўрнимдан турдим.
— Нега урдингиз?! — деди Маша қошлари чимирилиб Батинковга нафрат билан қарар экан.
Унинг саволига устоз жавоб бермай, култепа томон кетди. Ортидан мен ҳам эргашдим.
Шу маҳал:
— Биз сизларни қидириб келдик, — деган кескин овоз келди ортимдан.
Ўгирилиб не кўз билан кўрайки, ўндан зиёд қуролланган одамлар «зорманда»ларини бизга ўқталиб турибди. Ҳаммаси ҳарбий кийимда.
— Иккаланг ҳам қўлингни орқангга қилиб ёт, ортиқча ҳаракат қилма, албатта, тирик қолишни истасанг! — деди улардан бири.
Мен Батинковга қарадим. У:
— Шу етмай турувди... — дея қўлларини орқага қилиб секин ётди.
Ноилож мен ҳам ерга чўзилдим. Бизнинг шундай қилишимизни кутиб турган ҳарбийлар, бирдан югуришиб тепамизга келишди. Кимдир қўлимга «ширқ» этказиб кишан тақиб қўйди. Бошимни бир оз кўтариб Батинковга қарадим. Унинг юзи ғазабдан қизариб кетган эди. Алам билан лабини шунчалик қаттиқ тишлагандики, оғзининг чеккасидан қон сизмоқдайди.
Чўнтакларимиз текширилганидан кейин иккаламизни ҳам ўрнимиздан турғазишди. Шу маҳал иккита қоп-қора “Мерседес” ёнгинамизга келиб тўхтади. Ҳарбийлар югуриб боришиб уларнинг орқа эшикларини очишди. Мен бирорта генерал тушса керак, деб ўйлагандим. Аммо ундай бўлиб чиқмади. Худди машинасининг рангидай қоп-қора костюм-шиму оппоқ кўйлак кийиб, қизғиш бўйинбоғ таққан, сочлари ёнига силлиқ таралган одам жилмайибгина машинадан тушиб келди. У бир оз бизнинг аҳволимизга қараб турганидан кейин бошини сарак-сарак қилди. Сўнг битта-битта қадам босиб аввал Батинковнинг ёнига бориб:
— Сендай одамни бунақа кўйга тушади, деб ҳечам ўйламаган эдим, — деди майин овозда. — Куч-қудратинг қанчалик кўп бўлмасин, бошни ишлатмаганингдан кейин ёмон-да!
— Сен итнинг қаршисида ўзим ҳам шундай ҳолда турганимдан ғазабим қўзияпти!
Батинков кескин гапирарди.
— Тушуниб турибман, — деди унинг рўпарасига келиб тўхтаган одам, — лекин энди бурнингни тишлашдан бошқа иложинг йўқ... Яна хиёнатинг учун ҳам жавоб беришингга тўғри келади. Албатта, осон бўлмайди, лекин начора.
У худди мушукни эркалагандай Батинковнинг юзини силаган бўлди-да, тўсатдан шапалоқ тортиб юборди. Бунга Батинковнинг чидаб туролмаслигини билардим. Ва менинг ўйлаганим бўлмай қолмади. Устозим қўлларидан ушлаб турган йигитларга бир оз суянган бўлди-да, қаршисидаги одамнинг чотига чунонам тепдики, бечора оғриқнинг зўридан ўкириб юборди-да, орқасига қулади. Шу ондаёқ Батинков калтак ёмғирининг остида қолди. Уни ушлаб турган йигитлар аввал қорнига, белига қуроллари билан аямасдан уришди. Бечора устозим йиқилганидан кейин тепкилашга тушиб кетишди. Бу манзарани мен шунчаки томоша қилиб туролмасдим. Қўлимдан маҳкам ушлаб турганлардан бирининг тиззасига товоним билан тепдим, у энкайиб қолганидан кейин шеригини белимдан ошириб ташладим-да, икки ҳатлашда Батинковни ураётганлар ёнига етиб бордим. Аммо биттасинигина уриб йиқитишга муваффақ бўлдим. Кейин менинг ҳам бошимга Батинковнинг куни тушди.
Албатта, биз — устоз-шогирд бирлашсак, қўлимиз боғлиқ ҳолда бўлса-да, уларга бемалол бас келардик. Лекин Маша жабрланиб қолиши, ҳарбий кийимдагиларнинг биронтаси қўлидаги қуролидан ўқ узиши ва ҳамма ҳаракатларимиз зое кетиши мумкин эди.
Мени қанча вақт тепкилашганлари ёдимда йўқ. Ҳушимдан кетибман... Ўзимга келганимда эса мутлақо бошқа жойда эдим. Қўл-оёқларим занжирлаб ташланган. Бошим лўқиллаб оғрир, кўзим яхши кўрмасди. Атрофга аланглаб устозимни қидирдим. Киприкларим бир-бирига ёпишиб қолган, атрофни бемалол кўришга халал берарди. “Номардлар, — чорасизликдан аламим келарди, — ҳеч қурса юзимдаги қонни ювиб ташласанглар, бир жойларинг камайиб қолармиди?”
— Собир, — деб қолди бир маҳал Батинков, овози ёнгинамдан эшитилди.
Демакки, у ҳам мен каби осиб қўйилган.
— Эшитаман, — овозим зўрға чиқди.
Батинков илғамадими, деб ўйлагандим. Ҳартугул эшитган экан.
— Ҳаракат қилоласанми? — дея сўради у.
— Агар қўлим боғлиқ бўлмаганида бирон нимага ярардим, — дея жавоб бердим.
— Ҳозир улар келишади, иккаламизни ҳам сўроққа тутишади. Шунда балки, бировимизни бўшатишар. Ўшанда бутун кучингни ишлат.
— Хўп бўлади.
— Ана, иккитаси келаяпти.
— Мен кўрмаяпман.
— Аввал юзингни ювишларини илтимос қил. Эвазига ҳамма билганларингни айтишни ваъда бер.
Лекин келувчиларга илтимос қилишимнинг ҳожати қолмади. Бири челакни тўлдириб сув олиб келган экан. Юзимга сепиб юборди. Сув юзимдаги қонни ювиб тушганидан кейин атрофни тиниқ кўра бошладим. Бу ер илгари қандайдир заводнинг бир бўлаги бўлган бўлса ажаб эмас. Том ниҳоятда баланд. Биздан нарироқда токарлик дастгоҳи, яна қандайдир темир-терсаклар, сим тўрлар сочилиб ётар эди. Батинков билан мени ёнма-ён осишибди, қарама-қарши томонда эса Маша ҳам қўлидан осилган, унинг ҳам юзига қараб бўлмайди. Бўйни бир томонга қийшайиб қолган. Итдан тарқаганлар унинг ожизалигига ҳам қарамасдан обдон калтаклашгани шундоққина кўриб турарди. Камига худди эркакдай осиб қўйишибди, яна кийимининг олдини йиртиб ташлашибдики, оппоқ баданининг моматалоқлигини кўрган одам ич-ичидан эзилиб кетади. Бу атайлабдан, бизни кўрсин, азоблансин, деб қилинган. Агар олиб қочмаганларингда, агар отаси биз сўраган пулни майнавозчилик қилмай вақтида берганида, шундай нозик қиз бу кўйга тушмаган бўларди. Мана, биз билан ўйнашганларни нималар кутади, демоқчи бўлишган.
“Энди ўзларингдан кўринглар”, дея хаёлимдан ўтказдим ва менинг юзимга сув сепган йигитнинг яқинроғимга келишини кутдим. Бироқ у яқинлашмади, Батинковнинг ҳам бошидан бир челак сув қуйганидан кейин чиқиб кетди.
— Ҳов, галварc! — дея бақирдим унга.
— Нима? — деди у тўхтаб.
— Анави қиз ердан чиққан қўзиқорин эмас, унинг ҳам устига сув сеп, ўзига келсин.
— Тилинг даҳшат-у, а, яна бир сайра-чи, яхши эшитмай қолдим.
— Бўпти, ёнимга кел, шунақа сайрайки, булбуллар тилини тишлаб қолсин, — дедим мен кулиб.
Аммо у менинг олдимга келишга улгурмади. Бизнинг ён томонимиздаги дарвоза шақир-шуқур этиб очилди-да, Александр Петровичнинг култепа уйига келган “Мерс” кўринди. Саҳна кўриниши бошқатдан такрорланди. Силлиқ сочли банда бошлиғи ўша иржайишини кўз-кўз қилиб машинадан тушди. Яна Батинковнинг рўпарасида тўхтади. Менинг кулгим қистади. “Қани энди устознинг оёқлари бўш бўлса-да, худди аввалгисидай тепса”, дея хаёлимдан ўтказдим.
— Эҳ, Володя, Володя, — деди силлиқ соч бу сафар сал берироқда туриб, — нималар қилиб қўйдинг-а? Сенинг ўрнингда бўлганимда уятдан ерга кириб кетган бўлардим. Майли, буям тақдирнинг ёзиғи экан-да. Шўхлик қилмаганингда, балки рўпарама-рўпара ўтириб отамлашаётган бўлармидик. Энди ўзингга бир қара-ю, менга бир қара. Агар юзма-юз ўтирсак, мен одамларимнинг олдида обрўйимни йўқотган бўламан...
— Олиб қочма, — деди Батинков мийиғида кулиб, — сен қўрққанингдан мен билан бир жойда ўтиролмайсан. Сенинг қўлингдан номардликдан бошқа нима ҳам келарди.
— Номардлик ҳақида сен гапирмаганингда яхши бўларди. Сенга ишониб отнинг калласидан икки баравар пул ваъда қилиб, арзимаган қизчага қўриқчилик қилишни топширсам-у, сен менинг кўзимга чўп тиқиб манави тирранча билан, — дея силлиқ соч мени қўли билан кўрсатди, — йигитларимнинг дабдаласини чиқариб, қизни ўзинг олиб қочсанг. Ёки Петрович каттароқ пул ваъда қилдими? Гапир.
Батинков индамади. Мен устозимнинг нега бундай қилаётганига ҳайрон эдим. Ахир у силлиқ сочни бемалол гипноз қилиши, сўнгра осонлик билан қўлларини бўшатиб, бу ердагиларнинг ҳаммасини элакдан ўтказиши мумкин эди-ку, нега шундай қилмаяпти?.. “Балки, — дедим ўзимга-ўзим, — бошқа бир режаси бордир. Имконият кутаётгандир”. Аммо мен бундан бошқа иложни кўрмадим. Шу боисдан ҳам силлиқ сочнинг тўғримга келишини кута бошладим. Худди хаёлимдагини уққандай у ҳам яқинлашмасди.
— Серёга, — деди Батинков, — дунёда сенинг хоҳиш-истагингдан ҳам, менинг ваъдамдан ҳам устунроқ нарсалар кўп. Ана шундай ҳолда ҳамма нарса унут бўлади. Гапларингнинг ҳаммаси ҳақ. Лекин сен ҳеч нарсани тушунмайсан. Менинг эса тушунтиришга хоҳишим ҳам йўқ.
— Шунақа дегин, — деди Серёга деганлари киноя билан, — гапимни инкор этмайсан, айни пайтда ўзингнинг билганингдан ҳам қолмайсан. Яхши, унда ақлингни бир киритиб қўяй. Ундан кейин балки сен мени яхшилаб тушуниб оларсан.
У костюмининг ички чўнтагидан сигарета олиб лабига қистирди. Шунда югурдакларидан бири ёнига югуриб келиб гугурт чақди. Серёга ҳузур қилиб тутун ютди-да, оҳиста чиқариб, Машанинг ёнига келди ва унга бир оз термилиб туриб бошини чайқади. Сўнгра сигаретасини оёғи тагига ташлаб мойлангандек ялтираётган қоп-қора туфлиси билан яхшилаб эзғилади. Кейин аъёнларига:
— Олиб келинглар! — дея бақириб буйруқ берди.
Мен: “Наҳотки Александр Петрович ҳам уларнинг қўлида бўлса”, дея ўйладим. Аммо ундай бўлиб чиқмади. Бояги дарвоза яна очилиб, юк туширадиган машина ҳамма томони ойнадан иборат қутини (бир пайтлар биз худди шунақанги мосламанинг ичига кириб асаларилардан сақланган эдик) кўтариб келди-да, биздан ўн қадамлар нарига қўйди.
— Володя, — деди силлиқ соч Серёга Батинковнинг ёнига келиб, — мен сенга яна бир марта имконият бераман. Агар ҳақиқатан ҳам зўр бўлсанг, жонинг ўзингга сийлов. Эпини қилолмасанг, алвидо!
У иккала қўлини қанот қилиб ёзди ва яна гапида давом этди:
— Немислар бизнинг ота-боболаримизни қандай жазолаганини мендан яхши билсанг керак. Мен энди жа немислардай қилмасам ҳам сал берироқ, қилмишингга яраша жазони қўллайман. Чидасанг яшайверасан. Йўқса, боя айтган гапим. Ҳозир манави қурилманинг ичига кирасан, — дея у ойнали мосламани кўрсатди, — мен заҳарли тутун чиқарадиган лампани ташлаб, устингдан бекитаман. Тўрт дақиқа сенга муддат, агар нафас олмасдан туролсанг, эшикни очаман, чиқиб кетаверасан, мабодо нафас олиб қўйсанг, ҳаммаси тамом бўлади... Айтиб қўяй, сен бунинг ойнасини синдираман, деб ўйлама. Темирни мажақлашинг мумкин-у, лекин, оғайни, бунга кучинг етмайди. Шунақа мустаҳкам тайёрланган бу барака топгур. Яна битта гап. Ўзингни кўп у ёқ-бу ёққа ташлайверма, менинг феълим айниб қолиш эҳтимоли бор.
— Нутқинг равон экан, — деди Батинков жилмайиб, — илгари бунақа гапиролмас эдинг. Айниқса, мактабда. Эсингдами, ўнинчига ўтганимизда, математика дарсида бутун синфга кулги бўлгандинг, қизлар майна қилавериб шолғом қилиб ташлашганди ўшанда.
— Эҳ, Володя, ўша пайтлари ҳам сен аҳмоқ эдинг, ўша-ўша, ўзгармабсан. Ўшанда уйга вазифани кўчиртиришга бермаган эдинг ва табиийки, сен туфайли ҳаммага кулги бўлгандим, — деди Серёга қўлини устозимга ниқтаб.
— Оддий кўпайтирув амалини билмасанг, саводсиз бўлган бўлсанг, мен айбдорманми?
— Вақтим йўқ эди, биродар. Оламшумул ишлар билан банд эдим! Сенга ўхшаб қаердаги ҳой-ҳавасларга берилиб умримни ўтказмасдим. Мана, сен ўқиб ким бўлдинг? Ҳеч ким, қўлидан жаллодликнинг ҳамма тури келадиган ҳарбий. Бунинг учун сен математикани билишинг шарт эмасди... Мен-чи? Ўзинг кўриб турибсан. Изоҳга, менимча, ҳожат бўлмаса керак. Қолаверса, ажалинг менинг қўлимда, ҳозир қўйиб юборсам, қандай қилиб нариги дунёга кетганингни билмай ҳам қоласан.
Серёганинг бу гапи Батинковни титратиб юборди.
— Сендан битта илтимос, — деди у қалтираган овозда, — фақат ростини айт, Оляни сен ўлдирганмидинг?
— Қайси Оля, мен унақасини танимасканман. Ўйнашларим орасида битта шунақа исмлиси бор, лекин у ҳали тирик. Ундан кейин, эркатойим, қаерга борсам олиб юраман. Ҳозирам машинада ўтирибди. Агар шуни назарда тутаётган бўлсанг, ҳозир мошинадан тушади.
— Ўзингни гўлликка солма, уни бутун дунё биларди. Енгил атлетика бўйича жаҳон чемпиони бўлганди. Саккизинчида ўқиётганимизда бизнинг синфга келганди. Ҳамма бирданига ошиқ бўп қолувди. Лекин у ўнинчига ўтганимиздагина менга рози бўлувди. Кўп ўтмай уйининг йўлагида чавақланган ҳолда топишган. Айт, ўша мараз сенмидинг?!
Батинковнинг бақириб юборганлигини кўрган Серёга аввал унга тикилиб турди-да, сўнг хохолаб кулиб юборди. Атрофидаги аъёнларига ҳам унинг завқи дарров юқиб, улар ҳам зўрма-зўраки бўлса-да, қийқиришга тушишди. Батинков изза бўлди. Рўпарасидаги иблиссифат махлуқни бурдалаб ташламоқчи бўлиб бир неча марта силтанди. Аммо уни маҳкам ушлаб турган занжир қўйиб юбормади. Устозим чорасизликдан ўкириб юборди.
— Сен... сен, — деди Серёга бир оздан кейин кулгидан базўр тўхтаб, — ҳалиям шуни эслаб юрибсанми? Ўҳ, нодон. Ўҳ, аҳмоқ!.. — у тўсатдан жиддий тортди ва яна сўзлашда давом этди: — Майли, сениям унинг олдига боришингга озгина қолди. Шунинг учун айтганим бўлсин... Лекин айтишимдан олдин бир нарсани мен ҳам сўрасам. Нега энди уни эслаб қолдинг? Шу пайтгача қаерда эдинг? Сен билан куни-кеча ҳам қадрдон эдик, лом-мим демагандинг-ку.
— Нимжон эдинг. Унга кучинг етишига ишонмасдим. Қиз бола бўлсаям сенга ўхшаганларнинг иккитасини бир ёқли қилиш унинг қўлидан келарди. Кейин сенга нисбатан ҳозиргина шубҳа пайдо бўлди, — деди Батинков.
— Кечикдинг. Ҳамма нарсага етган ақлинг шунга қолганда оқсаб қолди. Бўпти, эшит. Оляга ҳамманинг ошиқ бўлганлиги рост. Албатта, менинг ҳам. Аммо менинг умидим катта эди. Агар рози бўлганида бошимга кўтариб юрардим... Қанча аёллар билан бирга бўлдим. Уларнинг ҳисобига ўзим ҳам етолмайман. Лекин Оляга ўхшаганини ҳалигача тополганим йўқ... У ҳақиқатан ҳам битта эди... Сен билан юраётганлигини кўрганимдан кейин жоним чиқиб кетди... Шундан кейин доимо йўлини пойладим. Бир-икки марта ёлғиз учратиб, сендан айнитишга ҳаракат қилдим. Ҳатто ялиндим, оёғига бош қўйдим. У бўлса илтижоларимни сариқ чақага ҳам олмади. Ўша тунда Оля машғулотдан қайтаётганди. Ўзиям роса ҳолдан тойган экан. Мени кўрди-ю, тепа сочи тикка бўлди. “Сен ғаламис, ёпишқоқ қуртдан қутуламанми-йўқми?” дея бақирди. Унинг бу гапларига чидаб туролмадим. Бошқа нарса деганида эҳтимол чидардим. Жаҳл отига миниб қорнига пичоқ тиқиб юборганимни ўзим ҳам сезмай қолибман... Албатта, буларнинг бари қандайдир дақиқалар ичида содир бўлди. Бундай бўлишини Оля тугул мен ҳам кутмаган эдим... Қилғиликни қилиб қўйганимдан кейин: “Агар бу тирик қолса, эртага мени қаматиб юборади”, деган ўй миямга урди. Шу ҳадик билан ҳали қон томиб турган пичоқни унинг кўксига яна бир марта санчиб олдим... Сўнг биринчи ва сўнгги бор ақиқдай лабларидан бўса олдим... Оля энтикиб-энтикиб нафас олаяпти-ю, мен унинг лабига лабимни босиб турибман. Романтик бир ҳолат! Бунақасини кинолардаям кўрмагансан. Шу лаҳзаларда қилган ишимдан афсусландим. Лекин ғишт қолипдан кўчган эди... Омадим ўшандаям бор экан. Оляни ўлдирганимни ҳеч ким кўрмабди. Ҳатто эртасига мактабга бормаганимдан ҳам биров шубҳаланмади. Мана энди, бу эскириб кетган воқеани сенга ўндан зиёд йигитларим гувоҳлигида айтиб бердим... — дея Серёга яна ҳи-ҳилаб кулди, — буни қара, яна битта “лекин”и чиқиб қолди. Олянинг ёнига яна сен биринчи кетаяпсан. Агар нариги дунё деганларининг борлиги рост бўлса, у билан кўришасан, саёҳат қиласан. Шуларни ўйлаб ҳатто сени ўлдиргим ҳам келмаяпти. Аммо иложи йўқ.
— Мен уни деб ҳалиям уйланганим йўқ!
Устозим бу гапни шунчалик маҳзунлик билан айтдики, менинг кўзимдан ёш чиқиб кетди. Вужудимга титроқ кирди. Серёга деганларини бурдалаб ташлагим келди. Шу боисдан худди устозим каби қўлимга боғланган занжирни узиб юбормоқчи бўлиб пастга тортдим. Аммо у мен ўйлагандан ҳам мустаҳкам экан. “Агар шу ҳолатда ўлиб кетсак, мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди. Аввал Серёга қилган иши учун жавоб бериши керак. Ундан кейин майли, нима бўлса бўлсин”, дея ўйладим.
— Петька! — дея бақирди Серёга йигитларининг бирига. — Манави овсарни ечиб олиб тиқ ойнанинг ичига!
Мен Петька деганларини кўзим билан қидира бошладим. У ҳаммадан орқада турган экан. Исмини эшитиши билан буйруқни бажариш учун Батинковга яқинлашди. Мен шу ондаёқ хаёлимни бир жойга тўплаб бутун энергиямни унга йўналтирдим. Ҳеч қачон узоқ масофадан, яна менга тескари турган одамни гипноз ҳолатига туширмагандим. Ҳозир буни синаб кўришнинг айни пайти эди. Ҳар тугул қўлимдан келди. Петька деганлари Батинковни ечганидан кейин уни силлиқ сочнинг яна иккита йигити ҳамроҳлигида ойнали қурилманинг ичига итариб киргизиб юборди. Шундан кейин Серёга қурилманинг ёнига борди-да, ойнани секин тақиллатиб:
— Володя, хафа бўлмагин-у, худди қамалган шерга ўхшаб қолдинг, — деди иржайиб.
Петька эса бу пайтда менинг ҳам қўлимни ечиш билан овора эди. Бошқалар шефининг масхарабозлигини томоша қилаётганликлари боис, Петькага бир дақиқагинага эътибор беришмади. У менинг қўлларимни занжирдан халос этишга улгурди. Қолганларини эса ўзим бажардим. Петьканинг қўлидан калитни тортиб олиб, оёғимдаги қулфни ҳам бўшатдим. Худди шу маҳал Серёганинг одамлари мени кўриб қолишди. Шунда гўё қиёмат қўпди. Йигитлар қуролларини менга тўғрилашга шошишди. Мен эса Петькани нари суриб ўтиб, биринчи турган йигитнинг чотига тепдим-у, қуролини олиб қўйиб, кейинги дуч келганининг кўкрагини нишонга олишга улгурдим ва икки марта ўмбалоқ ошиб уларга яна ўқ уздим. Учинчи ўқ эса Батинков ўтирган ойнали қурилмага бориб тегди. Ойна чил-чил бўп кетади, деб ўйлаган эдим. Аммо бу ҳаракатим сираям самара бермади. Шундан кейин унинг ўқ ўтмас буюмдан тайёрланганлигини билдим. Шу аснода менгаям аллақачон ўқ ёмғирини ёғдиришни бошлаб юборганларга қарата қўлимдаги тўппончани ишлатиб Батинков турган жойнинг орқа томонига ўтиб олдим. Ва Серёгани қидирдим. У эса аллақачон яширинишга улгурган экан. Шундан кейин биронта аҳмоқ Машани отиб қўймасин, деган ўйда, Машани қўлларидан тепага кўтариб турган занжирга ўқ уздим. Занжир узилиб кетиб Маша пастга қулади. Ниятимни рақибларим аллақачон англаб олган эдилар. Улар шефларидан буйруқ олишларига улгурмасларидан нималар бўлаётганлигини билмай ҳушсиз ётган қизнинг оёғидаги қулфни ҳам нишонга олдим. Бахтимга бу сафар ҳам хато кетмади ўқларим ва қизнинг мендан бор-йўғи бир қадам наридаги қўлидан тортиб ўзим турган жойга олиб келдим. Энди хавф бирмунча бартараф бўлганди. Фақат мен билан Машага, албатта. Аммо яна озгина турадиган бўлсам, Батинков нафас олиб қўйиши ва заҳарланиб ўлиши мумкин эди. Шундоғам икки дақиқа ўтиб қўйди. Шошилишим керак. Нариги томонга ўтаман десам, Серёганинг одамлари қуролларини тайёрлаб туришибди, бу ерда тураверсам устозимдан айрилиб қолишим муқаррар. Шунда хаёлимга бошқача ўй келди: манави жазо мосламасини ағдариб ташласам бирорта йўли чиқар. Хаёлимга келиш баробарида унинг тагидан кўтардим. Хийла оғир экан. Лекин кўтарилди. Яна бор кучимни бердим. Ниҳоят ағнаб кетди. Шу билан бирга думалади ва эшиги очилди. Худди шуни кутиб турган Батинков дарҳол қурилманинг ичидан чиқди. Ва бирдан ичидаги ўлик ҳавони чиқарди-да, янгисидан олди. Унинг юзи қизариб кетганди.
— Итдан тарқаган! — деганича у ерга чўзилди.
Бу пайтда Серёганинг одамлари отган ўқлар қурилмага тегиб турли томонга учиб кетаётган эди. Батинков ерга чўзилганча, кўзини юмди, бир оз нафас ростлади. Мен бўлсам ора-сира душманга ўқ узиб турдим.
— Тўппончангни менга бер! — деди Батинков, ўзига келиб олгач. — Ўзинг чап томонда бизга яқинроқ жойда ётган йигитнинг автоматини ол!
Буйруқни бажариш осон эмасди. Яширинган жойимиздан озгинагина қимирлайдиган бўлсак, тепамизда танамизни темир парчаси тешиб ўтишини кутиб турган ажал жонимизни олиб кўкка парвоз қиларди. Батинков айтган йигит мени Петька озод қилганидаёқ мурдага айланганди.
— Мен чалғитиб тураман, тезроқ бор! — деди менинг ўйланиб турганимни кўрган Батинков.
Унинг шу гапидан кейин йиртилиб кетган, ҳаммаёғи қонга беланган кўйлагимни ечиб олдим-да, осмонга отдим. Бечора кўйлак ерга тушгунича уч-тўртта ўқнинг “мазасини тотиб” кўрди. Лекин Серёганинг йигитларини чалғитди. Бу пайтда жасад ёнига етган эдим. Автоматни олдим-у, яна изимга қайтдим. Ўша лаҳзада, менимча, Серёганинг ҳамма йигитлари мени нишонга олишди, шекилли, талай автомат бирданига тариллади. Битта ўқ елкамга, иккинчиси оёғимга тегди. Ўкириб юбордим. Бутун вужудимни оғриқ қамраб олди.
— Бардам бўл, — дея менинг кўнглимни кўтарди Батинков, — яхшиям кўкракка тегмабди.
— Володя! — Серёганинг овози келди шу маҳал нариги томондан. — Чиранишни бас қилиб қўя қол. Битта ўзинг шунча одамга бас келолмайсан барибир.
— Қўрқаяпсанми?! — дея бақирди устозим унга жавобан.
— Мен сени ўйлаяпман!
— Нимамни ўйлайсан, боягина ўлдирмоқчийдинг-ку!
— Мен сенга унақа гап айтганим йўқ. Синаб...
— Қўлингдан келса тирик қол деганмидинг? Ана энди худди шу нарсани ўзинг синаб кўр. Қўлингдан келса мана шу ердан тирик чиқиб кет. Айтиб қўяй, гарчи сен билан бирга ўқиган эсак-да, сени кўммайман. Жасадингга қараб қўйсам ҳам катта гап.
— Чўчқа, ўзингдан кўр! — бақирди Серёга, шундан кейин унинг йигитлари бараварига ўқ отишга тушиб кетишди. Батинков ерга қапишганча менга қараб ётар эди.
— Устоз, энди сиз менга тўпончани беринг-да, ўзингиз буни олинг, — дея соғ қўлим билан унга автоматни узатдим.
У жилмайди. Темир парчалари “ёмғири” камайганидан фойдаланиб елкамни ушлаб кўрди.
— Бахтинг бор экан, — деди сўнг, — суягингга тегмабди. Агар оёғинг ҳам шундай бўлса, дўхтирсиз ўзим тузатиб юбораман. Фақат оғриққа чидаб турсанг бўлгани.
“Хўп” дегандек бошимни қимирлатдим ва шифтга қарашим билан томни ёпиш учун ишлатилган тўсинга чирмашиб бизнинг тепамиз томон келаётган иккита нусхага кўзим тушди. “Аҳмоқлар”, дея хаёлимдан ўтказдим-да, битта-битта нишонга олдим. Бечора йигитлар чиққанларига пушаймон ейишга ҳам улгурмади, назаримда, дарахтдан тош тегиб қулаган йирикроқ қуш мисоли гурсиллаб ағнашди. Буни кўрган Серёга қаттиқ сўкинди. Қулаганларнинг бутун оиласи эсидан чиқмади — қўшиб сўкди. Батинков эса менинг соғ қўлимни ушлаб сиқиб қўйди, жилмайди. Шундан кейин вужудимдаги оғриқ баттар забтига олди. Тишимни-тишимга босиб чидашга уриниб кўрдим. Қаёқда, биров суякларимни бир-бирига ишқаётгандай бўлиб кетаверди. Оғриқ зўр келиб бир-икки марта “им-м!” деган овоз ҳам чиқариб қўйдим.
— Чида! — дея бақирди Батинков.
— Хў-ў-п! — дедим базўр.
— Итдан тарқаганлар! — деди устозим ғазаб билан ва бир оз кўтарилди-да, отилиб очиқ жойга чиқди. Ва у ерга оёғи тегар-тегмас яна қайта сакраб Серёганинг машинасига яширинди. У буларнинг барини шунақанги эпчиллик билан бажардики, бир зум оғриқни ҳам унутиб ҳавас билан қараб қолдим. Назаримда, Серёганинг ҳам, йигитларининг ҳам оғизлари очилди. Шу боисдан Батинков машинага орқасини тираб туриб олганидан кейингина қўлларидаги қуролларини тариллатишди. Батинков ўзига қулай жой танлаш билан бир қаторда менга ҳам шароит яратиб берган эди. Менимча, Серёганинг одамлари яраланганимни кўриб, энди уришолмайди, деган хаёлда бемалол менга кўринадиган тарафга ҳам югуриб ўтишди. Бунақа туҳфани мен бировга бериб қўядиган одаммасман, албатта. Дарров биттасини ерга қулатдим. Иккинчиси унинг мурдаси орқасига яширинди. Агар ўрнидан турса, навбатсиз шеригининг орқасидан кетишини яхши биларди, шу боисдан қимирламай ётаверди. Мен эса уни яққолроқ кўриш учун чап ёнимга икки марта думаладим. Шу ишни қилмасам бўларкан. Ярам оғриқнинг ҳаммасини жам қилиб бердики, туғилганимга пушаймон еб юборишимга сал қолди. Қўлларим қалтираб кетаётган эса-да, мўлжални аниқ олдим. Силлиқ сочнинг бир одами сакраб тушди. Бошқа бирон нима қилиш қўлимдан келмади. Батинковнинг ўзи қолганлар билан ҳисоб-китобни уддалаб ташлади. Фақат Серёга билан яна биттаси омон қолди. Улар мен томонга очиқдан-очиқ югуриб келишди. Қўлимдаги тўппончани ишлатмоқчи эдим, ундан садо чиқмади. Ўқи тамом бўлган экан. Бундан силлиқ соч усталик билан фойдаланди. Яраланган томонимдан ушлаб ўрнимдан турғазди-да, пешонамга тўппончасини тўғрилаб:
— Володя! — дея бақирди.
— Қўйиб юбор уни! — дея жавоб қилди Батинков.
— Бу йигитчани жуда яхши кўрасан шекилли, ҳозир бу ёққа чиқиб, қуролингни ташламасанг, агар кейин мени ўлдирган тақдирингдаям, буни отиб ташлайман. Бўл тез!
Менинг кўз олдим бир дақиқага хиралашди. Шундан кейин оғриқни бир оз унутдим. “Ўляпман, шекилли, — дея ўйладим, — бунчалик осон?! Ҳеч бир оғриқни сезмаскан одам. Бунақалигини билганимда аллақачон жон таслим қилиб қўяқолардим”.
Бир пайт оёқ томонимда шунақанги кучли оғриқ турдики, кўзим ярқ этиб очилиб кетди. Ўша лаҳзада Машанинг тепасида автоматини тўғрилаб энди тепкисини босаётган Серёганинг одамига нигоҳим тушди.
— Тўхта-а-а-а!!! — дея бўкириб юбордим.
Аммо...
Автоматнинг қаттиқ тариллашидан қулоғим битиб қолаёзди. Бу ёғига ўзимни бошқаролмай қолдим. Қандайдир қалтис ҳаракат қилдим. Қўлим бир нарсага қаттиқ урилди. Сўнг кўзим тина бошлади.
Кўксимда армонларим бир дунё. Қилмоқчи бўлган ишларим ҳисобсиз. Мен эса буларнинг барига қўл силташга ҳам улгурмасдан нариги дунёга равона бўлмоқдайдим. Ёдимда қолгани — ерга қулаётганим. Бошқаси эсимда йўқ...
Бошимнинг лўқиллаб оғришидан кўзларим очилиб кетди. Шунда тепамда жилмайиб турган Машани кўрдим.
— Сени қутқариб қололмадим. Отангга омон-эсон олиб келаман деб ваъда бергандим, лекин шу сафар сўзимнинг устидан чиқолмадим, — дедим қизга.
Зеро, мен ўзимча руҳим Машанинг руҳи билан учрашибди, деган хаёлда эдим.
— Сен ваъдангнинг устидан чиқдинг. Дунёда сендай йигит борлигидан фахрланаман, — деди Маша ва юзимдан ўпиб қўйди.
Ажабо! Қизнинг лаби юзимга тегди. Демак, руҳлар ҳаводай бир нарса, улар моддий бўлмайди, дейишлари бўлмаган гап экан-да. Ана, Маша мени ўпди, мен буни сездим.
— Нариги дунёда ҳам бор эди шундай йигит. Хотини, боласи бор эди. Лекин у ношуд уларнинг ҳаммасини ташлаб бу ёқларда юрибди.
— Нималар деяпсан? Қанақанги нариги дунё?
— Сен билан мен озгинадан яшаб, битмас-туганмас азоблар кўрган дунёни айтаяпман. Ҳартугул бунисида одамга ўхшаб яшармиз.
— Жиннивой, — деди Маша кулиб, — сен ҳали ҳеч қаёққа кетганинг йўқ. Яшаяпсан.
Шундан кейингина мен атрофга разм солиш учун бошимни кўтармоқчи бўлдим. Аммо елкамда кучли оғриқ туриб, яна қайтиб жойимга ётиб қолдим.
— Қимирлама, ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Дўхтир сени омадли йигит экан деди. Ўқ оёғингаям, елкангаям тегмабди. Фақат кўп қон йўқотибсан. Қон қуйишди, энди бутунлай яхши бўлиб кетасан.
— Ўзига келдими шоввоз? — деган овоз келди.
Бу устозим Батинков эди. Менинг эса ҳеч нарсага ақлим етмаётган эди. Ахир Машани отишганини ўз кўзим билан кўрган бўлсам, бунинг устига ҳушимдан кетаётган лаҳзаларни аниқ-тиниқ эсласам.
— Қаердамиз? — дея сўрадим ҳайратимни яширолмай.
— Менинг дала ҳовлимда, — деди Батинков ва ёнимга келди. — Сенинг бутунлай, тезроқ соғайиб кетишинг учун! — дея қўлидаги стакан тўла ароқни қултиллатиб ютиб юборди.
— Қандай келиб қолдик? — дея сўрадим мен тағин.
— Кел, ортиқча савол беравермаслигинг учун ҳаммасини қисқагина қилиб айтиб бераман, — дея устозим ойна ёнида турган столнинг ёнига бориб тузланган бодрингдан олди-да, ғачур-ғучур қилиб чайнади. — Машанинг тепасида автомат ушлаб турган йигитни кўрдим-у бирдан отиб ташладим, бунгача сен Серёганинг суробини тўғрилаб қўйибсан. Қандай урганингни билмайман-у, лекин унинг бўйин томири узилиб кетибди. Шундай қилиб, учаламиздан бошқа ҳеч ким қолмади. Кейин иккалангни ҳам Серёганинг мошинасига ётқизиб бу ёққа олиб келдим. Агар ким сени даволаганини ҳам айтмасам, яна мени саволга тутиб, иштаҳамнинг баракасини учирасан. Дўхтир ўртоғимга йўл-йўлакай хабар қилдим. Қонниям у ўзи билан бирга олиб келди. Мен сенинг қонинг қайси группадалигини тайёрлов даврида билиб олгандим... Хўш, мана, сенга тарихнинг жимжилоқданам майдароқ бир бўлаги.
— Тушунарли, — дея кўзимни бир оз юмиб ётдим, сўнг: — Менгаям ароқ беринг, — дедим устозимга.
— Ичгинг келиб қолдими? — деди Батинков.
— Одамнинг ҳавасини келтириб ичганингиздан кейин мениям томоғим тақиллайди-да.
— Шу ҳолидаям шўхлик қилгиси келади бунинг, — деб устозим стаканни тўлдириб ёнимга келди ва Машага қараб гапирди: — Бунинг бошини бир оз кўтариб тур.
Ароқ ичакларимни куйдириб кетди. Озгина ўтиб эса енгил тортдим. Ва яна бир стакан беришларини сўрадим. Батинков аввал тихирлик қилиб турди. “Сенга мумкинмас”, деди. Аммо менинг ҳам ўжарлигим тутиб қолди. Шундан кейин у бояги ишини яна бир маротаба такрорлади. Кейинги ароқ менинг уйқумни келтирди. Хонадагилар билан гаплашишга ҳам ҳолим қолмай уйқуга кетибман.
Қанча ухлаганим эсимда йўқ. Менимча, анча-мунча ухладим. Кўзимни очсам, мен ётган хонада ҳеч ким йўқ. Бир оз шифтга қараб ётдим. Ҳеч нарсани эслагим келмади, шу боисдан ҳам зерикиб кетдим. Турмоқчи бўлганимда яна елкамдаги оғриқ безовта қилди. Шундай бўлса-да, ўрнимдан туриб ўтирдим ва хонани кўздан кечирдим. Мен ётган каравотдан ташқари тағин иккита каравот бор экан, дераза ёнида битта стол билан стул турибди. Хонанинг бор-йўқ жиҳози шу. Батинков қачонлардир бир олам орзу-ниятлар билан бу ерни олган. Ҳатто шу даражада бўлса ҳам уй қурган. Аммо кейинчалик бошқа нарса қилишга қурби етмаган. Етган тақдирдаям вақти бўлмаган. Ёки яна бирон нима бу ерда рисоладагидек дала ҳовли қуришга халақит берган. Эҳтимолки, йилда бир марта ҳам бу масканга дам олгани келмаса керак.
Ўрнимдан туриб оқсоқлана-оқсоқлана дераза ёнига келдим. Мен турган жой иккинчи қават экан. Турган жойимдан атроф шундоққина кўриниб турибди. Пастда қўлбола стол атрофида Маша билан Батинков ўтиришибди. Иккаласининг ҳам тагида ғўла. Стол устида егуликлар билан бирга иккита шиша ҳам турибди. Менимча, ароқ бўлса керак. Ўтирганлар алланима устида қизғин гаплашишаяпти. Бир қарашда уларга одамнинг ҳаваси келади. Мусаффо ҳаво. Атроф дов-дарахтга тўла. Енгилгина эпкин эсиб турибди. Қизнинг узун сочлари шабадада тўлғониб-тўлғониб қўяди. Батинковнинг ёшини ҳисобга олмаганда, икки севишган ўтирибди. Кўрган одамнинг ҳавасини келтириб.
— Яхши ўтирибсизларми? — дедим деразани очиб.
Иккиси ҳам мен томонга қаради. Лабларида табассум пайдо бўлди.
— Сенга туриш мумкинмас-ку, — деди Маша.
— Бир ўзимни ёлғиз қолдириб, ўзларинг тоза ҳавога чиқиб олганларингдан кейин тураман-да, — дея жавоб қайтардим илжайиб.
— Тушоласанми? — сўради Батинков.
— Ҳаракат қилиб кўраман.
— Йўқ, йўқ, — деди бирдан Маша, — йиқилиб қоласан. Жойингда туриб тур, ҳозир чиқаман.
Мен Машанинг етиб келишига қараб ўтирмадим, оқсоқланиб эшикнинг ёнига бордим-да, зинага оёқ босдим. Бунгача Маша сакраб-сакраб тепага чиқди. У кечагина ҳеч нарсани билмай ётган қизга ҳечам ўхшамасди (Балки орадан кўп кун ўтиб кетгандир. Уйқуда неча кун ўтганини қаердан билибман?).
Ҳартугул вужудимга қайта жон битибди, Машага суяниб секин-аста пастга тушиб олдим.
— Маша, — дедим йўл-йўлакай, — ўзинг яхшимисан?
— Кўриб турибсан-ку, — деди у менга жилмайиб.
— Бир кун ичида қандай қилиб оёққа туриб олдинг?
— Қанақа бир кун, уч кун бўлди бу ерга келганимизга.
— Йўғ-э, шунча кўп ухладимми? — дедим мен ҳайратим ошиб.
— Қаттиқ чарчаган экансан. Ҳаммасини бир қилиб чиқариб олдинг.
— Айиққа ўхшаб-а!
Маша бирдан кулиб юборди. Мен унга қаттиқроқ суянган эканман. Унинг бўшашиб қолиши билан йиқилиб тушишимга озгина қолди.
Машага осилиб ташқарига чиққанимни кўрган Батинков қизни енгилгина койиб қўйди. Менинг ёш бола ва оддий одам эмаслигимни эслатди.
Яйраб ўтирдик. Шишалардаги аччиқ сувлар тез тугаб қолгандай эди. Назаримда, ҳар учаламизнинг ҳам иштаҳамиз очилиб кетган, лекин энди ичишга бир қултум ҳам ароқ қолмаганди.
— Петька келиб қолса, албатта, бу зормандадан олиб келарди. Лекин у келгунича бардошимиз етармикин? — деди Батинков шишаларни бирма-бир қўлига олиб, уларга меҳр билан тикиларкан.
— Серёганинг Петясими? — дедим мен ҳазиллашган бўлиб.
— У Петя жаҳаннам эшигининг ёнида навбат кутиб турибди. Келишга вақти йўқ. Навбати ўтиб кетади. Мен ўзимнинг дўстимни айтаяпман. Дўхтир у. Бугун келаман деганди. Лекин ҳанузгача дараги йўқ. Бу ёғига овқатимиз ҳам охирлаб қолди. Одам егулик учун бировнинг қўлига қараб турса ғалати бўларкан, — деди Батинков жиддий тарзда.
— Қўзиқорин териб келмаймизми? — дея бирдан кўзлари чақнаб таклиф киритиб қолди Маша.
— Қизил шапкача бўлибми? Бўрилар еб қўйса нима қиламиз? Ҳозирги бўрилар ёмон. Биттасининг қорнига учаламиз ҳам жой бўлиб кетамиз, — деди жиддийликни оширган Батинков.
— Унақа бўлишига ишонмайман, — деди бирдан унга жавобан Маша. — Сиз иккалангизга ҳамла қилиш учун бўрининг юраги бешта бўлиши керак.
Батинков кулди. Кейин негадир бирданига хохолашга тушиб кетди. Маша ҳам, мен ҳам ҳайрон. Унга тикилиб турибмиз. Биронта кулгили гап бўлсаки, одам кулса. Бизнинг ажабланаётганимиздан устоз баттар қота бошлади. Охири ўтириб турган тўнкасининг устидан қулаб тушди. Қорнини ушлади. Кулишда давом этди, нафаси чиқмай қолди. Мен хавотир олиб Машага қарадим. У ўрнидан сакраб турди-да:
— Сизга нима бўлди?! — дея унинг елкасидан ушлаб турғазмоқчи бўлди.
— Тегинма, — деди Батинков.
Овози қалтироқ, озгина йиғи аралашган. Мен энтикиб кетдим. Яраланган оёғимни авайлаб секин ўрнимдан турдим-да, Батинковнинг тепасига бордим. Кейин яна ўзимни авайлаб чўк тушдим.
— Бор, сен уйга кир, — дедим Машага.
Лекин у жойидан жилмади. Юзи қизарган кўйи қадалиб тураверди.
— Сенга айтаяпман! — бу сафар бақириб юбордим.
Маша аста-секин орқасига тисарилди, сўнг югуриб кетди. Унинг ортидан мен термилиб қараб турдим. Қиз уйга кириб кетганидан кейингина устозимнинг бошини секин кўтардим. Унинг кўзи жиққа ёш эди. Бир қанча муддат индамасдан турдим. “Йиғлаб олсин, озгина енгил тортади”, деб ўйладим. Аслида бунақа одамларнинг йиғлаши қийин. Азоб. Ҳамма нарсани кўраверган одамнинг дийдаси қотиб кетади. Лекин шундай одамни ҳам йиғлатишга ҳаётнинг кучи етдими, бу ёғига нима дейиш мумкин?! Йиртқичга ўхшатайми ёки махлуқ дейинми бу ҳаётни? Қайси бири мос тушади унга...
— Раҳмат сенга, Собир, — дея Батинков ўрнидан туриб, юз-кўзини енгига артди. — Яхшиям сен тирик қолган экансан. Ҳеч қурса, сен мени тушунасан... Майли, бу ёғи дийдиё бўп кетди. Машани бекорга хафа қилдинг. Шундоғам тортган азоблари унга етиб ортади. Энди бориб кўнглини ол.
— Хўп, — дедим мен ва тез-тез уй томонга юриб кетдим.
Эшик тутқичини ушлаганимдан кейин эса бирдан қотиб қолдим. Ахир менинг оёғим яраланган, ташқарига Машанинг кўмагида базўр чиққан эдим-ку, қандай қилиб энди... Бекор шундай деб ўйлаган эканман. Оғриқ қурғур яшириниб турган экан. Хаёлимдан шу бемаза ўй ўтиши билан оёғим зирқираб оғриб кетди. Ва секин ўтириб қолдим.
— Нима гап? — деди Батинков. — Жа-а айғирдай кетаётгандинг-ку?
Устозимнинг гапи аламимни келтирди. Унга қирғий қараш қилдим-да, тишимни-тишимга босиб ўрнимдан туриб эшикни очдим ва оқсоқланганча уйга кирдим. Иккинчи қаватга чиққунимгача эса нақ итнинг азобини тортдим. Бу фалокат оёқ кўтарсам ҳам оғрийди, юрсам ҳам. Тошбағир Батинков эса “шу чиққунича қийналиб қолади-ёв”, деб ўйламайди ҳам.
Маша каравотга чўзилганча сас-садосиз ётар эди.
— Қаттиқроқ гапириб юбордим, узр, — дедим бошқа гап тополмай.
Қиз бирдан ўрнидан турди ва худди шундай тезликда устимга ўзини отди. Елкам узилиб тушди гўё.
— Ваҳ, онангни!.. — бақириб юбордим-да, орқамга қуладим.
Назаримда, қизи тушмагур менинг ярадор эканлигимни буткул унутиб қўйгандай эди.
— Вой!.. Вой, нима қилиб қўйдим?! Мен... мен, — дея довдираганча у соғ қўлимдан ушлаб турғазмоқчи бўлди.
— Ўзи-и-м! — дедим инграб.
Аммо кучим етмади. Оғриқ жон-жонимдан ўтиб кетди ва чўзилиб ётиб қолдим. Инграган овозимни Батинков ҳам эшитган экан. Эшикни тарақлатиб очиб кириб келди-да:
— Ҳозир, ҳозир, озгина чида, ўтиб кетади, — деди меҳрибонлик билан ва мени оҳиста кўтариб каравотга ётқизиб қўйгач: — Тоза латта топиб кел, яна қони чиқиб кетибди, — деб Машага буюрди.
Сўнг қизнинг уйдан чиқишига сабри чидамай, шартта кўйлагини йиртди ва эҳтиёткорлик билан докада яхшилаб боғланган елкамнинг яраси устидан боғлаб қўйди. Ўша маҳал ташқарида машинанинг овози эшитилди.
— Хайрият, — деди Батинков пешонасидаги терни артиб, — вақтида келди.
У ўзининг Петька исмли дўхтир дўстини назарда тутаётган эди, назаримда. Адашмаган эканман. Бир оздан кейин сумка кўтарган, сочлари оппоқ, озғин киши кириб келиб:
— Нима бўлди? — деб сўради хавотир аралаш.
— Йиқилиб тушди, — дея баҳона қилди устозим.
— Яхшилаб қаранглар, жойидан қимирламасин дегандим-ку, — дея уни койиди дўхтир дўриллаган овозда ва ёнимга тиз чўкиб аввал пешонамни ушлаб кўрди, сўнг сумкасини очди-да, шприц олиб, уни дорига тўлдириб соғ қўлимнинг томирига укол қилди. Ажабо, танамдаги оғриқ дарров йўқолди. Енгил нафас олдим.
— Володя, — деди менинг тинчланганимни кўрган дўхтир, — бу ерда ётиши ярамайди. Ҳеч қурса, менинг уйимга олиб кетайлик. Бир ҳафтада отдай қилиб юбораман.
Ана шу сўзларни айтаркан, дўхтир оёғимга шу қадар диққат ва жиддият билан қарадики, беихтиёр юрагим орқамга тортиб кетди.
(Давоми бор)